ИШТАҲА

Умар Хайём рубоийлари бир хўранда талқинида

Ушбу ҳазил шеърлар Умар Хайёмнинг рубоийларига ўхшатма! Буюк шоирнинг май ичишга даъват этадиган рубоийларини “бир хўранда талқинида” деб, май ўрнига ўзбекона палов ва бошқа таомларни “тараннум” этишга ҳаракат қилдик.

 31

 Ош есанг оқилу доно билан е,

Ёки бир гул юзли зебо билан е.

Шошмасдан, сочмасдан майдароқ чайна,

Тағин бўкиб қолма, меъёр билан е.

* * *

Дилингда бўлмасин қайғудан нишон,

Хуррамлик китобин ўқигин ҳамон.

Палов еб, бақувват бўлсанг қандоқ соз,

Нафсни тиёлмасанг шуниси ёмон.

* * *

Саҳар садо берди бизнинг ошхона,

Тўй қиламан десанг тайёр тўйхона.

Ҳатто маърака ҳам ўтказсанг бўлар,

Вақти-соат етиб тўлса паймона.

* * *

Замонасозларнинг сўзларидан кеч,

Гўзалларнинг қўлидан баъзан шўрва ич.

Дунёга келганлар бир-бир кетдилар,

Қайтганларин ҳеч ким кўрсатолмас ҳеч.

* * *

Ё раб, асир дилимга раҳмат бағишла,

Сийнам – ғам соҳилимга раҳмат бағишла.

Айтилмаган тўйга борганим учун,

Нафсим қурғурга ҳам “раҳмат” бағишла.

* * *

Дунёда бор нарса, бари нақш, хаёл,

Орифмас, кимгаки маълуммас бу ҳол.

Бир лаган ошни еб ҳушинг йиғиб ол,

Бу нақшу хаёлдан фориғ бўл дарҳол!

* * *

Ёшлик айёмида палов авлороқ,

Ҳатто шўрва, тандир кабоб авлороқ.

Тушдир, харобадир бу фоний дунё,

Юрсанг бойваччадек жаноб авлороқ.

* * *

Палов е, дейдилар, ортмас фиғонинг,

Нафсни тиёлмасанг, дўзах маконинг.

Бу ҳақ, аммо арзир икки жаҳонга –

Очликдан нолимай юрган ҳар онинг.

* * *

 

Топилса бир лаган палов қўлга ол,

Ҳар қандай даврада егил бемалол.

Фақат кўзга қара, нафсга эрк берма,

Еганингни дерлар бу ошиҳалол.

* * *

Ошни тоққа берсанг, тоғ ҳам рақс этар,

Ёмонлар ош қадрин билмасдан кетар.

Тош билан урганни ош билан урган,

Боплаб уялтириб, ниятга етар.

* * *

Кимдаки ақлдан бирон сатр бор,

Умрин бир лаҳзасин ўтказмас бекор.

Ё худо карамин истаб ўтади,

Ё роҳатин кўзлаб, палов ер бисёр.

* * *

Бу кун менинг қувноқ ёшлик замоним,

Ош есам ушалур орзу-армоним.

Айб қилмайман гўшти сал камроқ бўлса,

Серсабзи бўлса ҳам киради жоним.

* * *

Эй оллоҳ, оч менга ризқинг эшигин,

Махлуқ миннатисиз ризқимни бергин.

Девзира гуручдан бўлсин ошимиз,

Ош қадрин билмаган, тошингни тергин.

* * *

Дерларки, шаъбонда кўпроқ палов е,

Ражаб худо ойи, бир бор ис чиқар.

Ухлашдан олдин ҳам ейверсанг тинмай,

Ажалинг етмасдан нафс ерга тиқар.

* * *

Иймонли кишилар динидан кечмас,

Палов билан асло ароқ, май ичмас.

Кайфи харом, асли ўзи ҳалол, деб,

Ёлғон-яшиқ гапни ҳеч тўқиб-бичмас.

* * *

Дўстлар иноқликни қилсангиз одат,

Тез-тез дийдорлашиб, ўзни айланг шод.

Ошпаз зиғир ёғли ошни сузганда,

Ушбу сатрларни бир бор айланг ёд!

 

Умар Хайёмнинг руҳини шод этиб (ё чирқиратиб…)

Дониш ДОМЛА

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>