Журналист бўлиш учун ўқиш шарт…ми?

Талабаларимиздан бири шундай савол берди:

1

– Бир киши бизга “Журналист бўлиш учун журналистика факультетида ўқиш шарт эмас” деди. Сиз бунга нима дейсиз?
Қизиқ, шу гапни талабалик давримизда бизга ҳам кимдир шипшитган, ўшанда ўқув даргоҳимиздан кўнглимиз бироз совугандек бўлиб қолганди… (Бу биз талабалар онгини заҳарлаш учун айтилганини кейинроқ тушундик).
Йиллар ўтиб факультетимизнинг нақадар улуғ даргоҳ эканлигини, бизга таълим-тарбия беришган устозлар фидойилигини ҳис этдик. Асл ҳақиқатни англаб етганда факультетимизга устамонлик билан тош отган ўша кимсага нисбатан нафратимиз ошди…
Бугун эса ўша аҳволга тушган талабамга асосли жавоб беришим шарт. Бунинг учун аввало ўзимга ўзим савол бердим: журналистика факультетида ўқимаганимда шу даражада журналист, ижодкор бўла олармидим?
Илк ҳикоям 1973 йилда – учинчи синфда ўқиб юрган кезларда газетада ёритилган. Кўп ўтмай таҳририятдан борган бир хатда шундай ёзилган экан: “долзарб мавзудаги хабар ва мақолаларингизни кутамиз…” Шундан сўнг мактабни битиргунча кўплаб мақолаларим чоп этилганди. Ўқишга келмасдан қишлоқда бошқа тирикчилик билан шуғулланиб, илҳом келганида ул-бул нарса ёзиб юраверсам бўлмасмиди?
Ҳалиги саволга мухтасар жавоб изларканман, босиб ўтган йўлларимга бир бора назар ташладим. Нималарга эришдим-у нима йўқотдим?..
Ёш ҳаваскорлар таниқли ижодкорларни кўрганда, суҳбатидан баҳраманд бўлганида қанчалик ҳаяжонга тушишини тасаввур этиш қийинмас. 1980 йили ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетига ўқишга кирганда масалчи-шоир Мухтор Худойқулов дарс беришини эшитиб қувонганмиз. “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналлари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” (илгариги “Ўзбекистон маданияти”) ва бошқа газеталарда кўплаб ҳажвий шеърлари, фельетонлари, “Қоя ва ҳарсангтош”, “Дарё ва пўкак”, “Зирапча”, “Ҳангомалар”, “Қадамларига ҳасанот” каби китоблари чоп этилган, машҳур “Учрашув” фильми сценарий муаллифларидан бири бўлган адибдан сабоқ олиш нақадар мароқли эди! Устозимиз илк бор журналистика назариясини ўргатди. Амалиётда ўзи қалам тебратиш сирлари, маҳорат мактабига ошно қилди. Таҳририятларга бошлаб бориб, ижодий жамоалар билан таништирди. Шу-шу, таҳририятлар севимли масканимизга айланди! Улкан истеъдод соҳиби бўлган устозимиз илм соҳасида ҳам тинмай изланиб журналистика ихтисослиги бўйича номзодлик ҳамда докторлик диссертациялари ёқлаган. “Матбуот ва жамият”, “Журналистика ва публицистика” каби кўплаб ўқув қўлланмалар яратган. Уларни пухта ўрганмасдан, устоз сабоғини олмасдан туриб етук журналист бўлиш амри маҳол эди.
Ижодкор аввало тўғри тафаккур қилиши, ҳаётдаги воқеликларни бадиий бўёқларда ёрқин акс эттириши зарурлигини филология фанлари доктори, профессор Очил Тоғаевдан ўргандик. Устоз фикри теранлиги, сўзи ўткирлиги билан бизни ҳам тафаккур қилишга, ҳақ сўз учун курашга даъват этарди. Устоз публицистика, айниқса, очерк жанрини мукаммал ўргатишга ҳаракат қиларди. Назарий билимларини амалда кўрсатиб, ўзи ҳам тинмай қалам тебратарди. Таҳлилий мақолалари тез-тез газета-журналларда ёритилар, айримлари баҳс-мунозарага уланиб, шов-шув бўлиб кетарди. Устознинг “Адиблар ва жанрлар”, “Ижод ва идрок” каби салмоқли китоблари, ўқув қўлланмаларини пухта ўрганмасдан журналист бўлишни тасаввур ҳам эта олмасдик. Ҳақиқатнинг юзига тик қараш, ҳар бир фикрни салмоқ билан тушунтириш, муаммолар ечимини топишда муросасиз бўлиш фазилатларини шу устоздан ўргандик.
Фельетон, памфлет ва юмор жанрларини филология фанлари доктори, профессор Ориф Саидов маҳорат билан ўргатган. Машғулотларга тахлам-тахлам газета-журналлар кўтариб кирар, уларда ёритилган ҳажвия, фельетон, памфлет, пародияларни таҳлил қилиб берар, бизни ҳам шундай асарлар ёзишга илҳомлантирарди. Домламизнинг шу мавзудаги тадқиқотлари ўзи бир олам эди.
Журналистика – ижод, ижод эса – сўз санъати, яъни, филология билан узвий боғлиқдир. Филология илмидан йироқ, сўз санъати ҳаминқадар одам ижодкор бўла олмайди. Бу фикрларни “Янги замон – янги қаҳрамон”, “Озод Шарафиддинов” деб номланган мўъжазгина китоблардан ўқиб ўргангандик. Ўша китоблар муаллифи Абдуғафур Расулов дарсга кирганида адабиёт илми ва ижод сирларини теран тушуна бошладик. Домламизнинг ҳар бир дарси бир китоб эди. Ҳар гал машғулотга бир нечта китоб кўтариб келар, уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб, биз учун муҳим жиҳатларини таҳлил қилиб берарди. Филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби бўлган устоз Абдуғафур Расуловнинг матбуотда ёритилаётган кўплаб мақолаларини, ўқув қўлланмалари, рисолаларини ўқиган, у кишидан сабоқ олган талаба ҳақиқий ижодкор журналист бўлиши мумкин, дейишга ҳақлимиз.
Журналист моҳир таржимон бўлиши зарурлигини таҳририятда фаолият кўрсатаётганлар яхши билишади. Филология фанлари доктори, профессор Ғайбулла Саломов ана шу нозик соҳа – таржима назарияси ва амалиётини шу қадар меҳр билан тушунтирар эдики, ўзимизни таржимонлик аталмиш янги оламга кириб қолгандек ҳис этардик. Устоздан сабоқ олиш билан бирга “Рус тилидан ўзбекчага мақол, матал ва идиомаларни таржима қилиш масаласига доир”, “Ўрисчадан ўзбекчага бадиий таржиманинг баъзи назарий масалалари хусусида”, “Мақола, матал ва идеомалар таржимаси”, “Бадиий таржиманинг лексика-фразеология масалалари”, “Бадиий таржима ва адабий таҳрир проблемалари”, “Таржима асослари”, “Дўстлик кўприклари”, “Мен сув ичган дарёлар”, “Адабий анъаналар ва бадиий таржима проблемалари” каби қатор китоблари, ранг-баранг мавзудаги мақолаларини ўқиш қанот бахш этарди! Дарсдан кейин устознинг таҳририятларда, телерадио студияларида жўшиб юришларига ҳавас билан қарардик. Мазкур курснинг амалиёти сирларини ўргатган профессор Нажмиддин Комилов эса ўзи бир олам эди.
Матбуот тарихидан сабоқ беришган доцентлар Тоҳир Пидаев, Воҳид Абдуллаев ва бугунги кунда тарих фанлари доктори, профессор Раҳбархон Муртазаева, амалиёт ўқитувчиси Қобилбек Каримбековлар талабаларни жаҳондаги етакчи мамлакатлар нашрлари билан ошно қилишган.
Доцент Анвар Каримовнинг телерадио журналистикаси сирларидан берган сабоқлари қалбимизга муҳрланган. Қатор ўқув қўлланмалар яратган олим назарий билимларни амалиёт билан пайваста қилар, машғулотлардан сўнг теле ва радио студияларга олиб борарди. Ўзбекистон телевидениесига, радиога амалиётга борган талабаларнинг қанчаси ўша қутлуғ даргоҳларда ўз ўрнини топиб кетишди.
Ёзиш услуби ва таҳрир санъатини мукаммал билмаган кишидан яхши ижодкор чиқмайди. Бу борада ижодкор аввало пухта назарий билимга эга бўлиши лозим. Унинг назариясини ўргатмоқчи бўлган мураббий амалиётда ҳам ўзини кўрсатиши зарур. Доцент Анвар Шомақсудов, Ирисали Тошалиев, Сайёра Низомиддиновалар ана шундай мураббийлардан эдилар. Қатор ўқув қўлланмалар яратган бу мураббийлар сабоғини олганлар кам бўлишгани йўқ.
Таҳририят ҳамда нашриётларда қўлёзмалар устида ишлашда имловий хатоларни “корректура белгилари” воситасида тузатиш, саҳифалаш, бадиий безатишга оид назарий билимлар ҳамда амалиёт сирларини доцент Абдулла Сайфутдиновдек теран тушунтириб берадиган мураббийни кўрмадик. Устоз ибораси билан айтганда, “журналистлар меҳнатини рўёбга чиқарадиган ноёб маскан – босмахона” ишини ўрганганимиз ҳозиргача асқотмоқда!
Биздан илгари ўқиганлар юртимизда журналистика соҳасида биринчи фан доктори Тўғон Эрназаров ҳамда Лазиз Қаюмов, Озод Шарафиддинов, Расул Муҳаммадий, Фатхиддин Насриддиновдек забардаст устозлардан сабоқ олганлари билан фахрланиб сўзлайдилар.
Уларнинг барчаси талабалар билан ишлашда ўзига хос фазилатларга эга эдилар. Одамийлик мактабини, журналистга хос фазилатларни, касбга меҳр-муҳаббатни айнан шу азиз устозлардан ўрганганмиз. Узоқ йиллар мобайнида журналистика факультетида таҳсил олган минглаб журналистлар республика, вилоят, шаҳар ва туман таҳририятларида, телерадио, ахборот агентликлари ҳамда бошқа ижодий жамоаларда самарали фаолият кўрсатишмоқда. Улар шу устозлардан қанчалик сабоқ олганларини мудом фахр билан сўзлайдилар.
Хўш, ўша устозларнинг энг ибратли жиҳатлари қандоқ эди?
Биринчиси, диссертация ёқлаш нақадар машаққатли бўлишига қарамай илмий изланишдан асло тўхтамас эдилар. Барчаси фан номзоди, доктори, доцент, профессор эдилар. Газета-журналларда салмоқли мақолалари, ўқув қўлланмалари, бошқа китоблари тез-тез чоп этиларди. Талабалар ҳам олий ўқув юртига кирганига яраша ана шундай илмий салоҳиятга эга устозлардан сабоқ олгиси келади! (Ўзи илмдан йироқ кимса ҳеч қачон ёлчитиб билим бера олмаслигини изоҳлашга ҳожат йўқ!)
Иккинчиси, илмларини муттасил амалиёт билан боғлаб дарс ўтардилар. Мавзу танлаш, чиройли сарлавҳа, рукн топишдан тортиб ёзиш сирларигача ўргатишарди. Уйга вазифалардан бири – очерк ё мақола ёзиб келиш бўларди. Қўлёзмаларимизни эътибор билан ўқиб, ютуқ ва камчиликларни тушунтириб, маҳорат сирларини ўргатардилар. Энг ибратли жиҳати, ўзлари ҳам муттасил қалам тебратишар, дарсдан кейин таҳририятма-таҳририят юрганларини кўриб ҳавас қилардик. (Ўзи ёзмайдиган, ёзолмайдиган домла ҳеч қачон талабаларга бундай талабни қўя олмайди!)
Учинчиси, мудом китобга меҳр, беқиёс қизиқиш уйғотардилар. Китобни уқиб ўқиш, мутолаа жараёнида нималарга эътибор бериш, чунончи, диолог қандай ёзиляпти, қайси тиниш белгиси қандай қўлланилаётганигача эътибор бериш зарурлигини уқтирардилар. (Ҳозирги пайтда баъзилар оддий “тире” билан “дефис”нинг фарқига бормаслиги, қаерда икки нуқта ва қай ўринда нуқтали вергул қўйишни билмаслиги, ғиж-ғиж имловий хато, услубий ғализ ёзаётгани фожеадан бошқа нарса эмас…)
Шу даражада таълим-тарбия берганларига яраша кадрлар салоҳияти ва уларнинг маҳсули бўлган матбуот, китоб нашрчилиги аҳволи қандай эди? Телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар савияси қай даражада бўларди?
Очиғи, бирорта китоб, журнал, ҳатто газетада имловий хато учрашини, хатто тиниш белгиси нотўғри қўлланишини тасаввур эта олмасдик. Ўқувчи фикрини бойитмаган, маънавий озиқ бера олмайдиган асарни тан олмасдик ва муаллифини ҳам, уни чоп этган ноширларни ҳам маломат қилардик. Бирор шевага оид тушунарсиз сўз, ғализ жумла телекўрсатув ё радиоэшиттиришда қулоғимизга чалинмасди. Қайсики кўрсатувни кузатмайлик ё эшиттиришни тингламайлик, фақат сўз бойлигимиз ортар, фикрни тўғри ва теран ифода этиш, чиройли гапириш маданиятини ўрганардик!
Қўлимиздан китоб тушмасди. Бирор янги китоб чиққанини эшитсак, дўконма-дўкон излашга тушардик. Ҳар биримизнинг шахсий кутубхонамиз бўларди. Ўқиган китобларимиз кўпайиб кетса, қишлоққа ташлаб келардик!
Дарсдан сўнг мақола ёзиб, таҳририятларга ошиқардик.
Талабалик йилларимиз ана шундай ижодий муҳитни вужудга келтирган фидойилар – азиз устозларимиз эдилар! Улар бутун бир авлод журналист-кадрларини камолга етказганлари билан ҳақли равишда фахрлансак арзийди.
Такрор айтаман, журналистика факультетида таҳсил олмаганимда, улуғ устозларнинг ибрат мактабини кўрмаганимда бугунги саодатимга эришишим даргумон эди. Ижодий салоҳияти ва мартабаси бизникидан юқорироқ ё тенг бўлган ҳамкасбларимиз ҳам ўша устозлардан олган билимларига шукрона қилишларига имоним комил.
Энди “ўқимасдан журналист бўлиш мумкинми?” қабилидаги савол қулоғимга чалинса, аввало бошқа соҳадаги ўқимаганлар билан муқояса қилиб кўраман.
Тиббиёт соҳасида ўқимасдан табиблик қилаётган ва… қанча одамлар умрига зомин бўлаётганлар камми?
Санъат илмини ўрганмасдан отарчилик қилаётганларнинг сўз маъносини тушунмасдан пойинтар-сойинтар қилиб (“бўса”ни – “бўлса” деб) куйлагани, аниқроғи жавраганини эшитганда куларимни ҳам, куяримни ҳам билмайман.
Ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиб олиб, автоҳалоқат содир этаётган, одамларнинг умрига зомин бўлаётганларни оқлаб бўладими?
Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга, деганларидек, олий ўқув юрти “мураббийсиман” деб юрган кишининг саводи ҳаминқадар бўлса-чи?! Худди шу ўринда менга баъзи оғриқли саволлар тинчлик бермайди.
Бугун нафақага чиққан Мухтор Худойқулов, Абдуғафур Расулов, Анвар Шомақсудов ёки раҳматли Тўғон Эрназаров, Очил Тоғаев, Лазиз Қаюмов, Озод Шарафиддинов, Расул Муҳаммадий, Фатхиддин Насриддинов, Ориф Саидов, Тоҳир Пидаев, Воҳид Абдуллаев, Анвар Каримов, Ирисали Тошалиев, Абдулла Сайфутдиновлар ўрнини боса оладиган мураббийлар борми?
Назарий билимларини ўқув қўлланмалари, дарсликларида намоён этиб, ўзи матбуотда жавлон уриб, бўлғуси журналистларга намуна кўрсатишда қай биримиз ўша устозлар даражасига чиқа оляпмиз?
Адолат тарозусига солиб айтганда бугун ҳам факультетимизда муносиб мураббий бўлишга интилаётганлар кам эмас. Қай бирлари ўша устозлар даражасига ета олишини келажак кўрсатади, албатта. Бугун факультетимизда фаолият кўрсатаётган бирор мураббийга тасанно айтиш ёки танқид қилиш фикридан йироқмиз. Қайси ўқитувчидан қандай сабоқ олаётганини зукко талабаларнинг ўзлари баҳолаганлари маъқул.
Ўз фаолиятимизга танқидий баҳо бериш, пировардида, факультетимизни ҳақиқий журналист-кадрлар тайёрлаш масканига айлантириш борасидаги айрим мулоҳазаларимни ўртага ташламоқчиман.
Биринчиси, юқорида номлари зикр этилган устозлар анъанасини изчил давом эттира олсак – оламгулистон! Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши лозим, деган ақидани салгина ўзлаштирган ҳолда: ёш ижодкорларга таълим бермоқчи бўлган мураббий аввало ижодкор бўлиши шартлигини алоҳида таъкидламоқчиман. На илмий иш қилган, на мақола ёза олган кимсалар бўлғуси журналистларга қандай сабоқ бериши мумкин?
Иккинчиси, зиммамизга етук, малакали журналист кадрлар тайёрлаш вазифаси юкланяптими, демак, бу борада аввало ўзимиз талабаларга ўрнак кўрсатишимиз даркор. Ижодий соҳанинг талаби шу: назария билан амалиёт ҳамқадам бўлиши, яъни, назариётчилар амалиётда ҳам ўзини намоён этиши шарт. Гапнинг индаоллоси шу: ўзи журналист бўлмаган одам журналист-кадр тайёрлашга ожизлик қилади!
Учинчиси, амал-тақал қилиб диссертация ёқлаб, сўнг дами чиқиб кетган пуфакка ўхшаб юрганлар, яъни, илмий даражага яраша ишлай олмаётганлар, ўқув қўлланмалар яратмаётганлар, мақола ёзмаётган, ижод қилиш қўлидан келмайдиганлар ҳеч қачон устозлик даражасига кўтарила олмайди. Бир ойда жилла қуриса битта, демак йилига камида ўн иккита мақола ёза олмайдиган одам журналистика соҳасидан ҳам, бу факультетдан ҳам нақадар йироқдир. Демак, университет раҳбарияти мураббийларнинг ижодий салоҳиятини янада ошириш мақсадида мақола ёзиб туришни талаб қилганларида жиззакилик қилганлар бу даргоҳга номуносибдирлар.
Бизга таълим-тарбия берган мураббийларнинг тажрибалари аслида катта мактаблигини унутмайлик ва уларнинг анъанасини мудом давом эттиришга эришайлик, демоқчиман. Бусиз бирор салмоқли натижага эришиш даргумон. Ёзиш, илмий иш қўлидан келмайдиганлар ўзини ҳам, таълим муассасасини ҳам, талабаларни ҳам қийнамасин… Токи, журналистлик дипломини олган ёшлар бу даргоҳда нималарга эришдим, деган саволга чайналиб қолмасин…
Ушбу мақоламни кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавол этишдан мақсад шу: журналистика факультетида мураббий бўлишни истаганлар аввало илм ва ижод бўстонида ўзини (нималарга қодирлигини) кўрсатсин. Факультетимиз муносиб мураббийларга ҳамиша муштоқ. Шунингдек, келгусида журналист бўлишни астойдил орзу қилган, сўзида собит турадиган, бу соҳанинг машаққатларига бардош бера оладиган, ғийбат гапларга учмайдиган, ўқиш ва изланишни канда қилмайдиган, одоби, юриш-туриши, муомала маданияти билан ўзгаларга ўрнак кўрасатадиган ҳақиқий истеъдод соҳибларигина бу даргоҳда таълим олиш учун келсинлар.
Ўйлайманки, юқорида баён этилган фикрлар, таклифлар ижобат бўлса, “журналист бўлиш учун ўқиш шартми?” деган беъмани саволга асло ўрин қолмайди.

Тўлқин ЭШБЕК,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий
университети Журналистика факультети доценти,
“Олтин қалам” мукофоти совриндори,
“Журналистика – ижодий фан” танлови ғолиби

ж3

(Ушбу мақола 2014 йил 17 апрелда ёзилган. Бу мавзу бугунги талабаларимизни ҳам қизиқтираётганини эътиборга олган ҳолда уни қайтадан ҳавола этдик)

You may also like...

19 Responses

  1. Ўқимаган инсон ҳеч қайси касбда муваффақият қозона олмайди! Айниқса, журналистлар қаламини чархлаш учун кўп ўқиши, уқиши керак. Мақолани ўқиб яна бир бора бунга амин бўлдим.

  2. Ўқимаган одам ҳеч бир ишни қойил қила олмайди. Оддий ошпазликка, тикувчиликка ҳам ўқиш керак. Журналист бўлиш учун темболе!!

  3. Hozirda hamma shunday deb o’ylaydi-ku.

  4. Saydullayeva Nodira:

    Журналистга укиш албатта керак, аммо ёник юрак, истеъдод, билим ундан хам купрок керак. Бошка касбларда билмадиму, журналистикада зурмазураки диплом олган билан мутахассис булиб колмайди. Журналистика-эскирмайдиган соха! Хар куни, хар соатда, хар дакикада янгиланиб туради. Уни хес ким ургатмайди, урганмайди…

  5. Jurnalistika jamiyatning quyoshi va shunday ekan, u hamma sohani qamrab oladi. Biz — jurnalistlar kerak bo’lsa hammasohani o’qishimiz, uqishimiz kerak! bu har bir jurnalist uchun nihoyatda zarur debo’ylayman.

  6. O`qish shart chunki har bir inson ustozidan yo`l yo`riqlarni o`rganish kerak

  7. Ўқиш дегани фақат китобни ёдлаш эмас. Ўқиш бу янги билимлар, тажрибалар билан танишиш, кўплар билан муомала қилиш, ижод оламида яшашдир. Шундай экан албатта ўқиш шарт.

  8. Barnoxon Umarova:

    Boshqa sohalarga oliy ta’limda 4 yil o’qish kerak bo’lsa, jurnalist bo’lish uchun bir umr o’qib o’rganish zarur.

  9. Zeh:

    Bunday ajoyib maqola uchun sizga rahmat aytaman.

  10. Maxfirat Jumanova:

    Ustoz maqola ajoyib.

  11. OLTINOY MADAMINOVA:

    JURNALIST BO’LISH UCHUN NAFAQTA O’QISH BALKI UQISH HAM LOZIM

  12. Qalb quyoshi uyg’oq, ma’rifatga tashna va albatta yurt ertasi uchun xizmat qila oladigan, mas’uliyatli insongina jurnalust bo’lishga loyiq. U albatta, ta’lum olgan bo’lishi shrt.

  13. Jurnalist oddiy xalqdan ustunroq, jamiyat boshqaruvchilari b.n teng bo’ lishi k.k. AGar u oliy ma’lumotli bo’lmasa bu tenglik buziladi,

  14. Dunyo ahilisinung atigi 21% i oliy ma’lumotli bo’lib, ularning eng ko’pi aniq soha vakillari ekan. Xo’sh neg endi jurnalistlar o’qimasligi k.k ekan????
    Bu ularning majburiyati bo’lishi k.k emasmi aslida!?

  15. T.Eshbekni yomon ko`rsam ham darslarini qoyillatishiga gap yo`q, demoqchiman. Jurfak 2-kurs talabalariga 3 ta fanni zo`r o`tdi. Talabalarni yozichga, ijodiy fikrlashga o`rgatdi. Tovuq falsafasida jon bor. Men esa uning birorta fikriga qo`shilmayman. Yaltoqi talabalarning maddohligini tomosha qilish uchungina darsga kirardim. Donish negadir bu gal nodonlik qilmay tinchgina bahomni qo`yib berdi. Bo`lmasa internet orqali ko`rsatib qo`yardim.

  16. Ўқиётган, ижод қилаётган одам ўзини ва ўзгаларни халос қилишни, поклашни ўйлаётган, шунинг йўлини излаётган одам. Унга ҳавас қилса, уни томоша қилса, унинг изидан эргашса бўлади. Ўқишни изидан эргашганнинг йўли ҳам барибир ойдин бўлади. Чунки ижод қилиш, ўқиш, изланиш ва шу билан бирга китоблар зулматга қараб эмас, қуёшга қараб яшашни ўргатади.
    Тўғри айтасиз
    Бизга таълим-тарбия берган мураббийларнинг тажрибалари аслида катта мактабдир!
    Барчага журналистлик дипломини олгач бу даргоҳда нималарга эришдим, деган саволга кўплаб жавоблар топилишини тилаб қоламан.

  17. Йул харакати хавфсизлиги сохаси буйича. Йул коидаларини бузганлик учун жарима микдорлари жуда катта килиб белгиланган, ва бунинг натижасида Йул харакати хавфсизлиги сохасида коррупция авжига чиккан, коида бузган хайдовчилар Давлатимиз бюджетига жарима тулашдан кочиб ЙХХБ ходимларига уша жаримани 10-20-30-40-50 фоизи микдорида пора пулларини таклиф этишадида, натижада инсон нафси кучли келиб пора олиш холатлари келиб чикади, буни олдини олиш учун куйидагича таклиф билдираман. Агар йул харакати коидаларини бузган хайдовчи авария холатини келтириб чикармаган булса, айбини тан олса, белгиланган жаримани факатгина 10 фоизи микдоридаги суммани 5 банк иш кунида тулаб бериши шарт булади. Агарда 5 банк иш кунидан ошиб кетса унда 20 фоизини ва хоказо. Мисол учун, 74888 сум жарима тулаши керак булган хайдовчи 7488 сум 80 тийин жарима тулайди.

  18. Давлат хокимитининг вазифаси бу хаётни енгиллаштирувчи ва яхшиловчи конунлар чикариш ва уларни бажарилишини таъминлашдир, бунинг акси эмас, давлатнинг иктисодиёт курсаткичларини бевосита таъминлаш билан шугулланиши мумкин эмас, яъни иш уринлари яратиш, экспортни кутариш, тадбиркорликни ривожлантириш бу давлатнинг бевосита вазифаси эмас, чунки амалдор тадбиркорнинг вазифаларини бажара олмайди. Амалдорларнинг вазифаси бу тадбиркорларга ва одамларга хизмат килиш яъни ёрдам бериш, тушунмаганини тушунтириш, бахсларида холисона хайъятлик килиш, конунбузарларни адолатли жазолаш, ташки сиёсат билан шугулланиш, бюджет даромадларини тугри таксимлаш ва назорат килиш. Бунинг учун барча корхоналарни, агар бу табиий монополия булмаса (Электр тармоклар, Сувокава, Нефть Газ) хусусийлаштириш керак, корхоналарда давлат улуши колиши керак эмас. Бу гап пахтасаноатига хам тегишли, кишлок хужалигига хам тегишли (давлат планлари бекор килиниши керак), йул курилиши, тог-кон саноати барчаси хусусийлаштириши шарт. Оддий хакикатни тан олиш керак, амалдор хеч качон самарадорлик билан корхонани юрита олмайди, амалдорга самарадорлик эмас, юкори ташкилот буйрукларини бажариш биринчи уринда колади. Коррупцияга карши хакикий курашсиз барча ислохотлар фойда бермайди. Бунинг учун энг оддий тадбир бор, амалдорларни ва уларнинг якин кариндошларининг даромад декларацияларини уларнинг мулклари ва харажатлари билан солиштириш ва агар номутаносиблик келиб чиккан такдирда ишдан бушатиш ва тафтиш килиш.

Добавить комментарий для Misha Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>