Китобхонлик маданияти – умр зийнати

Китобга ошно инсоннинг маънавий олами юксак бўлади.

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясида “Китобхонлик маданияти – умр зийнати” мавзуида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда инспекция раҳбари ўринбосари Нуржов Соатов муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги “Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” сарлавҳаси маърузасида баён этилган фикрлар кенг жамоатчилигимизда катта қизиқиш уйғотганини алоҳида таъкидлади.

а5 а1 а2 а3 а4

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, филология фанлари номзоди Тўлқин Эшбек маънавий ҳаётимизни янада ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши, 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилингани, бу муҳим ҳужжатларда ўзбек ва дунё адабиётининг энг яхши намуналарини кенг тарғиб қилиш, жамиятимизда китобхонлик маданиятини янада юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани ҳақида атрофлича сўз юритди.

– Бугун ҳар биримизнинг столимизда Ўзбекистон миллий энциклопедияси, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, Имом Бухорий “Ҳадис”лари, атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” илмий бадиаси, улуғ шоир Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати”, “Ўзбек халқ мақоллари” каби дурдона китоблар туриши, уларни ҳар куни қайта-қайта мутолаа қилишимиз лозим,– деди маърузачи.– Юртимиз истиқлоли йилларида бетакрор маънавиятимиз ҳақидаги энг ёрқин фикр-мулоҳазалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида ўз ифодасини топган. Бу асарни том маънода замонамиз маънавиятининг гултожи десак арзийди. Маънавий бойликларимизни асраб-авайлаш ва ёш авлод қалбига жо этиш учун аввало уларнинг мазмун-моҳиятини теран англамоқ зарур. Бу асар маънавият мавзусижа ғоят муҳим манба, таъбир жоиз бўлса – ишончли қўлланма, дейиш мумкин. Бу асарни ўқиган саринг маънавий юксакликка парвоз қилаверасиз. Асарнинг кириш қисмида, асрлар давомида не-не босқинларни кўрган аждодларимизни ҳеч ким тилидан, иймон-эътиқодидан, урф-одатларидан, миллий қадриятларидан жудо қила олмагани ҳақида сўз боради. Хўш, аждодларимиз асрлар давомида қандай босқинларни кўрган? Бу мавзуда ўнлаб тарихий асарлар она тилимизда чоп этилган. Ёзувчи Ёвдод Илёсовнинг “Сўғдиёна” романида бир замонлар Александ Македонский ўз армияси билан қай тариқа бостириб келгани, заминимизни вайрон қилгани, “Авесто”дек нодир асаримизнинг катта қисмини ўтга ташлатиб ёндиргани, ниҳоят, ўзи ҳам аянчли қисматга дучор бўлгани ҳақида кўп маълумотларга эга бўласиз. Энг қизиғи, ўша босқинчилар ҳам буюк аждодларимизнинг юксак маънавияти таъсирида аста-секин туб ерли маҳаллий халқ бағрига сингиб кетгани тарихий ҳақиқатдир. Кейинчалик юртимизга тиғ кўтариб келишган эронийлар, араблар, мўғуллар ва бошқа босқинчиларнинг ҳам қисматлари шундай якун топгани кўплаб адабиётларда атрофлича ёритиб берилгандир. Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари”, Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”, Миркарим Осимнинг “Широқ”, “Тўмарис”, Пиримқул Қодировнинг “Амир Темур сиймоси” каби ўнлаб дурдона асарларни қунт билан мутолаа қилган кишининг маънавий олами ўзгача сермазмун бўлади. “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида баён этилганидек, эл-юртимиз ўзининг кўп асрлик тарихи давомида бундай машъум хатарларни неча бор кўрган, уларнинг жабрини тортган. Шундай асоратлар туфайли тилимиз, динимиз ва маънавиятимиз бир пайтлар қандай хавф остида қолганини барчамиз яхши биламиз. Ана шу фожиали ўтмиш, босиб ўтган машаққатли йўлимиз барчамизга сабоқ бўлиши, бугунги воқеликни теран таҳлил қилиб, мавжуд таҳдидларга нисбатан доимо огоҳ бўлиб яшашга даъват этиши лозим. Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ. Бу ҳақиқат кишилик тарихида кўп бора ўз исботини топган. Маълумки, биз бошимиздан кечирган собиқ мустабид тузум даврида миллий маънавиятни ривожлантиришга мутлақо йўл қўйилмаган. Аксинча, халқимизнинг табиати, яшаш тарзига ёт бўлган коммунистик мафкурани ҳар қандай йўллар ва зўравонлик билан жорий этишга ҳаракат қилинган. “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида тилимиздаги меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат, меҳр-шафқат, қадр-қиммат деган, бир-бирини чуқур маъно-мазмун билан бойитадиган ва тўлдирадиган иборалар таҳлил қилинар экан, қанчалик ғалати туюлмасин, уларни бошқа тилларга айнан таржима қилиш ўзи мушкул бир муаммо эканлиги қайд этилади. Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бунинг тасдиғини узоқ ва яқин тарихдаги кўп-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин. Чунки ҳар бир миллат ёки халқнинг маънавияти унинг бугунги ҳаёти ва тақдирини, ўсиб келаётган фарзандларининг келажагини белгилашда шак-шубҳасиз ҳал қилувчи аҳамият касб этиши асарда атрофлича талқин этилган.

Ёшлар онгини бузғунчи ғоялардан муҳофаза қилиш, турли хил “ахборот хуружлари”дан ҳимояланиш учун мафкуравий иммунитетни ошириш муаммоси ҳам ўнлаб китобларда ўз аксини топган. Бундай китобларни қунт билан мутолаа қилганларнинг “ахборот хуружлари”га қарши иммунитети юқори даражада бўлади.

Тадбирда иштирок этганлар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

 

Лола ҒАНИЕВА,

ЎзМУ Ижодий гуруҳи аъзоси,

Суратларни Шодия БЕРДИМУРОДОВА олган

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *