Малайзия. Хитой бозори

ЎзМУ талабаларининг меҳрини қозонган шоир Иқбол Мирзонинг янги шеърини ўқисангиз кўп дардингизда малҳам топасиз, дейди Дониш домла.

Фото Iqbol Mirzo.

Одам қумурсқадай ўйнайди ғужғон,
Фойда учун маймун илонни қучган.
Биров ният қилиб панд ейди бунда,
Биров ҳормай эчки қасамлар ичган.

Бир марталик буюм бозоридир бу,
Бир пул саналади одамий туйғу.
Тайёр бир марталик сохта илтифот,
Тайёр бир марталик қалбаки кулгу.

Бир марта кийишда кўйлак сузилар,
Биринчи куниёқ шиппак узилар.
Бир тақишда таққа тўхтайди соат,
Бир бурашда ирғиб қулф ҳам бузилар.

Аммо талаб борки, бунда таклиф бор,
Кепак баҳосига харидор хуштор.
Совға олиши шарт шўрлик сайёҳлар,
Қариндош-уруғ кўп, кутар дўсту ёр.

Бўғоз ёлғон қўша туғар ёлғонни,
Шайтон ўша-ўша, туғар ёлғонни,
Навбат-навбат туриб алданган одам
Навбат-навбат билан алдар инсонни…

Бозорга ур, токи молинг бор, шерик,
Савдога кир, то мажолинг бор, шерик.
Бир марталик арзон молинг кўп ахир,
Ўзи бир марталик ҳолинг бор, шерик.

Бозор, кўзим тушди ёғли юзингга,
Кўзимга қарама, қара кўзингга!
Бир марталик севгинг бошингдан қолсин,
Бир марталик дунёнг сийлов ўзингга!

Иқбол Мирзо,

Ўзбекистон халқ шоири

08.09.2018
Куала Лумпур

 

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>