Маънавият машъаласи

“Ёшлар” телеканалида намойиш этилган “Ёшлар пресс-клуби”нинг “Олий ўқув

юртларида маънавий-маърифий, маданий ва спорт-соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида (Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети мисолида)” деб номланган кўрсатуви талаба-ёшлар учун ўзига хос дарс ва сабоқ бўлди, дейди Дониш домла.

ё2 ё3 ё4

Кўрсатувда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Отабек Бозоров, республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Муҳаммаджон Қуронов, ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Нажмиддин Қодиров, Хотин-қизлар кенгаши раиси Лаълихон Муҳаммаджонова, Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров ва бошқалар олий ўқув юртларида маънавий-маърифий, маданий ва спорт-соғломлаштириш ишлари самарадорлигини ошириш истиқболлари ҳақида атрофлича сўз юритдилар.

Кўрсатувда қайд этилганидек, маънавий-маърифий, маданий тадбирлар, спорт-соғломлаштириш ишлари талабаларнинг маънан камол топишларига хизмат қилади. Айтиш ўринлики, янги ўқув йили бошланганидан буён ЎзМУда аввало дарс – талабаларга билим бериш қанчалик такомиллаштирилаётган бўлса, ўқув машғулотларидан сўнг турли тадбирлар ҳам шундай узлуксиз давом эттирилмоқда. Буни биргина ЎзМУ мураббийлари, маънавий-маърифий ишларга масъул ходимларнинг телеграм каналлари, ижтимоий тармоқлар орқали ёритилаётган кундалик хабарлар орқали ҳам кузатиш мумкин.

Янги ўқув йили бошланганидан буён ЎзМУ профессор-ўқитувчилари Тошкент шаҳридаги қатор умумтаълим мактабларида амалга ошираётган маънавий-маърифий ишлари, камолга етаётган ўғил-қизлар билан давра суҳбатлари, шу билан бир қаторда мактаб ўқувчиларини Миллий университетга таклиф этиб, ўқув бинолари, факультетларнинг музейларида ўтказаётган тадбирлари ҳақида ижобий фикрлар билдирилди. Бу эзгу ишларни янада такомиллаштириш борасида ҳам жўяли таклифлар илгари сурилди.

Таҳлилий фикрлар мушоҳадага чорлайди. Олий ўқув юртларида маънавий-маърифий, маданий ва спорт-соғломлаштириш ишларини такомиллаштириб бориш албатта ижобий ҳол. Бироқ…

Бироқ, олий ўқув юртида талабалар аввало фанларни, назарий билимларни пухта эгаллашлари лозимлигини унутмаслигимиз керак. Маънавий-маърифий, маданий ва спорт-соғломлаштириш ишларини такомиллаштириш учун ҳам талаба аввало билимли бўлмоғи зарур!

Турли тадбирлар дарсдан кейин ўтказилмоғи лозим дегани – ўша тадбирлар “иккинчи даражали” деган бирёқлама фикрни уйғотмаслиги керак. Таъбир жоиз бўлса, илмий конференциялар ҳам дарсдан кейин бўлади. Назарий билим олишни бир четга суриб қўйиб бирор тадбир ўтказилиши мантиққа тўғри келмайди. Мабодо, шундай тадбирлардан бирортаси ўқув машғулотлари пайтига тўғри келиб қолган тақдирда ундан кейин ўша дарс албатта (қўшимча соат сифатида бўлса-да) ўтилиши шарт!

Атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романи қандай воқеа билан бошланишини эсланг. Асар қаҳрамонларидан бири – Маҳкам ёшлар ташкилоти кенгашида қатнашиб, дарсга кечиб келади. Акбаров деган домласи унга “Эшикни орқасидан ёпинг” деб киритмайди. Мақсади – ўша талабанинг аввало билим олишга бўлган масъулиятини ошириш эди!

Ўқимаган, етарлича билим олмаган талаба ҳарқанча тадбирларда фаоллик кўрсатмасин у келгусида етук кадр бўла олмайди! Бир пайтлар шиорга айланган: “Аввал Ватан, кейин жон…” деган гапга ўхшаш – АВВАЛ БИЛИМ, КЕЙИН ТАДБИР бўлмоғи шарт!

Билимли талаба маънавий-маърифий тадбирларни ҳам нақадар сермазмун, ҳамма учун ҳар томонлама фойдали ташкил этиш ва ўтказишга эриша олади. Олий ўқув юртида ўқишни фақат шунақа тадбирлардан иборат деб билган ва дарсларга кирмаган талабанинг билими ҳам, дунёқараши ҳам, маънавияти ҳам юзаки бўлиб қолишини тўғри англамоқ керак!

Кўрсатувда бир талаба “тадбирларни ёритишга дарсдан чиқиб кетсак баъзи ўқитувчилар босим ўтказмоқда” деган мазмунда айтган беўхшов гапини ҳазм қила олмадим. Унинг иддаосича, дарсдан чиқиб тадбирларни ёритган талабага имтиёз кўрсатиш керак эмиш…

Бўлмаган гап! Талабанинг биринчи бурчи – билим олиш, вассалом! Шунинг баробарида дарсдан кейин исталганча тадбирларда фаоллик кўрсатиб, ОАВда ёритиш маҳоратини намоён этаверсин.

Мабодо, ўша талабанинг дарсдан чиқиб бирор иш қилиши зарур бўлиб қолса, ундан кейин ўқитувчиси қўшимча дарс ўтиб бериши шарт! Бундай ҳоллар фақат университет раҳбарининг махсус буйруғи ёки ёзма топшириғи билан амалга оширилиши мумкин.

ЎзМУда амалга оширилаётган тадбирларни мунтазам ёритиб борадиган Ахборот хизмати бор! Ҳар бир факультетда, талабалар турар-жойларида, спорт иншоотларида ўтказилаётган турли тадбирлар ҳақида ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори ва унинг тизимидаги ходимлар, қолаверса, ҳар бир факультет деканининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ва бошқа фидойи ўқитувчилари Ахборот хизматига муттасил маълумот етказиб туришибди!

Кўрсатув сўнггида бошловчи яхши ибора қўллади: Маънавият машъаласи!

Албатта, бундай очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари маънавиятимизга фақат машъала бўлиб хизмат қилади.

Биргина кўрсатув шунча мушоҳадага ундади, илҳомлантирди! Бошқа минглаб телетомошабинларда ҳам турлича фикр-мулоҳазалар уйғотганига ишонамиз.

Демак, ҳақиқат баҳсларда туғилади, деганларидек, бундай кўрсатувлар ҳам олий ўқув юртларида ўтказилаётган узлуксиз маънавий-маърифий тадбирларга ҳамоҳанг бардавом бўлиши фойдадан ҳоли бўлмайди.

 Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари

You may also like...

1 Response

  1. Oliy o’quv yurtlarida talabalarni dars vaqtida (bo’sh qolgan o’rindiqlarni to’ldirib berishi , «jonli devor» bo’lishi uchun) turli tadbirlarga jalb etish holatlari ahyon-ahyonda uchrab turibdi.Aksariyat tadbirlarning ba’zilaridan hatto darsdagidan ham ko’proq ma’lumotlarga ega bo’lishi mumkin. Ba’zilarida esa qatnashib , vaqtingga achinasan. Eng qizig’i bu tadbirlarga talabalarni majburan qatnashtirish o’qituvchilar uchun cho’t emas. «Sessiya» deyishi bilan hammasi hal. Butun hayot-mamotiga aylangan bu so’z talabalarni yuragiga botib , albatta ularni osongina bo’ysundiradi. Bu masalaning biri tomoni.
    Yana shunday darslar o’tiladiki, ularga qatnashish , 80 minut mixdek stulga o’tirish azobidan qutilish uchun ham tadbirlarga borging , yangi -yangi tajribalar orttirging keladi. Balki mana shunday saviyasiz darslarga sal pedagog mazmun berishi, tinglovchisini qiziqtira olishi kerakdir( ayrim fanlarga tegishli).

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>