Миллий университетимизнинг нурафшон йўли

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 100 йиллиги олдидан дилдаги битиклар қоғозга туша бошлади, дейди Дониш домла фахр билан.

УзМУ2

4сент2

Марказий Осиёда етакчи университет ҳисобланган бу олий таълим муассаси 1918 йил 12 майда ташкил этилган. У қатор йиллар турли номлар билан аталган. Яъни, 1918 йилда Мусулмон халқ дорилфунуни, 1918-1919 йилларда Туркистон халқ университети, 1919-1923 йилларда Туркистон Давлат университети, 1923-1960 йилларда Ўрта Осиё давлат университети, 1960-2000 йилларда Тошкент Давлат университети деб юритилган.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1995 йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент Давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Мазкур Қарорга биноан Тошкент Давлат университетига Шарқнинг буюк олими ва мутафаккири Мирзо Улуғбек (Муҳаммад Тарағай Улуғбек) номи берилган.

Собиқ мустабид тузум барҳам топгач университетимиз буюк аждодимиз Мирзо Улуғбек номини олиши замирида оламча маъно мужассам. Бу кўҳна тарихимиз, улуғ аждодлардан қолган бебаҳо мерослар, илм-у маърифатга нисбатан адолатнинг тикланиши, бу борадаги асл қадриятлар том маънода қадр топиши эди.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий унверситети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони билан бу ўқув даргоҳи “Миллий университет” мақомига эга бўлди. Шундан буён бу олий таълим муассаси – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб аталмоқда!

Ана шу тарихий Фармонда, Ватан ва миллат тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатган жадид зиёлиларимизнинг буюк хизматларини эътироф этиш, тарихий ҳақиқатни тиклаш, ёшлар қалбида истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини тарбиялаш, умуминсоний ва миллий илм-фан қадриятларини авлодлар онгига теран сингдириш, Тошкент Давлат университетининг азалий юксак мавқеини ўз жойига қўйиш, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Собиқ мустабид тузум даврида бу университет “доҳий имзо чеккан декрет”га биноан барпо этилган деган сохта гаплар айтилган бўлса, Биринчи Президентимизнинг тарихий Фармонида, Ватан ва миллат тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатган жадид зиёлиларимизнинг буюк хизматларини эътироф этилган, тарихий ҳақиқатни тиклаш йўлида залворли қадамлар ташланган!

Мазкур Фармонда, ёшлар қалбида истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини камол топтириш, уларни мустабид тузум йилларида қатағон қилинган фидойи ватандошларимиз хотирасига ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш, халқимизнинг беқиёс илмий-маданий меросини чуқур ўрганиш, жамиятнинг илмий-маданий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида илмий қадриятларни тарғиб қилиш, ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш, миллий университет таълим тизимини илғор илм-фан ютуқлари асосида такомиллаштириш, мамлакатимиздаги барча университетлар учун ўқув, илмий-услубий, маънавий-маърифий масалалар юзасидан таянч ҳамда етакчи олий таълим муассасаси сифатида фаолият кўрсатишига эришиш, жаҳон андозаларига мос фундаментал тадқиқотлар олиб бориш, фаннинг муҳим соҳалари бўйича янги илмий мактабларни шакллантириш ва улар фаолиятининг давомийлигини таъминлаш, ривожланган мамлакатларнинг университетлари билан илм-фан ва олий таълим соҳасида ўзаро тенг манфаатли ҳамкорликни янада кенг йўлга қўйиш вазифалари ҳам белгиланган.

Бу улкан вазифалар тўлақонли амалга оширилишида Биринчи Президентимизнинг ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари салмоқли бўлган. Аввало, мамлакатимизда барча олий таълим муассасалари қатори ЎзМУнинг ҳам моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу аснода Миллий университет базасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг намунавий деканат, намунавий кафедра, намунавий ўқув заллари яратилди.

Миллий университет меъморининг бу қутлуғ даргоҳга ҳар гал ташрифи унутилмас воқеликка айланар эди. Зотан, Биринчи Президентимиз ташаббуси билан “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси том маънода янгидан чирой очди. “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида Маънавият ва маърифат маркази, Сув спорти саройи ва бошқа замонавий иншоотлар қад ростлади. Шу ҳудуддаги равон йўллар, ҳамиша серқатнов йўлаклар, боғлар ва хиёбонлар замон талаблари даражасида қайта бунёд этилди, таъмирланди. Йўл ва йўлаклар бўйлари манзарали дарахтлар ҳамда гулларга бурканди. Сўнгги йилларда қатор ошхоналар, савдо шахобчалари, бозор ва дўконлар замон талабларига мос равишда қайта бунёд этилди.

Шу кунга қадар ЎзМУ талабаларидан 30 нафардан ортиғи Президент стипендианти, 25 нафардан зиёди Мирзо Улуғбек номидаги ва 30 нафардан зиёди Алишер Навоий номидаги давлат стипендиялари соҳиби бўлганлар. Университетда “ЎзМУ стипендияси” ҳамда ҳаёти давомида шу ўқув даргоҳида ёрқин из қолдиришган атоқли олимлар – Тошмуҳаммад Саримсоқов, Обид Содиқов, Саъди Сирожиддинов, Содиқ Азимов, Убай Орипов, Ҳабиб Абдуллаев, Ғулом Каримов, Иброҳим Мўминов номидаги стипендиялар ташкил этилган.

Шу билан бир қаторда ўнлаб иқтидорли талабалар халқаро фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ғолиблари сифатида дунёга донг таратдилар!

Улкан илмий салоҳиятга эга бўлган ЎзМУ республика олий таълим тизимининг таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади. Унда барча олий мактаблар учун бакалавр босқичининг кўплаб йўналиши ва магистратура босқичининг қатор йўналишлари бўйича Давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва ўқув дастурлари тайёрланиб, таълим жараёнига татбиқ этилди.

Ўтган йиллар мобайнида бу ўқув масканида таҳсил олган атоқли олимлардан 107 нафари академик даражасига эришганлар. Улардан 23 нафари Ўзбекистон Фанлар академияси президенти ва вице-президентлари бўлганлар.

Олима аёллардан 130 дан ортиғи фан доктори ва профессор илмий унвонларини олганлар.

Университетда таҳсил олган зиёлилардан Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига, шунингдек, кўплаб профессор-ўқитувчилар Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, “Буюк хизматлари учун” ордени ва бошқа унвонларга сазовор бўлганлар.

Замонавий технологиялар билан жиҳозланган университет Ахборот ресурс марказида интернет тизимига уланган юзлаб компьютерлар хизмати ташкил этилган. Кутубхона фонди 3 миллиондан ортиқ адабиётларга эга. Юртимиз мустақиллиги йилларида чоп этилган ўқув адабиётларининг электрон нусхалари тайёрланиб, университетда жорий қилинган локал тармоқ тизимига узатилади. Бундан ташқари ҳар бир факультетда ўқув хоналари, кутубхоналар замон талабларига мос равишда жиҳозлантирилган.

Маърифат бўстонида фидойи олимларнинг ўз илмий мактабларини яратишлари ғоят муҳим жараён ҳисобланади. Илмий мактаб тушунчаси жуда кенг мазмун ва маънога эга. Уни умумилмий дунёқарашга эга бўлган, фанда бирор илмий назарияларга, ғояларга таянган аниқ илмий мақсадлар йўлида тадқиқотлар олиб борувчи олиму мутахассисларнинг ўзаро ҳамкорликда илмий фаолият юритувчи ижтимоий-ижодий уюшмаси, дейиш мумкин. Илмий мактабнинг ҳудудий чегараси унинг ўзидан бошланиб, бир ва бир неча мамлакатлар, ҳатто дунё бўйлаб ёйилиши табиий бир ҳолдир. Илмий мактабларни илм-фанга ўзларини бахшида этган заҳматкаш, алоҳида қобилият ва иқтидорга эга бўлган олимларгина яратади. Фанда мактаб яратиш буюк аждодларимиздан меросдир. Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби ўнлаб даҳо бобокалонларимиздан мерос қолган илмий мактаблар бугунги кунда ҳам бутун дунё илм аҳли учун жуда қадрлидир. Оққан дарё оққани каби бу анъана ЎзМУ олимлари томонидан изчил давом эттирилмоқда. Зеро, турли даврларда олимлар ўзларининг илмий мактабларини яратганлар. Ўтган йиллар мобайнида, университет олимлари томонидан яратилган 50 га яқин ана шундай илмий мактаблар жаҳон илм аҳли томонидан эътироф этилган. Мазкур илмий мактаблар бугунги техник тараққиётимизнинг ҳам пойдевори ҳисобланади. Зеро, улар бугун ҳам турли фанлар ривожига баракали ҳисса қўшаётгани эътиборга моликдир.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти 2008 йил 9 апрелдаги “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 90 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорига биноан бу ўқув даргоҳининг юбилейи катта тантаналар билан нишонланди.

Шу муносабат билан “Мамлакатимиз олий таълим тизими ва илм-фани ривожида Ўзбекистон Миллий университетининг роли” мавзусида катта халқаро илмий конференция ўтказилди. Унда турли муассасалар масъул ходимлари, мамлакатимиз олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари билан бир қаторда, Россия, АҚШ, Германия, Польша, Чехия, Украина, Қозоғистон каби 20 га яқин давлатлардан ташриф буюрган таниқли олимлар иштирок этдилар.

Мазкур анжуман муносабати билан 200 дан ортиқ иштирокчи олимлар ва тадқиқотчиларнинг илмий маърузалари ўзбек, рус ва инглиз тилларида алоҳида тўплам ҳолида чоп этилди. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи “Мўътабар зиё маскани (1918-2008)”, “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Илмий мактаблари”, “Ўзбекистон” нашриёти “Университет – менинг ҳаётимда” деб номланган китобларни чоп этдилар.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети истиқболига, унинг илмий-маърифий салоҳиятини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Давлатимиз раҳбари Миллий университетимизга бир неча бор ташриф буюриб, қатор истиқболли ғояларни илгари сурдилар. Мазкур ғоялар асосида навбатдаги янги лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

2017 йил октябрь ойида Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси талабаларнинг маърифий масканига айланган.

2017 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига биноан Тарих факультети профессори Сагдуллаев Анатолий Сагдуллаевич Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқланган бўлса, 2018 йил 2 март куни “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига биноан шу олий мукофот билан тақдирланганлар орасида Математика факультети 1-босқич талабаси Абдусатторова Баҳора Фазлиддиновна ҳам борлиги барчамизга ғурур бахш этади.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 14 октябрь куни Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида университетимиз талабаси ҳақида билдирган қуйидаги сўзлари бўлғуси зиёлилар қалбига муҳрланиб қолган:

“Энг муҳими, бугунги кунда юртимиздан Хоразмий бобомизнинг муносиб издошлари етишиб чиқаётгани барчамизни қувонтиради. Ана шундай ёшлардан бири, Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети талабаси, Хоразм фарзанди Ҳакимбой Эгамберганов бунга яққол мисолдир. Бу истеъдодли йигитимиз қаторасига уч йил – 2014, 2015, 2016 йилларда математика бўйича чет мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро фан олимпиадаларида олтин медални қўлга киритган.

Бундай ёшлар тимсолида биз Хоразмий бобомизнинг ҳақиқий набираларини кўрамиз. Шундай билимли, баркамол, Ватанга садоқатли фарзандларимиз қанча кўпайса, Ўзбекистоннинг келажаги шунчалик буюк бўлиши муқаррар”.

Бугун Ҳакимбой Эгамберганов сингари иқтидорли ёшларнинг том маънода даври келганини ҳар бир талаба теран ҳис этмоқда. Шундай эътибор қозониш, энг муҳими, илм бўстонида бахту иқболини топиш ҳар бир йигит-қиз учун шарафдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар таълим тизимини изчил такомиллаштиришга хизмат қилади. Чунончи, янги авлод ўқув адабиётлари яратиш, уларни таълим жараёнларига кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш борасида қатор вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Назарий билимларни амалиёт билан чамбарчас боғлаш учун ЎзМУнинг 3 та дала-амалиёт майдони, 32 та ўқув-илмий лаборатория, 3 та ўқув-илмий-тажриба маркази, 1 та ОТМлараро илмий лаборатория ва 2 та ноёб объектнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Мавжуд илмий мактабларимизда 15 та амалий, 26 та фундаментал, 7 та инновация, 17 та ёш олимларнинг фундаментал (8 та) ва амалий (9 та) лойиҳалари устида ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бир қаторда талаба-ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, грант танловлари ва лойиҳаларида иштирок этиш, хўжалик шартномалари тузиш, бошқа олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари учун мақсадли илмий кадрлар тайёрлаш ишлари изчил давом этмоқда. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси ёш иқтидор соҳибларининг орзу-умидларига эришишлари учун замин яратади.

Ҳақиқий олимнинг сабоғини олган ёшлар илм чўққиларини забт этишларига умид қилса бўлади. Бугунги кунда Миллий университетимизда 29 нафар академик, 150 дан ортиқ фан доктори ва профессорлар, 400 дан зиёд фан номзоди, фалсафа доктори ва доцентлар фаолият кўрсатишаётган бўлса, 200 дан ортиқ ёш олимлар ва 500 дан зиёд иқтидорли талабалар илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда.

Ана шундай иқтидорли талабалар сафига бу йил яна 214 нафар илмга интилган ёшлар қўшилди. Яъни, 2017-2018 ўқув йилида ЎзМУга қабул қилинган 1-курс талабалари ўртасида махсус ёзма иш асосида танлов ўтказилиб, турли йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб боришга иштиёқманд ёш иқтидор соҳиблари танлаб олинди. Уларга университетимизнинг етакчи олимлари бириктирилиб, чет тиллари, мутахассислик фанлари, нотиқлик ва этикетни шакллантиришга доир фанлардан қўшимча чуқурлаштирилган дарслар ташкил этилди. Бундан ташқари республика миқёсида энг кўзга кўринган олимлар, сиёсатчилар, журналистлар, сухандонлар ва бошқа соҳа вакилларини жалб этиб, ҳар ҳафтада 1 марта мастер-класс ўтказиш амалиёти жорий этилди. Ҳар ойда 1 марта академикларнинг “Академик соати” ўтказилмоқда. Бунинг натижасида 214 нафар талабага яна қизиқиш билдириб 114 нафар талабалар қўшилди. Ушбу иқтидорли талабалардан семестр давомида ўтган мутахассислик фанларидан ёзма ишлар ўтказилиб, энг муносиблари рағбатлантириб борилмоқда.

Иқтидорли талабаларнинг ёзма ва оғзаки нутқини шакллантириш учун 5 та иншолар танлови ўтказилиб, энг яхшилари тақдирлаш тизимли йўлга қўйилди. 214 нафардан бошланган иқтидорли талабалар хозирги кунда 300 дан ошди. Улар мунтазам равишда илмий изланишлари учун ҳар бир талабалар турар-жойида махсус хона ажратилиб, 12 тадан компьютер билан таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан ЎзМУда навбатдаги хайрли ишга қўл урилди. Мамлакатимизнинг турли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар орасидан чинакам иқтидорли ёшларни топиш ҳамда уларга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида ЎзМУ таянч университет бўлган фанлар йўналиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар орасидан 55 нафар энг иқтидорли ёшлар ўқишни ЎзМУда давом эттирадиган бўлди. Бунинг учун университетимиз профессор-ўқитувчилари ўша олий таълим муассасаларига бориб, иншо ва бошқа ёзма ишлар олиш, суҳбатлар ўтказиш йўли билан иқтидорли талабаларни танлаб олдилар.

Ёш иқтидор соҳибларига кўрсатилаётган бундай эътибор турли олий таълим муассасалари талабаларида катта қизиқиш уйғотди ва ЎзМУда ўқишни давом эттириш, пировардида, шу даргоҳда илмий даражаларга эришиш истагида мурожаат қилувчи ёшлар сони орта бошлади. Шу тариқа бугунги кунга қадар ЎзМУда мақсадли ўқишини давом эттираётган талаба-ёшлар сони 192 нафарга етди.

Турли ҳудудлардан келган талабалар биринчи галда “Ёшлик” шаҳарчасидаги талабалар турар-жойларига жойлаштирилди. Иқтидорли ёшларнинг илмий фаолият билан шуғулланишлари салоҳиятли профессор-ўқитувчиларга бириктириб, барча шарт-шароитлар яратилган.

Бугунги кунда бу иқтидорли талабалар ЎзМУ факультетларида тенгқурлари билан бир сафда таҳсил олмоқдалар. Улар бакалавр босқичини тамомлагач, илмга интилишларига қараб, мақсадли магистратурага қабул қилинадилар. Сўнг, докторантурада илмий изланишлар олиб борадилар ва фалсафа доктори дипломига эга бўлгач, ўз олий таълим муассасаларига тайёр илмий даражага эга бўлган педагог сифатида ишга юборилади.

Дунёга бўй кўрсатаётган ЎзМУ 30 дан ортиқ давлатларнинг олий таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорлик қилмоқда. Биргина 2017 йил октябрь ойида университетимизда ўтказилган «Математика ва физиканинг долзарб масалалари» мавзусидаги халқаро илмий анжуман Ўзбекистон-Исроил давлатлари олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун муҳим пойдевор бўлган эди. Анжуманда Исроил, Россия, Мексика, Қозоғистон каби давлатлардан юздан ортиқ таниқли олимлари иштирок этган. Анжуман очилиш маросимида Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Эдуард Шапиро, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Ўзбекистон Миллий университети ректори Мараҳимов Авазжон, Холон теника институти президенти Эдуард Якубов ва бошқалар ушбу конференциянинг икки давлат илмий ҳамкорлигидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритди. Мазкур анжуман Ўзбекистон ва Исроил олимлари алоқаларини ривожлантиришга, илм-фанни амалиётга кенг тадбиқ қилиш бўйича тажриба алмашишга, шунингдек, республиканинг ёш изланувчилари томонидан олинган натижаларни кенг тарғиб қилишга йўналтирилгани кўпчиликда катта қизиқиш уйғотган.

Ана шу халқаро илмий алоқаларни изчил давом эттириш мақсадида 2018 йилнинг 13-20 февраль кунлари Ўзбекистон Миллий университети ректори бошчилигидаги бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар Исроилнинг Холон технология институтига ташриф буюрдилар.

Ўзбекистонлик меҳмонларни 14 февраль куни Исроилнинг Холон технология институти президенти, профессор Эдуард Якубов мамнуният билан кутиб олди.

Ўзаро давра суҳбатида ЎзМУ ректори, профессор Авазжон Мараҳимов Ўзбекистоннинг бугунги истиқболи, эришилаётган натижалар, Ўзбекистон Миллий университетининг қарийб бир асрлик тарихи ва фаолияти тўғрисида сўз юритди.

Икки томонлама мулоқотда Ўзбекистон миллий университети ҳамда Холон технология институти ўртасида замонавий инновацион ўқув дастурлар ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, изланишлар соҳасида академик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича режалар ишлаб чиқиш, мультидисциплинар дастурларни йўлга қўйиш, ЎзМУ негизида Холон технология университети факультетини ташкил этиш юзасидан келишиб олиниб, бу борада Меморандум имзоланди.

– Университетларимиз олимларнинг ўзаро ҳамкорлиги мустаҳкамланиши ёшларнинг келгуси тадқиқотлари учун пухта замин яратади,– дейди Холон технология институти раҳбари Эдуард Якубов.– Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида ёшларга қаратган эътибори, жаҳолатни маърифат билан енгиш юзасидан билдирган фикрлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу конференция ҳам олимлар ҳамкорлиги орқали ёшларнинг илмий изланишларида янги уфқлар очиши шубҳасиз.

Ўзбекистонлик меҳмонлар Холон шаҳридаги Аутизм синдроми билан касалланган болалар учун мўлжалланган мусиқа мактабида болалар учун яратилган шарт-шароитлар ва ўқитиш методикаси билан яқиндан танишдилар. Холон технология институти ўқув лабораториялари, жумладан, Инновацион марказ лабораториялари, 3D моделлаштириш лабораторияси (Design & Manufacturing), Компьютер хавфсизлиги, Роботехника каби лабораториялари фаолияти катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда мазкур лабораторияларда иш олиб бораётган талабалар тадқиқотлари ва натижалари, уларнинг инсонлар ҳаётидаги аҳамияти ҳақида атофлича маълумотлар берилди.

Ўзбекистонлик меҳмонлар 15 февраль куни Исроилнинг Хайфа шаҳридаги Технион (Исроил технология институти) институтига ташриф буюрдилар.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Математик анализ кафедраси мудири, академик Азимбой Саъдуллаев ва Исроил математиклар ассоциацияси президенти, профессор Коби Рубинштейн иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Миллий университети ва Технион институти ўртасида амалий математика ва математик муҳандислик йўналишларида қисқа муддатли профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда математик изланишлар соҳасида академик алоқаларни ривожлантириш юзасидан ўзаро келишиб олинди. Мазкур келишувга биноан профессор Коби Рубинштейн 2018 йил апрель ойида ЎзМУга 2 ҳафталик семинар-тренинг ўтказиш учун ташриф буюради.

Ўзаро учрашувлар давомида университетларимиз ўртасида биология ва биотехнология соҳаларида ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, биргаликда халқаро лойиҳаларда иштирок этиш, дистанцион семинарлар ўтказиш масалалари юзасидан ҳам келишиб олинди.

Технион институти илмий-тадқиқот Фондининг илмий-тадқиқотларни тарғиб қилиш бошқармаси бошлиғи Давид Шем-Тов билан учрашувда Ўзбекистон миллий университети ва Технион институти илмий-тадқиқот Фонди ҳамкорлигида Европа иттифоқининг Horizon 2020 ва Erasmus+ лойиҳаларида биргаликда иштирок этиш, илмий-тадқиқотлар соҳасида алмашинув ва ҳамкорликни кучайтириш юзасидан келишувларга эришилди.

Технион институтининг халқаро академик алоқалар бўйича координатори Дана Бен-Ари билан учрашувда университетлар ўртасида математика, физика, химия, биология ва информацион технология йўналишлари бўйича қисқа муддатли алмашинув курслари ташкил этиш, ўқитиш методикаси, дастурлари юзасидан тажриба алмашиш юзасидан келишиб олинди.

Ташкил топганига 100 йил тўлаётган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг илм ва маърифат йўлидаги истиқболли йўли шу тариқа самарали давом этаверади.

м1

ЎзМУ Ахборот хизмати

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>