Миллий қадриятлар қадр топган юрт

Узоқ умр кўрган, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган кишиларни рамзий маънода –

“жонли қомус” деб таърифлашади. Мустақиллик қанчалик улуғ неъмат эканлиги ҳақида ўша собиқ мустабид тузумни ўз кўзи билан кўрган, миллий қадриятларимиз топталган мудҳиш кунларни бошидан кечирганлар аниқ ва асослироқ, таъбир жоиз бўлса, жонлироқ сўзлайдилар.

1991 йил 31 август куни Ўзбекистон давлат мустақиллигини эълон қилгач, ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини собитқадамлик билан белгилаб олишга киришган. Юртимизнинг истиқлол ва тараққиёт йўли – иқтисодиёт билан бир қаторда маънавият, миллий қадриятларни ҳам тиклашдан иборат эди. Ўтган йиллар мобайнида биз ўзлигимизни англаш йўлида улкан ютуқларга эришдик. 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинган Асосий Қонун – Ўзбекистон Республикаси Конституциясида жамиятимизнинг асосий тамойилларини ва давлатимизнинг сиёсий-ижтимоий, ҳуқуқий, иқтисодий тузилмаларини ҳал қилувчи, умуминсоний қадриятларга асосланган, эркин демократик келажагимиз аниқ белгилаб берилган. Айтиш жоизки, бизнинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўлимиз халқимизнинг ўзига хос турмуш тарзи, шарт-шароитлари ва хусусиятларини, миллий анъаналар ва урф-одатларимизга асосланган.

ик2

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қатор нутқларида жонажон Ўзбекистонимизнинг бугуни ҳамда эртаси ҳақидаги аниқ ва қатъий йўлимиз ҳақида умидбахш ғояларини илгари сурган. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ўз даврида аниқ тарихий вазиятга, ўзбек халқининг руҳияти ва анъаналарига асосланиб, ислоҳотларимизнинг асосий тамойиллари ишлаб чиқилган. Бу эзгу ниятлар амалга оширилиши учун юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро зиммасига улкан масъулият юклатилганини тўғри англамоқ лозим.

Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилишга, топталган миллий қадриятларимизни, дину диёнатимиз, ору номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англашга, фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини кўрсата бошлади. Биринчи Президентимизнинг 1995 йил 5 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг иккинчи сессиясида сўзланган “Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир” сарлавҳали нутқи халқимиз қалбида келажакка бўлган умид ва ишонч туйғуларини янада жўш урдирди. “Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида янги давр бошланмоқда,– деб таъкидлади Ислом Каримов.– Кўппартиявийлик асосида сайланган парламент фаолият кўрсатмоқда. Жамиятнинг турли табақалари манфаатларини ифода этувчи партиялар аста-секин ўзлигини англамоқда ва кучга кирмоқда. Улар ўз дастурини халққа етказишга, сафларини мустаҳкамлаб, сиёсий тажриба орттиришга интилмоқда. Бу ҳам ҳаётимизнинг янги қирралари, янги саҳифаларидир. Мана шундай шароитда юртимиз тақдири, келажагимиз учун ишонч ва қатъият билан курашадиган барча кучларни бирлаштирувчи, кимнинг қайси сиёсий куч ёки партия тарафдори бўлишидан қатъи назар – уларнинг интилишини яқинлаштирувчи нуқталарни топа билиш муҳим аҳамиятга эга. Бу – бугунги куннинг долзарб ва муҳим вазифаларидан биридир”1. Шу даврдаёқ халқимизни бирлаштирадиган, руҳан кўтарадиган, улуғ мақсадларга чорлайдиган ғоялар одамлар қалбига аста-секин сингиб, ёшларнинг дунёқарашини шакллантириш хизмат қилаётганини англаш қийин эмасди. Биринчи Президентимиз ҳар бир чиқишида, меҳнаткашлар билан юзма-юз мулоқотларида мамлакатимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлашга, давлатчилигимиз ҳуқуқий пойдеворини такомиллаштириш, иқтисодиётимиз истиқболи, эркин бозор йўлини изчил давом эттиришга даъват этарди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, унинг фаровон ҳаётини, ҳар бир оиланинг тўкин-сочин дастурхонини таъминлашга қаратилган режаларини ўртага ташлар эди. Бундай улуғвор мақсадларга эришмоқ учун келажагимизни, давлатимиз, юртимиз тинчлигини, унинг хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ёмон кўзлардан асраш учун, керак бўлса, ўзимизни бахшида этишимиз лозим эканлигини ҳар бир ватанпарвар инсон дилдан ҳис эта бошлаганди. “Қани айтинглар, қадрли дўстлар, юртдошлар, диёримизда яшаётган ҳар бир инсон, ким бўлишидан қатъи назар, шу заминда вояга етган, унинг сувини ичган, нонини еган, тузини тотган ватанпарвар, ҳар қандай сиёсий куч – шундай муқаддас мақсадлардан ортиқ яна нимани исташи мумкин?– деб таъкидлади Биринчи Президентимиз.– Дунёнинг кўпдан-кўп давлатлари, халқаро иқтисодий-молиявий ташкилотлар мамлакатимизга амалий ёрдам бермоқдалар, юртимизда бўлаётган ижобий ўзгаришларга – ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ислоҳотларга катта қизиқиш ва ишонч билан қарамоқдалар”2. Энди тасаввур қилинг, чет эл ва халқаро ташкилотлар мустабид тузум исканжасидан озод бўлган Ўзбекистоннинг топталган ғурурини тиклаш ҳамда мустақил давлат сифатида ривожланиши учун ёрдам қўлини чўзаётган, таъбир жоиз бўлса, шу эзгу йўлда курашаётган бўлса-ю, бу юрт одамлар қўл қовуштириб ўтириши мумкинмиди? Асло! Биринчи Президентимизнинг ҳар бир инсон қалбига етиб борадиган халқона сўзлари замирида оламча маъно мужассам эди. Яъни, ҳар бир инсон ўзининг, оиласининг келажагини фақат ва фақат шу Ватан ичра кўриши мумкин экан, демак, улуғвор курашлардан четда туриши мумкин эмасди. Ўша маърузада қайд этилганидек, миллий истиқлолимизнинг оташин курашчиларидан бири Абдурауф Фитрат бир шеърида “Ватан – саждагоҳимдир” деган фикрни баён қилади. Чиндан ҳам, Ватан туйғуси, Ватан тушунчаси биз учун саждагоҳдай муқаддас, саждагоҳдай пок ва улуғ бўлмоғи керак. Биз она Ўзбекистон истиқлолини, унинг шаъну шавкатини қандай ҳимоя этишни ота-боболаримиздан мерос қилиб олишимиз ва унинг ҳимоясига ҳамиша тайёр турмоғимиз даркор. Улуғ аждодларимиздан муқаддас мерос бўлиб келаётган ватанга муҳаббат туйғуси, фарзандларимиз, бугунги ва келажак авлодларимиз учун чинакам эътиқодга, чинакам ақидага айлансин. Шундан кейин сизу биз бу дунёдан армонсиз ўтишга ҳаққимиз бўлади, деб ўйлайман. Миллий ғурур, миллий ифтихори баланд миллатни енгиб бўлмайди3. Шу тариқа миллий қадриятлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Халқимиз ўзини ҳақиқатан ҳам озод, эркин деб билиб, муҳтожлик ва қарамлик исканжаларидан халос бўлганини ҳис эта бошлади. Аждодларимизнинг руҳи поклари ва урф-одатлари, энг яхши анъаналаримиз тикланган сари барча соҳаларда ислоҳотлар изчил амалга ошаверди. Буюк аждодларимизнинг маънавий мерослари том маънода қадр топиб, ҳаётимиз воқелигига айланиб кета бошлади. Галдаги вазифамиз – шу маънавиятимиз сарчашмаларини ва бобокалонларимизнинг бой анъаналарини давом эттириш бўлиб қолди.

Юртимиз истиқлолининг дастлабки йиллари анча мураккаб кечгани ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди. Собиқ СССР даврида онги шаклланган ва катта-катта мансабларга эга бўлиб олган кимсалар мустақиллик йўлини танлаган Ўзбекистоннинг эмин-эркин ривожланишига ҳар томонлама ғов бўлишга кишибилмас ҳаракат қилишлари ҳам сезилиб турарди. Улар эл орасида ғоят устамонлик билан миллий қадриятларимизни ерга уришга, мустабид тузум даври “анъаналари”ни кўкларга кўтаришга, тарихимизни бузиб талқин қилиб гапиришга, бу билан ёшларнинг онгини заҳарлашга уринишларидан асло кўз юмиб бўлмасди. Бундай кимсаларга қарши миллатпарвар Биринчи Президентимизнинг ҳар бир нутқи ёки меҳнаткашлар билан учрашувларда сўзлаган фикрларидан муносиб жавоб топса бўларди. Бир ўринда уларни аёвсиз танқид қилар экан, ўзини янги сиёсат тарафдори деб кўрсатиб, истиқлол ва мустақиллик ҳақида олижаноб гапларни сайраб юрган сохта ватанпарварлар ҳам орамизда оз эмаслигига эътиборни қаратди. Улар ҳозир пайт пойлаб тургани, агар вазият сал ўзгарса, қийинчиликлар сал ошиб кетса, бир думалаб янги тузум рақибларига айланиб қолишлари ҳеч гап эмаслигини, бунақалардан жуда эҳтиёт бўлишимиз кераклигини уқтирди. “Бир нарсани асло эсдан чиқармайлик: бугунги ёруғ кунларимизни кўролмайдиган фитначи ва иғвогарлар ҳали кўп. Бу ичиқора мансабпараст кимсалар турли фисқу фасод гапларни тарқатиб, элимизнинг жипслигини бузишга, ватандошлар орасига низо ва адоват уруғини сепишга ҳаракат қилганлар ва бундан кейин ҳам қиладилар,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши XIII сессиясида (1993 йил 2 сентябрь) сўзланган “Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишлари” сарлавҳали нутқида.– Уларга нисбатан бепарво, лоқайд бўлишга ҳаққимиз йўқ. Негаки, бу жойда истиқлолимиз, Ватанимизнинг тинчлиги-осойишталиги гаровга қўйилган. Фитначилар ва бузғунчилар билан курашиш, уларни бутунлай орамиздан чиқариб ташлаш керак. Иғвогарларга зимдан тарафдор бўлиб, уларнинг ноғорасига ўйнаб юрган кимсалар англаб олсин: энди у хил найранглар кетмайди, уларга йўл қўймаймиз. Халқимиз кимнинг ким эканини, ким чўнтагида тош ушлаб турганлигини яхши англайди, кимни қўллаб-қувватлаб, кимни бошдан соқит қилишни ҳам билади! Ғанимлар нималар деб сафсата сотмасин, Ўзбекистон раҳбарияти ва халқининг тутган йўли қатъий ва мустаҳкам: биз доимо меҳр-мурувват, меҳр-оқибат, юртимизда тинч-тотувлик, хотиржамликни сақлашга содиқ бўлиб қолаверамиз. Ватандошларимиз бир-бирларига елкадош, аҳил-иноқ бўлиб яшашида, етим-есирлар, ногиронлар, қариялар ва болалар, қаровсиз ва муҳтож кишиларимиз ҳимоясини ташкил қилишда ўзимизнинг кучимизни ва меҳнатимизни ҳеч қачон аямаймиз”.

Биринчи Президентимизнинг 1995 йил 14 июнда Навоий кон-металлургия комбинати 3-гидрометаллургия заводи биринчи навбати очилишига бағишланган тантанада сўзланган нутқидаги ушбу сўзларга эътибор беринг:

“Бизнинг тарихимиз – буюк тарих. Бизнинг улуғ анъаналаримиз бор. Уялмасдан қўрқмасдан, дадил туриб: ҳа, Ўзбекистон ўз тарихи, ўзининг эзгу анъаналари билан фахрланади, дейиш лозим. Бизнинг томирларимизда жаҳон маърифатига салмоқли ҳисса қўшган буюк аждодларимиз қони оқмоқда. Бу заминда эзгулик ва инсонпарварлик, тинчлик ва аҳиллик, яхшилик, адолатнинг буюк қадриятларидан таълим берган буюк мутафаккирлар яшаб ўтган,– деб таъкидлади Ислом Каримов.– СССР тарқалиб кетганидан кейин биз танлаб олган ислоҳотлар йўли, мустақиллигимиз ва истиқлолимизни мустаҳкамлаш йўлининг тўғрилигидир”4. Албатта, ўша даврда бу – ислоҳотларимизнинг аста-секин, босқичма-босқич амалга оширилиши, Ўзбекистон модели бош тамойилларидан бирига айланган кучли ижтимоий сиёсатимиз билан изоҳланар эди. Инсон ислоҳот учун эмас, ислоҳот инсон учун, деган улуғ ғоялар бизнинг бош шиоримизга айланиб қолганди.

Бундай саъй-ҳаракатлар аста-секинлик билан ўз самарасини кўрсата бошлади. Юртимиз мустақиллиги халқимиз, ҳар бир оила ҳаётида чинакам воқеликка айланиб бораверди. Кундалик ҳаётимиз маъно-мазмуни тубдан ўзгариб бораётганини одамлар дилдан ҳис этаверди. Халқимиз мустабид тузум давридаги қарамлик кишанларидан озод бўлиш бахтини англади. Истиқлол нашидаси қанчалик тотли неъмат экани ҳар бир инсон қалбида ўз ифодасини топаверди. Миллий қадриятларимизнинг қадр топиши – миллий тикланишимизга замин яратаверди. Муқаддас динимиз, она тилимиз, урф-одатларимиз ҳаётимиз мазмунига айланиб қолди! Одамлар онгида ўзликни англаш ўзгача мазмун кашф этди. Буларнинг барчаси фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуришга, тараққиёт йўлидан дадил қадам ташлашга беқиёс имкониятлар эшигини очиб берганини ҳар бир фуқаро теран англаб етди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг ҳаётбахш сўзлари ҳар бир ватандошимизга руҳан қуч-қувват бахшида этди. “Одамлар руҳиятини ўзгартириш борасидаги ҳаракатларимиз ҳам сезиларли натижа бермоқда. Одамлар аста-секин боқимандалик кайфиятидан халос бўлмоқда. Бу ҳол, айниқса, ёшлар орасида кузатилаётгани кишини қувонтиради,– деб таъкидлади Биринчи Президентимиз.– Бир пайтлар қарамлик туфайли дон, гўшт, сут сингари асосий тирикчилик воситаларига ҳам муҳтож бир аҳволга тушиб қолган эдик. Биз мана шундай вазиятда мустақил давлат қуришга киришдик. Бировга қарамлик, боқимандалик кайфиятининг аста-секин дунёқарашимиздан йўқолиб бораётгани катта ютуқларимиздан биридир. Ён-атрофимиздаги кўпгина давлатлар фақат ўзини сақлаб қолиш ҳақида қайғураётган бўлса, биз келажак ривожи ҳақида, иқтисодий-маънавий тараққиёт ҳақида ўйламоқдамиз. Бу ҳақиқатни очиқ эътироф этмасак, менимча, гуноҳ бўлади. Ўзлигини англаган ва ўзгаларни ҳам тан оладиган, ўз маданияти, санъати ва кўп асрлик ноёб меросини янада бойитиш ҳақида доимо қайғурадиган халқ билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Биз истиқлол шарофати туфайли эришган энг катта ютуғимиз одамларда пайдо бўлаётган ва тобора мустаҳкамланиб бораётган келажакка ишонч ва масъулият туйғусидир”5. Ҳамиша эл орасида бўлган давлатимиз раҳбарининг қуйидаги эътирофи ҳам дилингга ғурур бахш этади: “Мен жойлардаги учрашувларда, кундалик мулоқотларда ҳаётдаги янги ва яхши ишлар туфайли одамлар юзида ишонч, мамнуният ифодаси акс этиб турганини кўрсам, бир олам куч-ғайрат топаман. Эгнига тўн, бошига дўппи кийган, қўли қадоқ меҳнаткаш кишилар билан, фариштали отахонлар билан учрашганимда, уларнинг юз-кўзида, чеҳрасида ўтган кунидан розилик, ҳаётдан хурсандлик аломатларини кўрсам, бошим кўкка етгудай бўлади. Улар бизнинг ишларимизни қўллаб-қувватлаб турганини, уларнинг юрагида эртанги кунга ишонч барқарор эканини ҳис этмоқдан ортиқ бахт борми!”6

Буюк аждодларимиздан мерос бўлиб қолган бебаҳо маънавий бойлик – асл қадриятларимизнинг сарчашмаларидир. Асрлар мобайнида халқимизнинг юксак маънавият, адолатпарварлик, маърифатсеварлик каби эзгу фазилатлари бугунги давр ёшлари учун ўзига хос ҳаёт мактабига айланган. Айниқса, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Баҳоваддин Нақшбанд, Имом ал Бухорий, Имом ат Термизий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби даҳоларнинг ўлмас асарлари бизни аввало бой ўтмишимиз, асл қадриятлар ва бошқа миллий-маънавий бойликларимиз билан ошно қилади. Бугунги ёшлар, замондошлар ана шу маънавий хазиналардан исталганча баҳраманд бўлиши мумкин. Қадриятларимиз қадрини амалда ҳар ўзбек бир оиласида, маҳалла-кўйда кўрасиз. Тўй-маъракалар, ҳайиту ҳашарлар маҳаллаларимизда ўзгача акс этади. Шу тариқа маҳаллаларда жамоатчилик фикри шаклланади. Бу эса халқимизнинг турмуш тарзи, ота-боболардан бизга мерос бўлиб келаётган тафаккур тарзидир.

Истиқлол туҳфа этган энг улуғ маънавий неъмат – муқаддас динимиз ҳисобланади. Миллий қадриятларимиз ана шу динимиз билан пайваста бўлиб кетганини изоҳлашга ҳожат йўқ. Ислом дини – бу биз учун ҳам имон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат сарчашмасидир. Бу чашмадан баҳраманд инсоннинг иймони бут бўлади. Кўҳна тарихимиз ҳар бир даври диний қадриятлар билан ҳамоҳанг эканлиги яхши маълум. Муқаддас динимиз ҳар доим одамларни ўз-ўзини идора этишга, яхши хислатларини кўпайтириб, ёмонларидан халос бўлишга чорлаган. Асрлар давомида дин одамларни энг улуғ мақсадлар йўлида бирлашишга, ҳамжиҳат бўлишга ундаган. Халқимиз турмушида, ҳаётида катта ўрин тутган “Отанг боласи бўлма, одам боласи бўл” деган ҳикматнинг яшовчанлигида ҳам айнан диний қоида ва одобнинг ўрни бениҳоядир. Дин халқ маънавияти ва маърифатининг юксалишига катта ҳисса қўшиб келган илоҳий неъмат. Бугунги динга бўлган муносабат давлат сиёсати даражасига кўтарилиши ҳам мустақиллик шарофатидир. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ давлат ишларидан ажратилган ҳолда бизнинг мустақил, ҳур, кўпмиллатли мамлакатимизда ислом дини билан бир қаторда ўндан ортиқ бошқа конфессиялар ҳам эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Бу конфессияларнинг вакиллари биз билан елкама-елка туриб, Ўзбекистон халқларининг фаровонлиги ва равнақи учун астойдил меҳнат қилаётганликларини эътироф этиш мақсадга мувофиқдир.

Кези келганда айтиш шринлики, узоқ йиллик мустабид тузум даврида динга ва бошқа миллий қадриятларимиз муносабат қай аҳволда бўлганини Биринчи Президентимизнинг 1990 йил 24 февраль куни Ўзбекистон ССР, маҳаллий советларнинг халқ депутатлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган кенгашда сўзланган маърузасида баён этилган сўзларидан ҳам англаш мумкин: “Афсуски, четдан келган баъзи бир одамлар ана шy нарса билан ҳисоблашмаган пайтлар бўлди. Ҳатто ўзимиздан чиққан айрим раҳбарлар Наврўз байрамига, миллий кийим-кечакка қарши чиқди. Шу даражага бориб етдикки, қариндошини кўмиш маросимида қатнашишга ҳам эскилик сарқити, деб қаралди, бундай одамларга, айниқса, раҳбарларга нисбатан тазйиқ ўтказилди. Диндорлар билан мулоқотда бўлиш, улар билан бамаслаҳат иш юритиш масалаларини қўяверинг. Хуллас, бўлганича бўлди. Шунинг учун бугун бу ишларни қаттиқ қоралашимизни, халқ анъаналарига, унинг меросига, одамларнинг диний эътиқодларига қатъий ҳурмат ва эътибор билан қараш кераклигини яна бир бор уқтириб ўтмоқчиман”7.

Шу ўринда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг бу оташин сўзлари қайси даврда айтилаётганига ҳам эътибор қаратиш зарур. Дин – афьюндир, дея у ҳақда бирор раҳбар, ҳатто оддий одамлар ҳам тилга олиши мумкин бўлмаган собиқ мустабид тузум даврида республика минбаридан шунчалик сўз юритишнинг ўзи беқиёс маънавий жасорат эмасми!

Собиқ мустабид тузумнинг кўринмас найзалари аввало маънавиятимизга қаратилган эди. Муқаддас динимиз билан бир қаторда она тилимиз, миллий урф-одатларимиз ҳам беаёв топталди. Миллий қадриятларимизни шу қадар топташ ўша даврда давлат сиёсати даражасида эди… Республикамизга бошқа минтақалардан жўнатилган кадрларнинг баъзилари туб ерли аҳолимизнинг эҳтиёжлари ва кулфатларига ҳамдард бўлиш у ёқда турсин, балки партия, совет ва ҳуқуқни муҳофаза этиш органлари ва бошқа органларда ўзларининг раҳбар лавозимларига тайинланишларини ўзбошимчалик қилиш учун берилган ёрлиқ деб билганлар. Табиийки, ҳеч бир зот бу хунрезларга қарши майдонга чиқиб гапиришига йўл қўйилмасди. Шундай мудҳиш ва мураккаб бир даврда Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси раҳбари сифатида юксак минбарлардан туриб баралла айтган сўзлари халқимизда ўзига миллий уйғониш даврини бошлаб берган эди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз:

“Халқнинг жуда бой тарихи ва маданиятини, ўлканинг ўзига хос ноёб хусусиятларини билмаган ва билишни ҳам истамаган бу одамлар республика ҳаётини босиб-янчиб, қинғир ўзанга солишга киришдилар,– деган эди давлат раҳбари Ислом Каримов Ўзбекистон Компартиясининг XXII съездида сўзланган маърузасида.– Халқнинг кўп асрлик анъаналари, маданияти, урф-одатлари ва маънавий қадриятларини менсимаслик элни жуда ранжитди. Айрим маҳаллий раҳбарлар ҳам амал пиллапоясидан кўтарилишга ҳаракат қилиб, ўзларини аждодларини унутган манқуртлар деб шоша-пиша эълон қилдилар. Халқнинг урф-одатлари, анъаналари, маданияти обдан оёқ ости қилинди, она тилининг қўлланиш соҳаси сунъий тарзда чеклаб қўйилди. Ҳатто, шундоқ ҳам миллий анъаналардан анча олисда бўлган айрим санъат турлари ҳам кимларгадир мақбул бўлмай қолди ва уларни янгилашга уриндилар. Ҳатто миллий либос ҳам қораланди”8. Шу ўринда айтиш жоизки, одамлар миллий анъаналар бўйича тўй қилиш, қариндош-уруғларни дафн этишга ҳам чўчиб қолган эдилар. Буни байналмилалчилик шиорлари билан ниқоблашга беўхшов уринишларининг байналмилалчиликка мутлақо алоқаси йўқ эди. Биринчи Президентимиз ошкора айтганидек, бу ишларнинг ҳаммаси амалга интилган, “об-ҳаво”га қараб иш юритган кишиларнинг қилмиши эди. Аммо қилғилиқни қилиб қўйган ана шу арбоблар энг асосий нарсани — халқни унутиб қўйишди. Халқ эса ҳеч қачон миллий ўзига хослик йўқолиб кетишига рози бўлмайди9.

Ўша даврда бу ҳақиқатни ошкора айтиш қанчалик улкан жасорат бўлса, буюк аждодларнинг таваллуд кунларини нишонлаш ва меросини ўрганиш борасида амалга оширилган ишлар чинакам мардлик ва матонат эди.

1990 йил сентябрь ойида республикамизда улуғ аллома, ҳадис илмининг мўътабар намояндаларидан бири, ватандошимиз Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллиги нишонланиши ўша давр учун ғоят улкан воқелик эди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган халқаро илмий анжуман иштирокчиларига” йўллаган табригида баён этилган қуйидаги сўзларни ҳаяжонсиз ўқиш қийин:

“Қадимий Мовароуннаҳр ва Хуросон фарзандларининг жаҳон илму зиёси тарихига зарварақлар ила битилган асарлари оз эмас. Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мусо Хоразмий, Абу Наср Форобий, Рудакий, Улуғбек, Жомий, Навоий, Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат ва бошқа юзлаб зотларни жаҳон яхши билади. Бу закийлар силсиласида Имом ат-Термизийнинг азиз номлари ҳам ёруғ юлдуздай чарақлаб турибди.

Бутунги кунда Термизийнинг маънавий мерослари нафақат аҳли дин орасида, балки дунёвий илм соҳиблари, кенг миқёсдаги аҳли жамоа орасида ҳам ўз қадрини топаётир. У кишининг шоҳ асарларидан “Китоб ал-жомеъ ас-Саҳиҳ” ҳозирга қадар ҳадис илмининг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Алломанинг асрлар давомида фозилу фузалоларга дастур бўлиб келган ақлу одоб, инсофу диёнат, адолату инсонпарварликни тарғиб этгувчи ғоялари сердолға давримизнинг мураккаб ва зиддиятли ахлоқий-маънавий масалаларини ҳал этишда замонавий аҳамият касб этади”10.

Айнан бу воқеа юз берганига роппа-роса 26 йил тўлмоқда. Юртимиз мустақилликка эришишидан бир йил илгари давлатимиз раҳбарининг қатъий саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилган ишлар ҳақида ҳайрат ичра сўз юритяпмиз. Эътибор билан қаралса, бугун бу воқеалар оддий ҳодисадек туюлади. Чиндан-да, истиқлолга эришганимиздан буён мамлакатимизда қад ростлаган ва таъмирланган обидалар, зиёратгоҳлар, кўҳна минораларнинг сони бор, саноғи йўқ! Имом ал Бухорий ансамблидан тортиб Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий зиёратгоҳигача дунё аҳлини ўзига мафтун этмоқда. Кўҳна Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги ўнлаб тарихий обидалар, масжид ва мадрасалар, турфа иншоотларнинг қайтадан чирой очгани ҳақида ҳарқанча тўлқинланиб сўзласанг арзийди. Юртимизга ташриф буюрган хорижлик сайёҳлардан бири айтганидек, Ўзбекистон – зиёратгоҳ шаҳарлар ўлкасига айланган! Қадимий миноралар билан бир қаторда замонавий биноларнинг ҳам таърифига тил ожизлик қилади.

Бу сержило иморатларнинг асл пойдевори эса – маънавиятдир! Азалдан маънавият, илм-маърифат соҳиби бўлган буюк аждодларимизнинг тафаккур ёғдулари ила шунча бунёдкорлик ишлари амалга оширилганини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Биринчи Президентимизнинг таъбири билан айтганда, йиллар, асрлар синовида тобланган, кўпни кўрган, бугун эркинлик ҳавосидан нафас олиб яшаётган, ўз қадр-қимматини, инсоний шаънини, не-не улуғ зотларнинг ворислари эканини, ўзлигини англаган, миллий ғурур ва ифтихорини тиклаган, халқаро майдонда ўзига муносиб ўрин эгаллаб бораётган, ўз кучи ва эртанги кунига ишонган, ўз юрти, ўз фарзандларининг келажаги фаровон бўлишига интилаётган бизнинг халқимизни ҳеч қандай куч тўхтатолмайди11.

Бир ўринда Биринчи Президентимиз мамлакатимизда мустақиллик йиллари эришилган ютуқларимиз ҳақида сўз юритар экан, бундай пайтда биринчи навбатда, катта-катта рақамлар келтирилишини изоҳлади. Лeкин рақам ва кўрсаткичлар қанчалик салмоқли бўлмасин, биз эришган марраларнинг моҳияти ва аҳамиятини тўла очиб бера олмайди. Кимки мустақиллик йилларида Ўзбекистон қўлга киритган муваффақиятларни кўрмоқчи бўлса, аввало одамларнинг, халқимизнинг юзига, кўзига қарасин. Мактаб, лицей ва коллежларда таълим-тарбия олаётган болаларнинг чеҳрасига боқсин. Шуни мамнуният ва фахр-ифтихор билан айтиш жоизки, бугунги ёш авлод – ўғил-қизларимизнинг чеҳрасига боққан киши том маънода буюк юрт фарзандларини кўриб қувонади.

Модомики, мустақиллик фарзандлари ҳисобланмиш ёш авлоднинг бугунги камоли ҳақида ҳам сўз юритар эканмиз, уларнинг ҳар томонлама етук, баркамол вояга етиши учун аввало мустаҳкам қонунчилик базаси яратилганини эслаш ўринли. Хусусан, 22 та қонун, Биринчи Президентимизнинг 26 та Фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 41 қарори, 30 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Бундан ташқари, йилларга ном беришда ёшларнинг манфаатлари алоҳида эътиборга олинаётир. Хусусан, 2000 йил “Соғлом авлод йили”, 2001 йил “Оналар ва болалар йили”, 2008 йил “Ёшлар йили”, 2010 йил “Баркамол авлод йили”, 2014 йил “Соғлом бола йили”, 2016 йил “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилиниб, бу борада давлат дастурлари қабул қилинган. Ўзбекистон халқининг бош мақсадига айланган ҳеч кимдан кам бўлмайдиган баркамол авлодни вояга етказиш орзусини рўёбга чиқариш мақсадида мустақилликнинг илк кунлариданоқ юртимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ этишга устувор аҳамият қаратилди.

Дунё билан бўйлашиш аввало жаҳон тилларини пухта эгаллашдан бошланади. Шуни ҳисобга олган ҳолда Биринчи Президентимиз қарори билан 2013 йилда таълим-тарбия соҳасида хорижий тилларни янада чуқур ўргатиш тизими жорий этилди ва мамлакатимизда чет тилларни биринчи синфдан ўқитиш йўлга қўйилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида хорижий тилларни бир хил шароитда ўқитиш, қишлоқ жойларга юқори малакали чет тили ўқитувчиларини жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Биринчи Президентимиз 2014 йилда Самарқандда бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида “Мен ёшларимизга мурожаат қилар эканман, уларга доимо: “Биз буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз, ғурурланишимиз керак”, деб айтаман. Айни вақтда “Фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам, худди улар каби, мана шу бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!” деб такрорлайман”, дея таъкидлаган эди. Ана шу эзгу даъват Ўзбекистонимиздаги миллионлаб ёшларни доимо юксак марралар сари дадил қадам ташлашга ундайди.

Мустақиллик биз учун аввало ўзлигимизни англаш имконини берди. Ўзлик, деганда бутун борлиғимиз, томирларимиздан оқаётган буюк аждодлар қони, бебаҳо маънавий бойликлар, илму маърифат, замонавий технологиялар соҳаларида эришилаётган ютуқлар кўз ўнгингизда намоён бўлади. Бу ҳақда гапирганда муҳтарам Юртбошимизнинг қуйидаги сўзларини эслаш мақсадга мувофиқдир: “Мустақиллик биз учун аввало ўзлигимизни англаш, инсоний қадримизни, урф-одат ва қадриятларимизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимиз, азиз авлиё ва алломаларимизнинг табаррук номлари ва меросини, ғурур ва ифтихоримизни тиклаш, ёш авлодимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш каби беқиёс имкониятлар очиб берганини алоҳида таъкидлаш зарур”12.

Сўзимизни собиқ мустабид тузум даврини кўрган ва мудҳиш кунларни бошидан ўтказган авлод ҳақидаги фикрлар билан бошлаган эдик. Уларнинг кўз ўнгида мустақиллик ҳаёт маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб юборгани баайни ҳақиқат. Халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилган истиқлол қанчалик улкан бахт эканини – бахтсизлик гирдобидан озод бўлиб келганлар теранроқ ҳис этадилар. Топталган қадриятларимиз, дину диёнатимиз не-не машаққатлар эвазига тикланди. Ўзлигимизни англаш қанчалик бахт эканини билдик. Келгусида бундан-да фаровонроқ яшашимиз, дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва ҳеч кимдан кам бўлмаслигимизни ҳис этганинг сари қалбинг ифтихор туйғуси ила жўш уради.

Ҳаётимизнинг навбатдаги пағонаси – фарзандларимиз, набираларимиз иқболини кўриш билан боғлиқдир. Фарзандларига озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаётни инъом этаётган катта авлоднинг дилдаги тилаги шу: ўғил-қизларимиз биздан кўра билимлироқ, доно бўлсинлар ва албатта бахтли-саодатли яшасинлар.

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

_____________________________________________

1 Каримов И.А. Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. –Т.: Ўзбекистон, 1995. Б. 242-243.

2 Каримов И.А. Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. –Т.: Ўзбекистон, 1995. Б. 243.

3 Каримов И.А. Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. –Т.: Ўзбекистон, 1995. Б. 246-247.

4 Каримов И.А. Ўзбекистон келажакка ишонч билан қарамоқда. /Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. –Т.: Ўзбекистон, 1995. Б. 273-274.

5 Каримов И.А. Ислоҳот мезони – одамлар ҳаётидаги ўзгаришдир. /Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. –Т.: Ўзбекистон, 1995. Б. 170.

6 Каримов И.А. Ислоҳот мезони – одамлар ҳаётидаги ўзгаришдир. /Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. –Т.: Ўзбекистон, 1995. Б. 170-171.

7 Каримов И.А. Одамлар биздан амалий ишлар, аниқ натижаларни кутмоқда. /Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. –Т.: Ўзбекистон, 2011. Б. 143-144.

8 Каримов И.А. Ўтмишдан сабоқ чиқариб, келажакка ишонч билан. /Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. –Т.: Ўзбекистон, 2011. Б. 177-178.

9 Қаранг, ўша маъруза, ўша жойда.

10 Каримов И.А. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган халқаро илмий анжуман иштирокчиларига. /Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. –Т.: Ўзбекистон, 2011. Б. 250-251.

11 Каримов И.А. Мустақиллик тоғдек таянчимиз, қудратли заминимиздир. /Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. –Т.: Ўзбекистон, 2011. Б. 250-251.

12 Каримов И.А. Мустақиллик тоғдек таянчимиз, қудратли заминимиздир. /Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. –Т.: Ўзбекистон, 2011. Б. 71.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>