Ишлайман, деганга иш топилади!

Ўзбекистонимиз муҳити, шароитида бугун қўлидан иш келадиган одамга иш

топилади. Қишлоқларда аслида иш тиқилиб ётибди. Биргина 20-30, ҳатто, 50 сотих томорқасига эга одамлар йил-ўн икки ой мазза қилиб ишлаб, бой-бадавлат яшаса бўлади. Биз айтгандан зиёдроқ ишлаб, фаровон яшаётганлар ҳам кам эмас! Бироқ, дангасалар, ишга уқуви йўқроқ, лоқайдлар анча-мунча эканини деярли ҳар бир қишлоқда кузатиш мумкин.

Қишлоғимизда техника соҳасида олий маълумотли деган дипломга эга бўлиб, ўзини «ишсиз» ҳисоблаб юрганлар бор. Улар ўша соҳага қизиқиб ўқишга кирмаганларини ҳам биламан. Институтни амал-тақал битириб, диплом олган-у… қўлидан нима иш келишини ҳам билмай юрибди. Аслида, бугун техника, технология соҳаларида ҳақиқий билимга эга бўлганлар иш изламасдан, ўзлари қишлоқ хўжалиги учун инновациялар яратиши, амалда кўрсатиши ва энг бой-бадавлат одамга айланиб яшашлари керак эди!

Бизнинг журналистика соҳасида иш излаган одамни асло журналист деб ҳисобламайман. Ҳақиқий журналистни таҳририят ходимлари, Бош муҳаррирлар ўзлари излаб топадилар ва жон-жон, деб ишга қабул қиладилар! 1985 йили ЎзМУ (ўша даврдаги ТошДУ) Журналистика факультетини тамомлаш арафасидаёқ мени Қибрай туман газетасига ишга таклиф этишган эди. Ваҳоланки, у пайтлари вилоятдан келган йигит-қизларни ўқиши битгач, Тошкентда қолишига йўл қўймай, келган вилоятларига ёки бошқа олисроқ жойларга жўнатишар эди. Ҳатто, тошкентлик тенгдошларимиз ҳам 2-3 йил олисроқ вилоятларда ишлаб келмагунларича дипломини беришмасди…

Ўшандан буён каминани республикамизнинг қанча газета-жуналларига, китоб нашриёти ва нуфузли муассасаларига ишга таклиф этишган. Шукрки, бирор жойга иш излаб бормадим. Энг қизиғи, бир вақтнинг ўзида 2-3 та муассасада (ЎзМУ Журналистика факультети асосий иш жойим, қолганлари билан шартнома асосида) ишлаб, меҳнатларимнинг роҳатини кўриб юрганимдан бахтиёрман!

Бугун ҳам Журфакда таҳсил олаётган ўнлаб талабаларимиз телевидение, радио, газета, журнал,  Ахборот агентликлари ва миллий интернет сайтлари таҳририятларида, Ахборот хизматларида шартнома асосида фаолиятларини бошлаганлари билан фахрланаман. Улар сафини янада кенгайтириш учун ҳар куни ижод сирларини ўргатишга, маҳоратдан ҳам сабоқ беришга ва илҳомлантиришга ҳаракат қилаяпман.

Кези келганда айтиб қўяй, баъзи юртдошларимиз АҚШ ва Туркияда нима иш қилаётганларидан ҳам бохабармиз. Бировларнинг уйида ёлланиб, хаста қарияларга ёки гўдакларига қараб, уларни кун-у тун парвариш қилиш билан шуғулланмоқда. Тўғри, шунга яраша меҳнат ҳақларини ҳам олишмоқда. Қаддини урсин. Бироқ, бу ўша давлатлар яратиб қўйган иш ўринлари эмаслигини ҳам эътиборга олиб қўймоқ лозим.

Сўнгги йилларда бутун Ўзбекистон бўйлаб кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Қанча завод ва бошқа корхоналар бунёд этилмоқда. Кўп қаватли уйлар ва бошқа иншоотлар қурилмоқда. Буларнинг ҳаммаси жуда катта ишчи кучи талаб этиши бор гап. Янги заводу корхоналарга малакали кадрлар керак бўлади. Ишнинг кўзини билган ишбилармон ва тадбиркорлар учун қанча имкониятлар яратилмоқда.

Демоқчиманки, энди юртимизда ишсизлик муаммоси ҳақида эмас, ҳамма қўлидан келадиган ишни қойилмақом қилиб бажариши ҳақида гапирса ярашади!

ЎзАда ёритилган қуйидаги хабарларни ўқиб, дилимда пайдо бўлган фикрларим Сизни ҳам уйғоқликка даъват этса ажабмас, дейди Дониш домла.

3

1

Шерзод КУДБИЕВ: Ўзбекистонда ҳам ишсизларга ишсизлик нафақаси берилмоқда

Шерзод КУДБИЕВ: Ўзбекистонда ҳам ишсизларга ишсизлик нафақаси берилмоқда

Бугунги кунда Ўзбекистонда 16 минг нафар киши ишсизлик нафақасини олмоқда.
Миллий матбуот марказида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги иштирокида матбуот конференцияси ўтказилмоқда. Тадбирда вазир Шерзод Кудбиев ҳам иштирок этмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 16 минг нафар киши ишсизлик нафақасини олмоқда.
Ўтган йили бу кўрсаткич 2,5 минг кишини ташкил этган. Шерзод Кудбиевнинг маълум қилишича, вазирлик шу вақтгача ишсизлик нафақасини тўлашни тамомила унутган эди. Мамлакат бандлик тизимида ўтган йиллардан бугунги кунга катта муаммолар мерос бўлиб қолган.
Рақамларга юзлансак, айни дамда 2,5 миллион аҳоли хорижда ишлайди. Мамлакатимизнинг 19 миллион аҳолиси ишга яроқли ҳисобланади. 13 миллион 400 минг киши расмий ва норасмий равишда иш билан таъминланган.
Шунингдек, мамлакатимизда айни пайтда 1 миллион 391минг нафар ишсиз мавжуд.

Шерзод КУДБИЕВ: Ўзбекистонда тракторчилар етишмайди

Шерзод КУДБИЕВ: Ўзбекистонда тракторчилар етишмайди

Бугун Миллий матбуот марказида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги иштирокида матбуот конференцияси ўтказилаётгани ҳақида маълум қилган эдик.Тадбир давом этмоқда.
Тадбирда вазир Шерзод Кудбиев ҳам иштирок этяпти.
“Айни дамда мамлакатимизда ветеренар, тикувчи, тракторчи яъни механизаторчилар етишмайди. Ҳозирда Ўзбекистонда 1 миллион 391 минг нафар ишсиз мавжуд. Бироқ, 150 мингта бўш иш ўрини учун малакали ва шу билан бирга оддий ишчилар етишмаяпти” деди Ш.Кудбиев ўз сўзида.
Бундан олдин, мамлакатимизнинг 19 миллион аҳолиси ишга яроқлилиги, 13 миллион 400 минг киши расмий ва норасмий равишда иш билан таъминлангани, шунингдек, Ўзбекистонда айни пайтда 1 миллион 391 минг нафар ишсиз мавжудлиги айтилган эди. 

Ҳокимлар нега ишхонада ухлайди? Иш вақтига қачон амал қилинади?

Ҳокимлар нега ишхонада ухлайди? Иш вақтига қачон амал қилинади?

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Миллий матбуот марказида ўтказилган тадбирда давлат органлари хизматчилари иш вақтидан ортиқча ишлашлари муаммоси кўтарилди. 
Журналист баъзи вилоят ҳокимлари билан интервью қилиш жараёнида уларни иш кўплигидан хизмат хонасида тунаб қолишларига гувоҳ бўлганликларини айтишди. Бунга жавобан вазир Шерзод Кудбиев қуйидагича жавоб қилди.
«Бутун дунёда давлат хизматини мувофиқлаштирувчи органлар бор. Бандлик хизмати давлат хизматини мувофиқлаштирувчи орган эмас. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ана шундай давлат хизматини мувофиқлаштирувчи орган тузиш бўйича таклиф киритилган. Айнан шу орган иш вақтига амал қилинишини тартибга солади. Қолаверса, белгиланган вақтдан ортиқча ишлаган жабрланувчи бизга мурожаат қилмаган. Агар мурожаат қилинса, биз, албатта буни кўриб чиқамиз ва белгиланган қонун доирасида чора кўрамиз», деди Ш.Кудбиев.
Бундан олдин вазир айни дамда мамлакатимизда ветеринар, тикувчи, тракторчи яъни механизаторчилар етишмаслигини, ҳозирда Ўзбекистонда 1 миллион 391 минг нафар ишсиз мавжудлигини, бироқ, 150 мингта бўш иш ўрини учун малакали ва шу билан бирга оддий ишчилар етишмаётганини айтган эди. 

http://uza.uz/oz/society/okimlar-nega-ishkhonada-ukhlaydi-ish-va-tiga-achon-amal-ilin-04-06-2019

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>