Жон керакми ё мансаб?

Сувни ўта исроф қилиб, машинасини қайта-қайта юваётган ва иши битгач,

шланни ўчирмасдан ташлаб қўйган ноинсофларни кўргансиз. Суви шариллаб оқиб ётганига парво ҳам қилмайди…

Агар сувга зор бўлиб қолса, ҳар бир томчисини ўйлаб ишлатиши аниқ.

4

Соғлом ва тетик юрган қадрдоним!

Ҳозир сизнинг “энергия”нгиз ҳам ўша суви шариллаб турган шланга ўхшар, гўё адо бўлмайдигандек туюлар… Соғлиққа путур етиб, “энергия”нинг таги кўриниб қолгач, ўзингизни жуда авайлашга тушасиз ва чала ишларингизни эсон-омон поёнига етказиш кераклигини, кечроқ бўлса-да, англаб қоласиз.

Ўшанда ғийбат, миш-миш, умуман, бетайин гап эшитишга тоқатингиз ҳам етишмай қолади. Мудир бўлиб қолсангиз, “Ғийбатчиликка қарши қатъий чора кўриш ҳақида” қарор қабул қиласиз. Ортиқча гап-сўз тинглашга қулоғингизда жой, беҳуда нарсани кўришга кўзингизда нур, бўлар-бўлмас ҳаяжонланишга юракда қувват етишмай қолади…

Ёши улғайиб, кексалик боғлари сари одимлаётган дўстим!

Вақт жуда-жуда ғанимат! Шунинг учун ҳозирданоқ бор “энергия”нгизни илм, ижод ва бошқа эзгу ишларга сарфлашга ҳаракат қилиб қолинг. Пайти келиб булар ҳақида ўйлашга ҳам мадорингиз етмайди…

Зимдан мансаб талашаётганингиз ва бу қалтис ниятингизни амалга ошириш учун кимларгадир чоҳ қазиётганингиз қанчалик аянчли, мудҳиш хатоингиз эканини тушуниб етганингизда, афсуски, кеч бўлади…

Сиз мансабга лойиқ бўлсангиз, ўзингиздан сўраб ўтирмасдан ҳам ўтқизиб қўйишарди! Чунки, бугун ҳақиқатан ҳам бирор ишни қойил қиладиган кадрлар керак!

Ўзингизни “зўр” деб ўйлайсиз, бошқалар эса сизни “ғўр” деб билади…

Шундай ишланг, илму ижод қилингки, улардан баҳраманд бўлганлар кейин тан беришади! “Юқори ташкилотга бораман” деган дағ-дағадан ҳеч ким қўрқмайди, энг муҳими, юқоридагилар ҳам сиздақаларнинг нағорасига ўйнамайди! Унақа даврлар сарқитга айланганига анча вақт бўлди!

Бир кун, бир лаҳза бўлса-да ҳамкасбларда, Устозу шогирдларда ижобий таассурот қолдиришга улгуринг. Эртага шунга ҳам ярамай қолганингизда афсус чекмайсиз…

Сизга омад тилаб қоламан.

Дониш домланинг дил сўзларини оққа кўчирувчи

Тўлқин ЭШБЕК

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>