Илғор техник ғоялар мамлакат ривожининг гарови

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий маълумотли

мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3151-сон қарори ҳамда «Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 1 ноябрдаги ПҚ-3365-сон қарорида белгиланган дастурий вазифаларни сифатли бажариш, шунингдек, мамлакат иқтисодиётининг реал секторлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда физика соҳасида чуқур фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказиш, инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда ёш олимлар ва талабаларни илмий жараёнга кенг жалб қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилнинг 25 июндаги 468-сонли қарори билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Физика факультетининг Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника лабораторияси негизида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.

Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқотинституттининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • яримўтказгичлар физикаси, яримўтказгичли микроэлектроника, материалшунослик, гелиофизика ва муқобил энергия манбалари соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва бу борада устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этиш, жумладан, илмий тадқиқотлар лойиҳаларини кластер шаклини ташкил этиш орқали бажариш, шунингдек, яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника соҳасини ривожлантиришнинг жаҳондаги замонавий тенденцияларини таҳлил қилиш;
  • янги яримўтказгичли материалларни яратиш технологияларини ишлаб чиқиш ва улар асосидаги микроэлектроника ҳамда фотониканинг таянч элементлари ҳисобланадиган кўп қатламли тузилмалар параметрларини тадқиқ этиш;
  • яримўтказгичлар физикаси ва яримўтказгичли микроэлектроника соҳасида илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун Институтни зарур замонавий ўқув ҳамда илмий лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш орқали унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
  • олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, хўжалик бошқаруви органлари, саноат ва бошқа манфаатдор ташкилотлар, шунингдек, хусусий секторнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш учун яримўтказгичлар физикаси ҳамда яримўтказгичли микроэлектроника соҳасида инновацияларни жорий этишга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • барча босқичларда фундаментал ва амалий илм-фаннинг таълим жараёни билан интеграциялашувини таъминлаш, бу борада ўқув-тажриба, лаборатория ва курс ишларини бажариш, ишлаб чиқариш ва дипломолди амалиётларини ўташ учун лаборатория базасидан фойдаланиш;
  • тегишли бакалавриат таълими йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг янги ўқув дастурлари, дарсликлари, ўқув қўлланмаларини яратишга амалий ёрдам кўрсатиш орқали ўқув-методик ишларнинг даражаси ҳамда сифатини ошириш;
  • яримўтказгичлар физикаси ҳамда яримўтказгичли микроэлектроника соҳасида халқаро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш, ҳамкорликдаги халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек халқаро илмий анжуманлар ҳамда симпозиумларни ташкил этиш ва ўтказиш;
  • бакалаврлар ва магистрларни тайёрлашда илмий-методик ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Институт негизида физиканинг тегишли ихтисосликлари бўйича олий таълимдан кейинги таълим институтларида таълим олишни ташкил этиш орқали олий малакали илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;
  • яримўтказгичлар физикаси, микроэлектроника ва фотоника соҳасида илмий ҳажмдор технологияларни яратиш ҳамда инновацион ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, шунингдек, республика ташкилотлари ва иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларига мувофиқ илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш.

Илмий-тадқиқот институти ташкил этилиши билан унинг олдига бир қатор вазифалар қўйилган эди. Ҳозирда ана шу вазифаларни ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, илмий-тадқиқот ишларининг натижаларини чоп этиш учун Институтда «Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника» илмий журнали таҳририяти ташкил этилди ҳамда 01.04.10 – яримўтказгичлар физикаси ихтисослиги бўйича фалсафа доктори илмий даражасини берувчи PhD.30.08.2018.FM/T.01.12 рақамли Илмий кенгаш ОАК-нинг 30.08.2018 йилдаги 201-сон қарорига асосан ташкил этилди. Ҳозиргача бу Илмий кенгашда 6 та илмий семинар ва 3 та диссертация ҳимояси бўлиб ўтди.

Институтда олий таълимдан кейинги таълимни шакллантириш ва илмий фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида 01.04.10-Яримўтказгичлар физикаси йўналиши бўйича таянч-докторантура мавжуд бўлиб, унда ҳозирда 5 нафар таянч-докторант ва 2 нафар мустақил изланувчилар етакчи олимлар раҳбарлиги остида таҳсил олмоқдалар.

Институтда 8 та илмий лабораториялар (Яримўтказгичлар физикаси, Яримўтказгичлар микроэлектроникаси, Квант электроникаси ва лазер технологиялари, Гелиофизика ва муқобил энергия манбалари, Ядро-физикавий тадқиқотлар, Яримўтказгичлар материалшунослиги, Қаттиқ жисмларнинг радиацион физикаси, Конденсацияланган муҳитларнинг назарий физикаси) ва 8 та бўлим бўлиб, жами 63 та ходим фаолият олиб бормоқда. Улардан 14 таси фан доктори (Утамурадова Шарифа Бекмурадовна, Раҳматуллаев Ильяс Арзимуродович, Холбоев Исабек Холбоевич, Муминов Толиб Мусаевич, Насриддинов Сайфулло Саидович, Азаматов Зокир Тохирович, Далиев Хожиакбар Султанович, Тагаев Марат Баймуратович, Мамадалимов Абдуғафур Тешабоевич, Эгамбердиев Бахром Эгамбердиевич, Иноятов Анвар Хидоятович, Каримов Абдулазиз Вахитович, Ёдгорова Дилбара Мустафаевна, Рисбаев Абдурашит Сарбаевич), 15 таси фан номзоди (Рахматуллаев Мубин Рахмонович, Руми Ринат Фуатович, Муминов Алишер Толибович, Сайдимов Якуббай Атабаевич, Абдурахманова Мунаввар Абдурахмановна, Абдулхаев Ойбек Абдулазизович, Акбарова Нигора, Гиясова Феруза Абдуазизовна, Хамиджонов Исломжон Холматович, Мамаюсупова Муқаддас Исмоиловна, Хакимов Алим Адылович, Рамазанов Асрор Хамроевич, Тўйчиев Мусақул, Далиев Шохрух Хожиакбарович, Полвонов Сатимбой Ражапович). Институтда умумий қиймати 548486,5 млн.сўм бўлган 6 та илмий лойиҳа бажарилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, институтнинг асосий вазифаларидан бири янги яримўтказгичли материалларни яратиш технологияларини ишлаб чиқиш ва улар асосидаги микроэлектроника соҳасини ривожлантириш ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мен 1-босқич таянч-докторант сифатида илмий раҳбарим физика-математика фанлари доктори, профессор Утамурадова Шарифа Бекмурадовна билан биргаликда “3d элементлари билан легирланган кремнийда киришмаларнинг ўзаро таъсирлашув жараёнлари” мавзуси остида илмий иш устида изланишлар олиб бормоқдаман. Ҳозиргача илмий иш натижаларини хорижда ва Республикамиздаги журнал ҳамда анжуманларда чоп этиб келмоқдамиз.

Институтда илмий фаолият билан шуғулланиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Яримўтказгич материалларининг барча хоссаларини тадқиқ этиш учун керакли лаборатория жиҳозлари мавжуд. Институтда “устоз-шогирд” тизими самарали йўлга қўйилган. Жумладан, илмий ходим Ҳамдамов Жонибек биз каби ёш таянч-докторантлар ва магистрларга ўз билим ва кўникмаларини бериб келмоқда. Қолаверса, институтда хафтанинг хар чоршанба куни физика-математика фанлари доктори Раҳматуллаев Илёс раислиги остида доимий тарзда илмий-семинар ташкил этилган бўлиб, унда етакчи устозлар билан биргаликда яримўтказгичлар физикасига оид муаммо ва масалаларни муҳокама қилиб келмоқдамиз.

Институтимиз чет элнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан илмий фаолият юзасидан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб келмоқда. Жумладан, институтимиз олимлари ва Россия федерациясидаги А.Ф.Иоффе номидаги Физика-техника институти, М.В.Ломоносов номидаги Москва Давлат университети, Австриянинг Вена университети, Буюк Британиянинг Астон Университетининг Фотон технологиялари Астон институти, Корея Республикасининг Чунгнам Миллий Университети ва Сеул Миллий Университети ҳамда Германиянинг Бремерхафеннинг амалий фанлар Университетлари олимлари билан ҳамкорликда яримўтказгич материалларнинг муаммоларига бағишланган илмий мақола ва тезислар чоп этиб келинмоқда.

2019-2020 ўқув йил учун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг физика факультетининг таълим жараёнини Институтнинг илмий фаолияти билан интеграциялаштириш бўйича бажариладиган ҳамкорлик ишлари дастури ишлаб чиқилди. Ҳамкорлик иш дастури асосида факультетнинг бакалавр йўналиши ва магистрлик мутахассисликларининг 2018-2019 ўқув йиллари ўқув режаларига киритилган малака амалиёти ва битирув малакавий ишлари ҳамда магистратура мутахассислиги бўйича илмий амалиёт ва магистрлик диссертацияларини институтнинг лабораторияларида ўтказиш бўйича бугунги кунда 5 нафар бакалавриат талабалари ҳамда 18 нафар магистрлар жалб қилинган.

Бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассисликлари бўйича талабаларнинг яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника соҳасидаги назарий билимларини кўникма ва малака даражасида ривожлантириш мақсадида янги лаборатория ишларини ҳамда дунё олимлари илмий тадқиқотлари натижасида яратилаётган янги билим ва технологияларга асосланган ўқув дастурларини қайта ишлаб чиқиш, методик қўлланмалар, дарсликлар яратиш режалаштирилган.

 

Қаҳрамон ФАЙЗУЛЛАЕВ,

ЎзМУ ҳузуридаги Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқот институти 1-босқич таянч-докторанти

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>