“Истанбул дафтари”ни варақлаб…

Аброр Ғуломов ЎзМУ Журналистика факультетида ўтган аср саксонинчи

йилларида таҳсил олиб юрган кезларидаёқ ноёб истеъдоди, фаоллиги, изланувчанлиги билан тенгдошлари эътиборини қозонгани ёдимизда. Йиллар давомида у ижод ва сиёсат майдонида ҳавас қилса арзигулик йўлларни босиб ўтди. Устоз журналист-адибнинг янги китоби талабаларимиз учун яхшигина маҳорат сабоқлари бўлади, дейди Дониш домла.

“Истанбул дафтари”ни варақлаб...

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи таниқли журналист Аброр Ғуломовнинг “Истанбул дафтари” китобини чоп этди.
Китоб муаллифнинг Туркия Республикасидаги 2005 йилдан 2016 йилгача бўлган фаолияти асносида ёзилган. Унга Туркия тарихи, қадим давлатчиликда ўзбек-турк муносабатларидан тортиб, Истанбулнинг кечаси ва бугуни акс этган мақолалар киритилган. Шу билан биргаликда Аброр Ғуломов китобда устозларини хотирлайди, улардан олган сабоқларини эслайди.
Китоб замонавий кўринишда бўлиб, унинг ичидаги суратлар тўплам кўркига-кўрк бахш этган. Китобнинг орқа қисмида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг муаллиф ва унинг янги тўплами ҳақида қуйидаги сўзлари келтирилган :
“Аброр Ғуломовнинг асл касби журналист, университетни хатм этгач, бир муддат “Тошкент ҳақиқати ” газетасида мухбир, кейинчалик икки қайта “Жаҳон” ахборот маҳкамасига раҳбар бўлди. Ўзбекистон Президенти девонида масъул вазифаларда ҳам хизмат қилган. Шу кунларда республика парламенти Қонунчилик палатасининг халқаро робиталар бўйича шўъбасини бошқармоқда.
Бу орада дипломатик хизматда ҳам бўлиб, мамлакатимизнинг Истанбулдаги Бош консулхонасига сардорлик қилди. Кам эмас, кўп эмас –қарийб 11 йил. Шунча муддат мусофирлик насибасини татиган одам нималарни кўрмайди, кимлар билан учрашмайди дейсиз! Ана шу таассуротлар зое кетсинми? Айниқса, қўлингизда қаламингиз бўлса!
Олис ва кўп муддатли хизмат сафаридан келгач, дипломат-журналистимиз кўрган-кечирганларини йириккина китоб қилиб битди. Туркий эллар дўстлиги йўлида мустаҳкам қовушқоқ бўлгувчи ушбу асарнинг китобхонлар сари сафари қутлуғ бўлсин!”
Қуйида муаллифнинг “Истанбул дафтари”дан олинган хотираларидан бирини эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз:
Туркияга илк ташриф
Туркиянинг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатурк 1933 йилнинг 29 октябрь Жумҳурият байрами куни сўзлаган нутқида “Совет иттифоқи бир кун келиб парчаланади ва у ердаги турк республикалари мустақил бўладилар”, деб башорат қилган эди.
Мустафо Камол Отатуркнинг шахси, Туркия тарихида тутган ўрни ва хизматлари ҳақида озми-кўпми тасаввурлар бор зиёлиларимиз жамоатчилиги орасида. Бироқ у инсоннинг айни мазкур нутқи бизнинг диёрларга етиб келмаган, бинобарин ундан бехабармиз. Шу боис тарихий асосий ўринларига мурожаат қилсак фойдадан холи бўлмас.
“Бугун Совет Иттифоқи дўстимиз, қўшнимиз, иттифоқдошимиздир. Бу дўстликка эҳтиёжимиз бор. Фақат эртага нима бўлишини ҳеч ким айтиб беролмайди. Усмонли каби, Австрия-Венгрия каби парчаланиши, майда бўлакларга бўлиниб кетиши мумкин. Бугун қўлларида маҳкам ушлаб турган миллатлар қочиб кетиши мумкин. Дунёда бошқа бир янги мувозанат пайдо бўлиши мумкин. Ана ўшанда Туркия нима қилажагини яхши билмоғи керак. Бу давлатнинг ичида дили бир, эътиқоди бир ўз қардошларимиз яшамоқда. Уларга соҳиб чиқишга тайёр бўлмоғимиз керак. Ҳозир бўлиш керак дегани сокинча у кунни кутиб ўтириш керак дегани эмас. Тадоригимизни кўрмоғимиз керак.
Миллатлар бу ишга қандай тайёргарлик кўрадилар? Маънавий кўприкларни мустаҳкам сақламоқ билан! Дин бир кўприкдир… Эътиқод бир кўприкдир… Тарих бир кўприкдир.
Илдизларимизни танимоғимиз ва содир бўлган воқеалар тарихининг ичида бутунлашмоғимиз керак. Уларни (ташқаридаги туркларни) биз томон яқинлашмасини кутиб туролмаймиз. Бизлар уларга томон одим отмоғимиз керак…”.
Биродарим, ҳамшаҳрим Чиғатой Кочар тўғри айтди, доҳий Мустафо Камол Отатурк Туркия Совет Иттифоқи билан муносабатлари анча дуруст бўлиб турган бир пайтда ниҳоятда дадиллик билан айтган, узоқни кўра билиб, фидойилик ва жасорат кўрсатиб айтган. Нутқнинг мазмуни, қадри мана шунда ҳамдир.
Мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳам ўз навбатида илк муносабатлар ўрнатилаётган даврда шундай хитоб этган эди:
“Тарихий сабабларга кўра сизлар Онадўли томонларида яшашга мажбур қолдингиз, бизлар эса ота юртда қолдик. Орамиздаги масофа узоқ бўлса ҳам қалбларимиз ҳеч қачон бир-биридан узоқлашмаган. Биз асрлар давомида жудаям мураккаб шароитларда бўлсак-да бир-биримиздан маънавий руҳ олиб яшадик. Бундай бахтни Аллоҳ бошқа ҳеч қандай миллатга бермаган. Бу ҳақиқатни яхши англашимиз ва жудаям яхши ҳимоя этишимиз керак. Аҳмад Яссавий, Жалолиддин Румий, Мирзо Улуғбек, Юнус Эмро, Алишер Навоий каби буюк устоз ва олимларимизнинг номини билмаган ҳеч бир ўзбек ва турк йўқ десак муболаға бўлмаса керак. Муштарак тарихимиз, тилимиз, бир бўлган динимиз, маънавий меросимиз, дўстлигимизнинг ҳақиқий юзи бу!”…
Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қаторида Туркия Жумҳурияти эътироф этган. Беихтиёр савол туғилади: нима сабабдан биринчилар қаторида? Нега биринчи бўлиб эмас?!
1991 йилнинг августдаги амалга ошмаган давлат тўнтаришидан кейин Совет Иттифоқига кирувчи республикалар бирин-кетин мустақиллигини эълон қилишни бошлайдилар: август ойида Украина, Белорус, Молдова, Ўзбекистон, Қирғизистон, сентябрда Тожикистон, Арманистон, октябрда Туркманистон.
Эски советлар таркибига кирувчи, хусусан туркийзабон давлатларни қутлашда Туркия нега биринчиликни қўлга олмади, деган ҳақли савол туғилиши табиий.
Озарбайжоннинг Олий Мажлиси 30 августда “Озарбайжон Республикасининг давлат мустақиллигини тиклаш тўғрисида декларация” ва 18 октябрда эса “Давлат мустақиллиги тўғрисида Конституцион акт”ни қабул этади. Расмий Бокунинг талаби билан 9 ноябрь куни Туркия давлати Озарбойжон мустақиллигини эътироф этади.
Ўзбекистон раҳбарияти мустақилликка эришилгач, биринчи расмий хориж сафарини (1991 йил 16 декабрь куни) Туркиядан бошлади.
Ваҳоланки, Туркия ҳали Ўзбекистон мустақиллигини расман эътироф этмаган эди. Назаримизда, бу “сусткашлик” расмий Олма-отанинг ҳалигача ўз мустақиллигини эълон қилишга шошмаётгани билан боғлиқ эди. Анқара ҳукумати Қозоғистондан келадиган хушхабарни кутаётган эди.
Бахтли тасодифни қарангки, Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон раҳбарияти аъзолари ва вакиллари самолёти Тошкентдан ҳавога кўтарилган пайтда Қозоғистон мустақиллиги эълон қилинган, Анқарада эса Туркия Вазирлар Маҳкамаси навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиб, Ўрта Осиё республикалари ва Қозоғистоннинг мустақиллигини тан олиб улгуради!
Икки тараф учун шу кунги хурсандчилик-шодиёнанинг чеки йўқ эди. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг икки томонлама музокаралар учун йиғилиш залига кирилаётганда СССРнинг Туркиядаги элчиси Альберт Чернишев ҳам ҳайъатга қўшилишга чоғланади. Шунда Ислом Абдуғаниевич у кишига мурожаат этиб, бу ерда Ўзбекистон -Туркия ўртасида суҳбат боради, сиз бошқа ишингизни қилаверинг, деб “илтифот” кўрсатади. Бироқ элчи жаноблари ўзбекона лутфнинг салмоғини идрок этолмай қуюшқондан чиқа бошлайди: “Мен ҳам бу учрашувда иштирок этаман,” деб туриб олади.
– Кечирасиз-у, сизнинг бу ерда мутлақо ишингиз йўқ!
– Мени бу йиғилишда иштирок этишимни Москвадаги раҳбарларим талаб этишган.
– Демак, сиз бу мажлис натижаси тўғрисида Москвага ҳисобот ёзишингиз керак, шундайми?
Элчининг чеҳрасига табассум югуради, ҳамон хомтамалик билан Ислом Каримовга мамнунлигини изҳор этишга уринади:
– Тушунган одамнинг садақаси кетса арзийди.
Шундан сўнг Ислом Абдуғаниевич ўзига хос очиқчасига кўчади:
– Менга қаранг, сиз СССРнинг Туркиядаги элчиси эдингиз. Шундайми?
– Ҳозир ҳам шундай!
– Бугун СССР деган давлат йўқ, ёзадиган ҳисоботингизнинг манзили ҳам мужмал. Бу ерда икки мустақил давлат, яъни Ўзбекистон ва Туркия мамлакатлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтади. Сизга жавоб, илтимос, бизга халақит берманг!
Оёқ устида бўлиб ўтган ўша тарихий “гурунг” турк матбуотида фахр-ифтихор билан ёритилди. “Кечагина бўлган буюк Совет Иттифоқи давлати элчисининг мулзам аҳволини тасвирлашга сўз ожиз. Бу воқеага гувоҳ бўлган биз турк журналистлари биродар, қардош, дўст Ўзбекистоннинг мустақилликка эришишини неча ўн йиллардан бери орзиқиб кутган эдик. Озодлик билан бу давлатга мард, жасур Ислом Каримовдек раҳбар бергани учун Аллоҳга шукроналар келтирдик”, деб ёзди ўша пайтда турк матбуоти.
Илк марта мустақил Ўзбекистон ва Туркия байроқлари билан безатилган муҳташам залда икки давлат ўртасидаги муносабатларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўша йилнинг 22 декабрь куни расмий ташриф билан Туркияга келган Қирғизистон Президенти Аскар Акаев бошчилигидаги ҳайъатнинг икки томонлама музокараларида эса элчи Альберт Чернишев иштирок этади…
http://uza.uz/oz/society/istanbul-daftari-ni-vara-lab—18-01-2020

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>