Маҳорат мактаби — ёш ижодкорларга бахш этар қанот

Бўлғуси журналистлар кимлардан ибрат олиб камолга етиши керак?

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Илмий мактаб яратган улуғ академиклар тегишли йўналишда Ибрат мактаби сифатида ҳам кўрсатилади. Масалан, Кимё факультетида академик Обид Содиқов, Математика факультетида академиклар Қори Ниёзий, Тошмуҳаммад Саримсоқовлар, География факультетида улкан глобус яратган профессор Ҳамидулла Ҳасанов билан бир қаторда бугунги кунда ўша соҳаларда фаолият кўрсатишаётган академикларнинг ҳам Ибрат мактаблари яратилган.

Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоир, узоқ йиллар «Гулхан» журнали бош муҳаррири лавозимида фаолият кўрсатган Абдулла Орипов, атоқли адиб, узоқ йиллар «Тошкент оқшоми» газетасида, «Шарқ юлдузи», «Театр» журналларида фаоият кўрсатган Ўткир Ҳошимовларнинг ўрни атоқли академикларникидан кам эмас. Демак, журналист-кадрлар тайёрлашда биринчи галда шундай даҳо Устозларнинг Ибрат мактабини яратишимиз зарур.

ЎзМУ Журналистика факультетида ҳам бу борада хайрли ишлар бошланди. Янги ўқув йилидан бошлаб бўлғуси журналистлар учун шу даргоҳда таҳсил олиб, ижодий фаолияти ибратли бўлган Устоз адиблар, шоиру публицистларнинг «Маҳорат мактаблари» ривожлантирилади.

Оддий ҳақиқат: Журналистика факультетининг фахрига айланган Аҳмаджон Мелибоев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Хайриддин Султонов, Абдусаид Кўчимов, Сирожиддин Саййид, Шарифа Салимова, Умида Абдуазимова каби Устозлардек камолга етмоқ учун уларнинг «Маҳорат мактаблари»дан сабоқ олмоқ керак.

Шуни қувонч ва эҳтиром ила айтиш жоизки, факультетимизда «Маҳорат мактаблари»ни ташкил этишга муносиб Устозлар жуда кўп! Демакки, бундай Ибрат мактаблари келгусида кенг қулоч ёяверади. Мақсад — талабаларимизни ҳам келгусида ана шундай улуғ устозлар даражасига етказиш. Қолаверса, Устозидан ўзмаган шогирд — шогирд эмас, нақлига амал қилиб, уларни янада юксаклик сари парвоз қилдириш асл ниятимиздир.

Эндигина онги шаклланаётган, маънан камол топаётган талаба-ёшларимиз қайси Ибрат мактабидан сабоқ олсалар, шунга яраша келгусида етук Инсонлар бўлиб улғаядилар. Шундай Устозлардан бири — атоқли адиб, давлат ва жамоат арбоби Хайриддин Султоновдир.

Устоз адиб 1978 йилда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) Журналистика факультетини тамомлаган. Унинг «Қуёш барчага баробар» (1980), «Бир оқшом эртаги» (1983), «Онамнинг юрти» (1987), «Умр эса ўтмоқда» (1988), «Бобурнинг тушлари» (1992), «Бобурийнома» (1997), «Саодат соҳили» (2005) каби насрий китобларини адабиёт ихлосмандлари катта қизиқиш билан кутиб олганлар. Адибнинг «Чангак», «Мозийдан бир саҳифа», «Меҳробдан чаён» каби видеофильмлари ҳамда «Тушларимда кўриб йиғлайман», «Ёзнинг ёлғиз ёдгори» сценарийлари асосида бадиий фильмлар суратга олинган. «Сарҳовузнинг бўйларида» (1992) номли драмаси саҳналарда катта эътибор қозонган. А. Сент-Экзюпери, И. Нагибин, В. Шукшин каби адибларнинг қатор асарларини моҳир таржимон сифатида Хайриддин Султонов она тилимизда тақдим этган.

Адибнинг 1997 йилда “Шарқ” нашриёт-матбаа концерни Бош таҳририяти томонидан чоп этилган “Бобурийнома” маърифий романи адабиётимизда катта воқелик бўлди. 2019 йилда “Маънавият” нашриёти томонидан чоп этилган романнинг иккинчи нашрини ҳам адабиёт ихлосмандлари катта қизиқиш билан кутиб олдилар. Мазкур асарни ўз вақтида Устозимиз Пиримқул Қодиров юксак баҳолаган. Филология фанлари доктори, профессор Умарали Норматов таъбири билан айтганда, “устоз адиб Пиримқул Қодировдан кейин Бобур ва бобурийлар ҳақида энг “кўп ва хўб” ёзган ижодкор Хайриддин Султон” буюк аждодимизнинг нафис қирраларини кашф этди. Маълумки, туғилиб ўсган диёри – Андижонни тақдир тақозоси билан тарк этган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳозирги Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш ўлкаларининг аксарият қисмини эгаллаб, улкан салтанатга асос солгани, унинг бетакрор сиёсати, ҳарб илми асрлар давомида жаҳон ҳукмдорлари учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилгани асарда ёрқин бадиий бўёқлар воситасида тасвирланган асар китобхонни маънан бойитади. “Бобурийнома” жанр хусусияти, мазмун мундарижаси, воқеалар ривожи, бадиий-эстетик тасвир усуллари ва тарихий-фалсафий аҳамиятига кўра, ўзбек адабиётида ўзига хос ўрин эгаллайди. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг мураккаб тақдири, унинг ноёб шахсияти, муаллифнинг бу зотга бўлган меҳр-муҳаббати асарнинг бош мавзусини ташкил этади. Асарда шахсий хотиралар эссе ва ҳикояга, сафар таассуротлари, ҳаётий ҳангомалар бадиий-фалсафий мулоҳазаларга, бугунги кун воқеалари тарихий лавҳаларга, тарихий шахслар бадиий образларга уйғун бўлиб, мазкур китобнинг ҳам тарихий, ҳам бадиий-фалсафий қимматини оширади.

1а

2019 йилда “Mashhur-press” нашриёти Хайриддин Султоновнинг “Ҳақиқат жамоли“ деб номланган китобини чоп этди. Китобга адибнинг қирқ йиллик ижодий фаолияти давомида ёзилган юзлаб мақола, бадиа ва суҳбатларидан ўттиз битта намуна танлаб олинган.

Тўпламнинг биринчи бўлими – “Адабий мақолалар“ ёниқ қалб, теран нигоҳ ва мушоҳадалар маҳсулидан иборат. Улардан бири Қуръони каримнинг илк ўзбекча таржимони ва муфассири атоқли олим Алоуддин Мансурнинг улуғ хизматлари хусусида.

“Ҳақиқат жамоли“да жамланган мақолалар тарих мулки эмас, балки бугуннинг ҳам қалбларни уйғотадиган акс-садоси“ дея янги китобга таъриф беради “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев. Тўпламдан муаллифнинг Абдулла Қодирий номи ва асарлари билан боғлиқ учта мақоласи ҳам ўрин олган.

Мазкур китоб ўқувчини маънан юксаликка чорлайди.

Ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол адиб айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси – Спичрайтер лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

Хайриддин Султоновнинг 2019 йилнинг декабрь ойида Абдулла Қодирий уй-музейи очилиш маросимида сўзлаган нутқи “Шарқ юлдузи” журнали 2020 йил 1-сонида ёритилгани жуда хайрли ишлардан бири бўлган. Уни бўлғуси ижодкор-талабаларимиз қунт билан ўқиб, мавзуни ёритиш маҳоратини ўрганадилар.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети “Уч илдиз” маҳорат мактаби раҳбари

1ааа

Хайриддин СУЛТОНОВ

 2019 йилнинг декабрь ойида халқимизнинг улуғ намояндаси, бетакрор сўз санъаткори Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги юртимизда ва халқаро миқёсда кенг нишонланди. Юбилей муносабати билан пойтахтимизда жойлашган Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғида, шунингдек, Самарқанд дарвоза маҳалласидаги адиб яшаб ижод этган хонадонда катта ҳажмдаги қурилиш- ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, замонавий музейлар, кутубхона, ижод мактаби, муаззам ҳайкаллар бунёд этилди.

Қуйида таниқли адиб Хайриддин Султоновнинг Абдулла Қодирий уй-музейининг очилиш маросимида сўзлаган нутқи эълон қилинмоқда.

Бугун эл-юртимиз халқимизнинг буюк фарзанди, улкан сўз санъаткори Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллик тўйи шукуҳи билан яшамоқда.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғида бошланган ушбу қутлуғ тантана бугун адибнинг табаррук хонадонида, янги бунёд этилган обод ва чароғон уй-музейида давом этмоқда.

Барчамизга маълумки, бундан 82 йил муқаддам, мана шундай қиш кунларида, 31 декабрь – Янги йил оқшомида кўҳна Тошкентнинг Самарқанд дарвоза мавзесида, бугун биз тўпланиб турган ушбу хонадонда мудҳиш бир воқеа юз берди – ёвуз кучлар ўзбек миллатининг оташин фарзанди Абдулла Қодирийни ўз уйидан, халқимиз бағридан юлиб олиб кетди.

Бу пайтда адибнинг катта ўғли, кейинчалик таниқли шифокор ва ёзувчи бўлиб етишган Ҳабибулла оғир бетоб бўлиб, тепа қаватдаги хонада ўрнидан туролмасдан ётар эди. Абдулла Қодирийни ҳибсга олиш учун келган НКВД ходимлари уни бемор ўғли билан хайрлашувига, очиғини айтганда, видолашувига ҳам йўл қўймасдан, қамоққа олиб кетдилар.

Хонадоннинг оғир кунлари бошланди. Ёмон одамлар бу хонадонни “Халқ душманининг уйи” деб кўрсата бошлади.

Орадан салкам бир йил ўтди. 1938 йил 4 октябрда СССР Ҳарбий коллегиясининг трибунали – “Тройка” деб мудҳиш ном олган махсус суд ҳайъатининг бор-йўғи 10 минут давом этган мажлиси ҳукмига биноан Абдулла Қодирий антисовет унсур сифатида шаҳарнинг Алвастикўприк деган чекка бир ҳудудида, ҳозирги вақтда Қатағон қурбонлари мажмуаси бунёд этилган мавзеда отиб ташланди.

Яна бир машъум ҳақиқат, бедодлик шундаки, 4 октябрда ижро этилган ҳукм аслида 5 октябрда чиқарилган эди.

Мустабид тузум жаллодлари буюк адибимизни жисман қатл этиб, ўз қабиҳ ниятларига етгандек хотиржам бўлдилар. Уларнинг назарида Абдулла Қодирий халқимиз хотирасидан абадий ўчирилган эди. Лекин қанчалар маккор, устамон бўлмасин, бу қора кучлар янглишган эдилар: ҳар қандай қатағонларга қарамасдан, Қодирий тирик эди – у она халқининг қалбида, юрагида яшаётган эди ва ҳануз безавол яшамоқда.

Яратганнинг қудрати ва марҳаматини қарангки, мана бугун шу илоҳий ҳақиқатга барчамиз яна бир бор амин бўлиб турибмиз.

Бу барҳаёт сиймо гўёки қадрдон хонадонига қайтиб, барчамизга бағрини очиб: “Ўз қўлим билан яратган боғимга, шийпонимга хуш келибсиз!” деб тургандай, назаримизда.

Ҳурматли Президентимиз кечаги учрашувда айтганидек, Абдулла Қодирий бугун Янги йил арафасида, декабрь ойининг мана шундай сўнгги кунларида, лекин чароғон ва мунаввар бир айёмда қалбларимизни қувонч ва армонга тўлдириб, яна ўз хонадонига қайтди.

Бу улуғ зот бор-йўғи 44 йил умр кўрди. Унинг машаққат ва қийинчилик, меҳнат ва азоблар билан, таъқиб ва тазйиқлар билан кечган қисқагина умрида ноёб истеъдоди билан қанчалик буюк ишларни амалга оширгани ҳар қандай инсонни ҳайратга солади.

У айни навқирон йигитлик чоғида, атоқли қозоқ адиби Мухтор Авезов таъбири билан айтганда, теп-текис саҳрода тўсатдан Помир тоғларидай пайдо бўлган, нафақат Ўзбекистон, балки Ўрта Осиё ва Қозоғистон минтақасида роман жанрига асос солган, жаҳон адабиётининг нодир феномени – дурдонасига айланган машҳур “Ўткан кунлар” асарини яратишга муяссар бўлган эди.

Маълумки, миллий тарихимизда жадидчилик ҳаракати ҳақли равишда Туркистон халқларининг уйғониш даври деб эътироф этилади.

Абдулла Қодирий ва унинг сафдошлари бўлган жадид боболаримизнинг ягона ва муқаддас аъмоли, орзу-маслаги Ватанимизни мустақил давлат, миллатимизни эркин ва озод халқ сифатида кўришдан иборат эди. Улар мана шундай оғир ва машаққатли йўлда мардона курашиб, беқиёс матонат, маънавий жасорат намунасини кўрсатдилар. Ўзларининг онгли умрини, бутун фаолиятини ана шу буюк мақсадга бағишладилар.

Бир умр миллат қайғуси, унинг дарду ташвиши билан нафас олган бу улуғ инсонлар ўз фаолиятларини бошлар эканлар, мудом икки ўт орасида яшадилар. Бир томондан, Чор ҳукумати айғоқчилари – чор охранкаси, иккинчи томондан, маҳаллий мутаассиб кучлар уларга қанчалар зулм ва зўравонлик, тазйиқ ўтказди, азиз бошларига не-не мусибатларни солди.

Ўша мудҳиш даврларда, айниқса, мустабид шўро тузуми йилларида Абдулла Қодирий таъбири билан айтганда: “Жасорат биткан эди, тил кесилган эди… Юраклардаги бир оз умидни истисно қилғанда, бошқа нарсалар юлинуб-юлқинған эди”.

Ўтган асрнинг 17-йилида юз берган ўзгаришлар жадид боболаримиз қалбида бир муддат заиф умид уйғотган бўлса-да, улар ёмғирдан қочиб дўлга тутилганларини тез орада англаб етдилар.

Абдулла Қодирийнинг: “Дард кўп – давоси йўқ, ҳасрат узоқ – кечалар қисқа, манзил узоқ – роҳила оз, осмон узоқ – ер қаттиқ”, деган фарёд тўла сўзлари айни шу давр ҳақида айтилган эмасми?

Мана шундай ўта хавфли ва қалтис, деярли имконсиз замонларда ҳам улар имкон топишга интилдилар. Китоблар, газета-журналлар нашр этиш, театр ва мактаблар, кутубхоналар очиш, ёшларни, халқни жаҳолат ва ғафлат ботқоғидан қутқариб, илм-маърифат сари бошлаш учун бу инсонларга нақадар буюк куч, сабр-бардош ва матонат зарур бўлганини, очиғи, биз баъзан ҳатто тасаввур ҳам қилолмаймиз.

Ўзингиз ўйланг, қиличнинг дамидек кескир, оғир ва таҳликали шароитда ҳам ижод қилиш, ижод қилганда ҳам буюк мумтоз асарларни яратиш учун адиб қанчалар маънавий юксакликка кўтарилган бўлиши керак.

Абдулла Қодирий, ёзувчининг кимлигини асарларига қараб билиб олиш мумкин, дея таъкидлаганида минг карра ҳақ эди. Бугун бу табаррук зотнинг ўлмас асарлари орқали тасаввуримизда аввало улуғ мутафаккир, чинакам Шарқ отаси, беқиёс сўз санъаткори, ҳазрати инсон сиймоси жонланади.

Биз “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романларини, адибнинг такрорланмас қиссаларини ўқир эканмиз, халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланган турмушини, миллий табиатини ҳеч ким Абдулла Қодирий каби теран ва ёрқин очиб бермаганига яна бир бор амин бўламиз.

XVI асрда назири йўқ аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” деган қомусий асарни яратган эди. Орадан тўрт юз йил ўтиб, адабиётимиз, тарихимизда яна шундай буюк бир асар дунёга келди. Бу, ҳеч шубҳасиз, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романидир.

“Ўткан кунлар” – том маънода ўзбек халқи ҳаётининг миллий қомусидир. Агарки, Ўзбекистонга умрида бирон марта ҳам келмаган, бирорта ўзбек билан учрашмаган, гаплашмаган – дунёнинг нариги чеккасида яшайдиган киши ҳам шу асарни ўқиб чиқса, халқимизнинг миллий табиати, урф-одатлари, сурати ва сийрати ҳақида тўла ва яққол, унутилмас ва завқли тасаввурга эга бўлиши муқаррар, десак, ўйлайманки, адашмаган бўламиз.

Бугун улуғ бобомиз хотирасини ёд этар эканмиз, беихтиёр адабий силсила деган тушунча хаёлимизга келади.

Маълумки, Абдулла Қодирий нафақат ўзбек юрти, балки бугунги Ўрта Осиё ва Қозоғистон давлатларини ўз ичига олган, Туркистон деб аталмиш мана шу бепоён минтақа адабиётида ҳам том маънода реалистик прозанинг тамал тошини қўйган, чексиз ҳаётбахш таъсир кучига эга бўлган ёзувчидир.

У ўз вақтида минтақа адибларининг устози, маънавий пири сифатида майдонга чиққан эди. Қўшни ва қардош халқлар адабиётининг кўплаб улуғ намояндалари, хусусан, Мухтор Авезов, Берди Кербобоев, Хидир Деряев, Жалол Икромий сингари ўнлаб адиблар Қодирий мактабидан етишиб чиққан ижодкорлар эди.

Бугун ўша даврлар адабий манзарасини кузата туриб, айтиш мумкинки, агар Абдулла Қодирий бўлмаганида – балки Мухтор Авезов ҳам бўлмас эди. Ўз навбатида, Мухтор Авезов бўлмаганида – туркий дунёнинг фахрига айланган Чингиз Айтматов ҳам, эҳтимол, бўлмас эди.

Агарки муаллифлари Қодирий даҳосидан баҳра олмаганларида, балки “Кеча ва кундуз”, “Навоий” ва “Сароб”, “Улуғбек хазинаси” ва “Юлдузли тунлар” каби дурдона асарларимиз дунёга келмаган бўларди.

Бу сирли-синоатли адабий силсилани таҳлил қилар эканмиз, беихтиёр унинг бош бўғини, олтин ҳалқаси бўлган, шундай буюк халафларни тарбиялаган Абдулла Қодирий даҳосига қалбимизда яна бир бор ҳайрат ва эҳтиром туйғулари уйғонади.

Фурсатдан фойдаланиб, Қодирий номи қораланган, асарлари тақиқланган ўша мустабид тузум даврида ҳам унинг асарларини йўқотмаган, керак бўлса, яшириб ўқиган маърифатпарвар халқимизга, энг оғир дамларда ҳам падари бузруквори хотирасини юракларининг тўрида авайлаб-асраган фарзандларига, қарийб бир аср мобайнида мана шу табаррук хонадоннинг чироғини ёқиб келган улуғ адибимизнинг авлодларига чуқур ҳурмат ва ташаккуримизни билдирамиз.

Ўз вақтида Абдулла Қодирий номини оқлаш ва асарларини халқимизга қайтаришда бемисл хизматлар қилган атоқли арбобларимиз, олим ва зиёлиларимиз, шоир ва ёзувчиларимизни, театр ва кино арбобларини мана шундай қутлуғ кунларда миннатдорлик билан эслашни барчамиз ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламиз.

Юртимизда Абдулла Қодирий номи тўлиқ оқланиб, унинг асарларини оммалаштириш ва руҳини шод қилиш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилаётганидан барчамиз яхши хабардормиз.

Мустақиллигимизнинг илк йилларида улуғ адибимиз Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти, “Мустақиллик” ордени билан мукофотланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Абдулла Қодирий хонадонида, адиб номидаги маданият ва истироҳат боғида катта ҳажмдаги қурилиш ва реставрация ишлари амалга оширилди. Замонавий музейлар, кутубхона, ижод мактаби бунёд этилди. Муаззам ҳайкаллар қад ростлади.

Қутлуғ сана муносабати билан амалга оширилаётган бундай эзгу ва хайрли ишлар, айниқса, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғига ташрифи жамиятимизда ҳақиқий маънода маънавият байрамига айланиб кетди.

Давлатимиз раҳбари жамоатчилик билан учрашувларидан бирида жуда муҳим бир фикрни билдириб, жумладан, шундай деган эди: “Агар ҳар бир халқ, ҳар бир давлат мустақил бўлмаса, бошқалар унинг нафақат деҳқонини, нафақат ишчисини, ҳаттоки шоиру олимини ҳам, давлат арбобини ҳам истаганча таҳқирлаши, инсоний шаънини тупроққа қориши мумкин экан. Биз яқин тарихимизда кечган аянчли воқеалар мисолида мустақиллигимизнинг аҳамияти ва моҳиятини, қадр-қимматини янада теран англаб етишимиз, уни ҳар қандай ёвуз кучлардан ҳимоя қилишга доимо тайёр туришимиз шарт”.

Бугун биз қутлуғ таваллуд айёмини нишонлаётган Абдулла Қодирий бобомизнинг бутун ҳаёти, адабий, ижтимоий-сиёсий феноменининг моҳияти, ижодининг туб фалсафаси ҳам бизга худди шу ҳақиқатни уқтиради.

Бизни мозийга қайтиб иш кўришга, тарихдан тўғри хулоса чиқариб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, уни кўз қорачиғидай асраш ва эъзозлаш, керак бўлса, жонимизни бериб ҳимоя қилишга ўргатади.

Бугунги қутлуғ айём – Абдулла Қодирий бобомизнинг табаррук тўйи барчамизга муборак бўлсин.

Дунёга Абдулла Қодирийдек буюк зотларни берган халқимиз доимо омон бўлсин!

 «Шарқ юлдузи» журналининг 2020 йил 1-сонидан олинди 

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>