Маҳорат мактаби: ТИРИК САЙЁРА

Элимизнинг суюкли шоири Эркин Вохидов таржимаи ҳоли бор-йўғи бир-икки қоғозга жо бўлади.

У 1936 йил 28 декабрда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида ўқитувчи оиласида дунёга келган. Отаси Чўянбой Воҳидов тарих, онаси Розияхон география фани ўқитувчиси эдилар. Иккинчи жаҳон урушидан жароҳатланиб қайтган оила бошлиғи 1945 йилда ўттиз уч ёшида вафот этади. “Бир йилдан сўнг онам ҳам дунёдан ўтди,– деб хотирлайди Эркин ака.– Икки қисқа умрнинг ёлғизи бўлиб мен тоға қўлида қолдим…”

1960 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистан Миллий университети) филология факультетини аъло баҳоларга тамомлаган Эркин Воҳидов меҳнат фаолиятини собиқ “Ёш гвардия” нашриётида муҳаррирликдан бошлади. Сўнг, бўлим мудири, Бош муҳаррир ўринбосари, Бош муҳаррир лавозимларида фаолият кўрсатди. 1982 йилда ташкил этилган “Ёшлик” журналининг биринчи муҳаррири бўлди. Турли йилларда эса, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, Бош муҳаррир, директор вазифаларида ишлаган.

Ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳам фаол бўлган Эркин Воҳидов қатор йиллар Ўзбекистон Олий Кенгаши Ошкоралик масалалари қўмитаси раиси, Олий Мажлис Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси лавозимларида фаолият кўрсатган.

Роппа-роса эллик йил аввал шеърият осмонида чақнаган юлдуздек пайдо бўлган шоир Эркин Воҳидовнинг таржимаи ҳоли қанчалик “қисқа” бўлса ижодий йўли шу қадар узунки, таърифини ёзаверсак юзлаб саҳифалар етмай қолади. Ўтган ярим аср мобайнида Эркин Воҳидов шеърияти беқиёс маънавий воқеликка айланди. Бу воқеликни ўзига хос – Тирик сайёра, дегим келади. Бу сайёрада маънавият дарахтлари барқ уриб ўсаверади, мудом гуллайверади, мевалар бераверади.

Тирик сайёра, деб аташим яна бир боиси, Эркин Воҳидовнинг шеър чашмасидан баҳраманд бўлмаган ўзбек китобхони топилмаса керак. Улуғ шоирнинг бетакрор шеърларидан тенгсиз маънавий лаззат олмаган шеърият ихлосмандини тасаввур этиш кийин. Юртимизда унинг миллион-миллион нусхаларда чоп этилган китоблари кириб бормаган хонадон ё бирор маскан қолмаган бўлса керак.

Айни шу лаҳзаларда ҳам минглаб қўлларда бетимсол китоблар, тилларда қуйма сатрлар, дилларда ўчмас битиклар!.. Ҳар кун, ҳар лаҳзада телевизор, радио, магнитофон, видеоларда машҳур шоир шеърлари, ғазаллари билан айтилаётган ўлмас қўшиқлар!..

Ушбу мақоламизга сарлавҳа сифатида танлаган сатрларимиз ҳам устоз шоирнинг “Тирик сайёралар”идан олинди.

 

Фазоларнинг қай бурчагига

Фикри билан етадир инсон,

Аммо не бор ўз юрагида

Билмай ўтиб кетадир инсон.

У яшайди тилсимлар аро,

Ҳар кашфиёт янги маррадир.

Унинг ўзи сирли бир дунё,

Дунё эса факат заррадир.

 

Аслини олганда севимли шоиримизнинг ҳар бир асарини узига хос – Тирик сайёра, деб аташ мумкин. Модомики, одамзоднинг “ўзи сирли бир дунё” бўлса, унинг қаърига йўл топган ҳам, борлигини шеърият нури ила мунаввар этган ҳам Шоир эмасми! “Тонг нафаси”, “Қўшикларим сизга”, “Юрак ва ақл”, “Менинг юлдузим”, “Нидо”, “Лирика”, “Палаткада ёзилган достон”, “Ёшлик девони”, “Чироғбон”, “Достонлар”, “Ҳозирги ёшлар”, “Муҳаббат”, “Тирик сайёралар”, “Бедорлик” каби тўпламлар, “Муҳаббатнома” ва “Садоқатнома” деб номланган сайланмалар ана шу маънавий сайёранинг тириклик дунёсини ташкил этади.

Замон билан ҳамиша ҳамнафас шоир энг долзарб мавзуларда қилган суҳбатлари, адабий ўйлари, ёзган мақолалари “Шоиру шеъру шуур”, “Изтироб” китобларига жамланган.

“Эл ичида яшаб, элнинг орзу-умидлари, курашлари, шодлик ва қайғуларидан четда туриш мумкин эмас”,– дейди мумтоз шоир. Аслида бу улугвор ғоя Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодининг мазмунидир, десак тўғрироқ бўлар. Зеро, устоз буни назмий сатрларда шундай ифода этгандир:

 

Эл устозим, мен эсам – толиб!

Суз дурларин термокдир ишим.

Одамларнинг узидан олиб,

Одамларга бермокдир ишим.

 

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, Давлат мукофоти лауреати, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби Эркин Воҳидов миллионлаб кўнгилларни маънавият, шеърият нурлари ила мунаввар айлаётган Тирик сайёрадир. Унинг ҳаёти ва ижоди аллақачонлардан буён мактабларда ўрганилмоқда. Адабиёт дарсликларида Эркин Воҳидов ижоди ҳам алоҳида ўрин тутади.

Адабий жамоатчиликнинг биллурдек фикрлари ҳар бир мавзуни янада теранроқ ўрганишга ёрдам беради. Атоқли шоир Эркин Воҳидов ижоди ҳақида устозлар фикри ҳам мухлисларда катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Таниқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов шоир ижоди ҳақида шундай дейди:

– Эркин Воҳидов изланувчи шоир. У ижодда тайёр ва осон йўллар танламайди, «ёзиш сирини муҳаммал эгаллаб олганман» деб, асарларига маҳлиё бўлиб, ўзига бино қўймайди. Эркин шеъриятининг фазилатларидан яна бири сифатида шуни таъкидлаш керакки, шоир бутун инсоният тақдири ҳақида ўйлар экан, мавҳумиятга берилиб, аниқ ижтимоий меъёрни унутмайди.

Мунаққид олим ва адиб Иброҳим Ғафуров қуйидаги мулоҳазаларини билдирди:

– Эркин Вохидов замондошимиз. У ўзи билан бирга шеър хазиналарини олиб юради. Унинг билан бирга Навоий юргандек, Фузулий юргандек, Гёте юргандек, Гейне юргандек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Чўлпон юргандек… Уларнинг шеърларини ўз шеърларидек ўқийди. Уларни сўзлатади, тилга киритади – етган ерига шеър хазиналарини етказади, борган ерига шеър хазиналарини етказиб боради. Шеъриятнинг маърифати ва маданияти шу бўлса керак-да!

Севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов қуйидаги фикрларни баён этди:

– Ҳакикий ижодкор аввал халқ ҳурматини, кейин халқ муҳаббатини, сўнг халқ эътиқодини қозонади. Аслида мана шу уч босқичнинг ҳар биттаси бир умрга тенг. Эркин Воҳидов бу босқичларнинг барчасидан ўтган шоир.

Ҳақиқий асар иккита энг холис ва энг бешафқат ҳакам синовидан ўтмоғи лозим. Биринчиси – Китобхон. Иккинчиси – Вақт. Эркин Воҳидов – асарлари ҳар иккала ҳакам синовидан ўтган шоир.

Мен Эркин Воҳидовга ҳавас қиламан. Унинг юз минглаб эътиқод қўйган мухлислари бор. Мен юз минглаб китобхонларга ҳавас қиламан: уларнинг Эркин Воҳидовдек Шоири бор!

Таниқли адабиётшунос олим Умарали Норматов ўз фикрларини қуйидагича баён этди:

– «Тирик сайёралар»га кирган кўпчилик шеърлар Эркин Воҳидов ижодида муҳим бурилиш, поэзиямизда йирик ҳодиса бўлди. Бу шеърларга хос энг муҳим фазилат, янгилик, бизнингча, аввало уларда реализмнинг тўлароқ намоён булишида кўринмокда.

Айтиш жоизки, Эркин Воҳидов адабиёт бўстонига кириб келганидан то шу кунгача унинг ижоди ҳақида юзлаб газета-журналларда, турли нашрларда нозиктаъб мунаққиду шеъриятга ташна мухлисларнинг кўплаб мақолалари ёритилган. Шоир ижоди қанча илмий тадқиқотларга мавзу бўлган. Улкан миллий қомусимиз – Ўзбекистон Миллий энциклопедияси 2-томи, 505-саҳифаси бутунлай Эркин Воҳидовга бағишлангани айни муддаодир.

«Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти томонидан атоқли шоирнинг «Ишк савдоси», «Шеър дунёси», «Умр дарёси», «Кўнгил нидоси» деб номланган тўрт жилдлик сайланмаси нашрдан чиқарилаётгани олтмиш бешинчи баҳорини қаршилаган устоз учун муносиб тўёнадир. Бу «тўёна» бутун тирик сайёра билан ҳамнафас замондошлару келгуси авлодларга ҳам бирдек татийди. Бу билан маънавий сайёрамизнинг умри бокийдир!

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

«Адолат» газетаси, 2002 йил 4 январь.

Вам может также понравиться...

Ответов: 2

  1. Saytimizda bu kabi mahoratni charxlovchi maqolalar berib borilishi biz talabalarga juda qo’l kelmoqda.

  2. BAXTIYOR:

    MENGA SHE’R, JUDA HAM YOQDI! MANA SHUNDAY SHE’RLAR, BIZNI SAYYORAMIZNI YANADA YASHNATAVERSIN VA MA’NO BAG’ISHLAVERSIN!

Добавить комментарий для BAXTIYOR Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *