Журналист қандай бўлмаслиги керак?

Битта журнал ё газетадаги ғиж-ғиж хатоларни кўргач, уни кимлар нашрга

тайёрлаган, деган ўй кечади беихтиёр. Бу мавзуда ҳали кўп таҳлилий мақолалар ёзишимизга тўғри келади. Ҳозирча қуйидаги нохуш мақолани ўқиб, ўзингиз хулоса чиқаринг, дейди Дониш домла таассуф билан.

а

Устоз мураббийлар Омонулла Мадаев ва Аҳмаджон Мелибоевлар бу мавзуда қанча куюнчаклик билан айтишмоқда, мақолалар ёзишмоқда, афсуски, натижа кўринмаяпти, дейди яна бош чайқаб Дониш домла.

Энди қуйидаги нохуш мақолани ўқиб, мағзини чақинг…

***

Матбуот ва ахборот агентлиги саводсизликни тарғиб қилаётган журнални судга берди

«OLTIN ASR SERVIS» масъулияти чекланган жамияти ижодий маркази муассислигидаги «OLTIN ASR» журнали 2017 йилдан буён нашр этилаётган бўлиб, журнал фаолияти наинки бугунги кун талабларига, балки журналистика норма ва этикаларига ҳам мутлақо жавоб бермайди. Шу пайтга қадар нашрдан чиққан ҳар бир сонида юзлаб имловий хатоларга йўл қўйиш учун журналист ёки ношир қанчалик «юксак маҳорат»га эга бўлиши керак?! Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан журналнинг ҳар бир сонидаги хатолар юзасидан огоҳлантириш ва тақдимномалар берилган бўлса-да, кейинги сонларида бундан ҳам қўпол, янги-янги хатоларга йўл қўйишни қандай изоҳлаш мумкин, деб хабар бермоқда агентлик ахборот хизмати.

Аслида босма нашр, хусусан, журналлар ҳамиша аҳолининг саводхонлиги, билим ва савиясини юксалтиришга хизмат қилиб келган. Аммо «OLTIN ASR» журнали ўз ўқувчилари ва обуначилари олдидаги бундай масъулиятни унутган кўринади. Журнални қўлга олишингиз биланоқ хатоларга кўзингиз тушади. Муқованинг ўзиёқ журналнинг ички саҳифаларида сизни нималар кутаётгани ҳақида огоҳлантириш бергандек бўлади.

Журналдаги хатолар муқовадан бошланади.
Фото: Матбуот ва ахборот агентлиги.
Журналнинг 2017 йил 5-сон, 2-саҳифаси
Фото: Матбуот ва ахборот агентлиги.

Албатта, шу пайтга қадар 10 га яқин сонини нашр этишга улгурган журнал муаллифларининг ҳар бир хатосини санаб чиқишнинг имкони йўқ. Аммо мисол тариқасида 2018 йилда чоп этилган 3-сонини таҳлил этиш кифоя. Муқовада оммавий ахборот воситалари сўзлари қўштирноққа олиниб, «27-июн Ўзбекистон «оммавий ахборот воситалари» ходимларининг касб байрами!..» шаклида ёзилган. Аслида, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни эмасми? Ёки 40-саҳифадаги «Кўнгил очар боғга марҳабо» («Кўнгилочар боққа марҳабо!») сарлавҳаси остида берилган материалда «тасарруф» – «таъссарруф», «замонавий» – «замонваий», «аттракцион» – «атракцион», «албатта» – «албатда», «унутманг» – «унитманг» каби кўплаб имло хатолари учрайди. Ҳатто журнал ҳақидаги  маълумотлар ҳам имловий ва мантиқий хатолар билан берилган: «Тассисчи:» (Таъсисчи), «Саҳифаловчи Дизайнер» (Саҳифаловчи дизайнер), «Мусаҳҳих» (Мусаҳҳиҳ), «маротоба» (маротаба), «оргинал» (оригинал) ва ҳоказо. Бундан ташқари, айрим мақолалар сарлавҳаси ва матнлар айнан такрорланган, материалларнинг мазмуни ва сарлавҳаси бир хил, матнида фақатгина жой номлари, исмлар ва рақамлар ўзгартирилган, холос.

Журнал мундарижасидан. 
Фото: Матбуот ва ахборот агентлиги.

Бундан ташқари, айни шунда эълон қилинган мақолаларда ғализ, таҳрирталаб жумлалар жуда кўп учрайди. Масалан, «Бу хусусда чет эл ОАВ қатор ижобий мақолалар, радиоэшиттириш ва кўрсатувлар намойиш этилмоқда», «Олис қишлоқлардан келтирилаётган, даволанишига қарамай, йиқилиб қолгач, зўраки сўйилган (хонадонларда антисанитария) ҳолатидаги гўшт маҳсулотлари, айниқса, саратонда бозори чаққон бўлади», «Шиддат билан ривожланишга йўл тутган дунё талаблари йилдан-йилга мураккаблашиб турган замонда бизнинг бошқалардан ортга қолиб кетишга асло ҳаққимиз йўқ», «Юртимиз юксалаверсин, жаҳонда ягона давлат сифатида тараққий этаверсин…» сингари мантиқсиз ва тутуруқсиз жумлаларга кўзингиз тушади. «Буҳтоннинг умри қисқа ёҳуд «ёзувчи»ларнинг кирдикорлари хусусида», «Чорва моллари касаллигидан эҳтиёт бўлинг» каби мақолаларда эса ҳеч бир фактсиз, конкрет шахслар номи кўрсатилмай, номаълум кишилар шаънига ҳақоратлар ёғдирилган. Журналда эълон қилинган кўплаб материалларда муаллифлик ҳуқуқига риоя этилмаган, мақола ва хабарлар турли сайтлардан олинган бўлишига қарамасдан, манба кўрсатилмаган.

Журналнинг 2017 йил 5-сон, 2-саҳифаси
Фото: Матбуот ва ахборот агентлиги.

Энг қизиғи, журнал таъсисчилари ва бош муҳаррири томонидан Агентлик тақдимномаларига ёзилган жавоб хатлари ҳам имловий хатоларга тўла экани бу нашрда саводсизликка барҳам бериш мутлақо имконсиз эканини кўрсатади.

Журнал раҳбарларининг жавоб хати.
Фото: Матбуот ва ахборот агентлиги.
Журнал раҳбарларининг жавоб хати.
Фото: Матбуот ва ахборот агентлиги.
Журнал раҳбарларининг жавоб хати.
Фото: Матбуот ва ахборот агентлиги.

.Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судига мазкур журналга берилган гувоҳномани тугатиш ҳақида даъво аризасини киритди. Агентлик бу каби саводсизликни тарғиб этадиган, мақсад-муддаоси ноаниқ ва сифатсиз маҳсулот чиқаришни одат қилган нашрларга нисбатан кескин ва муросасиз муносабатда бўлади.

https://kun.uz/89388038

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>