Маҳорат мактаби: Пиримқул ҚОДИРОВ: Тил бойлиги — дил бойлиги

Ҳар бир сўз — ҳаётдаги муайян бир нарса ёки тушунчани ифодалайди.

Демак, кишида сўз бойлиги қанчалик кўп бўлса, одам тилни қанчалик чуқур билса, унинг ички дунёси шунчалик бой бўлади. Ҳар бир халқ ўзи обод қилган водийлар, ўзи яратган тил бойликлари билан ҳам шунчалик ифтихор қилади. Чунки ҳар бир тил шаҳару қишлоқлар каби шу халқнинг бутун тарихи давомида яратилади, обод водийлар каби асрлар давомида сайқал олади. «Тилни халқ яратади, — дейди шоир Н. Риленков,— аммо унга сайқал бериб бадиийлаштирувчилар — сўз санъаткорларидир. Адабий тил оғзаки халқ тили ҳисобига узлуксиз бойиб боради. Бусиз адабий тил ўлик тилга айланади. Ёзувчининг тилга оид диди ва иқтидорини унинг китобий нутқ билан жонли нутқ унсурларини қанчалик яхши уйғунлаштира олиши белгилайди».

Шу нуқтаи назардан А. Қодирий, С. Айний, Ойбек, Ғ. Ғулом, А. Қаҳҳор каби адибларимизнинг асарларига ёндашсак, уларнинг ҳаммаси ҳам жонли халқ тилини адабий тилга санъаткорона пайванд қилиб ишлатилганларини кўрамиз. Аммо худди шу икки дарёни — жонли халқ тили билан адабий тилни бир-бирига қандай қилиб қўшиш, уларни қандай уйғунлаштириш масаласини ҳар бир ёзувчи ўз олдига қўйган ғоявий-бадиий вазифадан келиб чиқиб, ўзига хос дид, иқтидор, ҳаётий тажриба иштирокида мустақил ҳал қилади. Уларнинг бадиий тилларидаги ранг-баранглик шундан келиб чиқади.

«Меҳробдан чаён» романида Анвар билан Раънонинг ҳовлида ёлғиз қолиб, бўлажак тўй ҳақида сўзлашган пайтлари:

«Раъно Анварнинг қаршисига ўтирди. Ўтириши билан кучли шамол юриб, бошидаги рўмолни учирди ва олиб бориб Анварнинг бетига ёпди.

— Ҳа-ҳа-ҳа, шамол сиздан ўчимни олди. Қани гапиринг.

Анвар рўмолни қисимига олди:

— Ҳозир гапираман. Лекин шартим бор.

…Анвар Раънонинг олачалпоқ кўланка ичида хаёлий бўлиб кўринган юзига қаради. Унинг ҳаё ичида олийлик касб этган жоду кўзи Анварнинг ҳозирги мақсадига тушунганликни ифода қилар эди».

Биз алоҳида таъкидлаган сўз ва иборалар А. Қодирийга хос бадиий тилнинг характерини кўрсатади. Бошқа ёзувчи бўлса, эҳтимол «кучли шамол эсди» ёки «шамол қўзғалди», «шамол кўтарилди» деган бўларди. А. Қодирий “шамол юрди” дейди. Бу ибора ҳам халқ тилида бор. Ёзувчи шамолнинг қандай юрганини Раънонинг бошидан учиб бориб Анварнинг бетини ёпган рўмол орқали кўрсатади. Ёзувчи кўриб, ҳис қилиб турган ҳаётий ҳодисани қоғозда истаганидай ифода этиши учун шамолнинг қўзғалиши ёки кўтарилиши эмас, мана шу тарзда юришигина керак.

Анвар бетини ёпган рўмолни «қўлига олди» ёки «бетидан олиб бир четга қўйди» дейиш мумкин эди. Аммо ёзувчи Анвардаги ҳисни бермоқчи. Анварнинг бетини қандайдир бир рўмол эмас, севгилисининг рўмоли ёпади. Бошқа бир ҳолатда, эҳтимол, Анвар бу рўмолни нафис бир гул каби авайлаб олган бўларди. Аммо ҳозир Анвар ҳаяжонланиб турган пайт. Мана шуни ёзувчи жуда аниқ, жуда кучли бир сўз билан «қисимига олди» деб ифодалайди. Бу «қўлига олиб қисди, ғижимлади» деган маънони билдирмайди. «Кафтига олди» дейилса ҳам бўлмас эди. Чунки рўмол кафтда турадиган нарса эмас. Нафис бир ҳаяжон бу ерда фақат «қисимига олди» ибораси билан лўнда ва равшан ифодаланиши мумкин эди.

Тарихий романнинг қаҳрамони бўлмиш Раънонинг юзи умуман «хаёлий бўлиб кўринади» дейилса китобий бир баён келиб чиқар эди. Аммо шамол юриб турган пайтда, олачалпоқ кўланка ичида севимли йигити Анварга олийлик касб этиб, хаёлий бўлиб кўринган юз ва кўз ёрқин бир реалистик тасвирнинг намунасидир. Бу ерда жонли халқ тили унсурлари билан китобий тил унсурлари А. Қодирийнинг талантига, дидига, ҳаётий тажрибасига, хуллас, унинг услубига моc тушадиган бир тарзда узвий бирлашади.

Энди Ғафур Ғуломнинг «Ёдгор» қиссасини эсланг. Меҳрихон исмли жувон эски турмуш иллатларига ён бериб, эмизик боласини чапани йигит Жўрага алдамчилик билан топшириб кетади. Болага Ёдгор исмини қўйган ҳам, уни юз ўлимлардан олиб қолиб, одам қилган ҳам — Жўранинг онаси. Ҳали уйланмаган ўғли ёш гўдакни кўтариб келганда кампир аввал уни яқин қариндошларидан бирининг боласи деб ўйлайди.

«Нинни-ниннигина, неварагинамдан ўргилай, йиғламасин, йиғламасин, мана ҳозир бувингиз қўлини артади, дўндиққинамни ўзим бағримга босаман». Боланинг онаси келавермагач, кампир Жўрага «тиниб-тинчимайсанда, ўғлим,— дейди.— Сенинг болажонлигинг менинг ҳам тинкамни қуритди… Тусингни ел емасин, ўғлим, ҳай сен қанақа бола чиқlинг?» Жўра болани «ўзимники, онаси туғиб ўлди» деб эълон қилади. Шунда кампир йиғлашга тушади. «Етти номусимни ерга букдинг, жувонмарг. Мен сени ким кўрганга мақтаб, орқангдан кўрпача солдириб юрган бўлсам! Қариган чоғимда кенжагинамнинг хотини менга пушти паноҳ, қўл-оёқ бўлармикан деган эдим».

Бу ерда одций бир онанинг ички дунёси, дили унинг ажойиб тили орқали очилади. Ўғли Жўрани «болажон» деб атаган кампирнинг ўзи болажонлиқца тенгсиз. Ўғлининг қўлида йиғлаётган чақалоқни юпатмоқчи бўлиб айтган гапларига қулоқ солинг: «Ниннигина, неварагинамдан ўргилай, йиғламасин, йиғламасин». Ҳали тили чиқмаган бола бу сўзларнинг меҳрга тўла маъносини уларнинг гўзал оҳангидан сезиб олиши мумкин. Бу сўзларни айтаётган пайтда онанинг юзида, кўзларида гўдакни ўзига ром қиладиган қанчалик илиқ туйғулар барқ уриб кўринган экан! Ёзувчи буни тасвирлаб берган бўлмаса ҳам, кампирнинг дилига муносиб сўзлари орқали биз унинг кулиб турган юзини ҳам, меҳрибон оналик қиёфасини ҳам кўз олдимизга келтира оламиз.

Кейинчалик ёмон бир ҳодиса юз бергани Жўранинг важоҳатидан сезила бошлайди. Шунда она аввал с ал жиддийлашади, сўнг ранжиб гапираётгани унинг «тиниб-тинчимайсан-да», «тусингни ел емасин!» деганидан сезилади. Ҳар бир сўз онанинг тилида гавҳардай товланиб жилваланишига эътибор беринг. «Тусингни ел есин» деган қарғиш бор. Бу ерда «ел» сўзи шамолнинг бир турини эмас, касалликнинг бир турини билдиради. Юзини ел еган одам жуда бадбашара бўлади. Шамол маъносидаги ел матонинг рангини ўнгитиб, тусини олиб, хунук қилиб қўяди. Эҳтимол, «тусингни ел есин» деган қарғишнинг мана шундай маъноси ҳам бордир. Нима бўлганда ҳам, Жўра¬нинг онаси ўз ўғлига бундай ёмон елларни раво кўрмайди. У ўғлига «тинмайсан», ёки «тинчимайсан» дейиши мумкин эди. Бироқ бу сўзлар алоҳида-алоҳида айтилганда она истаган нозик маънони бера олмас эди. «Тиниб-тинчимайсан-да» деган ибрада эса оналарга эркалатиб уришиш оҳанги бор. Бу икки сўз мана шу тарзда бир-бирига қўшилганда бир-бирига зарбланиб, таъсир кучи гўё тўрт баробар ошгандай туюлади. Кўнгилсиз бир ҳодиса юз берганлиги, ҳали уйланмаган йигит бирдан онасиз гўдакка ота бўлиб қолганлиги кампирни жуда эзади. Баджаҳлроқ аёл бўлса, Жўрани нотаниш гўдак билан бирга қувиб юбориши ёки ўзи аразлаб бошқа ўғлиникига кетиб қолиши мумкин эди. Бироқ бу ерда тасвирланаётган аёл меҳрибон бир она. Рўй берган кўнгилсизлик уни ҳам қийнайди. «Етги номусимни ерга букдинг-ку» деган сўзлар айтилганда биз онанинг қанчалик қаттиқ оғринаётганини сезамиз. «Номусга қолдирдинг» деган иборага нисбатан «етти ному¬симни ерга букдинг» деган ибора қанчалик сермазмун бўлса, меҳрибон онадаги изтироб ҳам баъзи бир лўлироқ аёлларнинг ор-номус ҳақидаги дод-войларига нисбатан шунчалик кучли. Она ўғлини ҳамма жойда мақтаб юрган. Буни энди ўзига хос қилиб, «мен сени ким кўрганга мақ¬таб юрсам!» дейди. «Ким кўрганга» деган қисқа ибора «қаерда кимни кўрсам ўшанга» деган маънони билдиради. «Орқангдан кўрпача солдириб юрган бўлсам» дегани «соясига кўрпача солдиради» деган мақолга яқин. Бу мақолда лаганбардорларга қарши қаратилган истеҳзо бор. Кампирнинг сўзлари ҳам истеҳзодан холи эмас. Фақат бунинг мақолдан фарқланадиган маъноси шуки, кампир ҳаммага ўғлини мақтаб, унинг яхшилигига одамларни ишонтирган, шунинг учун баъзилар орқаворатдан Жўрами ҳурмат қилиб, унга «кўрпача тўшаб» юрган, яъни қариндошларидан бири унга қизини берадиган бўлган. Кампир эса бўлажак келинга умид боғлаб, «қариганимда пушти паноҳ, қўл-оёқ бўлармикан» деб ўйлаган. Мана энди бу ҳаммаси пучга чиқди. Жўранинг аммаси қизини бермайдиган бўлади:

«Бо, худо кўтарсин унақа йигитни, ким кўрган билан юриб, бола кўтариб келадиган бебошбоққа берадиган қизим йўқ. Менинг қизим ҳали очилмаган гул, моҳпора».

Бу ерда оналарнинг бошқа бир тоифаси гапиряпти. «Бо, худо кўтарсин» деган жумланинг ўзиёқ димоғдор бир аёлни кўзимизга кўрсатади. Ёзувчи бу аёлга киноя кўзи билан қараётгани, «менинг қизим очилмаган гул, моҳпора» деган сўзларда сезилади. Сўнгги сўзларни Жўранинг аммаси айтган. Аммо Жўра бу сўзларни мақтанчоқ, чиранчиқ бир аёл айтганини сезиб туради ва ўз ҳикоясида буни китобхонга ҳам сездиради. Хусусан, «моҳпора» сўзининг урғу билан айтилиши кулгили. Эҳтимол, Жўранинг аммаси бу сўзга «очилмаган гул»дан ҳам зўрроқ бир маъно бераётгандир-у, «моҳпора»нинг асл маъноси нималигини билмас. Форс-тожик тилларида ойни «моҳ» дейдилар. «Пора» дегани «бир бурда», «бир бўлак» деган маънони билдиради. Демак, «моҳпора» дегани «ойнинг бир парчаси», «ойнинг бир бурдаси» дегани бўлади. Ой ўзи гўзал бўлганда ҳам, унинг бир парчаси, бир бурдаси ортиқ даражадаги мақтовга сазовор эмас. Шунинг учун ўзбекчада тўғридан-тўғри «ойдай қиз» дейилади. Агар мақтовни яна бир даражада ошириш керак бўлса «ой деса ой, кун деса кун» деб таърифланади. Бу билан биз «моҳпора» сўзини камситмоқчи эмасмиз. Тилимизда бу сўзнинг ҳам ўзига муносиб ўрни бор, хизмати бор. Фақат Жўранинг аммаси бу сўзни маъносига тушунмасдан ишлатаётганини, «моҳпора»нинг маъносини яхши биладиган ёзувчи эса унинг мақтанчоқлигини кулги қилаётганини айтмоқчимиз, холос.

Ёзма адабиётимиз асрлар давомида истеъмолга киритган сўз бойликлари реалистик характерлар орқали янги адабий тилимизга кириб, хилма-хил вазифаларни бажаради. Масалан, биз баъзан бош бармоқдан кейингисини русча «указательный палец»га ўхшатиб «кўрсаткич бармоқ» деймиз. Ҳолбуки, ёзма адабиёт орқали кирган «шаҳодат бармоқ» ибораси янги адабий тилимизда ҳам ишлатилиб келади. Ғ. Ғулом ёзган «Шум бола» қиссасининг бош қаҳрамони қаландарларга қўшилгандан кейин эшон учраб қолади:

«Шаҳодат бармоқлари» билан ўз олдиларига имладилар. Тавозе билан олдиларига бордим. «Муборак қўллари билан пешонамдан силаб:

— Бой, бой бўтам, жуда «худо назар қилган бачча экансан, осмонга қара ўғлим! — дедилар.

Шунда беш панжаларининг орасидан етмиш битта жаннат кўрибман»1.

Бу ерда ёзувчи ҳаст эшоннинг «мўъжиза»ларини ҳажвий кулги билан кўрсатяпти. Эски диний китобларда илоҳий одамлар беш панжаларининг орасидан етмиш битта жаннатни кўрсата олишлари жиддий оҳангда ҳикоя қилинади. Ғ. Ғулом эса бу ерда ўша оҳангни масхара қилади. Эшоннинг ҳажвий характерини очишга хизмат қилган «тавозе», «муборак қўллар», «худо назар қилган бачча» каби сўз ва иборалар адабий тилга кириб, янги мазмунни очишга билвосита хизмат қилади.

С. Айнийнинг «Қуллар» романидаги қул савдоси саҳнасида содда бир харидор қулбаччага хуштор бўлиб: «Умед билан келдим, бозордан қуруқ қайтмай дейман, бунга 50 тилло берай, келинг, ҳай денг энди», дейди. Романнинг 1935 йилги бу нашрини С. Айнийнинг ўзи ўзбекча ёзган. «Умид» сўзининг тожикчага яқин қилиб «Умед» шаклида айтилиши, «хўп денг» ўрнига «ҳай денг» ибораси ишлатилиши бухоролик кишининг ўзига хос сўзлаш услуби борлигини кўрсатади. Қул бозорида юрган Абдураҳмон бой етти ёшлик маъсум қулга қизиқиб қарайди. Бойнинг кетидан қолмай юрган даллол:

«— Келинг, бой ака, шу болани олинг, деб жиддийроқ далолат қила бошлади».

Бу ердаги «далолат қила бошлади» ибораси мумтоз адабий тил анъаналаридан фойдаланишнинг характерли мисоли бўла олади. Биз «даллол» ва «далил» (исбот) сўзларини яхши биламиз. Жонли тилда «далолат қилди» эмас, «даллоллик қилди» дейилади. Аммо «даллоллик қилиш» бутун бир касбни умумий тарзда ифода қилади.

С.Айний тасвиридаги «далолат қилиш» эса сотилаётган қулнинг фойдасига далил кўрсатиш, уни харидорга танитиш, реклама қилиш каби конкрет маъноларни билдиради. Араб тилини яхши биладиган кекса зиёлилар бу тилда мавжуд бўлган имкониятлардан ҳам жуда яхши фойдаланганларки, бу — классик адабий тилимизда ғоят тараққий этган бир анъана эди.

«Сароб» романида Саидий Аббосхон деган адабиётшуносни ўзича шундай баҳолайди: «Ижод» тилсимининг сирлари шу Аббосхонгагина маълум… У қобилият тўғрисида «заршунос» бўлиб, ҳар кимга ўз иқтидорига қараб шу сирлардан озроқ айтади. Мумтоз шоирларнинг мумтозлик сирларини ҳам шу одам орқали билиш мумкин».

«Иқтидор», «мумтоз шоир» каби сўз ва иборалар ҳозирги адабий тилимизда кам учрайди. Аммо буларни эскирган китобий сўзлар деб аташ ҳам тўғри эмас. Чунки А. Қаҳҳор йигирманчи йиллардаги ижодий зиёлилар муҳитини шу сўзларнинг иштирокисиз тасвирлай олмас эди. Айрим нозик фикрлар ёки туйғуларни алоҳида товланишларигача аниқ очиб бериш учун бундай сўз ва иборалардан ҳозир ҳам фойдаланиш мумкин. Ҳамма гап бундай сўз ва ибораларни ўз ўрнида маҳорат билан ишлатишда.

Ойбек ўзининг «Навоий» романини Ҳирот тасвиридан бошлайди:

«Баҳор қуёши кўкнинг тиниқ ферузасида, «Гавҳаршод» мадрасасининг ҳайбатли гумбази устида порлар, азамат пештоқларнинг нақшлари шуълаларда жонли, ҳавоий бир чаманзор каби турли-туман олов ранглар чақнатар, кабутарлар дам учиб, дам сирпаниб қўниб, гумбаз теварагида қувонч билан иноқ ўйнашар эди».

Ёрқин бир манзарани кўз олдимизда гавдалантирувчи бу гўзал тасвир ўзбек тилининг энг яхши классик ва замонавий анъаналарини бир-бирига санъаткорона пайванд қилиш натижасида майдонга келади. «Баҳор қуёши», «азамат пештоқ», «олов ранглар», каптарларнинг сирпаниб ўйнаши — ҳаммаси замонавий тилимизга хос иборалар. Шу билан бирга осмонни «кўкнинг тиниқ ферузаси» дейилиши, гумбаз нақшларининг ҳавоий бир чаманзорга қиёс қилиниши жумлага тарихий ранг беради, айни чоқда, классик поэзиямизнинг руҳини ҳам романига олиб киради. «Феруза», «ҳавоий» деган қадимий сўзлар бошқа бир жойда учраса кўп ишлатилиб, сийқаси сиққан сўзлар бўлиб туюлиши мумкин эди. Аммо санъаткор ёзувчи ўзининг қалб ҳарорати билан бу сўзларни гўё янгилаб, ёшартириб юборади, улар гўзал бадиий тасвир таркибига киргандан кейин китобхонга янгича завқ беради, унинг дилини бойитади.

Келтирилган барча мисоллардан кўриниб турибдики, ажойиб ўзбек адиблари маълум бир даврни, маълум бир инсоний, миллий, ижтимоий муҳитни, маълум қаҳрамонларни ҳаққоний тасвирлаш йўли билан адабий тилимизга жуда кўп сўз бойликларини олиб кирдилар, бу тил бойиклари билан китобхонларнинг дилларини бойитди.

 

Пиримқул ҚОДИРОВ

1972 йил.

Манба:www.e-adabiyot.uz сайтидан олинди.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>