Кадрлар тайёрлаш йўлида оқилона ва дадил қадам!

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш

йўлида қанчалик оқилона ислоҳотларни дадиллик билан амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлари маърифатпарвар зиёлиларда жуда катта умид уйғотмоқда. 2017 йилгача бу борадаги энг чигал, мураккаб масала — олий таълим муассасаларига қабул жараёнидаги коррупция, таниш-билишчилик, порахўрлик балоси эди. Абитуриентни китоб ўқишдан, илм олишдан йироқлаштириб, онгини чалғитадиган бало — тест эди. Бу ҳақда сўнгги йилларда ОАВда, айниқса, «Ўзбекистон» телеканали орқали жонли эфирда намойиш этиладиган «Муносабат» кўрсатувида жуда кўп танқидий ва таҳлилий фикрлар билдирилгани бор ҳақиқат. Адолатпарвар Юртбошимизнинг ҳам «тест балоси»га нисбатан танқидий фикрлари илм аҳлида катта умид уйғотди. Қуйидаги хушхабарни ўқиб, давлатимиз раҳбарининг яна бир оқилона ва одилона ишларидан дилимиз равшан тортди. Навбатдаги қарорга кўра: «Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларини: муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос тиббиёт олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади» 

Келгусида олий таълим муассасаларига ана шундай адолатли қабул усуллари бошқа соҳаларга (жумладан журналистика факультетига ҳам!) жорий этилса, нур устига аъло нур бўлар эди. Ўқишга киришнинг имтиҳонсиз усули йўлга қўйилиши — коррупция, таниш-билишчилик, порахўрлик каби чиркин иллатларни илдизи билан қўпориб ташлашга имкон яратади.

Мен бу билан олий ўқув юртига ўқишга киришда имтиҳон мутлақо керакмас, деган фикрдан йироқман. Албатта синов, имтиҳон бўлиши зарур. Фақат, ҳозирги яроқсиз тест шаклида эмас. «Саволга тўғри жавобни белгиланг, қолган 3 таси ёлғон-яшиқ гапларни ҳам  сизга тақдим этаяпмиз! Сиз ўша ёлғон-яшиқ гапларнинг ичидан тўғрисини ажратиб кўрсатинг» деган қабилдаги «синов» — имтиҳон бўла олмайди! Бу абитуриентни адойи тамом қилади. Кейин ўқишга кирадиганлар китоб ўқиш ўрнига ўша тестнинг тўғри жавобини коррупционерлардан сотиб олиш йўлини излайди. Шунда ҳожатбарор «репитетор»лар ишга киришиб кетади. Қарабсизки, номига диплом олсам бўлди, дейдиган пулдорларнинг боласи тестнинг тайёр жавобини ёдлаб олиб, юқори баллар билан ўқишга кириб олади ва ҳеч қачон китоб ўқимайди! Демакки, улар жамият кутган кадр бўла олмайди. Жайдаригина қилиб айтганда дипломли «брак кадр»дан бошқа нарса бўлмайди. Ҳақиқий илмга чанқоқ ёшларнинг тестда тўплаган бали таниш-билишчилик қилганларникидан кам бўлиб қолгач, улар учун олий даргоҳларда ўқиш армон бўлиб қолаверади.  Буни неча йиллардан бери кўриб, минглаб профессор-ўқитувчиларнинг хуноби ошиб юргани ҳақида «Муносабат» кўрсатувида такрор-батакрор айтилди!

Жамиятимиздаги бу иллатга барҳам берадиган давр келди! Азиз Юртьбошимизнинг қатъий адолатли сиёсати билан қатор олий таълим муассасаларига қабулда тест олиб ташланди! Қуйидаги қарор бу борада навбатдаги яна бир дадил қадамдир!

Энг муҳими, оққан дарё оққани мисол келгусида тиббиёт соҳасида Абу Али ибн Сино, математика соҳасида ал Хоразмий, география ва астраномия соҳаларида ал Фарғоний, ал Беруний, Мирзо Улуғбек, журналистика ва филология соҳаларида Алишер Навоий, Абдулла Қодирий каби сиймоларни етиштириб, камолга етказишга эришсак том маънода муродимизга эришган бўлардик!

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети кафедра мудири

***

Шавкат Мирзиёев кадрлар тайёрлашга доир қарорни имзолади

20:22 07 Апрель 2020 Ҳужжатлар

архив фото

Ўзбекистон Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Тиббий-санитария ходимларини касбий ривожлантириш тизимини яхшилаш, соҳада етук ва чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, тиббиёт ташкилотлари, айниқса бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш, тиббиёт таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг мавқеини ошириш, шунингдек, 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб 1-иловага
мувофиқ 47 та тиббиёт коллежларини Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари фаолиятини самарали ташкил қилиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи Комплекс дастурни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин ҳамда унинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминласин:

Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларининг моддий-техник базасини янада кучайтириш, амалиёт хоналарини белгиланган нормативларга асосан жиҳозлаш, ўқув-симуляцион аудиторияларни ташкил этиш;

валеология, тиббий психология, нутрициология, диетология, фармакология, кинезиология, реабилитология, профпатология фанларини чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилишини жорий этиш ҳамда мазкур техникумларнинг ўқув режалари ва фан дастурларини илғор хорижий тажрибалар асосида ишлаб чиқиш;

тиббиёт олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида масофавий таълим орқали дарс машғулотларини ўтказиш.

2. Маълумот учун қабул қилинсинки, Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларини:

муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос тиббиёт олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади;

жорий сақлаш, фаолият юритиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва кадрлар тайёрлаш харажатлари Вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, ўқувчиларни давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

3. Белгилансинки, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

а) тиббиёт олий таълим муассасаларининг даволаш (амалиёт) ишлари проректорлари (директор ўринбосарлари) бир вақтнинг ўзида ушбу олий таълим муассаса клиникаларининг бош шифокорлари ҳисобланади;

б) тиббиёт олий таълим муассасаларида:

бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва клиник ординатура (резидентура) мутахассисликлари ўқув режаларидаги мутахассисликка оид бўлмаган фанлар улуши 2 баробарга қисқартирилади;

клиник ординатурасига (резидентурасига) мақсадли қабул қилинган талабаларнинг битирув курсини вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларида ташкил этиш тизими йўлга қўйилади;

в) ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда тиббиёт олий таълим муассасалари бакалавриатнинг “Даволаш иши”, “Педиатрия иши” ва “Касбий таълим (даволаш иши)” таълим йўналишлари бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул кўрсаткичлари доирасидаги мақсадли қабул параметрлари туман (шаҳар)лар кесимида шакллантирилади;

г) тиббиёт олий таълим муассасалари “Даволаш иши”, “Педиатрия иши” ва “Касбий таълим (даволаш иши)” йўналишлари битирувчилари яшаш бўйича рўйхатга олинган жойидан қатъий назар давлат гранти асосида мақсадли қабул параметрларида кўрсатилган туман (шаҳар)да камида 5 йил ишлаб бериш мажбурияти киритилади.

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда мазкур банднинг “в” ва “г” кичик бандларида кўрсатилган таклифларни амалга ошириш механизмларини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Вазирлик Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2020/2021 ўқув йилида тиббиёт олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини шакллантиришда тиббиёт кадрларига эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун бакалавриат ва магистратурага давлат гранти асосида ўқишга мақсадли қабул параметрларини 50 фоизгача оширишни инобатга олсин.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

а) таълим босқичидан қатъи назар 2-иловага мувофиқ чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги халқаро сертификатга эга бўлган тиббиёт олий таълим муассасалари талабаларига (мутахассислик фанларни “қониқарли” баҳога ўзлаштираётган талабалардан ташқари) Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик стипендиясига базавий стипендия миқдорида қўшимча тўлов амалга оширилади;

б) халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities) рейтингидаги тиббиёт йўналишида биринчи 200 ўринни эгаллаган олий таълим муассасаларида:

клиник ординатура (резидентура) ва магистратура мутахассислигини тамомлаган давлат тиббиёт муассасалари ходимлари лавозим маошига меҳнатга ҳақ тўлашни энг кам миқдорининг етти бараварига тенг миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама;

фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган мутахассисларга давлат тиббиёт муассасаларида лавозим маошига меҳнатга ҳақ тўлашни энг кам миқдорининг ўн беш бараварига тенг миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.

Мазкур бандда назарда тутилган харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

5. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Инновацион соғликни сақлаш миллий палатаси билан биргаликда:

а) уч ой муддатда жамоат саломатлиги ва санитария-эпидемиология назорати хизматлари соҳасида олий маълумотли кадрларни тайёрлаш бўйича алоҳида тиббиёт олий таълим муассасасини ташкил қилиш ва ўқув жараёнини 2020/2021 ўқув йилидан бошлашни назарда тутадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) 2021 йил 1 январга қадар:

Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети ҳамда Туркия Бахчишеҳир университетининг филиаллари ва клиникаларини Ўзбекистонда ташкил этиш юзасидан;

мамлакатимиздаги тиббиёт олий таълим муассасаларида халқаро рейтингларга кирувчи нуфузли хорижий тиббиёт таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида халқаро факультетлар, шунингдек, филиалларни очиш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлик Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер ва Акфа университетларини жалб қилган ҳолда ушбу университетлар ҳамда тиббиёт олий таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб соғлиқни сақлаш соҳаси учун менежер мутахассисларни (Master
of Healthcare Administration) тайёрлаш бўйича магистрлик йўналишини жорий қилиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга оширсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020/2021 ўқув йилида соғлиқни сақлаш соҳаси учун 20 нафар менежер мутахассисларни магистрлик йўналиши бўйича давлат гранти асосида тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш чораларини кўрсин.

7. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 августга қадар мутахассислик йўналишларида асосий ҳисобланган халқаро тан олинган муаллифларнинг адабиётлари, шунингдек, профилактика, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини қўллаш бўйича хорижий дарсликларни муаллифлик ҳуқуқлар талабларига риоя қилган ҳолда белгиланган тартибда ўзбек тилига таржима қилиш асосида тиббиёт олий таълим муассасаларининг бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура ўқув дастурларини қайта кўриб чиқсин.

Бунда ушбу тадбирларни молиялаштириш Вазирлик ва тиббиёт олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Вазирлик ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 1 сентябрдан Нукус, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларида жойлашган тиббиёт олий таълим муассасаларида белгиланган тартибда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини берувчи илмий кенгашлар ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

9. Вазирликнинг:

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтини Тиббиёт ходимларини касбий малакасини ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда – Марказ) этиб қайта ташкил этиш;

Тошкент шаҳридаги 1-сон Республика клиник шифохонаси негизида Марказнинг кўп тармоқли клиникасини тузиш;

тиббиёт олий таълим муассасалари мавжуд бўлмаган ҳудудларда (Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган ва Сирдарё вилоятларида) ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларида Марказнинг филиалларини очиш;

Марказда 2021 йилги Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури маблағлари ҳисобидан халқаро стандартларга жавоб берадиган ўқув-симуляцион марказини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ходимларини касбий малакасини ривожлантириш марказининг тузилмаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки:

Марказ Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Марказнинг кўп тармоқли клиникаси муассиси Марказ ҳисобланади ҳамда унинг фаолияти Марказ томонидан мувофиқлаштирилади;

Марказ директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари бир вақтнинг ўзида Марказнинг кўп тармоқли клиникаси бош шифокори ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Марказ фаолиятини ташкил қилиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

11. Узлуксиз касбий тиббиёт таълимида тўпланадиган кредитлар ҳажми 4-иловага мувофиқ белгилансин.

12. Тиббий-санитария ва фармацевтика кадрларининг узлуксиз касбий малакасини ошириш тизимида 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб аккредитациядан ўтмасдан, Вазирлик томонидан ҳар йили тасдиқланадиган ўқув дастурлари асосида ўқитиш ҳуқуқи қуйидаги муассаса ва ташкилотларга тақдим этилсин:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ва пуллик асосда – республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги илмий-тадқиқот институтлари ва ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказлари;

пуллик асосда – нодавлат тиббиёт олий таълим муассасалари ҳамда тегишли тиббий-санитария мутахассисликлар бўйича
ўқув-симуляцион маркази (шу жумладан мобил ўқув-симуляцион марказ) ва илмий даражага эга мутахассислари мавжуд бўлган хусусий тиббиёт ташкилотлари.

Белгилансинки, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари,
шу жумладан бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами муассасалари ходимларининг узлуксиз касбий малакасини ошириши мазкур бандда белгиланган муассаса ва ташкилотлар томонидан жойларда ташкил этиладиган сайёр цикллар ва масофадан туриб ўқитиш асосида
амалга оширилади.

Вазирлик узлуксиз касбий малака ошириш тизимида тиббиёт ходимларини ўқитиш билан шуғулланадиган ташкилотларга юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда махсус ўқув курсларини ташкил қилишда яқиндан кўмаклашсин.

13. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

шифокорлар учун ҳар 5 йилда малака тоифасини олиш бўйича мажбурий аттестациядан ўтиш тартиби киритилади ҳамда уларга қулайлик яратиш ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш учун аттестацияни онлайн тартибда аудио ва видеокузатув остида ташкил этиш тизими жорий этилади;

бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимларини аттестациядан ўтказиш учун тўлов бекор қилинади.

14. Тиббий-санитария ва фармацевтика кадрлари учун малака оширишни назарда тутувчи узлуксиз касбий таълим тизимини жорий этган тиббиёт олий таълим муассасалари (шу жумладан нодавлат тиббиёт олий таълим муассасалари), республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари, илмий-тадқиқот институтлари, ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва нодавлат тиббиёт ташкилотларига малака оширишдан муваффақиятли ўтган мутахассисларга ўтилган ўқиш кредитлари кўрсатилган ҳолда Вазирлик томонидан белгиланадиган намунадаги сертификат расмийлаштириш ҳуқуқи берилсин.

15. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

                                                  Ўзбекистон Республикаси                  Президенти Ш. Мирзиёев

http://xs.uz/uzkr/post/shavkat-mirziyoev-kadrlar-tajyorlashga-doir-qarorni-imzoladi

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>