Мустақиллик дарси. 2-мавзу

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика

факультети талабаларига илк машғулотлар — «Мустақиллик дарси»дан бошланади. Унда талабалар қуйидаги мавзуни ўқиб-ўрганадилар:

3

23 

МАВЗУ: “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЭРКИН ВА ФАРОВОН ЯШАЙЛИК”

Ватанимиз мустақиллиги – биз учун куч-қудрат ва илҳом манбаи, тараққиёт ва фаровонлик асоси

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи асосида

Ватанимиз мустақиллиги – биз учун куч-қудрат ва илҳом манбаи, тараққиёт ва фаровонлик асоси

(Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тантанали маросимида сўзлаган маърузаси асосида)

 Ҳар қандай мамлакатда, самарали бошқарув тизими бўлиши, мамлакат тараққиётига таъсир қилади. Бошқарув тизимини издан чиқиши ҳар қандай давлатни инқирозга учратади. Бундай воқеани биз қудратли давлат – собиқ Совет Иттифоқининг тарқаб кетганида кўрдик. 80-йилларнинг иккинчи ярмида мамлакат раҳбарлигига ношуд, қатъиятсиз фақат ўз фикрига таянган шахсларнинг келиши, бошқарувни издан чиқарди, марказ қарорлари жойларда ижро этилмади, бу иқтисодиётга салбий таъсир қилди, ҳалқнинг турмуш даражаси пасайди, норозиликлар кучайди. Натижада дунёдаги энг қудратли давлатлардан бири жаҳон харитасидан изсиз йўқолди.

Мустақиллик натижасида Ўзбекистон ўзининг бошқарув тизимини ташкил қилар экан, жаҳондаги ривожланган мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиб давлат ҳокимиятини ҳокимиятлар бўлиниши принципида ташкил қилишни мақсад қилиб қўйди. Бу эса давлат бошқарувини ташкил қилишда муҳим роль ўйнади.

Бу 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциямизда бу – ҳуқуқий  жиҳатдан мустаҳкамланди. Давлат бошқарувини демократик характерига мос равишда мансабдор шахслар ва давлат органларининг фуқаролар олдида маъсуллиги конституциявий принцип сифатида белгиланди. Конституция шу асосда давлат бошқарувининг ҳуқуқий асоси бўлиб қолди. Кейинчалик давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича уринишлар бўлди.

Лекин мамлакатимизда вужудга келган: қонунларга эътиборсизлик ва оғзаки кўрсатмаларнинг қонунлардан устунлиги; давлат органлари, мансабдор шахслар фоалияти устидан самарали жамоат назорати йўқлиги; давлат органлари фаолиятини ёпиқлиги; ОАВ иши талаб даражасида ташкил қилинмаганлиги; кадрларни танлаш, жой-жойига қўйишнинг мукаммал тизими яратилмаганлиги; давлат хизматчиларининг ижтимоий-моддий таъминоти ва ҳуқуқий ҳимояси эътибордан четда қолганлиги; коррупция ҳолатларининг кучайиб кетиши мамлакатимиз бошқарув тизимига ва тараққиётига тўсқинлик қилиб қолди.

2016 йил охирида мамлакатимизга янги Президент сифатида Шавкат Мирзиёев сайлангач, давлат қурилиши ва бошқарувини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Қабул қилинган, 2017-2021 йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ва у асосда вужудга келган “Маъмурий ислоҳотлар конципциясида”, йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш йўллари белгиланди.

Қилинган ишлар натижасида ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент (вакиллик) назорати кучайтирилди; қонун ижодкорлиги сифати яхшиланди; сиёсий партиялар фаолиятида рақобат муҳити бўлиши чора-тадбирлари кўрилди; давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан жамоатчилик назорати кучайтирилди; бошқарувда асосий куч – давлат хизматчиларининг касбий тайёрганлиги, моддий ва ижтимоий таъминот даражасини кенгайтириш чоралари кўрилди; ҳалқ билан мулоқотнинг самарали механизмлари жорий этилди; маҳалла институтини жамоат бошқарувидаги ўрни кучайтирилди; бошқарувга ахборот технологияларини кенг жалб қилиш чора-тадбирлари кўрилди. Бу қилинган ишлар натижаси ҳар бир жабҳа ва соҳада кўринмоқда.

Фақат битта “Ҳалқ қабулхоналари” мисолида кўрадига бўлсак кўплаб муаммоларни ҳал бўлганлигини, узоқ вақт ечимини топмаган масалалар ўз ечимини топганлигини кўрамиз.

Шу юқорида баён қилинганлар давлат бошқарувимизни такомиллашиб бораётганлиги ва шу нарса ҳалқнинг онгига, дунёқарашига ижобий таъсир қилаётганлигини кўрсатади. Халқнинг қийин, оғир шароитларда бирлашиши, давлат қонун-қоидаларини ихтиёрий бажариши, ҳокимиятнинг қарор ва фаолиятини қўллаб-қувватлаш бошқарув тизимига берилган энг ҳаққоний баҳодир.

Мамлакатимизда “Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши”ни, Олий Мажлиснинг қонунчилик палатасида “Нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили” институтини ташкил этиш, “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизимини жорий этиш, маҳалла раисига маҳаллий кенгаш мажлисида кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш ҳуқуқини бериш ҳақидаги таклифлар, давлат бошқарувида жамоатчилик назоратини кучайтириш механизмларини мустаҳкамлаш ва кучайтиришга қаратилган кучли воситадир. Шунингдек, уларнинг фаолияти орқали фуқароларнинг давлат ва жамият ишларида иштироки янада кенгаяди.

Мамлакатимиз ҳаётида 2017 йилда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси муҳим роль ўйнамоқда. Лекин унинг айрим кўрсатмаларини янада чуқурроқ амалга ошириш зарурати келиб чиқмоқда. Жумладан, мазкур ҳужжатда давлат ижрочиларини номарказлаштириш йўли белгиланган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрда “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4850-сонли Фармони қабул қилинди. Унда давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг муҳим вазифалари белгиланди.

Фармон билан 2017 йилнинг 1 апрелидан жиноят, жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал ва бошқа қонун ҳужжатларига одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилди, жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек, жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилди. Жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариш институти бекор қилинди.

“Хабеас корпус” институти қўлланишини янада кенгайтириш доирасида прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлари судларга ўтказилди. Судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилди.

Судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш тизими жорий этилди. Судланганлик ҳолатини тугатиш ва судланганликни олиб ташлаш муддатлари ва асослари қайта кўриб чиқилди. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят таркиблари жиноят тоифасидан чиқарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-4966-сонли 2017 йил 21 февралда “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган ва Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган институтлар ташкил этилди.

Суд кенгаши концепцияси XIX аср охирида Францияда қўлланила бошлаган ва суд ҳокимияти мустақиллигини ҳимоя қилиш учун мўлжалланган. Биринчи замонавий суд кенгаши 1946 йилда Францияда (Conseil Supérieur de la Magistrature) таъсис этилган. Кейинчалик 1948 йилда Италияда (Consiglio Superiuore della Magistratura) тузилган, лекин бу муассаса 1958 йилда ўз фаолиятини бошлаган, бугунги кунда Европа суд кенгашлари тармоғига  22 мамлакат Кенгаш киради.

Ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.

2018 йил 4 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Қонунда Жиноят кодексига далилларни, тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштирганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи моддалар киритилгани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари мансабдор шахсларининг масъулиятини янада оширди. Ушбу ислоҳотлар натижасида турли тазйиқлар остида олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланишга чек қўйилди. Суд ишларини кўриб чиқишда фақат суд тергови жараёнида атрофлича текширилган ва ўз тасдиғини топган далилларга асосланилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактаби шакллантирилди.

2019 йил 14 январда ПФ-4096-сонли Ўзбекистон Республикасининг “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни жабрланувчи, гувоҳ ва жиноят процесси бошқа иштирокчиларининг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкини ҳимоя қилишнинг қонуний кафолатларини белгилаб берди. 2020 йилдан бошлаб суриштирув ва дастлабки тергов жараёни устидан суд назорати ўрнатилди.

Суд мустақиллигини таъминловчи халқаро тажрибаларга биноан одил судловни амалга ошираётганда суд процесси барча иштирокчиларининг процессуал ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда, ҳар қандай бевосита ёки билвосита ташқи таъсирлар, ниятлар, босим ёки аралашишлардан қатъи назар, мустақил ҳаракат қилиши, фақат фактларни баҳолашдан келиб чиқиши ва ички ишончига асосланиб, қонун ва ҳуқуқий онгига амал қилиши шарт.

Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилди. Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида жорий йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармонига асосан суд тизимида рақамлаштиришни янада кенгайтирилиш назарда тутилди.  Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сонли қарорига кўра, бугунги кунда судларда ишларни кўришда 30 га яқин вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш ва қоғоз шаклида ишларни олиб боришга чек қўйиш назарда тутилди. Бундан ташқари, судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш талаб этилади. Эндиликда фуқароларимизга судга келмасдан, онлайн тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.

Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурияти, фуқароларнинг соҳадаги жиддий камчиликлар мавжудлиги бўйича мурожаатлари ҳамда эътирозларидан келиб чиқди. Бу ҳолат мамлакатимизнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш мақсади Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида мустаҳкамланди. Жумладан, шахсларга нисбатан қийноқларнинг олдини олиш бўйича институционал механизмларни такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси Факультатив протоколига қўшилиш масаласи ижобий ҳал этилмоқда.

2021 йилга бағишланган Президент Мурожаатномасида Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш масаласи кўтарилди.  Бунда Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизими йўлга қўйилиши таъкидланди. Бу амалиёт дунёда кам учрайдиган ва Ўзбекистоннинг ўзига хос ноу-хоуси ҳисобланади. Бундан кейин Олий Мажлис палаталари ҳар йили Омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича маърузасини эшитиш амалиёти йўлга қўйиладиган бўлди.

Охирги йилларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш масаласида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати сифатида бир қанча енгилликлар жорий этилди. 2020 йил 13 мартда “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.  

Қонунда қуйидаги янгиликлар киритилди:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет давлат ҳарбий хизматига, хавфсизлик органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига хизматга кирганлиги фактларини аниқлаш;

хорижда доимий яшаётган ва доимий консуллик ҳисобига турмаган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларини аниқлаш;

била туриб ёлғон маълумотларни ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилинганлиги фактини аниқлаш;

чет давлат фуқаролигини ихтиёрий равишда олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларини аниқлаш;

чет давлатнинг фуқаролигини туғилганлик бўйича ёхуд чет давлат фуқароси бўлган отасининг ёки онасининг фуқаролиги асосида, вояга етмаган ёшида олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларини аниқлаш.

    Хусусан, Қонунда янгилик сифатида (6-моддаси) Фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тан олиш тартиби белгиланди. 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу Қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади. Шунингдек, ота-онаси (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари деб тан олинган бола ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиниши асослари кўрсатилди. Бу билан 50 минг нафардан ортиқ шахсларга фуқаролик олиш имконияти яратилди.

Хусусан, 2005 йилгача мамлакатимизга келиб доимий яшаётган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини бериш тартибини қонунчиликда белгилаш бу борадаги ислоҳотларимизнинг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилади. Бу билан мамлакатимизда муқим яшаётган ва Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлмаган яна 20 минг киши Ўзбекистон фуқароси бўлиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, юртимизда 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартиби жорий қилинишига урғу берилди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар.

 Хорижий мамлакатлар тажрибасига қарасак, фуқароликни олишда маълум бир муддатгача мурожаат этиш амалиёти мавжуд эмаслигини кўришимиз мумкин. Масалан, Россия, Қозоғистон каби мамлакатларда фуқароликка оид қонунчиликда муддатли тўсиқлар белгиланмаган. Бу ҳолат тегишли давлат фуқаролигини олишда шахслар учун сансалорлик ва ноқулайликларнинг олдини олади. Украинада шахснинг бирор яқин қариндошларидан боласи, ота-онаси, ака-ука ёки опа-сингил, бува ва бувиси, набиралари бирортаси Украина ҳудудида мустақилликдан сўнг яшаётган бўлса, фуқаролик бериш амалиёти шаклланган.

 

Дарҳақиқат, 2020 йил бутун дунё ҳалқи сингари Ўзбекистон халқи учун ҳам коронавирус пандемияси туфайли оғир синов йили бўлди. Мавжуд қийинчиликларга қарамай халқимиз катта ғайрат билан ишлаб, зарур ижтимоий-иқтисодий натиажаларни қўлга киритди. 2020 йилда республикамиз ҳудудларида 197 та йирик, минглаб кичик ва ўрта корхоналар ҳамда инфратузилма объектлари барпо этилди.

Шу билан бир вақтда, 2020 йилда камбағалликни қисқартириш йўналишида ишлар жадал амалга оширилди. Улар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:

1) Ҳукумат томонидан Коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган оилаларнинг бандлигини таъминлаш орқали улар учун даромад манбаини яратишнинг “Вақтинчалик тартиби” ишлаб чиқилди.

Мазкур “Вақтинчалик тартиб”га мувофиқ, “саховат дафтари”га киритилган оилалар билан манзилли ишлаш ва уларни камбағалликдан чиқаришнинг аниқ тартиб ва режалари кўрсатиб берилди.

2) Ҳозирги кунга қадар “темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилаларнинг 286 750 нафар аъзолари бандлиги таъминланди.

3) “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида республика бўйича 86,7 минг нафар фуқароларга 55,2 млрд. сўмлик ёрдам кўрсатилган.

4) 2020 йилнинг январь-июнь ойлари давомида 38,2 минг нафар ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дастурларига жалб этилди.

Шу билан бирга Президентимиз камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар қаторида “Барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги – “темир дафтар” тизими жорий этилди. Қисқа муддатда бу тизим орқали 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилган аҳоли учун солиқ имтиёзлари берилиши ҳамда кўпгина чекловларнинг бекор қилиниши туфайли 500 минг нафар фуқаро меҳнат фаолиятини қонуний тарзда йўлга қўйди. Деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларига 300 миллиард сўм имтиёзли кредит ва субсидия ажратилгани ҳам қишлоқ аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлашда янги йўналишга айланганлиги”ни эътироф этди.

Умуман олганда, қишлоқ жойларида камбағаллик муаммоси шаҳарларга қараганда анча кескин. Аҳоли жон бошига пул даромадлари қишлоқ жойлардаги шаҳарларга нисбатан деярли 2 баравар кам. Қишлоқ жойларидаги ишсизлик муаммоси қисман хусусий уй шароитида иш билан таъминланади, аммо қишлоқ уй хўжаликларининг мавжудлиги нисбатан паст пул даромадларини қоплай олмайди ва шу сабабли қишлоқда камбағаллик муаммосини ҳал қила олмайди.

Жуда қийин вазиятда бўлган нафақахўрлар ва ногиронлар ҳам чекланган ижтимоий нафақа: пенсия ёки ногиронлик нафақаси бўйича яшашади.

Ўзбекистонда камбағалликнинг миллий стандартларини белгилашда 3 та аҳоли тоифаларининг камбағаллик даражасидан келиб чиқиб комплекс ёндашиш талаб этилади:

1-тоифа. Ижтимоий мақомдан келиб чиқиб, доимий камбағаллар (айрим пенсионерлар-якка ёлғиз, қаровчиси йўқлар, ногиронлиги бўлган шахслар, қаровчисини йўқотган ёки кўп болали оилалар ва ҳ.к).

2-тоифа. Камбағалликдан чиқиб кетиш имкониятига эга бўлган тоифалар (балоғат ёшидагилар, аёллар, ишсизлар ва ҳ.к).

3-тоифа. Камбағалликка юз тутиш хавфи бўлган тоифалар –камдаромадли фаррошлар, қаровуллар, оддий ишчилар, касби замон талабларига жавоб бермайдиганлар, ишдан бўшаб қолганлар, фаровонликка интилмайдиганлар ва ҳ.к.).

Камбағалликнинг Миллий стандартларини яратишда айтиб ўтилган аҳоли қатламларини ўрганиб, уларнинг ҳар бирига табақалашган тарзда чоралар кўриш талаб этилади.

Масалан, биринчи тоифадагилар албатта моддий кўмакка муҳтож, уларга давлатнинг моддий ёрдами керак бўлади. Чунки, ушбу тоифадагилар ўзларининг ижтимоий мақомидан келиб чиқиб, шахсий даромадларини ўстириб бориш имкониятига эга эмас.

Иккинчи тоифадагиларда камбағалликдан чиқиб кетиш имкониятлари мавжуд. Уларни касбга ўргатиш, янги касбга қайта тайёрлаш, бандлигини таъминлаш, бизнес билан шуғулланишга йўналтириш ва шунга ўхшаш чораларни кўриш орқали даромад топиш имкониятини яратиш зарур бўлади.

Учинчи тоифадагилар ўзларининг фолият доирасини ўзгартиришлари, улар олаётган иш ҳақини ўртача даражага етказиш, қўшимча даромад манбаларини излаб топишига ундаш, шароит ҳозирлаш, шахсий томорқа хўжалиги имкониятларидан фойдаланишни кенгайтириш ва шунга ўхшаш чораларни кўриш талаб этилади.

Даромад ва истеъмол тушунчаларидан келиб чиқиб, камбағаллик ва ночорлик муаммосига бўлган ёндошишни янада чуқур ўрганиш ва аниқ чораларни белгилаш имконини беради. Камбағаллик нисбий ва субъектив хусусият касб этади. Моддий таъминоти етарлича бўлишига қарамай шахс соғлом ва тўлақонли яшашга имконсиз бўлиши мумкин. Бошқа томондан кишининг билими ва савияси етарли бўлмаслиги, тўғри қарор қабул қила олмаслиги, нотўғри ишга қўл ўриши, дангасалиги, ялқовлиги, ўқувсизлиги ва шунга ўхшаш субъектив ҳислатлар ҳам инсонни фаровон яшашдан маҳрум этади. Булар камбағалликка юз тутишнинг субъектив сабабларидир.

Камбағалликни тамомила йўқотиб бўлмаган тақдирда ҳам қисқартириб бориш зарурияти пайдо бўлади. Бунга асосан 2 йўл билан эришилади.

Биринчиси, камбағалларда иқтисодий фаолликни уйғотиш. Шарқда бир доно гап бор:” Камбағалликка ялқовлик қўшилса, бунинг давоси йўқдир”. Шу сабабли камбағалларни ялқовликдан фориғ этиш талаб қилинади. Муҳими, камбағалларга ишлаб пул топиб, тўқ яшашига шароит ва имконият яратиш керак.

Иккинчиси, камбағалларга давлатнинг ва корхоналарнинг моддий ёрдам беришини ташкил этиш. Бу восита зарур бўлса-да, боқимандалик кайфиятини туғдириб, фаолликка ундамайди. Шу сабабли бу йўл ўзини ўзи боқишга қодир бўлмаган кишиларга, масалан, ногиронларга ва кўп болали оилаларга нисбатан сайланган ҳолда қўлланади. Ижтимоий ёрдам узоқ вақт ишсиз қолганлар, касбини йўқотганларга ҳам берилади.

Умуман айтганда камбағаллик муайян мақбул турмуш даражасини таъмин эта олмаслик, маълум бир шахс ёки оила зарурий эҳтиёжларининг имкониятлардан ошиб кетишидир.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 736 миллион киши (аҳолининг 10 фоизи) ўта қашшоқлик шароитида (кунига 1,9 доллардан кам киримга эга), дунё аҳолисинингдеярли ярми – 3,4 млрд. киши – кунига 5,5 доллардан кам тушумга эга. Қашшоқлик даражаси энг юқори қитъа Африка, сайёрадаги энг қашшоқ мамлакатлар – Конго демократик республикаси (ўта қашшоқлик даражаси – 77,1 фоиз) ва Мадагаскар (77,6 фоиз).

Мамлакатимиз аҳоли жон бошига тўғри келадиган миллий даромад кўрсаткичи бўйича ўртача даромадга эга мамлакатлар қаторидан жой олган (киши бошига йилига ўртача 1533 АҚШ доллари). Киши бошига кунига 3,2 доллар камбағаллик чизиғининг ўртача кўрсаткичидир. Миллий даромади ўртачадан баландроқ мамлакатлар учун кунига киши бошига 5,5 доллар камбағаллик чизиғининг ўртача кўрсаткичидир.

Иқтисодий ўсишнинг аҳамияти тўғрисида гапирилганда унинг даражасини ҳам эътиборда тутиш лозим. Иқтисодий ўсиш суръатларининг аҳамиятлилик даражаси турли мамлакатлар реал ЯИМнинг ҳажмидан келиб чиққан ҳолда фарқланади. Реал ЯИМ ҳажми нисбатан кичик бўлган мамлакатлар учун 8-10% даражасидаги иқтисодий ўсиш суръати меъёрдаги ҳолат саналиши, реал ЯИМ ҳажми жуда катта бўлган мамлакатлар учун 2-3% даражасидаги иқтисодий ўсиш суръати эса аҳамиятли кўрсаткич ҳисобланиши мумкин.

Иқтисодий ўсиш суръатининг аҳамиятини иқтисодчилар томонидан қўлланилувчи «70 миқдори қоидаси» ёрдамида ҳам очиб бериш мумкин. Бу қоидага кўра, миллий иқтисодиётда ишлаб чиқарилаётган ЯИМ ҳажмини 2 бараварга оширишда қанча вақт талаб этилишини аниқлаш учун 70 сонини йиллик ўсиш суръатига бўлиш керак бўлади. Масалан, мамлакатимиздаги ўсиш суръатининг 9% даражасида ЯИМни 2 баравар ошириш учун 7,7 йил талаб этилади (70:9). Холбуки, иқтисодий ўсишнинг 2000 йилдаги 4,0% даражасида бу кўрсаткичга 17,5 йилда (70:4) эришиш мумкин эди. Кейинги йилларда иқтисодий ўсиш суръатининг янада оширилиши бу муддатнинг аҳамиятли равишда қисқаришига олиб келади.

Ижтимоий маҳсулотнинг ўсиш суръати билан ишлаб чиқариш омиллари миқдорининг ўзгариши ўртасидаги нисбат иқтисодий ўсишнинг экстенсив ёки интенсив турларини белгилаб беради.

Экстенсив иқтисодий ўсишга ишлаб чиқаришнинг аввалги техникавий асоси сақланиб қолган ҳолда ишлаб чиқариш омиллари миқдорининг кўпайиши туфайли эришилади. Айтайлик, маҳсулот ишлаб чиқаришни икки ҳисса кўпайтириш учун ишлаб чиқариш омиллари миқдори икки баробар кўпайтирилиши лозим, содда қилиб айтганда мавжуд корхоналар билан бир қаторда ўрнатилган ускуналарнинг қуввати, миқдори ва сифати, ишчи кучининг сони ва малака таркиби бўйича худди ўшандай яна корхоналар қурилиши лозим. Экстенсив ривожланишда, агар у соф ҳолда амалга оширилса, ишлаб чиқариш самарадорлиги ўзгармай қолади.

Иқтисодий ўсишнинг интенсив тури шароитида маҳсулот чиқариш миқёсларини кенгайтиришга ишлаб чиқариш омилларини сифат жиҳатидан такомиллаштириш, янада илғор ишлаб чиқариш воситаларини ва янги техникани қўллаш, ишчи кучи малакасини ошириш, шунингдек, мавжуд ишлаб чиқариш потенциалидан яхшироқ фойдаланиш йўли билан эришилади. Интенсив йўл ишлаб чиқаришга жалб этилган ресурсларнинг ҳар бир бирлигидан олинадиган самаранинг, пировард маҳсулот миқдорининг ўсишида, маҳсулот сифатининг ошишида ўз ифодасини топади.

Реал ҳаётда экстенсив ва интенсив омиллар соф ҳолда, алоҳида-алоҳида мавжуд бўлмайди, балки муайян уйғунликда, бир-бири билан қўшилган тарзда бўлади. Шу сабабли кўпроқ устувор экстенсив ва устувор интенсив иқтисодий ўсиш турлари ҳақида сўз юритилади[1].

Иқтисодий ўсишнинг алоҳида томонларини тавсифловчи кўрсаткичлари ҳам мавжуд бўлиб, улардан асосийлари ишлаб чиқарувчи кучлар ривожланиш даражаси, меҳнат унумдорлигининг ўсиши ва иш вақтини тежаш, шахсий даромад ва фойда массаси, миллий иқтисодиётнинг тармоқ тузилиши кабилар ҳисобланади.

Ишлаб чиқарувчи кучлар даражаси қуйидаги кўрсаткичлар билан тавсифланади:

а) ишлаб чиқариш воситаларининг ривожланганлик даражаси;

б) ходимнинг малакаси ва тайёргарлик даражаси;

в) ишлаб чиқаришнинг моддий ва шахсий омили ўртасидаги нисбат;

г) меҳнат тақсимоти, ишлаб чиқаришнинг ташкил этилиши, ихтисослаштирилиши ва кооперацияси.

Иқтисодий ўсишнинг жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган бошқа кўрсаткичи иқтисодиётнинг тармоқ тузилиши ҳисобланади. У тармоқлар бўйича ҳисоблаб чиқилган ЯИМ кўрсаткичи асосида таҳлил қилинади. Бунда иқтисодиётнинг йирик соҳалари, моддий ва номоддий ишлаб чиқариш тармоқлари ўртасидаги нисбат ҳам ўрганилади.

Халқаро валюта жамғармаси 2020 йилда жаҳон иқтисодиёти 3 фоизга тушишини прогноз қилмоқда. Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг еса 1,8 фоизгача пасайиши кутилмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси коронавирус пандемияси шароитида жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши прогнозини еълон қилди.

Таҳлилчилар глобал ЯИМнинг 2020 йилда 3 фоизга пасайишини тахмин қилишмоқда, бу кўрсатгич 2008−2009 йилларда бўлган молиявий инқирозга нисбатан анча ёмон.

Халқаро валюта жамғармаси прогнозига кўра, жорий йилда ривожланган давлатларнинг иқтисодиётининг ўсиш суръати 6,1фоиз пасаяди. Мисол учун, AҚШ иқтисодиёти 5,9 фоизга, Евроиттифоқ ҳудуди — 7,5 фоизга, Япония — 5,2 фоизга пасаяди ва Хитойда ўсиш даражаси 1,2 фоизгача тушади.

Умуман олганда, 2020 ва 2021 йиллардаги жаҳон ялпи ички маҳсулотининг пандемия туфайли инқироздан келиб чиқадиган умумий йўқотиши тахминан 9 триллион долларни ташкил қилиши мумкин.

Халқаро валюта жамғармасининг пандемия 2020 йилнинг иккинчи ярмида якунланишини тахмин қилувчи таянч ссенарийга кўра, 2021 йилда иқтисодий фаоллик барқарорланиши ва сиёсий қўллаб-қувватлаш билан глобал иқтисодиёт 5,8 фоизга ўсиши кўзда тутилган.

Aгар пандемия 2020 йил охиригача чўзилиб кеца, у ҳолда глобал иқтисодиёт ўсиш суръати бу йил 6 фоизга пасаяди. Aгар коронавирусининг тарқалиши 2021 йилга қадар давом еца, унда глобал ЯИМ 8 фоизга камаяди.

ХВЖ Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 2019 йилда прогноз қилинган 5,6 фоиздан 2020 йилда 1,8 фоизга тушишини тахмин қилмоқда. Бундан ташқари, 2021 йилда иқтисодий ўсиш тикланиб, 6 фоизни ташкил қилиши мумкин.

Шунингдек, ҳисоботга кўра, Қозоғистон ЯИМ 2,5 фоизга (2019 йилда прогноз 4,5 фоиз эди), Қирғизистонда еса 4 фоизга (2019 йилда прогноз 4,5 фоиз еди) пасайиши кутилмоқда. Тожикистон иқтисодиёти 1 фоизга (2019 йилда прогноз 7,5 фоиз эди), Туркманистон 1,8 фоизга ўсади (2019 йилда прогноз 6,3 фоиз эди).

Эслатиб ўтамиз, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон ЯИМ — 4,7 фоизга тушишини прогноз қилганди. Жаҳон банки эса Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш даражаси кескин пасайиб, 1,6 фоизни ташкил этишини айтиб ўтган.

Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни 2030 йилгача концепциясида макроиқтисодий барқарорликни ва иқтисодий ўсиш барарорлигини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини, инвестицион ва экспорт салоҳиятини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳимоя қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, меҳнат бозорида кескинлик даражасини пасайтириш, аҳоли даромадлари ўсиши ва кам таъминланганликни қисқартириш назарда тутилади.

Прогнозлар бўйича 2030 йилга бориб Ўзбекистонда реал ялпи ички маҳсулотнинг ўсишини 2,1 баравар ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ўсишини хорижий валютада 3 баравар ёки 2018 йилдаги 1533 АҚШ долларига нисбатан 4538 АҚШ долларигача таъминлаш кўриб чиқилади. Қўйилган мақсадларга эришиш учун иқтисодий ўсишнинг ўртача йиллик суръатларини 6,4 фоиздан паст бўлмаган даражада қўллаб-қувватлаш зарур бўлади.

2030 йилга бориб аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг эришилган қиймати Ўзбекистонга даромадлар даражаси ўртадан юқори бўлган жаҳон мамлакатлари гуруҳига кириш, меҳнат бозорида кескинлик даражасини пасайтириш, аҳоли даромадлари ўсишини ва кам таъминланганликни икки баравар қисқартириш имконини беради.

Ишлаб чиқариш реал ҳажмлари ўсишини 2,3 баравар (ялпи ички маҳсулот улушини 2018 йилдаги 26,3 фоиздан 2030 йилда 33,3 фоизгача кўпайтириш) қурилиш ишларини 2,1 баравар (5,7 фоиздан 6,4 фоизга ва хизматлар соҳасини 2,1 баравар кўпайтириш (35,6 фоиздан 39,3 фоизгача) таъминлаш ва тегишли равишда қишлоқ хўжалиги улушини 1,8 баравар пасайтириш (32,4 фоиздан 21 фоизгача) 2018-2030 йилларда ялпи ички маҳсулот ўсишининг асосий омиллари ҳисобланади.

Иқтисодиёт ишлаб чиқариш салоҳиятининг ўсиши экспорт ҳажмлари 3 баравар кўпайишини таъминлайди. Иқтисодий ўсишни таъминлаш учун капитал қўйилмалар ҳажмларини – 3,1 баравар, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни – 7,0 баравар кўпайтириш талаб этилади.

Коронавирус пандемияси шароитида кўплаб корхоналарнинг анчагина қисми маълум муддат ишламай турди, даромадлар камайди. Бундай вазиятда иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш, инқирозга йўл очмаслик учун кичик бизнес ва тадбиркорликка имтиёзли шароит яратиш муҳим ҳисобланади. Бинобарин, 2020 йил Давлат дастурида белгиланганидек, 1 июлдан бошлаб илк маротаба тадбиркорларга ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш механизми амалга киритилди. Шу жиҳатдан, Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Солиқчи-кўмакчи” тизими кичик бизнес ва ишбилармонликни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этяпти.

“Солиқчи-кўмакчи” тизимининг моҳияти шундан иборатки, “биз энди иш бошлаётган тадбиркорга биринчи қадамидан, унга қайси солиқ режими қулай ва фойдали эканини тушунтириб, тўғри йўлдан боришига шароит яратиб беришимиз зарур. Ундан кейин эса, бизнес субъектининг “яшаб кетиши”, фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганларининг қайта тикланишига кўмаклашиш, бухгалтерия ҳисобини юритиши, ҳисоботларини тўлдириши ва топшириши, хуллас, нима муаммоси бўлса ҳал этиш бўйича хизмат кўрсатишга асосий эътибор қаратилади. Шу боис, бизнинг фаолиятимиз аввалгидек, қанча солиқ қонунчилигини бузиш аниқланди ва қўшимча солиқ ҳисобланди, деб тадбиркорни жазолашга эмас, аксинча, эндиликда солиқ қонунчилиги бузилиши нечоғлик камайгани ва тадбиркорларни ортиқча харажатлардан сақлаб қолишга қанча ҳисса қўшилганига қараб белгиланадиган бўлди”[2].

Ҳозирги кунда  янги иш бошлаган тадбиркорларга оёққа туриб олиши учун дастлабки 6 ойда бухгалтерияни юритиб бериш, ҳисоботларини тўлдириш, солиқ имтиёзларидан фойдаланишда солиқ идоралари кўмакдош бўляпти.

“Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорларга бизнес ҳамкорининг солиқ қарздорлиги ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятини яратиш учун, биринчи навбатда, мавжуд автомаштирилган тизимларни янада мукаммаллаштиришни тақозо этади.

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида қўшилган қиймат солиғидан ҳосил бўлган салбий фарқ суммасини тадбиркорлик субъектларига қайтариб бериш асосий йўналишлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Солиқ кодексига асосан, 2020 йил 1 июлдан бошлаб қўшилган қиймат солиғидан ҳосил бўлган салбий фарқ суммаси тадбиркорларга қайтариб берилиши амалиётга жорий этилди. Бунинг учун солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқ органига белгиланган шаклдаги ариза билан мурожаат қилиш кифоя. Тадбиркорга солиқ органининг қарори асосида солиқ суммасини қайтариш тўғрисидаги ариза тушган санадан эътиборан олтмиш кундан, айрим тадбиркорларга эса етти кундан кечиктирмай қайтарилиши лозим.

Солиқ суммасини тезлаштирилган тарзда қоп­лаш тартибидан эса,  йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслардан тортиб, экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларни амалга оширадиган шахслар, ноль даражали ставка қўлланилиши назарда тутилган маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчилари манфаат кўриб келяпти. 2020 йилда солиқ тўловчиларга 8,6 триллион сўм, шу жумладан, 1 июлдан кейин 5,7 триллион сўм пул маблағлари қайтариб берилди.

Тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни давом эттириш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида келгуси йилда 6 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши тадбиркор ва ишбилармонлар учун катта имкониятлар яратади. Шунингдек, Ҳукумат томонидан Жаҳон банки билан биргаликда бошланган қишлоқларда тадбиркорликни ривожлантириш дастурини кенгайтириш учун қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади.

Ёшлар тадбиркорлиги ва бандлигини таъминлаш учун 100 миллион доллар, шунингдек, ёшларнинг бизнес лойиҳаларини кредитлаш ҳамда уларни касб-ҳунарга ўқитиш учун 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар ажратилади.

Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ривожланиши ва аҳоли эҳтиёжлари ўсиши натижасида электр энергиясига бўлган эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда. 2000 йилда бир нафар маиший фойдаланувчи бир ойда 114 кВт/соат электр энергияси ишлатган бўлса, охирги йилларга келиб бу кўрсаткич 200 кВт/соатга етди. Бугунги кунда республикамиз бўйича электр энергиясидан умумфойдаланишда аҳоли улуши 26,5 фоизга етган. Ваҳоланки, 1990 йилда ушбу кўрсаткич 13,9 фоиздан иборат эди.

Электр энергияси ишлаб чиқаришга кетадиган харажатларнинг асосий қисмини табиий газ, мазут, кўмир ташкил этмоқда. Мазкур кўрсаткич ҳозирда 43 фоизга тенг ва уларнинг нархи дунё бозорида қимматлашиб бораётгани инобатга олинса, унинг аҳамияти янада ошади. Мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш 86 фоизи иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келади. Ушбу иссиқлик электр станцияларида йилиги 17 млрд. м3табиий газ сарфланмоқда, ваҳоланки, шунча газни қўшимча қиймат яратиш (синтетик ёқилғи, полипропилен олиш) жараёнларига  йўналтириш мумкин. Бу эса,ўз навбатида, ижтимоий муаммоларни ҳам (аҳоли бандлиги, атроф муҳит муҳофазаси) ҳал этиш имкониятларини яратади[3].

Президентимиз мамлакатимиздаги энергия ресурсларига бўлган талабни қондириш мақсадида нефть-газ ва энергетика соҳаларидаги ислоҳотларни ва бошланган йирик лойиҳаларни якунига етказишимиз лозимлигини, жумладан, 2021 йилда давлат ва хусусий электр станциялари ҳамда истеъмолчилар ўртасида электр энергияси улгуржи бозорини шакллантириш бошланишини қайд этиб ўтди.

Хорижий инвесторлар билан давлат-хусусий шериклик асосида 6 та янги электр станциясини барпо этиш ишлари бошланган. Келгуси йили Тошкент, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида жами қуввати 760 мегаватт бўлган янги электр станциялари ишга туширилиши, Қашқадарё вилоятида умумий қиймати 3 миллиард 600 миллион доллар бўлган, йилига 1,5 миллион тонна керосин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарадиган мажмуа тўлиқ маҳсулот беришни бошлаши бу соҳада муҳим қадамлар қўйилганлигидан дарак беради.

Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда ёқилғи-энергия ресурслари барқарор ривожланишнинг энг мураккаб ечимларидан бири бўлиб қолмоқда. Энергия ресурслари омили жамият ҳаётининг барча соҳаларига кириб борди ва мамлакатларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун зарур шартлардан бирига айланди. Энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва узлуксиз таъминот жамият тараққиёти, камбағалликни қисқартириш, фаровонликни ошириш, аҳолининг маданий ва маънавий ривожланишида асосий омил бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг энергетика сиёсати мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлаш ҳамда миллий энергетика имкониятларидан жамиятнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланиши учун фойдаланиш, иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат аҳолисини ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг тарғиб қилиш ва ривожлантиришга қаратилгандир[4].

Мурожаатномада табиий газ таъминотида монополияни бекор қилиб, бозор механизмларини жорий этиш, бунда ишлаб чиқарувчи ва импортёрларга биржа орқали табиий газни сотиш, улгуржи истеъмолчилар эса газни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиши, “Ўзтрансгаз” компанияси эса фақат газни транспортировка қилиши кўзда тутилаётгани маълум қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 4388-сонли қарори билан “Ўзтрансгаз” АЖ “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидан чиқарилиб, унинг негизида иккита мустақил тизим – “Ўзтрансгаз” ва “Худудгазтаъминот” акциядорлик жамиятлари ташкил этилган.

“Ўзтрансгаз” АЖга:

— табиий газни кейинчалик ягона оператор сифатида етказиб бериш, жумладан экспорт ва импорт қилиш учун газ қазиб олувчи ва қайта ишловчи ташкилотлар, шу жумладан маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимлар асосида фаолият юритувчи қўшма корхоналар ва хорижий компаниялардан харид қилиш;

— тўғридан-тўғри шартномалар асосида магистрал газ қувурига уланган истеъмолчиларга, шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ билан комиссия шартномалари асосида газ тақсимлаш тармоқларига уланган истеъмолчиларга табиий газни сотиш;

— газ қувурлари ва компрессор станцияларини ХМИ/ХҲМТ маблағларини жалб этиш орқали қуриш, реконструкция қилиш, ер ости газни сақлаш омборларида табиий газни сақлаш ҳажмларини ошириш, юқори босимли газ тақсимлаш пунктларида табиий газ оқимларининг мониторинги ва бошқаруви тизимини (SCADA) ҳамда автоматлаштирилган назорат тизимларини жорий этиш орқали газ транспорт тизимининг “заиф” жиҳатларини бартараф этиш ва унинг транзит салоҳиятини ривожлантириш вазифалари белгиланган.

Шунингдек, суюлтирилган газ бозорида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида унинг импортига ўрнатилган божлар бекор қилиниши, заргарлик соҳасида ҳам тадбиркорларга хомашё сотиб олиш учун кенг имкониятлар яратилиши, 2021 йил 1 мартдан бошлаб, кумушни биржа орқали ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш тартиби ўрнатилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги “Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияларининг қурилиши” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метрополитени линиясининг 2-босқичини қуриш ишлари давом эттирилмоқда.

Маълумки, темирйўлчилар томонидан 2020 йилда ер ости Юнусобод линиясининг узунлиги 2,9 километр бўлган “Туркистон” ва “Юнусобод” метро бекатлари ҳамда ер усти ҳалқа метро линиясининг 1-босқичида 11,5 километр бўлган “Дўстлик – Қўйлиқ” участкаси бунёд этилиб, жами 7 та бекат фойдаланишга топширилган эди. Айни пайтда ушбу йўналишдан кун давомида 15 мингдан ортиқ йўловчи фойдаланмоқда. Йил охирида эса 5 та бекатдан иборат Сергели линияси ҳам қуриб битказилди ва бугунги кунда ушбу йўналишдан ҳар куни 20-25 минг йўловчи ўз манзилларига етиб боришлари учун катта қулайлик ва имконият яратилди. 2020 йилнинг декабрь ойида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси томонидан ер усти ҳалқа метро линиясининг 2-босқичида 15 километрлик “Қўйлиқ – Қипчоқ – Янги ҳаёт” участкасида қурилиш ишлари бошланган эди. Айни пайтда ушбу участка ҳудудларида қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Тошкент ҳалқа ер усти метро йўлининг 2-босқичи Қўйлиқ бозоридан Тошкент шаҳрининг Миробод ҳамда Сергели туманидан ўтган Катта ҳалқа йўли, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Хонобод кўчаси ҳамда Сергели туманининг Қипчоқ кўчасидан ўтиб, Сергели линиясининг 5-бекатига уланади ҳамда Янги ҳаёт туманига етказилади. 15 километрлик умумий узунликка эга ушбу участкада 9 та бекат қуриш режалаштирилган. Эътиборлиси, метронинг 2-босқичи 9-бекати Янги ҳаёт туманидаги Кўп тармоқли касалхона, Тошкент металлургия заводи ҳамда яқин орада қуриладиган ва келгусида 60 минг аҳоли истиқомат қилиши кўзда тутилган мега лойиҳа – “Minerva sity” ҳудудига яқин жойда қурилади. Сабаби ушбу ҳудудда янги кўп қаватли турар жойлар қурилади ҳамда аҳоли ташрифи янада ортади. Метро бекати эса ушбу ҳудуд аҳолиси ва бу ерга ташриф буюрадиган йўловчилар учун муҳим транспорт турига айланади.

Бугунги кунда лойиҳанинг 2-босқич қисмида режага кўра, 538 та устундан 25 таси ўрнатилди, уларга босқичма-босқич ригеллар монтаж қилинмоқда. Ушбу участкада лойиҳага кўра 3 минг 228 та балка ўрнатиш белгиланган бўлса, ҳозирда уларнинг 129 таси ўрнатилди. Бугунги кунда Катта ҳалқа йўли, Хонобод ҳамда Қипчоқ кўчаларида ер усти метро участкасини қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Қўйлиқ ҳудудидан Катта ҳалқа йўли бўйлаб қарийб 600 метр йўналиш бўйлаб пойдевор, устун ҳамда ригеллар ва уларга 26 метрлик балкалар ўрнатилди ҳамда бетон ишлари тугатилди. Хонобод кўчасида эса пойдевор, устун ва ригелларни ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда. Қипчоқ кўчасида ҳам пойдеворлар қазилиб, устунларни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур лойиҳа қурилиш ишларига 150 дан ортиқ техника, машина ва механизмлар ҳамда 3 минг 500 нафарга яқин малакали муҳандис ва ишчи-ходим жалб қилинган. Улар техника ва меҳнат муҳофазаси ҳамда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда иш олиб боришмоқда ва кунига уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Қурилиш объектига зарур маҳсулотлар ҳам ўз вақтида етказиб берилмоқда.

Шунингдек, қурилиш техникалари ва автотранспорт воситаларини сақлаш ва таъмирлаш учун 2 та база ташкил этилган. Ер  усти  ҳалқа  метросининг қурилиш  жараёнида  бажарилаётган ишлар сифати бўйича Давлат архитектура ва қурилиши назорати инспекцияси ҳамда “Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси мутахассислари томонидан мунтазам назорат олиб борилмоқда.

Қурилиш ишлари олиб борилаётган участка йўлларида муҳандислик коммуникацияларини бошқа ҳудудларга кўчириш ва уларни тармоқларга улаш, йўл-транспорт инфратузилмалари ва автомобиль йўлларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Унга кўра “Қўйлиқ – Қипчоқ – Янги ҳаёт” участкаси доирасида қурилиш майдонида мавжуд сув, оқова, газ тармоқлари, турар ва нотурар бинолар қурилиш майдонидан бошқа ҳудудга кўчирилмоқда.

“Қўйлиқ – Қипчоқ – Янги ҳаёт” участкаси фойдаланишга топширилгач, бир кун давомида 46 минг йўловчи ташилиши режалаштирилган. 700 га яқин янги иш ўрни ҳам яратилади. Айни пайтда режага кўра барча қурилиш ишлари белгиланган тармоқ жадвали асосида амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз режага кўра Тошкент ҳалқа ер усти метрополитени линиясининг умумий узунлиги 54,8 километрдан иборат бўлиб, мавжуд Ўзбекистон, Сергели, Чилонзор ҳамда Юнусобод йўналишларига тўғридан-тўғри уланади.

Ўзбекистон хорижий инвесторлар билан тенгма-тенг иқтисодий алоқалар олиб бориш асосида шерикчилик муносабатларини олиб борадилар. Ҳар қандай инвестициялар мамлакатимизга кириб келишига йўл қўйилмайди. Агар кириб келаётган инвестициялар мамлакатимиз иқтисодиётига унинг ривожланишига кенг имкониятлар яратса, бундай хорижий инвестициялар юртимизга биринчилар қаторида кириб келади.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, қулай инвестиция иқлими шаклланмасдан ва хорижий инвестицияларни миллий иқтисодиётга фаол жалб этмасдан туриб, бозор иқтисодиётига ўтаётган мамлакатлар жаҳон иқтисодий ҳамжамиятига муваффақиятли интеграциялаша олмайди.

Ўзбекистон раҳбариятини мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, тадбиркорлик ва бизнесни ривожлантириш сари тутган изчил йўли хорижий инвестицияларни мамлакат иқтисодиётига жалб этиш жараёнини фаоллаштириш учун реал шарт-шароит яратмоқдалар.

Миллий иқтисодиёт тузилмасини тубдан ўзгартиришнинг ҳозирги босқичида бевосита хоржий инвестициялар катта қизиқиш уйғотмоқда. Уларни жалб этишнинг асосий усуллари қуйидагилардир:

  • қўшма корхоналар очиш (шу жумладан, хорижий инвесторларга ўзбек эмитентлари акциялар пакетларни сотиш йўли билан);
  • Ўзбекистон ҳудудида бутунлай хорижий капиталга тегишли корхоналарни рўйхатдан ўтказиш;
  • концессиялар асосида хорижий капитални жалб этиш;
  • хорижий инвесторларни мамлакатнинг муайян минтақаларига фаол жалб этишга қаратилган эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) кўпайтириш.

Ҳозирда жалб этилган хорижий инвестициялар тузилмасини таҳлил этиш шуни кўрсатмоқдаки, бундай инвестицияларнинг катта қисми экспортга мўлжалланган тармоқларга: ёқилғи-энергетика мажмуи, нефт-газ, кимё, олтин қазиб олиш ва пахтани қайта ишлаш саноатига, ёки ўз-ўзини қоплаш муддатлари қисқа бўлган ва кўп фонд талаб қилмайдиган юқори рентабелли лойиҳаларга: савдо, телекоммуникация, умумий овқатланиш, йирик шаҳарларда офис ва меҳмонхона бинолари қуриш, озиқ-овқат саноати ва молия хизматига йўналтирилмоқда.

Ўзбекистонда иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида хорижий инвестицияларни жалб этишни бошқариш, рағбатлантриш ва қўллаб-қувватлаш сиёсати комплекс амалга оширилмоқда. Бу жараённи муваффақиятли юритиш учун республикада қатор фармонлар, қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Инвестицион жозибадорликни ошириш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида чет эл инвесторларига давлат томонидан кафолат берувчи йўналишлар ҳам мавжудки, булар қуйидагилардан иборат:

— миллийлаштириш ва реквизициядан сақланган ҳолда, сиёсий хавф-хатарни суғурта қилиш;

— субъектларнинг фойда ва бошқа олган маблағларини чет эл валютасида чегарадан (бошқа давлатларга) ўтказиш;

— макроиқтисодий барқарорликни таъминлашда инвестиция учун қулай муҳит яратиш;

— жорий инвестициянинг кейинги ҳолати ёмонлашса, инвестиция киритилган вақтдан бошлаб қабул қилинган қонунларнинг узоқ муддат давомида қўлланилишини таъминлаш;

— инвесторларнинг ҳуқуқлари тасодифий ҳолатларда бузилган тақдирда давлат органлари орқали келтирилган зарарларни тўлаш;

— республика банкларида чексиз ҳар қайси валютада ҳисоб рақамларини очиш;

— республика ҳудудида суғурта компанияларини хорижий капитал иштирокида ташкил этиш.

Чет эл инвестицияси жалб қилинган кичик корхона (йирик корхона бўлса ҳам) даромадининг маълум қисми солиқдан озод қилинади. Чунки, бундай кичик корхоналарга ишлаб чиқаришни кенгайтиришда инвестиция ва янги технологияни жорий қилиш учун имконият яратиш мақсадга мувофиқдир.

Иқтисодиётни модернизациялаш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва асосий фондларни яратиш, мамлакат иқтисодиётининг тармоқлари ва соҳаларида амалда фаолият юритаётган техника ва технологияларни янгилаш, уларни қўллаб-қувватлаш инвестицион жараёнларни нечоғли тўғри ва самарали амалга оширишга боғлиқ.

Саноат тармоқлари занжирини таъминлашда барча соҳалардаги ишлаб чиқаришни барқарорлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан, тармоқлар фаолиятида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, транспорт-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган фаол инвестиция сиёсатини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун марказлашган, марказлашмаган жамғармалар маблағлари, хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштиришга ҳамда улардан самарали фойдаланиш масалаларига урғу берилмоқда. Мамлакат иқтисодиётини таркибий ўзгартириш, тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга доир лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилиш борасида бажарилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ.

Юртимизда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари бўйича ҳудудлар кесимида тузилган шартномалар 1031 та бўлиб, 14,498 трлн.сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган, шунингдек ушбу инвестицион лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида 44382 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Жумаладан, Ўзбекистон Республикасида асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар киритилиши назорати олиб борилган объектлар бўйича 2020 йил ҳолатига кўра, 16,7 трлн.сўм инвестиция маблағлари ўзлаштириш натижасида 62972 та янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикасида асосий капиталга ўзлаштирилган инвестицияларнинг умумий хажми 2017 йилда 72155,2 млрд.сўмни ташкил этган бўлса 2019 йилга келиб 195927,3 млрд.сўмни, 2020 йил учта чорагида 138106,6 млрд.сўмни ташкил этган.

Асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми (жорий нархларда, млрд.сўм)[5]

Мамлакатдаги иқтисодий ўсиш омиллари ва манбалари таҳлили кўрсатишича инқирозга қадар бўлган даврда иқтисодий фаолликни юқори суръатлари асосан экспорт салоҳиятини ривожлантиришни жадаллаштириш, иқтисодиётга йўналтирилган инвестицияларнинг миқёси, иқтисодиёт таркибини тизимли ва босқичма-босқич янгиланиши ҳисобига эришилган.

Иқтисодий ўсишни иқтисодиётни эркинлашувини чуқурлашуви ва миқёсини кенгайиши, валюта бозорини барқарорлашуви, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик секторини жадал суръатларда ривожланиши таъминлади.

Саноат тармоқларида рақобатдош саноат занжирларини яратиш ҳамда инвестицион лойиҳаларни кўпайтиришнинг иқтисодий-ижтимоий аҳамияти ортиб бормоқда, хусусан хомашё ресурсларини чуқурроқ қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли товарлар улушининг ортишига қаратилган таркибий сиёсатни амалга ошириш натижасида мамлакат ялпи ички маҳсулот таркибида қишлоқ хўжалиги улушининг пасайиши ва саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларининг улушини ортиши кузатилмоқда.

 Жаҳон иқтисодиётида коронавирус пандемияси таъсирида тўсатдан рўй берган узилишлар 2020 йилда глобал рецессияни келтириб чиқарди. Шуни таъкидлаш лозимки, пандемия таъсирида вужудга келаётган инқироз биринчи навбатда кичик бизнес субъектлари фаолиятига ўз таъсирини ўтказади. Чунки, ўз кўламлари ҳамда, тегишли равишда, ишлаб чиқариш салоҳияти жиҳатидан йирик компания ва ташкилотларга нисбатан аҳамиятли даражада чекланган мазкур соҳа вакилларининг “хавфсизлик ёстиқчалари” ҳам у қадар катта бўлмайди. Иқтисодиётдаги истеъмол ҳажмининг қисқариши, ишлаб чиқариш занжирларининг узилиши, талабнинг инертланиши ва бошқа шу каби ҳолатларнинг салбий таъсири биринчи бўлиб кичик бизнес субъектларида намоён бўлади.

Пандемия таъсирида вужудга келаётган инқироз ҳолатини кичик бизнесга таъсирининг асосий йўналишлари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:

— маҳсулот ва хизматларга бўлган талабнинг тўсатдан ва кескин равишда қисқариши оқибатида ишлаб чиқариш фаолиятининг қисқариши ёки бутунлай тўхтаб қолиши;

— ишлаб чиқариш фаолияти қисқариши ёки тўхташи билан боғлиқ равишда корхонада банд бўлганларга иш ҳақи тўлаш муаммосининг пайдо бўлиши ва уларни ишдан бўшатиш ҳолатларининг кучайиши;

— ижара ҳақи, солиқ, банк кредитлари ва бошқа қарзлар, турли хил ресурслар (электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва бошқалар)дан фойдаланганлик учун тўловларни амалга ошириш имкониятининг чекланиши ҳамда тўловсизлик ҳолати учун жаримага тортилиш хавфининг кучайиши;

— аванс сифатида тўлаб қўйилган маблағлар (масалан, хомашё ва материаллар, реклама, коммунал хизматлар, солиқларнинг олдиндан тўлови ва бошқалар)дан фойдаланиш самарадорлигининг пасайиши ёки уларнинг қайтарилишидаги маълум йўқотишларнинг пайдо бўлиши;

— кичик бизнес субъектлари кучли рақобат шароитида фаолият кўрсатиши сабабли, агар зудлик билан тегишли чора-тадбирлар кўрилмаса, ўз мижозларини қисман ёки бутунлай йўқотиши ва ҳ.к.

Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар Стратегиясида “кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенг ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик тузилмаларининг фаолиятига давлат, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ноқонуний аралашувини қатъий олдини олиш” лозимлиги тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтган эди[6].

Ўзбекистоннинг «Doing Business» халқаро рейтингидаги ўрнини яхшилашга қаратилган қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

биринчидан, тадбиркорлик субъектлари учун тўсиқларсиз кредит олишни таъминлаш;

иккинчидан, қарздорлар ва кредиторларнинг таъминланган битимлар бўйича ҳуқуқларини кенгайтириш, кредит маълумоти алмашинуви механизмларини такомиллаштириш;

учинчидан, шартномавий мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш;

тўртинчидан, тўловга қобилиятсизликни ҳал қилиш масалаларини такомиллаштириш;

бешинчидан, электр таъминотига уланиш тизимини такомиллаштириш;

олтинчидан, қурилишга рухсат олиш жараёнини соддалаштириш ва бошқалар.

«Бизнес юритиш» ҳисоботида мамлакатимиз кўрсаткичларини яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2018 йил 21 сентябрдаги «2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5544-сон Фармонида ҳам белгилаб берилди .

Стратегиянинг бош мақсади мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлилиги даражасини ва инновацион жиҳатдан тараққий этганини белгиловчи асосий омил сифатида инсон капиталини ривожлантириш ҳисобланади[7].

Қуйидагилар стратегиянинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

– Ўзбекистоннинг 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига киришига эришиш;

– барча даражада таълим сифати ва қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимининг иқтисодиёт эҳтиёжларига мослашувчанлигини таъминлаш;

– илмий тадқиқотлар ва ишланмаларнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишлар натижаларини кенг жорий этиш учун таълим, илм-фан ва тадбиркорликни интеграция қилишнинг таъсирчан механизмларини яратиш;

– инновациялар, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишларга давлат ва хусусий маблағлар киритилишини кучайтириш, бу соҳалардаги тадбирларни молиялаштиришнинг замонавий ва самарали шаклларини жорий этиш;

– бошқарувнинг замонавий усуллари ва воситаларини жорий этиш орқали давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш;

– мулкчилик ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, рақобатбардош бозорлар ташкил этиш ва бизнес юритиш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш;

– барқарор фаолият юритадиган ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани яратиш.

Мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг янада ривожланиши ва кенгайишига, иқтисодиётдаги ишбилармонлик муҳитининг мустаҳкамланишига имкон яратади.

Сўнгги йилларда мамалакатимизда Янги Ўзбекистонга хос бўлган қурилиш соҳасида ҳам бир қатор замонавий бунёдкорлик ишлари жаддалик билан амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида халқаро даражадаги бино ва иншоотлар мажмуалари билан бир қаторда қишлоқ ҳудудларда ҳам шаҳар шароити типидаги аҳоли турар жойлари қад ростламоқда. Эътиборли жиҳати йилдан-йилга аҳоли учун қурилаётган уй-жойлар сони ортиб, улурни арзон нархларда сотиб олиш учун фуқароларимизга бир қатор қулайликлар яратиб берилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Президентлик лавозимига киришган илк даврларида қабул қилинган қарорлари асосида фуқароларимиз учун уй-жойлар қуриш бўйича алоҳида дастурлар қабул қилиниб, ўтган тўрт йилда 140 мингта уй-жой барпо этилди. Йилига қурилган уйларнинг ўртача сони таққосланганда, бу аввалги даврдаги кўрсаткичдан 4-5 баравар кўп демакдир.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида 2021 йилда 54 минг оила уй-жой билан таъминланиши, шундан 45 мингтаси давлат ипотека дастури доирасида қуриб топширилиши маълум қилди. Эътиборли жиҳати мазкур қурилишлар аҳолимизнинг ҳудудлар кесимидаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қуриб топширилиши аниқ рақамлар билан белгилаб берилди.

Ҳудудлар миқёсида айтганда, Қорақалпоғистонда 2290 та, Андижонда 4665 та, Бухорода 3220 та, Жиззахда 1670 та, Қашқадарёда 3710 та, Навоийда 1836 та, Наманганда 4025 та, Самарқандда 4479 та, Сурхондарёда 3989 та, Сирдарёда 1414 та, Тошкент вилоятида 4046 та, Фарғонада 4530 та, Хоразмда 3016 та ва Тошкент шаҳрида 7556 та уй-жойлар қурилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида аҳолини уй-жой билан таъминлашда нархларнинг арзонлиги ва алоҳида эҳтиёжмант қатламларни ҳисобга олиш бўйича ҳам масъуллар олдига бир қатор топшириқларни қўйди. Президент Шавкат Мирзиёев вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига қурилиш материалларини арзонроқ ва яқинроқдан олиб, бир квадрат метр уй нархини 4 миллион сўмдан оширмаслик чораларни кўриш вазифасини қўйди.

Шу билан биргаликда, уй-жойлар қурилиши учун давлат томонидан ҳам аҳолига, ҳам қурувчиларга катта имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, жорий йилда ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилади. Шаҳарларда дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилади. Паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади. Яъни, аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос. Кредит олган аҳоли учун фоиз тўловларининг Тошкент шаҳрида 12 фоизи, бошқа ҳудудларда 10 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади.

Мисол қилиб айтганда, қишлоқларда 54 квадрат метрли квартирани (ўртача 216 миллион сўм) олмоқчи бўлган оила 33 миллион сўмлик дастлабки бадалнинг фақат 11 миллион сўмини тўлайди, 22 миллион сўми эса давлат томонидан субсидия сифатида берилади. Бу оила имтиёзли даврда ойига 1 миллион 500 минг сўм кредит тўласа, қолган 1 миллион 100 минг сўмини ҳар ой давлат қоплаб беради.

Таълим ва тарбия, фан, касбий ҳамда бошқа соҳалардаги яратувчилик, кашфиёт, ихтироларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, дунё айвонида рақобатлаша оладиган мутахассислар тайёрлаш, ҳар томонлама инсон манфаатларига ҳизмат қилувчи қудратли ва адолатли фаровон давлат яратиш анъаналаримизни қайта тиклаш бугунги куннинг асосий вазифасига айланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг даъватли сўзлари билан айтадиган бўлсак, Янги Ўзбекистон Мустақилликни қўлга киритгандан сўнг, Учинчи Ренессанс, яна бир Уйғониш даврини бошлади. Бу уйғонишни Олий таълим соҳасидаги ислоҳатлар, жумладан Халқаро таълим стандартлари тавсифи ўлчовлари бўйича таълим жараёнларини ташкил этиш, миллий таълим ютуқларини ҳалқаро даражада татбиқ этиш масалаларида ҳам яққол сезишимиз мумкин.

Глобаллашув жараёни ҳар бир давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқишни ва рўёбга чиқаришни талаб қилади. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ва 2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5313-сон, “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 29 апрелдаги ПФ-5712-сонли фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сонли фармонлари ҳамда “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши Янги Ўзбекистон таълим тизимини барпо этишда катта роль ўйнамоқда.

Олий таълим тизимини ривожлантириш қуйидаги устувор йўналишлар асосида амалга оширилади:

– олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш;

– таълим жараёнига рақамли технологиялар ва замонавий усулларни жорий этиш;

– олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш;

– маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар таъсирчанлигини ошириш вазифалари қўйилди.

Хусусан, таълимнинг ривожи билан бутун бир давлатнинг келажагини белгилаш мумкин.

Республикамиздаги таълим соҳасининг ривожланишида биз албатта ривожланган хорижий давлатлар тажрибаларидан кенг фойдаланишга катта эътибор беришимиз зарур.

Шу боисдан давлатимизда ташкил этилган дунёнинг энг салоҳиятли олий ўқув даргоҳларидан Англиянинг Вестминистр университети, Италиянинг Турин политехника институти, Сингапур менежментни ривожлантириш олийгоҳи, Жанубий Кореянинг ИНХА коммуникацион технологиялар университети, Россиянинг Губкин номидаги нефть ва газ университети, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ва Г.В.Плеханов номли Росиия иқтисодиёт университети филиалларининг ташкил этилгани ҳам таълим тизимининг жаҳон талабларига мос ривожланиши омили ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси  Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 25 июндаги  ПФ-6035-сонли «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра инсон ҳаётини турли касалликлар ва техноген ҳодисалардан ҳимоя қилиш фаолиятини илмий лойиҳалаштириш орқали мутаҳассислар тайёрлаш вазифаси қўйилиши диққатга сазовордир. Ундан ташқари тиббиёт ходимлари ўз ҳизматларини аҳоли орасида олиб боради, билим ва тажрибаларини оширади, янги мутахассисликларни ўрганишади, моддий рағбатлантирилади. Бу ҳужжатда мутахассислар тайёрлаш борасидаги ишларда ҳам туб бурилиш ясаш кўзда тутилади.

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги соҳасида бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида тиббиёт олий таълим муассасаларида ”Тиббий-профилактика ва жамоат саломатлиги” факультети ташкил этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда: бир ой муддатда тегишли тиббиёт олий таълим муассасаларида «Тиббий-профилактика ва жамоат саломатлиги» факультети фаолиятини ташкил этиш бўйича зарур чораларни кўрди; ҳал этиладиган масала: Бугунги кунда 11 та тиббиёт олий таълим муассасаси фаолият олиб бориб, уларнинг айримларида “Тиббий профилактика” факультети мавжуд. Ушбу факультетда дарс машғулотлари ва амалиёт асосан даволашга (ихтисослаштирилган ёрдамга) йўналтирилган. Тиббий профилактика ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида (алоҳида қарор асосида) туман-шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникаларида тиббиёт маълумотига эга бўлган валеолог, тиббий психолог, нутрициолог, диетолог, фармаколог, кинезиолог, реабилитолог, профпатолог лавозимларини киритиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш асосида таълим сифатини яхшилаш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида, шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 11 июлдаги ПҚ-4391-сонли “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш юзасидан 2020 йилда бажарилиши лозим бўлган қуйидаги вазифалар белгиланган;

–18 та янги олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилади:

– 10 та маҳаллий олий таълим муассасаси;

– 3 та хорижий олий таълим муассасаси;

– 5 та давлат–хусусий шериклик шартлари асосида.

Бугунги кунда республикада 128 та олий таълим муассасаси мавжуд бўлиб, улардан 96 таси маҳаллий ҳамда 24 таси хорижий олий таълим муассасаси ва уларнинг филиаллари ҳисобланади. Жумладан, сўнгги 3 йилда янги 6 та олий таълим муассасаси, 17 та филиал ва 14 та хорижий олий таълим муассасаси филиали ташкил этилди.

Кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига 261 та таълим йўналиши ва 559 та магистратура мутахассислиги киритилди.

2020/2021 ўқув йилида 59 та олий таълим муассасасида сиртқи таълим, 10 та олий таълим муассасасида кечки таълим шакли жорий этилди.

Республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сони бакалавриат таълим йўналиши бўйича 600 минг, магистратура мутахассислиги бўйича эса 20 695 нафарни ташкил қилиб, сўнгги 3 йилда 2 бараварга ошди.

2020/2021 ўқув йили учун қабул параметрлари бакалавриат кундузги шакли 103575 нафарни, сиртқи шакли 35350, кечки шакли 5025 нафарни ташкил этди, магистратурага 10 425 нафар талаба қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сонли фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси»га кўра, мамлакатдаги ОТМларнинг 85 фоизи 2030 йилгача босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтиши режалаштирилган. Масалан, 2020/2021 ўқув йилининг ўзида мамлакатимиздаги 33дан ортиқ йирик ОТМлар кредит-модуль тизимига ўтиши таъминланди.

Сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда 45 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 128 тага етди. Бу йил олий ўқув юртларига кириш учун бир ярим миллионга яқин ёшларимиз ҳужжат топширди. Бу рақам ўтган йилга нисбатан 40 фоиз кўп демакдир. Бакалавриатнинг кундузги бўлимига 103575, сиртқи бўлимига, 31 350 ва кечки бўлимига 5025 нафар талаба қабул қилинди. Халқаро таълим стандартлари тансифига мос равишда сифатли таълим жараёнларини ташкил этиш, рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш, ўрта ва олий маълумотли касб эгалари билан иқтисодиётни таъминлаш, илм–фан ютуқларини, хорижий мамлакатлар тажрибасини амалиётга татбиқ этиш, провард натижада Мамлакатимиз фаровонлигини юксалтириш, дунё айвонида ҳар тарафлама қудратли давлатга айлантириш жамиятнинг энг долзарб масаласига айланди.

Илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг, айниқса, қизларимизнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш борасида ҳам кўп ишлар қилиняпти. Буларнинг барчаси юртимизда Учинчи Ренессанс – миллий тараққиётимизнинг янги даври пойдеворини яратишга хизмат қилади”.

Ўзбекистон раҳбари дунёнинг турли минтақаларида кечаётган минтақавий можаролар ва тўқнашувлар ҳақида гапирар экан, айнан мана шу мураккабликлар тинчлик ва хавфсизлик соҳасидаги пухта ўйланган сиёсат юритиш, бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришни тақозо этишига урғу берди. Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё, балки МДҲ ҳудудидаги кучли мудофаа қобилиятига эга мамлакатлар сирасига киради.

Мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида:

  • қўшинларнинг профессионал ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш;
  • ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
  • ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш назарда тутилмоқда.

Хавфсизлик ва тинчлик борасида навбатдаги таъкидланган масала бу маҳаллада жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилди. Бу ерда ҳуқуқ-тартибот идораларп олдига янгидан янги вазифалар белгиланиб, уларни аҳоли осойишталигининг чинакам посбонларига айлантириш йўлида янги дастурлар амалга оширилиши белгиланди.

Янги Ўзбекистон ўз ташқи сиёсати ва минтақавий хавфсизлик масалаларига жаҳондаги мураккаб вазиятдан келиб чиққан ҳолда ёндашмоқда. МДҲ ҳудудида ва минтақа атрофида мураккаб вазият вужудга келаётган шароитда, узоқ ва яқин атрофимизда турли қарама-қаршиликлар тобора кучайиб бораётган бир пайтда мамлакатимиз тинчлиги ва фаровонлигини сақлаш, ён-атрофимиздаги давлатлар ва халқлар билан ўзаро бир-бирини тушуниш ва ҳамжиҳатликда яшаш учун шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган ташқи сиёсат халқимизнинг асл орзу-умид ва интилишларига мос келади. Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий замирида айнан шундай қараш ва ёндашувлар мужассамдир.

Ўзбекистон шу ташқи сиёсатни оғишмай амалга оширмоқда. Ўзбекистоннинг саъй ҳаракатлари билан Марказий Осиё минтақасида ўзаро дўстона сиёсий иқлим яратилди. Узоқ йиллар давомида сақланиб келган чегара масалалари ҳал этилди. Марказий Осиёнинг мустақиллик тарихида илк бор минтақавий интеграциянинг қиёфаси кўзга ташланди. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар сўнгги 4 йил ичида мисли кўрилмаган даражада ўсди.

Мурожаатномада Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари, устувор йўналишлари давлат раҳбарининг диққат марказида бўлди. Очиқлик, прагматиклик ва амалийлик ташқи сиёсатнинг энг муҳим тамойиллари бўлиб қолади. Энг муҳим янгиликлардан бири норматив характерга эга бўлиб, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг тамойиллари ва устувор йўналишларини қамраб олувчи ҳужжат ҳақида кетмоқда. Маълумки, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати сўнгги йилларда тубдан ўзгарди. Аммо бугунги давр амалдаги ташқи сиёсий фаолият концепциясига нисбатан ўзгаришларни талаб этмоқда. Амалдаги ташқи сиёсий фаолият концепцияси бу, давлатимиз ташқи сиёсатининг фундаментал принциплари ва стратегик устувор йўналишларини, халқаро майдондаги мақсад ва вазифаларини, ўрта ва узоқ истиқболда Ўзбекистон миллий манфаатларини илгари суриш механизмларини белгилаб берадиган қарашларнинг яхлит тизимидир.

Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё устуворликни сақлаб қолади. Бунинг асосий сабаби Ўзбекистоннинг ҳаётий муҳим манфаатлари шу минтақа билан боғлиқ эканлигига бориб тақалади. Марказий Осиё ўзининг муҳим геосиёсий жойлашуви ва улкан минерал-хомашё ресурслари захираларига эгалиги туфайли жаҳон миқёсида кучли эътибор объекти бўлиб, йирик давлатларнинг стратегик манфаатлари туташадиган ҳудуддир.

Марказий Осиё давлатларидан кейин биринчи тилга олинган давлат сифатида Россия келтирилмоқда. Хитой эса иккинчи, ундан кейин АҚШ, Туркия ва ҳакозо давлатлар кетма-кетлиги келтирилади. Хорижий ҳамкорларга бундай устуворлик берилиши халқаро шерикликда Ўзбекистон изчил сиёсатини давом эттиришини ифода этади.

Маълумки, Ўзбекистон 2020 йилда МДҲда ўз раислигини якунлади. Бу даврда Ўзбекистон билан МДҲ давлатлари ўртасида, айниқса Россия Федерацияси билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Жумладан, саноат кооперацияси 2020 йилда ўз мевасини беришни бошлади. Жумладан, Россия Федерацияси билан ҳамкорликда Рух ва полимер қопламали металл листлар ишлаб чиқарадиган Тошкент металлургия заводи ишга туширилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 420 млн долларни ташкил этиб, йилига 750 минг тоннагача металл ишлаб чиқариш имкониятига эга. Лойиҳага киритилган жами сармоялар 326,6 млн еврони ташкил этиб, шундан 226 млн евро — Россия экспорт-импорт банки кредити, 147 млн евро — ўз маблағлари, 15,1 млн евро — «Асака» банки кредити ҳисобланади[8]. Лойиҳанинг ўзини қоплаш муддати тахминан 8,6 йил.

2021 йилда Тошкентда “Ҳамдўстлик мамлакатлари маданий мероси” конференциясини ўтказиш ҳам режалаштирилган. Ушбу ташаббус БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида БМТ доирасида илгари сурилган – 2021 йилда Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро форумини ўтказиш тўғрисидаги яна бир ташаббусини мукаммал тарзда тўлдиради. Иккала ташаббус ҳам халқаро миқёсда Ўзбекистоннинг маданий алоқаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

Ўзбекистон сўнгги йилларда кўпгина соҳаларда халқаро рейтингини мустаҳкамлади.  Жумладан, бизнесни рўйхатдан ўтказишда 190 давлат орасида 8-ўрин, энг яхши ислоҳотчи мамлакатлар сафига кирди. «Бизнес юритиш» рейтингида мамлакат 7 та позицияга кўтарилди. 10 йил ичида мамлакатнинг Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг кредит хавфи рейтингидаги позицияси яхшиланди.

Ўзбекистон ташқи сиёсатида Афғонистон билан икки томонлама алоқаларни кенгайтиради, афғон муаммосини ҳал қилиш бўйича кўп томонлама ҳаракатларга фаоллигини давом эттиради.

Икки мамлакат ўртасидаги сиёсий муносабатлар ва амалий ҳамкорлик Сурхон— Пули-Хумри электр узатиш линияси ва Мозори-Шариф —  Ҳирот темир йўл қурилиши йирик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувлар амалга оширилади. Термизда очилган Таълим марказини афғонистонлик 136 нафар талаба битирди, 96 нафари — ўзбек тили ва адабиёти йўналиши бўйича бакалавр диплом олди, 40 нафари — рус тили, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик бўйича қисқа муддатли курсларни тамомлади. Бугунги кунда улардан айримлари Афғонистон парламентида, вазирликлари ва муассасаларида ишламоқда, олий таълимда фаолият кўрсатмоқда, мустақил бизнес юритмоқда.

Ўз ташқи сиёсатида Ўзбекистон Афғонистонга урғу берар экан Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган икки минтақа ўртасидаги кўприк вазифасини ўташга хизмат қилиши учун саъй-ҳаракатларини давом эттиради.

Мамлакатимиз анъанавий равишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан мулоқотни ва ҳамкорликни ривожлантиришга муҳим аҳамият беради. Сўнгги йилларда БМТ ва унинг институтлари, шу жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар бошқармаси ва Инсон ҳуқуқлари кенгаши билан ўзаро ҳамкорлик даражасини оширишга эришилди.

Ўзбекистон 2021-2022 йилларда Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиши кутилмоқда. Бу Ўзбекистон ташқи сиёсати учун муҳим институционал фаолият ҳисобланади.

Маълумки ШҲТ доирасидаги савдо айланмаси $ 125 млрдни ташкил этади, ШҲТ  аъзо мамлакатлари аҳолиси Ер шари аҳолисининг 44 % ташкил этади. Бу тузилманинг йилдан йилга ошиб бораётган халқаро аҳамиятини ҳисобга оладиган бўлсак, Ўзбекистон учун жуда муҳим ва масъулиятли йил бўлади. Ўзбекистон ШҲТ фаолиятида энг кўп ва самарали ташаббусларни илгари сураётган давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, гуманитар ҳамда транспорт соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга доир кенг кўламдаги масалаларга алохида аҳамият қаратилган. Ўзбекистоннинг раислиги давомида ана шу йўналишда кўплаб муҳим вазифалар, шунингдек Марказий Осиёдан Афғонистон орқали Жанубий Осиёга тортиладиган транспорт йўлагини барпо этишга қаратилган ишлар ҳам амалга оширилади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминлаш, сўз ва диний эътиқод эркинлиги бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни изчил давом эттиради.

Ўзбекистон ташқи сиёсатда хориждаги ватандошлар билан алоқаларни кучайтириш мақсадида “Ватандошлар” жамғармасини тузишни мақсад қилмоқда. Бундан ташқари халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро дўстлик ва бирдамликни кучайтириш мақсадида БМТ резолюцияси билан ҳар йили нишонланадиган 30 июлни Ўзбекистонда ҳам “Халқлар дўстлиги куни” сифатида нишонлаш таклиф этилди.

Ўзбекистон аввало Марказий Осиё минтақасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш билан минтақада ўзаро ишончга асосланган янги сиёсий иқлим яратмоқда.

Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати дунёдаги етакчи давлатлар ва халқаро сиёсий институтлар томонидан қўллаб-қувватланишига олиб келмоқда.

Ўзбекистоннинг фаоллиги Марказий Осиёда дўстлик, ҳамкорликка асосланган иқтисодий жадал тараққиёт белгиларининг пайдо бўлишига олиб келмоқда.

 

Такрорлаш учун саволлар:

  1. Давлат бошқарувининг самарадорлигига тўсқинлик қилаётган асосий сабаблар қайсилар?
  2. Давлат хизматчилари фаолияти самарадорли ошириш учун қайси вазифаларга эътибор қаратиш зарур?
  3. Қонун устуворлигини таъминлашнинг кафолатлари тизими нималарни ўз ичига олади?
  4. Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари қайсилар?
  5. Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимида охирги йилларда қабул қилинган қандай қонун ҳужжатларини биласиз?
  6. Суд тизимини рақамлаштириш фуқаролар учун қандай енгилликлар олиб келиши мумкин?
  7. Ўзбекистон фуқаролигини тўғридан-тўғри беришнинг асосий сабаблари нималардан иборат?
  8. Ўзбекистонда “маҳаллабай” асосида амалга оширилган камбағаллик қисқартириш бўйича чора-тадбирларни қисқача изоҳланг.
  9. «Устоз-шогирд» тамойилининг ҳунардмандчиликни ривожлантиришни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш шарт-шароитларини тушунтиринг.
  10. Камбағалликни қисқартириш бўйича Сизнингча, қўшимча яна қандай чора-тадбирлар амалга оширилиши зарур деб ҳисоблайсиз? Фикрларингизни асослаб беришга ҳаракат қилинг.
  11. 2017-2021 йиллардаги Ҳаракатлар стратегиясида давлатнинг иқтисодиётдаги ўрнини камайтириш бўйича қандай вазифалар илгари сурилган?
  12. Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришдан кўзланган мақсад нималарда намаён бўлади?
  13. Нефть-газ ва энергетика соҳаларида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
  14. Нима сабабдан рақобатдош саноат занжирларини яратиш ҳақида изоҳ берилди?
  15. Инвестиция сиёсатини юритишдаги ўзгаришларни изоҳлаб беринг.
  16. Тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича қандай қулай шароитлар яратилиши кўзда тутилмоқда?
  17. Жорий йилда Ўзбекистон ташқи сиёсатига алоқадор қандай ҳужжатни такомиллаштириш кўзда тутилган?
  18. Ўзбекистон ташқи сиёсатида қайси минтақа асосий устуворлик берилмоқда?

———————————————————————————————

[1]Adam Szirmai, Wim Naude, Micheline Goedhuys, Entrepreneurship, Innovation, and Economic Development. UK, 2011, English, p.58.

[2] Рақамли иқтисодиёт ривожини солиқ тизимисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиевнинг “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳарририга интервьюси. https://yuz.uz/news/raqamli-iqtisodiyot-rivojini-soliq-tizimisiz-tasavvur-etib-bolmaydi

[3] Хушвақтов И., Аминов Н. “Яшил энергетика” Ўзбекистонда ушбу йўналишдаги ишлар ривожига нималар тўсқинлик қилмоқда? — http://parliament.gov.uz/uz/events/opinion/31244/

[4] Алимов О. Ёқилғи-энергетика соҳасидаги янгича сиёсат – барқарор ривожланиш ва тараққиёт асоси. — https://uza.uz/uz/posts/yoqilgi-energetika-sohasidagi-yangicha-siyosat-barqaror-rivozhlanish-va-taraqqiyot-asosi_217647

[5] https://stat.uz/ — Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари.

[6] Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида” ги  2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармони. — https:// www.lex.uz/

[7] Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2018 йил 21 сентябрдаги «2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5544-сон Фармони. — https:// www.lex.uz/

[8] https://www.gazeta.uz/uz/2020/12/04/tmz/

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>