Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Ўтган давр мобайнида соғлом ва ҳар томонлама ривожланган ўсиб келаётган авлоднинг шаклланишини таъминлашга қаратилган самарали мактабгача таълим тизимини ташкил қилиш бўйича комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, мавжуд тизимли камчиликлар мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини тўлиқ амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда, хусусан:

биринчидан, мактабгача таълимни бошқаришнинг амалдаги ҳолати тизимли муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, мазкур соҳада, шу жумладан, нодавлат секторда замонавий иннновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш имконини бермаяпти;

иккинчидан, мактабгача таълим соҳасига инвестицияларни жалб қилишга, шу жумладан, ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, уларни моддий-техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва илғор педагогик технологияларни қўллашга қаратилган давлат-хусусий шериклик механизмлари жорий қилинмаган;

учинчидан, мактабгача таълим муассасалари инфратузилмаси ва моддий-техник базасининг амалдаги ҳолати болаларни мактабгача таълим муассасалари билан тўлиқ қамраб олишни таъминлашга имкон бермаяпти, мамлакатда аҳоли сонининг ўсиши айрим мактабгача таълим муассасаларининг ҳаддан ташқари бандлигига олиб келмоқда;

тўртинчидан, миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик (шу жумладан, ўйинлар ва ўйинчоқлар) материаллар ва бадиий адабиётларни тайёрлаш ҳамда мактабгача таълим муассасалари фаолиятига жорий этиш ишлари замонавий талабларга жавоб бермайди;

бешинчидан, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг амалдаги тизими мактабгача таълим соҳасини болаларни тарбиялаш ва ҳар томонлама ривожлантириш масалаларини профессионал даражада ҳал этишга қодир юқори малакали мутахассислар билан таъминлай олмайди;

олтинчидан, мактабгача таълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш тизимининг паст даражада эканлиги малакали кадрларни жалб қилиш имконини бермаяпти;

еттинчидан, мактабгача таълим муассасаларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш бўйича ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари ишини ташкил этишдаги камчиликлар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, шу жумладан, соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича профилактик чора-тадбирлар самарадорлигининг пасайишига олиб келмоқда.

Мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларини юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш, уларнинг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мактабгача таълим соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарларида, вилоятлар марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутган ҳолда янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилади:

замонавий ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш мақсадида инвесторларга ер участкалари, бўш турган бинолар, шу жумладан, фаолият юритмаётган ва тарбияланувчилар сони кам бўлган давлат мактабгача таълим муассасаларини беғараз ажратиш;

инвесторларга мактабгача таълим муассасаларини, айниқса шундай муассасаларга юқори эҳтиёж мавжуд ва инфратузилмаси ривожланмаган ҳудудларда ташкил этиш учун зарур бўлган солиқ имтиёзлари ва бошқа преференцияларни, шунингдек, имтиёзли кредитларни тақдим этиш имконияти;

инвесторлар томонидан ваколатли давлат органлари билан 50 йил муддатга тузиладиган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув асосида лойиҳани амалга ошириш;

инвесторлар томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишувда назарда тутилган шартларга, мактабгача таълим соҳасидаги давлат талабларига, санитария-гигиена нормаларига қатъий риоя этиш, келишув амал қилишининг бутун муддати давомида фаолият йўналишини сақлаб қолиш бўйича мажбуриятларни қабул қилиш, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари хизмати нархининг ижтимоий ҳаммабоплигини таъминлаш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув шартларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда уларни бекор қилиш механизмлари.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2018 йилда ўтказилган эксперимент якунлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига республиканинг бошқа ҳудудларида мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш бўйича таклифлар киритсин.

3. Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда 2017 йилда ўтказилган эксперимент якунлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига республиканинг бошқа ҳудудларида мазкур амалиётни жорий этиш бўйича таклифлар киритсин.

4. Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда “Йўл харитаси” деб юритилади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишига шахсан жавобгардир.

5. Мактабгача таълим тизимини танқидий ўрганиш ва янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) 2-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

6. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

мактабгача таълим соҳасидаги қонунчиликни ундаги бўшлиқларни, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни юзага келтирувчи нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан инвентаризация қилиш ва таҳлил этиш;

мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга оширишга, шу жумладан, зарур инфратузилмани яратишга, ходимларнинг меҳнатини моддий рағбатлантиришга, педагогик кадрларни сифатли тайёрлаш ва малакасини оширишга, шунингдек, мактабгача таълимнинг хусусий секторини ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда комплекс ўрганиш;

мактабгача ёшдаги болаларни уйғун ривожлантириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда сифатли мактабгача таълимни ташкил этишга давлат талабларини қайта кўриб чиқиш;

мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилишнинг амалдаги тартибини, ваколатли давлат органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши ҳолатини танқидий ўрганиш;

мавжуд амалиёт ва илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини лицензиялашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

мактабгача таълим муассасаларини ўқув-тарбиявий адабиётлар билан таъминлаш тизимини таҳлил қилиш;

мактабгача таълим муассасаларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш тартибини ўрганиш ҳамда сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатлар етказиб беришнинг шаффоф ҳамда соддалаштирилган тизимини яратиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

мактабгача таълим соҳасида қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.

7. Комиссия (А.Н.Арипов):

“Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш давомида ушбу қарорнинг 6-банди билан юклатилган вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратсин;

“Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг амалга оширилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ҳар чорак якуни бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида умумлаштирилган ахборот киритилишини таъминласин.

8. Комиссияга юклатилган вазифаларни сифатли бажариш учун вазирликлар ва идоралар мутахассисларини, республиканинг илмий ва таълим муассасалари вакилларини, шунингдек, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг экспертларини белгиланган тартибда жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

9. Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Комиссияга юклатилган вазифаларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

Тошкент, Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга оширишнинг механизмини белгиловчи Ҳукумат қарори лойиҳасини;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 9 сентябрь

* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
“Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш 
чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига
 
ШАРҲ

Мактабгача ёшдаги болага сингдирилган билим ва қадриятлар унинг бутун келгусидаги ҳаётини белгилаб бериши сабабли мактабгача таълим уйғун ривожланган шахсни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, ўтган даврда Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълимни ривожлантириш ва самарали фаолият кўрсатишига қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ҳамда комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ҳозирги вақтда республикада 4 893 та давлат мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб бораётган бўлиб, уларни молиялаштиришга фақат 2016 йилда Давлат бюджетидан 1,6 триллион сўм ажратилган.

Ушбу соҳада соғлом ва ҳар томонлама ривожланган ўсиб келаётган авлодни тарбиялашга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган 57 мингдан ортиқ мутахассислар меҳнат қилмоқда.

Шу билан бирга, мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини тўлиқ амалга оширишга айрим тизимли камчиликлар тўсқинлик қилмоқда.

Ўрганиш шуни кўрсатдики, мактабгача таълимни бошқаришнинг амалдаги тизими мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, мазкур соҳани янада ривожлантириш учун инновацион қарорларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш имконини бермаяпти.

Мактабгача таълим муассасалари инфратузилмаси ва моддий-техник базасининг ҳозирги ҳолати болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олишни таъминлашга имкон бермаяпти.

Мактабгача таълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришнинг паст даражаси болаларни тарбиялаш ва ҳар томонлама ривожлантириш масалаларини профессионал даражада ҳал этишга қодир малакали мутахассислар билан таъминлай олмайди.

Мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг озиқ-овқат, моддий таъминоти ва уларга тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этишда ҳам жиддий камчиликлар кузатилмоқда.

Шу муносабат билан, Давлат раҳбари томонидан 2017 йил 9 сентябрда қабул қилинган“Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мактабгача таълим соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилди.

Қарорда мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Хусусан, 2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва республиканинг вилоят марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш белгиланди.

Давлат раҳбари томонидан ташаббус қилинган давлат-хусусий шериклик механизми замонавий ва ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун инвесторларга ер участкалари ва бўш турган биноларни 50 йил муддатга беғараз ажратишни кўзда тутади.

Инвесторлар ташкил этилаётган мактабгача таълим муассасаларида давлат таълим талабларига, санитария-гигиена ва бошқа нормаларга риоя қилиш, келишув амал қилишининг бутун муддати давомида фаолият йўналишини сақлаб қолиш, шунингдек, мактабгача таълим хизматини кўрсатиш нархининг мақбуллиги ва арзонлигини таъминлаш учун масъул бўлиши назарда тутилмоқда. Бунда инвесторларга кенг солиқ имтиёзлари ва бошқа преференциялар, шунингдек, имтиёзли кредитлар такдим этилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан тегишли талабларга жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш тўғрисида тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат берилди.

Мазкур экспериментлар якунлари бўйича республиканинг бошқа ҳудудларида давлат-хусусий шериклик механизмларини ва мактабгача таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш тартибини жорий этиш масаласи кўриб чиқилиши назарда тутилмоқда.

Қарор билан ушбу соҳадаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланди.

Мактабгача таълим тизимини танқидий ўрганиш ва янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича комиссия ташкил этилди. Комиссия томонидан мактабгача таълим соҳасидаги қонунчиликни ундаги бўшлиқлар, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни юзага келтирувчи нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан таҳлил этиш, шунингдек, мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини самарали рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда комплекс ўрганиш ишлари амалга оширилади. Бунда зарур инфратузилмани яратиш ва мактабгача таълимнинг хусусий секторини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу билан бир қаторда, сифатли мактабгача таълимни ташкил этишга давлат талаблари, шу жумладан, мактабгача ёшдаги болаларни уйғун ривожлантириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилади.

Шунингдек, миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи
ва болаликдан китоб ўқишга қизиқиш уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материалларни тайёрлаш ҳамда жорий этиш ишлари ҳам замонавий талабларга мувофиқлаштирилади.

Қарорда ваколатли давлат органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилишни соддалаштириш ҳам ўз ичига олган ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилди.

Нодавлат мактабгача таълим тизимини кенгайтириш мақсадида Комиссияга мавжуд амалиёт ва илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини лицензиялашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилди.

Ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, мактабгача таълим соҳасида қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг амалга оширилиши мамлакатда мактабгача таълим тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини тубдан яхшилаш имконини беради.

 

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>