МАДАНИЯТЛИ “ТАНБЕҲ” (Ҳажвия)

Замбаракнинг ўқидек гумбирлаган товушдан капалагим учиб кетди.

Қайси аблах ўйлаб топган экан ўша “хлопушка” деган матоҳни?! Қайсидир юртда атай биз учун, аниқроғи, болакайлар катта ёшдагиларнинг юрагини қинидан чиқариши учун ишлаб чиқараётгани аниқ.

Бир-бирингни бопла, дея сув текинга сотаётгани ҳам сир эмас. Айланма йўлларни шунақа “ўйинчоқ”лар карвони босиб кетган бўлса ажабмас. Алал-оқибат ҳар қадамда пайдо бўлган “муваққат савдо расталари” остида антиқа қутилар тўлиб кетган…

Болакайлар тушмагур ширинлик ўрнига шунақа “ўйинчоқ”ларни жон-жон деб сотиб олмоқда. Ҳар портлаганда қанча қулоқ пардалари дарз кетаркан?

Бугун ҳам тинчгина ижод қилиб ўтиргандим… Еру кўкни ларзага келтириб гумбирлатганида камалагим учиб кетади. Падарингга лаънат, дедим ичимда. Бузғунчилар билан очиқча гаплашиш ниятида кўчага чиқдим. Башараларини бир кўрай-чи. Муросаи мадора қиламан. Гапга кўнмаса, муштлашаман! Милицияга арз қилишса, бош устига! Осойишталик кушандаларини фош қиламан! Аблахлар билан судлашишга ҳам тайёрман!

Кўпқаватли уйимиз атрофидаги қатор-қатор гаражлар орасида ивирсиб юрган болакайларга дуч келдим. Аввал ётиғи билан гапирдим. Йўқ, улар асло бузғунчига ўхшамасди.

– Амакижон, агар биз банғиллатсак, худо урсин,– деди бир бола кўзлари жавдираб.– Ота-онамиз бунақа тарбия бермаган!

– Унда қани ўша тарбиясизлар?– Сўрадим ўзимни босишга уриниб.– Бир дўстона гаплашмоқчиман…

Болакайлар елка қисишдан нарига ўтмади.

Уларга панд-насиҳат қилган бўлиб, ўн-ўн беш одимча узоқлашганимни биламан, темир гаражлар орасидан қулоқни қоматга келтириб гумбирлаган товуш чиқса, денг. Жон ҳайбатида ўша ёққа югурдим. Болакайларнинг изи ҳам ўчиб кетибди. Сал ўтмасдан нариги қатордаги гаражлар орасидан яна қарсиллаган товуш чиқди. Тағин ҳаллослаб югурганим қолди. Сичқон-мушук ўйини ҳам бунчалик “қизиқ” чиқмасди. Қулоқ пардаларим йиртилгудек, юрак эса қинидан чиққудек бўларди. Яхшиямки, биронтасини тутолмадим. Йўқса…

Бир алфозда уйимга кирдим. “Ғалаба қозонганлар” пақ-пуқларини баттар авж олдирарди. Энди бўралатиб сўкиш мақсадида деразамни очаётгандим, хотиним ҳай-ҳайлади:

– Деразадан бақирмоқчимисиз? Нима?! Сўкармиш-а? Кап-катта одамга ярашадими шу? Ким айтади сизни маданиятли, ўқимишли деб?..

– Ах-ах-ахир-р…

– Ахир-пахирни йиғиштиринг!– Билагимдан илкис тортганча деразани шартта ёпди хоним.– Бошқалар чидаб ўтирибди-ку…

Йўлакдан яна икки марта даҳшатли қарсиллаган товуш эшитилди.

Хайрият, мендан бошқа асаби таранг, йўғ-е, тинчликсеварлар бор экан! Қўшни деразалардан бири шарақлаб очилди-да, кимнингдир болохонадор қилиб сўккани эшитилди. Унча-мунча сўкмади! Онаси ҳам қолмади, отаси ҳам. Ошириворган бўлса-да ҳеч ким ранжимади. Билъакс, кимлардир отангга раҳмат, деди! Бироқ, ўша тирмизакларнинг қулоғига кирмаслигини биламан.

Навбатдаги гумбирлашдан сўнг чидаб туролмадим. Хотинимнинг ҳай-ҳайлашига қарамай учинчи қават деразасидан бошимни чиқардим-да, бор овоз-ла қичқирдим:

– Боя сўккан қўшнимизнинг гапларини юз фоиз қўллаб-қувватлайма-а-ан!..

Заифам мен ўйлаганчалик заиф эмаслигини ўшанда билдим. Буқанинг бўйнини қайирган паҳлавондек мени бир силташда ичкарига тортиб кетди. Гапим бўғзимда қолди…

– Одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши!– Хезланиб танбеҳ берди у.– Энди ким бақирди – Толмас Тошбек (яъни, камина!) пақилдоқдан баттарроқ товуш чиқарибди, деган гап тарқайди. Бировнинг сўккани ҳам сизнинг бўйнингизга қолади…

– Ахир, бошқа биров…

– Ким экан ўша биров? Ўзингиз ҳам билмай қолдингиз-ку? Бироқ, сизни ҳамма отнинг қашқасидек билади… Деразадан бошингизни чиқарганингизни кўришдими, тамом! Тошбекнинг шармандали, уятсиз гапларидан кўра ўша пақилдоқнинг товуши тузикроқ эди, дейдиганлар ҳам топилади. Кўрасиз…

Хотинимнинг гапини акса уриб тасдиқлаётгандек пастда пақ-пуқ деган товушлар қулоқларни қоматга келтирарди. Шу онда қайсидир шоирнинг эсда қолган сатрларини такрорладим:

– Сен ёнмасанг, мен ёнмасам, ким ёнар, ахир…

Бунга жавобан хонимнинг гапи қизиқ бўлди:

– Сиз ёнмаяпсиз, бўлар-бўлмасга тутаб, мени куйдираяпсиз, холос…

Ташқаридаги қарс-қурслардан асабим таранглашганди, бу зарбадан эса “накаут” бўлаёздим. Чиндан ҳам тирноқлаб йиққан обрўйимни паншахалаб сочдимми? Ўрни келганида, кимдир, нега деразадан бўралатиб сўкдингиз, деса, ўша одам мен эмасдим, деб тонаманми? Қандоқ қовун тушурганимни англаган сари вужудим титрарди…

Тишни тишга қўйишдан ўзга чора қолмади.

Ижодхонага кириб, радионинг қулоғини бурадим. Ҳажвий эшиттириш берилаётган экан. А-ҳа, юракка таскин, дардимга малҳам гаплар айтилаяпти-ку! Яшавор, деб юбордим беихтиёр. Хайрият, осойишталигимизга росмана путур етказаётганларни радиодан дангал танқид қиладиганлар бор экан-ку!

Бошловчи худди мен кутган гапларни айтарди:

“Азиз тингловчилар! Байрам арафасида баъзи болакайларнинг қўлидаги қарсилдоқлар хурсандчиликка эмас, билъакс, асабларни ишдан чиқаришга сабаб бўлмоқда… Шу муносабат билан сўзни студиямизга ташриф буюрган ҳажвчи Насабийга берамиз. Хуш келибсиз!”

“Ташаккур”,– деган товуши чиқди Насабийнинг.

Қизиқ, худди боя қўшни деразадан бўралатиб сўккан кишининг овозига ўхшайди-я.

Бошловчи савол берди:

“Айтинг-чи, бугун радиотингловчиларни қайси ҳажвиянгиз билан хушнуд этмоқчисиз?”

“Янги ҳажвий шеъримиздан кимлардир лоақал таскин топса керак, деб ўйлайман. Чунки, у пақилдоқни қарсиллатадиганларга аталган. Сарлавҳаси – “Асабийнинг айтганлари”.

Бошловчи изоҳ берди:

“Азиз тингловчилар, энди Насабийнинг ўша шеърини тингланг”.

Радиода аввал Насабийнинг тамоғини қириб олгани эшитилди. Сўнг у шеърини бошлади:

 

“Ҳе, онангни ўзим…”

 

Бошловчи ҳай-ҳайлади:

“Шошманг, ахир, тингловчиларимиз орасида хотин-қизлар, болалар ва умуман, бунақа муомалага ўрганмаган кишилар ҳам жуда кўп. Қани, шеърни беринг-чи. Ҳм, ҳм. Мавзу жуда долзарб экан. Фақат, уни оммабопроқ қилиш учун мана бу сўзларни – “Най-най” деб ўқисангиз”.

Насабий яна тамоқ қирди-да, асаб кушандаларига қарши ёзган шеърини ўқий бошлади:

 

“Ҳе, онангни ўзим най-най,

Нанай-най-най,

Нанай-най-най,

Нанай-най-най.

Пақилдоқни ўйлаб топган,

Хумдек каллангга ҳам най-най,

Нанай-най-най,

Нанай-най-най.

Шундан топган пулингга ҳам,

Сотиб олган улингга ҳам,

Айтар сўзим:

Нанай-най-най,

Нанай-най-най,

Нанай-най-най…”

 

Бунчалик ҳаётий, дардга малҳам бўладиган шеърни эшитмагандим! Шу кунгача эшитган, ўқиган шеърларим орасида бунақаси учрамаган! Наздимда, тинчлигимизни бузаётган кушандаларнинг қилмишларига яраша бундан зўр шеър бўлмаса керак. Буни том маънода – “маданий кураш марши!” деб атаса бўлади. Барча танбеҳлар ўша ҳажвий шеърда бениҳоя тўғри ифода этилган!

Шу-шу пақилдоқнинг товушини эшитганим ҳамоно беихтиёр ўша шеърни куйга солиб, ҳиргойи қила бошлайман:

“Нанай-най-най,

Нанай-най-най,

Нанай-най-най,

Нанай-най-най…”

 

Тўлқин ЭШБЕК

You may also like...

5 Responses

  1. Fikr va qalamingizga ijodingizga olloh rivoj bersin.

  2. Dolzarb muammoning yana bir dolzarb tomoni.

  3. SHalo Bohodirovna:

    yahshi so’z, har hil bemani so’zlardan kora ustoz

  4. avval aytganimdek Dolzarb muammoning yana bir dolzarb tomoni va yechimi sizdan bunday yo’sindagi ijod na’munalarini ko’plab kutib qolamiz

Добавить комментарий для Nilufar Murodova Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>