Ифтихорим байроғим!
ЎзМУ Журналистика факультетида 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси
давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан «Ифтихорим байроғим!» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Жамоатчилик билан алоқалар назарияси ва амалиёти кафедраси доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Олтин қалам» мукофоти совриндори Тўлқин Эшбек юртимиз мустақилликка эришган йили юз берган воқеалар ҳамда давлатимиз байроғи ҳақида атрофлича сўз юритди:
— 1991 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонуни қабул қилинган. Шу билан Давлат байроғимиз ҳуқуқий мақомга эга бўлган. Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллардир. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, озод Ўзбекистон фуқаролари учун мустақилликнинг муқаддас рамзлари – Давлат герби, Давлат байроғи, Давлат мадҳияси азиздир. Улар маънавиятнинг энг муҳим тимсолларидир. Шу боис, байроғимиз ёки гербимизга назар солганимизда ёки мадҳиямиз янграганда биз рухан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг юз томони ва орқа томонида дастага яқин жойида оқ рангли янги ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдуз тасвирланган. Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузнинг тасвири мовий рангли юқори эннинг ўртасидан 70×30 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган. Оқ рангли янги ой вертикал ҳолатда дўнг томони дастага қаратилган, дастадан 20 сантиметр масофада жойлаштирилган бўлиб, диаметри 30 сантиметрли доирага сиғади. Ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдуз диаметри 6 сантиметрли доирага сиғади. Доиралар орасидаги масофа 6 сантиметр. Юлдузлар узунасига ва тиккасига қуйидаги тартибда жойлашади: юқори қаторда учта, ўрта қаторда тўртта ва қуйи қаторда бешта юлдуз. Қуйи қатордаги юлдузлар янги ойнинг пастки учидан 3,5 сантиметр масофада жойлашади. Бугун миллий байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиздан ғурурланамиз. Хулоса ўрнида айтиш лозимки, давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз, айниқса, ёш авлод ёдда тутиши мақсадга мувофиқдир.
Сўнгги фикрлар