Кредит-модуль тизимига ўтиш нима учун керак? Мақсад, моҳият ва афзаллик​

Кредит-модул мавзуси бугун барчани бирдек қизиқтиради.

Қуйидаги мақолани ўқиб, ўзингиз тегишли хулоса чиқарасиз, деган умиддамиз.

Коронавирус пандемияси шароитида инсон ҳаётининг барча жабҳасида мисли кўрилмаган ўзгаришлар содир бўлмоқда. Ушбу силсилалар кўп йиллик шаклланган қадриятлар, анъаналар ва тамойилларнинг “дарз” кетишига ҳам олиб келди. Хусусан, нуфузли олимлар, халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан яқин ва ўрта истиқболда курраи замин тараққиётига таҳдид соладиган хавф-хатарлар бўйича берилган прогноз кўрсаткичлари ўз тасдиғини топмади. Аксинча, улар қайтадан кўриб чиқилаётир. Аммо шу нарса аён: дунё бир бутунликда ҳаракат қилмас экан, инсон ўта таҳликали вазият қурбонига айланиши ҳеч гап эмас. Ягона нажот йўли эса тўпланган билим, шаклланган кўникма ва орттирилган хулосаларни ягона мақсад сари йўналтириш, илм ҳамда тажрибаларни самарали уйғунлаштира олишдир.

Билим ва илмнинг шаклланиши эса бевосита таълим тизимига бориб тақалади. Таълим тизими самарадорлигини ўқитувчи савияси, талаба эҳтиёжи, ўқув адабиётлари мазмуни ҳамда мустақил таълимни шакллантиришга қаратилган инфратузилма бевосита таъминлаб беради. Демак, илғор кадрларни тайёрлаш, уларни меҳнат бозори талабларига мувофиқ рақобатдошлигини ошириш, ижодий фикрлайдиган мутахассисларни етиштириш ўқув даргоҳларида йўлга қўйилган таълим бериш жараёни билан чамбарчас боғлиқ.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йилнинг 8 октябрида “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Ушбу муҳим дастуриламал ҳужжатда “республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш ва олий таълим ­муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш” белгилаб берилди.

Шунингдек, 2030 йилга қадар республикадаги барча олий таълим муассасаси (ОТМ)нинг 85 фоизи, жумладан, 2020/2021 ўқув йилининг ўзида 33 та олий таълим даргоҳини кредит-модуль тизимига ўтказиш кўрсатиб ўтилди.

Хўш, бундан кўзланган мақсад нима? Бугун ва келажак учун мазкур механизм қай даражада фойда келтиради? У янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсадларига қанчалик мос?

қуйида ана шу саволларга батафсил жавоб излашга ҳаракат қиламиз.

Унинг ўзи нима?

Кредит-модуль тизими, бу — таълимни ташкил этиш жараёни бўлиб, ўқитишнинг модуль технологиялари жамламаси ва кредит ўлчови асосида баҳолаш модели ҳисобланади. Уни бир бутунликда олиб бориш серқирра ҳамда мураккаб тизимли жараёндир. Кредит-модуль тамойилида иккита асосий масалага аҳамият берилади: талабаларнинг мустақил ишлашини таъминлаш; талабалар билимини рейтинг асосида баҳолаш.

Кредит-модуль тизимининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар эътироф этилади:

— ўқув жараёнларини модуль асосида ташкил қилиш;

— битта фан, курс (кредит)нинг­қийматини аниқлаш;

— талабалар билимини рейтинг бали асосида баҳолаш;

— талабаларга ўзларининг ўқув режаларини индивидуал тарзда тузишларига имкон яратиш;

— таълим жараёнида мустақил таълим олишнинг улушини ошириш;

— таълим дастурларининг қулайлиги ва меҳнат бозорида мутахассисга қўйилган талабдан келиб чиқиб ўзгартириш мумкинлиги.

Юқоридагилар дарс машғулотларини нафақат ўқитишни инновацион таълим технологиялари асосида олиб бориш, балки талабадан мустақил ўқиб-ўрганиш, таълимга янгича муносабатда бўлиш, меҳнат бозори талабидан келиб чиқиб, зарурий ва чуқур назарий билимларни эгаллаш, амалий кўникмаларини шакллантиришга ўр­гатишдан иборатдир. Мухтасар айтганда, мазкур тизим талабанинг касбий ривожланиши ва камолотига йўналтирилган. Илм соҳибининг бутун ҳаёти давомида билим олишини таъминлашга ҳамда меҳнат бозори ва замонавий талабларга жавоб бера оладиган инсон капиталини шакллантиришга қаратилгандир.

Келинг, шу ўринда модуль ва кредит тушунчалари моҳиятига қисқача тўхталиб ўтамиз.

Модуль — бу, бир нечта фан ҳамда курслар ўрганиладиган ўқув режасининг бир қисми. У талабаларда маълум бир билим ва кўникма ҳосил қилиш, таҳлилий-мантиқий мушоҳада юритиш салоҳиятига эга бўлишига қаратилган бир нечта фанлар (курслар) мажмуи ҳисобланади. Бунда ўқитувчи ўқув жараёнини ташкил қилади, жонли, видео ҳамда аудио маърузалар ўқийди, талабанинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади. Талаба эса мавзуни мустақил ўрганади ҳамда берилган топшириқларни бажаради.

Хорижий тажрибага кўра, кредит-модуль тизимида ўқув жараёни ҳар семестрда 2 — 4 тагача модулдан иборат бўлади. Модулда жамланган фанлар осондан мураккаблик сари, назарий-услубий фанлардан амалий фанларга қараб ҳамда мантиқий жиҳатдан бир-бирини ўзаро узвий тўлдириш принципи асосида шакллантирилади. Талаба мутахассис бўлиб шаклланиши учун нафақат ахборотлар, балки уларни қайта ишлаш, амалиётга жорий қила олиш ­малакасига эга бўлиши талаб этилади.

Модулга асосланган ўқув дастурлари махсус схема асосида ишлаб чиқилади ва қуйидагиларни ўз ичига қамраб олади:

— ўқув мақсади ҳамда вазифаларнинг тўлиқ очиб берилиши;

— талабанинг фанни (курсни) бошлаши ва тугатишидан кейинги орттириши лозим бўладиган малакасига қўйиладиган ­талаблар;

— модуль таркибига кирган ҳар бир фаннинг қисқача мазмуни (силлабус), яъни маърузалар мавзулари, семинар ва амалий машғулотларнинг режаси, мустақил таълимни баҳолаш учун мўлжалланган топшириқлар;

— ўқитишнинг қисқача баёни: таълим бериш усул ҳамда воситалари; билимларни баҳолашнинг усул ва шаклларидан ­иборат.

Модуль асосида ўқитиш тизимида талабалар билими, малакаси ҳамда кўникмасини баҳолашда рейтинг баҳолаш тизимидан фойдаланилади. Унда талабанинг барча ўқув фаолияти, яъни аудитория ва аудиториядан ташқарида олган, ўзлаштирган билимлари балл бериш орқали баҳоланади.

Кредит (credit) — талабанинг алоҳида таълим йўналиши ёки дастури (курс) бўйича фанларни ўқиб ўрганиши ва ўз­лаштириши учун сарфланган ўқув юкламасининг (вақтнинг) ўлчов бирлигидир. ­Кредит — талабанинг меъёрий ҳужжат билан белгиланган, одатда бир ҳафта давомида аудиторияда ва мустақил равишда таълим олиши учун ажратилган минимал вақт ўлчовидир. Талабага кредит маълум бир фандан белгиланган топшириқларни бажариб, якуний имтиҳондан муваффақиятли ўтгандан сўнг берилади.

Ҳар бир талаба келажакда танлаган йўналиши ва мутахассислиги бўйича дипломга эга бўлиши учун кредитларни йиғиб бориши лозим. Тўпланган кредит талабага бутун умр давомида ўзининг малакасини ошириб бориш ёки қўшимча олий маълумот олишига хизмат қилиб бораверади. Иқтисодий тилда айтганда, тўпланган кредит талабанинг академик “активи”га айланиб боради.

Кредит технологияси таълим олувчиларга ишчи ўқув режага киритилган танлов фанларини танлаш, бу орқали индивидуал ўқув режасини шакллантиришда бевосита иштирок этиш ҳуқуқини беради. Уларга, нафақат фанларни, балки профессор-ўқитувчиларни ҳам танлаш эркинлиги берилади. Талабаларга фанларни танлаш имкониятининг берилиши ижобий ҳол саналади. Бу ўқув жараёнларини баҳолашнинг ўзига хос қиймат кўрсаткичи бўлиб ҳам ҳисобланади.

Тарих ва сабаб

Кредит илк маротаба XVIII ва ХIХ асрларда АқШ университетларида жорий этилган бўлиб, ўқув жараёнларини либерализация қилиш, талабанинг ҳафталик академик юкламасини белгилаб бериш мақсадида яратилган.

1869 йилда Гарвард университети президенти, Aмерика таълимининг таниқли арбоби Чарльз Уильям Элиот “кредит соати” тушунчасини истеъмолга киритади. Шундай қилиб, 1870 — 1880 йилларда кредит соатлари билан ўлчанадиган тизим жорий қилинади. Кредит тизими билан ўқиш ва ўқув дастурларини ўзлаштириш талабаларга ўқув жараёнини мустақил равишда режалаштириш, унинг сифатини назорат қилиш, таълим технологияларини ­такомиллаштириш учун имконият яратиб берди.

Кредит тўплаш ўлчовининг киритилиши талабага катта эркинлик бериш билан бир қаторда, келажакда танлаган соҳасининг рақобатбардош мутахассиси бўлиб етишиши учун академик жараённи мустақил режалаштириш имконини ҳам тақдим этди. Айни чоғда, баҳолаш тизими ва таълим технологияларининг такомиллашишига ҳам олиб келди.

Болонья декларациясида кўзда тутилганидек, кредит-модуль тизими айнан ­мустақил таълимга урғу қаратгани ҳолда, асосан, иккита функцияни бажаришга ­хизмат қилади:

биринчиси, талабалар ва ўқитувчиларнинг мобиллигини, яъни бир олий таълим муассасасидан бошқа ОТМга тўсиқларсиз, эркин равишда ўтишини (ўқишни ёки ишни кўчириш)ни таъминлайди;

иккинчиси, талабанинг танлаган таълим йўналиши ёки мутахассислиги бўйича барча ўқув ва илмий фаолияти учун академик юклама — кредит аниқ ҳисоблаб борилади. Кредит йиғиндиси талабанинг танлаган ­дастури бўйича нимани қанча ўзлаштирганлигини намоён этади.

Болонья декларацияси: ортга назар

Бугунги кунда таълим тизимига дахлдор бўлган кишилар томонидан Болонья тизими, унинг аҳамияти бўйича турли фикр-мулоҳазаларни эшитиб қоламиз.

Хўш, бу қандай тизим? Унинг қандай афзаллиги ва салбий жиҳатлари мавжуд?

Мавзунинг мантиқий давоми сифатида фикрларимизни давом эттирамиз.

Ушбу тизимни яратиш учун ўтган асрнинг 70-йилларидан Европадаги барча олий таълим муассасаларининг интеграциясини таъминлаш, олий таълимнинг ягона стандартини яратиш, талабалар ва ўқитувчилар мобиллигини йўлга қўйиш, дипломларни тан олиш, талабалар билими, малакаси ҳамда кўникмасига қўйиладиган балларни унификация қилиш билан боғлиқ бир қатор муаммоларни ечишга қаратилган саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилади.

Мазкур ҳаракатларнинг самараси ўлароқ, 1999 йилда Италиянинг Болонья шаҳрида 29 та мамлакат вакиллари томонидан Болонья декларацияси имзоланади.

Бугунги кунга келиб, Болонья жараёнида 48 та мамлакат иштирок этади. Уларнинг орасида МДҳ мамлакатларидан Россия, Украина, Озарбайжон, Молдова, Арманистон, Грузия, қозоғистон ва Беларусь Республикаси ҳам бор.

Болонья тизими бўйича олий малакали кадрларни тайёрлаш икки босқичда амалга оширилади. Одатда уч йилдан кам бўлмаган бакалаврлар тайёрлаш ҳамда 1-2 йиллик магистратура босқичи.

Кўпгина экспертлар Болонья декларациясининг қабул қилинишига салоҳиятли, иқтидори юқори бўлган талабаларни эгаллаш, меҳнат бозорида уларнинг билимини қадрлаш бўйича АқШ билан кечган рақобатда Европа олий таълим муассасаларининг имкониятлари чекланганлиги, кўплаб “ақл соҳиблари”нинг кўҳна қитъани тарк этиб, Америкага кўчиб кетиш тенденциясига қарши кўрилган чора асосий сабаббўлганини эътироф этади.

Вазирлик нега Европа мактабига устуворлик бермоқда?

Бугунги кунда мазкур кредит ўлчови тизимини амалиётга татбиқ этиш бўйича тўртта модель кенг тарқалган.

Булар Америка қўшма Штатларининг кредит тизими (USCS); Европа мамлакатларининг кредит тизими (ECTS); Осиё — Тинч океани мамлакатларининг кредит тизими (UCTS); Буюк Британиянинг кредит тизими (CATS).

Ушбу моделларнинг ичида энг кўп тарқалгани АқШ ва Европа моделларидир.

Маълумотларга кўра, мамлакатимиз Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кредит тизимини жорий этишда Европанинг ECTS тизимидан фойдаланишга устуворлик қаратяпти. Шу боис унинг афзал жиҳатлари, қулайликлари, ютуқ ва камчиликлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Болонья декларациясининг энг муҳим жиҳатларидан бири олий таълим муассасаларининг ягона “кредит тизими”дан фойдаланиш (ECTS)га асосланади. Кредит ёки кредит бирлиги — ўқув режасида ҳисобга олинган ҳар қандай ўқув фаолиятининг ­қиймат кўрсаткичи ҳисобланади.

ECTS тизими Европа ва умуман, Бо­лонья жараёни иштирокчи-мамлакатлари талабаларига катта афзалликларни тақдим этади.

Масалан, талаба таълим олаётган университетида эгаллаган академик билимларини шу тизимга аъзо мамлакатлар олий таълим муассасаларида тан олинишини, яъни ўзига хос “конвертацияси”ни кафолатлайди. Шу билан бирга, мазкур тизим аъзоларига талабаларни бошқа ОТМга ўқишини тиклаш, кўчириш ва тугатиш имкониятини беради.

ECTS тизими университетларга ҳам бир қатор қулайликларни тақдим этади. Чунончи, маълум бир таълим йўналиши ва мутахассисликлар кесимида ўқув жараёни ҳақидаги ахборотларни аниқ акс эттирувчи ўқув режаларнинг ўхшашлиги ҳамда ягоналигини таъминлайди. Шунингдек, мутахассислик даражасининг тан олинишига эришиш мақсадида талабани қабул қилувчи ва жўнатувчи олий ўқув юртларидаги дастурларнинг мазмунини олдиндан келишиб олиш имконини беради. Талабанинг таълим олиши билан боғлиқ барча масалани ҳал этишдаги жавобгарлиги ҳамда мустақиллиги сақланади. Европа таълим тизимида ўқув курслари ва барча таълим жараёни кредитларда, Ўзбекистон ҳамда МДҳнинг бошқа мамлакатларида эса академик соатларда ҳисобланиб келинади.

ECTS тизими бўйича ҳар бир олий таълим муассасаси кредит таркибини, ҳар бир модуль бўйича кредитлар сонини, қолаверса, ҳар бир курс ва умуман, ўқиш даврини тамомлаш учун талаба томонидан тўпланиши лозим бўлган кредитларнинг умумий миқдорини мустақил белгилайди.

Aмалдаги ўқитиш тартибидан фарқли ўлароқ, кредит тизимида мажбурий фанлардан ташқари танлов фанлари ҳам талабанинг индивидуал дарс жадвалига киритилади. Талабалар ўқишдан ҳайдалмайди ёки курсдан-курсга қолдирилмайди. қайси фан (курс)дан белгиланган кредитларни тўплай олмаса, фақат ўша фаннинг ўзидан қайта имтиҳон топширади, холос. Олий маълумот тўғрисидаги диплом эса белгиланган кредитлар тўплагандан сўнг берилади.

ECTS тизими бўйича талабаларнинг бир йилда тўплаши лозим бўлган кредит миқдори 60 ни ташкил этади. Бир ўқув йили икки семестрдан иборат бўлади деб ­олсак, талаба ҳар семестрда 30 кредит тўплаб бориши лозим. Бакалавриат дастури 3-4 йиллик бўлса, талаба бакалавр даражасини қўлга киритиши учун жами 180 — 240 кредит, 1-2 йиллик магистра­тура дастурини тугаллаши учун эса, 60 — 120 кредит тўплаши мажбурият ҳисобланади.

Ўзбекистонда аҳвол қай кўринишда эди?

Маълумки, бизда ахборот манбаи ва турли хилдаги халқаро маълумотлар базаларига кириш, улардан фойдаланиш маълум даражада чекланиб қолганди. Оқибатда олий таълимда профессор-ўқитувчиларнинг асосий диққати ахборотни қидириб топиш, уни ўзлаштириш ҳамда дастлабки қайта ишлагандан сўнг талабаларга тар­қатишга қаратилди. Яъни ўқитувчилар шунчаки ахборотни қабул қилувчи ва узатувчи субъект эди, холос.

Бунда талаба ўқув жараёнининг объекти сифатида ахборотни қабул қилувчи вазифасини бажарар, асосий вақтини аудиторияда маъруза машғулотларини тинглашга сарфлар эди. Бугунги кунга келиб эса ахборотлар оламидан баҳраманд бўлишнинг тезлашгани, халқаро илмий-техник маълумотлар базаларидан фойдаланиш имкониятларининг кенгайгани, глобаллашув жараёнлари жадаллашгани боис талабаларнинг мустақил таълимини ривожлантириш масаласи кун тартибига кўтарилди.

Таълим йўналишлари ва мутахассисликлар ўқув режалари эса меҳнат бозори ­талаби билан боғланмаган фанлар билан тўлдирилар, асосан, профессор-ўқитувчини иш билан таъминлаш, унга аудитория соатини чиқариб бериш принципи нуқтаи назаридан, шунингдек, кафедра мудирларининг ўзаро келишган ҳолда фанларни тақсимлаш асосида шакллантирилар эди.

Талабага фанларни ҳамда профессор-ўқитувчиларни танлаш у ёқда турсин, зерикарли бўлган машғулотлардан воз кечиб, кутубхонада ўқиб-ўрганишига ҳам имкон берилмас эди. Талабанинг дарс машғулотларини қолдиришига жиддий талафот сифатида қаралиб, бир семестрда 30 соатдан ошса огоҳлантириш, 74 соатдан ошса, талабалик сафидан чиқаришгача бориларди. Талабага ушбу фан ва ўқитувчи ёқадими-ёқмайдими, берилаётган билимлар алмисоқдан қолиб кетганми-кетмаганми, аудиторияда ўтириши шарт эди!

Хуллас, анъанавий тизимда талаба келажакда қандай билимларни эгаллаши, қанақанги профессор-ўқитувчилар дарс ­бериши, йўналиш профили, фанларнинг қисқача мазмуни бўйича ҳеч қандай материаллар тақдим этилмасди.

Ваҳоланки, ривожланган хорижий давлатларнинг барча ОТМда таълим йўналиши ва мутахассисликлар тўғрисидаги ҳамма маълумотлар, хусусан, ўқув режасида акс этган фанларнинг қисқача силлабуси (фаннинг идентификацияси, профессор-ўқитувчи ҳақида маълумот, дарс тавсифи, фаннинг мақсади, ўрганиш натижалари, ўқитиш методикаси, фаннинг режалари, адабиётлар, баҳолаш методикаси), фанлар кесимида дарс машғулотларини олиб борадиган профессор-ўқитувчилар ҳамда уларнинг эришган ютуқлари, меҳнат бозорида мутахассисга қўйилган қисқача талаблар, яъни қандай назарий, амалий билим, кўникма ва касбий малакага эга бўлиши билан боғлиқ маълумотлар университетларнинг расмий веб-сайтида очиқ-ойдин эълон қилинган бўлади. Айни пайтда, минг афсуски, абитуриентлар университетларимиз сайтларида ушбу маълумотларни топишга қийналишади. Бу бўйича ҳам маданиятни шакллантириш вақти эса аллақачон келган.

ECTS талаблари: дастлабки қадамлар

Юқорида таъкидланганидек, анъанавий ўқитиш тизимининг салбий жиҳатларидан воз кечиш ва халқаро стандартлар талаблари доирасида ишларни ташкил этиш бўйича дастлабки қадамлар қўйилмоқда.

Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг 33 та олий таълим муассасасида кредит-модуль тизимига ўтиш бўйича ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Барча кучлар ушбу тизимни яратишга сафарбар этиляпти.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан мунтазам равишда хорижий олий таълим муассасаларида илмий тадқиқот иши ва педагогик фаолият билан шуғулланаётган, айнан кредит-модуль тизимини яқиндан биладиган ватандошлар томонидан семинарлар ташкил этилиб келинаётгани бунга бир мисолдир. қолаверса, ўзини ўзи молия­лаштиришга ўтган 10 та олий таълим даргоҳига “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳузуридаги Халқаро экспертлар кенгаши аъзоларидан бир нафардан эксперт маслаҳатчи сифатида бириктириб қўйилган.

Мазкур жараёнларни тўлақонли амалга ошириш учун олий таълим муассасасида тегишли бўлинмалар ҳам ташкил этиляпти.

Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Таълимнинг кредит тизимини бошқариш бўлими фаолият юритмоқда. Ушбу бўлим томонидан 2020/2021 ўқув йилидан университетда ўқитиладиган барча таълим йўналишлари ва мутахассисликларнинг ECTS кредит-модуль тизимига тўлиқ трансформациясини амалга ошириш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Трансформация жараёнлари бошландими?

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, университетда бакалаврият босқичида бир семестрда ўқиш 15 ҳафта ва аттестация учун 6 (бир семестрда 3 ҳафта имтиҳонлар учун ажратилган) ҳафта ажратилмоқда. Шунда 4 йилда ўқиш ҳафталари сони 144 тани, аттестациялар 24 ҳафтани ҳамда умумий таътиллар билан ҳисоблаганда жами 204 ҳафтани ташкил этмоқда. Барча таълим йўналиши ва мутахассисликлар ўқув режаларида ҳар бир босқичда фанлар икки қисмга, яъни асосий ва танлов фанларига ажратилган ҳолда акс эттирилмоқда. ECTS талабидан келиб чиқиб, талабага ҳар йили 60 кредитдан 4 йил ичида жами 240 кредитни тўплаш мажбуриятини юклаш режалаштирилмоқда. Шунда талаба 4 йил давомида маъруза, амалий ҳамда лаборатория машғулотлари ва имтиҳон жараёнларида иштирок этишига 2880 соат, мус­тақил таълимга 4320 соат, жами 7200 соат вақт сарфлаши лозим бўлади.

Бизнинг мисолимизда 1 кредит = 12 академик соат + 18 соат мустақил таълимни ташкил этади. Шу боис 1 кредит 30 соатга тенг деб қаралиб, талабанинг ҳафталик аудитория юкламаси 20 соатга тенг. Малакавий амалиёт учун ажратилган кредит миқдори тегишли фан ёки фанлар ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилган.

Янги тизимга ўтилса, қандай ўзгаришлар содир бўлади?

Мазкур тизимнинг олий таълимга жорий қилиниши ўқитиш сифатини ошириш, шаффофликни таъминлаш, коррупцияга барҳам бериш, таълим олувчининг ҳақиқий билимини юзага чиқариш ҳамда талабанинг мустақил ўқиб-ўрганиб, ўз устида ишлашига замин яратади. Бугунги кунда Европа кредит тизими кўҳна қитъанинг деярли барча олий ўқув юртида амалиётга жорий этилган.

Кредит-модуль тизимининг жорий этилиши ўқитувчи ва талабанинг ҳамкорликда ишлашида муҳим омил ҳисобланади. Модулли таълимда педагог тингловчининг ўзлаштириш жараёнини ташкил этади, бошқаради, маслаҳат беради, текширади. Талаба эса йўналтирилган объект томон мустақил ҳаракат қилади. Энг катта урғу ҳам талабаларнинг мустақил таълим олишига қаратилади.

Ўқув жараёнида мустақил таълим олишнинг аҳамияти ортади ва бу келажакда мутахассисларнинг мустақиллиги, ижодий ташаббускорлиги ҳамда фаоллигини оширишга олиб келади. Кредит-модуль тизимида университет талабалари ҳар доим ўқитувчи ва курсдошларидан ёрдам ҳамда ­маслаҳат олиш имкониятига эга бўлади. Бу эса ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди ва жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.

Кредит-модуль ўқитиш тизимига ўтиш олий ўқув юрти профессор-ўқитувчиларига бўлган мажбурият ҳамда талабни ҳам оширади. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, модулли ўқитиш тизими билан ўқитувчи нафақат ахборот берувчи ва назорат қилувчи функцияларини, балки маслаҳатчи ҳамда мувофиқлаштирувчилик вазифаларини ҳам бажаради. Педагогик жараёнда ўқитувчининг етакчилик роли сақлаб қолинади.

Яна бир гап. Таълимнинг кредит тизими талабалар алмашинувини оширади. Чунки битта университетда олинган кредитлар иккинчисида ҳисобга олинади ва талабалар кредит йўқотмасдан бир университетдан ­бошқасига ўтиши мумкин. Aйнан ушбу ­тизим ўзбекистонлик талабаларнинг илғор хорижий университетларда ўқишини давом эттиришига ҳамда мураккаб бюрократик тўсиқларни олиб ташлашга имконият яратади.

Аммо шуни ҳам қайд этиш лозимки, ҳар қандай халқаро тажрибани кўр-кўрона, ўз қадриятларимизни ҳисобга олмасдан туриб, тўғридан-тўғри татбиқ этиш, унинг ҳар бир элементини чуқур таҳлил қилмасдан, илмий асосларга таянган ҳолда амалга оширилмас экан, келажакда маълум бир салбий ҳолатларнинг юзага келишини ҳам унутмаслик керак.

Яъни ушбу тизим бизнинг дунёқарашимиз, шарт-шароит, баркамол инсонни вояга етказишга қаратилган қадриятларимизга тўла-тўкис мос келади, дегани ҳам эмас. Шу сабабли, ўқув жараёнининг фаол ­элементлари ҳисобланмиш профессор-ўқитувчи ва талабанинг ҳам бу борадаги қарашларини ўзгартиришимиз, мазкур тизим талабларини уларга сингдиришимиз, ўзига хос маданиятни шакллантиришимиз даркор.

Зеро, меҳнат бозори талабига мос кадр­ларни тайёрламас эканмиз, рақобатда ўз ўрнимизни, мавқеимизни йўқотишимиз муқаррар эканлигини ҳис қилишимиз лозим. Аммо олдимизда бундан яхшироқ йўл ҳам, танлов ҳам йўқ. Нега деганда, барча ривожланган мамлакатларнинг олий таълим муассасалари ушбу йўлдан юриб, юқори натижаларни қўлга киритмоқда.

Анъанавий олий таълим тизимимиз ­дунёда тан олинмаганидан кейин, биз илғор стандарт ва тизимларни олий таълим муассасаларига татбиқ этишга мажбурмиз. Шундай экан, янгиликка интилиш, олий таълим тизимини тубдан қайта ислоҳ қилиш бўйича бошланган ҳаракатларни давом ­эттириш ҳар томонлама тўғри қарордир.

Сўзимиз якунида эса ўзбек мумтоз адабиётининг забардаст вакили Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илм ўз-ўзидан ­бунёд бўлмаслиги, киши фақат катта ҳавас ва кучли иштиёқ билангина унга эга бўлиши таъкидланган қуйидаги мисраларини ёдга олиш ўринли:

Ким ёр анга илм толиби илм керак,

Ўргангани илм толиби илм керак.

Мен толиби илму толиби илме йўқ,

Мен борман илм толиби, илм керак.

Шерзод МУСТАФАқУЛОВ, ТДИУ «Университет 3.0» халқаро ўқув, илмий-инновацион тадқиқотлар маркази директори, и.ф.д., доцент,

Мансур СУЛТОНОВ, ТДИУ Таълимнинг кредит тизимини бошқариш бўлими бошлиғи, PhD

xs.uz

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>