Блоггерларни — ҳаваскор ёки жамоатчи мухбирлар дейиш мумкин.
Бир пайтлар ҳаваскор мухбирлар газеталардан онда-сонда кўриниб турса, бугун улар замонамизга яраша — интернетдан самарали фойдаланмоқдалар. Баъзиларининг дадил чиқишларига тан берсак, бошқаларининг савияси ва ҳатто саводи ҳаминқадарлигидан ранжиб юрамиз. Таниқли журналист-олим Равшан Райимжоннинг шу мавзудаги таҳлилий мақоласи мушоҳадага чорлайди. Унинг ФБдаги саҳифасида ёритилган мақоласини ўқиганлар тегишли хулоса чиқарадилар, деган умиддамиз, дейди Дониш домла.
Мақола адоғида унга ФБда берилган баъзи фикрномаларни ҳам эътибор билан ўқисангиз фойдадан ҳоли бўлмайди.
Нима учун блоггерлар ОАВлари учун қизиқарли, таҳлилий материалларни беришмайди? Ўз блогларидан ташқарига хам чиқса бўладику. Йўқ чиқишмайди, чунки бир қанча чекловларга, қонуний тўсиқларга, ОАВ тўғрисидаги қонунга, журналистнинг одоб-аҳлоқ кодексларига дуч келади. Уларнинг ўз минбари бор, минбардан туриб хеч қандай суриштирувларсиз хохлаган нарсаларни хохлаган тарзда беришлари мумкин, шундай хам бўлмоқда. Лекин бугунги кунда журналистларга бўлган эътибордан кўра блоггерларга бўлган эътибор кучайиб кетмоқда. Тўғри тан олишимиз керак ижтимоий хаётдаги муаммо, масалаларни ёритишда блоггерларимиз жуда фаол. Блогерлик фаолияти сўнги пайтларда мамлакатимиз ҳаётининг кўзгусига айланиб бормоқда. Пешқадам блогерларнинг турли оммавий ахборот воситалари билан рақобати яққол кўзга ташланмоқда. Саноқли кучли блоггерларни хам кашф этаяпмиз. Лекин танганинг иккинчи томони, блоггерларимиз бу кетишларида ахборот оламини “fake news”лар билан тўлдириб, халқ ўртасидаги ахборот хуружлари сабабчиларига айланиб қолмасмикан? Кузатувларим натижасида шундай хулосаларга келдим:
Блоггер: кўпчилик учун бу хобби, саноқлилар учун иш.
Журналист: кўпчилик учун бу касб. Журналистика бу биринчи навбатта машаққатли иш.
Блоггер ўзи лозим деб топган ҳар қандай янгиликни шунчаки ўйламасдан беихтиёр бериши мумкин.
Журналист ҳар қандай янгилик ёки муаммонинг устида албатта ишлайди.
Блоггер хохлаган масала юзасидан хохлаган савол жавобларда эксперт бўлмаслиги билан бир қаторда ўзининг шахсий фикр ва қарашларига эга (баъзи холатларда кулгинг келади, яна ақл хам ўргатиб қўйишади).
Лекин журналистнинг қараши ва хулосалари далилларга асосланган бўлади.
Блоггер ўзининг шахсий тамойилларига асосланиб фикр юритгани учун маълумот тақдим этиш стереотипларини бузади.
Журналист журналистика тамойилларига, одоб ахлоқ кодексларига амал қилади.
Блоггерлар кўпинча ёлғон ахборот хуружларини яратадилар, лекин маълумотларни охиригача бермайдилар (худди олов бир ёниб ўчгани каби).
Журналист ишга киришиши учун факт ва далилларга таянади.
Блоггер ўз блогида хаёлига келган барча нарсани ёзади, лекин журналист бундай ёзса уни судга беришади. Журналист мақоласи учун масъулиятни ўз зиммасига олади, блоггер эса йўқ.
Блоггер хато қилиши мумкин, лекин журналистнинг хато қилишга хаққи йўқ.
Блоггерларнинг ўзлари “блоггер” ёки “блогер” деб қандай ёзишни билишмайди, журналист эса Африкада хам “журналист”.
Шундай экан бугунги кунда блоггерларимизнинг ахборот оламини манипуляция қилишларига шахсан мен қаршиман. Қолаверса ҳеч қандай асос ва далилларга таянмаган холда ахборот бериб халқ фикрини нотўғри шакллантириш оқибатлари нималарга олиб келишини барчамиз яхши биламиз. Ҳар бир блоггер ўз сохасини мутахассиси нуқтаи назаридан постлар ёзишса хам мақсадга мувофиқ бўлар эди. Хар холда чумчуқ сўйса хам қассоб сўйсин…

Сўнгги фикрлар