Маънавият бахш этган ҳаёт

Инсоният ҳаётини маънавиятсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Ҳар бир мамлакат ҳаётини унинг маънавияти қай даражада эканлигига қараб баҳолаш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши бу борадаги ғоят улкан қадам бўлди. Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”. Бу фикр замирида оламча маъно мужассам.

“Ўзбекистон” телеканалида жонли эфирда намойиш этилаётган “Муносабат” кўрсатувининг навбатдаги сони шу мавзуга бағишланди.

1

Кўрсатув бошловчиси Қуддус Аъзам давлатимиз раҳбарининг видеоселектор йиғилишида илгари сурган ғоят муҳим ғояларини қисқача шарҳлар экан, бу борада очиқ-ойдин айтишимиз шарт бўлган муаммоларга ҳам эътибор қаратди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилари маркази аъзолари, профессор Жамила Шермуҳамедова, таниқли шоира Шарифа Салимова, Феруза Муҳиддинова, МТДП кенгаши раиси ўринбосари, “Миллий тикланиш” газетаси бош муҳаррири Миродил Абдураҳмонов, “Адолат” газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамро, “Маънавий ҳаёт” журнали бош муҳаррири Эшқобил Шукур, МТДП марказий кенгаши масъул ходимлари Улуғбек Сафаров, Бекзод Тўраев, журналист Саодат Содиқова ва бошқалар бугун янги ҳаёт қуриш, ривожланган давлатлар қаторига чиқиш йўлидан бораётган мамлакатимизда ҳам миллий ғоя масаласи жуда муҳим аҳамиятга эга экани, бу борада қабул қилинган қарорлар ижроси қай даражада амалга оширилаётгани ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

Айтиш жоизки, маънавият йўналишида ечимини кутиб турган масалалар жуда кўп. Миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, эски мафкурани тасаввур қилиб, бунга юзаки қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Шу боис Президент мамлакатимиз мафкурасининг асосий ғоясини таъкидлаб ўтди:

– Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган.

Бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устамонлик билан сингдириляпти.

Терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибер-жиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ошиб бормоқда. Баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтирилиб, норозилик кайфияти авж олдирилмоқда.

Бундай таҳликали вазиятда ҳушёр ва огоҳ бўлиб, халқимизнинг тинчлиги, мамлакатимиз манфаатларини ўйлаб яшаш зарур.

Давлатимиз раҳбари лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф эканини, бугун учраётган ижтимоий муаммоларни камайтириш учун нуронийлар тарбияси, жамоатчилик назорати етишмаётганини таъкидлади.

Айтиш жоизки, ижтимоий-маънавий муҳитни илмий асосда таҳлил қилишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Жамиятимизда маънавий-маърифий ишлар шундай асосда йўлга қўйилмагани учун ҳам кутилган натижани бермаяпти.

Йиғилишда республика Маънавият ва маърифат марказининг “Маънавият тарғиботчиси” ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш таклифини билдиргани айни муддао бўлди.

Шу билан бир қаторда маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари белгилангани ҳар бир зиёли зиммасига улкан масъулият юклайди.

Тарбияда танаффус бўлмайди, дейди халқимиз. Лекин, маънавий-маърифий ишлардаги узвийлик ҳозирча бундай эмас. Бу борада боғча, мактаб, олий таълим, маҳалла – ҳар бири алоҳида иш олиб боряпти.

Шу боис маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизимини яратиш, хусусан, ўғил-қизларни болалигиданоқ билимли ва фазилатли этиб тарбиялаш, бунинг учун мактабгача таълим муассасаларига методик ёрдам кўрсатиш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим даргоҳларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Барча олийгоҳ ва уларнинг филиалларида мавжуд штат бирликлари доирасида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими жорий этилиши айтилди.

Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида ҳар бир маҳаллага профессор-ўқитувчи ва таниқли зиёлилар бириктирилиши маълум қилинди. Шунингдек, Тошкент шаҳар нуронийларининг тарбияси оғир, ишсиз ёшларга кўмаклашиш бўйича ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Ҳудудлар марказида намунавий лойиҳа асосида маънавият ва маърифат масканларини барпо этиш, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан соҳага қўшимча штатлар ажратиш бўйича кўрсатма берилди.

Тошкент шаҳридаги “Ғалаба боғи” мажмуасини халқимиз, айниқса, ёшлар учун ҳарбий тарих ва аждодларимиз қаҳрамонлигини ўрганиш бўйича илмий марказга айлантириш таклифи билдирилди.

Ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, бунинг учун тарихни яхши ўргатиш, бу йўналишдаги илмий тадқиқотларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

– Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга Ўзбекистонда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Ўзбек тилининг давлат тили мақомини кучайтириш, юртимизда ва хорижда уни ўрганиш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш юзасидан кўрсатма берилди.

Бугун ҳаёт янгича фикрлаш ва ишлаш, миллий “ақл марказлари”мизни шакллантиришни талаб этмоқда. Афсуски, атрофимиздаги барча сиёсий-ижтимоий жараёнларни чуқур тушуниб, таъсирчан тилда етказиб берадиган таҳлилчи ва экспертларимиз жуда кам. Бундай вазиятда жамиятимизни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасидаги илмий-амалий тадқиқотларни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Шу маънода, Маънавият ва маърифат, “Тараққиёт стратегияси”, Ислом цивилизацияси марказлари, ижтимоий-гуманитар йўналишдаги тадқиқот институтлари ҳақиқий “ақл марказлари”га айланиши кераклиги таъкидланди.

Миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида “Ижод” жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши қайд этилди.

Бу жамғармага 120 миллиард сўм ажратилиб, маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини самарали амалга ошириш, миллий адабиётимизни ривожлантириш учун сарфланади. Бу маблағнинг 90 миллиард сўми ҳудудларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантиришга, 20 миллиард сўми Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга, 10 миллиард сўми мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил қилишга йўналтирилади.

Шу йилдан бошлаб, маънавият ва маърифат соҳаси ихтисосликларини фанлар классификаторига киритиш, бу йўналиш бўйича етук кадрлар тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.

Китобхонлик маданиятини кенгайтириш, кино санъатини изчил ривожлантириш, барча телеканаллар қошидаги бадиий кенгашлар фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, теледастурларнинг савиясини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

– Агар кимдир, маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир, – деди Президент.

“Муносабат” кўрсатувида юқорида баён этилган масалалар бўйича мухтасар ҳамда таҳлилий-танқидий фикрлар ошкора айтилди.

Умид қиламизки, Президентимиз раислигида ўтказилган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида илгари сурилган ғоялар ва шу аснода 20 январь куни “Муносабат” кўрсатувида жонли эфирда очиқ-ошкора айтилган фикрлар кенг жамоатчилигимизни бефарқ қолдирмайди.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти,

Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати,

республика Маънавият ва маърифат маркази

“Маърифат” тарғиботчилари маркази аъзоси

(Ушбу мақолани тайёрлашда ЎзАда шу мавзуда ёритилган маълумотлардан фойдаланилди)

You may also like...

1 Response

  1. – Бу асарнинг асосий ?а?рамонлари – бизнинг авлодга мансуб ёшлар, ани?ро?и, шу университетимиз талабалари эди! Адолатпарвар, инсонпарвар ру?да ?аётга кириб келаётган ёш зиёлиларни ?ўлимдан келганча ўзимизнинг авлод ор?али кўрсатишга ?аракат ?илганман. «Уч илдиз» номининг замирида учта маънавий илдиз ётибди: пухта билим олиш; инсонийлик – одамийлик касб этиш; шахсий ?аётда камолотга эришиш, му?аббатга асосланган оила ?уриш. Ўйлайманки, жонажон университетимизнинг бугунги талабалари ?ам ?аётга ана шундай катта-катта маънавий илдизлар отишга интилмо?далар.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>