Муроса (Ҳикоя)

Ўзингдан чиққан балога – қайга борасан даъвога…

Халқ мақоли

АдашгКиз

Тушимда итларга таланганимнинг таъбири аён бўлди: қўнғироқ узоқдан жиринглади. Тинчликмикин? Нечундир қўлим қалтиради. Кўнглим ғаш. Ўйлаганим бўлди: гўшакда Болта акамнинг дағал товуши…

– Алло, редакциями? Ўзингмисан, гўрсўхта?! Қилғилиқни қип қўйиб, ахийри ниятингга етибсанда, а? Энди акам, энажоним йўқ, деб ҳисоблайвер. Бугундан бошлаб Сирғалида уруғ-аймоқларим ўлган, бу қишлоққа ўт кетди, деб ҳисоблайвер. Сен учун энди Сирғали қишлоғинг ҳам, жигарбандларинг ҳам йўқ – ҳаммаси ер билан битта бўлғон!..

– Салом…

– Саломингни пишириб е!..

– Намунча? – Тамоғимга нимадир тиқилгандек бўлди.

– Бепичоқ сўйибсан-ку… Кафтдаккина қишлоғимиздаги гапларни Тошкандай азим шаҳарда дўмибира қилгани юзинг қандай чидади? Тфу! Сен башаранг қурғурда юз нима қилсин? Ўзи, сен хумпарни ўшаққа ўқишга юборган ўзим ахмоқман-да. Бир калтафаҳимлик қилганман… Кўзингни қора кетмон ўйсин эди асли. Ҳе…

– Сўкинмай гапиринг. Бир онанинг фарзандларимиз, ахир…

– Ў-ҳў, тилингам чиқиб қоптими? Кўзингни мошдек очиб қўяйми, ит?! Бадбахт! Ўргилдим сендақа ўқигандан!…

Акамнинг ҳақоратларига ортиқ чидолмай «суҳбат»га нуқта қўймоқчи бўлдим:

– Бошқа гапингиз йўқмиди?..

– Ў, шошма,– Баттар дағаллашди акам.– Трубкани қўйиб қутулмоқчи бўляпсанми? Ўзи базўр заказ қилдим. Тушундингми? Узилиб қолса ё сенинг жонинг узилади, ё телефончининг…

– Айтадиганингизни айтинг, бўлмаса…

– Лўлидан ботир чиқса – чодирига ўзи ўт қўяди, деганлари шу экан-да. Ўз қишлоғингни нега ёмонлаб ёздинг? Нимувчин газетага чиқардинг? Бирор гап қолмабди-я. Ҳе, ўл! Шарманда! Сендақа шармандаларга шаҳар кенгдир, лекин қишлоқ кўтармайди, билдингми?! Уялмай-нетмай қасам ичувдинг-а, қасамхўр?!

Арзимаган нарсага пов этиб, сўнг тезда ўзига келадиган Болта акамнинг гапларини тишимни-тишимга қўйиб эшитаётгандим, аммо сўнгги сўзлари суяк-суягимдан ўтиб кетди:

– Туҳмат қилманг! – Биринчи марта акамга гап қайтарганим шу бўлди, юрагим ғашлигидан овозим бўғилиб чиқди. – Умримда қасам ичмаганман!..

– Ичгансан! – Ўдағайлаган товуш эшитилди гўшакдан. – Ичмаган бўлсанг бошқа нарсани ичриб қўяман!

Телефонда ади-бади қилиш беҳудалигини билиб, хайр, дедиму гўшакни қўйиб қўйдим.

Қизиқ, акамни ким бу қадар йўлдан урдийкин?

Бир қориндан талашиб тушган жигарбандини шунчалик хўрлайдими?

«Ўртага бир эшик тушиб, оралари бузилди» деганлари шумикин? Қайси эшак экан ўша нокас? Эшакфъеллардан қачон қутуларканмиз, ўзи?

Асли акамнинг ўзини худо урган. Эҳ-ҳе қанақа ҳунарлар кўрсатмаган… Болалигимда «кўзимни қўрқитиш» учун кўп пўписа қилар, кунда-кунора маст-аласт келганча тўполон чиқарар, кучини менга кўрсатар – дўппослаб кетаверарди.

…Ҳар гал калтак еганимда раҳматли падари бузурукворимни эслайман. Яхшига кун йўқ, дееганларидек, қўй оғзидан чўп олмаган, умрида чумолигаям озор бермаган отам гўдаклигимдаёқ етим қилиб кетган бизни. Ҳар нечук мададкоринг отанг бўлсин экан…

Онам шўрлик: «Отанг ўлиб, сенга суяндим, энди рўзғорбоши ўзингсан…» дегандан бери акам ўзини бошқача тутади. Сўнгги пайтларда антиқа қилиқлар чиқарадиган бўлди: бетайин жўралар орттирди. Бари ҳалигидақа… Биттаси – Саттор сотувчи.

Эҳтимол, Саттор ака ҳам ёмон одам эмасдир. Аммо, бизнинг Болта акамиз айтган гапларга қулоқ тутган инсон борки, феъли-ҳўйи ўзгармай қолмайди. «Укамиз журналист! – дейди гердайиб. – Туман раҳбарларигача ўйлаб муроса қилишади у билан. Ойнаи жаҳонгаям чиқиб туради бизнинг ука! Бултур китоб чиқарди. Китоб-а! Чакана талант керакми китоб ёзиш учун. Ҳа-а, бизнинг ука шунақа катта одам. Давлат бекорга ўқитмаган-да аканг қарағайнинг укасини! – Мақтана-мақтана Болта акамнинг кайфи ошади, кўп гапирган сайин ошаверади, ошган сайин алжийверади. – Аммо лекин, Равшанбой бизга ука эканлигини унутмайди. Анасининг кўзига тик боқмайди. Мен унга ака, ота ўрнида отаман-да!.. – Кайфи тароқ бўлганида одатига кўра ўқчий бошлайди. – Равшан журналист тугул подшо, ҳоким бўлмайдими? У барибир ука! Гапимни икки қилгудек бўлса, калласини сапчадек узаман-ташлайман…»

Сотувчи жўраси худди ўша гап учун қадаҳ кўтаради.

Бунга сайин Болта акамизнинг гап халтаси очилаверади:

«Давай, тағин қуйинг, жўра. Ўзимнинг жўражоним, айланай отам!.. Қани қадаҳга бир сўз айтайми? Раҳмат, раҳмат. Шу-у, Тошканни титратиб юрган укам бор. Унинг номини эшитганда-чи, керак бўлса ҳамма титрайди. Фельетонлари ўрисча газеттаям чиққан-да. Ўзи журналист! Мен ўқитганман уни. Энамиз тухум-мухум сотиб пул қиларди. Мен эринмай пўшта орқали жўнатардим. Ўз қўлларим билан жўнатардим. Мана шу қўллар боққан уни. Энди айтганимни қилмай кўрсин-чи, худди шу қўлларим билан бўйнини сапча қип ташлайман.– Қизишиб кетиб икки бармоғини жўрасининг кўзларига қадайди.– Кўзларини буйтиб ўйиволаман!..»

Тағин қадаҳлар кўтарилади.

Жўралар эр-хотиндек, ғирт овруполиклардек ўпишади. Болтажоннинг оғзидан чиққан «умидбахш» сўзлар учун Сатторвой хўб чўлпиллатади.

Кейин, сотувчи қутурмай, ким қутурсин!

Ўтган гал қишлоққа борганимда дўкондаги аҳволни кўриб энсам қотди. Сотиладиган молларга хоҳлаганича «нарх» қўймоқда. Харидорлар бу қишлоқ дўконига киришга юраклари бетламай қолишган. Қайсидир хотин ўша ердан чиқиб кетаётиб: «Савдогарнинг дастидан дод!» деганини ўз қулоғим билан эшитдим.

Саттор сотувчини инсофга чақиргандим, мешдек қорнини селкиллатиб кулди. Сўнг, ўдагайлади:

– Мухбир бўлсанг ўзингга! Қизил ҳужжатингни тошкентликларингга кўрсат. Қишлоқ кўтармайди, тушундингми? – У елкамга бир тушурганини сезмай қолдим. Сўнг ясама тиржайганча насиҳат қилди. – Ўзинг қаердан чиққанингни унутма, ука. Сирғалининг боласисан! Уруғинг, насабинг – Сирғали! Сирғали бировга сир олдирмаган ҳали!

Мен ҳам бўш келмадим:

– Сирғалиликлар бир-бирининг кўзига чўп тиқмаслиги кераклигиниям яхши тушунарсиз.

– Ана, холос. Бировнинг кўзига биз чўп тиқққан бўп қолдикми, а? Кимсан – қишлоғимиз атаманининг укасидан шу гап чиқса-я? Болта аканг эшитиб қолса борми…– Ғалати бўлиб кетганимни сотувчи сезди, шекилли, дарров жиддийлашди.– Тишингни ғижирлатма, ука. Ўттиз икки тишингдан айрилиб қолмагин тағин.

– Акамни аралаштирмай гапиринг!.. Қўлингизни пахса қилманг, менга. Орага акамни суқманг, деяпман.

– Акангнинг насибаси ҳам шу дўконга сочилганидан кейин гапираман, тушундингми? Болта жўрам бу ерга фақатгина қоровулмас, менга ёрдамчиям ҳисобланади. Базадан молларни битта ўзим қандоқ обкелишим мумкин? Болтажон обкелишади. У мунақа ишларга уста. Бир пасда оёқ-улов топиб, юкларимизни ортувчи, машинадан туширувчиларниям «есть» қилади. Сўнг икковлашиб омборга жойлаштирамиз.– Саттор сотувчининг гапларини жим тинглаётганимдан у дадилланди.– Энди-и, ука, бозор иқтисоди деганлари шу экан – ўзинг учун ўл етим! Итдек югурмасак, базама-база чопмасак, қаловини топмасак – пештахтамиз бўм-бўш ётаверади. Ҳувиллаган дўкон дўконми? Сирғалиликларнинг ҳоли не кечади унда? Кўзингни каттароқ очиб қара, ука, шаҳарингда ҳам шу аҳвол, тўғрими? Йў-ў, гапим тўғрими, деяппан? Ҳа-а. Ана энди ўзингга келдинг! Ана, пештахталаримизга разм сол: йўқ нарсанинг ўзи йўқ! Сен ҳам ҳаққингни ол, болакай! Тошканингдан тополмайсан бунақа молларни.– Сотувчи елкасини учириб кулди. – Талон-палон сўрамаймиз сендан…

– Қойил, – дедим истеҳзо қилиб.– Ишбилармонликни қойил қилар экансиз…

Сотувчи тузуккина «сиёсатдон»лигини намойиш қилди:

– Ишбилармонлик бунақа бўлади, ука! Тошканда ишбилармон камми? Ўзбекистонда-чи? Умри бўйи ишдан, меҳнатдан боши чиқмаган халқнинг ишбилармони бўлмасмикин? Айтайлик, савдо-сотиқни жойига қўйиш бобида Саттор билан Болта акаларингнинг олдига тушадигани бормикин? Сенга ўхшаганлар ишлаганнинг қўлига уради. Синдиради… Ишбилармонлар шўро даврида таҳқирланган. Ишнинг кўзини биладиганлар эмас, партия-ҳукуматининг буйруғинигина бажарадиган робот керак эди у пайтлар. Ишлайман деганни ишдан қолдириб ваъз айтардинглар. Биринг мухбир, бошқанг – мелиса, ревизор, назоратчи, ноиб, партком, чекист… текинга нон ейдиганларнинг уруғи бемаза қовунникидан ҳам кўп эди. Галалашиб талон-тарож қилардинглар. Деҳқон эмас, ишчимас, савдо ходими ё новвой эмас – шунақа текинхўрларнинг замони эди у пайтлар. Ё гапим нотўғрими? Энди эса бизнинг замон келди! Замон, замон бизнинг замон – даврон бизники, бўлиши керак, тушундингми, тирранча!

– Тўнингизни шартта тескари кийиб, энди ишбилармон қиёфасига кирдингизми, – дедим тутақиб. Бу сўхтаси совуқ билан ади-бади қилиш бефойдалигини ҳис қилсам-да, кўнглимдагини тўкиб солгим келарди. – Биринчидан, ишбилармонлик – олиб-сотарлик эмас… Иккинчидан, қонунга хилоф равишда иш тутяпсиз. Қани, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун тегишли ҳужжатингизни кўрсатинг-чи?

– Бизда ҳужжат нима қилади?– Гапимни бўлди сотувчи. – Ҳали яна қилдан қийиқ ахтараяпсанми?

– Сиз қилаётган иш бизнесликнинг «б»сигаям ўхшамайди.– Баттар тутоқиб гапирдим. – Турли ҳаром-хариш йўллар билан, эҳтимол қайсидир бечораларнинг ризқига зомин бўлиб дўконингизни лиқ қилиб юрибсиз. Шу қилмишингиз билан гердаясиз. Учига чиққан чайқовчиям бунақа қилмайди. Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни ўқиганмисиз? Хўш, назорат-касса аппаратингиз қани? Нега чек бермаяпсиз? Нега давлат солиғини тўламаяпсиз? Савдодан тушган пулни банкка топширмаяпсиз? Бу ишларингиз – жиноят билан баб-баробар-ку?! Пештахтангизда бирор нарса йўқки, нархи ёзиб қўйилган бўлса! Бозор иқтисоди – қўлингдан келганича номаъқулчиликни қилавер, дегани эмас.

Қовун тушурдим. Сотувчи вағир-вуғур қилишга важ топиб бердим:

– Э, мусулмонлар! Манов бола ақлдан озибди, – деди Саттор сотувчи бирин-кетин кириб келишган хотинларга қараб.– Кеп-кеп менга, оддий қишлоқ дўкончисига закунчилигини кўрсатмоқчи…

Хотинлар бири олиб бири қўйди: ўт кетсин мунақа қоғозбозликка, ўзи шу қишлоқдан чиққан бола сизга дағ-даға қиляптими, дея қарғашга тушса бўладими?!

– …ана сенга ўйламай-нетмай катта кетишнинг оқибати!– Ишшайди сотувчи. – Айтдим-ку, бунақа гапларинг қишлоқда кетмайди. Шаҳарда ҳам савдогарнинг ошиғи олчи! Кимга қийин – сендақа … кавлайдиганларга қийин, ҳи-ҳи.

– Шу гапингизни ёзиб бера оласизми?

Сотувчининг қути ўчди. Кўзлари ола-кула бўлди:

– Ёзиб бер?! Мана! – У бош бармоғини бошқа бармоқлари орасидан чиқариб кўрсатди. – Ҳе, ўргилдим сендақа адолатпешадан. Шохинг ўсиб қолдими, дейман. Ҳақиқат қиламан, деганларнинг уч кунда шохи синишини биласанми? Сен ким бўпсан?! Оддий қишлоқ дўкони қоровулининг укаси! Болта бақалоқнинг жигари!..

Сўнгги гап суяк-суягимдан ўтиб кетди. Бўғилиб жавоб қайтарганимда бармоғим беихтиёр бигизга айланди:

– Акамга тил теккизманг, дейман.

– Гариллама, ука, – муросага келган бўлди сотувчи. – Аканг қатори бўлганим учун айтаяпман бу гапларни сенга. Савдода у дунё-бу дунё ҳақиқат бўлмаган, бўлмайди ҳам! Савдонинг отаси –  пул, онаси – ғирром! Пул авралашган ғиромликнинг меваси – савдо бўлади, билсанг…

Озиб-ёзиб қишлоғимга келганимда бўлмағур нарсаларга дилимни хира қилгим келмайди. Нуридийдаларимнинг дийдорига тўяман, деб келаман. Онам каби азиз қишлоғимни қўмсайман. Ўшанда йўл-йўлакай Саттор сотувчи билан ади-бади қилганимдан шундоқ ҳам хуноб эдим. Эгрини гўр тузатар, деганларидек сотувчи унча-мунча гап билан инсофга кеп қолармиди?..

У ҳақда ёзиш фикридан йироқ эдим. Бирор нарса ўзгарармиди, деган ўй кечарди кўнглимдан. Газетага ёзиш билан бирор нарсага эришиш мумкин бўлганида юртимиз аллақачон гуллаб-яшнамасмиди? Ошкоралик шарофати билан матбуотимизда озмунча гаплар ёритилдими? Ўзгариш бўлмаяпти-ю… бироқ, жуда секин-да. Ҳаёт яшин тезлигида ўтяпти, баъзи ишларда ўзимиз жуда имиллаяпмиз. Ҳануз ҳудудсиз ўрмонда адашиб юрганга ўхшаймиз…

Хуллас, Саттор сотувчини хаёлимдан чиқаргандим. Ўзи ҳунар кўрсатди. Онам, Норбиби янгам, жиянларим билан дастурхон теварагида жамул-жам ўтиргандек, дарвозадан Болта акам айиқдек ўкириб келди:

– Пойтахтда ишлайман, деб кекирдагини чўзиб юрган хўроз қани? Бемаҳалда қичқирган хўрознинг баҳридан ўтиб юборганим бўлсин. Менгаям кекирдагингни би-ир чўз-чи! Нақ сапчадек узиб ташламасам Болта отимни бошқа қўяман! – У урушқоқ дакандек ҳовли ўртасида қўлларини белига тираб турарди. – Кучинг кеп-кеп Сатторга етдими, галварс? Каллангни чирт узиб ташлайми, а? Ҳе…

– Ҳай-ҳай, тўрт ойдан бери кўришмаган ака-укаларга нима гап бўлди?! – Орага тушди онажоним инқиллаб-синқиллабт ўрнидан тураркан. – Аввал, ҳолинг қалай, эсонмисан, омонмисан, десаларинг-чи бир-бирларингга. Иккита эрдан туғмовдим-ку силарни…

Муштипарнинг овози ўзгарди. Рўмолининг учини кўзларига босди. Суяклари бўртиб чиққан елкалари уча бошлади.

Орага янгам тушди:

– Укангиз соғиниб келган. Жиянларининг дийдорига тўймай ўтирувди. Келганидан бери сизни йўқлаётганди. Сиз бўлсангиз, ўша сассиқнинг гапига кириб ўтирибсиз?.. Дўст душманнинг фарқига борасизми?

Акам қирғий кўзларини янгамга қадади. Хезланиб, юзига шапалоқ тортиб юборса бўладими…

Аралашишни ким қўйибди сенга?! Йўқол, кўзимга кўринма!..

Янгам шам қотди. Нафаси ичига тушди. Ширмой юзини кўзёшлари юва бошлади.

Жиянларим уввос солганча унинг этагига ёпишди. Зўрнинг зўғуми билан ҳаммаси ичкарига равона бўлдилар.

Акам қонсираган кўзларини менга тикди.

Бирор кор-ҳол чиқишидан хавотирга тушган энам рўмолини тўғрилаб, бизни муросага чақирди:

– Равшанжон, акангга салом бер, – деди мулойим оҳангда.– Уканг билан кўриш, Болтажон.

У гандираклаганча мен томон яқинлашиб, қўл чўзди. Шу он димоғимга арақ ҳиди гуп урилди. Ака-укаларнинг (ясама бўлса-да!) қўл олишганини кўрган онаизоримнинг товуши ҳирқираб чиқди:

– Яшанглар, болаларим. Сира ола бўлманглар. Олтовлон ола бўлса, оғзидагини олдирар, тўртовлон тугал бўлса, унмаганни ундирар…

Акам қўлимни қаттиқ сиқишга тиришар, хиппа-семиз, қуйруқдек қўли менинг қоқ суяк бармоқларимни оғрита олмасди.

– Кел, бир ўпиб қўяй, – деди у ариқ билан папирос бурқсиган оғзини яқинлаштираркан.

Тумшуғи типратикондек бўп кетганини шунда ҳис қилдим. Кўнглимга таскин берган нарса: мук тушиб ўтирволган энамиз синиққина жилмаярди.

Чучваралар совуб қолди. Шундоқ ҳам заҳар бўлганди. Дастурхон теварагига зўр-базўр чўкдик. Акам муроса қилди:

– Ўзимизнинг журналист деб фахрланамиз. Сен билан бутун Сирғали ғурурланади! Хомкаллалик қилиб ҳамқишлоғингга кекирдагингни чўзибсан?! Кеп-кеп Сатторга – акангнинг жўрасига, керак бўлса, ишдаги хўжайинига кучингни кўрсатмасанг асаканг кетармиди?

– Нима қиппан?

– Бало қипсан!..– Акамнинг тишлари ғижирлаб кетди.– Нега дўқ қилдинг? Мухбирлигингни нимувчин унга пеш қиласан? Зўр бўлсанг, савдо базасидагиларга ғинг деб кўрчи!.. Акалик, керак бўлса, оталик гапимни айтаяппан, Равшанбой, ҳақиқат, адолат деганларнинг кекирдаги чирт узилаяпти, ука! Ҳақиқат бўлганида Иззатулло тоғанг тўрт йил ўтириб чиқармиди? Билим юртидагилар бор-йўғи етмиш нафар талабани олти юзта деб кўрсатиб, ҳужжат тўғрилаб шунга яраша давлатдан ул-бул ундирган. Кийим-кечак, озиқ-овқат, стипендия деган нарсалар билан кун кўришаркан, у ердаги домуллолар. Ўзини виждонли ҳисоблаган тоғанг тинчгина ўқитувчилигини қилавермай… Шайдулло Одилхоновни танирмидинг? Банкадан миллион сўмни гумдон қилаётганларнинг сирини фош қиламан деб, ўзи сирли равишда гумдон бўлди. Яқинда ҳаммаси аниқланибди: шўрликни ит азобида ўлдиришган, ўлигини Дарғом даштида ёқиворишган экан… Бу вахшийликлар тепасида катталардан бири турган эмиш. Турмага тушганлар қачондир қутулиб келади, яшайди, аммо ўлган – ўлди кетди… Сен савдо ходимлари билан ўйнашадиган бўп қолдингми? Эсингда бўлсин: савдо – ўз номи билан савдо! Бурнингни тиқдингми, бошинг савдодан чиқмай ўласан! Эшаккала бўлма, ука, кўзингни оч! Ўйнашма ўша қузғунлар билан! Нима? Саттор ҳам қузғунми, дейсанми? Керак бўлса, ундан ҳам баттар бўп қолмаслигига ким кафолат беради? Бу дунё ё ули кўпники ё пули кўпники! Сатторни худо ўғилдан қиссаям, пулдан қисмаган. Пулини поёндоз қилса, Тошканинггача етади, билдингми! Қўлиям шунга яраша узун. Савдода сен ўйлаган ҳақиқатни ҳатто етти пуштинг ҳам кўролмаслигига аминман. У дунё-бу дунё савдода адолат бўлмайди,– дея жўрасининг гапларини тўтидек такрорлади акам.– Сен ҳам замонга боқиб юрмайсанми! Лоақал, иккита боланинг отаси бўлганингда ақлинг кирсин энди. Ўлсанг, тобутингни кўтарадиган жигаринг бўлганим учун куйинганимданг айтаяпман сенга. Туврими, эна?

Мук тушиб ўтирган энам билинар-билинмас бош ирғади.

Бундан мағрурланган акам алжишда давом этди:

– Хўш, ана ёздинг, дейлик – бу билан кимга яхши кўринмоқчисан? Ким, балли, дейди сенга? Номинг иғвогарга чиққани қолади, вассалом. Биз ҳам журналистнинг эмас, иғвогарнинг акаси, деган ном оламиз… Қўй, обрўйингни бил, ука. Билсанг, бу замоннинг иши шу: муроса қилган – бой бўлади, йўқса, ҳоли вой… Нормат амакинг ҳам сенга ўхшаб чиранганди, ўзи калака бўлди. Хўб сур-сур қилди, натижа чиқмади. Вилоят газетасига ёзди. Ўзи расво бўлди. Иккитаси келиб текширди. Амакинг ёзган хатга тўрт-беш одам қўл қўйган экан, улар тониб қолишди. «Ҳамма нарса ўз нархида сотилаяпти, бизга аъло даражада савдо хизмати кўрсатилаяпти», деб туриб олдилар. Амакинг яккамахов бўлди-қолди. Бундай пайт мен ҳам унинг ёнига тушмайман…

– Хатга имзо чекканлар нега тонишди? – Ҳайрон бўлдим.

– Саттор ҳаммасини рози қилган-да! Шу-шу, амакингни ҳамма «ёзувчи» дейди. Энди элга қўшилолмайди бечора. Начора?..

– Ҳамқишлоқлар калтафаҳмлик қилишмаганида, Нормат амакимни қўллаганларида – ҳақиқат тантана қиларди! Эсиз, эсиз… Юлғичлар, ўғри, порахўр, қаллоблар дастидан одамлар қачон эркин нафас олишади? Замонга боқ, дейсиз. Муроса, қил, дейсиз. Ҳамма замонга боқиб, муроса қилаверса адолатли, диёнатли жамият қуриб бўладими? Шуям яшашми, ахир!

– Тилининг бир қаричлигини кўраяпсизми, эна! – Акамнинг тишлари ғижирлаб кетди.– Бу ит одам бўладиганга ўхшамайди.– Сўнг, энгашиб менга дағдаға қила кетди.– Ў, менга қарагин, унақа маърузангни Тошканга қайтганингда Зумрат келинимизга ўқигин, билдингми! Ҳе, сенга қизил ҳужжат бериб қўйганларниям…

Ака-уканинг вағир-вуғуридан энамиз бошини чангаллаб қолди…

 

Тушимга икки нарса киргудек бўлса қаттиқ чўчийман: ит ёки Болта акам. Болалигимда итга таланганим учун итдан, кўп калтаклагани учун акамдан юрагим безиллаб қолган. Икки хил қиёфадаги феъли бир махлуқлар тушимга кирган куни лабимга учиқ тошади…

Тушимнинг таъбири аён эди.

Тағин телефон узоқдан жиринглай бошлади. Яна ўша таниш овоз.

– Нима дейсиз менга? – Томоғимга нимадир тиқилганидан овозим хирқираб чиқди. – Тинч қўясизми-йўқми?

– Ҳов, гўшакни қўиб қўйма. Барибир қутула олмайсан!– Таҳдидли товуш эшитилди.– Керак бўлса, Тошканинг ҳам бир қадам…

– Нега фельетон ёзганимни айтайми?– Биринчи марта акамга дадил-дадил сўз қота бошладим.– Тошкентга қайтаётган куним тағин жўрангизга дуч келдим. Ишшайиб, қалайсан энди, деди. Болта аканг шохингни қайтариб қўйдими, деб ҳи-ҳилайди. Тишимни тишимга қўйиб, сизнинг ҳурматингизни қип кетаётувдим, жўрангизга худонинг ўзи кўрсатди: аввалига Жуманиёз ака билан Шомурод ул-бул харид қилди, сўнг тегишли жойдан келганлар таппа босди!.. Жуманиёз ака хириллаб: «Бултир Али ака ёзганида бекор сен итнинг ёнингга тушган эканмиз, энди ўзингдан кўр», деди. Бўлди жанжал, бўлди тўполон! Амакимга хиёнат қилишган ҳамқишлоқларнинг ҳам кўзлари мошдек очилибди, ахийри…

– Ўчир! – Таҳдидли товуш келди гўшакдан. – Ҳаммаси жойига тушди. Жуманиёз билан Шомурод кал ўша куниёқ тавба қилган, текширувчи ҳам ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп бўлган. Ҳаммасини тинчитдик, деганда газетани варақласак… Ҳе…

– Хўш, нима қилай энди?

– Сени қутқармоқчимиз…

– Нима?! – Кўзларим тиниб кетди. – Нима дедингиз?

– Ўзим қутқараман, сени! Бошингга қанақа бало келмасин – Болта аканг кўндаланг!..

– Тушунмадим?– Бошим ғувлай бошлади.– Нимадан қутқарасиз?

– Туҳмат балосидан, билдингми!– Акамнинг товушида энди қандайдир ғолиблик нафаси сезиларди.– «Савдодаги савдолар» деган мақолангда келтирилган фактлар тасдиқланмаслиги мумкин-ку, ахир! Жуманиёз билан Шомурод кал уже сендан тона бошлади. Улар сени кўрмаган, дўконга кирмаган, вассалом.

– Ҳуқуқ посбони-чи?..

– Ўша окамиз ёзган «Далолатнома»нинг бир нусхаси сенда эмиш. Туврими? Ўшани зудлик билан опкелишинг керак…

– …

– Қўрқма, буёғи хамирдан қил суғургандек бўлади. Сатторжон ҳам сен билан бир умрга оға-ини тутинмоқчи. Бу машмашадан сени ўзи асрайди.

– Нега энди мени қутқариши керак? Қайси ўрага тушибман, ҳали?!

– Мунча нодонлик қиласан-а, Равшанбой? Ўра керак бўлса, қанақа қип тушиб қолганингни сезмай қоласан. Жоним ачиганидан гапираяпман, ахир. Алло, нега жимиб қолдинг? Алло…

– Фикримни жамлаб, қатъий қароримни айтдим:

– Осмон қўлларида бўлса, ташлаворишсин. Мақола юзасидан албатта текширув ўтказилади. Ўргамчакка ўхшаб ўзини ҳар ён уриб юрадиган Жуманиёз ва Шомурод ҳам лўлилик қилишолмайди бу гал. Мансабини суиистеъмол қилмоқчи бўлган ўша текширувчи ўз қўли билан ёзганларидан тониб кўрсин-чи…

Гўшакдан садо чиқмай қолди. Эшитилар-эшитилмас шивирлаган товуш келар, чамаси, қиёматли жўраси акамга ўргатарди. Ҳаял ўтмай унинг ялинганнамо товуши эшитилди:

– Алло, алло… мени эшитаяпсанми? Хайрият. Менга қара, укажон, эту тирноқлигимиз эсингдан чиқмасин. Мени ўйламасанг ҳам, Биби янганг, жиянларингни ўйла. Тақдиримизни хавф остида қолдирма. Бизни жарга итарма…

– Нима?! Нималар деб алжираяпсиз? Ким сизларни жарга итарибди?..

Акам ҳиқиллашга тушди, ҳатто ўкраб юборди. Ўзини тута олмаётгани сезилиб турарди. Сўнгра бўғилиб деди:

– Мақолангни кеча эрталаб ўқувдик. Кечга яқин кичкина жиянинг йўқолиб қолди… Фахриддинжон бор-ку, келаси йил мактабга борадиган, ўша йўқ… Фақат телефонда ҳиққиллаб йиғлаганини эшитдик… Буларнинг гапига яхшиликча кўнмасак ҳаммамизни йўқотишади… Тошканда ғўддайиб юрганинг билан сенинг ҳам чивиндеккина жонинг борлигини биласанми?.. Ҳа-а, чивиндек эзиб ташламасидан…

Телефон гўшаги қўлимдан тушиб кетди…

т2

Тўлқин ЭШБЕК

1990 йил

You may also like...

1 Response

  1. Шукур Жаббор:

    Зўр ҳикоя бўлибди! Бундаги воқеалар менинг ҳаётимдаги воқеаларга ўхшаб кетибди! Ё Худо шунақаям ўхшашлик бўладими?! :)

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>