Медиатаълим

янги таълим усули сифатида

Ахборот асрида фан-техника тараққиёти нақадар юксак босқичга чиқди. Шунга монанд барча соҳалар жадал ривожланмоқда. Бугун бирор соҳа фаолиятини ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиш қийин. Жумладан, ёш авлодга таълим-тарбия беришда ҳам у муҳим омиллардан бирига айланмоқда. Электрон алоқа воситалари, интернет, сунъий йўлдошлар айнан оммавий ахборот воситаларининг мисли кўрилмаган суръатлар билан ривожланишига замин яратмоқда.

Газеталар, журналлар, радио, телевидение, фотография, ҳужжатли ва бадиий кино, ахборот агентликлари, интернет сон жиҳатдан беқиёс ўсди, сифат жиҳатдан сезиларли ўзгаришлар юз бермоқда. Компьютер, факс, «уяли» телефон, параболик антенна, электрон почта каби техник мўъжизалар оммавий ахборот воситалари ривожига катта таъсир кўрсатмоқда. Мамлакатимизда замон талабига мос юксак интеллектуал салоҳиятли, замонавий билим ва малакага эга, янгича дунёқараш ва мустақил фикрли мутахассислар тайёрлаш учун беқиёс имкониятлар яратилмоқда. Бу борада ахборот-коммуникация технологиялари воситалари ҳисобланмиш – медиадан таълим жараёнида фойдаланишнинг истиқболли йўналишларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Таълим жараёнида медиа, яъни, интернет, телевидение, радио, кино, видео, телефон ва бошқа алоқа воситалари ўз самарасини кўрсатмоқда.

Мутахассислар фикрича, медиатаълим ўқувчини мустақил фикр юритишга, ижодкорлик фаолиятларини янада ривожлантиришга, ахборот олиш, уни қайта ишлаш, умумлаштириш, хулоса чиқаришга ўргатади. Таълим жараёнида медиатаълим қанчалик мукаммал бўлса, у ёш авлоднинг дунёқараши, интеллектуал салоҳияти шунчалик ривожланишига хизмат қилади. Демак, бугун медиатаълим сирларини назарий жиҳатдан пухта ўрганиб, амалиётда етарли даражада қўллаш мақсадга мувофиқдир. Ахборот коммуникациянинг глобаллашуви шароитида таълим жараёнида ўзига хос талаблар пайдо бўлмоқда. Бу талаблар бевосита медиатаълим билан чамбарчас боғлиқдир.

Медиатаълим барча таълим соҳасини сифат жиҳатдан янада юқорироқ пағона кўтаришга, ахборот маданиятини юксалтиришга хизмат қилади. Яъни, ўқувчига ўқув жараёнида назарий билим бериш билан материалларни юқори даражадаги замонивий техника воситасида намойиш этиш имкониятига эга бўлади. Бу янгилик ва таъбир жоиз бўлса, илғор усул талабаларда қизиқиш уйғотади. Улар дарс жараёнида ўша мавзуларни пухта ўзлаштиришларига хизмат қилади. Манбаларда қайд этилишича, ЮНЕСКО қошидаги кино ва телевидения бўйича халқаро кенгаш томонидан 1973 йили биринчи мартда видео таълимга шундай таъриф берилган эди: «Медиатаълим деганда педагогика назарияси ва амалиётида махсус билим соҳаси сифатида қаралиётган оммавий коммуникация воситаларини эгаллаш учун назарий ва амалий кўникмаларини шакллантиришни тушуниш лозим».

Дарс жараёнида аён бўлишича, медиатаълим ўқитишнинг мазмуни, усуллари ва ташкилий шаклларини сифат жиҳатдан ўзгартирмоқда. Бу талабаларнинг индивидуал қобилиятларини, уларнинг шахс хусусиятларини ривожлантиришга, тафаккурини бойитишга, билимларини оширишга ёрдам бермоқда. Медиатаълим ресурслари ёрдамида улар у ёки бу материални тезроқ ўзлаштирадилар, ўқув жараёнига фаол иштирокчилар сифатида жалб қилинадилар.

Бугунги кунда мамлакатимизда кўплаб газета, журнал, ахборотнома-бюллетенъ, радио, телевидение, ахборот агентликлари, интернетда веб-сайтлар фаолият кўрсатмоқда. Улардан таълим соҳасида қанчалик самарали фойдалана олсак, медиатаълим шунчалик такомиллашади, албатта. Бунинг учун талабаларга таълим-тарбия бераётган профессор-ўқитувчилар унинг асл моҳиятини теран англаб олишлари мақсадга мувофиқдир.

Медиатаълимнинг бош мақсади – асосий қонунларни тушунишга ёрдам беради, оддий йўналишлардаги медиа ахборот тилини ўрганиш, ўқувчининг бадиий ўсиши, ривожланишига ҳисса қўшиш, медиаматнларни қабул қилиш, ўрганиш ва малакали таҳлил этиш кўникмасини шакллантиришдан иборат. Ахборот соҳасидаги глобаллашув янгича дунёқараш шаклланишига замин яратмоқда. Замонавий билимлар такомиллашган сари ахборотлардан тўғри ва самарали фойдаланиш муаммоси пайдо бўлмоқда. Ҳозирги кунда ахборотларнинг мазмунини ҳам, уларни оммавий ахборот тармоқлари орқали тарқатиш усуллари ва йўлларини ҳам назорат қилишнинг деярли имкони қолмаяпти. Демак, бу масалада қандайдир чалкашликларга, хатоликларга йўл қўймаслик учун мукаммал тизим зарур бўлади. Бу тизим – ўша ахборот тарқатувчи ҳамда унинг истеъмолчиси қай даражада билимли, савияси юксак ва уларнинг бир-бирларини тўғри англаши билан боғлиқ бўлади. Эндиликда айрим мутахассислар ўқувчи онгида ахборотни тўғри шакллантириш, таъбир жоиз бўлса, уни тизимли равишда тартибга солиш йўллари изламоқдалар. Дунёдаги ривожланган мамлакатлар таълим амалиётида бу соҳадаги изланишлар ўтган асрнинг 70-йилларида бошланган. Бу педагогика фанида ўзига хос йўналиш – медаиатаълим пайдо бўлишига замин яратган.

Педагог олимлар, медиатаълим – талабаларга бериладиган дарс, билим, маълумотнинг тез, тушунарли ва ёдда қоларли бўлишини таъмирловчи таълим усули эканини эътироф этганлар. Талаба ўқитувчининг оғзаки маърузасидан кўра, кўргазмали воситалардан фойдаланиб тушунтиришидан кўпроқ таъсирланар экан. Ана шунда улар етказилаётган мавзуни кўпроқ ёдида сақлаб қолади. Талабаларда бундай дарсларга нисбатан қизиқиш юқори даражада бўлади. Демак, деарли барча фанларни ўқитишда бундай илғор усулдан фойдаланиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Медиатаълим ўқувчиларга таълим бериш жараёнида янгича усуллардан фойдаланишни талаб этади. Медиапедагогика – янги педагогик технологоя ҳисобланади, у оммавий ахборот воситалари ёрдамида ўқувчиларни ижодий фикрлашга, тарбиялашга имкон беради. Медиапедагогика ресурсларига интернетдаги маълумотлар, телевидения, радио лавҳалари, кино, видео, аудио материаллари киради.

Давримиз тараққиётига ҳамоҳанг равишда илм хазинаси янада бойиб, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ортиб бормоқда. Ахборотлаштириш жараёнида чинакам ахборот жамияти вужудга келганини изоҳлашга ҳожат қолмаган. Шунга яраша медиа-технологиялар сони ўсиб бормоқда. Бунда тасвир, овоз ва матн том маънода уйғунлашиб, аудиовизуал маданияти ўзига хос равишда такомиллашиб бормоқда. Энди ундан таълим соҳасида ҳам кенг фойдаланиш давр тақозосига айланди.

Кўпчилик талабалар гоҳида ноанъанавий усулда ўтиладиган дарсларни қизиқиш билан тинглайдилар. Ахборот технологиялари ёрдамида ўтиладиган дарслар жараёнида ана шундай усуллардан фойдаланишга имкон яралади. Бу таълим тизимини ҳам янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Яъни, глобаллашув даври ҳамда унга монанд ахборотлашган жамиятда ёш авлодни тўғри тарбиялаш, ҳаётга тайёрлаш, турли ахборотларни қабул қилиш, яхши ва ёмонни, оқ билан қорани фарқлай олишга ўрганишдир. Мутахассислар фикрича, таълим ахборотлаштириши давлат таълим дастурини ҳаётга татбиқ этишнинг асосий воситаси деб эътироф этиш мумкин.

Ахборот глобаллашувининг энг муҳим хусусиятларидан бири – турли ахборотларнинг кўпайиши билан изоҳланади. Бугунги кунда интернетда қанча веб-сайт бўлса, шунча маълумотлар базаси бор. Хўш, улар қанақа ахборотлар, қандай мақсадларга хизмат қилади?

Шу ўринда бир ижодкор сифатида айтишим жоизки, ахборот базасини яратишда энг муҳими ҳам, масъулиятли, таъбир жоиз бўлса, мушкул жиҳати ҳам шу: ахборот ёзишда саводли бўлиш! Саводи ҳаминқадар одам ахборот ёза олмайди. Саводли одам ҳам оммабоп ахборот матнини ёзишда жуда кўп меҳнат қилишига тўғри келади. Энг профессионал журналист ҳам бир жумла ёзиш учун соатлаб изланишига тўғри келади. Ёзган жумласи мазмунан қай даражада, савияси қандай, у ўқувчига нима бера олади? Муаллиф аввало шу ҳақда ўйлаши лозим. Пиширган ошингни ўзинг ич, деган таънали гапга қоладиганлар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Бунақа таъна кимларга айтилади? Ўша оши маъза-матрасиз бўлганларгами? Демак, бу уларга нисбатан тўғри танбеҳ ҳисобланади. Ахборот аталмиш маънавий неъмат яратилганида ҳам унинг ижодкорига ё раҳмат айтасиз ёки «ўзингга буюрсин» қабилида танқид қиласиз. Таассуфки, сўнгги пайтларда айрим веб-сайтларда шунача маза-матрасиз, мазмунсиз, олди-қочди «ахборот»лар ҳам кўпайиб кетаётганидан кўз юма олмаймиз. Бир идора ахборот хизматининг веб-сайтида Ўзбекистон тарихи, бугунги географик ўрни, вилоятлар, туманлар ҳақидаги маълумотлар шу қадар хато берилибдики… Талабаларимиздан бири тайёрлаган ижодий иш билан танишиш жараёнида шу қадар чалкаш фикрларни кўриб энсам қотди. Унга хатоларини кўрсатсам, фалон веб-сайтда ёзиб қўйибди-ку, дея ўзини оқлашга уринди. Ўша кунги дарсимиз мавзуи «веб-сайтга қандай ахборотлар, маълумотлар жойлаштирмаслик зарур» деган фикрларга уланиб кетди…

Демак, медиатаълим асосида дарс ўтаётган ўқитувчи қандай веб-сайтдан фойдаланаётганини яхши билиши керак. Бунда ўша веб-сайт қайси нуфузли идорага қарашли эканига эмас, балки, қай даражада саводли, ишончли ҳамда асосли эканини аниқлаб (керак бўлса, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» каби ишончли манбалардаги маълумотлар билан солиштириб) олиш лозим. Тарбиячининг ўзи ҳам тарбияланган бўлиши лозим, деганларидек, бунинг учун интернетдан фойданувчи аввало билимли, юксак савияли бўлиши даркор.

Айрим манбаларда қайд этилишича, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия, Франция каби давлатларда 60-йиллардан бошлаб медиатаълимга алоҳида эътибор қаратила бошлаган. Бу ўз навбатида ўқувчи ва талабаларга медиамаданият дунёсига киришга, оммавий ахборот воситалари тилини, медиаматнларни таҳлил қилишни ўрганишда ёрдам берган. Айни пайтда АҚШда бир неча йирик медиатаълим марказлари фаолият кўрсатаётгани, бу ҳатто таълим стандартларига киритилаётгани яхши маълум.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам медиатаълимга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бутун жаҳонда глобаллашув жараёнлари жадал тус олган бугунги кунда замонавий коммуникация технологиялари мамлакатимизда таълим соҳасини янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги деярли барча таълим муассасалари компьютерлар билан таъминланмоқда. Бу технология ҳар сонияда миллионлаб вазифаларни бажарар экан. Булар орасида медиатаълим учун хизмат қиладиган дастурлар ҳам талайгина. Демак, ундан таълим соҳасини янада такомиллаштиришда ҳам самарали фойдаланиш давр талабидир. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов таъкидлаганидек, «Бугунги кунда фақат юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган ва профессионал тайёргарликка эга бўлган ёшларгина сифатли, жадал ва инновацион тараққиётнинг энг муҳим шарти ва гарови бўла олиши, айнан улар мамлакатнинг буюк келажагини таъминлаши мумкинлигига кимнидир ишонтириш ёки буни исботлаб беришнинг ҳожати йўқ». Глобаллашувнинг ижобий жиҳатлари кўп. «Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар» китоби қайд этилганидек, ахборот соҳасидаги глобаллашув инсоният учун, дунёнинг барча ҳудудларидаги одамларнинг ўзаро мулоқоти учун, илм-фан ва маданият бойликларини ўзлаштириш учун, улкан имкониятлар яратадиган жараён ҳисобланади. Кези келганда айтиш жоизки, глобаллашув жараёнларида ана шу ахборот технологияларидан баъзи ёвуз кучлар ғаразли мақсадларда фойдаланаётганларидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Улар ўз саъй-ҳаракатлари билан кишиларнинг тинч-фаровон ҳаётига рахна солаётганлари ташвишли ҳолдир. Интернет орқали уюштирилаётган ахборот хуружлари ёшлар онгини заҳарлаши уларнинг келажагига болта уришдан бошқа нарса эмас. Шундай шароитда биз бу замонавий коммуникация технологияларидан кўпроқ ижобий мақсадларда фойдаланиш йўлларини топишимиз мақсадга мувофиқдир. Ана шундай самарали йўллардан бири – таълим соҳасини медиа технологиялари билан янада такомиллаштиришдир. Демак, медиатаълим талабаларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш билан бир қаторда уларни турли мафкуравий тажовузлардан асрашда ҳам муҳим ўрин тутади.

Тўлқин ЭШБЕК,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий
университети Журналистика факультети доценти

http://nauka.uz

You may also like...

2 Responses

  1. Чарос НИЗОМИДДИНОВА:

    Демак, медиатаълим асосида дарс ўтаётган ўқитувчи қандай веб-сайтдан фойдаланаётганини яхши билиши керак. Бунда ўша веб-сайт қайси нуфузли идорага қарашли эканига эмас, балки, қай даражада саводли, ишончли ҳамда асосли эканини аниқлаб (керак бўлса, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» каби ишончли манбалардаги маълумотлар билан солиштириб) олиш лозим. Тарбиячининг ўзи ҳам тарбияланган бўлиши лозим, деганларидек, бунинг учун интернетдан фойданувчи аввало билимли, юксак савияли бўлиши даркор.

    Bu ta’lim samaradorligini oshirirshda eng muhim va asosiy nuqtalardan biri. O’qituvchi talabani ko’pincha qanday manbalar bilan ishlashga yo’naltirar ekan, ma’lumotlarning ishonchliligi, talabaga samarali yordam berishi kerakligini unutmasligi muhimdir.

  2. Чарос НИЗОМИДДИНОВА:

    Mediata’lim masalasi bugun ko’p doirallarda muhokama qilinayotir. Masalaning muhim tomoni — uning bevosita axborot kommunikatsiya vositalari bilan aloqadorligidir. 2015-yil 8-9-oktyabr kunlari poytaxtda o’tkazilgan «O’zbekistonda yoshlarga oid davlat siyosati» bo’yicha respublika konferensiyasining oltinchi sho’basida ayni shu mavzu muhokama qilinib, bu boradagi taklif-ishlanmalar «Kamolot» YoIHga taqdim etilgan edi. Natijasini yaqin kunda, ta’lim jarayonlarida ko’rsak ajab emas.

Добавить комментарий для Чарос НИЗОМИДДИНОВА Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>