Маҳорат мактаби: Абдуғафур РАСУЛОВ. МАНГУ СИЛСИЛА

Игнанинг тешигидай булоқчалардан, ипдай-ипдай ирмоқлардан бошланган дарё умид билан денгизга интилади. Яхши ният — ярим мол…

Чох, чириган тўнгак, ҳиссиз харсанг шўх ирмоқча йўлини тўсиб ташлаши мумкин. Инсон умри ҳам ирмоқ, ариқ, дарёникига ўхшайди. Озод Шарафиддинов дарёдай жўшгунича олтмиш йиллик машаққатли, мураккаб йўлни босиб ўтди. Истиқлол барча юртдошларимизга, жумладан, устозга туганмас куч, имконият берди. Президент Ислом Каримов мустақиллигимизни мустаҳкамлашга сидқидилдан киришган инсонлардан меҳрини дариғ тутмади. О.Шарафиддинов истиқлол моҳиятини чуқур англади, имкониятларидан унумли фойдаланди. Олтмиш йилда амалга оширмаган ишларни 10-15 йил ичида тўла-тўкис, юксак мақомда уддалади. «Жаҳон адабиёти» журналининг юзта сони, “Ижодни англаш бахти», «Довондаги ўйлар» китоблари, таржималари, ватандошларига айтган безавол фикрлари – Озод Шарафиддиновдан қолган бебаҳо бойлик, қадрият.

Умрининг сўнгги ўн йилида устоз глобаллашувнинг иссиқ, совуқ нафасини ҳис қилиб яшади. «Нажот–ҳамкорликда», «Барселонада ўзбек патири», «Эътиқодимни нега ўзгартирдим?», «Виждон керакдир инсонга», «Мангулик шуъласи» сингари мақолаларида чайқалиб турган олам руҳи сезилади, жаҳоний тафаккур юксаклиги кўзга ташланади. “Мана, салкам ўн йилдирки, жонажон юртимиз кўксида Мустақиллик байроғи мaғpyp ҳилпирамоқда, – деб ёзади О.Шарафиддинов «Виждон керакдир инсонга» мақоласида. — Биз аллақачон мустақилликнинг буюк қудратини меҳнаткаш халқ оммасига нималар беришини амалда кўриб турибмиз… Лекин мен шу йилларда фавқулодда муҳим бир соҳада ўзгаришлар қилина бошланганлигини алоҳида таъкидламоқчи эдим. Бу маънавият соҳасидир… Биз янги, демократик, адолат қарор топган жамият қурмоқдамиз. Бу жамият фақат хўжалиги ривож топган фаровон жамиятгина бўлиб қолмай, виждон ва инсоф, имон ва адолат каби умумбашарий қадриятлар тантана қилган жамият ҳам бўлмоғи керак”. Озод домла Юртбошимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» (2008), «Энг асосий мезон — ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш» (2009) асарларини кўрмадилар. Ҳар икки китобда глобаллашув жараёнида маънавиятнинг ўрни, аҳамияти ҳақида зарур, теран фикрлар айтилган. Жамиятимизнинг асосий кучи бўлган ёшлар бу китоблардан асосли сабоқ олмоқдалар.

Озод Шарафиддинов умр бўйи ёшлар билан бўлди: таълим-тарбия берди, асарлар ёзди, таржималар қилди, давраларда тўлиб-тошиб сўзлади. Бошқача айтганда, устозлик О.Шарафиддиновнинг табиатига сингиб кетган эди. У устоз-шогирдлик фалсафасини чуқур англар, ўргатувчи масъулияти, ўрганувчи бурчини мукаммал биларди. Истиқлолдан кейин мангу силсила — устоз-шогирдлик муносабати тараққий этди. Юртбошимиз устозлар обрўсини кўтарди, шогирдлар учун лозим шароитларни яратиб берди. Донишманд инсонлар устоз-шогирдлик муносабатларини ҳозирги замон эҳтиёжи, талаблари билан бойитди, тўлдирди.

Озод Шарафиддинов устозлардан ёлчиган шогирд эди. У отасидан кўрмаган меҳрни, мардона муносабатларни Қ.Аҳмедов, С.Комилов, М.Содиқовдай мактаб ўқитувчиларидан, шоир Ҳасан Пўлатдан кўрди. САГУ (ҳозирги ЎзМУ)га киргач, ҳақиқий устоз-шогирдлик муносабатларининг гувоҳи бўлди. Ҳозирги Миллий университет қадимдан чин зиёли, миллатпарвар олимлар йиғилган  муқаддас даргоҳ бўлган.  Университетда устозу шогирдларнинг ёзилмаган қатъий қонуни бўлган. Аввало, устоз шахсий алам, дардларини зинҳор достон қилмас, минбардан фақат ҳақ гапни айтарди. Олимлик ва одамийлик — университетдаги устознинг юксак сифати бўлмоғи шарт эди. Университетда дарс берган одам борки, олим, сиймо бўлавермаган. Илмий ходим ҳам мақолалар ёзади, изланишлар олиб боради. Лекин талабаларга маъруза ўқиган, амалий машғулот олиб борганларнинг бари устоз бўлмаган. Олим ва устоз — университетнинг таянчи, бетакрор ўзлиги, ўқитиш, таълим беришдаги безавол йўсин. Озод Шарафиддинов университетда ҳақиқий олимларни кўрди, чин устозларни топди. Шу кунларда О.Шарафиддиновнинг «Домлалар» номли китоби ўқувчилар қўлига етиб борди. Унда Озод Шарафиддиновнинг бетакрор фазилатлари, одам танлашдаги тамойиллари, олимлик ва одамликни ўта нозик талқин қилганлиги кўзга ташланади. Муаллиф йигирмата устоз-домланинг бетакрор хусусиятларини акс эттирган. Солиҳ Қосимов, ака-ука Воҳидовлар, Нўъмон Долимов, Ғулом Каримов, Абдураҳмон Саъдий, 3икриё Мирҳожиев, Корнелий Зелинский, Музайяна Алавия, Матёқуб Қўшжонов, Турсун Иброҳимовлар — тиниқ, ёрқин характерлар. Уқувли ёзувчи шу характерларни ҳаракатга келтириб зўр асар яратиши мумкин. Шўро замони ҳақиқий олимнинг ярқ этиб кўринишини қўлламаган. Ажойиб олимлар ўзларига имиж танлашга мажбур бўлганлар. Солиҳ Қосимов, масалан, ўзи ясаган қиёфага ишона бошлаган. Устозлар ҳар хил кишилар бўлишларидан, шахсий ҳаётларидаги йўқотиш, қийноқларидан қатъи назар олимлик моҳиятларига хиёнат қилмаганлар. Турсун Иброҳимов деган тилшунос аждаҳо комидан қайтган — ўлимга ҳукм этилган инсон эди. У қамоқдан қайтгач, САГУда тилшуносликдан дарс берган. Озод Шарафиддинов Т.Иброҳимовдаги энг нозик нуқтани бундай тасвирлайди: «кам куларди, бироқ бирор муносабат билан жилмайиб қўйса, шунда ҳам кўзидаги мунг йўқолиб кетмас, табассуми ҳам алланечук ғарибона ва аянчли кўринарди». Юсуф Тоҳирий бағри кенг, талабалар билан ота-боладай муомала қиладиган инсон эди. Унинг дарсидан ҳеч ким зерикиб чиқмасди. Домладаги оханрабо талабаларни зумда ўзига тортиб оларди. Мен ҳам Тоҳирий домла талабаси бўлганман. Бир куни Домла аудиторияга пилдираб кириб келди. Дўмбоқ-дўмбоқ қўлларини кафедрага қўйди-да:

–Ўзбакнинг болалари, бир гап айтайми, –деди. Домла ҳангома
бошламоқчи-ю, талаба қарши бўлармиди?

–Айтинг, домла. Эшитамиз, устоз.

–Мен композитор бўлсам, бир опера яратардим. Унга тож қилиб «Феруз» ашуласини кийдирардим. Ҳамма тинчиб қолди. Домланинг кўзига ёш келди.

–Энди дарсни бошлаймиз, –деди домла.

Мана шундай улуғ инсон фирқавий идораларда ўзини йўқотиб қўйган. Айтадиган муҳим гапини унутган. “Домлалар” китобининг фазилатлари кўп. Ҳали бу асар, устоз ва шогирдлар ҳақида кўп гаплар айтилади.

“Домлалар”да О.Шарафиддинов У.Норматов, Н.Каримов, И.Ғафуров, Б.Қосимов, Нуриддин Бобохўжаев, С.Содиқ ҳақида ғypyp билан ёзган. Домла шогирдларини қанчалик эъзозласа, шогирдлар ҳам ҳамиша устоз ҳурматини жойига қўйдилар. О.Шарафиддиновнинг ижодкор шогирдлари қанча мўл бўлса, илмий ходим издошлари ҳам шунчалик сероб эди. Чунончи, Э.Воҳидов, А.Орипов, Ў.Умарбеков, Ойдин Ҳожиева, Э.Аъзам, М.Мирзо, А.Шер, Ш.Қурбон сингарилар устоз ҳақида ўз гапларини айтмоқдалар. О.Шарафиддиновнинг йигирма еттита ҳужжатли шогирди бўлган. Улар Устоз раҳбарлигида фан номзоди илмий даражасини олганлар. Шогирдлар орасидан омонатлари кам чиқди. Аксарият шогирдлари ҳар қачон, ҳамма ерда устоз ҳурматини ўрнига қўярдилар. Шогирдлардан Талъат Солиҳов, Нуриддин Бобохўжаев, Қалимбет Султонов, Бегали Қосимов, Маъмур Абдуллаев домладан илгари вафот этдилар. О.Шарафиддинов вафот этган шогирдларини қўмсаган, «Соғинсам, Нуриддинжон, излайман қаерлардан?» деб мақола ёзган, шогирди Бегали билан телефонда видолашганини йиғлаб баён этган, тоғ ошиб, дарё кечиб, аравачада Қўқонга борган, шогирди Маъмуржон руҳи покини ёд этган. Устоз ва шогирдлик — муқаддас, мангу силсила. У давом этса, маънавият, инсонийлик, инсоф, эзгулик миллатнинг эзгу фазилати бўлиб қолаверади.

 

Абдуғафур РАСУЛОВ

 (Ушбу мақолани раҳматли устозимизнинг шахсий кутубхонасидан тақдим этгани учун

Рустам Абдуғафур ўғлига самимий миннатдорчилик изҳор этамиз).

You may also like...

4 Responses

  1. Ushbu maqolada muallif O. Sharafiddinov siyratini mahorat ila chiza olibdi. Maqola bir tomondan, maqola yozish mahoratini o’rgatsa, ikkinchi tomondan ustoz haqidagi bilimlarimizni boyitadi.

  2. Chaman sizning fikrliringizda jon bor. U bizning xotiramizda mangu yashaydi.

  3. Ozod Sharafiddinov buyuk siymo. Ulug’ ustozning ijodiy merosi biz uchun juda katta bebaho boylik.

  4. BAXTIYOR:

    CHINDAN HAM BIZLARGA, MANA SHUNDAY OZOD SHAROFIDDINO’V KABI, IBRATLI USTOZ KERAK! TOKI MAQOLALARIMIZ, YANADA TA’SIRLI VA KUCHLI BO’LSIN!

Добавить комментарий для BAXTIYOR Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>