Марсда Ер мўъжизаси

Қуёш атрофида айланадиган сайёралар орасида Ерга энг яқини — Марс.

Ҳозир шу қизил сайёра устида Ердан учиб борган аппаратлар ҳаракатланиб юрганини тасаввур этиш ўзи мароқли.

Қуйидаги мақолани албатта эътибор билан ўқинг. Мутолаа жараёнида кўз олдингизда 500 миллион километрга учиб борган сайёралараро ракетани тасаввур этинг.

Дунёда шундоқ оламшумул воқеа-ҳодисалар юз бериб турган бир пайтда хаёлингиздан кечаётган ўйларни ҳам бир таҳлил қилинг.

Дониш домла

1

«Персеверанс» роботи Марсга қўнди. Мақсад – «ўзга сайёраликлар изи»ни топиш

Пайшанба оқшомида Американинг НАСА космик агентлиги Марсга «Персеверанс» (инглизчада қатъият, сабот маъносини беради) роверини қўндирди. Ровер Гринвич вақти билан тахминан соат 20:55да (Тошкент вақти билан жума куни тунги 01:55га тўғри келади) қизил сайёра заминига қўнди.

JPL-Caltech / NASA

Марсюрардан узатилган унинг муваффақиятли қўнгани ҳақидаги маълумотлар бошқарув марказида енгил тин олиш ва гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди.

Марсюрарнинг қизил сайёрадаги асосий вазифаси тирик ҳаёт изини қидиришдан иборат. Олимлар бу сайёрада сув мавжуд бўлган даврлар – 3-4 миллиард йиллар аввалги вақтга тўғри келади, деб ишонишмоқда.

NASA

«Персеверанс» сўнгги бир ой ичида Марсга қўнган учинчи космик аппарат бўлди. Аввалроқ унинг орбитасига БАА ва Хитойнинг роботлари ҳам киришганди. Барча уч миссия Ерни 2020 йилнинг июлида тарк этишганди.

«Бу ғаройиб. Аппаратни жўнатиш пандемия шароити туфайли жуда қийин шароитларда ва эҳтиёт чоралари кўрилаётган бир пайтда бўлди. Бу қувончимизни оширади. «Персеверанс» келажакдаги марсюрарлар учун скаут вазифасини бажаради. Муваффақиятли қўниш навбатдаги миссиялар вазифасини енгиллаштиради», дейди НАСА раҳбари вазифасини бажарувчи Стив Юрчик.

«Салом дунё. Бир умрлик уйимга биринчи бор назар соляпман» деб ёзилди «Персеверанс» учун твиттерда очилган аккаунтда.

Робот, шунингдек, Езеро кратерининг кадрини ҳам жойлаштирди.

Ҳар икки сурат ҳам роботнинг қизил сайёрага қўнганидан кейин жўнатган илк фотоларидир.

Марсга қўниш осон иш кечмади. Ойдан фарқли ўлароқ, унинг атмосфераси қўнишни анча мураккаблаштиради: бу каби миссияларнинг 40 фоизигина муваффақиятли якунланади.

Атлас-5 ракета ташувчиси АҚШнинг «Персеверанс» марсюрар ровери билан Канаверал бурнидаги космодромдан 2020 йилнинг 30 июлида фазога кўтарилганди. Ярим йил ичида фазовий кема Ердан Марсгача қарийб 500 миллион километр масофани босиб ўтди.

Қўнишдан олдин «Персеверанс» «етти дақиқалик даҳшат»ни бошидан ўтказди – атмосферанинг юқори қатламларидан қизил сайёранинг сатҳига қўнгунига қадар. Бунинг учун у иккинчи фазовий тезликдан (Марсда бу соатига 20000 километрни ташкил қилади) пиёда тезлигига тушишига тўғри келди.

Бутун дунёдан томошабинлар НАСА муҳандислари билан биргаликда аэрокосмик агентликнинг сайти орқали узатилган жонли эфирда «етти дақиқалик даҳшат» гувоҳи бўлишди.

Марсюрар биздан миллионлаб километр узоқликда, демакки, Ерга келаётган сигналлар 10 дақиқалик кечикиш билан етиб келади. Ўша пайт нимадир режадан бошқачароқ кетганда, қўниш траекториясини тўғрилашнинг физик жиҳатдан имконияти бўлмас эди.

«Персеверанс» Езеро кратерига яқин жойга қўнди. НАСАдагиларнинг фикрича, кенглиги 50 километрга етадиган ушбу кратер қояларида тирик ҳаёт излари сақланиб қолган бўлиши мумкин – албатта қачонлардир бу ерда мавжуд бўлган бўлса.

«Қўниш ерига қаралса, Езеро кратери тадқиқот учун потенциал жой. Масалан, у ерда кратерга қуйилган ва у ердан оқиб чиққан қадимий дарё излари сақланиб қолган. Олимларнинг фикрича, айнан шу ердан қидириш керак. Аммо мен Езерога қараганимда, у ерда фақат хавфни кўраман», дейди НАСА муҳандиси Аллен Чан.

Хайриятки, «Персеверанс» синовдан ўтган конструкторлик ишланмалари билан жиҳозланган. Ўша ишланмалар марсюрарга қизил сайёранинг хавфсиз ерига қўниб олиш имконини берди.

Марсдаги илк вертолёт

Марсюрарнинг дизайни қизил сайёрага қўниш алгоритми каби 2012 йилда НАСАнинг Гэйл кратерига қўнган «Кьюриосити» аппарати каби «курашлар синови»дан муваффақиятли ўтган. Янги робот Skycrane («осмон крани») парашют технологиясидан фойдаланди, фақат кичик ўзгаришлар билан.

Муҳандислар янада аниқроқ қўнишни таъминловчи Terrain-Relative деб номланган янги навигацион тизим ишлаб чиқишди.

Марсюрарнинг камералари, автомат қўли, бурғиси ва лазери бор. Янги моделга, шунингдек, сенсорлар ва таҳлил учун ускуналар ҳам ўрнатилган.

Ундан ташқари, марсюрарнинг ичига НАСАнинг Ingenuity номли вазни икки килограммдан камроқ бўлган кичик вертолёти ҳам жойлаштирилган. Миссиянинг илк кунларида вертолёт Марс сатҳида бир неча синов парвозларини амалга оширади.

Синовлар муваффақиятли ўтган тақдирда, Ingenuity Ердан ташқарида учган илк вертолёт бўлади. Езеро кратеридаги фавқулодда паст ҳарорат бу вазифани қийинлаштириши мумкин – тунлари термометр кўрсаткичи Целсий шкаласида 90 даражасидан пастни кўрсатади.

Марсюрар нима билан шуғулланади?

Аппарат қўнган Езеро кратерининг йўлдошдан жўнатилган тасвирлари у ерга қачонлардир қуриб қолган дарё қуйилганини кўрсатмоқда.

Бу Марсда энг яхши сақланиб қолган дельталардан бири бўлиб, у ерда дарёда оқиб келган келиб чиқиши органик углеводород бўлган тошлар қум қатламларни шакллантирган.

Кратер тубида тоғ жинсларининг турли хили, шу жумладан, карбонатлар ва тупроқ ҳам органик молекулаларни сақлаб қолган бўлиш эҳтимоли бор. Айнан ўша молекулалар қачонлардир узоқ ўтмишда у ерда ҳаёт мавжуд бўлганини кўрсатиши мумкин.

«Персеверанс» қуриган кўл тубини тадқиқ қилади, қоятош жинсларни бурғилайди ва у ердан мактаб бўри катталигидаги намуналарни олади. Шундан кейин марсюрар уларни дақиқлик билан контейнерларга жойлайди. Контейнерларни сайёра сатҳида қолдиради. Контейнерларни кейинроқ учирилиши кўзда тутилган бошқа аппарат олади. У тўпланган намуналарни Марс орбитасига олиб чиқиб (бу қизил сайёрадан училган илк фазовий парвоз бўлади), Ерга етказади.

Буларнинг бари «Марс намуналарини жўнатиш» дастури доирасида кўзда тутилган. Дастур НАСА ва Европа фазо агентлиги ҳамкорлигида амалга ошириляпти.

Яна бир уриниш

Катта фарқ туфайли Марсга фақат қизил сайёра бизга яқин келгандагина миссия жўнатиш мумкин. Марс эса, бир йилда икки марта Ерга яқин келади.

Қизил сайёрага учиш ҳаракатлари 1960-йиллардан бери бор, лекин уларнинг ярмидан кўпи муваффақиятсизликка учраган.

Марсга фақат АҚШ, СССР (кейинроқ Россия), Ҳиндистон ва Европа Иттифоқигина муваффақиятли миссия жўната олган. Ўтган ҳафтада яна икки мамлакат бу рўйхатни тўлдиришди.

9 февралда Бирлашган Араб Амирликлари Марс орбитасига «Амал» («Умид») номли фазовий станциясини жўнатди. Икки кун ўтиб, Хитой сайёралараро «Тянвен-1» станциясини қизил сайёрага қўндирди.

2020 йилнинг июлида Россия ва Европанинг «ЭкзоМарс» иккинчи қўшма лойиҳаси ҳам Марсга отланиши керак эди. Бу миссия 2018 йилга режаланганди, лекин икки бор қолдирилди. Энди у 2022 йилдан олдинроқ жўнатилмайди.

https://kun.uz/news/2021/02/19/perseverans-roboti-marsga-qondi-maqsad-ozga-sayyoraliklar-izini-topish

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>