Журфак талабаларига «шпаргалка» / Jurfak talabalariga «shpargalka»

Журфакда ноанъанавий танлов ўтказилмоқда.

Бўлғуси журналистларга «Жамият тараққиётида жамоатчилик билан алоқалар (PR)нинг ўрни (Амир Темур ва Шавкат Мирзиёев фаолияти қиёсий таҳлили мисолида)» мавзуида иншо ёзиш топшириғи берилди.

Бу мавзу аслида салмоқли докторлик диссертацияси мавзуси эканлигини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.

Талабаларимиз иншо ёзишга тайёргарлик жараёнида аввало  «Жамоатчилик билан алоқалар (PR)» фанининг назарий асосларини пухта ўзлаштиришлари ва шу илмий нуқтаи назардан Соҳибқирон Амир Темурнинг «Темур тузиклари» асарини тадқиқ қилишлари ҳамда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз», «Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз» китобларини теран нигоҳ билан ўқиб ўрганишлари талаб этилади.

Юқори балл олган иншолар сараланиб, тўплам ҳолида чоп қилинади ва 2019 йил апрель ойида Амир Темур таваллуди куни арафасида шу мавзуда  илмий-амалий корференция ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Иншолар танловида ғолиб бўлган ва анжуманда фаол иштирок этган талабалардан 50 нафарини рағбатлантириш мақсадида Соҳибқирон Амир Темур мақбарасини зиёрат қилишга Самарқандга олиб бориш ниятидамиз.

Эзгу мақсадимиз: шояд келгусида шу иқтидорли талабалар давлатимизнинг устувор йўналишига айланган ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ мавзуларида илмий ишлар қилиб, жамиятимизни янада тараққий эттиришга хизмат қилсалар!

Дониш домла

***

Jurfakda noan’anaviy tanlov o‘tkazilmoqda.

Bo‘lg‘usi jurnalistlarga «Jamiyat taraqqiyotida jamoatchilik bilan aloqalar (PR)ning o‘rni (Amir Temur va Shavkat Mirziyoyev faoliyati qiyosiy tahlili misolida)» mavzuida insho yozish topshirig‘i berildi.

Bu mavzu aslida salmoqli doktorlik dissertatsiyasi mavzusi ekanligini izohlashga hojat bo‘lmasa kerak.

Talabalarimiz insho yozishga tayyorgarlik jarayonida avvalo  «Jamoatchilik bilan aloqalar (PR)» fanining nazariy asoslarini puxta o‘zlashtirishlari va shu ilmiy nuqtai nazardan Sohibqiron Amir Temurning «Temur tuziklari» asarini tadqiq qilishlari hamda Prezidentimiz Shavkat Mirziyoyevning «Buyuk kelajagimizni mard va olijanob xalqimiz bilan birga quramiz», «Milliy taraqqiyot yo‘limizni qat’iyat bilan davom ettirib, yangi bosqichga ko‘taramiz» kitoblarini teran nigoh bilan o‘qib o‘rganishlari talab etiladi.

Yuqori ball olgan insholar saralanib, to‘plam holida chop qilinadi va 2019 yil aprel oyida Amir Temur tavalludi kuni arafasida shu mavzuda  ilmiy-amaliy korferensiya o‘tkazilishi rejalashtirilmoqda. 

Insholar tanlovida g‘olib bo‘lgan va anjumanda faol ishtirok etgan talabalardan 50 nafarini rag‘batlantirish maqsadida Sohibqiron Amir Temur maqbarasini ziyorat qilishga Samarqandga olib borish niyatidamiz.

Ezgu maqsadimiz: shoyad kelgusida shu iqtidorli talabalar davlatimizning ustuvor yo‘nalishiga aylangan XALQ BILAN MULOQOT mavzularida ilmiy ishlar qilib, jamiyatimizni yanada taraqqiy ettirishga xizmat qilsalar!

Donish domla

п3

«Темур Тузуклар»и ҳақида

Амир Темур шахсини идрок этиш–тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш–ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш–тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир.

Бу ҳақда гапирганда, Амир Темурнинг давлатчилик ва дипломатия, ҳарбий маҳорат, бунёдкорлик салоҳияти, илму фан, санъат ва меъморчиликка оид қарашлари, ҳаётнинг маъно-мазмуни, инсонни улуғлайдиган эзгу ишлар ҳақида билдирган фикрлари, дину диёнат ва адолатни жойига қўйиш, салтанат ишларини кенгаш ва тадбир асосида амалга ошириш, ҳар бир масалада узоқни кўзлаб, эл манфаатини ўйлаб иш тутиш билан боғлиқ ибратли фазилатларини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Айнан мана шундай масалалар Соҳибқирон тафаккурининг маҳсули бўлган «Темур тузуклари» асарида ҳар томонлама аниқ, ишонарли ва таъсирчан тарзда ёритилган, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бугунги мураккаб ва таҳликали даврда бу китобни қайта-қайта мутолаа қилиш, унинг мағзини чақиш биринчи галда раҳбар, етакчи бўлишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган одамлар учун, қолаверса, ҳар қайси зиёли инсон учун бағоят фойдали экани ҳақида ортиқча гапириб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.
Ишончим комилки, ёшларимиз бу китобни меҳр қўйиб, тушуниб, чуқур англаб ўқиса, уларнинг қалбида миллий ғурур туйғуси юксалади, ўзининг қандай буюк зотларнинг авлоди эканини янада чуқурроқ ҳис этиб, ҳаётнинг ҳар қандай синов ва қийинчиликларини енгишга қодир инсонлар бўлиб вояга етади.
ИСЛОМ КАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти
***

«ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ» ҳақида икки оғиз сўз

«Тузуки Темурий» («Темур тузуклари»), «Малфузоти Темурий» («Темурнинг айтганлари») ва «Воқиоти Темурий» («Темурнинг бошидан кечирганлари») номлари билан аталмиш бу асар эътиборга молик тарихий манбалар жумласидан. «Эътиборга молик» дегани-мизнинг боиси шуки, унинг нусхалари (қўлёзмалари ҳам, тошбосмалари ҳам) кўп тарқалган. «Темур тузуклари»ни бугун жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида, масалан, Совет Иттифоқи, Англия, Франция, АҚШ, Финляндия, Дания, Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Яман кутубхоналаридан топса бўлади. Ўз-ўзидан маълумки, қайси бир асар қимматли, амалда зарур бўлса, ундан кўпроқ нусха кўчирилган. «Темур тузуклари» ҳам шундай. У кўпроқ соҳиби тожларга керак бўлган. Шунинг учун ҳам ҳукмдорларнинг кўпчилиги бу ва шунга ўхшаш асарлардан нусха кўчиртириб, шахсий кутубхоналарида асраганлар ва ижтимоий-сиёсий фаолиятларида улардан муҳим йўл-йўриқ сифатида фойдаланганлар. Масалан, буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг авлоди Шоҳ Жаҳон (1628—1657), Қўқон хони Муҳаммад Алихон (1821 — 1842) ва Бухоро амири Абдулаҳадхон (1885—1910) чапдаст котибларига буюриб, «Темур тузуклари»дан ўзлари учун нусха кўчиртирганлари маълум. Кўчирганда ҳам зўр масъулият ва қунт билан кўчирганлар. Ҳиндистонлик муаррих Абдулҳамид Лоҳурийнинг (1654 й. вафот этган) «Подшонома»сида (мавлавий Кабириддин Аҳмад ва Абдураҳимлар амалга оширган нашр, Калкутта, 1866-1872 й., I жилд, 288-саҳифа) бундай гап бор: «Ҳижрий 1047 (милодий 1637—38) йили Мир Абу Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатий деган шахс Шоҳ Жаҳонга «Тузуки Темурий»нинг форсийча таржимасини тақдим этган. Подшо таржима билан танишиб чиқиб, уни Декан фавждори (қози калони), истеъдодли ёзувчи Муҳаммад Афзал Бухорийнинг (1651 ёки 1652 й. вафот этган) қўлига тутқазган ва Шарафуддин Али Яздийнинг (1454 й. ва-фот этган) машҳур «Зафарнома» асарига солиштириб ва камчиликлари бўлса, тузатиб, хаттот ва муаррихлари ўзидан қўшган ортиқча жойлари бўлса ўчириб ташлашни буюрган. «Темур тузуклари»нинг шу кунларгача етиб келган қўлёзма ва тошбосма нусхалари ўша Мир Абу Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатий таржимаси асосида яратилган. Бу — биринчидан. Иккинчидан, мазкур асар XVIII асрдан бери (балки, анча бурунрокдир, лекин бу ҳақда қўлимизда маълумот йўқ) дунё олимларининг диққат-эътиборини қозониб келади. Масалан, асарнинг матни, тадқиқот ва зарур илмий изоҳлар билан   1783   йилда  Англияда,   1785  ва. 1891   йилда  Ҳиндистонда, 1868 йили Эронда чоп этилди. Асар жаҳон тилларидан бир нечтасига: француз (1787), инглиз (1830), урду (1845), рус (1894,1934) ва эски ўзбек (1835,1857, лекин тўлиқ эмас) тилларига таржима қилиниб, нашр этилди. Унинг тошбосма нусхалари (Теҳрон— 1868, Тошкент — 1890 ва ҳ.к.) ҳам кенг тарқалган.
Қизиқ, бу тасодифийми ёки қонунийми — билмадим, «Темур тузуклари» ҳам, Ўрта Осиё заминида яратилган кўпгина ажойиб асарлар сингари, аввал ўзга юртларда, хусусан, Европада шуҳрат топди.
«Темур тузуклари» — подшоларнинг туриш-турмуш ва ахлоқ-одоб нормаларини белгиловчи рисоладир. Асар икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда жаҳон тарихида машҳур фотиҳ, саркарда ва истеъдодли давлат арбоби сифатида ном қолдирган Амир Темурнинг етти ёши (1342)дан то вафотига (1405 йил, 18 февраль) қадар кечган ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолияти, анйқроқ қилиб айтганда, унинг Мовароуннаҳрда марказий ҳокимиятни қўлга киритиш, феодал тарқоқликка барҳам бериш ва марказлашган давлат тузиш, қўшни юрт ва мамлакатларни, масалан, Эрон ҳамда Афғонистонни ўз тасарруфига киритиш, Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишхон (1376—1395), бутун Европага қўрқув ва даҳшат солган Туркия султони Боязид Йилдирим (1389—1402)га қарши ва ниҳоят, буюк жаҳонгирнинг Озарбайжон, Грузия ва Ҳиндистонга қилган ҳарбий юришлари ихчам тарзда баён этилган.
Иккинчи қисм жаҳонгирнинг номидан айтилган ва унинг тожу тахт ворисларига аталган ўзига хос васият ва панд-насиҳатларидан иборат. Унда давлатни идора қилишда кимларга таяниш, тожу тахт эгаларининг тутуми ва вазифалари, вазир ва қўшин бошлиқларини сайлаш, сипоҳийларнцнг маоши, мамлакатларни бошқариш тарти-би, давлат арбоблари ва қўшин бошлиқларининг бурч ва вазифалари, амирлар, вазирлар ва бошқа мансабдорларнинг тожу тахт олдида кўрсатган алоҳида хизматларини тақдирлаш тартиби ва бошқалар хусусида гап боради.
Таъбир жоиз бўлса айтмоқчиманки, «Тузук» ёзиш одати Амир Темурдан аввал ҳам бўлган, кейин ҳам. Бу одат аслида хитойлардан ва турк-мўғул хонларидан қолган. Масалан, турк хоконларидан қолган «Қонуннома», Чингизхондан қолган «Билик», Хондамир (1474—1535) ёзган «Қонуни Ҳумоюн», Рузбехон (1458—1521 ёки 1530) нинг қаламига мансуб бўлган ва шайбонийлардан Убайдуллахоннинг топшириғи билан ёзилган «Сулук ал-мулук» (Подшоларга йўл-йўриқ) шулар жумласидандир. Бундай асарларда давлатни идора қилиш тартиб-қоидалари, турли мансаб эгалари вазифалари, хайри садақа қилиш тартиби, солиқ солиш ва уни тўплаш тартиби, ҳарбий юришларни ўтказиш ва қўзғолонни бостириш қоидалари баён этилади.
Мутахассис олимларнинг (А. А. Семёнов, Ч. Рье, Э. Г. Браун ва бошқалар) сўзларига қараганда «Темур тузуклари» бошда туркий тилда ёзилган ва унинг бир нусхаси Яман ҳокими Жаъфар пошанинг кутубхонасида сақланган. Юқорида номи тилга олинган Мир Абу
Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатийнинг форсийча таржимаси ана шундай туркийча нусхалардан бирига асосланган, албатта.
Асарнинг муаллифи маълум эмас. Бутун воқеа бир шахс — Амир Темур номидан ҳикоя қилинади. Аслида шундайми ёки Амир Темур айтиб турган, котиб ёзиб олганми, ё бўлмаса унинг айтганларини кимдир жамъ қилиб китоб тузганми, бу ҳақда қатъий бир фикр айтиш қийин. Шарқ мамлакатларида бу машҳур асар чиндан ҳам Амир Темур тарафидан ёзилганлиги ва унинг таржимаи ҳоли эканлиги эътироф қилинади. Чунончи, Сомийнинг «Қомус ул-аълом» (Истанбул, 1891. 1727- бет) асарида Амир Темур «Тузукот» унвонли қонунлар мажмуасини қаламга олиб, унда ўзининг таржимаи ҳолини баён этган» дейилган. Темур билан Тўхтамишхон ўртасидаги урушлар тарихини ёзган француз шарқшуноси М. Шармуа ва рус ҳарбий тарихчиси М. И. Иванин (1801 —1874) «Тузуклар»ни Амир Темур ўзи ёзган ва у муҳим автобиографик асар, деб айтганлар. Бироқ европалик бошқа бир гуруҳ олимлар (Э. Г. Браун, Ч. А. Стори, В. В. Бартольд) «Темур тузуклари»ни сохта асар, уни Амир Темур ёзмаган, дейдилар. А. Ю. Якубовскийнинг фикрича, асар XVIII асрда Ҳиндистонда ёзилган. Инглиз олими Ч. А. Стори юқорида номи зикр этилган Мир Абу ал-Ҳусайний ат-Турбатийни асар муаллифи деб тахмин қилган. Хуллас, қандай бўлмасин, асарни Темур ёки бошқа одам ёзганлигидан қатъий назар, у сохта эмас, балки чин асардир. Агар унда баён этилган воқеаларни Низомиддин Шомийнинг Амир Темур тарихини ўз ичига олган машҳур «Зафарнома»си ёки Шарафуддин Али Яздийнинг шу номдаги асари билан солиштирилса, бунга тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин. Масалан, Шарафуддин Али Яздий шундай ёзади: «…шу тартибда улҳазрат (Амир Темур) ҳаётининг улуғ воқеалари ва кечинмаларини ўз ичига олган туркий манзума ва форсий асар, алоҳида-алоҳида назм ва [наср] тарзида тузилган эди».
«Темур тузуклари» ҳам феодализм жамияти шароитида битилган бошқа асарлар сингари ҳукмрон синфнинг мақсад ва манфаатларини кўзлаб ёзилган, ўша синфнинг дунёқарашини ифода этган. Асарда Амир Темурнинг ҳарбий юришлари бузуқ, одамларнинг кўпайишининг олдини олувчи ҳаракат деб, ўз озодлиги ва ватанининг мустақиллигини ҳимоя қилган халқлар эса кофир, бузғунчи, безори (авбош) деб аталган. Тобеликдан бўйин товлаган ёки шунга интилган не-не юртларнинг халқи «оқ уйлик» қилиниб, ўзга юртларга мажбуран кўчириб юборилган. Темурнинг ўзи эса одил ва инсонпарвар подшо сифатида тасвирланади, унинг шахси кўп жиҳатдан идеаллаштирилади.
Шунга қарамай, асарда фан учун муҳим маълумот ва фактлар кўп. Авваламбор, «Темур тузуклари» Амир Темурнинг тарихи, унинг замонида, аниқроғи, 1342—1405 йиллар орасида Мовароуннаҳрнинг ижтимоий-сиёсий аҳволи, Темур ва темурийлар давлати ҳамда қўшинининг тузилиши, ўша йилларда Темур давлатининг қўшни мамлакатлар ва халқлар билан бўлган муносабатлари ҳақида ҳикоя қилади. Мен юқорида бу асарда муҳим ва оригинал маълумотлар кўп, деб айтдим. Буни мутахассисгина эмас, балки асарни холис ва синчиклаб ўқиган ҳар бир киши бемалол илғаб олиши мумкин. Шундай бўлса ҳам улардан айримларини мисол тариқасида қайд этиб ўтамиз.
Асарда айтилишича, давлат асосини ўн икки ижтимоий тоифа:
1) саййидлар, уламо, машойих, фозил кишилар;
2) ишбилармон, донишманд одамлар;
3) художўй,  таркидунё қилган кишилар;
4) нўёнлар,  амирлар,   мингбошилар,   яъни   ҳарбий   кишилар;
5) сипоҳ ва раият;
6) махсус ишончли кишилар;
7) вазирлар, саркотиблар;
8) ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар, муҳандислар;
9) тафсир ва ҳадис олимлари;
10) аҳли ҳунар ва санъатчилар;
11) сўфийлар;
12) савдогар ва сайёҳлар ташкил этади. Унинг тақдирини эса уч нарса: подшо, хазина ва аскар ҳал қилади.
Иккинчи мисол. Қўшин асосан ўн, юз, минг ва туманга бўлинган, ўн кишилик ҳарбий бўлинма тепасида турган бошлиқ — ўнбоши, юз кишилик қисмнинг бошлиғи — юзбоши, минг кишилик қўшин етакчиси — мингбоши, туман бошлиғи нўён деб аталган. Асарда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, ойлик маоши ҳам аниқ кўрсатилган. Масалан, оддий сипоҳий минган отининг баҳоси баробарида, баҳодирлар 2—4 от баробарида, ўнбоши қарамоғидаги аскарга нисбатан икки баробар кўп, юзбоши ўнбошидан икки баробар ортиқ маош олишган. Мингбошиларнинг маоши эса юзбошиникидан уч баробар ортиқ бўлган.
Учинчи мисол. Амир Темур ўзининг улкан империясини улусларга бўлиб идора қилди. Мовароуннаҳрдан бошқа унинг тасарруфида бўлган барча вилоят ва мамлакатлар тўрт улусга бўлинди. Темурнинг тўнғич ўғли Муҳаммад Жаҳонгирга бир вилоят билан 12 минг кишилик қўшин, иккинчи ўғил Умар Шайхга Форс вилояти ва 10 минг аскар, учинчи ўғли Мироншоҳга Озарбайжон, Ироқ ва Арманистон билан 9 минг кишилик қўшин, кенжа ўғли Шоҳрухга Хуросон, Журжон, Мозандарон, Сеистон билан 7 минг аскар берилди. Лекин улуслар гарчанд марказий ҳукуматга итоат этсалар-да, маълум мустақилликка эга эдилар. Улус ҳукмдорларининг алоҳида давлат аппарати, мустақил қўшини бўлиб, уларнинг марказий ҳукуматга тобелиги хирожнинг бир қисмини Самарқандга юбориб туриш ва олий ҳукмдор ҳарбий юришлар уюштирганда ўз қўшини билан қатнашиш ёки олий ҳукмдор талаб қилганда аскар юбориб туришдан иборат эди.
Тўртинчи мисол. «Тузуклар»да вазирлар, амирлар ва волийлар ҳақида ҳам муҳим маълумотлар келтирилган. Масалан, Темур давлатини етти нафар вазир:
1) мамлакат ва раият ишлари бўйича вазир (бош вазир);
2) вазири сипоҳ, яъни ҳарбий ишлар бўйича вазир;
3) эгасиз қолган мол-мулкларни тасарруф этиш ишлари вазири;
4) салтанатнинг кирим-чиқим ишларини бошқарувчи вазир, яъни молия ишлари вазири;
5, 6, 7) сарҳад (чегара) вилоятларининг ишларини назорат этиб турувчи вазирлар. «Вазирлар,— дейилади «Тузуклар»да,— салтанат устунларидир… [улар] мамлакат ободончилигини, раиятнинг тинчлигини, сипоҳларнинг бирлигини, хазина бойлигини доимо кўзда тутадилар. Давлат, салтанат ишларини юзага чиқаришда камчиликка йўл қўймайдилар. Салтанатга зарарли нарсаларни қайтаришда молу жонини аямайдилар».

Амирлар ҳақидаги маълумотлар ҳам диққатга сазовор. «Тузуклар»да келтирилган маълумотларга қараганда, амирлар асосан ҳарбий кишилар бўлишган ва Амир Темурга тобеъ бўлган қирқ аймоқдан ўн иккитаси: барлос, арғин, жалоир, тулкичи, дулдой, мўғул, сулдус, тўғой, қипчоқ, арлот, тотор ва тархонлар ичидан сайлаб олинган. Амирлик рутбаси Амир Темур фаолиятининг дастлабки пайтларида у билан бирга бўлган 313 кишига берилган. Булардан юзтаси — ўнбоши, юзтаси — юзбоши, юзтаси — мингбоши, тўрттаси — бекларбеги, биттаси — амир ул-умаро (амирлар амири: бош амир) бўлган. Қолган саккиз мансаб, фикримча, сарой хизматида бўлган мансабдорлардан баъзи бирларига берилган бўлиши керак. Булардан бошқа яна ўн икки кишига биринчи, иккинчи… ўн биринчи, ўн иккинчи даражали амир деган унвон берилган. Ун иккинчи даражали амир одатда амир ул-умаронинг нойиби ҳисобланган. Ўн икки амирнинг ҳар бирига биттадан байроқ ва биттадан ноғора, амир ул-умарога бир байроқ, ноғора, туман — 10 000 кишилик қўшин, туғ ва чортуғ, тўрт нафар бекларбегининг ҳар бирига биттадан байроқ, ноғора, чортуғ ва бурғу берилган.
«Тузуклар»да вазирлар, амирлар ва ҳокимларга бериладиган инъомлар ҳақида ҳам гапирилган. Масалан, қайси бир амир бирон қўшинни енгса ёки мамлакат олса уни уч нарса:
1) туғ, ноғора ва баҳодирлик мартабаси;
2) давлат кенгашларига бемалол кириш ҳуқуқи;
3) бирон сарҳаднинг ноиблиги билан сийлаганлар.
Расмий маросимларда, яъни подшонинг олий мажлисларида ўлтириш тартиби ҳақида маълумотлар ҳам диққатга сазовор. Айтилишича, саййидлар, қозилар, уламо, фузало, машойих, улуғ ва олий табақадаги кишилар подшонинг ўнг тарафидан, амир ул-умаро, бекларбегилар, амирлар, нўёнлар, сардорлар, улус, тумонот ва қўшунот амирлари, шунингдек, мингбошилар, юзбошилар, мансаб ва мартабаларига қараб, подшонинг сўл тарафидан ўрин олганлар. Девонбеги ҳамда вазирлар — тахт рўбарўсидан, калонтарлар, кадхудолар — вазирларнинг орқасидан жой олганлар. Баҳодирлар, қиличбоз йигитлар — тахт орқасида, унинг ўнг тарафидан, қоровул-лар — тахт орқасида, унинг чап тарафидан ўрин олганлар ва ҳоказо.

Маълумки, Темур тузган қўшин ўзининг стратегик ва тактик маҳорати билан ўша даврнинг энг муқаммал ва кучли армияларидан ҳисобланади, унинг ташкилотчиси ва етакчиси эса тажрибали моҳир саркарда сифатида шуҳрат топди. «Темур тузуклари»да ўша қўшиннинг тузилиши, қуролланиьпи, ҳарбий санъати ҳақида муҳим маьяумотлар келтирилган. Хусусан, унинг жанг олдидан сафга тизилиши ва жойлаштирилиши ҳақидаги маълумотлари ниҳоятда кимматлидир. Темур қўшинининг ўз даврига нисбатан нақадар мукаммал бўлганлиги асарнинг Фотиҳ Каримов матбаасида 1307 (1889—90) йили чоп этилган нусхасига илова қилинган карталардан ҳам яққол кўриниб турибди.
«Тузуклар»да Амир Темур даврида алоҳида ундириладиган солиқ ва жарималар ҳақида ҳам эътиборга молик маълумотлар бор. Ўша вақтларда солиқ тўловчи халқдан хирож, молу жиҳот, совурин, қўналға, бож, шилон пули сингари солиқ ва жарималар ундирилган. Солиқ ва жарималарни йиғиш ва харж қилишга алоҳида эътибор берганлар. «Хирожни йиғиш вақтида,— дейилади ушбу асарда,— икки вазир тайинлансин. Бири тўпланган молни ёзиб раият аҳволини текшириб турсин, бож олувчилар фуқарога зулм қилиб, уларнинг аҳволига хароблик етказмасинлар. Вилоятларда йиғилган тамом мол-ашёни кирим дафтарига ёзишлари лозим. Иккинчи вазир эса чиқим дафтарига ёзиб, йиғилган моллардан сипоҳ маошига тақсим қилсинлар». Шуни ҳам айтиш керакки, хирож баъзан суғориладиган ерлардан олинган ҳосилнинг учдан бир қисми, ёмғир суви билан битган ерларда умумий даромаднинг тўртдан бир қисми ҳажмида тўпланган.
Мен яна «Темур тузуклари»да тилга, олинган иккита масала устида қисқа тарзда тўхтаб ўтмоқчиман:
1. Асарда «турк-тожик» деган иборани икки-уч ерда, биринчи мақолада ҳам, иккинчи мақолада ҳам учратдик. Бунда Темур ва темурийлар давлатига қарашли ўлкаларда туркий халқлар билан ёнма-ён тожиклар ҳам истиқомат қилганликлари, улар ҳам бу давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида роль ўйнаганликлари кўриниб турибди.
2. Яна бир-икки жойда, хусусан, Амир Темур фаолиятининг дастлабки даври билан боғлиқ воқеалар баёнида, «ўзбеклар», «ўзбеклар жамоаси» деган атама ва иборалар учрайди. «Тузуклар»да айтилишича, улар ўша вақтларда ҳам Мовароуннаҳрда истиқомат қилганлар,. маҳаллий аҳолига, жабр-ситам ўтказганлар ва гўёки Темур улар билан курашган. Бу ерда, чамаси, бир вақтлар, аниқроғи, Ботухон замонида (1227—1255), 1251 йилдан бошлаб, Чиғатой улусининг ғарбий қисми (Мовароуннаҳр) Олтин Ўрданинг ҳарбий-сиёсий таъсири остига тушиб қолган кезларда, Дашти Қипчоқдан шу ўлкага кўчиб келиб қолган уруглар ва қабилалар хусусида гап бораётганга ўхшайди. Рашид уд-Диннинг (XIII аср) «Жомеъ ут-гаворих» ҳамда Ўтамиш ҳожининг «Чингизнома» (XVI аср бошида) асарида бу ҳақда ишончли маълумотлар бор. Маълумки, Дашти Қипчоқ аҳолиси, аниқроғи, унинг Оқ ўрда ва Шайбон улусида истиқомат қилган қисми XIV — XV асрларда ёзилган тарихий асарларда «ўзбек» номи билан аталган. Бундан ўзбеклар ХIV-ХV асрларда пайдо бўлган халқ экан, деган фикр-хаёлга бормаслик керак. Ўзбеклар ҳам, Ўрта Осиёдаги бошқа халқлар сингари қадимий халқ. Улар ҳам бақтрияликлар, сўғдийлар, шошликлар, хоразмликлар ҳамда парканаликларнинг авлоди ҳисобланадилар, лекин бошқа халқларда ҳам бўлгани каби, фақат уларнинг (ўзбекларнинг) номи кейинроқ пайдо бўлган. Бу — ҳаётий ҳақиқат. Одатда, халқнинг тарихи номидан бирмунча олдин юради. Буни мутахассис олимлар яхши биладилар. Ёки бу гаплар — «ўзбеклар», «ўзбеклар жамоаси» деган гаплар — асар форс тилига таржима қилинган пайтда юқорида номи зикр этилган Шоҳ Жаҳоннинг кўрсатмаси билан қўшиб қўйилган бўлиши ҳам мумкин, чунки Бобурийларнинг Шайбон авлоди ва кўчманчи ўзбекларга муносабати бизга яхши маълум.
Асарнинг ўзбекча таржимаси дастлаб «Гулистон» ойномаси саҳифасида чоп этилган. Лекин бу воқеа бундан қарийб 25 йил муқаддам — 1967 йили бўлган. Ўша таржима шарқ тилларининг билимдони Алихон Тўра Соғуний (1885—1976) тарафидан бажарилган эди. Мазкур таржима, таржимоннинг ўз сўзига қараганда («Гулистон», 1967, № 1,16—17-саҳифалар), Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бош идорасининг кутубхонасида сақланаётган нусха асосида амалга оширилган эди. Лекин мазкур нашр билан яқиндан танишганимизда унинг бир қатор жузъий камчиликлари аниқланди: биринчидан, ўшанда Алихон Тўранинг таржимаси маълум сабаблар билан тўла тарзда чоп бўлмаган экан. Иккинчидан, таржима эски ўзбек тилида бўлиб, уни бу тилдан хабарсиз киши махсус луғатларсиз ўқиб тушуниши қийин. Учинчидан, Алихон Тўра таржимасининг тушириб қолдирилган жойлари ҳам аниқланди ва ниҳоят, унинг кўп жойлари эркин таржима қилинган; матндан чиқиб кетиш ҳоллари ҳам учрайди. Тўртинчидан, кўп ўринларда номлар ва атамалар нотўғри ёзилган. Домланинг таржимасини қайтадан нашр этиш масаласи ўртага қўйилганда унинг мана шу камчиликларини бартараф қилиш зарур деб топилди. Ана шу мақсадда «Тузуклар»нинг юқорида қайт этилган таржимаси асл нусха (Ўзбекистон ССР Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмаси, инв. № 8201) ҳамда унинг ҳижрий 1285 (милодий 1868) ва ҳижрий 1307 (милодий 1889—1890) йилларда чоп этилган тошбосма нусхалари билан солиштирилди ва Алихон Тўра Соғунийнинг таржимаси жиддий равишда тузатилди. Бу ўта оғир иш истеъдодли ёш шарқшунос олим Ҳабибулло Кароматов тарафидан бажарилди. Асарнинг мазкур нашри юқоридаги нусхалар асосида қайтадан таржима қилинди, десак ҳам хато қилмаган бўламиз. Тарихий ва жуғрофий изоҳлар Б. Аҳмедов, Амир Темур шажараси эса Ҳ. Кароматов тарафидан тузилди.
Бу таржима «Шарқ юлдузи» ойномасининг 1989 йилдаги 8- сонида ўқувчиларга тақдим этилган эди. «Темур тузуклари»нинг ушбу нашрида эса журналхонларнинг мулоҳазалари ҳисобга олиниши билан бирга, матн мавжуд қўлёзма ва тошбосма нусхалари билан яна бир бор қиёслаб чиқилди, лозим топилган ўзгаришлар киритилди.
Нима учун аввал Темур ва темурийлар тарихига оид бошқа асар эмас, балки «Темур тузуклари» чоп этилаяпти деган савол туғилади. Биринчидан, бу фақат Амир Темурнинг таржимаи ҳолидан иборат асар эмас, балки Мовароуннаҳрнинг ҳали яхши ўрганилмаган қарийб 60 йиллик ижтимоий-сиёсий тарихи ҳамдир. Иккинчидан, бу асар Амир Темур асос солган нисбатан марказлашган феодал давлатнинг тузилиши, XIV асрда жаҳонга даҳшат солган Темур қўшинининг таркибй, феодал мунбсабатлари ва бошқа илмий масалаларни ўрганишда муҳим манба ролини ўташи мумкин. Қблаверса, у Темур шахсининг нақадар зиддиятли эканлигини очиб берадиган асардир.
Фикримча, бу асарни чоп қилиб тўғри иш қилинаётир. У авваламбор, тарихий ўтмишни билишни истаган кўп сонлик ўқувчи хоҳиш-истагининг инобатга олинингидир.

Бўривой Аҳмедов

БИРИНЧИ МАҚОЛА
ТАДБИРЛАР ВА КЕНГАШЛАР

Ўзга мамлакатларни забт этиш, уларни идора қилиш, ғаним лашкарларини синдириш, душманни тузоққа тушириш, мухолифларни [кўнглини овлаб] дўстга айлантириш, дўст-душман орасида муомала, муросаю мадора қилиш хусусида ушбу тадбир ва кенгашларни қўлладим.
Пирим Зайниддин Абубакр Тойбодий менга ёзмишларким, «Абулмансур Темур, салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни
1) кенгаш;
2) машварату маслаҳат;
3) қатъий қарор, тадбиркорлик ва ҳушёрлик;
4) эҳтиёткорлик.
Чунки кенгаш ва машваратсиз салтанатни барча қилган ишлари ва айтган гаплари ри бўлган жоҳил одамга қиёс қилиш мумкин; унинг айтган сўзлари ва қилган ишлари бошга пушаймонлик ва надомат келтиргай. Шундай экан, салтанат бошқаришда машварату маслаҳат ва тадбиркорлик билан иш юргизгин, токи оқибатда надомат чекиб, пушаймон бўлмагайсан. Шуни ҳам билишинг керакким, салтанат ишларининг бир қисми сабру тоқат билап булгай. яна бир қисми билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка солиш билан битур. [Хуллас] бажарилиши шарт бўлган тадбирларнинг таърифидан ва зикридан сўнг [шуни таъкидлаш лозимки] қатъийлик, сабр, Чидамлилик, соғлиу сергаклик, эҳтиёткорлик ва шижоат билан барча ишлар амалга оширилур. Вассалом».
Мактубда ёзилмиш сўзлар эса салтанат ишларида мен учун энг тўгри йўлбошчи эди. Шунга кўра давлат ишларининг тўққиз улуши кепгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилишини   англадим.    [Донишмандлар]   демишларким,   ўз ўрнида қилинган тадбир билан саноқсиз лашкар қиличи ожизлик қилган ҳар қандай мамлакат дарвозасини очиб, беҳисоб лашкарни енгиб бўлур. Тажрибамда кўрилганким, ишбилармон, мардлик ва ишжоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши, минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир. Чунки тажрибали бир киши минг кишига иш буюради. Мен яна тажрибамда кўрдимки, ғаним лашқарини енгиш қўшиннинг кўплиги билан эмас, мағлуб бўлиш эса сипоҳининг камлигидан бўлмайди. Балки ғолиб бўлмоқлик [тангрининг] мадади ва бандасининг тадбири биландир. Чунончи, мен икки юз қирқ уч киши билан кенгашган ва тадбир юритган ҳолда Қарши қалъаси устига юрдим. Амир Мусо ва Малик баҳодир ўн икки минг отлиқ аскар билан қальа ва унинг атрофини қўриқламоқда эдилар. Тангри таолонинг ёрдами етиб, узим кўллаган тўғри тадбирларим орқали Қарши қальасини қўлга киритдим, сўнг Амир Мусо ва Малик баҳодир ўн икки минг отлик аскар билан устимга бостириб келиб мени Қарши калъасида қамал қилдилар. Мен тангрининг мадади ва иноятига ишониб, тадбиркорлик ва эҳтиёткорлик ишлатган ҳолда қалъадан чиқдим ва [душман билан] бир неча маротаба жанг қилдим. Пировардида шу икки юз қирқ уч йигитим билан ўн икки минг отлиқ ғаним лашкарини мағлубиятга учратдим ва уларни бир неча фарсанг ергача қувиб бордим.
Яна менинг тажрибамдан ўтмишким, гарчи ишнинг кандай якунланиши тақдир пардаси ортида яширин бўлса ҳам, акли расо ва  ҳушёр кишилардан кенгашу тадбир истаб, фикрларини билмоқ лозимдир. [Шу сабабли] пайғамбаримиз Муҳаммад, унга тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, хар ишни кенгашган ҳолда қилдим. Хар вақт кенгашчилар йиғилиб, мажлис очилар экан, яхши-ёмондан, фойда-зиёндан, олдимиздаги ишларни қилиш-қилмасликдан сўз очиб, улардан фикр сўрар эдим. Буларнинг сўзларини эшитгач, ишнинг ҳар икки томонини мулоҳаза қилиб, фойда-зиёнларини кўнгилга келтирардим. Айниқса, ул ишни хатарли томонларига кўпроқ эътибор берардим. Агар икки хатарлик [ёки] бир хатарлик ишларни қилишга тўғри келгудек бўлса, икковидан баробар қутулиш чораси топилмагач, бир хатарлигини ихтиёр этардим. Бунга мисол, Дашти Жете амирлари Туғлуқ-Темурхонга қарши исён туғини кўтардилар. Бу хусусда Туғлуқ-Темурхон мендан маслаҳат сўради. Агар ғанимни тор-мор этгали лашкар юборса икки хатар, ўзи борса бир хатар борлигини билдириб, унга йўл-йўриқ кўрсатдим. Менинг кенгашим билан даштга, исёнчилар устига ўзи бориб эди, барча ишлари мен айтганимдай бўлиб бажарилди.
Ишларимнинг барини кенгаш билан юргизиб, уни битиришда тўғри тадбир қўллар эдим. Бир ишга киришмай туриб, ундан қутулиб чиқиш йўлларини мўлжаллаб қўяр эдим. Уни тўғри тадбир, қатъий жазм, чинлик-чидамлилик кўрсатиб, эҳтиёткорлик билан узоқни кўриб, ортини ўйлаган ҳолда охирига етказардим.
Яна тажрибамдан ўтказдимки, кенгаш эгалари бирлик, иттифоқлик билан сўзда собит, ишда чидамли бўлишлари шартдир. Қилмоқчи бўлган ишларини қилмасдан қолдирмасинлар. Агар бирор ишни қилмасликка сўз берар эканлар, унинг яқинига ҳам йўламасинлар.
Тажрибамдан маълум бўлдики, кенгаш икки турли бўлур. Бири — тил учида айтилгани, иккинчиси — юракдан чиққани. Тил учида айтилганини [шунчаки] эшитардим. Юракдан айтилган маслаҳатни эса қалбим қулоғига қуярдим ва дилимга жойлардим.
Агар [ғаним устига] лашкар тортмоқчи бўлсам, уруш-ярашдан ўртага сўз ташлаб, амирларим кўнгилларининг бу икковидан қай бирига мойиллигини билишга интилардим. Агар ярашдан сўз очсалар, бунинг фойдасини уруш зиёнига солиштириб кўрардим, агар урушга мойил бўлсалар, унинг нафъ ва фойдасини яраш зиёнига таққослаб кўрардим, қайси бири фойдалироқ бўлса, шуни ихтиёр қилардим. Сипоҳни иккилантирадиган [турумсиз] кенгашни эшитишдан сақланардим. Қайси киши ақлга сиққан бир ишни куйиниб гапирса, суйиб эшитар эдим. Кимки оқилона гапларни эрларча кескинлик билан сўзласа, унга ҳам қулоқ солардим. Ҳар кимдан сўз олиб кенгаш сўрар эдим. Лекин айтилган ҳар бир маслаҳатнинг яхши ва ёмон томонлари ҳақида ўйлаб кўргач, тўғри ва савоблироғини танлаб олардим.

Чунончи, Чингизхоннинг набираcи Туғлуқ-Темурхон Мовароуннаҳр мамлакатини босиб олиш қасдида қўшин тортиб, Хўжанд сувидан кечиб ўтгач, менга, амир Ҳожи барлос ва амир Боязид жалойир номига ёрлиқ жўнатиб, унинг ҳузурига боришимизни талаб қилганди. Улар мен билан кенгашдилар. Ўз эл-улуслари билан Хуросонга кетиш ёки Туғлуқ-Темурхон олдига бориш ҳақида маслаҳат сўрадилар. Мен уларга шундай йўл кўрсатдим: Туғлуқ-Темурхоннинг ҳузурига борсангиз икки фойда, бир зиён бордир. Хуросон томонга ўтиб кетишнинг [эса] икки зиёни, бир фойдаси бордир, дедим. Улар менинг кенгашимга кирмай [эл-юрти билан кўчиб) Хуросон томонга кетдилар. Мен ҳам Хуросонга ёки бўлмаса Туғлуқ-Темурхоннинг олдига бориш-бормаслигимни билмай иккиланиб қолдим. Шу ҳол асносида пирим (Тойбодий)дан маслаҳат сўраб хат ёзган эдим, ушбу мазмунда жавоб ёзиб юборибдилар: «Тўртинчи халифа [ҳазрати Али ибн Абу Толибдан], унга тангрининг караму марҳамати бўлсин, бир киши сўрабдики, осмон — камон, ер — камон ипи, ҳодисалар [ва офату кулфатлар эса] ўқ бўлса, инсонлар ул ўқ-ёйларга нишон бўлса, отғучи-худойи таоло бўлса, унинг қудрати яна ҳам улуғ бўлсин, одамлар қерга ҳам қочадилар? Халифа жавоб қилиб, одамлар тангрининг қошига қочсинлар,— дебдилар. Шунга ўхшаш сен ҳам ҳозир Туғлуқ-Темурхоннинг олдига қочгил ва қўлидаги ўқ-ёйини тортиб олгил». Бу жавоб келиши билан кўнглим кўтарилиб, юрагим бундан қувват олди ва Туғлуқ-Темурхон қошига боришга аҳд қилдим.
Лекин бирон ишни қилмоқчи бўлсам, кенгашиб олға, кейин Қуръондан фол очардим ва Қуръон ҳукми билан иш қилур эдим.
Туғлуқ-Темурхон олдига боришдан аввал Қуръондан варақ очсам «Сураи Юсуф алаиҳи-с-салом» чиқди ва Қуръони мажид ҳукмига амал қилдим.

http://www.e-tarix.uz/milliyat-insholari/212-temur-tuzuklari.html
***
АМИР ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ (Тарихий-ҳуқуқий тадқиқот)
http://n.ziyouz.com/books/tarixiy/Ziyodulla%20Muqimov.%20Amir%20Temur%20tuzuklari.pdf
***

“Темур тузуклари” – кишиларни чинакам инсон, довюрак ва ватанпарвар қилиб тарбиялайди

Posted by:Администратор onIyun 22, 2017

Амир Темур Кўрагон тарих майдонида жавлон урган жаҳоншумул сиймолардан биридир. Биз унинг тарихига, фавқулотда шахсига, авлодларига қайта – қайта мурожаат қилаверамиз. Тарихга юз буриб, қайси йўллардан юрмайлик, қачон бўлмасин, йўлимиз айланиб барибир ушбу мўътабар зот ҳузурига олиб келаверади.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов 1996 йил 18 октябрда Темурийлар  тарихи давлат музейининг очилиши маросимида сўзлаган оташин нутқларида бундай деган эдилар:  “Кимки Ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч – қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган хиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак!”  Бебаҳо сўзлар! Такрор таькидлаш жоизки, Амир Темурни бизга қайтариб берган, бу борада ҳормай – толмай ҳақни қарор топтирган  зот Президетимиз Ислом Каримов бўладилар. Ушбу улуғ хизматлари учун халқимиз у кишидан  бехад миннатдордир. Вақтлар келадики, авлодлар ҳали сохибқирон Амир темур ҳаётиннг ҳар бир кунини, ҳар бир лаҳзасини битта ҳам қолдирмай чуқур ўрганиб чиқадилар. Бунга биров мажбур этмайди, балки бу кўнгил эҳтиёжи, ҳаёт заруратига айланади.

Соҳибқироннинг суронли даврини англаб етишда у хақда ёзилган асарларнинг  аҳамияти бениҳоят каттадир. Бу борада, айниқса, бевосита унинг номи  билан боғлиқ, унинг ўзи қоғозга туширган “Тузуклар”нинг бебаҳо манба эканлиги кундан ҳам равшан. Ушбу ёдгорлик Амир Темур шахсияти ва унинг даври ҳақида, давлат тузулиши ва салтанат юрититш хусусида, ўша давр оби ҳавоси, умуман одамлараро муносабатлар  тўғрисида кенг тасаввур бера оладиган ноёб дурдона асардир. Амир Темур салтанати, таъбир  жоиз бўлса, соҳибқироннинг ижоди эди, ана  шу салтанат бобомизнинг машаққатли меҳнати билан бўй кўргизди, унинг қонунлари ҳаётий зарурат  юзасидан дунёга келди,  “ Амир Темур  тузуклари” эса барчасининг ёрқин ифодаси сифатида  пайдо бўлди. Ҳа, чиндан хам “Темур тузуклари” замон зарурати ва талаби билан яратилгандир. Буни албатта  салтанат тузган, давлат бошқариш заҳматларини  ўз бошидан кечириб, бу борада улкан тажрибалар орттирган, машхур  муаррих Низомиддин Шомий  сўзи билан айтганда, “камолоту мартабаларга ўзининг етук саъй – ҳаракати ва жон-жаҳди билан эришган” Амир Темур сингари одамгина ёза олади, бу ҳақида китоб ёзиш шундай одамнинггина  қўлидан келади. Бу ерда шубҳа  бўлиши мумкин  эмас. “Темур тузуклари” ни мутолаа қилганда, унинг муаллифи нечоғлик юксак маънавият соҳиби эканлигининг шохиди бўламиз.

Ушбу нодир асар муносабати билан тадқиқотлар олиб боришган олимларимизнинг билдирган ўринли мулоҳазаларини этиборга олган ҳолда, асарнинг асл туркий нусхасини излаб топиш, кейинчалик кўчиришда китоблар томонидан киритилган “таҳрир” лардан тозалаш, “Темурий тузуклари” , Тузуки Темурий”, “Тузукоти Темурий”, “Малфузоти Темурий”, “Қиссаи Темурий”, Темур қиссаси”, “Зафар йўли”,“Таржимаи хол” каби турлича номланиб келаётган нусхаларни бир – бирига  муқояса этиб, асарнинг танқидий матнини яратиш  темуршунослигимиз олдидаги долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Амир Темурнинг тарихий асарлар ва уларнинг ёзилишига муносабати, ҳаққоний бўлишига талабчанлиги таҳсинларга лойиқдир. Бу катта билимга эга бўлган, донишманд ва зукко инсоннинг муносабатидир. Шу жихатларга назар қилганда кўз олдимизда донишманд, закий инсон, теран ҳаётий тажриба соҳиби бўлган, келажак  авлодларни ўйлаган, она юрт, мулку миллат учун  куйиб – ёнган  заҳматкаш инсон сиймоси туради.

Маълумки, Амир Темур милодий 1401 йилнинг 11 августида Низомиддин Шомийни ўз ҳузурига чақиртиради. Тарихчи бу ҳақида шундай ёади; “….Гарчи ул зот қилган ишларининг бу абадиятга уланган давлатнинг бошланишдан тортиб, то ҳозирги кунга бўлган тарихини онҳазрат учун ёзган бўлсалар ҳам, аммо улар (улар, чамаси, анчагина бор, улар ичида “Тузуклар” ҳам бўлиши мумкин, лекин, афсуски, тарихчи ўзи фойдаланган асарлардан бирортасининг ҳам номини келтирмайди – М.А.) ҳали муносиб тарзда жамланиб, тақдим этилмаган экан; бу банда уларни йиғиб, ортиқча сўзлардан тозалаб, боб-боб қилиб тартиб беришга машғул бўлғаймен, лекин шу шарт биланки, такаллуфу безак бериш, лоф уриш зийнатидан ўзимни тийгайман….”

Бу ерда  соҳибқироннинг ўзи ва салтанати борасида ёзилажак асарга муносабати, асар қандай ёзилиши ҳақида тасаввури жуда равшан, талаби эса юксак эканлиги аён бўлмоқда. Яъни, соҳибқирон давлати тарихи ёзилганда ортиқча такаллуфларга, лофу мақтовларга ўрин бўлмаслиги керак…. Ҳамма нарса фақат ҳаққоний ёзилсин…. Шомий соҳибқирон сўзларини қўллаб – қувватлаб: “ Яхши ва равон сўз улдирким, авом халқ унинг маъносини англағай, хос кишилар унга айб қўймағай…” дейди. Соҳибқирон билан муаррихнинг фикрлари бир жойдан чиқади. Амир Темурнинг : “ Мен ана шундоқ сўзни хоҳлаймен!”, дея маъқулллаши бағоят ибратлидир.

Муаррихга, нима учун асар содда ёзилиши кераклигини тушунтирганда соҳибқирон, унинг жимжимадорликдан холи, содда бўлишини, чунки у кенг авом, халқ учун битилишини, кўпчилик томонидан ўқилишини назарда тутади: “ Шу услубда ёзилган, ташбиҳ ва муболағарлар билан оро берилган китобларда кўзланган мақсадлар ўртасида йўқолиб кетади, – дейди Амир Темур.

“Сўз қоида – қонуни” хақида теран фикр юритган Амир Темур бевосита ўзи китоб ёзганда бунга қатъий амал қилади ва шундай қатьият билан “Тузуклар” иншосига киришади. Шуни айтиш лозимки, асар узоқ йиллар  давомида тушурилган, вақт ўтиши билан бошланган матнга қайтилган, тўлдирилган, яна давом этирилгандай таасуроот қолдиради кишида. Араб олими Мазҳар Шиҳобнинг қуйидаги : “ Эсталиклар  ёзишни Амир Темур ҳокимятга келишиидан анча муддат олдин бошланган…” деган сўзларида жон бор кўринади.

Эхтимол, соҳибқирон ўзи ва салтанати тарихини, тўра – тузукларни қоғозга туширишни бировга топширишни истамаган ёки шундай кишини муносиб кўрмаган…. Ўхшаш вазият кейинроқ машҳур давлат арбоби ва муаррих Абдулғозий Баҳодирхон билан юз берган эди, у  миллат учун бағоят муҳим “ Шажарайи турк” асариини  ўзи ёзишга мажбур бўлган эди. Бу ҳақида Абдулғозий асар сўзбошида шундай сўзларни келтиради : “Бу тарихни (яни, “Шажарайи турк” назарда тутилмоқда. – М.А) бир кишига таклиф қилали деб фикр қилдук. Ҳеч муносиб киши топмадук. Зарур бўлди. Ул сабабдин ўзимиз айтдук. Туркнинг масали турур: “Ўксиз ўз киндигин ўзи кесар”, теган….

“Темур тузуклари” буюк бобомизнинг жасоратларидан бири эди. Мухтарам зотни кўпдан кўп давлат ишлари турган ҳолда, фурсат топиб, маданиятимизнинг кўрки бўладиган китоб ёзишдек бир заҳмату машаққатни хам ўз зиммасига олганлиги хайратналарликдир. “Ўз киндигин ўзи кесган” соҳибқирон китобини авлодлар учун ёзаётганини  жуда яхши англайди. Бу бежиз эмас. Асрлар давомида асарларнинг турли тилларга таржима этилаётгани ва кенг тарқалаётгани, унинг устидан турли тилларда тадқиқотлар олиб борилаётгани “Темур тузуклари”нинг ҳаётий ва ҳаққоний оригиналл асарлигини, инсоният учун зарур эканлигини исбот қилиб турибди. Чунки Амир Темур яшаган давр, унинг қизғин фаолияти, мана салкам етти юз йил ўтаётирки, жаҳонда ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, балки оҳанграбодай ўзига тортади.

Ҳаётий хикматларга тўла “Темур тузуклари” нинг ноёб маърифий обида эканлигидан ташқари, Амир темур сиймоси, саъжияси, руҳияти, табиати, бир сўз билан айтсак, бой шахсияти ва инсонийлиги ҳақида берган таърифлари жуда муҳимдир. Амир Темур “Тузуклари”да адолатни ҳимоя қилувчи, сўзи билан иши бир, олийжаноб, кечиримли, довюрак, қўрқмас, зўр тадбирлар соҳиби, моҳир саркарда, улуғ раҳбар сифатида намоён бўлади.

У золимлардан мазлумлар ҳаққини олишда жонбозлик кўрсатади, чунки яхши билади: мамлакат куфр билан туриши мумкин, аммо зулмга чидай олмайди.  Ҳокимлару сипоҳлар қай бирининг халққа жабр – зулм етказганини эшитса, уларга нисбатан дархол адолату инсоф юзасидан чора кўради. Яхшиларга яхшилик қилади, ёмонларни эса ўз ёмонликларига топширади… Давлат ишларининг тўққиз улушини кенгашга қўяди, фақат бир улушинигина қиличга қолдиради… “ Ғаним томонидан бўлган навкар бизга қарши қилич кўтарган бўлса, ўз  юртининг тузини халоллаган  бўлади,” – дейилади “Тузуклар”да. Амир  Темур фикрича, ўз юртининг тузини хололлаган навкар, у душман навкари бўлса ҳам, ҳурматга сазовор! Чунки, у ўз юртини ҳимоя қилди! Бирон навкар туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, савашиш вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб, Амир Темур этагини тутмоқчи бўлса, сохибқирон уни ўзига энг ёмон душман деб билади…  Булар соҳибқироннинг энг танг вазиятларда ҳам адолат ва инсофни биринчи уринга  қўйишига ёрқин мисоллардир.

Соҳибқирон очиқ юзлилик, рахму шафқат билан ҳалқни ўзига ром этишни яхши биларди. Хирожни раиятдан калтаклаш ва савалаш йўли билан эмас, балки огоҳлантириш, қўрқитиш, тушунтириш йўли билан ундиришни тайинлаган. Ҳамиша раият аҳволидан огоҳ эди, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнига кўрарди. Софдил кишилар, саййидлар, омиллар ва фозилларга даргоҳи доим очиқ еди. Ҳамиша адолатга талпиниб яшар, жабру зулмдан узоқроқда бўлишга интиларди. Бирон кимсанинг ҳаққи бўлса уни асло йўталмас, балки мажлисларида кейинини ўйлаб, олисни қўриб иш юритувчи,  кекса ва тажрибали кишилар сухбатидан барҳаманд бўларди… Чинакам дўст ҳақидаги сўзлар ҳам халқимиз ақл – идрокининг теранлигидан хабар беради: “ чин дўст улдирки, – дейди Амир Темур. – Дўстидан ҳач қачон  ранжимайди, агар ранжиса ҳам, узрини қабул қилади…”

“Темур тузуклари” ана шундай фалсафий умумлашмалар, ҳаётий хулосаларга бой қомусий асарлардир.

Тарихимизнинг дурдоналаридан бирини халқ орасида кенг тарғибу ташвиқ этишда жонбозлик олимларимизга миннатдорчилик билдириш ўринлидир. Мустамлакачилик йилларида академик И.Мўминов “Тузуклари”нинг Н.Остроумов нашри (1849) факсимилесини эълон қилдирди (1968), Алихонтўра Соғуний ушбу нодир асарни она тилимизга таржима қилиб “ Гулистон” журналида (1967) чоп этдилар. Бу “ Темур тузуклари”нинг шўролар даврида амалга оширилган биринчи таржимасида эди.  Ушбу қадамлар  Амир Темур номи қатағон  қилинган даврдаги чинакам жасорат намуналари сифатида қадрланишига лойиқдир.

Мустақиллик йилларида “Темур тузуклари”ни ўрганиш, нафақат аслиятда, балки бошқа тилларда ҳам чоп этишда жиддий ишлар олиб борган олимларимиздан бири академик Бўрибой Аҳмедов бўлди. У асарнинг 1990, 1996 йиллари нашрларига батафсил сўзбошлари ёзди, атрофлича изоҳлар илова қилди….

Асомиддин Ўринбоев, Ҳабибулла Кароматов, Ҳамидулла Кароматов, Ашраф Аҳмедов, Омонулла Бўриев, Ҳайдарбек Бобобеков, Ҳалим Бобоев, Аҳмаджон Қурбонов сингари захматкаш олимларимиз ҳам илмий тадқиқотлар яратдилар ва таржималарини эълон қилдилар. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировниг бу борадаги сермазмун мақола ва эсселари ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Маълумки, “Темур тузуклари” икки мақоладан иборат. Биринчи мақола соҳибқирон ҳаётининг энг эътиборли воқеаларидан ташкил топди, улар тарих ҳужжатларига айланганликлари билан қадрлидир. Қисқа, содда, тушунарли тилда иншо этилган воқеалар ўқитувчиларнинг турли табақаларига бирдай англашиларлидир. Муҳими, бу воқеалар Ғиёсиддин Али, Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий асарлари воқеаларга мос келади. Иккинчи мақола эса давлат қонунларидан, яни тузукларидан ташкил топди. Бу тузуклар салтанатнинг барпо бўлиш йўлида, ҳаётнинг ўзи келтириб чиқарган ҳаётбахш қонунлари мажмуаси эдики, улар бугунги кунда ҳам улкан  аҳамиятга эгадирлар.

Биринчи мақола қўйидаги сўзлар билан якунланади: “Етти йиллик юришдан сўнг зарар ва нусрат билан Самарқандга қайтдим….” Бу эса милодий 1404 йилларнинг куз ойларига тўғри келади. Демак, буюк обидамиз бўлган “Темурий тузуклари”нинг ёзилганига олти юз йил тўлди. Бу маданиятимиз тарихидаги  катта ходисадир.

Соҳибқирон қалами билан  иншо этилган “Темур тузуклари” ёшлар қалбига бемисл ғурур жойлаб, уларни чинакам инсон қилиб етиштиришда, қўрқмас ва довюрак, ақлли ватанпарвар сифатида тарбиялашда бебаҳо бир мактаб вазифасини адо этади.

Бу мактабда ҳали не –не авлодлар сабоқ олишларига асло шубха йўқ.

http://betakrorbuxoro.uz/uz/2017/06/22/temur-tuzuklari-kishilarni-chinakam-inson-dovyurak-va-vatanparvar-qilib-tarbiyalajdi/
***

“Темур тузуклари”да Соҳибқирон фазилатлари

 Рукн: Тарих  Чоп этилган: 13.12.2014
Шарқу Ғарб адиблари яратган бадиий ва илмий асарларда Амир Темурнинг буюк сиймоси, ажойиб фазилатлари акс эттирилган. Жумладан, Низомиддин Шомий ва Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”лари, Ғиёсиддин Али Яздийнинг “Китоби рўзномои ғазовоти Ҳиндистон”, Ибн Арабшоҳнинг “Темур тарихида тақдир ажойиботлари”, Ҳерман Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи”, Салоҳиддин Тошкандийнинг “Темурнома” асарлари, Клавихонинг “Кундалик”ларини мисол қилиб келтирсак бўлади. Аммо Соҳибқирон шахси, фазилатлари ва дунёқарашини “Темур тузуклари”дек тасвирлаб бера оладиган манба бўлмаса керак.
Асарда келтирилишича, Соҳибқирон Сейистон жангида (1362 й.) қўл-оёғи яраланиб, икки ой ётиб қолади. Амир Темур Яратгандан ёлвориб сўрайди: “Ўша кеча жума туни эди, тонг отгунча Аллоҳдан мадад сўраб, ухламай чиқдим. Тонг отгач бомдод намозини ўтадим, сўнг қўлимни дуога очган эдим, кўзларим ёшланди. Юрагим бўшашди. Тангри таолога ёлвориб, бу сарсонликдан қутқаришини тиладим”. Аллоҳ таолога ихлос билан қилган илтижолари ижобат бўлди. Соҳибқирон зафарли курашлар олиб борди ва мўғулларни енгиб, буюк салтанат барпо этди. Бу муваффақиятлар замирида чин ихлос бор эди.
Меҳрибонлик, хокисорлик, очиқ юзлилик, қатъият, ҳақиқатгўйлик каби фазилатлар Амир Темур ютуқларининг калитларидандир. Эзгулик душманни ҳам дўстга айлантириши ҳақида у бундай ўгит беради: “Давлатим ва салтанатим қуёши кўтарилиб келаётган вақтда менга илтижо қилиб келган одамлар, хоҳ менга яхшилик қилган бўлсинлар, хоҳ ёмонлик, салтанат тахтига ўтирганимдан кейин уларни хайр-еҳсонларим билан хижолатга қўйдим. Мардлик, жасурлик билан давлатни ташкил этиб, жабр-зулмдан узоқроқ бўлишга интилдим”.
Соҳибқирон садоқат, қатъият ва адолатпарварлик каби фазилатларни улуғлаган. Иккиюзламачилик, мунофиқлик каби ра- зил одатларга нафрат кўзи билан қараган. “Тузуклар”да бундай ҳикоя қилинади: “Тажрибамдан кўрдим, ақлли душман жоҳилу нодон дўстдан яхшироқ экан. Чунончи, Амир Қозоғоннинг набираси амир Ҳусайн нодон дўстлардан эди”. Амир Ҳусайн Амир Темурнинг муваффақиятларига эгалик қилиш учун ўзини гўё дўст қилиб кўрсатади. Шундай бўлса-да, Соҳибқирон уни кўп бора кечириб юборади.
Халққа доим меҳр-мурувватли бўлган бу зот адолат ва ҳақиқат учун курашди, салтанатни ҳам ана шу мустаҳкам асосга қурди: “Ҳар ернинг ҳокимлари ғаразгўй, туҳматчи ва нафси бузуқ кишиларнинг туҳмат сўзлари билан катта ва кичик шаҳарлар аҳолисидан ҳеч кимга жарима солмасинлар. Фақат бировнинг гуноҳи тўрт кишининг гувоҳлик бериши билан исботланса, гуноҳига яраша жарима солинсин”. Ибн Арабшоҳ “Темур тарихида тақдир ажойиботлари” асарида бундай маълумотни келтиради: “У ҳазил-мазах ва ёлғонни ёқтирмас, ўйингаю кўнгилхушликка майлсиз, гарчи ўзига озор етадиган бирон нарса бўлса ҳам, садоқат унга ёқар эди… Жасоратлиларни, довюрак ва мардларни ёқтирар эди. У хатосиз фикрловчи, ажойиб фаросатли, мислсиз бахтли, улуғворлиги ўзига мувофиқ, қатъий азм билан сўзловчи, бошига кулфат тушганида ҳам ҳақни сўзловчи киши эди”.
Хушмуомалалик, сабр-матонатлилик, одиллик каби сифатларни ўзида мужассам қилган Соҳибқирон бошқа амалдорлардан ҳам шундай фазилатларни талаб қилган. Масалан, вазирлик мансаби бериладиган киши хушмуомала, тинчликсевар, халқпарвар ва ақл-фаросатли бўлмоғи керак эди. Амир Темур ҳасадчи, гина-кек сақловчи, қора ниятли, ғийбатчи, зулмкор, разил, хулқи бузуқ кишиларни ниҳоятда ёмон кўрган, уларни ҳатто навкарликка ҳам олмаган. Жамиятда бир қатор ислоҳотлар ўтказиб, кўпгина бузуқ одатларга барҳам берган.
Соҳибқирон бобомизнинг буюк ишлари дунё тамаддунига улкан ҳисса бўлиб қўшилди. Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида Амир Темур бобомизнинг маънавий фазилатлари ҳақида тўхталар экан: “Тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, илм-фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очди” дейдилар. Ҳақиқатан ҳам, халқига, Ватанига муносиб хизмат қилган Соҳибқироннинг фазилатлари биз авлодларга намунадир.
Обиджон Тангиров,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
“Ҳидоят” журналининг 2011 йил, 4-сонидан олинди.
* * *
Sharqu G‘arb adiblari yaratgan badiiy va ilmiy asarlarda Amir Temurning buyuk siymosi, ajoyib fazilatlari aks ettirilgan. Jumladan, Nizomiddin Shomiy va Sharafiddin Ali Yazdiyning “Zafarnoma”lari, G‘iyosiddin Ali Yazdiyning “Kitobi ro‘znomoi g‘azovoti Hindiston”, Ibn Arabshohning “Temur tarixida taqdir ajoyibotlari”, Herman Vamberining “Buxoro yoxud Movarounnahr tarixi”, Salohiddin Toshkandiyning “Temurnoma” asarlari, Klavixoning “Kundalik”larini misol qilib keltirsak bo‘ladi. Ammo Sohibqiron shaxsi, fazilatlari va dunyoqarashini “Temur tuzuklari”dek tasvirlab bera oladigan manba bo‘lmasa kerak.
Asarda keltirilishicha, Sohibqiron Seyiston jangida (1362 y.) qo‘l-oyog‘i yaralanib, ikki oy yotib qoladi. Amir Temur Yaratgandan yolvorib so‘raydi: “O‘sha kecha juma tuni edi, tong otguncha Allohdan madad so‘rab, uxlamay chiqdim. Tong otgach bomdod namozini o‘tadim, so‘ng qo‘limni duoga ochgan edim, ko‘zlarim yoshlandi. Yuragim bo‘shashdi. Tangri taologa yolvorib, bu sarsonlikdan qutqarishini tiladim”. Alloh taologa ixlos bilan qilgan iltijolari ijobat bo‘ldi. Sohibqiron zafarli kurashlar olib bordi va mo‘g‘ullarni yengib, buyuk saltanat barpo etdi. Bu muvaffaqiyatlar zamirida chin ixlos bor edi.
Mehribonlik, xokisorlik, ochiq yuzlilik, qat’iyat, haqiqatgo‘ylik kabi fazilatlar Amir Temur yutuqlarining kalitlaridandir. Ezgulik dushmanni ham do‘stga aylantirishi haqida u bunday o‘git beradi: “Davlatim va saltanatim quyoshi ko‘tarilib kelayotgan vaqtda menga iltijo qilib kelgan odamlar, xoh menga yaxshilik qilgan bo‘lsinlar, xoh yomonlik, saltanat taxtiga o‘tirganimdan keyin ularni xayr-ehsonlarim bilan xijolatga qo‘ydim. Mardlik, jasurlik bilan davlatni tashkil etib, jabr-zulmdan uzoqroq bo‘lishga intildim”.
Sohibqiron sadoqat, qat’iyat va adolatparvarlik kabi fazilatlarni ulug‘lagan. Ikkiyuzlamachilik, munofiqlik kabi ra- zil odatlarga nafrat ko‘zi bilan qaragan. “Tuzuklar”da bunday hikoya qilinadi: “Tajribamdan ko‘rdim, aqlli dushman johilu nodon do‘stdan yaxshiroq ekan. Chunonchi, Amir Qozog‘onning nabirasi amir Husayn nodon do‘stlardan edi”. Amir Husayn Amir Temurning muvaffaqiyatlariga egalik qilish uchun o‘zini go‘yo do‘st qilib ko‘rsatadi. Shunday bo‘lsa-da, Sohibqiron uni ko‘p bora kechirib yuboradi.
Xalqqa doim mehr-muruvvatli bo‘lgan bu zot adolat va haqiqat uchun kurashdi, saltanatni ham ana shu mustahkam asosga qurdi: “Har yerning hokimlari g‘arazgo‘y, tuhmatchi va nafsi buzuq kishilarning tuhmat so‘zlari bilan katta va kichik shaharlar aholisidan hech kimga jarima solmasinlar. Faqat birovning gunohi to‘rt kishining guvohlik berishi bilan isbotlansa, gunohiga yarasha jarima solinsin”. Ibn Arabshoh “Temur tarixida taqdir ajoyibotlari” asarida bunday ma’lumotni keltiradi: “U hazil-mazax va yolg‘onni yoqtirmas, o‘yingayu ko‘ngilxushlikka maylsiz, garchi o‘ziga ozor yetadigan biron narsa bo‘lsa ham, sadoqat unga yoqar edi… Jasoratlilarni, dovyurak va mardlarni yoqtirar edi. U xatosiz fikrlovchi, ajoyib farosatli, mislsiz baxtli, ulug‘vorligi o‘ziga muvofiq, qat’iy azm bilan so‘zlovchi, boshiga kulfat tushganida ham haqni so‘zlovchi kishi edi”.
Xushmuomalalik, sabr-matonatlilik, odillik kabi sifatlarni o‘zida mujassam qilgan Sohibqiron boshqa amaldorlardan ham shunday fazilatlarni talab qilgan. Masalan, vazirlik mansabi beriladigan kishi xushmuomala, tinchliksevar, xalqparvar va aql-farosatli bo‘lmog‘i kerak edi. Amir Temur hasadchi, gina-kek saqlovchi, qora niyatli, g‘iybatchi, zulmkor, razil, xulqi buzuq kishilarni nihoyatda yomon ko‘rgan, ularni hatto navkarlikka ham olmagan. Jamiyatda bir qator islohotlar o‘tkazib, ko‘pgina buzuq odatlarga barham bergan.
Sohibqiron bobomizning buyuk ishlari dunyo tamadduniga ulkan hissa bo‘lib qo‘shildi. Prezidentimiz Islom Karimov “Yuksak ma’naviyat – yengilmas kuch” asarida Amir Temur bobomizning ma’naviy fazilatlari haqida to‘xtalar ekan: “Tengsiz azmu shijoat, mardlik va donishmandlik ramzi bo‘lgan bu mumtoz siymo buyuk saltanat barpo etib, davlatchilik borasida o‘zidan ham amaliy, ham nazariy meros qoldirdi, ilm-fan, madaniyat, bunyodkorlik, din va ma’naviyat rivojiga keng yo‘l ochdi” deydilar. Haqiqatan ham, xalqiga, Vataniga munosib xizmat qilgan Sohibqironning fazilatlari biz avlodlarga namunadir.
Obidjon Tangirov,
Toshkent Islom instituti o‘qituvchisi
“Hidoyat” jurnalining 2011 yil, 4-sonidan olindi.
***

“ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ”НИНГ ОЛТИ АСРЛИК САЁҲАТИ

Бўлимлар: МОЗИЙДАН САДО

Ушбу қўлёзмадан олинган факсимилье юртимизга келтирилди

Буюк давлат арбоби Амир Темур (1336-1405) ўзининг ўткир ақл-заковати, ноёб етакчилик қобилити, ҳарбий маҳорати билан жаҳон тарихида муносиб ўрин тутади. Саркарданинг ҳаёт йўли, давлат бошқаруви, ўз фаолити давомида эришган муваффақиятлари бир қатор тарихий асарларда, жумладан унинг “Темур тузуклари” китобида ҳам яққол аксини топган.

Соҳибқирон китоб ёзганми?

Мазкур шоҳ асар олти асрдан бери дунё жамоатчилиги эътиборини тортиб келмоқда. Айни пайтда унинг турли қўлёзма нусхалари ва таржималари дунёнинг турли нуқталарида, бир қатор нуфузли кутубхона, музейлар ва шахсий тўпламларда сақланмоқда. Кўплаб таниқли олимлар “Темур тузуклари” устида тадқиқотлар олиб боришган.

Ўтган давр ичида мазкур асар Амир Темур томонидан ёзилмаган, унинг вафотидан анча кейин яратилган, деган тахминлар ҳам илгари сурилди. Аммо, асарнинг тили ва услуби, панд-насиҳатларнинг Амир Темур сийратига мослиги, чуқур идрок, ўткир зеҳн ва донишмандлик билан ёзилгани, асардаги воқеаларнинг Амир Темур ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи бир қатор ишончли манбалар (Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”си, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”си, Ибн Арабшоҳнинг “Ажойиб ат-тақдур фи ахбори Таймур” асари ва ҳоказо)даги маълумотларга мос келиши ва бошқа бир қатор тарихий фактлар асар бевосита Амир Темур томонидан ёзилганини тасдиқлайди.

Тарихий маълумотларга кўра, асар даставвал Амир Темурнинг она тили – эски ўзбек тилида ёзилган. Шарафиддин Али Яздий ҳам юқорида номи тилга олинган асарида Амир Темур даврида унинг ҳаётидаги муҳим воқеаларни ўз ичига олган туркий ва форсий асарлар мавжуд бўлганини айтади. Шу пайтга қадар Амир Темур фаолияти ҳақида унинг ҳаётлигида битилган туркий тилдаги асар бизгача етиб келмаганидан, бу ўринда сўз “Темур тузуклари” ҳақида бораётгани тахмин қилиш мумкин.

Ушбу китоб асрлар давомида бир қатор ҳукмдорлар учун дастурил-амал вазифасини ўтаган. Эҳтимол, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, Абулғози Баҳодурхоннинг “Шажари турк” сингари асарларини ёзишларига ҳам айнан соҳибқироннинг мазкур “Тузуклар”и тутки берган бўлиши мумкин. Аммо, афсуски, асарнинг туркий тилда битилган илк қўлёзмаси ҳанузгача топилгани йўқ. Бу дурдона асар топилганида, тарихимизнинг бизга маълум бўлмаган саҳифалари очилиши баробарида, ўзбек мумтоз адабиёти ҳам яна бир гўзал дурдона билан бойиган бўлар эди.

Ямандан топилган “Тузуклар”

Бугун бизгача етиб келган хилма-хил қўлёзмалар ҳажми, таркиби, услуби нуқтаи назаридан бир-биридан фарқланади. Бизга етиб келган қўлёзмаларнинг энг қадимгиси XVII асрга мансуб бўлиб, у Бобурийлар ҳукмронлиги даврида, Ҳиндистонда кўчирилган. Китоб муқаддимасида битилишича, Аграда Бобурийлар саройида хизмат қилган шоир ва таржимон Абу Толиб ал-Ҳусайний ал-Оризий ат-Турбатий Маккаи мукаррамада ҳаж амалларини бажариб, ортга қайтаётганида, Яман ҳукмдори Жаъфар пошонинг кутубхонасида туркий тилда битилган бир ноёб қўлёзмага дуч келади. Таржимоннинг ёзишича, бу асар Соҳибқирон Амир Темурнинг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган даврида бошидан кечирган саргузаштлари, давлат бошқаруви усуллари, вазир ва амирлари, фарзандларига ҳукмронлик борасида берган маслаҳатлари ва йўл-йўриқлари ўрин олган.

Ат-Турбатий бу бебаҳо қўлёзмани ўзи билан олиб келган ва уни секин-асталик билан форсий тилга таржима қила бошлаган. 1637 йилда асар таржимасини тўла-тўкис битказиб, уни Бобурийзода ҳукмдор Шоҳ Жаҳонга (1628-1659) туҳфа этган.

Шоҳ Жаҳон асар билан танишиб чиққач, ундаги воқеаларни Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарномаси” билан таққослаб чиқишни Декан музофоти фавждори Муҳаммад Афзал Бухорийга топшириб, хаттот ва муаррихлар ўзларидан қўшган ортиқча тафсилотларин ўчириб ташлашни буюради.

Мазкур асарнинг шу пайтгача етиб келган барча қўлёзма ва тошбосма нусхалари учун айнан Абу Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатийнинг таржимаси асос бўлиб хизмат қилган.

Қайта-қайта ўгирилган

Марказий Осиёда ҳукм сурган хонликлар даврида ҳам бу асарга жуда катта қизиқиш билдирилган. Шу боис, мазкур асарнинг форсча қўлёзмаси бир неча бор кўчирилган. Асли ўзбек тилида битилган бу асарни тақдир тақозоси билан яна шу тилга таржима қилишга эҳтиёж туғилган. Сўнгги икки аср давомида “Темур тузуклари” бир неча бор тилимизга ўгирилган. 1836 йилда Қўқон хони Муҳаммад Алихон (1822-1841)нинг буйруғига кўра, Хўжанд қозиси Набижон Маҳдум Ҳотиф мазкур асарни қисман таржима қилган. 1856-1857 йилларда Хива хонлигида мазкур асарни Мухаммад Юсуф Рожий қисқартирилган ҳолда ўзбекчалаштирган. Орадан бир йил ўтиб, Хивада яна бир таржимон Паҳлавон Ниёз Девон – Комил Хоразмий асар асосида, Муҳаммад Ризо Огаҳий тавсиясига кўра, янги асар яратган. Мазкур асарларнинг қўлёмалари бугунги кунда Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институтида сақланмоқда.

1967 йил таниқли аллома Алихонтўра Соғуний (1885-1976) асарнинг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бош идорасининг кутубхонасида сақланаётган форсий қўлёзмадан ўзбек тилига таржима қилиб, унинг бир қисмини «Гулистон» журналида эълон қилган.

Истиқлол йилларида Амир Темур шахсига бўлга муносабат тубдан ўзгарди. 1996 йилда буюк саркарданинг 660 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди. Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида Амир Темурга муҳташам ҳайкаллар ўрнатилди. Ўзбекистонда улуғ саркарда номи билан аталадиган “Амир Темур ордени” таъсис этилди. Буларнинг бари ўзбек халқининг буюк Соҳибқиронга бўлган сўнмас эҳтироми намунаси бўлди.

Мустақиллик йилларида “Темур тузуклари” бир неча бор нашр этилди. Асарнинг турли факсимиле нусхалари ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола этилди.

Бебаҳо туҳфа

Айни пайтда биз тақдим этаётган қўлёзма матни нисбатан тўлиқлиги, қадимий ва мўътабарлиги билан ажралиб туради. РФА ШҚИда “Темур тузуклари”нинг форс тилидаги саккизта қўлёзмаси мавжуд бўлиб, уларнинг энг мукаммали 1846 йил май-июнь ойларида Бухорода, Амир Насрулло ҳукмронлиги даврида Ҳаққули Додхоҳ исмли амалдорнинг буюртмасига кўра настаълиқ хатида, Қўқон қоғозида кўчирилган..

Мазкур қўлёзма ат-Турбатийнинг муқаддимаси билан бошланади. Бироқ, қўлёзманинг таркибий тузилиши шу пайтгача асарнинг Ўзбекистонда чоп этилган ўзбек, форсий ва рус тилларидаги нашрларидан кескин фарқланади. Мазкур тафовутларни ўрганиш темуршунос олимларимиз олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

Ўтган ҳафтада мамлакатимизда ўтказилган “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” деб номланган халқаро медиа-форум доираси “Темур тузуклари”нинг ушбу қўлёзмасидан олинган факсимилье ҳам юртимизга келтирилди.

Рустам Жабборов тайёрлади

***

Буюк обидага эҳтиром

Амир Темур Кўрагон тарих майдонида жавлон урган жаҳоншумул сиймолардан биридир. Биз унинг тарихига, фавқулодда шахсига, авлодлари фаолиятига қайта-қайта мурожаат қилаверамиз. Тарихга юз буриб, қайси йўллардан юрмайлик, қачон бўлмасин, қаерда бўлмасин, йўлимиз айланиб барибир ушбу мўътабар зот ҳузурига олиб келаверади. Ўзбекистан Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов 1996 йил 18 октябрда Темурийлар тарихи давлат музейининг очилиши маросимида сўзлаган оташин нутқида бундай деган эди: «Кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак!» Бебаҳо сўзлар! Такрор таъкидлаш жоизки, Амир Те­мурни бизга қайтариб берган, бу борада ҳормай-толмай ҳакни қарор топтирган зот Президент Ислом Каримов бўлади. Ушбу улуғ хизматлари учун халқимиз ундан беҳад миннатдордир. Вақтлар келадики, авлодлар ҳали соҳибқирон Амир Темур ҳаётининг ҳар бир кунини, ҳар бир лаҳзасини битта ҳам қолдирмай чуқур ўрганиб чиқадилар. Бунга биров мажбур этмайди, балки бу кўнгил эҳтиёжи, ҳаёт заруратига айланади.

Соҳибқироннинг суронли даврини англаб етишда у ҳакда ёзилган ва ёзилаётган асарларнинг аҳамияти бениҳоя каттадир. Бу борада, айниқса, бевосита унинг номи билан боғлиқ, унинг ўзи қоғозга туширган “Тузуклар”- нинг бебаҳо манба эканлиги кундан ҳам равшан. Ушбу ёдгорлик Амир Темур шахсияти ва унинг даври ҳакида, давлат тузилиши ва салтанат юритиш хусусида, ўша давр оби ҳавоси, умуман одамлар аро муносабатлар тўғрисида кенг тасаввур бера оладиган ноёб дурдона асардир. Амир Темур салтанати, таъбир жойиз эса, Соҳибқироннинг ижоди эди, ана шу салтанат бобомизнинг машаққатли меҳнати билан бўй кўргизди, унинг қонунлари ҳаётий зарурат юзасидан дунёга келди, “Темур тузуклари” эса барчасининг ёрқин ифодаси сифатида пайдо бўлди. Ҳа, чиндан ҳам “Темур тузуклари” замон зарурати ва талаби билан яратилгандир. Буни албатта салта­нат тузган, давлат бошқариш заҳматларини ўз бошидан кечириб, бу борада улкан тажрибалар орттирган, машҳур муаррих Низомиддин Шомий сўзи билан айтганда, “камолоту мартабаларга ўзининг етук саъй-ҳаракати ва жидду жаҳди билан эришган” Амир Темур сингари одамгина ёза олади, бу ҳакда китоб ёзиш шундай одамнинггина қўлидан келади. Бу ерда шубҳа бўлиши мумкин эмас. “Темур тузуклари”ни мутолаа қилганда, унинг муаллифи нечоғлик юксак маънавият соҳиби эканлигининг шоҳиди бўламиз.

Ушбу нодир асар муносабати билан тадқиқотлар олиб боришган олимларимизнинг билдирган ўринли мулоҳазаларини эътиборга олган ҳолда, асарнинг асл туркий нусхасини излаб топиш, кейинчалик кўчиришда котиблар томонидан киритилган “таҳрир”лардан тозалаш, “Те­мур тузуклари”, “Тузуки Темурий”, “Тузукоти Темурий”, “Малфузоти Темурий”, ”Қиссаи Темур”, “Темур қиссаси”, «Зафар йўли”, “Таржимаи ҳол” каби турлича номланиб келаётган нусхаларни бир-бирига муқояса этиб, асарнинг танқидий матнини яратиш темуршунослигимиз олдидаги долзарб масалалардан бири бўлиб қолмокда.

Амир Темурнинг тарихий асарлар ва уларнинг ёзилишига муносабати, ҳаққоний бўлишига талабчанлиги таҳсинларга лойиқдир. Бу катта билимга эга бўлган, донишманд ва зукко инсоннинг муносабатидир. Шу жиҳатларга назар қилганда кўз олдимизда донишманд, закий инсон, теран ҳаётий тажриба соҳиби бўлган, келажак авлодларни ўйлаган, она юрт, мулку миллат учун куйиб-ёнган заҳматкаш инсон сиймоси туради.

Маълумки, Амир Темур милодий 1401 йилнинг 11 августида Низомиддин Шомийни ўз ҳузурига чақиртиради. Тарихчи бу ҳакда шундай ёзади: “…Гарчи ул зот қилган ишларининг бу абадиятга улангур давлатнинг бошланишидан тортиб, то ҳозирги кунгача бўлган тарихини онҳазрат учун ёзган бўлсалар ҳам, аммо улар (улар, чамаси, анчагина бор, улар ичида “Тузуклар” ҳам бўлиши мумкин, лекин, афсуски, тарихчи ўзи фойдаланган асарлардан бирортасининг ҳам номини келтирмайди — М.А.) ҳали муносиб тарзда жамланиб, такдим этилмаган экан; бу банда уларни йиғиб, ортиқча сўзлардан тозалаб, боб-боб қилиб тартиб беришга машғул булғаймен, лекин шу шарт биланки, такаллуфу безак бериш, лоф уриш зийнатидан ўзимни тийгаймен…”[1]

Бу ерда Соҳибқироннинг ўзи ва салтанати борасида ёзилажак асарга муносабати, асар қандай ёзилиши ҳақида тасаввури жуда равшан, талаби эса юксак эканлиги аён бўлмокда. Яъни, Соҳибқирон давлати тарихи ёзилганда ортиқча такаллуфларга, лофу мактовларга ўрин бўлмаслиги керак… Ҳамма нарса фақат ҳаққоний ёзилсин… Шомий Соҳибқирон сўзларини қўллаб-қувватлаб: “Яхши ва равон сўз улдирким, авом халқ унинг маъносини англагай, хос кишилар унга айб қўймағай..” дейди. Соҳибкирон билан муаррихнинг фикрлари бир жойдан чиқади. Амир Темурнинг: “Мен ана шундоқ сўзни хоҳлаймен!”,[2] дея маъқуллаши бағоят ибратлидир.

Муаррихга, нима учун асар содда ёзилиши кераклигини тушунтирганда Соҳибқирон, унинг жимжимадорликдан ҳоли, содда бўлишини, чунки у кенг авом, халк учун битилишини, кўпчилик томонидан ўқилишини назарда тутади: “Шу услубда ёзилган, ташбиҳ ва муболағалар билан оро берилган китобларда кўзланган мақсадлар ўртада йўқолиб кетади, — дейди Амир Темур. — Агар сўз қоида-қонунидан насибадор бўлганлардан биронтаси маънисини фаҳмлаб қолса қолар, аммо қолган ўнтаси, балки юзтаси унинг мазмунини билишдан, мақсадга етишдан ожиз. Шу сабабли, унинг фойдаси барчага баробар бўлмайди…”[3] Бу сўзлар Амир Темурнинг умуман китоб аҳамиятини, илмни, тарихни қанчалар қадрига етишини, чуқур англашини кўрсатиб турибди.

Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”си Соҳибқирон ва унинг давлати ҳақида бевосита Амир Темур топшириғи билан ёзилган қутлуғ икки китобнинг бири эди, биринчиси Ғиёсиддин Алининг “Ҳиндистон ғазавоти кундалиги” ҳисобланади. Ҳар икки китоб ҳам Амир Темурнинг назаридан ўтган ва маъқулланганлиги маълум. Ғиёсиддин Алининг ёзишича, ушбу биринчи китобнинг битилиши ҳакида Ҳумоюн ўрдудан махсус фармон чиққан бўлиб, унда тарих учун жаҳонгирнинг зафарли юришларидан айримлари таърифланиши, кейин Ҳиндистон юриши тасвирланиши лозимлиги айтилади. Ўшанда ҳам Ғиёсиддин Али олдига услубда баландпарвозликка берилмай, содда, ҳамма тушунадиган тилда ёзиш шарт қилиб қўйилади…[4]

“Сўз қоида-қонуни” ҳакида теран фикр юритган Амир Темур бевосита ўзи китоб ёзганда бунга катъий амал қилади ва шундай қатъият билан “Тузуклар” иншосига киришади. Шуни айтиш лозимки, асар узоқ йиллар давомида қоғозга туширилган, вақт ўтиши билан бошланган матнга қайтилган, қисқартирилган, тўлдирилган, яна давом этдирилгандай таассурот қолдиради кишида. Араб олими Мазҳар Шиҳобнинг қуйидаги: “Эсдаликлар ёзишни Амир Темур ҳокимиятга келишидан анча муддат олдин бошлаган..”[5] деган сўзларида жон бор кўринади.

Эҳтимол, Соҳибқирон ўзи ва салтанати тарихини, тўра- тузукларни коғозга туширишни бировга топширишни истамаган ёки бирон кишини шунга муносиб кўрмаган… Ўхшаш вазият кейинрок машҳур давлат арбоби ва муаррих Абулғозий Баҳодирхон билан ҳам юз берган эди, у миллат учун бағоят муҳим “Шажарайи турк” асарини ўзи ёзишга мажбур бўлган эди. Бу ҳакда Абулғозий асар сўзбошисида шундай сўзларни келтиради: ”Бу тарихни (яъни, “Шажарайи турк” назарда тутилмоқда — М.А.) бир кишига таклиф қилали теб фикр қилдук. Ҳеч муносиб киши топмадук. Зарур бўлди. Ул сабабдин ўзимиз айтдук. Туркнинг масали турур: “Ўксиз ўз киндигин ўзи кесар”, теган…”[6]

“Темур тузуклари” буюк бобомизнинг жасоратларидан бири эди. Муҳтарам зотнинг кўпдан кўп давлат ишлари тургани ҳолда, фурсат топиб, маданиятимизнинг кўрки бўладиган китоб ёзишдек бир заҳмату машаққатни ҳам ўз зиммасига олганлиги ҳайратланарликдир. “Ўзкиндигин ўзи кесган» Соҳибқирон китобини авлодлар учун ёзаётганини жуда яхши англайди. Бу бежиз эмас. Асрлар давомида асарнинг тиллардан тилларга таржима этилаётгани ва кенг тарқалаётгани, унинг устида турли тилларда тадқиқотлар олиб борилаётгани “Темур тузук­лари ”нинг ҳаётий ва хаққоний оригинал асарлигини, ин- соният учун зарур эканлигини исбот қилиб турибди. Чунки Амир Темур яшаган давр, унинг қизғин фаолияти, мана салкам етти юз йил ўтаётирки, жаҳонда ҳеч кимни бефарк қолдирмайди, балки оҳанрабодай ўзига тортади, қизиқиш эса тобора кучайиб бормоқда.

Ҳаётий ҳикматларга тўла “Темур тузуклари”нинг ноёб маърифий обида эканлигидан ташқари, Амир Темур сиймоси, саъжияси, руҳияти, табиати, бир сўз билан айтсак, бой шахсияти ва инсонийлиги ҳақида берган таърифлари жуда муҳимдир. Амир Темур “Тузуклар”да адолатни ҳимоя қилгувчи, сўзи билан иши бир, олийжаноб, кечиримли, довюрак, кўркмас, зўр тадбирлар соҳиби, моҳир саркарда, улуғ раҳбар сифатида намоён бўлади.

У золимлардан мазлумлар ҳаққини олишда жонбозлик кўрсатади, чунки яхши билади: мамлакат куфр билан туриши мумкин, аммо зулмга чидай олмайди. Ҳокимлару сипоҳдан қай бирининг халкка жабр-зулм еткизганини эшитса, уларга нисбатан дарҳол адолату инсоф юзасидан чора кўради. Яхшиларга яхшилик қилади, ёмонларни эса ўз ёмонликларига топширади… Давлат ишларининг тўққиз улушини кенгашга қўяди, фақкат бир улушинигина қиличга қолдиради. “…Ғаним томонидан бўлган навкар бизга қарши қилич кўтарган бўлса, ўз юртининг тузини ҳалоллаган бўлади,” — дейилади “Тузуклар”да. Амир Темур фикрича, ўз юрти­нинг тузини ҳалоллаган навкар, у душман навкари бўлса ҳам, ҳурматга сазовор! Чунки, у ўз юртини ҳимоя қилди! Бирон навкар туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, савашиш вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб, Амир Темур этагини тутмоқчи бўлса, Соҳибқирон уни ўзига энг ёмон душман деб билади… Булар Соҳибқироннинг энг танг вазиятларда ҳам адолат ва инсофни биринчи ўринга қўйишига ёрқин мисоллардир.

Соҳибкирон очиқ юзлилик, раҳму шафқат билан халқни ўзига ром этишни яхши биларди. Хирожни раиятдан калтаклаш ва савалаш йўли билан эмас, балки огоҳлантириш, қўрқитиш, тушунтириш йўли билан ундиришни тайинларди. Ҳамиша раият аҳволидан огоҳ эди, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрарди. Софдил кишилар, саййидлар, олимлар ва фозилларга даргоҳи доим очиқ эди. Ҳамиша адолатга талпиниб яшар, жабру зулмдан узоқроқда бўлишга интиларди. Би­рон кимсанинг ҳакки бўлса уни асло унутмасди. Ҳеч кимдан ўч олиш пайида бўлмасди. Кўнгли бузуқ, ҳимматсиз кимсаларни мажлисига асло йўлатмас, балки мажлисларида кейинини ўйлаб, олисни кўриб иш юритувчи, кекса ва тажрибали кишилар суҳбатидан баҳраманд бўларди… Чинакам дўст ҳақидаги қуйидаги сўзлар ҳам халқимиз ақл-идрокининг теранлигидан хабар беради: “Чин дўст улдирки, — дейди Амир Темур. — Дўстидан ҳеч қачон ранжимайди, агар ранжиса ҳам, узрини қабул қилади…”

“Темур тузуклари” ана шундай фалсафий умумлашмалар, ҳаётий ҳулосаларга бой қомусий асардир.

Тарихимизнинг дурдоналаридан бирини халқ орасида кенг тарғибу ташвиқ этишда жонбозлик кўрсатган олимларимизга миннатдорчилик билдириш ўринлидир. Мустамлакачилик йилларида академик И.Мўминов “Тузуклар”нинг Н.Остроумов нашри (1894) факсимилесини эълон қилдирди (1968), Алихонтура Соғуний ушбу нодир асарни она тилимизга таржима қилиб “Гулистон” журналида (1967) чоп этдирди. Бу “Темур тузуклари”- нинг шуролар даврида амалга оширилган биринчи таржимаси эди. Ушбу қадамлар Амир Темур номи қатағон қилинган даврлардаги чинакам жасорат намуналари сифатида қадрланишга лойиқдир.

Мустақиллик йилларида “Темур тузуклари”ни ўрганиш, нафақат аслиятда, балки бошқа тилларда ҳам чоп этишда жиддий ишлар олиб борган олимларимиздан бири академик Бўрибой Аҳмедов бўлди. У асарнинг 1991, 1996 йиллар нашрларига батафсил сўзбошилар ёзди, атрофлича изоҳлар илова қилди…

Асомиддин Ўринбоев, Ҳабибулла Кароматов, Ҳамидулла Кароматов, Ашраф Аҳмедов, Омонулла Бўриев, Ҳайдарбек Бобобеков, Ҳалим Бобоев, Аҳмаджон Қуронбеков сингари заҳматкаш олимларимиз ҳам илмий тадқиқотлар яратдилар ва таржималарини эълон қилдилар. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримкул Қодировнинг бу борадаги сермазмун мақола ва эсселари ўқувчиларда катта қизикиш уйғотмоқда…

Маълумки, “Темур тузуклари” икки мақоладан иборат. Биринчи мақола Соҳибқирон ҳаётининг энг эътиборли воқеаларидан ташкил топди, улар тарих ҳужжатларига айланганликлари билан қадрлидир. Қисқа, содда, тушунарли тилда иншо этилган воқеалар ўқувчиларнинг турли табақаларига бирдай англашиларлидир. Муҳими, бу воқеалар Ғиёсиддин Али, Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий асарлари сингари ишончли манбалардаги воқеаларга мос келади. Иккинчи мақола эса давлат қонунларидан, яъни тузуклардан ташкил топди. Бу тузуклар салтанатнинг барпо бўлиш йўлида, ҳаётнинг ўзи келтириб чиқарган ҳаётбахш қонунлар мажмуаси эдики, улар бугунги кунда ҳам улкан аҳамиятга эгадир.

Биринчи мақола қуйидаги сўзлар билан якунланади: “Етти йиллик юришдан сўнг зафар ва нусрат билан Самарқандга қайтдим…” Бу сана милодий 1404 йилнинг куз ойларига тўғри келади. Демак, буюк обидамиз бўлган “Темур тузуклари”нинг ёзилганига олти юз йил тўлди. Бу маданиятимиз тарихида катта ҳодисадир.

Соҳибқирон қалами билан иншо этилган “Темур ту­зуклари” ёшлар қалбига бемисл ғypyp жойлаб, уларни чинакам инсон қилиб етиштиришда, қўрқмас ва довюрак, ақлли ва ватанпарвар сифатида тарбиялашда бебаҳо бир мактаб вазифасини адо этади.

Бу мактабда ҳали не-не авлодлар сабоқ олишларига асло шубҳа йўқ.

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистан халқ ёзувчиси

2004 йил, ноябрь.

Тошкент.

 http://www.temurtuzuklari.uz/uz/pages/honour
***

«Темур тузуклари» — тарбия манбаи

 Чоп этиш


Амир Темур ва темурийлар даврида мамлакатда марказлашган давлат барпо этилиб, феодал урушларга барҳам берилди. 
У буюк ипак йўли бўйлаб савдо-сотиқни йўлга қўйди. Миллий давлатчилик ривожланиб, ҳарбий-сиёсий бошбошдоқликлар тўхтатилди. Илм-фан, санъат, маданият, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва ҳунармандчилик гуллаб-яшнади, халқ фаровонлиги ошди. Айниқса, шу даврларда инсоният, хусусан, халқимиз жуда кўплаб бебаҳо маданий ва моддий бойликларга эга бўлди.

Амир Темурнинг ҳарбий ва сиёсий фаолиятидан маълумот берувчи тарихий асарлардан бири «Темур тузуклари» ҳам ана шундай бебаҳо бойликлардан биридир. «Тузуки Темур», «Тузукоти Темур» номлари билан машҳур бу асарнинг бугунги кунда ҳам аҳамияти йўқолмаганлиги унинг нечоғлик муҳим эканлигидан далолатдир.

«Темур тузуклари»нинг инглиз тилига таржима қилиб, нашр этган Деви ва Уайтлар, машҳур турк қомусий олими Шамсиддин Сомий, қўлёзмаларнинг йирик тадқиқотчиси Н. Д. Миклухо-Маклайлар Соҳибқирон бобомиз — Амир Темур «Темур тузуклари» муаллифи эканлигини эътироф этишади. Бошқа олимларнинг фикрича, мазкур асар ХVI-XVII асрларда Ҳиндистонда ёзилган.

Асар икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда Амир Темурнинг таржимаи ҳоли, ижтимоий-сиёсий фаолияти, унинг Мовароуннаҳрда марказий ҳокимиятни қўлга киритиши, сиёсий тарқоқликка барҳам бериши, марказлашган давлат қуриши, дунё­нинг 27 мамлакатини, жумладан, Эрон, Афғонистон, Озарбайжон, Ҳиндистонни ўз тасарруфига киритиши, Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишхон, турк султони Елдирим Боязидга қарши ҳарбий юришлари, улкан салтанатини мустаҳкамлаш учун турли ижтимоий табақаларга нисбатан қандай муносабатда бўлганлиги буюк Соҳибқирон тилидан ихчам тарзда баён этилган.

Иккинчи қисм машҳур жаҳонгирнинг фарзандларига васияти, панд-насиҳатлари ва ўгитларидан иборат. Унда давлатни идора этишда кимларга таяниш, тожу тахт эгаларининг тутуми ва вазифалари, вазир ва қўшин бошлиқларини танлаш, армиянинг тузилиши ва жанг олиб бориш қоидалари, сипоҳийларнинг маоши, мамлакатни бошқариш тартиби, давлат арбоблари ва қўшин бошлиқларининг бурч ва вазифалари, амирлар, вазирлар ва бошқа мансабдорларнинг тожу тахт олдида кўрсатган хизматларини алоҳида тақдирлаш ва бошқалар хусусида сўз боради.

Мазкур асарнинг фанда қайд этилган илк нусхаси эски ўзбек тилида битилган. «Темур тузуклари» Амир Темур давридаги ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганишда, ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялашда муҳим манба сифатида хизмат қилади.

«Темур тузуклари»ни ўқир экансиз, унда битилган ҳар бир ўгит бобомиз Амир Темур томонидан минг бир чиғириқдан ўтганлигини ҳис қилиш мумкин: «Юз отлиқ уддалай олмаган ишни бир тўғри тадбир билан бажариш мумкин». Ёки «Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилур» каби ўгитлар бобомизнинг давлатни улкан ақлу заковат ва донишмандлик билан бошқарганини англатади.

Асар дунёнинг етакчи олимлари томонидан жуда юксак баҳоланган. Ҳерман Вамберининг ёзишича: «Европа давлатларида конституция ҳақида ҳали тушунча ҳам йўқ эди, Амир Темур давлатида у амалда эди».

Ушбу асардан биз, педагог-ўқитувчилар таълим-тарбия жараёнларида кенг фойдаланган ҳолда юксак самарадорликка эришаётганимизни эътироф этиш жоиз.

Муаллиф: Орзиқул МИРЗАЕВ, Самарқанд таянч тиббиёт коллежи тарих фани ўқитувчиси

http://www.samarkandnews.uz/frontend/web/index.php?r=post%2Fview&alias=«Темур+тузуклари»+—+тарбия+манбаи

***

АМИР ТЕМУР «ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ»ДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ МАСАЛАЛАРИ

Автор:
Олмос Турсунова (Самарқанд, Ўзбекистон)

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари азалдан ўзининг қонуниятларига эга бўлган. Ҳуқуқ манбаларимизнинг илк намуналаридаёқ инсон ҳуқуқларига катта эътибор берилганлиги, инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги қайд этилган. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари шарқона урф-одатлар, миллий ғоя, миллий мафкура, ўзбек миллий фалсафа асосида шаклланиб келган. Инсон ҳуқуқлари миллатимизнинг ҳуқуқий маданиятида, дунёқарашида муҳим ўрин тутган. Тарихий даврлар мобайнида инсон ҳуқуқлари масалалари буюк аждодимиз Амир Темур ғояларида асосий нуқтани эгаллаган. Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, Амир Темурнинг «Темур тузуклари» Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг иккинчи бўлими моддаларининг бош мезонидир. Чунки, ўзбек давлатчилигининг ҳуқуқий манбаси ҳисобланмиш «Темур тузуклари»ни зикр этилган ҳужжатлар билан таққослаганда, инсон, унинг қадр-қиммати, шаъни, эркинлиги ўша даврлардаёқ олий қадрият ҳисобланган. Зеро, юртбошимиз таъкидлаганларидек: «Мустақил Ўзбекистоннинг куч-қудрат манбаи – халқимизнинг умуминсоний қадриятларга содиқлигидир» (1).

Юқоридаги фикрларнинг исботи тариқасида «Темур тузуклари» ва Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг иккинчи бўлимида назарда тутилган фикрларни кўриб чиқишни тавсия этган бўлар эдик. Жумладан, «Темур тузуклари»да инсон ва фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари борасида қуйидаги сатрларни кўриш мумкин: «Ҳар вақт кенгашчилар йиғилиб, мажлис очилар экан, яхши-ёмондан, фойда-зиёндан, олдимиздаги ишларни қилиш-қилмасликдан сўз очиб, улардан фикр сўрар эдим. Буларнинг сўзларини эшитгач, ишнинг ҳар икки томонини мулоҳаза қилиб, фойда-зиёнларини кўнгилга келтирардим» (2, 15). Ушбу тузукка яқинроқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасини ҳисоблаш мумкин: «Ўзбекистон республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эагдирлар. Бундай иштирок этиш ўзини-ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга ооширилади» (3, 15).

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасига кўра: «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга» (3, 14) дейилган, «Темур тузуклари»да эса: «Ҳар кимдан сўз олиб кенгаш сўрар эдим» (2,16) шунингдек, Амир Темурнинг фикрича: «Салтанат ишларида ҳар кимнинг сўзини эшитсин, ҳар кимдан фикр олсин. Қайси бири фойдалироқ бўлса, уни кўнгил хазинасида сақлаб, вақтида ишлатсин» (2, 69).

Амир Темурнинг «Темур тузуклари»га кўра: «Золимлар етказган ашёвий ва зарарларни исботлаганимдан кейин, уларни шариатга мувофиқ одамлар ўртасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорнинг ўрнигабошқасига жабр-зулм ўтказмадим» (2, 54) дейилган, Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 8-моддасига назар ташлайдиган бўлсак: «Ҳар бир инсон унга конституция ёки қонун орқали берилган асосий ҳуқуқлари бузилган ҳолларда нуфузли миллий судлар томонидан бу ҳуқуқларнинг самарали тикланиши ҳуқуқига эга» (4, 185) шунга яқин фикрни кўришимиз мумкин.

Тарихий-миллий қомусномамизга кўра: «Саййидлар, уламою машойих, оқилу донолар, муҳаддислар, хабарчилар (тарихчилар)ни танланган, эътиборли одамлар ҳисоблаб, иззату ҳурматларини жойига қўйдим. Шижоатли кишиларни дўст тутардим, чунки Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайдилар. Уламо билан суҳбатда бўлдим ва пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпиндим. Буларнинг ҳимматларидан улуш тиланиб, муборак нафаслари билан дуо-фотиҳа беришларини илтимос қилдим. Дарвиш, фақир ва мискинларни ўзимга яқин тутдим, уларнинг кўнгилларини оғритмадим ва бирон талабларини рад этмадим. Бузуқи ва оғзи шалоқ ғийбатчи одамларни мажлисимга йўлатмадим, сўзларига амал қилмадим. Бирор кимсага туҳмату ғийбат қилсалар, қулоқ солмадим» (2, 55), шу фикрларни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида кўриш мумкин: «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт» (3, 12).

Шунингдек, «Темур тузуклари»да: «Одам Атодан бошлаб Ҳотам ул-анбиёгача, улардан ҳозирги дамгача ўтган султонларнинг қонунлари ва туриш-турмушларини донолардан сўраб-суриштирдим. Ҳар қайсиларининг йўл-йўриқлари, туриш-турмушлари, қилиш-қилмишлари, айтган гапларини хотирамда сақладим ва яхши ахлоқлари, маъқул сифетларидан намуна олиб, унга амал қилдим» (2,55), Республикамиз фуқароларининг бурчларида ҳам шуни қонуний мустаҳкамланганлигини айтиш мумкин: «Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар» (3, 18).

Амир Темур даври ҳуқуқий нормасида келтирилишича: «Раият аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим. Ҳар ернинг табиати, ҳар эл ва шаҳарнинг расму одатлари, мизожидан воқиф бўлиб турдим. Ҳар бир ўлка ва шаҳар аҳолисининг ашроф-улуғлари ва бузурглари билан ошна тутиндим. Уларнинг мизожларига, табиатига тўғри келган, ўзлари тилаган одамларини уларга ҳоким қилиб тайинладим. Ҳар бир диёр аҳолисининг аҳволидан огоҳ бўлиб турдим. Ҳар бир мамлакатнинг аҳволини, сипоҳу раият кайфиятини, туриш-турмушларини, қилиш-қилмишларини, булар ўрталаридаги алоқаларни ёзиб, менга билдириб туриши учун диёнатли, тўғри қаламли кишилардан воқеанавислар (ахборнавис-хабарчилар) белгиладим» (2, 56), «… мазкур тоифа ва табақалардан бўлган саййидлар ва уламони иззат-ҳурмат қилишни, ҳар қандай истаклари бўлса дарҳол муҳайё этиб, муқаррар равишда уларнинг аҳволидан хабардор бўлиб туришни буюрдим» (2, 67), шу фикрларни Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 2-моддасида кўриш мумкин: «Ҳар бир инсон ирқи, терисининг ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ва бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар ушбу Декларацияда эълон қилинган барча ҳуқуқ ва барча эркинликка эга бўлиши зарур. Бундан ташқари, инсон мансуб бўлган мамлакат ёки ҳудуднинг сиёсий, ҳуқуқий ва халқаро мақомидан, ушбу ҳудуд мустақилми, васийми, ўз-ўзини идора қиладими ёки бошқача тарзда чекланганлигидан қатъи назар бирор-бир айирмачилик бўлмаслиги керак» (4, 184).

«Темур тузуклари»да: «Турку, тожик, арабу ажамнинг турли тоифа ва қабилаларидан бўлган ва менинг паноҳимга кирган кишиларнинг улуғларига ҳурмат кўрсатдим, қолганларини ҳам ўз ҳолига яраша сийладим. Яхшиларига – яхшилик қилдим, ёмонларини эса ўз ёмонликларига топширдим. Ким менга дўстлик қилган бўлса, дўстлиги қадрини унутмадим ва унга мурувват, эҳсон, иззату икром кўрсатдим. Кимки менинг хизматимни қилган бўлса, хизмати ҳаққини адо этдим. Кимки менга душманлик қилса-ю, кейин пушаймон бўлиб, илтижо билан ҳимоя истаб, тиз уриб олдимга келса, душманлигини унутиб, мурувват ва дўстлик кўрсатдим» (2, 56), Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 1-моддасида эса: «Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарларча руҳда муносабатда бўлишлари керак» (4, 184) дейилган.

Амир Темурнинг тузукларида: «Фарзандлар, қариндошлар, ошна-оғайни, қўшнилар ва мен билан бир вақтлар дўстлик қилган барча одамларни давлату неъмат мартабасига эришганимда унутмадим, ҳақларини адо этдим. Ўз фарзандларим, қавму қариндошларимдан қариндошлик меҳрини узмадим. Улардан нораво иш ўтган бўлса, дарҳол боғлаб, ўлдиришга буюрмадим. Ҳар кимни турли йўллар билан синаб билим олдим ва уларга шунга яраша муомала қилдим» (2, 56), Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 25-моддасида эса: «Ҳар бир инсон ўзининг ҳамда оиласининг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун зарур бўлган турмуш даражасига эга бўлиш, жумладан кийим-кечак, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва зарур ижтимоий хизматга эга бўлишига ҳамда ишсизлик, касаллик, ногиронлик, бевалик, қарилик ёки унга боғлиқ бўлмаган шароитларга кўра тирикчилик учун маблағ бўлмай қолган бошқа ҳолларда таъминланиш ҳуқуқига эга» (4, 189) дейилган.

Шунингдек, тузукларда: «… ҳар эл ва ҳар шаҳарда сипоҳ ва раият орасида урф-одатларга оид жанжалли ишлар ҳақида менга маълумот бериб турсин деб адолат амирини тайинладим» (2, 58), декларацияда эса: «Ҳар бир инсон ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш ва унга қўйилган жиноий айбнинг қанчалик даражада асосли эканлигини аниқлаши учун тўлиқ тенглик асосида унинг иши ошкора ва адолат талабларига риоя қилинган ҳолда мустақил ва холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга» (4, 185) деб таъкидланган.

«Темур тузуклари»да фуқароларимизнинг бурчлари ҳақида ҳам эслатиб ўтилади: «Ҳар тоифа ва ҳар синфдан кимки ўз ихтиёри билан сипоҳгарчилик хизматига киришни истаса, уни аскарий (хизматга) олсинлар. Асил ва шижоатли сипоҳийзода қайси тоифадан бўлмасин, унга ўрин бекриб, қилган хизматига ва ишига яраша тарбият қилсинлар» (2, 67), шу сатрларни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасида учратиш мумкин: «Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ва муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар» (3, 18).

Шунингдек, фуқароларимизнинг бурчлари ҳисобланмиш: «Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар» (3, 18) нормани «Темур тузуклари»да кўриш мумкин: «Хирожни раиятдан калтаклаш ва савалаш йўли билан эмас, балки огоҳлантириш, қўрқитиш ва тушунтириш йўли билан ундирсинлар» (2, 72).

Тузукларга кўра: «Агар доруғалар ва ҳокимлар халққа жабр-зулм қилиб, уларни хароб қилган бўлсалар, қилган ишларига лойиқ жазо берилсин. Агар бирор кимсанинг гуноҳи исботлангандан сўнг ундан жарима олсалар, бошқа яна дарра билан урмасинлар. Агар дарра уриш билан жазоласалар, ундан жарима олмасинлар» (2, 74), Декларацияда эса: «Ҳеч ким, содир этилган вақтда миллий қонунлар ёки халқаро ҳуқуқларга кўра жиноят деб топилмаган хатти-ҳаракати ёки фаолиятсизлиги учун жазога ҳукм қилиниши мумкин эмас. Шунингдек, жиноят содир этилган вақтда қўлланиши мумкин бўлган жазога нисбатан оғирроқ жазо берилиши мумкин эмас» (4, 186) дейилган.

Шунингдек, тузукларда: «… фатҳ этилган ҳар бир мамлакатдаги сипоҳийлар паноҳимга келсалар, уларни навкар қилиб жой берсинлар. У диёрнинг раиятини ёмон ҳодисалардан, қатл эттиришдан, асиру банд этилишидан ва таланишдан муҳофаза қилсинлар. Уларнинг мол-мулкини, буюмларини талон-тарождан сақласинлар. Ўша мамлакатдан тушган ўлжа молларни ҳисоб-китоб қилсинлар» (2, 96), Декларациянинг 5 ва 6-моддаларида эса: «Ҳеч ким қийноққа ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни хўрловчи муомала ва жазога дучор этилмаслиги керак», «Ҳар бир инсон қаерда бўлишидан қатъи назар, ўзининг ҳуқуқли субъект сифатида тан олинишига ҳақли» (4, 185).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «Темур тузуклари» инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг асосий кафолати, миллий-маънавий қадриятларимиз инсон ҳаёти, шаънини кафолатловчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир. «Темур тузуклари» инсон ҳуқуқлари ва уларга амал қилишнинг йўллари, шарт-шароитларини кўрсатиб беришга доир бўлган таълимотдир. Бу таълимот ҳозирги кунда мамлакатимизда инсонпарвар, ҳуқуқий, демократик давлат қуриш шароитида янада чуқур маъно касб этмоқда.

Адабиётлар:

  1. Каримов И. Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура. Тошкент, 1993, 74-б.

  2. Темур тузуклари. Форсчадан Алихон Соғуний ва Ҳабибулло Кароматов таржимаси. ЎзФА мухбир аъзоси, тарих фанлари доктори, профессор Б.Аҳмедов таҳрири остида. Тошкент, Ғафур Ғулом нашриёт-матбаа бирлашмаси. 1991.

  3. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. Тошкент, Ўзбекистон, 2003.

  4. Инсон ҳуқуқлари. Тошкент, Ўзбекистон, 1997.

http://oldconf.neasmo.org.ua/node/2741

ж3

You may also like...

4 Responses

  1. Ustoz bu kabi «shpargalkalar»ni har bir maruzalaringizda ko’paytirib, bizni aniq ma’lumotlar olishimizda yaqindan yordam beryapsiz!

  2. Temur tuzuklari haqida o’qib o’rganayotib, taniqli xorijlik olim D. Logafetning noan’anaviy ta’rifiga ko’zim tushdi. Uning yozishicha, » Yevropada konstitutsiya haqida oddiy tushunchaga ham ega bo’lmagan davrlarda uning davlatida konstitutsiyaviy qonunlar majmuasi — «Tuzuk» mavjud bo’lgan».
    Buyuk Sohibqiron bobomiz jamiyat taraqqiyoti yo’lida jamoatchilikning fikriga alohida e’tibor qaratganlar. Ular davlatni idora qilishda adlu adolat, qonun ustuvorligiga asoslanib ish ko’rishga, fuqaro manfaatlarini ko’zlab siyosat yurgizishga, mamlakat hayotiga daxldor har bir katta-kichik masalada o’zlariga yaqin tutgan xos kishilari, dinu ilm ahllari, har sohaning bilimdon vakillari bilan maslahatlashib, kengashib faoliyat olib borganlar. Ana shunday buyuk ajdodning avlodlari ekanimizdan qancha faxrlansak arziydi .

  3. Temur tuzuklari haqida o’qib o’rganayotib, taniqli xorijlik olim D. Logafetning noan’anaviy ta’rifiga ko’zim tushdi. Uning yozishicha, » Yevropada konstitutsiya haqida oddiy tushunchaga ham ega bo’lmagan davrlarda uning davlatida konstitutsiyaviy qonunlar majmuasi — «Tuzuk» mavjud bo’lgan».

    Buyuk Sohibqiron bobomiz jamiyat taraqqiyoti yo’lida jamoatchilikning fikriga alohida e’tibor qaratganlar. Ular davlatni idora qilishda adlu adolat, qonun ustuvorligiga asoslanib ish ko’rishga, fuqaro manfaatlarini ko’zlab siyosat yurgizishga, mamlakat hayotiga daxldor har bir katta-kichik masalada o’zlariga yaqin tutgan xos kishilari, dinu ilm ahllari, har sohaning bilimdon vakillari bilan maslahatlashib, kengashib faoliyat olib borganlar. Ana shunday buyuk ajdodning avlodlari ekanimizdan qancha faxrlansak arziydi .

  4. Temur tuziklari qachon qaysi asrda kimlar tomonidan o’qilsa ham ayni yashap turgan zamonimizda ham o’z aksini topayotgan asardir. Barcha asr siyosatiga to’g’ri keladigan o’lmas durdona.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>