Миллат отаси (поэма)

Дилдаги гаплар тилга кўчганда у поэма-ю достонларга айланиб кетса неажаб, дейди Дониш домла ҳайрат ичра.

каримов

I
Йигирманчи аср, кўҳна Самарқанд,
Гумбазлар қоплаган феруза шаҳар.
Абдуғани ота дилбахт, аржуманд,
Қайларгадир борар эрта тонг-саҳар.
Ўттиз саккизинчи йил январлари,
Совуқ аёзлари унга кор эмас.
Бундай эмасди-ку ахир илгари,
Атроф оппоқ орзу, атроф қор эмас.
Лекин тўғриси шу, мунис табиат,
Еру-кўкни оққа белаган эди;
Абдуғани ота, Оллоҳдан фақат,
Иймонли бир фарзанд тилаган эди.
Рафиқасининг ҳам шу эди хоҳши,
Шу эди эртанги истиқболлари;
Ўғил фарзанд бўлди, о, қандай яхши,
Кулгани шумасми бахт-иқболлари.
Шундан унинг ўтли қалби ҳарорат,
Алангаси билан шошиб борарди;
Қандай бахт эди бу, қандай саодат?..
Қалбида бир дунё тошиб борарди.
Шундан букун унга тонгларнинг пушти,
Қорларнинг кумушдек симоби гўзал.
Хаёлнинг шаблари кўкларга учди,
Гўзал яратиқдек бу дунё азал.
Осмонни ўраган нимдоғ булутлар,
Самарқанд заминга оқ чойшаб ёпар;
Далалар қўйнида олчалар, тутлар,
Гўё либос кийган оқ жиға-укпар.
Ҳамма нарса оппоқ боғлар, кўчалар,
Инсоний туйғулар осмонлари оқ;
Оқ , имом Бухорий ётган гўшалар,
Регистон сатҳининг майдонлари оқ;
Шундай оппоқ қиш бу – оппоқ қаҳратон,
Абдуғани ота энгига инган;
Бир илоҳий мунгда борлиқ каҳкашон,
Атрофда зоғ учмас, атроф жим, тинган.
У кетиб бораркан, ўша оппоқ тонг,
Кўнглида билмам не ҳисларни туйди…
Кейинроқ ҳаммани қоттирганча донг,
Ўғлига у Ислом дея ном қўйди.
II
У пайт замон бошқа, дилхастайди дин,
Атеизм гуллаган даврлар эди;
Бўлаклаб ташланган Туркистон замин,
Ёғийлар қўлида қоврилар эди.
Гуржи Сталиннинг қатоғон тиғи,
Миллатлар бошига сочарди ўлим.
Ҳукмрон кулфатди, ҳукмрон йиғи;
Ким агар истаса, маърифат, илм,
Ўша тиғ кесарди унинг бошини;
Қолганлар қаттолга олқиш тожини,
Кийгизарди ҳар дам ёшини арта.
Оҳ, у ёшлар, ёшлар, чеки йўқ ёшлар,
Мозорга айланган юртга томдингиз.
Бемаврид узилган, синган бардошлар,
Нечун қизилларга сиз инондингиз?..
Нечун Туркистоннинг юртпарвар одил,
Фуқороларини отдингиз ўтга;
Мутаъассибларча алданиб жоҳил,
Коммунизм деган қора булутга.
Ким айтди Маркснинг ғояларини,
Олий ҳақиқат деб инсониятга;
Cиндириб адолат қоялари,
Миллатни қўйдингиз нечун уятга?..
Ким айтди, одамлар ўша давлатдан,
«Барча миллатларнинг кўнгли тўқ эди».
Билмайсиз, у қуруқ манфур савлатдан,
Мазлумлар йиғисин чеки йўқ эди.
Миллат осмонининг зиёлилари,
Пилпиллаб юлдуздек ёниб сўнарди.
Туркистон ҳар куни гўрков сингари,
Бир буюк фарзандин ерга кўмарди.
Қисмат арзандаси қонхўр Сталин,
Ютоқиб- ютоқиб қон ичар эди.
Равзалардан териб миллат гулларин,
Юҳо аждар каби жон ичар эди.
Бу қизил пўстинли қора ҳукумат,
Элларга кўп оғир бадал тўлатди.
Мунаввар қорини ўлдирган қисмат,
Фитратни бошини чоҳга қулатди.
Ўзбеклар бошига келган бу зуғум,
Номард жаллодликдан гуноҳга ботди.
Қатоғон асосли мустабид тузум,
Қодирийни отди, Чўлпонни отди.
Дину-диёнатни ғорат айлаган,
Большевик аталмиш даҳрий махлуқлар;
Элларни озодлик учун шайлаган,
Иймон дунёсига бериб тазйиқлар;
Татбиқ қилар экан бехудоликни,
Иблис билан ошно тутинган эди.
Дин учун ҳар қандай жон фидоликни,
Кўрсалар бўралаб сўкинган эди.
Шундай қалтис замон, дин номи билан,
Ўғлини Ислом деб қўйиш жасорат!
Абдуғани ота қалбида теран,
Тузумдан юқмаган қора асорат,
Дилида чўнг бардош каби юксалиб,
У лаҳза эҳтимол кўтаргандир бош;
Балки фарзанд кўргач шу сабаб бўлиб,
Кўзларида унинг милтиллаган ёш.
У кетиб бораркан, қорда ясланган,
Оғочлар турарди бамисоли дор.
Гоҳ тиниб, гоҳида яна бошланган,
Самарқанд заминга ёғар эди қор…
III
Шундан буён ўша Самарқанд узра,
Қанча қорлар ёғди, ёмғирлар тинди.
Ўша ота уйда чинсўз, бокира,
Ислом деган ўғлон улғайди, унди.
Аввал мактаб сўнгра, қўш институт,
Ул зотни қалбини нурга чўлғади.
Мухандис-механик, иқтисодиёт,
Касблари юракни ўтга тўлғади.
Ёшликнинг ғайрати қўзғалиб у кун,
Шижоат айланди қутлуғ даъватга;
Илк меҳнат қучоғи иш бошлаш учун,
Етаклаб келганда уни заводга.
Қишлоқ хўжалиги машиналари,
Поршен шариклари, винт мурватлари;
Машинасозликнинг болт, шиналари,
Дилкаш ишчиларнинг хўб суҳбатлари.
Барида кўнгилда бир дунё ҳавас,
Бир дунё иштиёқ уйғотган эди.
Ул улуғ инсонда ҳаётда хуллас,
Меҳнатнинг ҳавоси дил тотган эди.
Ҳолбуки, ўсмирлик йилларида ҳам,
Ғишт қуйган дамлари ота маконда;
Шундай гаштли ҳисни турмушда у дам,
Тотиб кўрмаганди гарчи у онда.
Энди-чи, машинасозликдан кейин,
Авиация томон бураркан йўлни;
Миллат саноатин бу қадар қийин,
Баравж соҳасига берганча қўлни –
Қўлга бериб ишлаб, оила тебратиш,
Унга уйғотганди улкан бир сабот.
Гоҳ шодлик, гоҳида ғусса-ю ташвиш,
Ҳаёт йўлларида уни умрбод,
Таъқиб қилар экан, бардошли бу зот,
Кўнглидек қутлуғ бу ҳасонатини;
Ҳар қандай дамда ҳам кўтариб азот,
Намойиш қиларди матонатини.
Ўша ҳис, ўша куч, шижоат, чидам,
Сингар экан унинг ғояларига;
Кўтариб борарди секин айни дам,
Уни мансаб пиллапояларига.
Аввал «Давлат план комитети»ни,
Шоҳсупаларига кўтарилганда;
О, сўнгра, молия министрлиги,
Лавозимларига ўткарилганда;
«Министрлар Совети» ўша кезларда,
Уни кўтарганда чўққилар томон;
Буришган қаримсиқ, айрим юзларда,
Ҳасад ажинлари тиришди ёмон.
Лек Ислом Каримов қилмасдан парво,
«План комитет»нинг раиси бўлди.
Бу дунёқараши кенг инсоннинг о,
Халққа жўмардлиги, ройиши бўлди.
Лекин шовинизм билан оғриган,
«Велико-рус»ларга ёқармиди бу?..
Уларни бу юртда дегани-деган,
Тўсқинлик қиларди хоҳишига у.
IV
О, ўша йиллари Ўзбекистонда,
«Пахта иши» деган гаплар юрганди;
Ўзбеклар бошига ялпи у онда,
Янги қатоғонлар қўзиб турганди.
Ўлиб бораётган мустабид кишвар,
Қон ичиш истарди, иссиқ, қайноқ қон:
-Гдлян боради, Тошкентда иш бор,
Кремилдан туриб ўкирар телифон.
Гдлян дегани бир арман нусха,
Бир манхус, ўриснинг пойи-патаги;
Хуллас, таърифини айтганда қисқа,
Иприсқи терговчи, чиркин капаки.
«Пахта иши» отлиғ «дело» бўйича,
Бажарар эмиш у арзимас юмуш.
Унинг «нозик фаҳм» фикри ўйича,
«Ўзбеклар ҳаммаси муттаҳам» эмиш.
«Пахта хирмонини ёлғондаками,
Қоғозда бўрттириб оширар ўзбек.
Барии бой, ҳеч бирин йўқ асло ками,
Уйида тиллолар яширар ўзбек.
Ҳолбуки, рус халқи Москвада ҳам,
Бир наъви кун кўриб турган замонда;
Синчиклаб текшириб кўрмаса бу дам,
Бундай пародокс, ахир ёмонда…
Бир пайтлар бу миллат Темур даврида,
Гуржи, арманларни талаган, қирган.
Беш аср ўтгач сўнг, қасос жаврида,
Энди мен қираман; ҳар бир кун кўрган,
Ўзбекнинг ёшидан қарисигача;
Дунёга келгани пушаймон ейди.
Тошкентдан Самарқанд, Қаршисигача,
Мени ахир кимсан Гдлян дейди.»
У шундай ўйларни тугиб кўнглида,
Кўпларни қамарди ноҳақ пайдар-пай,
Шундайин каттакон ўзбек элида,
Унга тўхта деяр кимса йўқди ҳай.
Ислом Каримов-да ҳали миллатнинг,
Боши-тепасига келмаган эди;
Бундай асорати оғир иллатнинг,
Ҳали кўплар мағзин билмаган эди.
Гдлян айбдор билган кимсалар,
Ўша йиллар ноҳақ қамалиб кетди.
Совет матбуоти жўшиб жар солар:
«Гдлян ҳақиқат тагига етди!»
Партком, бригадир, колхозчи, раис,
Ҳаммаси пахтанинг ўғриси гўё;
Бундай бераверсанг уларга ройиш,
Ўрислар миллатнинг тўғриси гўё.
Ҳолбуки, ўзбекнинг бори-шудини,
Шулардир ўғридек шилиб олганлар,
Ўзлари бермаса бори-будини,
Зўрлик йўли билан келиб олганлар.
Москва, Петербург музейларида,
Ўрта Осиёнинг антикварлари;
Рус метроларининг безак парида,
Ўзбекнинг оқ, қизғиш, кўк мармарлари.
Зарафшон конининг олтинлари-ю,
Амир Олимхоннинг тилло-зарлари;
Юҳо каби ютиб юборилган-ку…
Чуқур рус ҳамёнин тўймас қаърлари,
Миллий бойликларни ўғирлаб кетган;
Ўрис маккорлиги, устамонлиги…
Менга жавоб беринг жаноб Гдлян,
Энди ким ўғри-ю, энди ким тўғри!
V
Жимлик, жимлик фақат, ҳақиқат равшан,
Бу нурга ўралган ёруғ дунёга.
О, Ислом Каримов ўша йиллар шан,
Ҳоким бўлиб келган Қашқадарёга.
У миллат ҳолидан ғам-ла ютинар,
Кезаркан Қаршининг далаларини;
Қолдирган изларин кўриб ўкинар,
Мунофиқ Гдлян галаларини.
Қанча ноҳақ одам қамалган кундан,
Ул зот кўнглин бузар ахир бу ҳоллар;
Ёрдам сўраб келар одамлар ундан,
Болали аёллар, кампирлар, чоллар.
«Пахта иши» сабаб қамалиб кетган,
Фарзанд аржуманди, турмуш ўртоғи:
«-Умидимиз буткул йўқолган йитган,
О, Ислом Каримов қилинг бир ёғи.»
Ул зот қалби қайноқ, меҳрга тўлиқ,
Оддий одамларнинг бундай ҳолидан,
Кўриб эзиларкан; юраги сўниқ,
Армонли кишилар ҳол-аҳволидан.
Хабар олмоқ учун, ёрдам бермоқ-чун,
Чўзарди чин қалбдан кучли дастларин;
Сўз билан таърифлаш қийиндир букун,
Ислом Каримовнинг кўнгил сасларин.
Дунё-ю, замоннинг қасирғалари,
Унинг қалб-қўрида исён тутарди.
Каримов замондан юриб илгари,
Ўз кунин келишин бардам кутарди…
Ўша кун ҳам келди июнь кўкида,
Шафақлар қирмизи лолага тўлди.
Саксон тўққизинчи йилнинг уфқида,
Каримов мамлакат раҳбари бўлди.
Саксон тўққизинчи йилдан мамлакат,
Уйғониш онини кечирди бирдан;
Кўқда пайдо бўлди бир шамси талъат,
Майсалар бошини кўтарди ердан.
Бир баҳорий палла келгандай гўё,
Ўша йил гувраниб уйғонганди Эл.
Тавсифга тил ожиз, тушми бу рўё,
Мамлакатга қайтди ўзбек отлиғ тил.
Шунча ҳақоратлар энди етар бас,
Гарчи мамлакатда тиллар турлидир.
Энди давлат тили – рус тили эмас,
Ўзбекнинг ўз тили – ўзбек тилидир!
Каримов шонига ёзиб қўйгулик,
Миллат тарихида илк воқеа шу.
Замонлар ўтади лекин мангулик,
Элнинг хотиридан асло ўчмас бу.
VI
Тўқсонинчи йилда мустабид тузум,
Охирги умрини яшаркан басир;
Элларга ҳамон-ки, қиларди зуғум,
Ҳаддини билмаган бу олатасир.
Ўзбеклар-қирғизлар, ўзбеклар-турклар,
Низоси Москва найрангларидир!
Қизил шинель кийган бу ёвуз турқлар,
Урушдан қувнаган байрамларидир.
Уруш бўлар экан Ўзбекистонда,
Кремелдагилар кўнглин хушлайди.
Шундай шароитда, қалтис маконда,
СССР жиловни маҳкам ушлайди.
Йўқ-са, бошқа йўл йўқ, бу емирилиш,
Таназзулнинг очиқ-ойдин юзи-ку?!
«Ўзбекистонда ҳам бўлса эврилиш,
Бошини эгади бизга ўзи у.»
Лекин ўзбекларнинг босиқ раҳбари,
Бошини эгишни истамади йўқ.
Йўлни бошлар экан истиқлол сари,
Ошиб борар эди ундаги ҳуқуқ.
Каримов у йиллар Ўзбекистонда,
Президентлик жорий қилган кезларди.
Руслар Фарғонада, Ўшда, Қўқонда,
Олов ёқмоқ учун «ўтин» изларди.
Лекин «ўтин» йўқди, бирлик, тинчликни,
Ҳаммадан ҳам кўра хоҳларди миллат.
Халқнинг ўсган эди фаросат, зеҳни,
Мустақиллик берса оқларди миллат.
Мустақиллик қандай фараҳбахш туйғу,
Қандай комил журъат, жўмард ҳиссиёт.
Уни сақламоқ-чун, умрбод, мангу,
Элнинг тайёрлиги керак барҳаёт.
Менинг ўзбек элим, ўша йиллари,
Истиқлолга қандай чанқоқ ҳур эди.
Мустақиллик олган ўзбек тиллари,
Ўзбекка ўзбекча давлат қур деди.
Тўқсон биринчи йил улуғ президент,
Итқитиб бу юртдан асрий қулликни;
Қад ростласин дея ҳар бир шаҳар, кент,
Эълон қилди дарҳол мустақилликни.
О, қандай бахт эди, миллат бошида,
Толе осмонидан қўнганди ҳумо!
Қувончдан порлаган кўзлар ёшида,
Ўзбекистон мадҳи бир оҳанграбо,
Бир ёрқин куй каби янграрди мағрур,
Янграрди озодлик қўшиғи каби;
Шу эди юракни тўлдирган сурур,
Шу эди ўзбекнинг асл матлаби!
VII
Энди мен сезаман бугунги авлод,
Қандай бахтли кунлар бошидалигин;
Сентябрь келса, кўзларда дилшод,
Истиқлолнинг неча ёшидалигин.
Ҳис қилиб қалбимда нурлар оқими,
Жавлон уришини кузатаман жим.
Гоҳо ғолиб келиб кузнинг тақвими,
Ташқарида ёғса, ёмғирлар сим-сим.
Оппоқ ёмғирларнинг бағрида ивиб,
Озодлик қўшиғин куйлайман мен ҳам.
У қаро тарихни қалбимдан қувиб,
Бугунги кунларни ўйлайман мен ҳам.
Тошкент, Самарқандда, Шахрисабзда,
Кузатиб Темурнинг мағрур ҳайкалин;
Гоҳи Регистонда, Лаби Ҳовузда,
Кўриб гўзалликнинг ажиб сайқалин
Оллоҳга етганин кўраман охир,
Халқимизнинг нола-илтижолари.
Бу имом Мотурудий ётган ер ахир,
Бу имом Бухорий қадамжолари!
«Ал-жабр»ни ёйиб бутун дунёга,
Донғи довруқ солган Хоразмий бу!
Оламни тўлдирган илму-зиёга,
Ибн Синодир бу, ал-Беруний бу!
Яна Марғиноний, Аҳмад Фарғоний,
Қошғарий, Навоийин тўлғатган юрт бу!
Қизил мустамлака даврида оний,
Ислом Каримовни улғайтган юрт бу!
Мен нима деяйин унинг шонига,
Унинг шарафига қандай сўз битай;
У миллат отаси, эл урфонида
Ҳали миллат ундан кўп ишлар кутгай…

Шерзод Комил Халил

2009 йил, июль-сентябрь
Тошкент – Китоб.

sherzod_komil

Шерзод Комил Халил 1982 йил 13 сентябрда Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган. 1999-2003 йилларда ЎзМУ фалсафа факултетида бакалавр, 2003-2005 йилларда шу факултетниннг магистратурасида ўқиб, замонавий ғарб фалсафаси ва тарихи магистри даражасини олган. 2005-2007 йилларда ЎзМУ ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Олий Адабиёт курси тингловчиси бўлган. 2005-2009 йилларда Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институти Фалсафа кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлаган. 2009-2011 йилларда ЎзМУ фалсафа факултетида Аспирантурада таҳсил олган. 2011-2012 йилларда ЎзМУ фалсафа факултети стажёр-тадқиқотчиси. Ҳозирда Writers Сapital (Халқаро Ёзувчилар Кенгаши)нинг Ўзбекистон бўйича директори бўлиб ишлайди.

You may also like...

1 Response

  1. Миллат отаси муҳтарам Юртбошимизнинг хотираси олдида биз Қашқадарёликлар умрбод бош эгамиз.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>