Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига
Қадрли дўстлар!
Аввало, сиз, азизларни – юртимиздаги барча журналистлар, газета ва журналлар, теле-радиоканаллар, нашриёт ва матбаа корхоналари фидойиларини, муҳтарам фахрийларни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, сизларга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим, эзгу тилакларимни изҳор этишга рухсат бергайсиз.
Кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлган оммавий ахборот воситалари ҳақида сўз юритганда, биз, аввало, доимо янгилик излаб, янгиликка интилиб, ҳаётнинг қайноқ нуқталарига кириб борадиган, холислик ва ҳаққонийлик, Ватан ва халқ манфаатларини биринчи ўринга қўядиган олижаноб ва масъулиятли касб эгаларини тасаввур қиламиз.
Ҳурматли юртдошлар!
Бутун мамлакатимиз қатори Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳам мустақиллик йилларида катта ривожланиш йўлини босиб ўтганини барчамиз яхши биламиз ва бундай ютуқлар билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Ҳозирги кунда республикамизда 1500 дан зиёд оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда. Биргина Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканалларнинг бир сутка давомидаги умумий эфир вақти 616 соатни ташкил этмоқда. Ҳолбуки, мустақилликдан олдин бу рақам бор-йўғи 48 соатга тенг эди, холос.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, оммавий ахборот воситаларининг таркиби ҳам тубдан ўзгариб бормоқда. Буни юртимиздаги барча телеканалларнинг қарийб 53 фоизи, радиоканалларнинг эса 85 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситалари экани ҳам тасдиқлайди. Яқин кунларда иш бошлайдиган, кечаю кундуз узлуксиз фаолият олиб борадиган “O`zbekiston – 24” телеканали миллий ахборот маконида ўз муносиб ўрнини ва ўз томошабинларини топади, деб ишонамиз.
Бу ҳақда сўз юритганда, энг тезкор ахборот воситаси – Интернет ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётганини алоҳида қайд этиш лозим. Ҳозирги вақтда глобал тармоқда Uz доменли веб-сайтлар, ахборот порталлари сони 400 дан ошиб кетгани, уларнинг аксарияти хорижий тилларда фаолият кўрсатаётгани, ушбу йўналишда янги ижодий авлод – Интернет журналистлари шаклланиб бораётгани эътиборга сазовордир.
Албатта, бундай натижаларга эришишда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш масаласи давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келаётгани ҳал қилувчи роль ўйнамоқда. Ана шундай эътибор туфайли ўтган даврда журналистларимиз учун фаолият майдонини кенгайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида кўп ишлар қилинди. Жумладан, матбуот ва оммавий ахборот воситаларини либераллаштириш ва ривожлантириш, сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган, демократик талаб ва стандартларга тўла жавоб берадиган 10 га яқин қонун ҳужжати қабул қилиниб, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Миллий матбуот маркази, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди каби ташкилотлар муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Кейинги пайтда уларнинг қаторига Халқаро пресс-клуб ҳам қўшилди.
Сиз, азизларга яхши маълум, бугунги кунда мамлакатимизда китоб маҳсулотларини нашр қилиш ва тарқатиш тизими самарадорлигини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш масаласига катта аҳамият берилмоқда. Бундай муҳим вазифани амалга ошириш учун юртимизда 118 та нашриёт, 1 минг 760 та матбаа корхонаси, минглаб ижодий ва техник ходимлар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳар йили 7 тилда 60 миллион нусхадан ортиқ китоб чоп этилмоқда.
Албатта, бу ҳақда кўп гапириш мумкин. Лекин ана шу миқдор кўрсаткичларини сифат кўрсаткичларига айлантириш, шу асосда оммавий ахборот воситаларининг ҳақиқий тўртинчи ҳокимият бўлиб майдонга чиқишига эришиш, миллий медиа майдонимизда фикрлар ва қарашлар ранг-баранглигини таъминлаш бугунги кунда долзарб вазифа бўлиб қолаётганини барчамиз яхши тушунамиз.
Бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида энг муҳим устувор йўналишлар белгилаб берилгани сизларга яхши маълум, албатта.
Халқ билан мулоқот, одамларнинг орзу-интилишлари, дарду ташвишлари билан яшаш давлат сиёсати даражасига кўтарилаётган бугунги кунда ҳар бир оммавий ахборот воситаси чинакам мулоқот майдончасига, эркин фикр минбарига айланган тақдирдагина биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга эриша оламиз.
Айниқса, ҳаётимиздаги мавжуд муаммоларни, жойларда ташкил этилган Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонада аҳоли томонидан кўтарилаётган ўткир ва долзарб масалаларни, уларнинг сабаб ва омилларини очиб бериш, жамиятимизда танқид ва ўзини ўзи танқид руҳини кучайтириш, афсуски, оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳали тўла ўз ифодасини топгани йўқ.
Бугун замон шиддат билан ўзгармоқда. Ҳаёт барчамиздан дадил ҳаракатларни, фаол ташаббусларни, ҳамма соҳада ҳаққоний ва одил муносабатни талаб этмоқда. Кўпни кўрган, сабр-тоқатли, меҳнаткаш ва олижаноб халқимиз амалга оширилаётган ана шундай муҳим ўзгаришларнинг натижасини кутмоқда.
Эл-юртимизнинг эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқариш, бу йўлда ғов бўлиб турган турли тўсиқларни, бюрократизм, лоқайдлик, таъмагирлик, коррупция каби салбий иллатларни дадиллик билан кўтариб чиқиб, уларга қарши муросасиз жамоатчилик фикрини шакллантиришни ўз касби, ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган журналистларни мен ҳақиқий журналист деб ҳисоблайман.
Албатта, барчамиз яхши тушунамиз, бунинг учун оммавий ахборот воситалари вакилларидан нафақат профессионал билим ва малака, ҳаётий тажриба, ўз сўзи учун масъулият ҳисси, айни вақтда юксак гражданлик позицияси, маънавий жасорат ҳам талаб этилади. Бундай мақсадга эришиш учун оммавий ахборот воситаларига қонунчилик нуқтаи назаридан, моддий-техник, ўқув-услубий таъминот нуқтаи назаридан янада кенг имкониятлар яратиб беришимиз керак.
Замонавий миллий журналистика мактабини яратиш кўп жиҳатдан, аввало, юксак маънавий-интеллектуал салоҳиятга эга бўлган, бугунги кун талабларига жавоб берадиган малакали кадрларни тарбиялаш билан чамбарчас боғлиқдир. Бу муҳим вазифани амалга ошириш учун биз аввало тегишли олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим стандартлари ва ўқув дастурларини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчиларнинг савияси ва малакасини ошириш, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, давлат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари, экспертлар ҳамжамияти, хорижий ва халқаро ижодий ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтиришимиз зарур.
Бугун Ўзбекистон барча соҳаларда тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Олдимизда турган, бир-биридан муҳим ва долзарб вазифаларни ҳал этишда, юртимизда тинчлик-осойишталик, ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини, унинг ўз кучига, эртанги кунга бўлган ишончини ошириш, ҳаётимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, бир сўз билан айтганда, халқ манфаатининг чинакам ҳимоячиси бўлишда оммавий ахборот воситалари бундан буён ҳам фаол ҳаракат олиб борадилар, деб ишонаман.
Мен сиз, муҳтарам матбуот аҳлининг ҳаётимизни янада эркин, обод ва фаровон этиш учун доимо фидойилик кўрсатиб яшашингизни яхши биламан ва сизларни шу йўлда ўзимнинг энг яқин ҳамкорларим ва ёрдамчиларим деб ҳисоблайман. Сизларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатингиз ўз муносиб баҳосини топиши, янада самарали бўлиши учун биз давлатимиз ва жамиятимизнинг барча куч ва имкониятларини албатта сафарбар этамиз.
Азиз ва муҳтарам дўстлар!
Барчангизни бугунги касб байрамингиз билан яна бир бор самимий қутлаб, сизларга сиҳат-саломатлик, олижаноб фаолиятингизда омад ва ютуқлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Доимо соғ-омон бўлинг, азизлар!
***
Пойтахтимизда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар оммавий ахборот воситалари ходимларидан янада фаол, ҳозиржавоб, ташаббускор бўлишни, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларини чуқур таҳлил асосида ёритишни талаб этмоқда.
Ўзбек Миллий академик драма театрида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрий журналистлар, ноширлар, матбаачилар, олий ўқув юртларининг журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети декани А.Матёқубов ва бошқалар истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда миллий медиа соҳасини равнақ топтириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, матбуотни чинакам эркин фикр минбарига айлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.
Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун кенг шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизациялашнинг янги истиқболларини белгилаб берди.
Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар асосида жамиятда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, журналистлар фаолиятини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига оид ахборотни тақдим қилишнинг замонавий шакллари жорий этилмоқда.
Медиа соҳага кўрсатилаётган эътибор натижасида барча турдаги оммавий ахборот воситаларида тайёрланаётган материаллардаги ўзига хос ижодий, танқидий-таҳлилий ёндашув, медиа маҳсулотлар сифатини тобора яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Матбуот ва оммавий ахборот воситаларига замонавий технологияларни жорий этиш, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг касб салоҳиятини юксалтириш, халқимизни тезкор, холис ва ҳаққоний ахборотлар билан таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг матбуот хизматлари билан оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли лойиҳалар ҳаётга жорий этилмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши нашриётлар фаолиятини давр руҳига мос йўлга қўйиш, ноширлик ишининг янада ривожланиши, ёшларда китобхонлик маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган «Йилнинг энг фаол журналисти» ижодий танлови ғолибларига диплом ва совғалар топширилди. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан таъсис этилган «Энг фаол спорт журналисти» республика танлови ғолиб ва совриндорлари ҳам тақдирланди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар матбуотимиз ривожи йўлида кўрсатилаётган эътибор, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш борасидаги ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
– Бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ғайрат, қатъият, шижоат, ижодий изланиш билан меҳнат қиладиган вақт, – дейди «Тошкент» телеканали муҳаррири, «Йилнинг энг фаол журналисти» танлови ғолиби Улуғбек Раҳмонқулов. – Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнатини эъзозлаш доимий эътиборда. Билдирилган юксак ишончга муносиб бўлиш, зиммамиздаги масъулиятни теран англаш, Ватан, халқимиз манфаатлари йўлида садоқат билан хизмат қилишни асосий бурчимиз, деб биламиз.
Тадбирда Ўзбек Миллий академик драма театрининг «Мирзо Улуғбек» спектакли намойиш этилди.
Шу куни пойтахтимиздаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида оммавий ахборот воситалари ходимлари ва уларнинг фарзандлари учун сайил бўлиб ўтди. Ижодий кечалар, китоб савдоси, спорт мусобақалари ташкил қилинди, мусиқий дастурлар намойиш этилди. Барча аттракционлар кичкинтойларга бепул хизмат кўрсатди.
Сўнгги фикрлар