Икки аср одами

хаёлий эмас, ҳаётий ҳангома

Пиримқул Қодиров ва Тўлқин Эшбек 1987 йилда Қибрай туман газетаси таҳририятида.

Пиримқул Қодиров ва Тўлқин Эшбек 1987 йилда Қибрай туман газетаси таҳририятида.

Фантастика – ёзувчининг хаёлот дунёси эканлигини ҳамма билади. Бу ёзаётганларимнинг эса асло лоф-қофи йўқ. Ўша воқеаларни мен қатори кўрганлар анча-мунча топилади…

Бир кино қаҳрамони бошқа даврга бориб қолганини кўргансиз-ку. Шунга ўхшаш ғаройиб ҳодиса юз берди. Чарх тескари айландими, бошқами, ишқилиб, ёшлигим ўтган даврга бориб қолсам, денг.

Кўзимни очсам, Қибрай туман газетаси таҳририяти эшиги олдида турибман… Ўша бўёғи кўчган эски дарвоза, деворлари нураган икки қаватли бино, биринчи қавати босмахона, тепаси – таҳририят. Ўйдим-чуқур йўлакларга, босмахона директорининг кўкимтир “АЗЛК” русумли эски машинасига боқаман. Машина ғилдиракларидан бирининг дами чиқиб кетганидан қийшайиб қолибди. Эгаси қаерга кетишидан қатъи назар “йиғилишдаман” дерди. Йиғилиш устига йиғилишнинг чеки кўринмай ётган замонда бу гап худди аксиомага (исбот талаб қилинмайдиган гапга) ўхшарди.

Йиғилишларда бот-бот такрорланадиган гаплар ҳам ёд бўлиб кетган: “диний сарқитларга қарши курашамиз”, “миллий биқиқликка ва миллий маҳдудликларга йўл қўймаймиз”, “совет турмуш тарзига мос келмайдиган урф-одатларга барҳам берамиз”, “доҳий Ленин кўрсатган йўлдан олға” ва ҳоказо сафсаталар…

Ёшлик шууримга муҳрланиб қолган шу ажиб манзараларни бирма-бир кузатарканман, ўша давр гаплари ҳам қулоқларим остида яна бир бор жаранглаб кетгандек бўлди…

Қайси даврга келиб қолганимни ичкарида билдим. Совуқдан этим жунжикиб, бинога кирсам, деразаларига турли ранглар билан “Янги – 1987 йилингиз муборак бўлсин!” деб ёзиб қўйишибди. Демак, роппа-роса ўттиз йил ортга қайтиб қолибман…

Эшиги тепасига “Муҳаррир қабулхонаси” деб ёзилган хоначада котибамиз Гулбаҳор машинкада чақ-чуқ эткизиб қўлёзмаларни оққа кўчиряпти. Ҳозир кўзимга “алмисоқдан қолган матоҳ”дек кўринган бу ёзув машинкаси ўша давр учун ажиб мўъжиза ҳисобланарди!

Котиба қизнинг эрталабдан-кечгача қиладиган иши шу: ҳар бир ходимнинг ручкада ёзган ажи-бужи қўлёзмаларини машинкада кўчириб беради. Муҳаррир чизиб-бўяб таҳрир қилгач, бошқатдан кўчираркан, “тузикроқ ёзсаларинг бўлмайдими?” дея ходимлардан нолийди. Кошки, бу гаплар бирор мухбирга кор қилса?! Қозонда бори чўмичга чиқади-да.

Котиба бўялган мақолаларни қайтадан кўчираётганида қанчалик жиғибийрон бўлишини кўрсангиз… Машинкаланган ёзув топ-тоза бўлмаса, босмахонадагилар қабул қилмайди. Линотип машинасида ҳарф терувчи Катя опадан инжиқроқ одам бўлмаса керак; бирорта ҳарф қаламда тузатилган ёки “марачка” (машинкада ҳарфлар уста-уст ёзилиб, чапланган) бўлса, қайтаради ва қайта ёзиб беришни талаб қилади. Мақолаларни машинкада бехато ёзиб босмахонага ўтказгунча онадан эмган сутинг оғзингга келади…

Таҳрирга ҳожат қолмайдиган даражада ёза оладиган одамни бу таҳририятдан топа олмайсиз. Ёзган тақдирида ҳам (айтаклик, мен мукаммал ёзишга интиламан) инжиқ муҳаррир барибир у ер-бу ерини бўяйди. Ўзини кўрсатиш учун ҳам атай шундай қилади.

Бир гал уни бопладим. Номини эшитганда юрак қалқиб тушадиган бир раҳбарнинг қишлоқ хўжалигига оид нутқидан кўчириб, газетага мос келадиган мақолага айлантирдим-да тагига фамилиямни ёзиб қўйиб, котиба орқали киритиб юбордим. Буни қарангки, муҳаррир уни (айнан нутқдан олинган жумлаларни) ҳам бўяб ташлабди. “Летучка”да кўз-кўз қилиб, “Журналистика факультетини тамомлаб келган ёш кадрнинг аҳволини кўринг…” деса бўладими?!

Бундай пайт ўзимни босишга минг уринмай, барибир “портлаб” кетаман. Ўша нутқ чиққан газетани муҳаррирнинг олдига ташладим-да, синаш учун атай шундай қилганимни айтдим. Муҳаррир оқариб эмас, кўкариб кетди… “Мақолам”ни ғижимлаб улоқтираркан, менга “сиёсий ғўр, хавфли одам экансиз”, деб ўшқирди. Ноқулай ҳолга тушганини сездирмаслик учун катта столидаги қандайдир қоғозларни титкилади. Сўнг ғалати тиржайганча паст товушда шундай деди: “Мен ҳам ўз усулим билан сизни атай синовдан ўтказдим…”

Шу-шу, у ёзганларимга қалам теккизмайдиган бўлди.

Йиғилишларда ҳам бўлар-бўлмасга камситмайди.

Бироқ, зимдан бошқа ҳаракатга тушганини кейинроқ сезиб қолдим. Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан, деганларидек, иш вақтида бир дақиқа кўринмай қолсам “тушунтириш хати” ёзадиган, ортидан “виговор”, кейин каттароқ жазо оладиган бўлдим… Мукофот, устама ҳақ олишлардан тамомила маҳрум этилдим, “пуф” деса ишдан учиб кетадиган даражасида “жар ёқаси”га келтириб қўйилдим…

Кунора чиқадиган газета материалларини машинкада кўчиришдан бўшамайдиган Гулбаҳор билан гурунглашгим, тасалли бергим келди. Вақти келиб компьютерлар пайдо бўлишини, муаллифлар мақоласини босмахонага тайёр ҳолида (яъни, электрон вариантини) топширишини, машинисткага иш қолмаслигини айтиб берсам борми! Йўқ, тасаввурига ҳам сиғдира олмаса керак боёқиш…

Ҳозир котибанинг тепасида қаққайиб турган тепакал киши қоғозга кўз тикканча матнни ўқиб (“диктовка” қилиб) турибди. Ёзувини тушуниб бўлмайдиган даражада хунук ёзадиганлардан Гулбаҳор шундоқ ўқиб туришини талаб қиларди (бошқа иложи ҳам йўқ-да).

Уларга яқинлашиб, разм солсам, радиомухбиримиз Ободий экан. Тепакал бошининг теварагидаги бир тутам сочигача оқариб кетганидан ёши бир жойга боргани кўриниб турибди. У туман партия ташкилотида ўзини фаол қилиб кўрсатишни боплайди. Тепада ўтирганларга усталик билан таъзим бажо айлаб, пастдагиларга ғўддаядиган “самимий” одам. Мақолаларимни ўзимга мақтаб, мажлисларда эса “лой чаплаб” катталарни, айниқса, муҳарриримизни қойил қолдиришни ўрнига қўярди. Давраларда панд-насиҳат қилган бўлиб, сўнг, қулоғимга пичирлаб узр сўрашини тушунмасдим. “Сизни поддержка қилишни ҳам биламиз, ўсадиган одамсиз” дерди секингина. Кейин фаҳмлашимча, мабодо келгусида райкомга ишга ўтиб қолсам, унинг “поддержка”сини унутмаслигим керак… (Янги асрда кўп нарса ўзгаргани, фақат, шунақа кимсалар асло ўзгармаганини кўриб гоҳо ёқамни тутаман…)

Уларга халал бермай рўпарадаги қия очиқ эшикдан мўраладим.

Хона тўрида биз “доҳий” деб кўкларга кўтарган Лениннинг газета ўқиб ўтирган улкан сурати. Бир ёнида “Газета – коллектив тарғиботчи, коллектив ташвиқотчигина эмас, айни пайтда коллектив ташкилотчи ҳамдир” деган шиор ёзилган плакат, иккинчи ёнида қип-қизил байроқ. Мактабда ашула дарсида: «Бу қизил байроқ, Ленин байроғи. Кўтарамиз биз, доим юқори!» дея жўр бўлиб қўшиқ айтганимиз ёдимга тушди. Чарх айланишини қарангки, “доҳий”нинг ҳайкаллари олиб ташланган куни унга қўшилиб ўша матоҳлари ҳам, шунақа “қўшиқ”лар ҳам даф бўлган!..

Ўша давр одамларига “бир куни “доҳий”га қўшилиб қизил байроғи ҳам улоқтирилади”, деб кўринг эди… Бошингиз балога қоларди. Бунақа гапни одамлар ҳатто эшитгани ҳам қўрқишарди…

Рутубатли хона ичини қандайдир ранг (краска) ҳиди тутган. Эҳ-ҳа, бўёқлари қотмаган газетанинг муаттар бўйи! Кўп журналистларнинг димоғига “ўтириб” қолгани учун қадрли бўлиб қолган антиқа ҳидлар… Ёшлик хотирамга муҳрланган манзараларни қайтадан кўриш нақадар мароқли эди. Тушимми ё ўнгим, деб ўтирайман. Бунақа воқеаларни ҳатто тушда кўрсанг ҳам бир олам завқ оласан.

Мўралаб турганганимни кўрмасдан катта столда газета макетини чизаётган кишини таниб, қийқириб юбордим:

– Эй-й, Қўзивой ака! Ўзингизмисиз! Ассалому алайку-ум!

Ўрта бўйли, қорачадан келган чеҳраси майин кулиб турадиган масъул котибимиз бошини кўтарди. Нечундир юзи тундроқ. Ёзув-чизув қилаётган пайтидагина тақадиган кўзойнагини қўлига олиб, ғалати қаради. Киринг, деган маънода им қоқди.

Жаҳли чиққанидагина тиришадиган пешонаси баттар тарам-тарам бўлганидан билдимки, қандайдир нохуш гап айланган. Одатига кўра вазминлик билан сўрашгач, ўтиринг ишорасини қиларкан, менга бир зум термулиб қолди. Сўнг, босиқлик билан сўради:

– Толибжоннинг акасимисиз?

– Ўхшайманми?– Ҳазиллашгим келиб шундай дедим.– Яхшилаб қаранг-чи…

– Овора бўлибсиз-да,– деди Қўзивой ака бошини сарак-сарак қилиб.– Укангиз Матбуот бошқармасининг Бекободда ўтказилаётган кўчма йиғилишига кетганди. Ғалвани ўзимиз амаллаб тинчитдик…

– Ўзи нима гап?– Ҳайрон бўлиб сўрадим Қўзивой акадан.

– Укангизнинг устидан ёзишганини эшитиб келгандирсиз, деб ўйлабман…

– Хўш-хўш?– Вужудим қулоққа айланди.– Ким, қаерга, нима деб ёзибди?..

– Эшитмаган бўлсангиз, майли, қўяверинг,– деди масъул котиб.– Ҳаммаси изига тушди…

– Гап ўртамизда қолади,– дедим гўё “акам”нинг номидан.– Балки, бирор яхшиликка яраб қолармиз…

– Илгариги хат ҳам охири яхшилик билан тугаган,– деди масъул котибимиз гапни узоқдан бошлаб.– Ўшанда, бўйдоқ болага квартира берилмаслиги керак, деб райисполкомга ёзганида қанча ғалва бўлган. Бир ёмонликнинг бир яхшилиги, деганларидек, шу баҳона укангизнинг тўйи тезлашиб кетганди. Мана, ажабтовур оила бўлиб яшаяпти. Битта қизчали бўлди!– Навбатдаги иғвогарлик ҳақида гап очганида Қўзивой аканинг юзи бироз тундлашди.– Энди “Улуғ Ленин тилини унча яхши билмайдиган ёш журналист бўлим мудирлигига тайинлангани нотўғри бўлди” деб райкомга (ўша даврдаги туман партия қўмитасининг номи) ёзишибди. Толибжоннинг қалами ўткир-у, рус тилига бироз нўноқлиги панд беряпти-да. Рус тилини билмасдан ҳеч ким кўкармайди. Бугун катталарга амаллаб тушунтирдик, барибир, ўрганмаса бўлмайди…

Дафъатан ёдимга тушди. Роса хуноб бўлгандим ўшанда. Матбуот бошқармаси бошлиғининг тавсияси билан бўлим мудири бўлганим бош муҳаррирга ҳам ёқмаганини сезгандим… Устимдан ёзган иғвогар бу билан муҳаррирга ҳам яхши кўринишини билган. Кейинчалик ўша имзосиз хат «муаллиф»ини аниқлаганимда тахминим тўғри чиққанига қойил қолгандим. Ўшанда уни «Граф Монте-Кристо» романидаги Дангларга, ўзимни эса Эдмон Дантесга ўхшатган эдим. «Кутмоқ ва умид қилмоқ керак» деган ақидага амал қилдим.

Буни қарангки, қисматларимиз ҳам қай бир жиҳатдан ўша асар қаҳрамонларига ўхшашиб кетди. Менинг карвоним аср оша ҳамон олға бормоқда! Яратган эгам иғвогарнинг жазони берди. У янги асрга етиб келолмади. Эшитишимча, комада бир йилча азоб-уқубут чекиб, ахийри жон таслим қилибди…

Мен Дантесга ўхшаб хазина топмаган бўлсам-да, бойликларим уникидан кам эмас! Ўзбекистоним эришган Бахтни таърифлаб берсам, Эдмон Дантесдан қанчалик бахтиёр эканлигимни англаб етасиз!.. Ўша асар қаҳрамони ёлғиз ўзи бахтга эришган бўлса, биз бутун халқимиз билан бирга мушарраф бўлдик! Бой-бадавлат Дантеснинг ватани ҳали хароб, ҳаёти, сиёсати ишончсиз эди… Бизники эса, бутунлай бошқача! Ўзбекистон – бахтга кон мамлакатга айланган!

Қўзивой аканинг гаплари энди нақадар ибтидоий ёки ғирт чўпчакка ўхшарди. Ҳозир уларни “разбор” қилиб ўтиришга ҳожат қолмаган. Энди “карта”ни очсам бўлади. Азиз устозни, бетакрор ёшлигим ўтган ажиб дамларни қайта кўраётганимдан юрагим ҳапқириб, қалбим буюрганини қилдим. Қучоқ очганча Қўзивой ака томон бир қадам ташладим:

– Туринг устоз, сизни би-ир бағримга босай!

Илкис ҳаракатимдан ҳайрон бўлган масъул котибимиз ўрнидан қўзғолди. Ёш ходимнинг акасини хафа қилиб қўйдимми, деб хижолат чекди, шекилли. Савол назари билан юзимга термулди. Мен ҳаяжон ила устозни бағримга босарканман кўзимга шашқатор ёшлар қуйилди. Бир дам нафасим бўғилиб, зўрға ўзимга келдим. Сўнг, у кишини жойига ўтиришга даъват этдим. Ёнига стулни суриб, бафуржа ўрнашиб олгач, ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилдим:

– Мени танимадингиз-а? Толиб Эркиновнинг худди ўзиман! Сиздан кўп яхшиликлар кўрган шогирдингизман!

Қўзивой ака юзимга разм солди. Бу одам ичиб олмаганми, деган ўйга борди, шекилли, секингина ҳидлаб кўрди. Йўқ, ҳеч ким маст-аласт эмас. Сўнг, пешонасини тириштирганча бошини сарак-сарак қиларкан, эътироз билдирди:

– Ҳозир ҳазил-ҳузулнинг пайтимас…

– Ҳазиллашаётганим йўқ,– дедим устознинг елкасига қўл ташлаб, тушунтиришга ҳаракат қиларканман.– Фантастик китоблар ўқигансиз-ку, туврими? Уларнинг баъзилари рост экан. Мен ҳозир 2017 йилдан қайтиб келдим! Худонинг каромати билан роппа-роса 30 йил олдинги ҳаётимни – ёшлик давримни, сиздек азиз устозларни кўриб турибман!..

Қўзивой аканинг нафаси ичига тушиб кетди. Нима воқеалар содир бўлаётганини англолмай, елкасини қисганча шам қотиб тураверди.

Ўртага сукунат чўктирмасдан гапни давом эттирдим:

– Ишимизга оид хоҳлаган саволингизни беришингиз мумкин. Мен Толиб Эркинов эканлигимга ишонч ҳосил қиласиз. Ундан кўра мендан кўрган-кечирганларимни сўранг! Беш, ўн, йигирма, ўттиз йилдан кейин нима воқеалар юз беришини эшитсангиз, фантастик асарлар йўлда қолиб кетади!..

Бунақа гаплар етти ухлаб тушига кирмаган соддадил суҳбатдошим шам қотиб тураверди. Вазминлик одатига кўра ортиқча сўз айтмай, яна қисиқ кўзлари баттар қисилиб, овози бўғилиб чиқди:

– Толиб Эркиновман, дейсизми? Бекободга бориб-келгунча шунча ўзгариб қолдингизми? Семириб, сочларингизга ҳам оқ оралаб қолибди. У эмассиз, десам, гапларингиз ўша-ўша. Бунақа фокусни кўрмагандим.

– Худо хоҳласа, фокус-мокуслардан зиёдроғини кўрасиз,– дедим ҳаяжон билан.– Ҳаётга муносабатингиз тамомила ўзгариб кетади ҳали!

– Алжираманг,– деди Қўзивой ака рангги гезариб.– Редакцияда “худо” сўзини баралла айтяпсизми? Шантаж қилаётганга ўхшайсиз-а?! Ундан кўра, устингиздан ёзилган ўша хатни бирёқлик қилайлик. Хафа бўлманг. Ленин тилини билмаслик шунчалик айбми, деган гапингиз чатоқ бўлган. Кеп-кеп райкомнинг завотделига (бўлим мудирига, демоқчи) шунақа дейсизми? Редакция ходимига ярашмайдиган гап! Бунақада сизни компартия сафига ҳечам қабул қилишмайди. Керак бўлса, комсомолдан ўчиришади. Ундан кейин редакцияда ишлашга ҳаққингиз бўлмайди…

– Жон устоз, гапларимни эшитинг– дедим ўзимни кулгидан зўрға тийиб.– Коммунист, комсомол деган гаплар ҳадемай чиппакка чиқиб, барҳам топади! Гапни катталар бошлаб беради, кейин одамлар сароб партиясидан ғижиниб юришади. Ўзбекистонимизда миллий партиялар пайдо бўлади, улар фақат миллатга, халққа хизмат қилади!

Қўзивой ака яна сапчиб тушди. Кўзойнагини қайта тақиб юзимга қаради. Оқ оралаган сочларини кафти билан силаркан, бошини сарак-сарак қилган-ча, пичирлади:

– Сизга нима бўлди, Толибжон? Ҳазил ҳам эви билан-да…

– Хай, сиз ҳазил деб қабул қилинг,– дедим уни тинчлантиришга уриниб.– Фақат, битта гапимни яхшилаб эшитиб олинг. Ҳозир мозийга қандоқ қайтганимни тушунтира олмайман. Бизнинг замонда тараққиёт шунчалик тезлашяптики, ҳадемай исталган даврга қайтиб бориб келадиган машиналар ишлаб чиқилса ажабмас. “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” деган фильмни кўргансиз-ку. Шурик ихтиро этган вақт машинаси эсингиздами? Шунақа мўъжиза яратиш ҳеч гап бўлмай қолди… Хай, у машинани қўя турайлик. Сизга ёлғон менга ва яратган эгамга чин бўлган…

– Илтимос,– деди бўғилиб Қўзивой ака.– “Худо”, “эгам” деманг. Мени ҳам партиядан ўчириб, ишдан ҳайдашини истаяпсизми?! Қийин вазиятга тушсангиз сизни ўзим қутқараман, а, мени ким қутқаради?

– Хўп, айтмаганим бўлсин,– дедим у даврнинг даҳшатларини билганим учун тилимни тийишга ҳаракат қилиб.– Бу ёғини эшитсангиз, мазза қиласиз!

– Шошманг,– деди масъул котибимиз сўзимни бўлиб.– Деворнинг ҳам қулоғи бор…

Шу сўзларни айтаётиб, ўрнидан турди, ортимдан айланиб ўтиб эшикни зичлади. Менга ғалати тикилди. Мастми, деса, ичмаганман! Қўл остимдаги ўша ходимми, деса, анча ўзгариб (улғайиб!) қолганман. Ўттиз йилдан буён қиёфам ўзгарган бўлса-да ҳовлиқиброқ гапиришим ўша-ўша. Каловланиб қолган Қўзивой ака охиригача эшитишга қарор қилгани ҳорғин чеҳрасидан кўриниб турарди. У секин жойига ўрнашди-да, қулоғим сизда деган маънода қаради. Ҳанг-манг бўлиб ўтирган устозга ётиғи билан тушунтира бошладим:

– Ақлга сиғдириб бўлмайдиган воқеаларни кўриб келяпман, устоз! Ҳатто, эртакларда ҳам бунақасини эшитмагансиз…

– Нима гап?– Қошларини чимирди Қўзивой ака.– Тезроқ айтсангиз яхши бўларди. Райкомда бўлган пленум (ўша даврдаги йиғилишнинг бир тури) материалларини Ободий ўзбекчага ўгиряпти. Вақт зиқлиги учун биратўла диктовка қиляпти. Тезроқ бермасак, босмахонадагилар тўполон қилишади…

– Ҳадемай таржимага ҳожат қолмайди,– дедим ишонч билан.– Йиғилишлар, мажлислар ўзбек тилида бўлади! Ўзбекистон раҳбаридан тортиб райкомгача, бошқа ташкилотларнинг мутасаддилари ҳам фақат она тилимизда маърузалар қилади! Ўзбек тили – давлат тили бўлади! Бу борада алоҳида қонун ҳам қабул қилинади!

Қўзивой ака сапчиб кетди:

– Ҳай-ҳай, одамни қўрқитманг,– деди дудуқланиб.– Бу гапингизни эшитиб қолишса, иккимизни ҳам миллатчига чиқаришади-ку…

Суҳбатдошимни амаллаб тинчлантириб, давом этдим:

– 1989 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганидан кейин ўзбек тили – давлат тили бўлади-да!

– Бас!– Суҳбатдошим титраб кетди.– Жинни бўлиб қолдингизми ё мени жинни қилиш учун шу гапларни ўйлаб топдингизми? Деворнинг ҳам қулоғи бор, ука…

– Қулоққа айланган деворлар қулаб тушади, ака!– Дадилланиб гапимда давом этдим.– Ҳозир сиз эшитишга ҳам қўрқадиган гаплар 1991 йилларга бориб оддий воқеликка айланади! Ўша йили 31 август куни Ислом Каримов деган янги раҳбаримиз Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини эълон қилади! Дунё харитасида Ўзбекистон деб аталмиш мустақил давлат пайдо бўлади! У мустаҳкам чегарасига, миллий армиясига эга бўлади! Ўзбекистон Республикаси Москвадан эмас, Тошкентдан бошқарилади! У ҳеч кимга қарам бўлмайди! Мустақил юртимизни Президент бошқаради! Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига мустақил давлат сифатида аъзо бўлади! Республикамиз раҳбарлари АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрига эмин-эркин боришиб, БМТ минбаридан нутқ сўзлайдилар! БМТнинг раҳбари вақти-вақти билан Ўзбекистонга келиб, тан беради! Тошкентда деярли ҳамма давлатнинг элчилари фаолият кўрсатади, ўша мамлакатларда Ўзбекистоннинг элчихоналари бўлади, шу тариқа миллий байроғимиз дунё узра ҳилпираб туради! Ўзбекистон раҳбари АҚШ, Россия, Хитой ва бошқа давлатларнинг раҳбарлари билан теппа-тенг мақомда гаплашади!

– Ҳаддингиздан ошиб кетмаяпсизми?– Суҳбатдошимнинг овози титраброқ чиқди.– Сал пастроқ тушинг…

– Хўп, ана, пастроқда биз ўқиган Тошкент давлат университетидан Лениннинг номи ўчирилиб, буюк бобомиз Мирзо Улуғбекнинг номи берилади ва у Ўзбекистон Миллий университетига айлантирилади! Толеимни қарангки, камина ҳозир ўша даргоҳда доцентман, фан номзодиман! Она тилимизга давлат мақоми берилганидан сўнг илмий ишни бемалол ўзбек тилида ёздик! Диссертациямизни ҳимоя қилиш учун бегона шаҳарга бош уриб бормадик. Она шаҳримиз Тошкент улкан илмий марказга айланди! Жонажон пойтахтимизнинг ўзида фан доктори, профессор, академик бўлишимиз мумкин! Хуллас, орадан ўн беш-йигирма йилча ўтиб, янги авлод вояга ета бошлайди. Ўша пайтда талабаларимга мана шу сиз билан кўриб турган давримиз ҳақида айтсам, ишонгилари келмайди… Наҳотки, шунчалик қўрқинчли тузум бўлган?! Одамлар қандай дош берганлар, деб сўрашади. Биринчи Президентимизнинг жасоратидан сўзласам, ҳайратга тушадилар!.. Бизнинг давр ёшларини ҳайратга солаётган ҳодисаларни 1987 йилда яшаётганлар тасаввурига сиғдира олармиди…

– Гапларингиз худди афсонага ўхшайди-я,– деди Қўзивой ака.

– Худди шундай! Биз афсоналар ичра яшаяпмиз!

– Афсонами ё сафсата?

– Ишонмасангиз ҳам айтавераман,– дедим ҳаяжонимни босолмай. Шунда айтиш мумкин бўлмаган бир гап бехос оғзимдан чиқиб кетди.– Кўрмасангиз ҳам эшитинг…

Хайрият, Қўзивой ака гапимнинг маъносини унча англолмай қолди. Йўқса, “шу гаплар рост бўлиб чиқса, нега мен уни кўрмас эканман?! Ё мени ўладига чиқариб қўймоқчимисиз?” деб хафа бўлиши мумкин эди.

Шу лаҳзада бир мудҳиш ҳодиса ёдимга тушиб, юрагим шув-в этди. Унга бир ҳақиқатни айта олсам кошки эди. Минг афсуски, ҳеч қачон айтиб бўлмайдиган ҳақиқат. Яъни, ҳозир менга тикилиб турган Қўзивой ака икки ойдан кейин юрак хуружидан қазо қилади, уни қишлоғидаги қабристонга дафн этамиз…

Ярим йил ўтмасдан Қаҳрамон исмли ҳамкасбимиздан ажраймиз.

Газетада бир хатолик учун муҳарриримиз Ҳакимовга райкомдан виговор эълон қилинади, буям етмагандек партбилетини йўқотиб (аниқроғи, кабинетида ўғирлатиб) қўяди ва юрагини чангаллаганча қайтиб кўзини очмайди…

Кўп ўтмай Ободийнинг қисмати ҳам шундоқ хотима топади. Ўзи қуллиқ қилиб юрган райком йиғилишида қаттиқ гап эшитиб, миясига қон қуюлади…

Ярим йилдан кейин «исёнкор» мухбир Собиров сирли равишда кўз юмади…

Унинг гўри совимасдан ортидан босмахона директори Ориповни сўнгги манзилга кузатамиз…

Журналистлар ўзи кам-у, мунча кўп ўлмаса?..

Туман таҳририятидаги бормоқ билан санарли ходимлар шу тариқа бирин-кетин кетиворишса-я…

Тўғри, Қаҳрамондан бошқалари ҳарқалай ёшини яшаб, ошини ошаганлар, етмишга етмаса-да олтмишдан ошгандилар.

Қаҳрамон эса ўттизга ҳам кирмаган эди… Отаси иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонлик нишонини тақиб қайтгач, ўғлига шундай исм қўйган…

Отасини омонсиз жангларда фашистларнинг ўқи йиқита олмаган. Ўғлини эса мустабид тузум даври “десантчи”ларининг мафкуравий ўқи йиқитди. Ўзбекистонда “пахта иши”, “ўзбек иши” дея элимизни аёвсиз таҳқирлаётган замонда журналистларни мажруҳ қилиш учун атай аттесстация ўтказилди. Унда очиқдан-очиқ ноҳақлик қилишгач, шўрлик Қаҳрамон юрагини чангаллаб қолган, шундан ўзига келмаганди…

Ўша аттесстацияга бирга боргандик.

Навбати билан найзалар менга қаратилганди.

Уларга бас кела олмасам-да, амаллаб чап беришнинг уддасидан чиққандим. Номардларнинг куракда турмайдиган саволини эшитинг: “битта маккажўхорида нечта дон бўлади?” эмиш…

Ақлирасо, насли тоза одам шунақа савол берармиди?..

Ўзимни овсарликка солиб, бир қўлим билан иккинчи билагимнинг белидан ушлаб кўрсатдим: “маккажўхорининг катталиги мундоқ бўлса, мингтача дони бўлади, қишлоқда атай санаб кўрганман” дедим.

Тўрда ўтиришган аттесстация комиссияси раҳбарлари кулишгани – тақдир табассумига йўл очди, шекилли, каминани шартли равишда ўтказдилар.

Тақдири қисматни қарангки, ўша аттесстацияда ғўддайиб ўтирган, журналистларни қон қақшатган корчалонлар (партия ташкилотларидан туриб матбуотга хўжайинлик қиладиганлар) ҳам кўп ўтмай бирин-кетин ўтиб кетганларини кўриб ёқамни ушлаганман…

Уларнинг ортидан “қарғиш урди” деган шивир-пичирлар бўлгани ҳам қулоғимда қолган…

Кейин, анча пайтгача хаёлимда бир фикр айланиб юрган. Ўшанда умри поёнига етиб қолган ана шу кимсалар ҳадемай ўлишини билган тақдирларида қандоқ йўл тутишарди? Бир-бирларининг дилини вайрон қилишдан, ёмон ишлардан лоақал ўзларини тийишармиди?.. Айниқса, баъзи амал отига минганлар ўзини абадий ўша мансабда муҳрланиб қоламан, деб хомтама бўлса керак. Ваҳоланки, мансаб тугул ҳаёт ҳам омонат экан-ку…

Таниш-билишларинг бирин-кетин кетавергач, худди навбат сенга ҳам келаётгандек туюлар экан баъзан. Шу боис, ўша саволни ўзимга ҳам кўп бора берганман. Унга жавобан тилимдан ва қўлимдан ҳеч ким зарар кўрмайдиган инсонга айланишга интиламан… Ўлим ҳақлигини тан олиб яшаш эса чин мусулмонга хос фазилат эканини эшитганман.

Шу тобда Қўзивой акага ана шу ҳақиқатни айтгим келарди. Кошки эди, ўша (бўлажак марҳум) ҳамкасбларни, ҳатто, аттесстация ўтказган кимсаларни тўплаб, шундай десам: ҳой барака топгурлар, яхши яшаб қолишга ҳам улгуринг, бир-бирингизни ранжитманг, дилингизга асло озор берманг… деб ҳар бирининг қисматини: қачон нималар бўлишини дангал айта олсам…

Минг афсуски, бунинг иложи йўқ…

Иложи бўлганида ҳам улар бу ҳақ гапни асло қабул қилмаслигини яхши биламан. Билъакс, бунақа гапларни айтганни бевақт қичқирган хўрозга чиқариб, ўзининг баҳридан ўтиб қўя қолишади…

Ҳақиқатни дангал айтиш яхши-ю, бироқ, у ҳамма вақт ҳам яхшилик олиб келмаслиги чатоқ-да…

Ўшанда ҳар йили битта ҳамкасбдан ажрайвергач, қарасам, навбат каминага келаётганга ўхшади… Нима бало, бу таҳририятни бирор жин урдими, деб, юрак ҳовучлаганча журналга ишга ўтиб кетгандим…

Бақамти ўтирган Қўзивой акага ҳозир бу гапларни айтишнинг сира-сира иложи йўқ… Айтган тақдиримда ҳам эшитмайди, қабул қилмайди, эҳтимол хонасидан ҳайдаб чиқаради…

– Қулоғим сизда,– деди Қўзивой ака хаёлимни бўлиб.– Қани, кейин нима бўлар экан?..

Башоратчига ўхшаб гапимда давом этдим:

– Район – туман, область – вилоят, посёлка – шаҳарча деб аталадиган бўлади. Кечирасиз, ҳозир районимизнинг номини айтинг-чи?..

– Оржоникидзе райони эканлигини ҳамма билади-ку.

– Мен айтаётган давр ёшлари мана шу сўзингизга тушунмайди! Улар бу ерни – Қибрай тумани деб билишади. Оржоникидзенинг ҳайкали ўрнига…

– Ҳай-ҳай-ҳай.– Суҳбатдошимнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.– Ҳар не келса – тилимдан, деб юрманг тағин…

– Эй-й, Тошкентда Лениннинг ҳайкали олиб ташланганида бу ерда Оржоникидзесига бало борми? Пойтахт шаҳримиздаги Ленин майдони – Мустақиллик майдонига айланади! “Доҳий” ҳайкалининг ўрнида гўзал сайёрамиз глобусини, унинг бағрида ҳур Ўзбекистонимизни кўрасиз! Майдон бошида бахт-иқбол тимсоли бўлган эзгулик аркаси, буюк она ҳайкали қад ростлайди. Бу майдонда одамлар яйраб дам оладиган сўлим боғ барпо этилади! Ундан берироқдаги Карл Маркснинг катта калласидан иборат бьюсти ўрнида Амир Темурнинг от устида ўтирган маҳобатли ҳайкали ўрнатилади. Ўша боғ – Амир Темур хиёбони деб аталади! Тошкентдан таралган нур бутун мамлакатни мунаввар қилади, Қибрай тумани марказида ўзганинг ҳайкали эмас, мустақиллик монументи қад ростлайди!

– Оржоникидзе совхози-чи?– Капалаги учиб сўради секингина Қўзивой ака.– Ленин колхозининг ҳам номи ўзгарадими?

– Номи тугул ўзи ҳам йўқ бўлади! Сталин даврида деҳқонларнинг ерлари зўравонлик билан тортиб олиниб, колхоз (жамоа хўжалиги) тузилган бўлса, мустақиллик ўша ерларни ҳақиқий эгаларига – деҳқон-фермерларга қайтариб беради! Ўз ерларида бободеҳқонлар бошқача иштиёқ билан ишлайдилар! Корхоналар, дўконлар-у ошхоналаргача хусусий бўлади. Қўлидан иш келадиган тадбиркорларнинг куни туғади! Ўзбекистон либерал-демократик партияси бу ишда бош-қош бўлади!

– Шошманг, компартиямиз нима бўлади?

– “Доҳий”ларининг ҳайкалларига қўшилиб компартияси ҳам даф бўлгач, унинг ўрнида халқимизнинг келажаги ва фаровонлиги учун курашадиган – Халқ демократик партияси, миллий тараққиёт учун бел боғлаган – Миллий тикланиш демократик партияси, адолатли жамият қуришни кўзлаган – Адолат социал-демократик партияси юрт келажаги учун майдонга чиқади! Сайловлар номигагина ўтишига чек қўйилади. Тўртта сиёсий партия ўз номзодларини кўрсатиб, ўзаро курашадиган бўлади. Ҳатто, мамлкатимиз Президентини ҳам ўзимиз сайлаймиз! Ҳақиқий демократик жамият шу тариқа барпо этилади.

– Қўйсангиз-чи…– Қўзивой ака қалтираб кетди.– Тилингизча мунча эрк бермасангиз…

– Бундай эрк-у эркинликни, ҳурриятни бизга истиқлол беради!– дедим тантанавор оҳангда.– Мустақилликнинг дастлабки йиллари – “Ўзбекистон келажаги – буюк давлат!” деган улуғвор сўзлар шиоримиз бўлса, кўп ўтмасдан ўша буюк давлатда яшаш насиб этади!

Масъул котибимиз пешонасини чангаллади. Бироз ўйга чўмди. Ўйлаб ўйига етолмай, менга савол назари билан қараб, бошини сарак-сарак қилди. Шу қарашида “оббо сен-ей, ишқилиб, тилингдан осилиб ўлмасанг бўлгани” деган иддао бордек туюлди. Барибир, ўзини жуда қизиқтирган саволини берди:

– Райком, райисполкомлар нима бўлади?

– Улардан асар қолмайди. Райком ва райисполкомларнинг ўрнида туман ҳокимлиги бошқарув тизимини қўлга олади! Фуқаролар маҳалла тизимида ўзларини ўзлари бошқаради! Ҳозир давлатники ҳисобланган шаҳарлардаги кўпқаватли уйлар эгаларига хусусий қилиб берилади! Мардликни қаранг, ҳаммаси текинга бўлади! Миллий қадриятларимиз том маънода тикланиб, ҳаётимизга файз киритади! Одамлар эмин-эркин яшайдилар!

– Райкомнинг органи бўлган газетамизнинг тақдири не кечади?– Ҳайрон бўлиб сўради масъул котиб.

– “Коммунизм тонги” деган ҳавойи гапга чек қўйилади. Газетамиз “Қибрай садоси”га айланади! Ўзимизнинг байтқўрғонлик Абдуҳамид ака бош муҳаррир…

Қўзивой ака кўрсаткич бармоғини лабига босди:

– Чуш-ш. Муҳарриримиз Ҳакимовнинг юраги ёмон бўлиб қолади…

– Мустақил Ўзбекистонда ҳеч ким муҳаррирликка талашмайди. Хоҳлаган киши янги газета ташкил қилиши мумкин. Матбуот эркинлиги, сўз эркинлиги журналистларнинг жонини киргизади. Телевидениени ҳам айтайми? Ҳозиргидек икки-учта канал билан чекланиб қолмайди. Ўзбекистоннинг вилоятлари билан қўшиб ҳисоблаганда элликка яқин телеканаллари ва радиоканаллари кеча-ю кундуз эфирга кўрсатув ва эшиттиришлар узатиб туради. Телекўрсатувларимизни Америкагача бутун дунё кўриб ҳайратга тушади!

– Шунчалик ақл бовар қилмас тараққиёт бўлади, денг?– Истеҳзоли кулди суҳбатдошим.– Фақат фокусчимисиз, десам, фолбинларни ҳам доғда қолдирадиган бўлиб қолибсиз…

– Ҳали булар ҳолва,– дедим масъул котибимизнинг кинояларига парво қилмай.– Анави чиққиллаётган машинкангиз керакмас матоҳга айланади. Худди эски қорачироқдек ҳеч кимга кераги бўлмай қолади.

– Машинкани айтаяпсизми?

– Худди шундай.

– Токли машинка ҳозир ҳам бор-ку. Ё бошқачаси чиқадими?

– Компьютерлар пайдо бўлади!

– У нима дегани?– Пешонаси тиришди Қўзивой аканинг.

– Машинкадан тортиб бутун босмахонанинг деарли ҳамма ишини ўзи осонгина бажарадиган технология! Ёзаётган матнларингизни экран орқали бемалол кузатиб, хатоларини биратўла тузатиб кетаверасиз. Қўрғошинни эритиб, линотипда матрица тайёрлаш, суратларни клешче қилдириш каби катта ҳажмдаги ишларни битта компьютер орқали юз чандон тез, соз ва сифатли бажарасиз. Ҳар бир муаллиф мақоласини биратўла босмахонага тайёр ҳолида топшириши мумкин. Сиз бунақа макет чизиб ўтирмайсиз, компьютерда биратўла саҳифалаб, суратлар жойлаб қўяверасиз.

– Гапингизни бўлдим, узр,– деди масъул котиб муштига йўталиб.– Кеча иккита саҳифада тузатиш қилганимиз учун босмахонадагилар бизга жарима тўлайсилар, деб туриб олишган…

– Бу алмисоқдан қолган босмахонадан юз чандон зўрлари пайдо бўлади. Улар бизга ўхшаган буюртмачиларни талашиб юришади!..

Қўзивой ака ёқасини тутганча ўзига-ўзи гапирган бўлди:

– Етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган гаплар-а…

– Биз ҳушимизда кўрамиз! Ҳаётимиз ўша технологиялар орқали шу қадар ривожланадики… Айтаверайми?

Суҳбатдошим нимадандир ҳадиксираётган бўлса-да, бу гапларни ҳам эшитгиси келаётгани ҳорғин чеҳрасидан кўриниб турарди. У атай соатига қараб қўйди-да, қизиқсиниб пичирлади:

– Яхши ният – ярим давлат, деган гап бор. Бу гапларингизни бошқаларга зинҳор айта кўрманг… Сиз билан тушимда гаплашаётганга ўхшайман.

– Ўша айтаётганларингизни тушунгизда кўрасиз, демоқчимисиз?– Ҳаяжон ҳарқанча кучли бўлмасин, ёдимга тушган гапларни бирма-бир айтишга ҳаракат қилардим.– Юз фоиз кўз ўнгимизда амалга ошади ҳаммаси! Энди бу ёғини эшитинг. Ўзбекистон ўз миллий валютаси – сўмга эга бўлади!

– Валюта деганингизни тушунмадим…

– Миллий пулимиз! Унга она тилида «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки» деб ёзилади. Ўзбекистонликлар ўзларининг 100, 200, 500, 1000, 5000 сўмликларни мазза қилиб истеъмол қиладилар.

– Ғаройиб-ку,– деди Қўзивой ака бош чайқаб.– Ақлга сиғмайдиган гап…

– Буниси ҳали ҳолва,– дедим ҳаяжон билан.– Андижон ва Самарқандда замонавий машина заводлари бунёд этилади! «Нексия», «Тико», «Дамас», «Матиз», «Лассет» каби турли русумдаги енгил машина ва «Ўзотайўл» деган микроавтобуслар тўлиб кетади! Кўчаларимизга енгил машиналаримиз сиғмай кетади! Ҳатто чет элликлар бизнинг ўша машиналаримизга харидор бўлиб юришади! Худо хоҳласа, ўғлингизга шунақа машиналар миниш насиб этади!.. Бирор жойга бориш учун ҳозир бирор ҳафта илгари автобус ё поездга билет олиб қўймасангиз бўлмайди, тўғрими? Мустақил Ўзбекистонда бунақа гапга асло ҳожат қолмайди. Йўловчилар автобусни ҳам писандига илмай қўяди. Ҳамма енгил машиналарда юради. Самарқандга 2 соатда, Бухоро ва Қаршига 3 соатда етиб борадиган тезюрар поездларга минсангиз жонингиз киради! Қашқадарёдан Сурхондарёга поезд Туркманистон орқали ўтишга чек қўйилади. Шу икки вилоят ўртасида улкан темирйўл барпо этилади! Ҳатто, Қорақалпоғистон, Хоразмлар ҳам бир қадам бўлиб қолади! Ангрен тоғи тагидан тоннел ўтказилиб, худди шундай поезд йўли қурилади. Замонавий тезюрар поездда олтин водийимизга ўйнаб-кулиб бориб-келадиган бўламиз! 2017 йилда юз берадиган воқеалар, айниқса, юртимиз тараққиётининг “йўл харитаси” ҳақида эшитсангиз, ақлингиз шошиб қолади!..

Минг коммунист бўлмасин, шу тобда суҳбатдошимнинг лаблари унсиз пичирлаганини англадим. Чамаси, у киши ҳам чин дилдан «худо хоҳласа!» дерди!

Гапимни ҳаяжон ила давом эттирдим:

– …Ҳозир бу гаплар қўл етмас орзудек туюляпти, ажойиб тушга ўхшаяпти, тўғрими? У даврда эса сиз кўриб турган кунлар қўрқинчли тушга айланади…

– Пленумдаги гапларни эшитдингизми?– Қўзивой ака бош чайқаб гапирди.– Бирорта мачит борлиги аниқланса, шафқатсиз чора кўриш керак, деб буйруқ берилди. Бир коммунист ўлганда жаноза ўқишган экан, муллани ва диний маросим ўтказган ўғлини ҳам қамаб қўйишган. Диний сарқитлардан батамом қутуламиз, деган масала кўндаланг қўйилди…

– Ҳадемай юртимизда шу қадар диний эркинлик бўладики, уни тасаввур ҳам қила олмайсиз,– дедим устознинг гапини бўлиб.– Ақл бовар қилмайди-я.

– Қанақасига?

– Тўқсонинчи йилларда Қуръони карим, Имом ал Бухорий бобомиз ёзган тўрт томлик “Ҳадис” китобларини она тилимизда ўқиймиз!.– Шу гапларни айтаётганимда Қўзивой ака пешонасини чангаллаганча ерга қараб ўтирарди. Эшитишга қўрқаётган бўлса-да, ичида «бу қўл етмас орзуга тушингда етасан!» деяётганга ўхшарди. Мен эса оддий воқелик бўлиб қолган ҳамма гапларни тўлиқ айтишга улгура олмаётганимдан юрагим ҳапқириб сўзлардим.– Юртимизга худонинг назари тушади! Ҳатто Биринчи Президентимизнинг «Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда» деган китоби чиқади! У кишининг ташаббуси, саъй-ҳаракатлари билан ҳадис илмининг султони бўлган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг қабри устида ҳайратомуз бинолар бунёд этилади. У ер улуғ зиёратгоҳга айланади. Бутун дунё мусулмонларининг бу ердан оёқлари узилмай қолади!

Қўзивой ака пичирлаб сўради:

– Бухоронинг қаерида дедингиз?

Шунда бироз шўхлигим тутди. Кўнглимдаги баъзи қора булутларни тарқатиб юбориш илинжида ҳазил аралаш шундай дедим:

– Менинг устимдан иғво хатлари ёзганларнинг аждодлари ҳам иғвогар бўлишган. Улар Имом ал-Бухорийдек бобокалонимизга кун бермаганлар ва алал-оқибат шундай улуғ сиймо Бухородан бош олиб кетган. Ичиқора нусхалар уни Самарқанд қалъасига ҳам киришига йўл қўймагач, Пайариқ туманидаги Ҳартанг деган қишлоққа борган экан. Ўша ерда қазо қилган. Қабри топилгач, бу қишлоқнинг довруғи дунёга достон бўлди!

– Қизиқ гаплар,– деди суҳбатдошим қошларини чимириб.– Бухорий бобомизнинг зиёратгоҳи бўлади, денг…

– Бухорода Баҳовуддин Нақшбандий, Самарқандда Имом ал-Мотрудий, Ғиждувонда Хўжаи Жаҳон хўжа Алдулхолиқ Ғиждувоний, Фарғонада Бурҳониддин ал-Марғиноний, Тошкентда Занги ота каби ўнлаб улуғ зотларнинг мақбаралари ҳам қайтадан чирой очиб, улуғ зиёратгоҳларга айлантирилади. Уларнинг бебаҳо нодир китоблари она тилимизда нашр этилади! Қатор диний газета-журналлар, китоблар эмин-эркин нашр этиладиган бўлади. Ўзбекистон телевидениеси ва радиосида диний-маърифий мавзуда туркум кўрсатув, эшиттиришлар бериб борилади.

– Айтмоқчи, «Рўза зарар» деган мақолани ўқидингизми?– Савол назари билан қаради суҳбатдошим.– Чиндан ҳам шунчалик зарарли бўлармикин?

– Рўзанинг қанчалик фойдали, руҳимиз шифоси эканини бир кўрсангиз,– дедим завқ билан.– Уни зарар деб гапирганлар уялиб қолишади! Республикамизда иккита ҳайит кенг кенг нишонланади! Ўша байрамлар арафасида минглаб юртдошларимиз ҳаж зиёратига бориб келадилар. Уларга давлатимиз ўзи ғамхўрлик кўрсатади! Тошкент шаҳридаги Хасти Имом масжиди шундай таъмирланадики, дастлаб бунёд этилганида ҳам шу қадар бўлмагандир, деб ҳайратга тушасиз. Шунча ишларни дадиллик билан амалга оширганини эътироф этган халқаро диний ташкилотлар 2007 йилда Тошкент шаҳрини Ислом маданиятининг пойтахти деб эълон қилади!

Қўзивой ака, бас, дегандек қўлини кўтарди. Не ҳолки, кўзлари жиққа ёш. Бу гал товуши титраброқ чиқди:

– Ҳажга боради, дедингизми? Ҳаж тугул ўзбеклар чет элга чиқиши мумкин эмас-ку… Кейин, бирор ишга киришда чет элда бўлган-йўқми, деб қариндошларгача суриштирилади-ку?! «Шахсий варақа»да шунақа савол борлигини биласиз-ку?

– Сиз вақти-вақти билан Қизилтепангизга қандоқ бориб келсангиз, ўша давр одамлари Япония, Жанубий Корея, Хитойдан тортиб бу ёғи Франция, Буюк Британия, Германия, Америкагача худди шундоқ эмин-эркин бориб келаверади! Минглаб ёшларимиз ўнлаб ривожланган давлатларда таҳсил олиб келадилар. Боя айтганимдек, Ўзбекистон мустақил давлат сифатида кўплаб давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатгач, дунё эшиклари биз учун катта очилади!

– Ўзбекистонни дунё танийди, денг…

– Таниш ҳам гапми, ҳавас қилишади. Бир пайтлар Муҳаммад ал Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Замахшарий, Аҳмад Ал Фарғоний, Мирзо Улуғбек каби алломаларга ҳавас қилган бўлсалар, уларнинг авлодлари йигирма биринчи асрда халқаро фан олимпиадаларида олтин медалларни қўлга киритиб, дунёга довруқ соладилар. Ўзбек олимларининг илмий мактабларидан дунё илм аҳли бирдек баҳраманд бўладилар. Бундан ҳам қизиқроғи, Ўзбекистон байроғини дунё узра ҳилпиратган спортчиларимизга жумлаи жаҳон тан беради! Ўнлаб йигитларимиз бокс, бири шахмат, эпчил қизларимиз теннис бўйича жаҳон чемпиони бўладилар! Халқаро мусобақаларда спортчиларимизнинг бўйнига шода-шода олтин медаллар тақилади! Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилган чоғда ҳамюртларимизнинг қувончларини сўз билан таърифлашга тил ожиз!..

Шу пайт телефон узун жиринглаб, суҳбатимиз бўлинди.

Қўзивой ака гўшакни кўтарар экан, қандайдир хотиннинг русчалаб айтган гапларидан пешонаси тиришди.

– Қизилтепага заказ (телефон алоқасига буюртмани шундай дердик) қилгандим– деди ҳафсаласи пир бўлиб.– Улашнинг имкони бўлмади, дейди.

Тараққиётдан шунчалик ортда юрганимизни яна бир бор ҳис этиб, этим жимирлади. Эсиз, шу тобда чўнтагимга қўл телефонимни солиб олмаганим чакки бўлди-да. Қўзивой акани бир қойил қолдирардим. «Қани ака, телефон рақамингизни айтинг!» дея Қизилтепасига зумда улаб берсам бормиди!..

Афсус, бу ҳақдаги гапларимга суҳбатдошим ишонмади…

Ҳар бир хонадонда рангли телевизорлар, кўпида видео, ҳатто видеокамералар борлигига ҳам ишонтира олмадим.

Ҳозир ишхонамда алоҳида, уйимда эса шахсий компьютерим бор, деган гапим ҳам, Интернет ҳақида айтганларим ҳам унга сафсатадек туюлди чоғи…

– Фантастик асар ёзсангиз бўларкан,– деди кутилмаганда Қўзивой ака бошини илкис кўтарганча қандайдир фалокатнинг олдини олишга уриниб.– Ҳаммаси хаёлий гаплар-а?

Бу гапга жавоб ортимдан эшитилди.

Эшикдан мўралаб турган Ободийни чалғитиш учун суҳбатдошим атай шундай деган экан. Тескари қараб ўтирганим боис у кишини кўрмай қолибман… Чамаси, эшик ортида анча гапларимни эшитганга ўхшайди. Хонага бостириб кираркан, унинг луқмаси қизиқ бўлди:

– Аслида фанат боланинг лофлари! Шу гапларни энди райкомда ҳам айтиб берасиз, ҳи-ҳи-ҳи…

У бугун райкомнинг идеология бўлимига етказишга арзигулик гап топилганига ўзида йўқ хурсанд эди. Бу унга қанчалик катта “очко” олиб келишини билиб, масрур турарди.

Ободий тилида бўлмаса-да дилида айтган гапини ҳам англадим: “кейин момонгизни кўрасиз…”

. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

Гангиб қолдим…

Ободийнинг товуши жуда узоқлардан эшитилгандек бўлди.

Бунақа таҳликали товушлар чиндан ҳам олис-олисларда қолиб кетганига шукр қилдим…

Аслида, ҳозирги олтмиш ёш нари-берисида юрганларнинг катта бахти – иккита аср воқеаларини, мустабид тузум даҳшатлари-ю юрт мустақиллиги неъматларини ўз кўзлари билан кўрганликларидадир. Йигирма биринчи аср авлодларининг ундан-да улканроқ бахти – ўша биз кўрган қора кунларни кўрмагани ва бутун умрлари фақат чароғон замонга тўғри келганидадир. Улар дунёвий билимлар, халқаро тиллар, замонавий технологияларни мукаммал билган ҳолда энг ривожланган давлатлардаги замондошлари билан бўйлашиб яшайдилар!

Ҳозир ўз замонамга қай тарзда қайтиб келганимни англай олмай қолдим. Туш кўрдимми ёки…

Шахсий ижодхонамда компьютеримга термулиб ўтирарканман, ширин хаёллар асло тарк этмасди!..

Хаёлан бўлса-да бир дафъа бориб келган даврим ҳақида хаёл суриш нечундир мароқли эди!

Агар шу воқеалар чиндан юз берган бўлса, Қўзивой аканинг юраги бекорга ёмон бўлиб қолмагандир, деган ўй кечди кўнглимдан…

Бир пайтлар устимдан ёзилган “юмалоқ хат”ларга жиғибийрон бўлиб юрган кезларим келажакдан бир меҳмон келиб, ўша гапларни менга айтиб берганида нима бўларди? Балки, шу заҳоти юрагим тарс ёрилиб кетармиди…

Хўш, ҳозир шундай мўъжиза юз берса-чи?

Айтайлик, бир одам “2047 йилдан ўттиз йил ортга қайтиб келдим”, деса қандоқ қабул қилардим?

У «Ўзбекистонда ҳар бир кишининг шахсий вертолёти бор, сиз ўзга сайёрадан ҳам уй қурасиз», деса довдираб қолмасмидим?

Йўқ, энди бизни ҳеч ким довдирата олмайди!

Ахир, сўнгги ўттиз йил ичида ҳаётимизда шунчалик ўзгаришлар юз берди-ку! Уни ўтган аср одами ақлига ҳам сиғдира олмаслиги аниқ эди! Демак, тараққиёт деганлари шунчалик шиддат билан кетаётган экан, биз ҳам келажакдан қайтиб келган одамнинг гапига шубҳа қилмасак бўлаверади… Ҳеч бўлмаганда яхши ният сифатида қабул қиламиз.

Бир машҳур қизиқчимиз «XXI аср – ўзбеклар асри бўлади!» деганида юз бора ҳақ экан!

Ўз заминини забт этганларга ўзга сайёрадан уй қуриш нима бўпти!..

Тўлқин Эшбек

 1987-2017 йиллар.

DSC_0110

Тўлқин Эшбек 1963 йилда туғилган. Қалами “Қибрай садоси”, “Ўзбекистон овози” газеталарида, “Гулхан”, “Гулистон”, “Ўзбекистон матбуоти” журналларида қайралган. Қисса ва ҳикоялардан иборат “Жигарбандлар”, “Шабада эсган кун”, “Қишлоқлик бола қиссаси”, “Жайдари ҳангомалар”, “Адашган қиз қисмати” тўпламлари муаллифи. “Ҳаёт карвонлари”, “Қутлуғ қадамлар” деб номланган эссе ва бадиалар тўпламлари чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Адабиёт соҳасидаги Усмон Носир мукофоти совриндори (1993), 2008 йилда «Олтин қалам» мукофоти совриндори. 2019 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

Айни пайтда у Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети Журналистика кафедраси мудири, филология фанлари номзоди,  доцент.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>