Журфакнинг Нурли талабаси

Устозидан ўзмаган шогирдни маломат қилишади.

Менинг кўп шогирдларим эса аллақачон Устозидан ўзиб кетаётганлари билан фахрланиб юраман. Бу фахр туйғуси — «Устозидан ўзган шогирдлар» деган навбатдаги китобимга зўр мавзу бўлди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетидан сабоқ олиб, ижод бўстонида муносиб ўрнини топган навқирон ижодкорлар ҳақида ўқисангиз бир олам завқ оласиз. Қаҳрамонларимиздан бири истеъдодли ёш шоира Нурхон Элмирзаевадир.

Дарвоқе, бир пайтлар яна бир шогирдамни «Ёш шоира» десам, «илтимос, мени ёш шоира, демак, тўрт фарзандим бор, учта тўпламим чиқди. Ёш шоира, деганда ҳамма эндигина шеърлари чиқа бошлаган қизалоқларни тушунади» деса бўладими! Раҳматли Устозимиз Ўткир Ҳошимов ҳам бир гурунгда «Ёшим элликдан ошди-ю, баъзи Устозларим мени ҳамон ёш ёзувчи, дейди» деб кулдирганини мудом завқ билан эслайман. Худди шундай, Нурхон қизимиз ҳам энди «ёш шоира» эмас, ижодий камолотига яраша — СЕВИМЛИ ШОИРАМИЗ десам тўғрироқ бўлар.

Нурхоннинг ФБдан олинган дил сўзлари — ажойиб таҳлилий-мақола бўлиб, ҳаммани мушоҳадага чорлайди, дейди Дониш домла.

На изображении может находиться: 2 человека, люди улыбаются, селфи и в помещении

Опам бугун сиз туғилган кун!

1999 йил.
ЎзМУ журналистика факультетига ҳужжат топшираётиб бир янгиликдан қувондим: бу йилдан илк бор ижодий имтиҳон ҳам қўшилибди. Авваллари фақат тест топширилар эди. Адабиёт фанидан олимпиадалар ғолиби сифатида бу янгилик талаба бўлиш ишончимни оширди. Ахир ижодий имтиҳондан яхши бал олсам у навбатдаги тест балларига қўшилади ва мен ота-онамнинг, ўзимнинг орзумни ушалтираман (ўйлаб қарасам кўп интилишларим асосан падару волидамни хурсанд қилиш мақсадида бўлган). Ўтган йили контрактга кирганлар рўйхатида биринчи ўринда эдим. Бироқ ўқишни ор билдим, худди билиминг етмадию майли жаримани тўлаб ўқийвер дегандек туюлди менга. Уйдагилар ўқишимни ҳар қанча айтишмасин рози бўлмагандим.
Хуллас ижодий имтиҳондан энг юқори баллардан бирини олдим – 92 балл! Мени етаклаб келган талаба акам кўнглимни кўтаради: «Тестни яхши ечсанг, албатта грантга кирасан!».
Навбатдаги имтиҳондан ҳам хотиржам эдим, сабаби бир йилдан бери имтиҳон учун керак бўладиган мактаб дарсликларини ёд олган эдим. Ҳақиқатан, тестни ҳам ўйнаб кулиб ечдим.
Лекин мен интизор ва ишонч билан кутган кунда ўйлаганимнинг акси бўлди. Умумий имтиҳон натижалари эълон қилинган таблода давлат гранти асосида қабул қилинган талабалар сафида тугул, контрактдагилар рўйхатида ҳам йўқ эдим… Аксинча билмасларнинг билмаслари қаторида турардимки на кулиш, на йиғлашни биламан. Акам иккимиз ҳайрон. Одам кўп, йиғламоқдан бери бўлиб кетар чоғимизда акам тўхтатди: “Шошма, одам камайсин яна бир қараймиз”.
Қарадик: не кўз билан кўрайликки учта фандан тестдан олган балларим бору ижодий имтиҳон балим эса “92” эмас «0» турибди!
Акамнинг юзига қон югурди, “синглим сен энг биринчилардан бўлиб ўқишга киргансан, 92 ни қўшса бўлди”.
Ўқув ишлари бўйича проректор ҳузурига бориб, вазиятни тушунтирдик.
– Ижодий имтиҳон балингиз тест марказига юборилаётганида техник тушунмовчилик сабаб “0” бўлиб кетиб қолган (!) ариза ёзинг, биз тест марказига юборамиз, уни қўшиб, ўқишингизни тиклаб беради”, деди проректор.
– Ўқишга бораверайликми? – баравар сўрадик иккимиз.
– Йўқ ҳозирча, аввал тиклаб олиб, буйруқ чиқаришимиз керак.
– Дарслар қолиб кетадику?
– Хавотир олманглар, буйруқ чиқса бошлайсизлар ўқишни, биз справка берамиз, ўтиб кетилган фанлар учун сизларга “5” қўйиб беришади, хавотир олманглар.
Аризани ёздигу, хотиржам бўлдик. Сўнг дам-бадам хабар олиб турдик масъул айтганидек.
Масала бир-икки кунда ҳал бўлади деб ўйлаб адашган эканмиз, соддалигимиз қурсин. Бир ой, икки ой ўтди ҳамки “бўляпти”дан бошқа гап йўқ. Бизга ўхшаб “техник хато туфайли баллари тўсатдан тушиб” қолганлар бир мен эмас эканман, 10 дан ортиқ абитуриент шундай “эътиборсизлик”дан жабр кўриб, умид билан ректоратда ўқув ишлари бўйича проректорнинг эшиги олдида сарғаярдик. Бора-бора сарғаювчиларнинг сони камая бошлади, кейин билсак кўпчилиги вилоятдан келган, шаҳарда туришга, кутишга имкони йўқ, масъулнинг “ўзимиз чақириб оламиз, кетаверинглар” деганига ишониб ё умид узиб кетишган экан. Хуллас эшик олдида икки киши қолдик – мен ва Сурхондарёнинг Сариосиё туманидан келган, тўрт фарзанднинг онаси, 31 ёшли Жамила исмли истарали аёл. У кишининг ҳам бали “0” бўлиб қолган, аслида контрактга киришлари керак эди. Масъул эрта дейишдан уялмас, биз эса келаверишдан чарчамас эдик. Бечора акам ҳам ўқиш тугаши билан хабар олар, менга билдирмаслик учун ҳадемай бўлади, деб кўнглимни кўтарар эди.
Бу орада дадам ҳақиқатталаб бир қариндошимиз билан келиб, масъулга учрашиб, хотиржам бўлиб кетишган эди. Октябрь ойи тугади ҳамки натижа йўқ. Адолатталаб қариндошимиз ахийри сабри тугади шекилли яна дадам билан Тошкентга келди. “Булар ўйин қилишяпти, тест марказига борамиз” деди қариндош ва ўша ёққа кетишди ҳужжатларни олиб. Бахтимга юқори бал олганим учун тележурналистлар интервью олишиб, экран орқали намойиш этишган эди.
Юрагим зир титраб турибман, энди нима бўлади, бу кетишда талаба бўлолмайман, қишлоққа қандай қайтиб кетаман, ахир мен журналист бўлиб, халқ дардини ёзмоқчи эдимку!
Шу хаёлларда умидсизликка тушиб ўтирганимда эшик қаттиқ зарб билан тақиллади, очсам дадам қўлларида бир даста гул, қариндошнинг оғзи қулоғида.
– Табриклайман!
Қулоқларимга ишонмадим, наҳотки?!
– Эртадан ўқишга борасан, талаба бўлдинг, ҳақиқат тикланди! Шу пайтгача бизни лақиллатиб ўтиришган экан университетдагилар вақтни ўтказиш учун, аслида 92 ни 0 қилиб жўнатганлар ҳам уларнинг ўзлари экан, Тест маркази раҳбари бизни эшитиши билан тегишли жойга телефон қилиб хабар берди. Мана ҳозир ректорга ҳам учрашдик, узр сўради, ўқишни бошласин, деди!
Икковлари бири қўйиб, бирлари бўлан воқеани айтишар, мендан-да хурсанд эдилар.
Эртасига – 3 ноябрь куни журналистика факультетига отландик, улар факультет раҳбариятига вазиятни тушунтиришиб, мени курсдошларим сафига қўшиб қайтишди. Курсдошларим анча ўзларини босиб олишган, мен ва Жамила опа эса энди талаба бўлганимиздан ичимизга сиғмас эдик.
Аммо 5-6 та фанлар деярли якунланиб қолган экан. Уларда ўтилган фанларни ўқиб топширишнинг ўзи бўлмайди, “3” баҳони биз истамаймиз. Масъулнинг ваъдаси эсимизга тушиб, опа билан иккимиз унинг олдига бордик. Ўқитувчиларга айтамиз, баҳоларингизни шундай қўйиб беради, деган ваъдасини эслатдик. Унинг жавоби турқиданда совуқ бўлди: “Чўкаётган одам чўпга ўзи илашади, бу сизларнинг муаммоларингиз”.
Қишлоқ одамларимизда, кимсан катта раҳбар айтди, лабз буларда бизданда кучли деб ишониб келган эканмиз…
Ҳар қалай чўкмадик, курсдошларимизнинг қўллаб-қувватлаши, баҳрикенглиги, курс сардоримиз Сайёрахоннинг кўмаги ва устозларимизнинг бизни ҳолатимизни тўғри тушунишлари туфайли Жамила опа иккимиз ўтиб кетилган фанларни ўқиб, ҳатто “5” баҳога топширдик. Нодиржон Ғаффоров, Узоқ Жўрақулов, Ёқутхон Маматова, Лазиз Қаюмов, Раҳимбой Жуманиёзов каби жонкуяр, фидойи устозларимизнинг яхшилигини бир умр унутмаймиз. Уларнинг мададидан сўнг ўзимизни тутиб олиб, илмга берилдик. Иккимиз ҳам бакалаврь, сўнг магистратурани ҳам қизил дипломга битирдик!..
Бугун бу хотираларимга берилишим қора кунларни эслаб, кимларнингдир айбини ошкор қилиш эмас. Аксинча ана шундай хотираларни баравар кўрганим, дўстим, қадрдоним, курсдошим, сирдошим, таниқли журналист Жамила Эшонқулованинг туғилган куни бугун!
Факультетда бизни ҳамма опа-сингил дейишарди. Туғишган бўлмасакда кўнглимиз бўшлиги, ҳаётга қарашларимиз, соддалигимиз, ичимизда йиғлаб юришимиз жуда ўхшаш. Ўхшашликдан бўлса керак мана йигирма йилки елкама-елкамиз, яхши кунларимиз бир-биримизсиз ўтмайди. Энг бахтиёр кунларимда, ҳатто фарзандларим туғилишида ҳам бошимда парвона бўлдилар, мусофирликда онамнинг ўрнини билдирмадилар. Кетма кет туғилган болаларим тарбияси билан машғул бўлганимда парвариш ҳақида маслаҳатини аямади, гоҳ ўзлари, гоҳ қизлари орқали хабар олиб турдилар. Ана шундай инсонларга йўлиқтиргани учун Аллоҳга беҳисоб шукр дейман.
Шу боис соғинсам ўйлаб ўтирмасдан дарвозаларини тепиб кириб боравераман, фарзандлари худди синглимдек, укамдек…
Сирдошим, меҳрибоним, қадрлигим Жамила опажон!
Туғилган кунингиз муборак бўлсин. Бундан 20 йил аввал шу кунда масъулнинг эшигида сарғайиб, тушкун ҳолда ўтиргандик. Шукрки у кунлар ўтиб кетди, ортда қолгани рост бўлсин. “Болаларим Сурхонда, соғиндим”, дердингиз, мана ҳозир ҳаммалари бағрингизда, пойтахтнинг сўлим гўшасида бирбағирликда умргузаронлик қилаяпсиз. Келинингиз ҳам худди ўзингиздек мулойим, меҳрибон. Метиндек иродангиз, сабру қаноатингиз ортидан келган бахтингизга, фаровонлигингизга ҳавас қиламан. Умрингиз зиёда бўлсин, сиздай дилкаш инсонлар кўп бўлсин дунёда. Яхши кунларингизда ёнингизда бўлиш, яхшиликларингизни қайтара олиш насиб этсин.
Чексиз ҳурмат билан синглингиз.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>