Журналистика соҳасига оид 10 жилдлик қўлланма чоп этилди

Журналистика соҳасига оид 10 жилдлик қўлланма чоп этилди

Журналистика соҳасига оид 10 жилдлик қўлланма чоп этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг топшириғи билан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги зиммасига журналистларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан келиб чиқиб, улар учун халқаро тажрибани ўрганган ҳолда, назариётчи олимлар ҳамда амалиётчиларнинг тажрибалари асосида журналистика соҳасига оид қўлланма тайёрлаб, чоп этиш вазифаси юкланган эди. Олимлар, профессор-ўқитувчилар жалб этилган ҳолда беш ой ичида 10 жилдлик қўлланма тайёрланди. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида журналистика соҳасига оид ушбу қўлланманинг тақдимот маросими ташкил этилди.
Унда сенат аъзолари, депутатлар, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вакиллари, журналистлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.
7-faqat saytga.JPG
– Қисқа вақтда ушбу китобларни тайёрлаш учун Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов. – Қўлланманинг ҳар бир жилди, боблар, мавзуларни аниқлаш мақсадида юқоридаги олий таълим муассасалари вакиллари билан бир қаторда Журналистлар малакасини ошириши маркази, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси вакиллари, таниқли ижодкорлардан иборат таркибда Ишчи гуруҳ тузилди. Бир неча бор маслаҳат йиғилишлари ўтказилди. Ҳар бир жилд бўйича масъул муҳаррирлар танлаб олинди ва уларнинг тавсиялари асосида муаллифлар таркиби шакллантирилди.
Қўлланманинг ҳар бир жилди – “Журналистика назарияси, тарихи ва тараққиёти”, “Журналистика ҳуқуқи ва этикаси”, “Медиалингвистика ва таҳрир”, “Медиа-маркетинг ва менежмент”, “Босма оммавий ахборот воситаларида жанрлар ва маҳорат масалалари”, “Аудиовизуал журналистика”, “Онлайн журналистика ва медиада янги трендлар”, “Замонавий медиа муҳитда PR-хизматлар”, “Ихтисослашган журналистика”, “Журналистика социологияси ва психологияси” минг нусхадан нашрдан чиқарилди.
4-faqat saytga.jpg
– Ўтган йили Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларига оид 10 жилд қўлланма чоп этилади, дейилганида кўпчилик ишонмаганди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммад. – Бу биз учун кутилмаган ҳолат эди. Маълумки, ҳамма соҳада амалиёт ва назария ёнма-ён юради. Шу кунгача ўзбек миллий журналистикасида назария анча орқада, илмий салоҳият жуда заиф эди. Соҳага оид нақд 10 жилд китоб чоп этилгани олимлар, профессорлар нимага қодир эканлигини амалда кўрсатди. Энди ёшлар фақат ўқиши, изланиши керак. Бундан бошқа йўлимиз йўқ.
Тайёрланган қўлланма олий таълим муассасаларида таълим жараёнида фойдаланиш билан бир қаторда, “Журналистнинг шахсий кутубхонаси” сифатида ҳар бир таҳририятда, журналистларнинг шахсий китоб жавонларидан ўрин олишга арзийдиган адабиётлар сифатида тайёрланди.
– Соҳамизга оид китобларга эҳтиёж доим юқори бўлган, – деди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети проректори Нозима Муротова. – Журналистика соҳасига оид 10 жилдлик қўлланма чоп этилиши билан соҳага оид китоб етишмовчилиги муаммосининг ҳал этилиши йўлидаги биринчи қадам қўйилди. Чунки бу соҳа шунчалик тез ривожланаётган даврда журналистикага оид китоблар хорижда тез-тез чоп этилар, бизда эса маълум маънода оқсоқлик бор эди. Амалга оширилган бу ташаббусни олқишлаймиз. Мазкур 10 жилдлик қўлланмада бундан олдин чоп этилмаган маълумотлар бор. Мақола, рисолалар шаклида тор доирада эълон қилинган маълумотлар ҳам мавжудлиги бизнинг катта ютуғимиздир.
6-faqat saytga.JPG
Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам оммавий ахборот воситаларини ҳар доим қўллаб-қувватлашини билдириб, соҳага оид масалаларга алоҳида урғу берди. Жамоатчилик назоратини кучайтиришда ҳам ОАВларнинг ролини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг эътибори асосида тайёрланган мазкур 10 жилдлик қўлланма Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили учун муносиб совға бўлди, дейиш мумкин.
Ушбу қўлланма мамлакатимизда тобора юксак аҳамият касб этиб бораётган очиқлик сиёсатининг янада ривож топиши ҳамда унинг асосий иштирокчилари саналмиш журналист ва блогерларнинг назарий билимларини янада мустаҳкамлашга муносиб хизмат қилади.

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА

http://uza.uz/oz/society/zhurnalistika-so-asiga-oid-10-zhildlik-llanma-chop-etildi-06-02-2020

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>