Интернетда урчиётган ишончсизлик

Ахборот тарқатишнинг энг қулай, бебаҳо воситаси — интернетни

беқиёс мўъжиза, дейиш мумкин.

Бугунги кунга келиб ҳаётимизни интернетсиз тасаввур эта олмайдиган даражага етдик. Шунга яраша юзлаб порталу веб-сайтларда исталганча илмий манбалар, турли адабиётларни бир зумда топиш имконига эгамиз. Энг муҳим ахборотлар сарчашмаси ҳам интернет бўлиб қолганини ортиқча изоҳлаб ўтиришга ҳожат йўқ.

Нур борки, соя бор, деганларидек, шундай коммуникация технологияларидан ғаразли мақсадларда фойланаётган, уни эрмакка, бузғунчилик ботқоғига айлантиришга чиранаётган манфур кимсалар ҳам кам эмас. Минг афсуски, уларнинг кимлигини билмасдан туриб ортидан эргашаётган, ноғорасига ўйнаб, бўлар-бўлмасга чапак чалаётган соддадил ёшларимиз хатарли йўлларга кириб кетаётганини билмай қолишаётир.

Бу мавзуда бонг урган таниқли ҳуқуқшунос Нуриддин Муродовнинг қуйидаги мақоласи миллионлаб эзгу ниятли Инсонлар дилидаги гаплар бўлибди. Бу мақоладан барчага сабоқ олса арзийди.

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети «Журналистика» кафедраси мудири,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Олмазор туман Кенгаши депутати

Н.МУРОДОВ: Қайсики ислоҳотга қўл урилмасин, ҳали ишлар бошланмасдан, интернетда ишончсизлик болалаб кетяпти

Нуриддин МУРОДОВ: Қайсики ислоҳотга қўл урилмасин, ҳали ишлар бошланмасдан, интернетда ишончсизлик болалаб кетяпти

ЁХУД НЕГАТИВ ВА ПОЗИТИВ ФИКРЛАШ ЎРТАСИДАГИ ФАРҚЛАРНИ АЖРАТИБ ОЛАЙЛИК
 
Тарозининг ҳам икки томони бор, бир томонига ўз манфаатингиз учун оғирроқ тош қўйсангиз, мувозанат бузилади. Дастлаб кимгадир, сўнгра бутун жамиятга зиён етади. Шу тариқа адолатсизлик юзага келади. Жамият тарозининг оғир томонига қараб оғиб кетиши ҳам мумкин. Ана кейин ҳақиқий фалокат, жамиятни “хаос”га етаклайди.
Кейинги пайтларда, айниқса, ижтимоий тармоқларда ҳаётдан нолиш, қайсики ислоҳотга қўл урилмасин, ҳали ўша хайр­ли ишлар бошланмасиданоқ, ишончсизлик билдириш, ҳеч бир фуқаролик масъулиятини ҳис қилмай туриб, масалани чуқур англамай, моҳиятига етмасдан осонгина қўл силташ ҳолатлари болалаб кетяпти.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Ҳайронман, жамиятда бирор бир мавқега эришмаган, ҳатто ўз яқин атрофидагилардан меҳр кўрмаган, диққат-эътиборни виртуал оламдаги “лайклар” ва “тўғри масала кўтардингиз, буларнинг танобини тортиб қўйиш керак”, “раҳмат сизга”, “юрагингиз иккитами дейман… қойил-ей”, “сизни қўллаб-қувватлайман” дейиладиган сохта шарҳлар йиғишга муккасидан кетганлар, диванда ётиб олиб, ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари(ўз шахсий саҳифаси ёки телеграм каналини қўяверинг)да айтаётган яхши-ёмон гапининг охир-оқибатини ҳам ўйламасдан, ўзларича жамоатчиликка тўла асосланмаган “негатив”ларни овоза қилиб хуморидан чиқадиганлар сафи кенгаймоқда.
Бугун ижтимоий тармоқ (виртуал олам)нинг “пиар” номли тўридаги ўзига ўхшаган тор доирада фикрлайдиганлар билан “ижтимоийлашган”, виртуал мулоқот оламининг фаолларимиз дейдиган, бир томонлама дунёқараши шакл­ланиб бораётган, ўзи қуруқ танқиддан бошқа жамият учун бирор-бир фойдали иш қилмай, сохта (реалликдан анча йироқ) бўлган ўз дунёсида “менман” (битта негатив постим бутун муаммони ҳал этади, ўша масалани мен кўтариб чиқдим, ҳал қилдим) деган маъно, аслида эса исталган масаланинг нуқул ёмон томонинигина кўрадиган, бошқа жиҳатини кўришга ақли етмайдиганларни ким деб аташ мумкин?
Аниқки, ушбу тоифа агар масалани борича, аниқ қўйса эди, маслакдошлари уни қўлламасди. Тарафкашлар фақат салбий фикрлайдиганларга овоз беради. Шунинг учун ҳам у мавжуд муаммонинг ёмон томонига урғу, позитив-ижобий томонига эса тақиқ қўяди (нопозитив) ёки масаланинг бошқа жиҳати унинг виртуал оламдаги “пиар” имижига салбий таъсир этади…
Яна бир гап, ижтимоий тармоқларда каналлар очиш, аъзоларни кўпайтириш, “виртуал шоу-бизнес” вакилига айланиш, шу орқали даромад манбаига эга бўлиш ёки айрим гуруҳ ва шахслар манфаатида ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш – булар бошқа, алоҳида мавзу бўлиши мумкин…
Шахсан менинг бугунги хавотирим бутун дунёда, ҳатто ривожланган, тараққий этган давлатларда ҳам амалда мавжуд ҳамда ечими билан кундалик ва тизимли шуғулланиш лозим бўлган масалаларни ушлаб олиб, “Ўзбекистондаги фалончи раҳбар қаёққа қараяпти, буниси-чи? Бу ҳукумат ўзи нима қилмоқчи? Ким-ким, мендек инсоннинг ижтимоий тармоқда билдирган мутлақ фик­ри жавобсиз қоладими, қани адолат, қани демократия, қани инсон ҳуқуқлари?” дейдиганлар тоифаси хавфли вирус сингари урчиб боряпти.
Вирусларни биласиз, аксарияти зиён келтирувчилар ҳисобланади. Хайриятки, улар орасида фойдалилари ҳам бор. Бизга айни дамда офат ёғдирувчи, зараркунанда вируслар ортиқча…
Демоқчиманки, ҳаммага кундай равшан бўлган мавзуни байроқ қилиб олиб, бўлар-бўлмасга ҳадеб нолийвермайлик. Бирор масала юзасидан негатив фикр бердингизми, агар ниятингиз холис, мақсадингиз аниқ бўлса, давлат ва жамият, халқ манфаатини устувор билсангиз, ўз фикрингизни исботланг. Тўғри, танқид қилиш бир дунё осмоний ваъдалар бериш ҳам осон, лекин келинг, амалий ҳаракат қилишга бош қўшмоққа чоғланган экансиз, ҳеч бўлмаса, ғийбат-туҳматдан холи, объектив ахборотлар, асослар, ечимлар таклиф этсангиз фойдали эмасми?
Яқинда ижтимоий тармоқларда айримлар ўзларича ҳукумат олиб бораётган ислоҳотларни танқид қилиб, биз сиёсий партия тузсак, ундоқ қиламиз, бундоқ қиламиз деб аравани қуруқ олиб қочишди. Хўш, мақсад-муддаонгиз давлат ва жамият манфаатларига хизмат қилишдек шаффоф, очиқ бўлса, яна битта сиёсий партия тузмасдан ҳам ҳукуматга таклифлар бериш, фаол фуқаролик позициянгизни тўғридан-тўғри ваколатли органларга мурожаат этиш орқали ҳам билдириш мумкин-ку! Мабодо бу ниятларингиз ортида шахсий қараш ва манфаатларингиз яширин бўлмаса…
Шу ўринда позитив фикр юритиш ва фаол фуқаролик позициясини ошкора билдириш учун асослар сифатида кейинги уч йилда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг айримларини келтириб ўтиш жоиз деб ҳисоблайман:
 
  юртимизда сўз ва фикр юритиш ҳамда эътиқод эркинлиги ҳуқуқи амалда таъминланди;
 
  диний эътиқод, диний бағрикенглик масаласида 2016 йилдан бошлаб илк бор тақиқланган гуруҳлар аъзолари афв этила бошланди, 20 000 дан ортиқ юртдошимиз “қора рўйхат”дан чиқарилди, амалда “қора рўйхат” деган тушунча йўқ қилинди. Айниқса, Президентнинг БМТда “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси ҳамда “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси”ни қабул қилиш ташаббусини илгари суриб, бунга эришгани бу юртимизда давлат сиёсати негизида инсоннинг ҳар қандай ҳуқуқлари устуворлигини англатади;
 
   болаларнинг мажбурий меҳнатига амалда чек қўйилди;
 
  пахта “умуммиллий ҳаракати” ислоҳ этилди. Пахта режаси деган тушунчага барҳам берилиб, меҳнатга яраша тўлов жорий этилди. Ўқитувчи ва соғлиқни сақлаш ходимлари, талабалар ҳамда бошқа давлат ташкилотлари ходимларининг беминнат хизматларидан фойдаланиш амалиёти деярли тугатилди;
 
  Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилиниши бекор қилинди, Ўзбекистонда прописка тизими, шубҳасиз, босқичма-босқич барҳам топиб бормоқда;
 
  қатор давлатлар билан визасиз тизим жорий этилди ва Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам қатор давлатларда виза тартиби бекор қилинди. Туризм ривожланиш сари қадам ташлади. Туристлар сони тўрт баравар ошди, бу соҳада хизмат кўрсатишнинг комплекс тармоғи шакллана бошлади, соҳада минглаб аҳолига янги иш ўринлари яратилмоқда;
 
  Ўзбекистоннинг чет элдаги элчилари фаолиятидан энди хориждаги фуқароларимиз кенгроқ бохабар бўла бошлади. Бир сўз билан айтганда, элчиларни халқ таниди, уларнинг халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдаги роли сезиларли оширилди;
 
  чегаралар очилди, ташқи сиё­сатда яхши қўшничилик – яқин қўшничиликда “янги баҳор” сиёсати ўрнатилди;
 
  “ЯИМ 8 фоиз ўсди, бюджет 2 фоиз профицит билан бажарилди”, деган ҳисоботлардан воз кечилди;
  
  давлат бюджети, ЯИМ таркиби ва харажатлар, валюта ва олтин захирасига оид маълумотлар, давлат ғазнасига оид ҳисоботлар очиқланди;
 
  қанчалик мураккаб бўлмасин валютани либераллаштириш сиёсати изчиллик билан олиб борилмоқда;
 
  Мамлакатнинг исталган ҳудудида яшаётган пенсионер ва бошқа қатлам вакиллари ўз нафақасини илк марта нақд пулда олди. Энди улар туман марказига пул тўлаб транспортда боради, сир эмаски, унгача нақд пул олмагандан кейин яёв юришга ҳам мажбур эди, жойларда транспортларда нақдсиз пул тўлови шаклланмаган ҳолатида;
  
  нақд ва нақд пулсиз тўлов тафовутлари йўқ қилинди. Энди узоқ туманларда ҳам нақдсиз харид қилган маҳсулотингиз учун ортиқча 20 фоизгача устама тўламайсиз;
 
  давлат идоралари фаолияти очиқланди ва раҳбарлар жамоатчилик олдига чиқиб бемалол гапирадиган бўлди;
 
  ортиқча йўл патруль постлари олиб ташланди;
 
  коррупцияга қарши курашга алоҳида масъул агентлик ташкил этилди. Бу эса, айни соҳада ҳам ислоҳотлар ортга қайтмаслигидан далолатдир;
 
  инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалий ишлар қилинмоқда. Аввало, қийноқлар тан олинди. Тергов фаолияти ислоҳ этилмоқда. “Жаслиқ” жазони ижро этиш муассасаси фаолияти тугатилди;
 
  бугун судларда оқлов ҳукмлари чиқариш одатий ҳолга айланди. Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо чораларини тайинлаш сезиларли равишда камайди;
 
  судлар мустақиллик сари илк қадамларини ташлашга улгурди;
 
  одил ва мустақил судловни таъминлаш, суд ва тергов органларида инсон ҳуқуқларини амалда самарали таъминлаш, ишончли ҳуқуқий ҳимоя ва адвокатура институти мавқеини ошириш юзасидан Президент томонидан 16 та фармон, қарор қабул қилинди. Шу асосида қонунларга тузатишлар киритилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Исбот тариқасида жорий йил 24 июнда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ҳамда куни кеча имзоланган “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинлик­ларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давомидир десак бўлади;
 
  тадбиркорларни текшириш­лар амалда кескин қисқарди;
 
  ҳукумат муаммоларни тан олмоқда ва очиқ муносабат билдирмоқда;
 
  қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар сотувига рухсат берилди;
 
  эндиликда хусусийлаштириш натижалари амалда қайта кўриб чиқилмайди;
 
  таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги тизимли муаммолар эътироф этилди, тан олинди. Уларнинг ечимига қаратилган ислоҳотлар ҳаётга татбиқ қилинмоқда;
 
  олий таълим тизимида квота институтини йўқ қилиш сари ишлар изчил амалга оширилмоқда. Фуқароларимизнинг чет давлат ОТМларидан Ўзбекис­тон ОТМларига ўқишини кўчириш соддалаштирилди, ҳатто жорий йил ўқишни кўчиришга ялпи равишда рухсат берилди;
 
  мактабгача таълимда қамровни тўла таъминлаш сари амалий ишлар давом эттирилмоқда, хусусий сектор ҳам бунга кенг жалб этилди;
 
  ўқитувчиларнинг ойлиги ва мавқени ошириш сиёсати тизимли давом эттирилмоқда. Ўқитувчиларни бошқа мажбурий меҳнат ва жамоат ишларига жалб қилиш амалиётига деярли чек қўйилди;
 
  фидокор меҳнат муҳожирларимиз эндиликда расмий статистикаларда ҳам тан олинди. Уларга муносиб шароит яратиш, оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш бўйича давлат раҳбари фармони имзоланди, бу борада изланишлар олиб борилмоқда;
 
  айнан Президент халқ қабулхоналари томонидан аҳолининг арзон ва умуман уй-жойга бўлган юқори талаби, камбағал фуқаролар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ночор аҳволи кўтариб чиқилди. Жойларда тезкорлик билан қулай ипотека шартларида арзон бўлган минглаб тураржойлар қурилиб, ўз эгаларига берилмоқда. Муҳтожларни текин уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳам четда қолмади. Масалан, биргина ўтган 2019 йилнинг ўзида Тошкент шаҳрида 500 дан ортиқ квартира ҳеч бир шартсиз муҳтожларга текинга берилди. Ушбу эзгу иш республика миқёсида давом этмоқда;
 
  йиллар давомида йиғилиб қолган ва кўз юмилган аҳолининг ижтимоий (баъзан табиий эҳтиёжига оид муаммолар ҳам) муаммоларини ҳал этиш учун давлат бюджети ва грант ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан, “Халқимиз бугун яхши яшаши керак” деган тамойил асосида амалда қўрқмай, очиқ-ошкора маблағ ажратиш кенг йўлга қўйилди. Фикримиз исботини биргина Мўйноқ туманига олиб борилган ичимлик сувида ҳам кўриш мумкин. Ёки “Орол”ни ўрмонзорга айлантириш юзасидан қилинган амалий ташаббус ва амалий иш республика аҳолисини шу ташаббус доирасида бирлаштирган умумҳаракат сифатида акс этганини эслаш кифоя;
 
  амалда жамоатчилик назорати учун барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди. Жамоатчилик палатаси ташкил этилди, Ёшлар парламенти тузилди, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилди;
 
  маъмурий ислоҳотлар концепцияси амалга киритилди. Давлат функциялари ННТ ўтказиш ишлари давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида белгиланди. 100 дан ортиқ вазифалар ННТларга ўтказилди. Бу жараён давом этади;
 
  Парламент ва маҳаллий вакиллик органлари ваколатлари кенгайтирилди. Бу борадаги ислоҳотлар ҳам мантиқий давомлиликка эгадир;
 
  “давлат идоралари халққа хизмат қилиши”, “инсон манфаатлари устуворлиги” тамойили давлат сиёсатининг бош майдонига олиб чиқилди. Халқ қабулхоналари, виртуал қабулхоналар, Давлат хизматлари агентлиги орқали давлат хизматларини кўрсатиш кенг йўлга қўйилди. Электрон ҳукумат, бюрократиясиз фаолият сари тизимли ишлар қилинмоқда.
 
  ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ва Миллий армия ислоҳ этилди. Миллий армия рейтинги бир неча бор юқорилади. Мудофаа саноати йўлга қўйилди, бу учун махсус қўмита ташкил этилди. Янги ташкил этилган – Миллий гвардия халқ ичига кира олди;
 
  энг асосийси эса, давлат ва ҳукумат ҳар бир мурожаат ва муносабатга имкон қадар эътибор қаратмоқда. Жамоатчиликнинг фикр ва мулоҳазаларини ўрганмоқда ва ҳисоблашмоқда.
Мисол учун: биргина бизнинг йигирмага яқин таклифимиз Президентнинг парламентга жорий йилги Мурожаатномасида акс этди ва тегишли давлат Дастуридан ўрин эгаллади.
Ҳар қандай расмиятчиликдан холи равишда, объектив ёндашиб, юқоридаги каби ислоҳотлар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Лекин асл муддао бунда эмас.
Тўғри, ҳаётга татбиқ этиладиган ислоҳотлар ҳар доим ҳам силлиқ кетиб, ўзининг кутилган натижасини бирданига тақдим қилавермайди. Ислоҳотларнинг 20-30 фоизи кутилган самарани тақдим этмаслиги ёки қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ҳам айнан шунча фоизи ўз вақтида ижро этилмаслиги ёхуд умуман ижро этилмасдан қолиб кетиши ҳам мумкин. Бу жараён ва ҳолат ҳам фалокат эмас, тараққий этган давлатлар тажрибасига таянсак ҳам, бу табиий ҳолат, бекаму-кўст ислоҳотлар жараёнининг ўзи жаҳон тажрибасидаги ноёб ҳолатлардандир.
Шундай экан, кенг қамровли ислоҳотлар жараёни албатта, катта куч, тажриба, фидокорлик (Жанубий Корея фуқаролари каби қимматбаҳо тошларини ҳам давлатни қўллаб-қувватлаш учун топширганини мисол қилиб келтирмоқчи эмасман), меҳнат, маблағ ва белгиланган вақтни талаб қилишини охир-оқибат тушунишимиз ёки бўлмаса теран англаб етишимиз ва шунга хоҳиш-иродамиз бўлиши, буни тан олишимиз муҳимлигини таъкидламоқчиман, холос.
Илло, юртимиздаги бугунги шиддатли ислоҳотлар пакетларини тан олмаслик, кўриб кўрмасликка олишга ҳеч биримизнинг на маънавий, на ҳуқуқий жиҳатдан ҳаққимиз бор.
Билакс, бу ислоҳотлар жараёнига фақатгина негатив фикрларга асосланган, арзон популизмга муккадан кетиш, фаол фуқаролик позициямиздан, давлат ва жамият, она халқимиз ва жонажон Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчимиздан бироз йироқлаштириши эҳтимолдан холи эмас.
Мисолни узоқдан изламайлик. Бугун Ғарбни қийнаётган энг асосий икки муаммо: иккинчиси – мигрантлар оқимини тўхтатиш масаласи бўлса, биринчиси – сиёсий (ижтимоий) популизмдир.
Биздаги қанотчаларини ёзиб шаклланаётган шахсий пиар, арзон ижтимоий (сиёсий) популизмни хавфи эса, ўн баробар юқори негаки, бунинг асоси бир томонлама негатив факторлар доирасига таянса, популизмдаги мунозара ва муҳокама жараёнлари фаолиятга эмас кўпроқ шахсларга қаратилиб, маданий аҳамият касб этмаяпти. Тажовузкорлик кайфияти белгилари сизиб чиқмоқда. Бу эса, нафақат ижтимоийлашув жараёни қоидаларига, балки, жамиятнинг ижтимоий қадриятларига ҳам путур етказиши мумкин.
Яна бир гап, муборак ҳадисларда келтирилганидек, “Барча амаллар ниятга қараб бўлади”. Пок ниятлар билан бошланган хайрли ишлар, албатта, ижобат бўлади. Агар ислоҳотлар жараёнига ўз ҳиссамизни қўшиш, хайрихоҳ бўлишни истамас эканмиз, ҳеч бўлмаса, бу жараёнларда жамият умумкайфиятига салбий таъсир этувчи, асоссиз негативлар ўрнига фойдали иш билан машғул бўлиш хайрлироқдир.
Мухтасар фикримиз шундай: Президентимизнинг жорий йил аввалидаги парламентга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳиятида шундай ҳикматли маънолар мужассам эди, яъни барчамиз бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир халқмиз. Бугунги пандемия шароитида юзага келган мураккаб синовлар ҳам ортда қолиши шубҳасиз. Ҳар қандай шароитда ҳам ўзимизнинг ақлу тафаккуримиз доирасида ҳаётга тўғри назар билан қарайлик.
Нуриддин МУРОДОВ,
ҳуқуқшунос

http://uza.uz/oz/society/n-murodov-aysiki-islo-otga-l-urilmasin-ali-ishlar-boshlanmas-13-08-2020

You may also like...

1 Response

  1. Благодарю за информацию

Добавить комментарий для Илья Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>