Миллий журналистикамиз муаммолари

Журфакда ёрқин из қолдирган адиб ва публицист Ҳаким

Сатторий сабоқлари талабаларимизда катта қизиқиш уйғотади, дейди Дониш домла.

р3

МИЛЛИЙ ЖУРНАЛИСТИКАМИЗ МУАММОЛАРИ

Ҳар қандай илгариланма ҳаракат (у революцион бўладими ёки эволюционми) тез-тез ортига боқиб, ўз-ўзини тафтиш қилиб туриши қонуний ҳолат. Бусиз изчил тараққиёт таъминланмайди. Мамлакатимизда кечаётган жараёнларга шу масштабдан қараганимизда жамиятда ижтимоий фикрни шакллантиришнинг асосий минбари бўлган матбуот ҳам ривожланиш босқичларида ўзини ўзи тафтиш қилиб боради.
Шуни тан олиш лозимки, матбуот бизнинг миллий маданиятимизда нисбатан “ёш” соҳа ҳисобланади. Мабодо, ҳадисшунослик, геодезия ёки минералогия сингари фанларнинг асосига тамал тоши бизнинг тупроғимизда қўйилганини инобатга олсак, журналистиканинг (хусусан, газета, журналларнинг) пайдо бўлиши унчалик қадимий илдизларга эга эмаслиги аён бўлиб қолади. Бу ҳолнинг “ўзига хос ва мос” сабаблари борки, ҳозир гап бу ҳақда эмас. Умуман, тан олиб айтадиган бўлсак, дастлабки тарқатма босма нашрлар пайдо бўлгандан бери бу маданият тури тугал шаклланишга улгурмай, турли сиёсий вазифаларни бажаришга гирифтор бўлди ва, айтиш мумкинки, ҳали суяги қотиб улгурмаган вужуд турли ўзгаришларга дучор бўлиб, қоришиқ бир қиёфа касб этди. Шундай қилиб, ўзи ичдан пишиб етилган, ўзгармас тамойиллар ва олтин қоидаларга эга бўлиши лозим бўлган соҳа тинимсиз янгиланишлар жараёнини бошдан кечириб келмоқда. Оқибатда, матбуот (мен радио ёки ТВ демаяпман!) жамиятда ўз ўрнини тайин эта олмади ва ҳатто у “Ўзи, бизга шу соҳа керакми?” сингари мужмал таассурот уйғотди ҳам. Мутараққий мамлакатлар тажрибаси эса шуни кўрсатмоқдаки, борлиқни тафаккур бошқараётган дунёда қандай қилиб фикр минбарисиз, жамиятнинг локомотиви бўлган ижтимоий фикр фабрикасисиз кун кўриш мумкин? Барча хулосалар мамлакатга кучли, энг замонавий даражадаги матбуот кераклигини тасдиқлаб турибди.
Ана шу мулоҳазалар кўламида бугунги миллий матбуотимизнинг аҳволи ва мавқеини тасаввур қилиш имкони туғилади. Нега бундай ҳол рўй берди? Агар сабаблар ҳақида гапириладиган бўлса, бу ҳолни миллий матбуотимизнинг “думбуллиги” билан изоҳлаш лозим бўлади. Юқорида эслатилганидек, тинимсиз сиёсий ислоҳотларга гирифтор қилинган, буюртмалар исканжасидан чиқиб кета олмаган ўзбек матбуоти ҳали ҳам ўзини кашф этиш борасида изланаяпти. Кўз олдингизга келтиринг: дастлабки газета-журналлар пайдо бўлганда улар кўпроқ маърифатни тарғиб қилди. Кейинчалик сиёсий ҳаётга аралашиб, одамларни ўз тарихини ўрганиш, қадр-қимматини англашга чақирди. Пировардида ҳокимиятга интилишга ундади. Бирданига октябрь тўнтариши ва тоталитар мафкура ойболтадек ёриб кирди ва ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Миллий матбуот ўз қиёфасини топа олишга улгурмади. Бу ҳол мустақилликкача давом этди. Истиқлол йилларида эса, очиғи, матбуотнинг ўз қиёфасини кашф этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом этмади ва кўзга кўринарли натижага эришилмади. Ҳолбуки, у бир пайтлар норасмий ҳолда “тўртинчи ҳокимият” мақомига эга бўлганди. Бугун ватандошларимиз бу “ҳокимият”ни барча пучмоқлардан излаяпти, бироқ топиш осон бўлмаяпти.
Бу ҳолга тушишнинг бош сабабларидан бири, менинг назаримда, касбга садоқатнинг етишмагани, касбий тайёргарликнинг заифлиги билан белгиланади. Бу ҳол эса ходимлар тайёрлаш тизимининг миллий-тарихий заминдан узилиб қолгани, дунёқарашни сохта ақидалар руҳида шакллантирилгани билан изоҳланади. Шўро замонида журналистга комфирқанинг югурдаги, нари борса маддоҳи сифатида қараларди. Ана шундай сунъий андазаалар асосида тайёрланган ходимлар амалий фаолиятга тайёр эмас эди. Журналистикада “Ҳамма нарса ҳақида ёзиш мумкин” деган касбий қоида амал қилади. Мабодо, қаламкаш ҳамманинг эътиборидаги воқеа ҳақида эплаб ёза олмаса, унинг ёзганлари эътирозга сабаб бўлса, ҳатто иш судгача борса, бунда кимни айблаш лозим? (Омади гап шуки, судлашиш журналистик фаолиятда оддий ҳол ҳисобланади, бироқ тарафкашлик туфайли пайдо бўлган ғалва туфайли судлашиш билан ҳақиқатни ҳимоя қилиб судлашиш ўртасида катта фарқ бор). Ёки ўртада собит туриши, фақат адолат тантанаси учун ишлаши лозим бўлган касб эгаси буюртма билан бир томоннинг манфаатини ҳимоя қилиб турса, касбнинг обрўйи қоладими? Бундай ҳолларнинг сабаблари кўп бўлиши мумкин, лекин асосийси касбий эътиқоднинг сустлиги эмасми? Демак, журналистнинг маслаги ҳам соҳанинг ривожида муҳим ўрин тутар экан.
Сабаблардан яна бири эса шўро тузумининг қиёфаси эди. Хоҳлайсанми, йўқми, тоталитар мафкура тарафида туришинг лозим эди. Ўшанда “тўртинчи ҳокимият” дейилганда, халқ билан давлат ўртасидаги кўприк эмас, балки жазоловчи куч, яна бир зўравон маҳкама тушунилган. Шу сабабли газеталарда “…кўзингизни очинг, сизга фельтончи кетди” тарзидаги шапкалар берилган, фелъетончи эса қоғоз ва қалам билан бирга иккита тўппонча осиб юрган. Шундай қилиб, матбуот қўрқув машинасига ҳам айланган эди. Дунё тажрибаси эса бундай ҳолларни қоралар, бундай матбуотни тан олмасди.
Ҳозир дунё сиёсий иқлими тубдан ўзгарди, зўравонликни, куч ишлатишни тарғиб қилиш нуфузли қонунлар билан таъқиқланди. Жумладан, мустақил Ўзбекистон диёримиз энг эркпарвар, адолатпарвар сиёсат тарафдори. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида янгиланиш сари олиб борилаётган сиёсатдан халқимиз рози, улардан умиди катта. Шундай шароитда миллий матбуотимиз ҳам янгиланишлар илҳомчиси ва тарғиботчиси бўлиши айни давр талаби. Миллий ТВ даги жасорат, дадиллик ҳаммада рағбат уйғотмоқда. Бу маъракада эса матбуотнинг ўрни ва вазифаси бўлакча. Масалан, ТВ да воқеликнинг ташқи, фотографик манзараси акс этса ва хулосалар ҳам бирламчи далиллар кўмагида чиқарилса, матбуот ютуқ ва камчиликларнинг илдизлари, юзага чиқарган теран омиллар ҳақида мушоҳада юритиш имконини беради. ТВ да бир хил манзаранинг турли ҳудудларда кечиш ва содир бўлиш жараёнини бирданига қамраб олиш имкони бўлмайди. Матбуот эса далилларни тақққослаб,уларни таҳлилга “торта” олади. Ютуқни оммалаштириш, камчиликни бартараф этиш учун эса уларнинг сабабларини топиш лозим бўлади. Бу юмуш матбуот хулосалаори орқали амалга оширилади.
Бугунги кунда соҳанинг етилган муаммоларидан бири журналистнинг касб маҳорати, эътиқодидан ташқари малакали журналистнинг ўзини тайёрлаш бўлиб турибди. Тўғри, бу бўшлиқни бирор ахборотни эплаб ёзадиган маълумотли одамлар ҳисобидан тўлдириш мумкин, аммо профессионал касб одамини етиштириш осон масала эмас. Кўплар ёзишни билган одам редакцияларда ишлаб кета олади, деб ўйлайди. Тўғри, “ишлаб кета олади”, бироқ ишкал шундаки, у ҳаваскорлик даражасидан кўтарилиши қийин кечади. Мабодо иш шундай бўлганда эди, университетларда махсус факультет ташкил қилинмаган бўларди. (Умуман, бу соҳа ходимларини тайёрлаш бўйича дунёда турли ёндашувлар мавжуд). Шунданми, иштиёқи баланд кишилар жон-жаҳди билан журналист бўлишга интилади, журфакда ўқиётганларнинг аксарияти эса, афсуски, битиргач, шу соҳада ишламаслигини аниқ билади. Масалан, бизнинг курсимизда элликдан зиёд киши диплом олиб кетди. Соҳада ишлаганлар эса бармоқ билан санарли бўлди. Бу ҳолнинг аниқ таърифи шундай эди: кўплар журфакда ўқиш жуда осон, деб ўйлашарди (рост-да, ошпаз ёки қурувчи ҳам мақола ёзиб юрибди-ку). Бу масаланинг чалғитувчи томони. Кимки редакцияга ишга бориб, биринчи топшириқ билан “материал тайёрлаш”га киришса, гап нимадалигини ўшанда билади. “Ўқиш осон” бўлгач, бошқа факультетларга “сиғмай” қолган, бироқ ўқиши шарт бўлган (сабаби маълум) “имтиёзли”лар журфакка оқиб келаверарди. Унга қишлоқ хўжалиги, медицина, ҳатто ҳуқуқшунослик институтларидан болалр “перевод” қилинарди. Шу билан таҳсилнинг обрўси ҳам, сифати ҳам тушиб кетарди. Малакали, пишиқ-пухта ходимларнинг тайёрланмаганлиги ҳам миллий журналистиканинг оқсаб қолишига сабаб бўлди. Очиғи, ўтган йилларда жаҳон стандардлари даражасида фаолият кўрсатган ҳамкасбимни эслай олмайман. Топилиши мумкин, гап миллат, халқ манфаатлари ҳақида кетмоқда. Шундай қилиб, публицистика проза, айниқса, поэзиянинг соясида қолиб кетди. Ҳолбуки, публицистикада ҳамма жанрлар мавжуд, бугун у энг етакчи мавқега эга бўлиб турибди.
Малакали ходимлар тайёрлашнинг иккинчи қаноти – ҳудудий матбуот. Оддий ҳолат – дарёнинг тўлиб оқиши булоқлар сувининг мўллигидандир. Олдин булоқ қурийди, сўнгра иложсиз қолган дарё тақирга айланади. Аввало, ҳудудий матбуот – туман ёки вилоятларда газета-журнал нашр этишнинг маънавий томонларига эътибор қаратайлик. Туман ёки вилоят марказларида газета-журнал таҳририятларининг бўлиши, аниқки, бир маданий, ижодий марказ мавжудлигидан дарак беради. Бу жой қалбида ижод ишқи бўлган бўлажак қаламкашлар, санъаткорлар, умуман, зиёлиларнинг севимли масканига айланади. Баланд парвозлар ана шу даргоҳдан бошланади. Ҳаммамизнинг томоғимиз туман газеталарида кўтарилган, десам хато бўлмас. Боз устига, мустақиллик туфайли ҳудудий матбуотнинг юмуши яна ҳам кўпайди. Ахир ўша жойдаги тарихий масканлар, қадриятлар, таниқли кишилар ҳақида ўша жойнинг одамлари кўпроқ билади ва “қотириб” ёза олади. Бу мавзулардаги чиқишлар юртимизнинг энди ёзилажак тўла тарихига чизгилар бўлиб қўшилиши бор гап. Мамлакатимизда санъатга, спортга жуда катта эътибор берилаяпти. Ёшларимизнинг муваффақиятлари ҳақида ҳам ҳудудий матбуотда батафсил ҳикоя қилиш мумкин. Қолаверса, туман ва вилоят газеталари келажак учун шу жойларнинг чинакам солномасини битиб боради.
Туман ёки вилоят газетасида, умуман, матбуотда ишлашнинг ўзгача гашти, масъулияти бор. Бу соҳа одамнинг барча қобилиятини бир мақсадга сафарбар қилишни талаб қилади. Албатта, биринчи шарт – она тили имло қоидаларини пухта билиш, юқори даражадаги саводхонлик бўлган газетачилик фикрни равон, тушунарли ифодалашга ўргатади. Ёки оддий ҳолат – асил нусхани газета саҳифаси билан солиштириб ўқиш ҳам диққатни бир нуқтага жамлаш, бошқа нарсаларга чалғимаслик, ишда басаришта бўлиш, умуман, юқори масъулиятни талаб қилади. Кимки шундай синовга бардош берса, ишлаб кета олади, бўлмаса, кўп ўтмай, бошқа соҳани танлайди. Характердаги бундай қатъийлик ҳар қандай соҳада асқатади. Шунинг учун редакция мактабини ўтаган ходимлар бошқа ҳар қандай соҳада қийналмай ишлаб кетган, ҳатто бошқалардан кўра яхши ишлаган ҳам. Шу маънода редакцияларни малакали ходимлар тайёрлаш мактабига тенглаштирса бўлади.
Газета-журналларда тафаккурнинг жами қирралари юзасидан баҳс юритилади. Ҳар куни газета варақлаб ёки журнал саҳифаларини тахтлаб юрган одамга унинг “чанги” ўз-ўзидан юқиб қолаверади. Шунинг учун редакцияларнинг тупроғини чангитиб юрганлар ҳам маданий савия жиҳатидан ўз тенгдошларидан юқорироқ бўлиши бор гап. Касблар орасида эса журналистга ҳар қандай соҳа одами билан тенг гаплаша оладиган, юқори маданиятли шахс сифатида қарашади. Бир давлат арбобининг (Наполеон) “Ҳар қандай журналист вазир бўлиши мумкин, бироқ ҳар қандай вазир журналист бўла олмайди” деган гапи бот-бот такрорланиб туриши ҳам беҳуда эмас. Бу мезонлар, аслида, журналистга қўйилган талаблар. Ана шундай қадриятларни мужассамлаштирган маънавий бойлик мустақиллик ғояларидан тўйиниб, янгича кўрку камол касб этишга ҳақли. Негаки, кучли давлатни кучли мафкуравий қуролсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Хонадонларга газета-журналларнинг кириб бориши ўша манзилларга маърифатнинг, зиёнинг кириб боришидир (албатта, бу маҳсулотлар нур олиб кирадиган даражада нурли бўлиши лозим). Эрта тонгда биринчи машғулотини босма нашрларни варақлашдан бошлаган хонадон аҳли дилига бир мунавварлик юққанга ўхшайди. (Изтироб билан қайд этиш жоизки, ҳозир нашрларда ёрқин руҳли мақолалар камайиб кетди; аксарият кўнгилочар олди-қочдилар. Ўзи, кўнгил очар воситалар бунча кўп: телеканаллар, радио тўлқинлари, газета-журнал саҳифалари… Халқимизнинг кўнгли қачон “ёпилиб” қолган ёки нима иш қилиб чарчаган?) Мутолаа билан бошланган кун бошқа хайрли амалларга йўл очади. Хоссатан, оилада китобхонлик муҳити қарор топади. Газетадан шаполоқдек қизиқари нарсани мутолаа қилган уй бекасида қалин китобни ҳам ўқиб чиқиш ҳафсаласи пайдо бўлади. Умуман, маънавият билан боғлиқ барча юмушлар бир-бири ила ички мантиқ орқали боғланган. Бир занжир заиф бўлса ёки узилиб кетса, илгариланма ҳаракат таъминланмайди. Маҳаллий ҳаётни ишончли ва теран ёритадиган газета-журналлар эса бардавомлик ва узвийликни таъминлайдиган восита. Умуман, туман ва вилоят газеталарининг ижтимоий ҳаётни тараққий эттиришда ўрни беқиёс.
Халқда “Бўзчи белбоққа ёлчимайди” деган гап юради. Кўпларнинг муаммосини ечишга сафарбар қилинган матбуотнинг ўзи ҳам муаммолар гирдобида қолиб кетган. Оддий масала –ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни олиб кўрайлик. Кеча иш бошлаган ҳам, дейлик, 20 йил ишлаб қўйган ходим ҳам бир хил маош олаверади. Бу борада меҳнат стажи, малака сингари омилларга эътибор берилмаган. Бу хусусий масала. Умумий тарзда эса матбуот, умуман, журналистиканинг умуминсоният мезонлари даражасида эътироф этилган тамойиллари бор. “Матбуот ўзи мансуб бўлган жамиятнинг маҳсулидир” сингари ақидаларга қўшилиб бўлмайди. Ахир Бразилия ёки Индонезиянинг ўзига хос медицинаси бўлмайди-ку. Гарчи медицина ва журналистика бошқа-бошқа соҳа бўлса-да, уларнинг замирида инсонга хизмат қилиш тамойили мужассам. Қолаверса, жамият учун медицинанинг ўрни қанчалик муҳим бўлса, журналистиканинг зарурати ҳам ундан кам эмас. Илғор мамлакатлар тажрибаси бу нисбатни юз йиллар олдин тасдиқлаган. Мабодо, умуман олганда, қайси давлатда бўлса-да, матбуот умуминсоний мезонлардан чекиниб, ўз қобиғида ўралашиб қолган экан, бунга соҳани эмас, ўша соҳа одамларини айблаш лозим бўлади. Бизда тарихий тажрибалар асосида ривожланаётган, қонуний асослари мустаҳкам миллий матбуот мавжуд. Давр талаблари эса энди эски қолиплар доирасида ишлаб бўлмаслигини кўрсатаяпти. Хайрли ишларга камарбаста бўлиб турган вақтли матбуотимиз муаммоларини бартараф этиб, замон билан бақамти ривожланишга куч топа олади, албатта.

Ҳаким САТТОРИЙ
“Миллий тикланиш” газетаси 6 июнь сони

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>