Журфак фахрийси Мирзо Кенжабекнинг маҳорат мактаби

Буюк шоир-адиблар, публицистлар, давлат ва жамоат арбоблари етишиб

чиққан даргоҳда таҳсил олаётган талабалар келгусида шундоқ улуғ Устозларга муносиб издош бўлишларига тилакдошмиз, деди Дониш домла.

1

Суратда: (чапдан) Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Мирзо Кенжабек, Тўлқин Эшбек Зоминда ижодий учрашув олдидан.

2

Суратда: Устоз журналист Шуҳрат Жабборов ҳакамлигида ўтган ижодкорлар шашка мусобақасида Мирзо Кенжабек ғолиблик шоҳсупасида!

Таниқли шоир, таржимон, журналист Мирзо Кенжабек (Кенжабоев Мирза Тўйчиевич) 1956 йилда Сурхондарё вилояти, Сариосиё (ҳозирги Узун) туманида туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги Миллий университет)нинг журналистика факултетида (1974-1979) ҳамда Имом Бухорий номидаги Ислом институтида (1999-2001) таълим олган. 1982 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

«Мактубларим» (1982), «Қуёшга қараган уй» (1983) «Муножот» (1986), «Шарқ тили» (1988), «Баҳорим еллари» (1999) шеърий китоблари, «Термиз тазкираси» (2001), «Дунёнинг муршиди» (2004), «Эътикоф» (2005), «Қабристон зиёрати одоби» (2005) маърифий китобалри чоп этилган.

Мирзо Кенжабек Александр Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романини (1988), Фаридиддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё» китобини (1997), Махтумқули Сайланмасини (2004), Жеймс Олдрижнинг «Ғаройиб мўғул оти» қиссасини (ҳамкорликда, 2012), Сирожиддин Усмон Ўшийнинг «Омолий» манзумасини (1999), шунингдек, Ҳофиз Шерозий, Саъдий Шерозий, Юнус Эмро, И.В.Гёте, Николас Гильен, Геворг Эмин, Ўлжас Сулаймон, Зайниддин Восифий шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.

Маҳмуд Асъад Жўшоннинг «Ҳақиқий севги» (1999), «Тасаввуф ва гўзаллик» (2004) китоблари, Абу Ийсо Муҳаммад ат-Термизийнинг «Сунани Термизий» («Ал-жомиъ ас-саҳиҳ», 1999, 2009, 2012), Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг «Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди» (1998, 2001, 2004), Кумушхонавийнинг «Жомиъ ул-мутун» (2000), Қутбиддин Изникийнинг «Муршиди мутааҳҳилийн» (2002); Ҳожи Аҳмаджон Махдум Ҳанафийнинг «Рисолаи сужуди саҳв» (2004) китоблари ҳам Мирзо Кенжабек таржимасида нашр этилган.

Мирзо Кенжабекнинг «Дилдошлик», «Тил эрки – эл эрки», «Ҳар кунинг бўлсин наврўз», «Инсон қалби билан ҳазиллашманг…» (Абдулла Орипов билан суҳбат), «Шоир ва шеър дунёси» (Эркин Воҳидов билан суҳбат), «Юрагимда оёқ изи бор» «Халқ номидан ёлғон сўзламанг», «Хилма-хиллик тенгсизлик эмас», “Тижорат тарихи”, «Фитна санъати» (қонли Фарғона воқеалари ва у собиқ шўро давлати томонидан махсус уюштирилгани ҳақида. Бу асар турк тилида «Фитна санъати ёки парда орқаси» номи билан Туркия, «TOS yayinlari» нашриётида чоп этилган) «Шукрона туйғуси омонми?» ва бошқа мақолалари бўлғуси журналистлар учун ўзига хос маҳорат мактабидир.

 

УСТОЗ БЎЛМАСА

Жаҳон ободлиги устоз биландир,

Дилда қарор бўлмас, устоз бўлмаса.

Камолот, кушуфот устоз биландир,

Ишда барор бўлмас, устоз бўлмаса.

 

Йўқдан олим бўлди отамиз Одам,

Ҳақдан таълим олди Сарвари олам,

Сабаб оламинда бул куни бекам

Илму анвор бўлмас, устоз бўлмаса.

 

Ҳар йўл, ҳар соҳанинг бир пири бўлур,

Эҳтиром дил аҳлин тадбири бўлур,

Ҳар ишда устознинг бир сири бўлур,

Кашфи асрор бўлмас, устоз бўлмаса.

 

Ҳикмат кўп илму фан касбу корида,

Деҳқон кетмонида, дорбоз дорида,

Ошпазнинг бир сири – гармдорида,

Шогирд ҳушёр бўлмас, устоз бўлмаса.

 

Устоз қадрин билур ҳар қалби салим,

Ҳаёт дарсларидан бергайдир таълим,

Диллар ардоғида – азиз муаллим,

Кимса сардор бўлмас, устоз бўлмаса.

 

Маърифат, иқтисод, санъат турлари,

Осмон эшиклари, ер унсурлари,

Устоз-ла очилгай Қуръон сирлари,

Ҳадис ошкор бўлмас, устоз бўлмаса.

 

Пуштли, устозлидир ҳар бир синиқчи,

Беустоз муҳандис – оддий чизиқчи,

Устозсиз очилмас ҳатто қизиқчи,

Сухан тагдор бўлмас, устоз бўлмаса.

 

Ўзи ўсган дарахт мева бермагай,

Сурчи ўз тўйида сурнай чалмагай,

Сартарош ўз сочин ўзи қирмагай,

Уста саркор бўлмас, устоз бўлмаса.

 

Устоз кўрган зотлар ишга омилдир,

Заковат аҳлига бу сўз шомилдир,

Устознинг авлоси пири комилдир,

Дилда баҳор бўлмас, устоз бўлмаса.

 

Мирзо, ҳар кўнгилда ният бор бўлсин,

Ватан обод, эл ҳам бахтиёр бўлсин,

Покдил устозларга Тангри ёр бўлсин,

Ҳаёт гулзор бўлмас, устоз бўлмаса.

 

ИБОДАТ

Ибодат не? Яратганга итоат ҳам ибодатдир,
Ҳақиқий бандалик бирлан садоқат ҳам ибодатдир.
Ибодатдир, тирикликни этолсанг маърифат боғи,
Машаққатлик илм, санъат, қироат ҳам ибодатдир.

Онанг бирлан отанг қалби ўтар Каъба тавофидан,
Алар кўнглини шод этсанг, шу хизмат ҳам ибодатдир.
Хабар олдингми бемордан,қариндош, дўст, мусофирдан?
Бировни йўқласанг дилдан, зиёрат ҳам ибодатдир.

Умрни этмайин исроф,ўзинг рўза, вужудинг соф,
Агар пок ҳолда ухларсен,шу роҳат ҳам ибодатдир.
Мудом Аллоҳни зикр этсанг,ҳалол борига шукр этсанг,
Қиёмат кунни фикр этсанг,тижорат ҳам ибодатдир.

Бутун борлиқ, наботот ҳам Яратганга этар тасбиҳ,
Бобо деҳқон экиб юрса, зироат ҳам ибодатдир.
Ибодатдир, бирор золим,жафокорга десанг ҳақ сўз,
Ва нодонга сукут қилсанг,сукунат ҳам ибодатдир.

Агар жуфти ҳалол бирла кўнгилхушлик этар бўлсанг,
Фалак шоҳид, малак ҳозир, бу суҳбат ҳам ибодатдир.
Бу Исломдир, бутун умринг ибодат ҳолига келгай,
Ва огоҳлик билан ўтган шу фурсат ҳам ибодатдир.

Тамал – иймону ихлосдир, бу қуллик бандага хосдир,
Худо деб қилганинг ҳар иш ва ният ҳам ибодатдир.
Севиб, Мирзо, фақат дўстлик билан дилларни обод эт,
Агар Аллоҳ учун севсанг, Муҳаббат ҳам ибодатдир!..

 

ЎЗБЕКИСТОН

Оппоқ қайинларга бўлдим ошино,
Сайр этдим мен баҳри жаҳаннамларни.
Менинг шеърларимда товланди ҳатто
Беқарор Африка саванналари.

Саҳрои Кабирда ёзсам кўнглимни,
Руҳимда чинордай турдинг кўкариб.
Ғафур Ғулом бўлиб нечун мен сени
Бир умр бошимда юрдим кўтариб?

Зардуштий эдим мен — қутлуғ ўт ўзинг,
Бутпараст бўлдим мен, санам-бут — ўзинг.
Сенсан эътиқодим, ўзингсан тангрим,
Мангу сиғинмоққа лойиқ юрт — ўзинг.

Ернинг ҳар бурчида одамлар гоҳо
Менга ўз тилимда сўйлар, гумон йўқ:
Ўзбек кўп бутун Ер юзида, аммо
Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ!

* * *

«Севасизми?» — дегил,
Саволлар ёғдир,
Бор гапни сугуриб олгин кўнглимдан.
Жим қовуштирилган қўлларим охир,
Оҳиста сирғалиб тушар қўйнимдан.

«Севасизми?» — дегил,
Савол бер, қийна,
Нурсиз кунларимнинг битсин ҳисоби.
Туғёнли онларга чорласин яна
Совуқ бўсаларнинг қайноқ азоби.

«Севасизми?» — дегил,
Сўрайвер, сўра,
Нигоҳим титрасин оппоқ кўксингда.
Паришон аксимни бир нафас кўрай,
Паришон ўтиниб турган кўзингда!..

Ёлғиз сенинг севгинг етмайди, нетай,
Умримиз боғлари қолади ғариб.
Сен севги сўрайвер,
Мен чиқиб кетай,
Муҳаббат ахтариб, меҳр ахтариб.

 

ЖАЗО

Сенинг яшнаб турган кўйлакларинг бор,
Ёдимга солади хушбўй кезларни.
Ҳаётнинг торгина йўлаклари бор,
Тўқнаш келтиради гоҳо бизларни.

Сен мени кўрмайсан, пайқамайсан ҳеч,
Ўтасан жимгина бошингни эгиб.
Сен мени сезмайсан, пайқамайсан ҳеч,
Қўлларим қўлингга кетса ҳам тегиб…

Тунлар жим кезаман тинч дарахтзорни,
Бир қасос сезаман тинч шамолларда.
Узун сочларингнинг ҳасрати бордир
Жимжит йиғлаётган мажнунтолларда.

Ахир ёнаётган юракларингни
Қисматим юзига қараб отсанг-чи!
Бошингни ҳам қилган гуноҳларимни
Ўзимнинг бўйнимга оссанг-чи!

Нега жим яшайсан, сокин яшайсан?!
Сезмайсан, қўлларим кетса ҳам тегиб.
Оламда мен йўкдек, ҳеч пайқамайсан,
Яшайсан жимгина бошинпш эгиб.

Мен эса тирикман ҳаёт бағрида,
Тирик ўкинчлардан ёнган қалбим бор.
Лекин мен биламан, сенинг қалбингда,
Ўзимнинг…
қаровсиз қолган…
қабрим бор!

 

МУНОЖОТ

Мен забунман. Тун қўйнида қаро тунман,
Тунд бағримга зиёларни кимдан сўрай?
Ўзим ерман, ўзим само — мен очунман,
Ўздан ўзга дунёларни кимдан сўрай?

Ишқим барбод бўлди обод шаҳарларда,
Барча кулди, мен йиғладим баҳорларда,
Юрак шабнам бўлиб томган саҳарларда
Осмонимга зуҳроларни кимдан сўрай?!

Кўкдан сўра хаёлимнинг ҳурларини,
Ердан сўра пешонамнинг шўрларини,
Мендан сўра сен дардларнинг турларини –
Мен дардимга даволарни кимдан сўрай?!

Сен тунларни — ялдоларни мендан сура,
Хатоларни, савдоларни мендан сура,
Сен кўзингга зиёларни мендан сўра,
Мен кўксимга ҳаволарни кимдан сўрай?!

Нетай, бордир бу тоғларнинг орасида,
Оёқ изи — юрагимнинг ярасида.
Шафқат йўкдир ул кўзларнинг қорасида,
Оқ меҳрли қароларни кимдан сўрай?!

Малак, сенинг малаклигинг ёлғон экан,
Фалак, сенинг фалаклигинг ёлғон экан!
Юрак, сенинг юраклигинг ёлғон экан,
Сенга бошқа самоларни кимдан сўрай?!

Мен кўзимдан ёшлар отиб йиғлай, дўстлар,
Кўксингизга бошлар отиб йиғлай, дўстлар,
Тош бағримга тошлар отиб йиғлай, дўстлар,
Йўқотмишим худоларни кимдан сўрай?!

Юраккинам, наво иста, нидолар қил,
Ё навосиз жонгинамни адолар қил,
Сўра, етти иклимларга садолар қил –
Мен умримга наволарни кимдан сўрай?..

 

Мирзо КЕНЖАБЕК,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>