Маънавий қалқон

Ёшлар қалбини “мафкуравий таҳдид”лардан асрашнинг самарали усуллари

Давлатимиз ва жамиятимизнинг бугунги куни, айниқса, келажаги учун ғоят муҳим бўлган соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш вазифасини ўз олдимизга қўяр эканмиз, авваламбор, биз яшаётган XXI аср – интеллектуал бойлик, юксак билим ва салоҳият талаб этиладиган, айнан шу қадриятлар устувор аҳамият касб этадиган аср, деган ҳаётий ҳақиқатдан келиб чиққан эдик.

Ислом КАРИМОВ

 ТА

Жамиятда ахборот-психологик хавфсизликни таъминлашда аввало четдан ахборот хуружи қиладиганларнинг “объекти”ни аниқлаб олиш муҳимдир. Улар биринчи галда буюк аждодларга, шахсларга тарихимизга, жамиятга, маънавий қадриятларимизга, давлат сиёсатига қарши турли уйдирмалар ва бўҳтонлар уюштирадилар. Демакки, ёш авлод онгида тарихимизга ва бошқа маънавий қадриятларимизга қарши ғайришуурий фикрлар уйғотишга ҳаракат қиладилар. “Кези келганда илгари айтган бир фикримни такрорламоқчиман: бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади,– деб таъкидлайди давлатимиз раҳбари.– Ҳозирги кунда ким кўп – ана шундай маънавий бўшлиқни тўлдиришга уринадиган, шунинг ҳисобидан ўзининг ғаразли мақсадларини амалга оширишни ўйлаб юрганлар кўп. Минг афсуски, бу кучларнинг асл қиёфаси, мақсад-муддаолари ва имкониятларини тўла ва аниқ-равшан тасаввур қилиш осон эмас. Нега деганда, улар кўпинча турли ниқоблар, жозибали шиор ва ғоялар пардаси остида иш кўради. Бундай кучларнинг ихтиёрида жуда катта моддий, молиявий ресурслар ва имкониятлар мавжуд бўлиб, уларнинг пухта ўйланган, узоқ ва давомли ёвуз мақсадларига хизмат қилмоқда”1.

Жамиятда маънавий бўшлиқ бўлишини пойлаб юрадиган ва кези келганда унга вайронкор ғояларини тиқиштиришга ҳаракат қиладиган бузғунчилар қай йўсинда таҳдид қилишлари кундай равшан бўлиб қолган. Таҳдидлар биринчи галда шахс, жамият ва давлатга қарши қаратилган бўлади. Сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, маданий, экологик, миллий масалаларда ҳам ички ва ташқи таҳдидлар сезилиб туради. Давлат ва нодавлат ташкилотларига, оммавий ахборот воситаларига, маънавий қадриятларга нисбатан амалга оширилаётган таҳдидлар ҳам жуда кўп.

Интернет дунёни ягона ахборот маконига айлантирган ҳозирги даврда тўғридан-тўғри давлат, жамият ва шахсга қаратилган таҳдидлар кўпайиб кетмоқда. Уларнинг таъсир кўрсатиш йўллари хилма-хил. Айниқса, тарихий шахсларга маънавий таҳдид қилишда турли усуллардан фойдаланилмоқда.

Собиқ мустабид тузум даврида буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темурга нисбатан жуда кўп адолатсизликлар қилингани сўнгги йилларда яратилган тарихга оид китобларда атрофлича ёритилган. “Минг афсуски, кўп йиллар давомида мустабид босқинчи мафкура даврида бизни Амир Темурдек буюк бобокалонимиздан, бой ўтмишимиздан айириб, халқимизнинг маънавиятини, ғурурини, ифтихорини ерга урмоқчи бўлдилар,– деган эди Юртбошимиз 1996 йил 18 октябрь куни Шаҳрисабз шаҳрида Амир Темур ҳайкалининг очилиш маросимида сўзлаган нутқида.– Юртимизда, жумладан, Шаҳрисабзда бевосита Соҳибқироннинг саъй-ҳаракатлари билан бунёд этилган тарихий обидалар харобага айлантирилди. Ҳатто ул зот ва авлодларининг қабр-мақбаралари ҳам “илмий тадқиқотлар” ниқоби остида талон-тарож этилди, топталди”2. Шунга қарамай азалдан маънавияти юксак халқимиз улуғ аждодларининг табаррук номларини, бетакрор ишларини ва авлодларига қолдирган бой меросларини ҳамиша муқаддас билиб келди. Эл қалбида эъзозланиб келган буюк зотга нисбатан тарихий адолат тикланди! Бу улуғ сиймога нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳондаги турли мамлакатларда ҳам катта эътибор билан қаралмоқда! Юртимиз мустақиллиги шарофати билан Шаҳрисабзда, Самарқандда ва Тошкентда Амир Темурнинг улуғвор ҳайкаллари қад ростлади. Пойтахтда буюк бобокалонимизнинг муҳташам музейи барпо этилди. 1996 йилда Соҳибқироннинг 660 йиллиги юртимизда катта тантана қилинди. Шу билан бир қаторда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Париждаги қароргоҳи – ЮНЕСКОнинг муҳташам саройида ҳам юксак эҳтиром билан нишонланди. Амир Темурга нисбатан тарихий адолатни тиклашда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бош ташаббускор ва ташкилотчи бўлгани баайни ҳақиқат3.

Атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Амир Темур сиймоси” илмий бадиасида буюк бобокалонимизга нисбатан турли йилларда кўплаб уйдирма ва бўҳтонлар бўлгани атрофлича ёзилган. Уларни ўз номи билан тарихий шахсга нисбатан “ахборот хуружи”, деб аташ мумкин. Жумладан, Ибн Арабшоҳнинг “Темур тарихида тақдир ажойиботлари”, М.Брюннинг “Мен жаҳонни очган Темурман”, 1992 йилда Москвада босилиб чиққан “Тамерлан”, инглиз адибаси Хильде Хуккемнинг “Етти иқлим султони”, А.Якубовскийнинг “Темур” деб номланган китобларида ҳақиқатга тўғри келмайдиган хаёлий уйдирмалар кўп учраши, академик В.Бартольднинг айрим сўзларида Амир Темурни “саводсиз бўлган” деган гаплари қанчалик ассоссиз эканлиги “Амир Темур сиймоси” китобида теран илмий таҳлиллар воситасида очиб берилган.

Таассуфки, буюк бобокалонимизга нисбатан уйдирмалар, сохта гаплар ҳанузгача давом этмоқда. “Сўнгги асрларда пайдо бўлган баъзи китобларда Тарағай баҳодирнинг номини «Тўрғай» деб ёзиш ҳоллари ҳам учрайди. Бу ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди,– деб ёзади муаллиф.– Тўрғай – кичкина сайроқи қуш. Баҳодирлар авлодидан бўлган амирга бундай нисбат бериш тўғри эмас. Туркий тилда Тарағай сўзи “нурдай таралсин, кўпайсин, катта ҳудудларни эгалласин” деган маъноларни билдиради”4. Бундай тилаклар ижобат бўлишига урғу берган адиб шу ўринда Амир Темур ўзининг суюкли невараси Улуғбекка дастлаб Тарағай деб исм қўйганини ҳам эслатиб ўтади.

Тарихий шахсларнинг номларини “ахборот хуружи”дан ҳимоя қилишда зарур факт ва далиллар билан кўрсатиб бериш мақсадга мувофиқдир. Атоқли адиб Пиримқул Қодиров Соҳибқироннинг тарихий ғалабаси билан бугунги тенгсиз истиқлолимизни шундай муқояса қилади: “Энг баланд тоғ чўққиси ана шундай баланд чўққидан кўзга аниқроқ кўринади. Биз ҳам Амир Темур етакчилигида халқимиз эришган мустақилликнинг нақадар юксак қадрият бўлганини Ўзбекистон истиқлоли йилларида яққол кўрдик”5. Демак, буюк аждодларимизга, бошқа шахсларга қилинадиган турли ахборот хуружларига қарши курашда атоқли адибларимизнинг мана шундай тажрибаларидан ҳам ибрат олиш мақсадга мувофиқдир.

Тарихий шахслар ҳақида тарихчилар, шоирлар кўплаб асарлар яратиши ўзига хос анъана бўлиб келган. Шу билан бир қаторда уларга нисбатан турли даврларда ахборот хуружлари қилиб келинганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Темурийлар сулоласидаги ёрқин сиймолардан бири бўлган Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбекнинг бетимсол ишлари ҳақида биз асосан тарихий, адабий-бадиий асарлар орқали яхши биламиз. Унинг дунё тарихида тутган ўрнини ҳазрат Мир Алишер Навоий ушбу сатрларида шундай таърифлаган:

 

Темурхон наслидин султон Улуғбек,

Ки олам кўрмади султон анингдек.

Анинг абнойи жинси бўлди барбод,

Ки давр аҳли биридин айламас ёд.

Ва лек ул илм сори топти чун даст,

Кўзи олдинда бўлди осмон паст.

Расадким боғламиш – зеби жаҳондур,

Жаҳон ичра яна бир осмондур.

Билиб бу навъ илми осмоний,

Ки ондин ёзди “Зижи Кўрагоний”.

Қиёматга декинча аҳли айём,

Ёзарлар онинг аҳкомидин аҳком.

 

Ўз замонасидан бошлаб ўтган асрлар мобайнида ва бугунги кунгача ҳам Улуғбек сиймоси тарихий асарларда ўзига хос тарзда улуғланган. “Қомуслар бош таҳририяти” томонидан 1996 йилда нашр этилган “Темур ва Улуғбек даври тарихи” тўпламида ана шу тарихий асарлар ҳақида маълумотлар кўп. Жумладан, Камолиддин Абдураззоқ Самарқандийнинг 1468-1471 йилларда ёзилган “Матлаъ ус-саъдайн” солномасида Улуғбек расадхонаси ҳақида кенг маълумотлар берилган. Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида Мирзо Улуғбекни нафис адабиёт билан шуғулланган давлат арбоби сифатида тасвирлайди.

1394 йил 22 мартда таваллуд топган буюк бобокалонимиз Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек ҳақида гап кетганида гоҳо унинг фожеали ўлимига ҳам албатта “урғу берилиши” замирида ҳам ўзига хос ахборот хуружи бордек туюлади. Ахир, буюк алломанинг муборак номини тилга олганда унинг улуғвор ишлари, авлодларига қолдирган бой тарихий мероси ҳақида сўзлаш мақсадга мувофиқ эмасми? Абдуллатифнинг фожеасини дўмбира қилавериш билан бутун темурийлар шаънига доғ тушураётгандек туюлади.

Таассуфки, бугунги кунда ҳам темурийлар шаънига гоҳо интернет орқали ахборот хуружлари бўлаётганига бефарқ қараш мумкинми? Самарқандда Амир Темур мақбарасини – “Гўри Амир” (яъни, “Амирнинг гўри”) деб аташ улуғ сиймо шаънига хуруждан бошқа нарса эмас!.. Мир Алишер Навоий ўз назмида буюк бобокалонни Темурхон деб атадими, ана шу муносабатнинг ўзи биз учун ибрат бўмоғи лозим. Токи, бу буюк сиймо номини “Темурланг” шаклида айтилишига бефарқ қарамаслигимиз зарур. Мирзо Бобур таъбири билан айтганда, бобокалонимизнинг қабрини ҳам “Амир Темур мақбараси” деб юритиш мақсадга мувофиқдир. Бу билан буюк аждодларнинг муқаддас номларини кишибилмас ахборот хуружларидан ҳимоя қилган бўламиз. Зеро, “бугунги кунда дунёнинг айрим ҳудудларида ана шундай ҳаракатлар натижасида катта маънавий йўқотишлар юз бераётгани, миллатнинг асрий қадриятлари, миллий тафаккури ва турмуш тарзи издан чиқаётгани, ахлоқ-одоб, оила ва жамият ҳаёти, онгли яшаш тарзи жиддий хавф остида қолаётганини кузатиш мумкин,– деб таъкидлаган давлатимиз раҳбари.– Энг ёмони, бундай хуружларнинг пировард оқибати одамни ўзи туғилиб ўсган юрти ва халқидан тонишга, ватанпарварлик туйғуларидан маҳрум этишга ва ҳамма нарсага лоқайд бўлган шахсга айлантиришга қаратилганида намоён бўлмоқда”6. Демак, жамиятимизда аждодларга, тарихий шахсларга нисбатан бўладиган ахборот хуружларига ҳеч қачон бефарқ қараб бўлмайди.

Модомики, буюк аждодлар ҳақида гап кетдими, аввало уларнинг улуғвор ишларини тилга олиш мақсадга мувофиқдир. Буюк алломаларнинг илм-фан ривожидаги нуфузи шу қадар юксак эдики, уларнинг исми шарифлари ер куррасидагина эмас, балки самода ҳам шуҳрат топди. Атоқли астроном Ян Гевелий томонидан 1647 йили нашр қилинган “Селенография” китобида Ойдаги кратерлардан иккитаси икки буюк ватандошимиз – Аҳмад Фарғоний ва Мирзо Улуғбек номи билан аталади7. Демоқчимизки, тарихий шахслар ҳақидаги улуғвор фикрлар айтиб турилиши ҳам уларга қаратилган ахборот хуружларига қарши муносиб жавобдир.

Жамиятга нисбатан қилинадиган ахборот хуружлари кўпинча халқ урф-одатлари, анъаналари, байрам ва маросимларига қилинадиган тажовузларда аён кўринади. Биргина мисол, собиқ мустабид тузумнинг сўнгги йилларида республикамизда Наврўз байрамини нишонлаш таъқиқлаб қўйилди. Ўша давр матбуотида бу байрамни “эскилик сарқити” деб таърифлаганлар ҳам бўлди. “Наврўзнинг икки минг йиллик тарихи давомида худбин манқуртлар, жоҳил шоҳу амирлар, дин пешволарию жаҳолатпарастлар таъқиқ қилдилар,– деб ёзади тарихчи олим Шавкат Миралимов.– Наврўзнинг расмий жиҳатдан қайта тикланганига бир йилдан кўпроқ муддат ўтганига қарамай, амалда ҳали ҳам турли тўсиқ ва қийинчиликларга дуч келмоқда”8.

Очиғи, Наврўз каби байрамлар, қатор миллий анъана ва урф-одатларимиз юртимиз истиқлоли шарофати билан қайта кашф этилди. Ҳар йили Наврўз байрами Тошкентда катта тантана қилиниши ва бутун мамлакатимизда кенг нишонланиши қадриятларимиз чинакам қадр топаётганини кўрсатади. Демак, бундай қадриятларга нисбатан қилинадиган ахборот хуружлари жамиятга маънавий таҳдиддан бошқа нарса эмасдир.

Мафкуравий таҳдидлар, “ахборот хуружи” аввало одамлар, айниқса ёшлар дунёқарашига салбий таъсир кўрсатади, жамоатчилик фикрини чалғитади. Бу ўз навбатида юрт осойишталигига ва жамият барқарорлигига путур етказади. Билинтирмай онгга таъсир кўрсатадиган ахборот шахс, оила ва жамиятни ўз комига тортаверади. Давлат тараққиётига, биринчи галда, маънавий, сиёсий, иқтисодий, маданий юксалишига салбий таъсир кўрсатади. Демак, ахборот қандай мақсадда тарқатилганини, унинг ижобий ёки салбий, фойдали ёки зарарли жиҳатларини фарқлаш учун одамлар онги ҳамда маънавияти юксак даражада бўлиши лозим. Айниқса, ОАВ ходимлари педагоглар, зиёлилар ва бошқалар биринчи галда ахборот-психологик хавфсизлик тушунчасига эга бўлишлари мақсадга мувофиқдир. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “маърифатпарварлик биз учун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ, йўқотмайди ҳам. Ақл-заковатли, юксак маънавиятли кишиларни тарбиялай олсаккина, олдимизга қўйган мақсадларга эриша оламиз, юртимизда фаровонлик ва тараққиёт қарор топади. Агар шу муаммони ечмасак, барча тоат-ибодатларимиз бир пул: тараққиёт ҳам, келажак ҳам, фаровон ҳаёт ҳам бўлмайди”9.

Ахборот таҳдидларининг энг хавфлиси – давлат сиёсатини таъминлашга қаратилган бўлади. Шахсга нисбатан қилинган хуруж тор доирани қамраб олса, давлат ва жамиятга таҳдид бутун бир мамлакат, халқ тинчлигини хавф остига қуяди. Бу жуда катта ва жиддий муаммони юзага келтириши мумкин.

Ахборот хуружларига қарши курашнинг самарали йўлларидан бири – мамлакат ўзини ўзи ахборот билан таъминлашидир. Албатта, бундай ахборот тўлиқ, сифатли ва ҳаққоний бўлиши шарт, акс ҳолда жамият аъзолари янада хорижий манбаларга мурожаат этишлари мумкин. Инсон психологиясининг шундай бир хусусияти борки, агар у бирор бир воқеа бўйича уч-тўрт соат ичида маълумот ололмаса, пайдо бўлган бўшликни ҳар хил уйдирма ва миш-мишлар тўлдиради. Шул боис, ахборот асрининг муҳим шартларидан бири – давлат ва жамиятнинг барча бўғинлари учун тезкор ахборот алмашинувини таъминлашдир. “Шу маънода, ахборот оламидаги устунлик кўп нарсани ҳал этадиган бугунги вазиятда мустақил онг ва мустақил фикрга эга бўлган шахсни тарбиялаш масаласи нафақат маънавий, керак бўлса, муҳим сиёсий аҳамият касб этади,– деб таъкидлайди давлатимиз раҳбари.– Бу ўта муҳим вазифани амалга оширишда таълим-тарбия тизими, ижтимоий-сиёсий, маънавий-мафкуравий масалалар билан шуғулланадиган идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлар, сиёсий партиялар ўз ҳиссасини қўшиши табиий, албатта, лекин бу борада оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва таъсир кучи беқиёс, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди”10.

Ҳар қандай ахборот инсонга турли даражада руҳий (психологик) таъсир кўрсатади. Ахборотнинг таъсирчанлиги шу даражадаки, у инсон дунёқараши ва ҳатто фикрлаш даражасини ўзгартириб юбориши мумкин. Бу жараёнда салбий ахборот инсон фикрини, ҳатто феъл-атворини ҳам номуносиб томонга ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас. Инсон ахборотсиз яшай олмайди. У доим янгиликлар эшитишга эҳтиёж сезади. Шу ўринда айтиш жоизки, кўпчилик негадир кўпроқ салбий ахборотларни эшитишга мойил бўлади. Айтайлик, замонавий кўп қаватли иморат бунёд этилгани ҳақидаги ахборотнинг қизиғи йўқдек туюлади. Худо кўрсатмасин, бирор бино қулаб тушса, у ҳақдаги ахборотни такрор-батакрор эшитгиси, иложи бўлса, шу фожеа ортида яна қандайдир мудҳиш гаплар чиқишини кутадиганлар ҳам кўп бўлади.

Одамлардаги ана шу “эҳтиёж”ни яхши билган айрим хориж радиолари имкон қадар ур-йиқит, портлашлар, уруш-жанжаллар, вайронагарчликлар, сунъий равишда бўлса-да “норозиликлар” ҳақидаги хабарларни устомонлик билан, имкон қадар ошириб-тошириб, бўрттириб тарқатишга ҳаракат қиладилар. Бу билан улар ўзларини ҳозиржавоб, ҳақиқат жарчиси қилиб кўрсатмоқчи бўладилар. Ишонувчан одамлар онгига шу тариқа таъсир кўрсатиб, номаъқул ғоянинг ҳам “тўғри эканлигини” исботлашга уринадилар.

Ахборот хуружлари шароитида инсоннинг психологик ҳимояси қай даражада бўлиши аввало ўзига боғлиқдир. Шу ўринда, яхшига эргашдинг – етдинг муродга, ёмонга эргашдинг – қолдинг уятга, деган мақолни эслаб туриш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Ўзбекистонга нисбатан четдан бўладиган “ахборот хуружлари”нинг асл мақсадлари барчага бирдек аён бўлиши лозимдир. Бундай ҳаракатлар асосан хорижий оммавий ахборот воситалари, турли нодавлат ташкилотлар, сиёсий кучлар, гуруҳлар ва ҳоказолар томонидан амалга оширилиши кузатилмоқда.

Шу ўринда ички таҳдидларни ҳам тўғри баҳолаш зарур. Яъни, аҳолини зарур ахборот билан тўла таъминлаш борасида муаммолар мавжудлиги, фуқаролик жамияти институтлари кутилган даражада ривожланмагани ва фуқароларнинг давлат ва нодавлат ташкилотларига мурожаатлари гоҳо жавобсиз қолиб кетиши шундай таҳдидларга замин яратади. Шуни айтиш жоизки, кенг аудитория билан ишлашда психология қонунларини билмасдан туриб самарали фаолият кўрсатиб бўлмайди. Масалан, ҳар бир инсон ҳулқи, нуқтаи назари ва позицияси турли ахборот ёрдамида ҳар хил бошқарилиши мумкин. Айрим мутахассислар фикрича, сиёсатшунослар ёки журналистлар бир воқеани, битта фактни шундай талқин қила оладики, ундан кенг аудитория ижобий ёки, тескариси, салбий хулоса чиқариши одатий ҳолга айланган11.

Бугун жамият ахборот-психологик хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган манбаларни ўрганиб бориш ўша салбий иллатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Миллатчилик, шовинизм, империявий тафаккур, мафкуравий экспансионизм ва бошқа шу каби иллатларни қўзғатувчи давлатлар, ташкилотлар ва шахслар ана шундай манбага айланиши мумкин12.

Албатта ҳар бир давлат ўз халқи манфаатларига, жамият тараққиётига хизмат қиладиган ахборотлар оқимини ўзи вужудга келтиради. Бунинг учун журналистлар билан бир қаторда сиёсатшунослар, файласуфлар, социологлар ва бошқа соҳа кишилари бир мақсад йўлида ҳаракат қиладилар. Бошқа давлат вакиллари ўзга мамлакат тараққиётига хизмат қиладиган ахборот оқимини ҳеч қачон вужудга келтирмаслиги кўриниб турибди. Билъакс, ўзгалар ўз мақсадига хизмат қилиши одатий ҳол. Улар бошқа мамлакатларга “ахборот хуружи” қилиши мумкин. Бундай хуружлардан ҳимояланиш аввало ҳар бир шахс, оила, давлат ва жамият манфаатлари учун хизмат қилади.

Мамлакатни четдан бўладиган ахборот таҳдидларидан асраш учун кураш айниқса журналистлардан улкан масъулият талаб қилади. Яъни, бу вазифани асосан журналистлар амалга оширади. “Ҳозирги вақтда оммавий ахборот воситаларининг вазифалари ҳам, улар олдига қўйиладиган талаблар ҳам кўп. Лекин энг муҳими – ҳаёт ҳақиқатини тўлақонли акс эттиришдан иборат. Чунки ҳақиқат журналистиканинг ўзгармас ва доимий шарти бўлиб келган ва шундай бўлиб қолиши зарур. Айни вақтда матбуот ва эфир орқали ҳақиқатни ёритиш, одамларга етказиш ҳар қайси журналистнинг билим ва тажрибаси, унинг профессионал маҳоратига, гражданлик позициясига боғлиқ эканини ҳам унутмаслигимиз лозим,– деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.– Албатта, ҳақиқатни очиб бериш дегани бир қарашда жуда содда, ҳаттоки, жўн гап бўлиб туюлиши мумкин. Ҳақиқат ё бор, ё йўқ, унинг нимасини очиб бериш мумкин, деган савол туғилиши ҳам балки ўринлидир. Лекин мафкуравий кураш тобора кескинлашиб бораётган бугунги замонда шундай устаси фаранглар борки, улар ҳар қандай ёлғонни ҳам ҳақиқат деб шундай боплаб тушунтириб қўядики, баъзан қип-қизил уйдирмаларга қандай ишонганингизни билмай қоласиз”13. Бу эса жамият ахборот-психологик хавфсизлигига таъсир этмай қолмайди. Айниқса, ёшлар онгига салбий таъсир қилувчи бундай ахборот хуружларига вақтида барҳам берилмаса нохуш ҳолларга олиб келиши ҳеч гапмас. Энг аввало ёшлар онги ва қалбида етарли даражада мафкуравий иммунитетни шакллантириб бориш ахборот хуружларига қарши курашда ғоят муҳим ўрин тутади.

Шу ўринда Россиядаги бир ҳолатни кўз олдимизга келтирайлик. “Америка овози” (“Голос Америки”) радиоси орқали Россия ҳаётига оид танқидий ахборот тарқатилса, руслар уни қандай “қизиқиш” билан кутиб олишади? Мафкуравий иммунитети анча кучли бўлган рус ёшлари хориж радиосининг сафсаталарига деярли қулоқ ҳам тутмаслигини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Ўзбек ёшлари орасида ҳам мафкуравий иммунитети юқори йигит-қизлар кам эмас. Афсуски, баъзи ёшлар ҳақида бундай дейиш қийин. Шунинг учун ҳам юртимизда шахснинг ақлий қобилияти, билимини ўстириш билан бирга, уни жисмонан бақувват, ахлоқий ва руҳий жиҳатдан баркамол қилиб вояга етказиш масаласига катта аҳамият берилмоқда. Миллий истиқлол ғояси, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг ҳам пировард мақсади шу14. Маънан етук ва мафкуравий иммунитети етарли даражада шаклланган ёшлар эса ҳар хил ёт ғоялар, маънавий таҳдидлар, ахборот хуружлари таъсирига берилмайди. Зеро, бугунги кунда дунёнинг айрим ҳудудларида ана шундай ҳаракатлар натижасида катта маънавий йўқотишлар юз бераётгани, миллатнинг асрий қадриятлари, миллий тафаккури ва турмуш тарзи издан чиқаётгани, ахлоқ-одоб, оила ва жамият ҳаёти, онгли яшаш тарзи жиддий хавф остида қолаётганини кузатиш мумкин. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, энг ёмони, бундай хуружларнинг пировард оқибати одамни ўзи туғилиб ўсган юрти ва халқидан тонишга, ватанпарварлик туйғуларидан маҳрум этишга ва ҳамма нарсага лоқайд бўлган шахсга айлантиришга қаратилганида намоён бўлмоқда15. Токи, ҳар бир фуқаро, ёш авлод доимо шахс, жамият ва давлатнинг ахборот-психологик хавфсизлигини таъминлаш моҳиятини тўла англаб етиши зарур.

 Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти,

филология фанлари номзоди

 у2

1 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 12 б.

2 Каримов И.А. Амир Темур ҳақида сўз. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 38 б.

3 Қаранг: Қодиров П. Амир Темур сиймоси. –.: Ўзбекистон, 2007. – 103 б.

4 Қодиров П. Амир Темур сиймоси. –.: Ўзбекистон, 2007. – 9 б.

5 Ўша асар, 102 б.

6 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 12-13 б.

7 Қаранг: ўша асар, 42 б.

8 Миралимов Ш. Наврўз. –Т.: 1990. – 4 б.

9 Каримов И.А. Миллий истиқлол мафкураси – халқ эътиқоди ва буюк келажакка ишончдир. –Т.: Ўзбекистон, 2000. – 23-24 б.

10 Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 9 б.

11 Қаранг: Мўминов Ф.А. Шахс, жамият ва давлатнинг ахборот-психологик хавфсизлигидаги манбалар ва уларнинг турлари. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурулиши академияси жорий архиви, 2006.

12 Қаранг: Пахрутдинов Ш. Тараққиётга таҳдид: назария ва амалиёт. –Т.: Akademiya, 2006. – 73 б.

13 Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 10 б.

14 Қаранг: Комилов Н. ва бошқ. Маърифатли жамият мухолифлари. – –Т.: Академия, 2005. – 20-21 б.

15 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 12-13 б.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>