Маҳорат мактаби: ПИРИМҚУЛ ҚОДИРОВ САБОҚЛАРИ

Инсон тақдиридаги ўзгаришлар…

… тарихда юз берган бурилиш паллалари билан нақадар боғлиқ эканини мен “Уч илдиз” деган романни ёзгач, 1955-58 йиллари ўз бошимдан кечирганман. У пайтлари 25-26 ёшлик аспирант эдим. Худди ўша 1956 йили Абдулла Қодирий ва Чўлпонлар ноҳақ қатағон қилингани тан олинди. Мен бу ёзувчиларнинг шу вақтгача таъқиқда бўлган асарларини энди қидириб, топиб ўқиганим сари дилимда кучли бир туғён, ўзгариш юз бера бошлади. Абдулла Қодирий ва Чўлпонлар мустақиллик учун мардона курашиб, ҳалок бўлган сиймолар эканини мен энди дил-дилдан ҳис қилдим. Улар Пушкин ва Лев Толстойни астойдил ҳурмат қилар эдилар, ўз халқини ўша улуғ адиблар каби севар эдилар. Улар ўзбеклар орасидан етишиб чиққан жозибали инсонларни ўз асарларининг бош қаҳрамонлари қилиб тасвирлар эдилар. Чунки мустамлака даврида бизни иккинчи даражали инсонлар деб камситиш одат тусига кирган эди. Ҳолбуки, бошқа халқларда бўлганидек, бизнинг миллат орасида ҳам Отабек, Анвар, Зебихон каби жозибали сиймолар етишиб чиққан, Абдула Қодирий ва Чўлпон уларни ўз асарларида меҳр билан тасвирлаганди.

 

Чўлпон…

… бутун ҳаётини миллатга ва адабиётга фидо қилди. Муҳтарам Президентимиз яқинда эълон қилинган “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли янги асарида Чўлпондаги мана шу фидойилик ва миллатпарварликка юксак баҳо берди: “Улуғ адиб Чўлпон айтганидек, адабиёт яшаса – миллат яшайди”. Теран маъноли бу ажойиб сўзларни шахсан мен эллик йилдан бери дилимда такрорлаб юраман ва Чўлпон маънавиятидан ибрат олишга интиламан.

 

1955-58 йиллари…

… ёзган “Уч илдиз” романимда ноҳақ тазйиққа учраб, ишдан четлатилган тарихчи олим Абдураҳмон Тошев сиймосида мен Ойбек ака ва бизга тарихдан дарс берган Абдураҳмон Ҳамроев – Навоий ролини ўйнаган машҳур актёр Раззоқ Ҳамроевнинг акасини назарда тутганман. Мустабид тузум малайлари билан дадил олишган яна бир олим Темур Акбаров сиймосида Абдулла Қаҳҳорнинг “ўзбек адабиёти жаллодлари”га қарши дадил курашга чиққан дамларини кўз олдимга келтирганман. Шундан кейин ёзилган “Қора кўзлар”, “Олмос камар” романларида ҳам халқимиз орасидан етишиб чиққан жозибали инсонлар бош қаҳрамон тимсолида тасвирланди. Бу китобларда миллий туйғуни уйғотадиган муаммолар кўтарилгани мустабид тузум қўриқчиларига ёқмас эди. Бунинг устига Бобур мирзо ва Акбаршоҳ дилбар шахслар сифатида тасвирланган “Юлдузли тунлар” ва “Авлодлар довони” романлари ёзилди. Бу романларнинг биринчиси олти йилгача босилмай ётди. Иккинчиси уч йилгача таъқиқ остига олинди.

 

Ўзбекистон мустақиллигининг ғалабаси…

… мени бу оғир аҳволдан қутқарди. Ўзим ҳам депутатликка сайландим ва Юртбошимиз атрофига жипслашган тараққийпарвар кучлар билан бирга тарихий адолатни тиклаш учун баҳоли қудрат ҳаракат қилди. Айниқса, муҳтарам Президентимиз тарихий адолатни тиклашга жуда катта эътибор қаратдилар. Менинг тақдиримдаги энг муҳим бурилиш мана энди – истиқлол даврида юз берди. Босилмай ётган Бобур ва Акбар ҳақидаги романларим истиқлол йилларида уч қайта нашр этилди.

Ҳозир ёшим саксонга тўлди. Шу саксон йилнинг мен учун энг самарали ва қутлуғ даври истиқлол йилларига тўғри келди. Бунинг учун ҳозирги тақдиримга ва истиқлолга шукрона айтаман.

 

Пиримқул ҚОДИРОВ ён дафтаридан

2008 йил.

 

***

 

ШОИРОНА ҚАЛБ ЭГАСИ

 

Пиримқул Қодиров сиймосида менимча учта муҳим жиҳат мукаммал равишда мужассам бўлган. Булар: юксак ёзувчилик иқтидори, теран олимлик салоҳияти ва ниҳоят энг муҳими, инсоний фазилатлардир.

Биз тенггилар уcтоз адибларимиз Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ижоди баробарида ҳали йигитлик йилларидаёқ довруқ қозонган Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов асарларини ҳам ўқиб улғайганмиз.

Пиримқул аканинг айниқса “Уч илдиз” романи талабалар ҳаётини акс эттиргани учун ёшлар орасида кенг тарқалган эди. Талабалик йилларининг тасвири романнинг асосий ғоясини ташкил этади. Атоқли адибимизнинг “Қадрим”, “Эрк”, “Мерос”, “Ботирлар ва бахиллар” деб номланган қиссалари, “Қора кўзлар”, “Олмос камар” сингари замонавий мавзулардаги романлари ҳам ўз даврида китобхонларнинг меҳрини қозонган.

Улуғ ҳофизларнинг репертуарида ўзлари мириқиб ижро этадиган саноқли қўшиқлари бўлиши кўпчиликка маълум. Шу маънода қарасак Пиримқул аканинг тарихий мавзудаги “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони”, “Она лочин видоси” романлари, “Тил ва эл”, “Амир Темур сиймоси” каби илмий бадиа шаклидаги тадқиқотлари катта адабиётнинг олтин хазинасидан жой олди. Бу асарлар осонликча дунёга келган эмас. Пиримқул ака Бобуршоҳ ҳақидаги романини ёзиб, раҳмат ўрнига дашномга дуч келган эди. Андижон шаҳрида Бобурнинг ҳайкали жойига ўрнатилмасдан ертўлаларда чанг босиб ётган бир даврда у ҳақдаги романнинг нашр этилиши ҳам албатта душвор эди.

Ниҳоят кураш ва тортишувларнинг натижаси ўлароқ адибнинг ниятлари ижобат бўлди.

Юртимиз мустақиллиги шарофати билан эса Соҳибқирон Амир Темур қаторида Бобур ҳазратлари ҳам рўшнолик кўриб, унга бағишланган “Юлдузли тунлар”дек тарихий мавзудаги романларга кенг йўл очилди. Забардаст адибимиз севимли мавзуларини изчиллик билан давом эттирди. Кейинги йилларда “Она лочин видоси”, “Амир Темур сиймоси” каби романлар ёзилдики, булар наинки адабиётимиз, шу билан бир қаторда илм хазинасининг ҳам улкан ютуғи бўлиб қолди.

Пиримқул Қодиров ҳеч шубҳасиз шоирона қалб эгаси. У кишининг ним жилмайишида, ўйчан кўзларида шоирона хаёл, теран ўй жилваланиб туради.

Ўтган асрнинг 60-йилларида ҳали Чўлпон номи тилга олиниши мумкин бўлмаган кезларда Озод Шарафиддинов, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов ва улар даврасида мен ҳам теварак-атрофдан ҳадиксираб, Оҳангарон қирларига чиқиб кетардик. Фусункор табиат қўйнида бироз ором олиб, дала-даштларда Чўлпон шеърларини ўқир эдик. Ўша даврамизда Пиримқул ака Чўлпоннинг шеърларини алоҳида ҳаяжон билан ёдаки айтиб, ҳаммамизни лол қолдирарди. Чиндан ҳам Пиримқул Қодиров асарларида поэтик руҳ ниҳоятда кучли.

Бугунги кунда Пиримқул Қодиров ҳам устозлари Ойбек ва Абдулла Қаҳҳор каби барчанинг назарида бўлиб келмоқда. Биз ҳеч иккиланмасдан бу заҳматкаш адиб ва олимни ҳам ойбекшунос, ҳам қаҳҳоршунос, дея оламиз.

Муҳтарам адбимизнинг бошқа асарлари ҳақида ҳам батафсил сўзласак катта тадқиқотга айланиб кетиши мумкин. Биргина кейинги асари – “Амир Темур сиймоси” доимо столимиз устида турадиган китобга айланди. Илмий ва бадиий иқтидорнинг бу қадар уйғунлашуви камдан-кам ижодкорларда учрайди.

Пиримқул Қодиров ўтган 100 йиллик адабиётнинг йирик вакиллари, жумладан, Чингиз Айтматовдек дунё таниган адиблар билан дўст тутинди ва ўзи ҳам улар билан бўйсира ижод қилди. Атоқли адибимизнинг ижодини халқимиз довруғини жаҳонга таратишда тутган ўрни юксакдир.

Мамлакатимиз мустақиллиги йилларида Пиримқул ака давлат ва жамоат арбоби сифатида жуда самарали меҳнат қилиб, Юртбошимиз ҳамда халқимиз ҳурматини қозонди. Пиримқул Қодиров ижоди давлатимиз томонидан юксак даражада қадрланиб келмоқда. Адиб “Буюк хизматлари учун” ва “Эл-юрт ҳурати” орденларига сазовор бўлган.

Ажойиб инсон, феъли кенг ва куюнчак, меҳнаткаш оқсоқол адибимизнинг 80 ёшли тўйи адабиёт ихлосмандлари учун албатта қувончли воқеадир. Мен Пиримқул Қодировдек устоз мақомидаги акам борлигидан чексиз фахрланаман.

 

Абдулла ОРИПОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>