“Дўстлик” ордени – меҳр ришталарига пайваста

Ишхонадан қайтгач, ҳақиқий меҳнат фаолиятим уйимда – мўъжазгина кутубхонамда

давом этади. Интернетни очиб, биринчи галда ЎзА ва “Халқ сўзи” газетаси сайтларини кузатаман. Талабаларимиз, профессор-ўқитувчиларимиз учун энг муҳим ахборотларни кўчириб, ўзимизнинг сайтга жойлайман.

Бир маҳал ЎзАда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табриги”ни кўриб дилим ёришиб кетди. Уни ўзгача ҳаяжон ўқиб, дарҳол сайтимизга жойладим. Эрта-индин ёзадиган мақоламга Юртбошимизнинг ҳароратли сўзларидан қуйидаги баъзи жумлаларни алоҳида кўчириб, қалбимга ҳам жойлаб қўйдим:

“Буюк алломаларимиз, атоқли шоир ва адибларимиз номи билан аталадиган ижод ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаблар, “Темурбеклар мактаблари”, Президент мактаблари каби мутлақо янги намунадаги замонавий ва инновацион таълим масканлари айни шу мақсадга хизмат қилади”.

“… кейинги икки йилда мамлакатимизда 35 та, жумладан, 13 та хорижий олий ўқув юрти ташкил этилди. Юздан ортиқ янги бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда 94 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Ана шундай чора-тадбирлар натижасида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси уч йил бурунги 9 фоиздан 20 фоизга ошди. Биз яқин келажакда бу кўрсаткични 25 фоизга етказишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз”.

“Яратилаётган имкониятлар туфайли Ўзбекистон ёшлари турли соҳаларда ўз билим ва салоҳиятини намоён этиб, Ватанимиз шуҳратини бутун дунёга тараннум этмоқда”.

“Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз «Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак» деган ғояни амалга оширишга қаратилмоқда. Бунинг учун давлат ва жамият томонидан қанча маблағ, ресурс ва имкониятлар зарур бўлса, барчасини сафарбар этамиз”.

“Барчамизга аёнки, бугунги кунда ён-атрофимизда ёшларнинг қалби ва онгини заҳарлаб, уларни тўғри йўлдан оғдиришга қаратилган хавф-хатарлар тобора кучайиб бормоқда.

Бундай мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида барчамиз биргаликда курашмоғимиз, оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлашимиз зарур.

Айниқса, бу вазифа барча бўғиндаги раҳбарлар, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, ижодкор зиёлиларимиз, диний уламолар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, бутун жамиятимиз учун виждон ишига айланиши керак”.

Сўнгги иқтибосни такрор-батакрор ўқидим. Бир-икки жумлада талабаларимга ўтадиган “Ахборот-психологик хавфсизлик” фани учун методологик асос учун етарли фикрлар ўз ифодасини топган. Жойларда ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда ҳам кўпинча шу мавзуда сўз юритаман.

Бироздан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Одатимга кўра, Фармонни ҳам кўчириб, сайтимизга жойлаштирдим.

Соғлиқ бироз заифлашгани боис толиққаним сезилди. Бу Фармонни эртага бафуржа ўқишга қарор қилиб, кўрпамга чўзилдим. Тун алламаҳал бўлганига қарамай телефонимга смс кела бошлади. Ётган жойимда очиб қарасам, “Дўстлик” ордени муборак бўлсин!” деган қутловлар!..

Ҳаяжон билан компьютерни ёқдим. Чиндан ҳам азиз Юртбошимнинг тарихий фармонида камина “Дўстлик” ордени билан тақдирланганимни ўқиб, кўзимдан олов чиқиб кетди. Юрак қурғур шу қадар ҳапқириб кетдики, вужудимда беморлик, дарддан асар ҳам қолмай, ўзимни тамомила соғайгандек ҳис этиб, забардаст аскардек оёққа турдим. Азиз ва меҳрибон Юртбошим отам каби бошимни силагандек дилдан ажиб бир меҳрни туйдим.

Фармондаги “Мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, ёшларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати, уларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол авлодни шакллантириш борасидаги катта хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун қуйидагиларга фахрий унвонлар берилсин” деган оташин сўзлар қалбимга олам-олам ғурур-ифтихор туйғусини бахш этди.

Эрта тонгдан азиз Устозларим – ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев, ЎзА Бош директори Абдусаид Кўчимов, “Халқ сўзи” Бош муҳаррири Ўткир Раҳматов, унинг ўринбосари Шуҳрат Жабборов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид, “Нуроний” жамғармаси раиси Шуҳрат Жалилов, ЎзМУ проректорлари Давлатбой Жумабоев, Ғолибжон Ботиров, Раҳима Ширинова, қадрдон ҳамкасб-дўстларим Рустам Мусурмон, Фармон Тошев, Умида Файзиева, Ўрол Ғойимов, Шарофиддин Тўлаганов, менинг камолга шундоқ етишимда энг кўп Устозлик қилган Шавкат Миралимов, Журфакдан барча ҳамкасбларим кетма-кет табрикладилар.

Байрамдан илгарироқ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Икром Бўрибоев, Ёзувчилар уюшмаси масъул ходимлари Нодир Жонузоқ, Абдурауф Эшимқулов, Шерзод Ирзоев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким, уюшма масъул ходимлари Холмурод Салимов, Шуҳрат Рўзиев, Жобир Хўжақуловлар ҳол сўраб уйимга келганларидан жуда хурсанд бўлиб юргандим.

Давлатимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлганлар қатори 30 сентябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигига таклиф этилдик. Пойтахт шаҳримиз ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев давлатимизнинг юксак мукофотларини тантанали равишда топширар экан. муҳтарам Президентимиз совғаси сифатида биттадан телевизор ҳам улашдилар!

Ўтган йили худди шу кунларда жарроҳлик операциясидан кейин тўшакка михланиб ётганимда ҳолимдан хабар олиш учун масъул ходимларини совға-саломлар билан хонадонимга юборган ва юракка далда берувчи “Байрам табриги” ҳам йўллаган ҳурматли пойтахт шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга самимий миннатдорчилигимни изҳор этдим.

Кейин пойтахтимиздаги “Наврўз“ маданият ва истироҳат боғида Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи ва мураббийлар учун ташкил этилган сайлга йўл олдик.

Бир маҳал Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси номидан совға-саломлар билан хонадонимга келишаётган истеъдодли шоирлар Нодир Жонузоқ ва Ориф Тўхташ қўнғироқ қилдилар. Байрам тадбирида эканлигимни айтгандим, улар оиламиз аъзоларини табриклаб, совға-саломларини бериб кетишибди.

2

1 октябрь куни истеъдодли собиқ талабаларим – ҳаётда муносиб ўрниларини топган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари Бахтиёр Ёқубов, Анвар Самадов, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Бекзод Шукуров, «Халқ сўзи» газетаси Адабий котиби Шавкат Ортиқов, ЎзА бош муҳаррири Матназар Элмуродов, «Ёшлик» журнали бош муҳаррири Фахриддин Ҳайит, «Оила даврасида» газетаси бош муҳаррири Ҳусниддин Бердиев, Олмазор туманидаги “Жийдали” маҳалласи раиси Ойниса Бобонова масъул ходимлари билан мени касб байрамимиз ва юксак мукофот билан табриклаб хонадонимга келганларида бошим осмонга етди.

1

Азиз ва муҳтарам Президентимга ва барча инсонпарвар, меҳрибон Устозу шогирдлар ҳамда меҳридарё дўстларимга бир умр таъзимдаман.

Тўлқин Эшбек,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, “Дўстлик” ордени соҳиби

Ушбу мақоламни севимли газетамиз «Халқ сўзи» сайтида ёритган азиз ҳамкасбларимга самимий миннатдорчилик изҳор этаман:

http://xs.uz/uzkr/post/dostlik-ordeni-mehr-rishtalariga-pajvasta

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>