Журфакдан юлдуз бўлган улуғ сиймолар

Ўтган асрнинг иккинчи ярмида наинки журналистика, шу билан бир қаторда

адабиёт бўстонига юлдуздек порлаб кириб келган Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Эркин Аъзам, Шукур Холмирзаев, Усмон Азим, Ҳалима Худойбердиева, Анвар Обиджон, Хайриддин Султон, Шарифа Салимова, Умида Абдуазимова, Сирожиддин Саййид, Минҳожиддин Мирзо, Абдували Қутбиддин, Назар Эшонқул, Азиз Сайид, Муҳаммад Исмоил, Собир Ўнар, Сирожиддин Рауф, Исажон Султон, Ислом Ҳамро, Фахриддин Ҳайит, Нурхон Элмирзаева каби ўнлаб улуғ ёзувчи-шоирлар ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетидан етишиб чиққанлари билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Бу йил янги қадамлар ила қаддини тиклаган жонажон  Журналистика факультетимизда шундай Устозларнинг маҳорат мактаблари ташкил этилади, албатта. Олманинг тагига олма тушади, деганларидек, шу Устоз ижодкорлар даражасида шогирд етиштиришга муваффақ бўла олсак, асл ниятимизга эришардик.

Журфак жамоаси номидан Устоз шоир Усмон Азимни таваллудининг 70 йиллиги билан самимий муборакбод этиб, узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ ва омад тилаймиз.

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети «Журналистика» кафедраси мудири,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

1

 

БАХШИЁНА

Шоир Усмон Азимга

Усмон шоир, ёш бўлсанг ҳам
Қўллаб юбор,
Бахшиёна шеърга мени
Йўллаб юбор.
Бу дунёда нима кўпдир –
Ташбеҳ кўпдир,
Ажабтовур образларни
Мўллаб юбор.
Баъзи биров, сену менга
Қумсан дейди,
Мен гапирай, ўтирабер,
Жимсан дейди.
Устозни-ку назар-писанд
Қилмас улар,
Ўрни келса, отасига
Кимсан, дейди.
Йўлда ногоҳ учраб қолса
Бирор раҳбар,
Содиқ итдай эргашади
Балхга қадар.
Керак бўлса, кузатади
Ҳаммомгача,
Тиз чўкади, буйруғини
Берса агар.
Бой зотини кўрганда–ку
Учар ҳуши,
Қолиб кетар қариндошу
Тенгу тўши.
Дунё топган тентак каби
Қувонади,
Сарқитидан кўз узолмас
Кўнгил қуши.
Шоирман, деб чиққанларнинг
Ярми пўкдир,
Хўрозчадай қичқиради,
Қорни тўқдир.
Рамазонда равган айтган
Болалардан,
Ўлай агар, тирноқча ҳам
Фарқи йўқдир.
Бир мактабда ҳаммамиз ҳам
Сабоқ олдик,
Ёлғон-яшиқ мақтовларни
Ишга солдик.
Во ажабо, илжайишиб,
Тиржайишиб,
Ўзимиз ҳам ўшаларга
Ўхшаб қолдик.
Усмон шоир, умрим ўтди,
Энди нетай,
Пайти келди, пушаймоним
Баён этай.
Энг яхшиси, Бойсун тоғдан
Бирор ғор топ,
Чориғимни судраб унга
Кириб кетай.

Абдулла Орипов,

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири

АҚШ. Техас. 2015 йил 30 август

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>