Мустақиллик дарси

“Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон”

Ҳар йили мустақиллик байрамини алоҳида шиор остида нишонлаш гўзал анъанага айланди. Улуғ шиорлар бутун жамиятнинг мақсад-муддаосини, ижтимоий фикрини ўзида жамлаган. Фуқароларни ягона мақсад йўлида бирлаштирган ва янги зафарларга йўналтириб, реал кучга айланган. Шу маънода ҳар қандай шиор миллатнинг манфаатига мос келиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан 2017 йил 27 июнда “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарор имзоланди. Унда мазкур байрамни “ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари асосида ташкил этиш белгилаб қўйилди.

Қарорда буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бораётгани, Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келаётгани алоҳида қайд этилди.

Қарорнинг энг муҳим жиҳатларидан бири, унда мустақилликнинг 26 йиллик байрамини бешта тамойил ва ғоялар асосида ўтказиш бўйича тавсиялар берилгани бўлди. Жумладан:

“Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз”;

“Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”;

“Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” каби тамойил ва ғоялар асосида мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш, уларни халқимиз онгу тафаккурига сингдириш бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

  

Мустақиллик – буюк келажак пойдевори

 1991 йилнинг 31 август куни республика Олий Кенгашининг ХII чақириқ навбатдаги ташқари VI сессияси иш бошлади. Сессияда мамлакат Биринчи Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида маъруза қилди. Унда шундай сўзлар бор эди:

“Бўлажак мустақил давлатлар…эркин, мустақил ва тенг ҳуқуқли бўлиб қолишлари, ўзларининг миллий давлат тузиш, ташқи бозорга чиқиш, ўзи маъқул топган барча мамлакатлар билан халқаро муносабат ўрнатиш, дипломатик ва консуллик алоқалари масалаларини мустақил ҳал этишлари керак.

Яна таъкидлаб айтаман, бу ҳеч кимниниг буйруғисиз ва аралашувисиз мустақил амалга оширилиши керак. Мана шу шароитга, сабабларга асосланиб, халқимиз хоҳиш-иродасини бажо келтириб, Олий Кенгаш диққатига фақат бир масалани қўймоқчиман: Ўзбекистоннинг мустақиллиги ҳақидаги Қонунни муҳокама этиш ва уни қабул қилишни таклиф этаман.

Бу Қонунда қадимий ва янгиланаётган диёримизда истиқомат қилаётган барча кишиларнинг хоҳиш-иродаси ўз ифодасини топган. Халқимизнинг бу эзгу хоҳиш-иродаси биз учун муқаддасидир”.

Ҳақиқатан ҳам халқимизнинг ушбу хоҳиш-иродаси биз учун муқаддас. Мана, 26 йилдирки мустақиллик бизнинг энг муқаддас туйғумиз, буюк неъматимиз, энг олий қадриятимизга айланди.

 

26 йил мобайнида ўзбек халқи ва Ўзбекистон нималарга эришди?

 – Совет мустабид тузуми даврида Ўзбекистон ҳақ-ҳуқуқига эга бўлмаган, мустабид, қарам мамлакат эди. Бугун биз озод, эркин, демократик, ҳуқуқий, инсонпарвар мамлакатга айландик;

– 26 йил аввал мамлакатимиз жар ёқасига келиб қолган, иқтисодиёти инқирозга учраган, бир ёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлигига асосланган давлат эди. Бугун эса ўз тараққиёт йўлини танлаб олган, ривожланиб бораётган саноат индустриясига эга, рақобатбардош экспорт маҳсулотлари чиқариб, жаҳон бозорларида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган мамлакат;

 

– мустабид совет даврида ўз ташқи сиёсатини мустақил равишда юргиза олиш имконига, дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлмаган мустамлака “давлат” бўлсак, бугун Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётган, турли нуфузли халқаро ташкилотларда ижтимоий тараққиётга оид тинчликсевар ташаббуслари билан тобора эътиборга сазовор бўлиб бораётган, ўзининг мустақил ташқи сиёсатига эга мамлакат сифатида ўз бўй-бастимизни намоён этмоқдамиз;

– мустақилликкача биз фақат собиқ “марказ”нинг “қош-қовоғи”га қараб иш тутадиган, мустақил равишда бирор нарсани режалаштиришга имкони бўлмаган, ҳаттоки, уни тасаввур этишга умиди бўлмаган одамлар эдик. Бугун эса ўзининг ички ва ташқи сиёсатини мустақил равишда юргиза олиш имконига, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига эга, мамлакатни модернизация қилиш, демократик ислоҳотларни тобора чуқурлаштириб бораётган, кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига айланаётган мустақил давлатмиз.

26 йилдирки, энг улуғ, энг азиз байрам-мустақиллик кунини катта шодиёна билан кутиб оламиз, нишонлаймиз. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан бу йил юртимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғоя асосида ташкил этилди.

Бу йилги мустақиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва нишонлашда “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан биргақурамиз” деган тамойилга суяниш, амал қилиш тавсия этилмоқда. Мазкур тамойил катта ва муҳим мазмун-моҳиятга эга.

Бу ерда гап ўзбек халқининг мард ва тантилиги, келажакни ёрқин тасаввур эта олиши ҳусусида кетмоқда. Мамлакатни модернизация қилиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлат бошқарув тизимининг самарадорлигини ошириш каби масалаларни ҳал этиш орқалигина буюк келажакни барпо этиш мумкин. Бунда мақсадни тўғри қўйиш, унга интилиш муҳим ўрин эгаллайди, зеро, буюк бобомиз Мир Алишер Навоий айтгани каби “Талабингга, мақсадингга томон тез қадам бўл, чунки истагувчи-топгувчидир”.

Юртимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ қарорда “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлатидоралари  халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилга алоҳида урғу берилган.

Мазкур тамойилнинг нақадар тўғри эканлигини Шавкат Мирзиёевнинг ўзи амалда исботлаб бермоқда.

Мамлакат Президенти кейинги 8-9 ой мобайнида олиб бораётган сиёсати, халқимиз ижтимоий онгига тобора сингиб бораётган ҳаётдан розилик кайфияти барчамизни эртанги кунга умид билан қарашга ундамоқда. Буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг Ўзбекистон тараққиётидаги беқиёс аҳамияти бугун янада яққолроқ кўринмоқда.

 

Қонун устуворлигини таъминлаш – фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг муҳим гарови

 Мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг муҳим йўналишларидан бири – қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштириш.

Ўтган давр мобайнида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар изчиллигини қуйидаги босқичларга ажратиш мумкин:

Биринчи босқич, 1991-2000 йилларни ўз ичига олиб, бу даврда, янги давлат ва жамият барпо этишнинг оқилона стратегияси ишлаб чиқилди. Суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, мамлакатимиз тарихида илк бор Конституциявий суд қарор топиб, янги мазмундаги умумий юрисдикция судлари, хўжалик судлари жорий этилди. “Судлар тўғрисида”ги Қонун, Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, одил судловга оид бошқа қонунчилик базаси вужудга келди.

Иккинчи босқич, 2001-2009 йилларни ўз ичига олиб, ушбу босқич фаол демократик янгиланишлар ва мамлакатни модернизация қилиш даври бўлиб, бунда иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши, сиёсий ҳаёт, қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизими ва ижтимоий соҳаларни изчил ислоҳ қилиш таъминланди.

Учинчи босқич, 2010 йилдан 2016 йилга қадар бўлган даврни ўзи ичига олиб, мазкур босқичдаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 12 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма йиғилишида сўзлаган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” билан боғлиқ.

Унда кучли фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий давлат барпо этишда суд-ҳуқуқ тизимини изчил ислоҳ қилишнинг энг муҳим жиҳатлари акс этди.

Тўртинчи босқич, 2016 йил сентябрь ойидан кейинги давр бўлиб, ушбу босқичда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”, 2017 йил 20 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши билан сифат жиҳатдан янги давр бошланди.

 

Иқтисодий ислоҳотлар халқ фаровонлиги йўлида

 Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларида бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўзига хос йўлини танлаб, уни изчил амалга ошириши натижасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги бошқа кўплаб мамлакатлардан фарқли равишда, ишлаб чиқариш ва аҳоли турмуш даражасининг кескин пасайиб, давлатнинг ички ва ташқи қарзлари ҳаддан зиёд ошиб кетишига йўл қўймасликка эришди. Иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнлари натижасида мамлакатимиз иқтисодиёти юқори ва барқарор ўсиш суръатларини намоён қила бошлади.

Яъни, 2000 йилда 103,8 фоиздан 2007 йилда 109,5 фоизгача иқтисодий ўсиш суръатлари кузатилган бўлса, 2008 йилдан бошлаб пасайиб ўртача 8,0 фоиз атрофида иқтисодий ўсиш суръати кузатилган. Ушбу даврдаги пасайиш 2008 йилдан бошланган ва ҳозирга қадар ҳам якуни кузатилмаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз оқибатида юз берган.

Мамлакатимизда иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришларни давом эттириш, аҳоли турмуш фаровонлиги ва яшаш сифатини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди.

Ҳаракатлар стратегиясининг учинчи йўналиши иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришга қаратилган бўлиб, қуйидаги вазифаларни ҳал қилиш лозим:

– макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш;

– таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш;

– қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш;

– иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамда унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш;

– вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ҳамда оптимал фойдаланиш.

2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, етакчи тармоқларни модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишда минерал хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича умумий қиймати қарийб 40 млрд. долларга тенг бўлган 649 та инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутувчи тармоқ дастурларини ўз вақтида амалга ошириш белгиланмоқда. Бу борада 8 та ўрта муддатли тармоқ дастурлари қабул қилинган.

Ҳаракатлар стратегиясида мамлакат банк тизимида ўз ечимини кутаётган қатор муаммоларни бартараф этиш кўзда тутилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари қўшма мажлиси йиғилишидаги нутқида: “Бизнинг яна бир муҳим вазифамиз – кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашдан, бу соҳа улушини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришдан иборат. Нега деганда, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади.

Мен такрор бўлса ҳам, айтишдан ҳеч қачон чарчамайман, яъни “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”.

Шунинг учун бундан кейин тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиш – давлат сиёсатига, Президент сиёсатига тўсқинлик қилиш, деб баҳоланади. Принципиал жиҳатдан ғоят муҳим бўлган бу позициямизни яна бир бор алоҳида таъкидлаб ўтишни муҳим ва зарур деб ҳисоблайман”, деб таъкидлади.

 

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш

2017 йил 14 январь куни “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” деб номланган мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузада қариялар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича тасдиқланган дастурни амалга ошириш алоҳида назоратга олиниши кераклигини, ҳар бир имтиёз ва ижтимоий ҳимоя чораси ўз эгасига етиб бориши даркорлиги таъкидланди.

2017 йил 2 февралдаги “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ПҚ-2753-сонли қарорда 2017 йил февраль ойидан бошлаб:

биринчидан, барча турдаги пенсияларни тўлаш ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда амалга оширилиши;

иккинчидан, 58 тоғли ва олис туманларда жойлашган бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи тўлаш, шунингдек, ушбу туманлар аҳолисига ижтимоий тўловлар ҳам ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда амалга оширилиши;

учинчидан, олий ўқув юртлари талабаларига стипендия тўлаш 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорда нақд шаклда амалга оширилишини белгилаш;

шу билан бирга, Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси ва почта хизмати ташкилотларига пенсияларнинг узлуксиз, тегишли ойнинг 27 санасидан кечиктирмай тўланишини таъминлашга доир қатъий топшириқлар берилди.

 

Мамлакатимизда таълим, илм-фан ва техника тараққий эттирилади

 Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримов ташаббуси билан таълим тизимини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилиб, мустақил Ўзбекистонда узлуксиз таълим тизимидаги ислоҳотлар 1992 йил 2 июль куни “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши билан бошланди. Мазкур қонунга кўра таълим-тарбияда миллий ва умуминсоний қадриятлар, тарихий тажриба, халқимизнинг узоқ йиллар давомидаги илмий ва маданий анъаналари ҳамда жамият ривожининг истиқболлари асос қилиб олинди.

2012 йилнинг 16-17 февралида 48 давлатдан таълим тизими мутахассислари қатнашган “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзуида халқаро конференцияда Ўзбекистоннинг Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва таълимнинг узлуксизлиги юксак баҳоланди.

Мустақиллик йилларида мамлакатмизда, жумладан вилоятларда янгидан-янги ўқув юртлари очилди. 1992 йилда 8 та вилоят педагогика институтларига университет мақоми берилди. Бундай янгиланиш вилоятларда университет таълимини ташкил этиш, бу жойларда илмий-маърифий ишларни ривожлантириш, энг олис ва чекка шаҳарларни маданий-маърифий марказга айлантириш мақсадида амалга оширилди.

2002 йили Буюк Британиянинг Халқаро Вестминстер ва Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетларининг, 2006 йили М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиаллари, 2007 йили И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, 2008 йили Сингапур менежментни ривожлантириш институти, 2009 йили Италиянинг Турин политехника ва 2014 йили Жанубий Кореянинг Инха университетларининг филиаллари очилди.

2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2016 йил 13 майдаги ПФ-4797-сон Фармони асосида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилди.

Жорий йил 20 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олий таълим даражасини сифат жиҳатидан ошириш ва тубдан такомиллаштириш, моддий-техника базани мустаҳкамлаш ва замонавий технологиялар билан жиҳозлаш бўйича олий таълим тизимини 2017-2021 йилларда комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди.

Мазкур дастур асосида тизимда салмоқли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, дастур доирасида 183 та объект (100 та ўқув бино, 50 та ТТЖ, 11 та спорт зал, 22 та ёрдамчи бино)да қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Ушбу мақсадда жами 1 трлн. 711 млрд. 214 млн. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

2017/2018 ўқув йили учун қабул квоталари бакалавриатга 66 316, магистратурага 5 000, махсус сиртқи 420 нафар тасдиқланди. 6 та янги йўналиш очилди. Абитуриентлардан 729 947 та ариза тушди. Мақсадли қабул квоталари бўйича 2 568, олис чўл туманларидан 131 нафар абитуриент қўшимча грант асосида ўқишга тавсия қилинди. Тест синовлари натижалари бўйича олий таълим муассасалари бакалавриатига жами 66 447 нафар талаба ўқишга кирди.

Янги ўқув йилида 3 та филиал ва 1 та институт ташкил этилди.

2017 йил Инвестиция дастурига мувофиқ, жами 6 та олий таълим муассасаларининг 15 та объектида қурилиш тиклаш ҳамда жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Тизимдаги таълим муассасаларида 152 та қозон профилактик таъмирлаш, 89 та қозонхоналар жорий таъмирлаш ишларига 1 045,0 млн.сўм маблағ ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
9 августдаги ПҚ-3183-сон қарорига мувофиқ олий таълим муассаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимлари ташкил этилди.

 

Аёл – энг аввало, она!

 Аёл – энг аввало, она! У саломат экан, фарзанд ҳам соғ бўлади. Бинобарин, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. “Соғлом она – соғлом бола” тамойили асосида ишлаб чиқилган ўзига хос тизим бугун салмоқли натижалар бераяпти.

2011 йилда Ўзбекистон ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатаётган давлатлар ўнталигига киритилгани бунинг ёрқин далилидир.

Давлатимизнинг хотин-қизларга бўлган эътибори, уларнинг репродуктив саломатлиги билан бир қаторда уларни маънавий юксалтириш келажак авлодимизни комил инсон қилиб етиштириш гарови ҳисобланади. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида қиз болаларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни, хорижий тилларни эгаллашлари, ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб, ҳаётдан муносиб ўрин топишлари учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этиш муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассилари билан бўлган учрашувда қайд этганидек, “Аёлларимиз иболи, ҳаёли. Баъзи масалаларда шифокорга бориб дардини бемалол айтавермайди. Шу боис хотин-қизлар учун алоҳида поликлиника ташкил қилишимиз керак. Токи улар бориб ўзини қийнаётган масалада бемалол фикрлашсин. Чунки эртанги кунимизнинг давомчиларини соғлом дунёга келтириш кўп жиҳатдан аёлларимизнинг саломатлигига боғлиқ”.

Ўзбекистон олималари қатор ютуқларга эришмоқда. Республикамиз хотин-қизлари орасида 6 нафар академик,
500 дан зиёд фан доктори ва 5000 га якин фан номзодлари мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Республикамиз бўйича олий таълим муассасаларида таълим бераётган аёл профессор-ўқитувчилар сони 10 000 га етди.
1993 йилда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан “Олима аёллар жамияти” ташкил этилди, кейинчалик у “Олима аёллар ассосацияси” деб номланди. Бугунги кунга келиб мамлакатимизда 100 га якин хотин-қизлар ноҳукумат ташкилотларида фаолият юритмоқда.

 

Ёшларга оид давлат сиёсати – жамият ривожининг омили

 Ўзбекистонда 1991 йил 20 ноябрда «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги Қонун, 2016 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги янги Қонуни қабул қилинди.

Ёшларга оид давлат сиёсати муҳим сиёсий йўналиш сифатида изчил жараён бўлиб, у ёшлар мавқеи ва ҳаёти билан боғлиқ бўлган воқеликнинг бош хусусиятларини ўзида мужассам этади.

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ПФ-5106-сонли Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этиш мақсадида Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати негизида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди.

Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил топган кун – 30 июнь санаси мамлакатимизда “Ёшлар куни” сифатида нишонланади.

Ёшлар иттифоқи республикамизда ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилишида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорликни таъминловчи, “Ёшлар – келажак бунёдкори” шиори остида профессионал фаолиятни амалга оширувчи тузилмага айланади.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи ваколатли идоралар фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ташкил этиш, натижаси бўйича таъсирчан чоралар кўриш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳуқуқий ва амалий ваколатлари кенгайтирилди, тегишли имконият ва имтиёзлар берилди.

2017 йил 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг қўшма қарори ва у асосида олий таълим тизимидаги бошланғич ташкилотлари структураси тасдиқланди.

2017 йил 5 август куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши билан келишилган “Олий таълим тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури” тасдиқладик. Унга кўра олий таълим муассасаларига “Олий таълим муассасасининг Ёшлар иттифоқида ишлаган 35 ёшдан ошган кадрларини шу таълим муассасасида олиб қолиш, яъни унга турли йўналишдаги лавозимлардан бирини бериш чорасини кўриш” топшириғи берилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимларида самарали фаолият юритаётган ходимларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларни давлат бошқаруви органларидаги кадрлар захирасига киритиш механизми ишлаб чиқилмоқда.

Олий таълим муассасалари талаба-ёшлари билан вазир ва унинг ўринбосарларининг очиқ мулоқотлари жадвалини тасдиқладик ҳамда ОТМлар раҳбарларига шундай жадвал тузиш топшириғи берилди.

Олий таълим муассасаларида Ёшлар иттифоқи учун 2 тадан хона ажратилди ва уларнинг Кенгаш йиғилишларини “Маънавият хонаси”да ўтказиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

 

Маънавият, маданият ва спорт – барқарор ривожланишнинг муҳим омили

 Ўзбекистонда маънавий янгиланишлар, аввало, тил сиёсатида ўз ифодасини топди. Дарҳақиқат, мустақиллик арафасидаёқ ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши  катта тарихий аҳамиятга эга бўлган ҳодиса бўлди.

Давлат тили мақоми 1992 йил декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Конституциянинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир” деб қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан 1993 йил 2 сентябрда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, янги алифбо ўзбек тилининг миллий хусусиятларини ёзувда мукаммалроқ  акс эттириш имконини берди.

Мустақиллик йилларида амалга оширилган улкан ишлардан яна бири – илм-фан ва маданият ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларнинг таваллуд айёмлари нишонланишига ўзбек халқи давлатчилиги, илм-фани, маданияти тарихини, мустабид тузум йилларида унутилган буюк аждодларимизнинг муборак номларини қайта тиклашдек олижаноб ишнинг  узвий бир қисми сифатида қаралди.

Ислом олами донишмандлари Исо ат-Термизийнинг
1200 йиллиги, Исмоил ал-Бухорий таваллудининг 1225, Абу Мансур ал-Мотурудийнинг 1130, Маҳмуд аз-Замахшарийнинг 920, Нажмиддин Кубронинг 850, Бурхониддин ал-Марғинонийнинг 910, Баҳовуддин Нақшбанднинг 675, Хўжа Аҳрор Валийнинг 600 йиллиги кенг нишонланди.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1990 йил 2 июндаги “Мусулмонларнинг Саудия Арабистонига ҳаж қилиши тўғрисида”ги Фармонига биноан, 1990 йилдан бошлаб Ўзбекистон мусулмонлари Макка ва Мадинага хаж қилиш имкониятига эга бўлдилар. Президентнинг махсус Фармони билан Рўза ҳайити ва Қурбон ҳайити кунларининг доимий суръатда байрам қилиниб, дам олиш куни, деб эълон қилиниши ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг халқимизнинг қадимий анъаналарига нисбатан ҳурмат ва эҳтиромининг белгиси бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2003 йил 3 июндаги “Ўқувчи ва талаба ёшларни спортга жалб этишга қаратилган узлуксиз спорт мусобақалари тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги 244-сонли Қарори қабул қилинди. Мазкур Қарор дунёда ўхшаши бўлмаган уч босқичли ноёб тизим – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва “Универсиада” спорт мусобақалари бўлажак етук спортчилар учун ўзига хос пиллапоя вазифасини ўтамоқда. Олий таълим муассасалари талаблари ўртасида “Универсиада” спорт мусобақалари 2000 йили Наманган вилоятида, 2002 йили Бухоро, 2004 йили Самарқанд, 2007 йили Тошкент шаҳрида, 2010 йили Андижон, 2013 йили Бухоро вилоятида, 2016 йили Фарғона вилоятида ўтказилди. Дастлаб Универсиада мусобақалари 9 та спорт тури бўйича ташкил этилган бўлса, бугунги кунга келиб спорт турлари 15 тага етди. Булар спортнинг баскетбол, волейбол, эркин кураш, юнон-рум кураши, дзю-до, таэквондо, енгил атлетика, оғир атлетика, теннис, стол тенниси, футбол, гандбол, шахмат, сузиш ва бокс турларидир.

Ўзбекистон Универсиадалари талаба-ёшларимизни Осиё, жаҳон ва халқаро ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиши ва энг қимматли ғалабаларни қўлга киритишларида ўзига хос пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI Ёзги Олимпиада ва XV Паралимпия ўйинларида  Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 25 нафар талаба спортчиларимиз иштирок этиб, 13 та медал (3 та олтин, 2 та кумуш ва 8 та бронза)ни қўлга киритдилар.

Ўтган давр мобайнида талабаларнинг 336 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти, 843 нафари  “Беруний”, 1 131 нафари “Навоий”, 552 нафар “Улуғбек”, 241 нафари “Ибн Сино”,  38 нафари “Имом ал-Бухорий” номли давлат стипенидиялари совриндорлари бўлишди.

Сизларга шу йўлда омад тилаймиз!

Ислом Абдуғаниевич КаримовЎзбекистон Республикасининг биринчи Президенти

 Юқорида кўриб чиқилган ютуқларимизда асосий рол ўйнаган шахслардан бири – Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовдир! Биз бугун мустақиллик ҳақида сўзлаб туриб, у киши ҳақида тўхталмасак, адолатдан бўлмайди.

Халқимиз ўзининг қисқа муддат – 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларини айнан Президент Ислом Каримов номи билан боғлайди ва шу улуғ инсоннинг беқиёс хизматлари деб кўради.

Биринчи Президентимиз бошлаб берган оламшумул ислоҳотлар бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида изчил давом эттирилмоқда.

ИАКфотоХайкл

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги сўзи

Қадрли ватандошлар!

Ҳурматли Татьяна Акбаровна!

Азиз меҳмонлар!

Бугун сизлар билан азим Тошкентнинг табаррук маскани – Оқсарой қароргоҳи олдида муҳим тарихий воқеа муносабати билан тўпланиб турибмиз.

Буюк давлат ва сиёсат арбоби, мустақил давлатимиз асосчиси, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти муҳтарам Ислом Абдуғаниевич хотирасига бағишлаб бунёд этилган ҳайкалнинг очилиш маросимида иштирок этмоқдамиз.

Ислом Абдуғаниевич бутун умрини жонажон Ўзбекистонимиз учун, унинг озодлиги ва буюк келажаги учун бағишлади.

Ислом ака тарихимизнинг энг мураккаб ва оғир даврида – миллатлараро зиддиятлар авж олган, иқтисодиёт чуқур инқирозга учраб, республикамиз жар ёқасига келиб қолган кескин ва таҳликали бир шароитда мамлакатга раҳбарлик қилиш масъулиятини ўз зиммасига олдилар.

Ватанимиз тарихида янги давр бошланган кун – 1991 йил 31 августда Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилдилар ва чорак аср давомида давлатимизни изчиллик ва собитқадамлик билан бошқардилар.

Биринчи Президентимиз раҳбарлиги остида тарихан қисқа даврда юртимизда кенг кўламли таркибий ислоҳотлар амалга оширилди. Юқори технологияларга асосланган янги саноат тармоқлари барпо этилди ва ривожлантирилди. Замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари бунёд этилди. Қишлоқ хўжалигида чуқур ислоҳотлар амалга оширилди.

Ислом Абдуғаниевич бошчилигида Ватанимиз мустақиллиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган замонавий миллий армия барпо этилди.

Буюк Юртбошимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда маънавий қадриятларимизни тиклаш, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Ислом Абдуғаниевич ўз ҳаёти ва фаолиятининг мазмуни бўлган “Биздан озод ва обод Ватан қолсин!” деган эзгу ғояни илгари сурдилар ва бу даъват барчамизнинг қалбимиздан чуқур жой олди.

У киши “Элим деб, юртим деб, ёниб яшаш керак” деган ўзининг ғоясига бир умр амал қилиб, келажак авлодлар учун буюк ибрат мактабини яратдилар.

Ислом ака миллатнинг ҳақиқий етакчиси сифатида она халқини, гўзал ва бетакрор Ўзбекистонни жонидан ҳам ортиқ севар, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқаришни ўз ҳаётининг бош мақсади, деб билар эдилар.

Ўз навбатида, халқимиз ҳам доимо эл-юрт ташвиши билан яшаган Биринчи Президентимизни чексиз меҳр билан севар ва ўзининг улуғ раҳбари сифатида у киши билан ҳақли равишда фахрланар эди.

Ҳурматли ватандошлар!

Биринчи Президентимизнинг хотирасини абадийлаштириш учун халқимиз, кенг жамоатчиликнинг хоҳиш-истаклари ва таклифларини инобатга олиб амалга ошираётган ишларимиз, ўйлайманки, барчангизга яхши маълум.

Тошкент шаҳридаги халқаро аэропорт, Тошкент давлат техника университети, Асака автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, пойтахтимиз ва ҳудудларимиздаги марказий кўчалар, Оқсарой қароргоҳида ўз фаолиятини бошлаган илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, махсус хайрия жамоат фонди Ислом Абдуғаниевичнинг муборак номлари билан аталди.

2 сентябрь куни хайрли ишларимизнинг давоми сифатида Ислом Абдуғаниевич туғилиб вояга етган, мангу ором топган азим Самарқанд шаҳрида улуғ Йўлбошчимизнинг ҳайкали очилишига бағишланган маросим ўтказилади.

Шунингдек, Қарши шаҳрида ҳайкал ўрнатиш ва Самарқанд шаҳрида ёдгорлик мажмуасини барпо этиш бўйича бошлаган ишларимизни тўлиқ якунлаб, у кишининг туғилган кунига 80 йил тўладиган сана – 2018 йил 30 январда тантанали очилиш маросимини ўтказамиз.

Муҳтарам дўстлар!

Биринчи Президентимиз ҳаётининг энг фаол ва жўшқин пайтини – талабаликдан бошлаб умрининг охирига қадар бўлган даврни азим Тошкент шаҳрида ўтказдилар. Ўзларининг бор билим ва салоҳиятини, ғайрат-шижоатини Ўзбекистонимизнинг барча ҳудудлари қатори пойтахтимизнинг янада обод ва кўркам бўлишига, гуллаб-яшнашига бағишладилар.

Ислом Абдуғаниевич Тошкентни Ватанимизнинг олтин остонаси, деб атар эдилар.

У кишининг “Тошкент тимсолида Ўзбекистонни, Ўзбекистон тимсолида Тошкентни кўрамиз”деган чуқур маъноли сўзларини шу бугунги тарихий кунда яна бир бор эсга олиш ўринли, деб ўйлайман.

Биринчи Президентимиз томонидан барпо этилган мана шу қароргоҳда у кишининг давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг энг ёрқин дамлари ўтган эди.

Айнан шу ерда халқимиз, мамлакатимиз тақдири ва келажагига оид ғоят муҳим бўлган кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилингани сизларга яхши маълум.

Бундан бир йил олдин бошимизга тушган оғир мусибат туфайли ҳувиллаб қолган Оқсарой қароргоҳи бугун Ислом аканинг меҳрли сиймоси туфайли янада очилиб, нурафшон бўлиб, эл-юртимизни ўз бағрига чорламоқда.

Бугун ушбу қароргоҳ олдида халқимиз, давлатимиз номидан буюк Йўлбошчимизнинг хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатар эканмиз, ўйлайманки, барчамиз Ислом Абдуғаниевичнинг бу муаззам ҳайкали шу майдонга алоҳида улуғворлик ва салобат бағишлаб турганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Ишончим комил, бугундан бошлаб ушбу мажмуа бутун халқимиз учун бир умрга қутлуғ ва табаррук қадамжо бўлиб қолади, албатта.

Тошкент аҳли, мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларидан келадиган ватандошларимиз, чет эллик меҳмонлар, давлат ва жамоат арбоблари бу ерга ташриф буюриб, ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб, Биринчи Президентимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирадилар.

Бу масканга қадам қўйган ҳар бир инсон муҳтарам Ислом Абдуғаниевич юрган йўлаклардан, хиёбонлардан ўтиб, музей билан яқиндан танишиб, истиқлолимиз меъмори ва асосчиси билан хаёлан учрашгандек, мулоқот қилгандек бўлади.

Барчамизга яхши маълум, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашида ҳам Ислом Абдуғаниевичнинг хизматлари беқиёсдир.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги маросимда иштирок этаётган, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатларнинг элчилари ва дипломатик корпус вакилларига Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасига кўрсатаётган ҳурмат ва эътиборлари учун чин қалбимдан миннатдорлик билдиришга рухсат этгайсиз.

Азиз дўстлар!

Ишонаман, Ислом Абдуғаниевичнинг муҳташам ҳайкали қад ростлаган ушбу қутлуғ маскан халқимиз, барча ёшларимиз учун Ватанга юксак меҳр ва садоқат кўрсатиб яшашнинг чинакам тимсолига айланади, катта тарбия ва ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Орадан йиллар, асрлар ўтади, муҳтарам Биринчи Президентимизнинг номи ва у киши бошчилигида амалга оширилган буюк ишлар юртимизнинг шонли тарихида ўчмас саҳифа бўлиб мангу қолади.

Эътиборингиз учун раҳмат.

***

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фильм намойиш этилади.

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

 ЎзМУ Ахборот хизмати

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>