«Навоий — 30″да тинглаб ҳикоя

 

Бугуннинг энг қизиқ, нақадар ҳаётий китоби бўлган «Навоий — 30″ асарини ўқиганлар дармонда, ўқимаган армонда, дейди Дониш домла.

IMG_20220227_145554

«Навоий – 30»га сайр!
«ОЙДИН»ДА ЮРГАН ОДАМЛАР
Ёдингизда бўлса, ёзувчи Тоғай Муроднинг шундай деб аталадиган гўзал бир қиссаси бор. Лекин ҳозир гап бу асарнинг қаҳрамонлари тўғрисида эмас, балки «Ойдин»да юрган одамлар ҳақида.
Таржимон Низом Комилов билан Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида беш-олти йил бир хонада ўтириб ишладик. Иккаламиз ҳам бош муҳаррир ўринбосари эдик.
Низом ака ринд табиатли, улфати кўп одам эмасми, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев, Машраб Бобоев, адиб ва кинорежиссёр Учқун Назаров, машҳур актёр Наби Раҳимов, композитор Мирсодиқ Тожиев, истеъфодаги полковник Эркин Муяссарович, врач Одилжон Мухторов, назарбеклик Комил қассоб, айниқса, «Ойдин» газетасининг бош муҳаррири, таржимон Миад Ҳакимов қалин оғайнилари эди.
Миад ака гоҳ-гоҳ Ленин кўчасидаги курантли бинода жойлашган идорасидан телефон қилиб, гавдасига ярашмаган ўткир, янгроқ овозда:
– Хажжайип бормилар? Телефонга чақирворинг, – дерди. Бошда «Хўжаев ким экан?» деб ҳайрон бўлардим, кейинчалик билсам, Тошкентда 20-йилларда яшаб ўтган большевик арбоб Низомиддин Хўжаевга нисбат бериб, Низом акани шундай деб чақирар экан.
Жуссаси кичкина, паст бўйли Миад Ҳакимов совет даврида ўзбеклардан камдан-кам одамга насиб этган олий ўқув юртини – Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО)нинг туркийшунослик бўлимини битирган бўлиб, жуда кўп китоб­ларни, жумладан, Азиз Несин асарларини ўзбекчага ўгирган моҳир таржимон эди.
Турк адибининг у киши боплаб таржима қилган «Мушт кетди», «Ҳуштак афандим», «Ғаройиб болалар» сингари китоблари ўзбек ўқувчилари орасида ниҳоятда машҳур эди. Кулавериб, ичагингиз узиладиган бу асарларни дастлаб ўқиганимда, уларда тасвирланмиш воқеалар менга айнан СССР, жумладан, совет Ўзбекистони ҳаётидан олиб ёзилгандек туюлган ва бундан қаттиқ ҳайратга тушган эдим. Баъзан ҳатто ақл бовар қилмайдиган бу ҳикоя-ҳангомаларни Миад ака ўзи тўқиб чиқариб, Азиз Несин номидан эълон қилмасмикан, деган хаёлга ҳам борганим рост.
Агар муаллифнинг «Даҳшатли туш», «Демократия шунқори», «Пулимга яраша ер беринг», «Сигарет қутисидаги арз-додлар» каби ҳикояларини ўқиган бўлсангиз, сиз ҳам фикримга қўшилишингиз аниқ.
Ёзувчининг Москвада, рус тилида босилган китоблари билан танишгандан кейин шубҳа-гумонларим тумандек тарқаб, социалистик шўро давлати билан капиталистик Туркияда хўрознинг бир хил қичқиришига ишонч ҳосил қилган эдим.
Миад аканинг ажабтовур феълини, теша тегмаган гапларини ҳозир ҳам завқланиб эслайман.
Масалан, бирор нарсадан сиқилиб турган бўлсангиз, ингичка қошларини чимириб, «Кўнглингизни афғоннинг иштонидай кенг қилинг, ёш кадр», деб тасалли берарди.
У каттаю кичик барча суҳбатдошларига мана шундай – «ёш кадр» деб мурожаат қиларди.
Улфатчиликда деярли газак қилмас, лекин бунинг сабабини Михаил Шолоховнинг машҳур қаҳрамони Андрей Соколовдан фарқли ўлароқ, бошқача изоҳларди:
– Ёш кадр, бу ўзи буғдойдан бўлган – тўқ тутади.
Дўстлар даврасини қанчалик яхши кўрмасин, улфатлари қанчалик қистамасин, Миад ака шанба-­якшанба кунлари бўладиган дилкаш суҳбатларда умуман иштирок этмас, боисини сўраганимда бир сафар шундай деб тушунтирган эди:
– Бунақа бемаъни ишларни иш куни, яъни ҳукумат ҳисобидан қилиш керак…
Бир куни менга тўсатдан қўнғироқ қилиб:
– Ёш кадр, бизнинг газетамизга тўғри келадиган ҳикоянгиз борми? – деб сўради, кейин жавобимни ҳам кутмасдан: – Гонорари нақд лекин, – деб қўшиб қўйди.
Мен Миад ака билан анчадан буён таниш бўлсам-да, аммо шу пайтгача «Ойдин» газетасининг биронта сонини қўлимга ушлаб, кўзим билан кўрмаган, бинобарин, унга нима тўғри келиши ёки келмаслигини билмас эдим. Билганим шу эдики, шак­лан туман газетасига ўхшаб кетадиган ушбу нашр чет элдаги ватандошлар учун ўн беш кунда бир марта, араб ёзуви ва урушдан олдинги лотин алифбосида ўзбек тилида чоп этилади. Назаримда, бу газета махсус хизматлар томонидан қаттиқ назорат қилинадиган ва унинг бош муҳаррири полковник бўлмасаям, энг камида майор ёки капитан унвонига эга сирли шахс бўлиб туюлар эди.
Низом ака бу тахминимни эшитиб, кулиб юборди. Унинг айтишига қараганда, «Ойдин» мен ўйлаган нашр эмас, бўйи бир ярим метрга ҳам етмайдиган Миад Ҳакимовнинг ҳатто «оддий аскар» деган унвони ҳам йўқ экан.
Мен тафтишни давом эттириб, бордию биронта ҳикоям газетага тўғри келиб, чоп этиладиган бўлса, уни ким ўқийди, деб қизиқдим. Умуман, бу ғалати газетанинг муассиси, муштарийлари ким? Обуначилари борми?
Бу саволларга Низом ака берган узуқ-юлуқ жавобдан маълум бўлдики, «Ойдин» хорижий мамлакатлардаги ватандошлар билан маданий алоқалар бўйича республика «Ватан» жамиятининг нашри афкори бўлиб, беш минг нусхада босилар ва қандайдир алоҳида рўйхат асосида «Халқаро почта» идораси орқали чет элларга бепул тарқатилар экан.
Энг қизиғи, деди ҳамхонам шивирлаб, бу рўйхат Иккинчи жаҳон урушидан олдин, тахминан 30-йилларда тузилган, ундаги аксарият манзил эгалари вафот этган ёки бошқа жойга кўчиб кетгани сабабли кўпинча юборилган газеталар дунёни айланиб-айланиб, яна она маконига қайтиб келади.
Обуначиси, ўқувчиси қолмаган бўлса, нима кераги бор бу дардисарни чиқариб, деган саволимга у киши: «Ойдин» ўз вақтида КПСС Марказий Комитетининг қарори билан ташкил этилган, бинобарин, уни фақат шу идоранинг қарори билан ёпиш мумкин. Қолаверса, бу мафкура масаласи, билдингизми?» деб жавоб берди.
Бош муҳаррирнинг ўзи бу масалани кўтариб чиқса бўлмайдими, нима қилади ҳам жамоанинг умрини, ҳам давлатнинг пулини елга совуриб, деган мазмундаги саволимни эшитиб, ҳамхонам менга худди телбага қарагандек ғалати тикилиб қолди.
«Жиннимисиз, нима, Миад ака сизга ўзи ўтирган шохга болта урадиган аҳмоқми? – деди салмоқлаб. – Бинойидай редакция бўлса, ўнтача ходими бор, ойлиги, гонорари тайин, тагида «Волга» машина. Бу гапни менга айтдингиз, ўзига айта кўрманг – қаттиқ хафа бўлади».
«Майли, айтмаганим бўлсин, – дедим кулиб, – лекин, бу қайтиб келган газеталарнинг тақдири нима бўлади? Беш минг нусха дегани ҳазилакам гап эмас-ку?»
«Нима бўларди, – деди Низом ака сигарет тутатиб, – редакция ходимларига, муаллифларга, мана, бизга ўхшаган таниш-билишларга тарқатиб юборишади. Биз ҳам ватандошмиз-ку, ахир, тўғрими? Ҳали ҳикоянгиз чиқиб қолса, кўрасиз, Миад ака сизга эллик нусха газета совға қилади».
Ҳақиқатан ҳам, у киши рост айтган экан – вақ­ти-соати етиб, «Онамнинг юрти» деган ҳикоям «Ойдин» газетасида босилиб чиқди. Уни чет элдаги биронта ватандош ўқидими-йўқми – билмайман, аммо қалин, сифатли оппоқ қоғозда, чиройли араб ва лотин ҳарфлари билан чоп этилган газетадан эллик нусхасини таҳририят менга тортиқ қилди.
Орадан қирқ йиллар ўтган бўлишига қарамасдан, «Ойдин»нинг ўнлаб ўша нусхалари шахсий архивимда ҳамон безавол сақланади…
«Ойдин»да юрган, яъни шу даргоҳда хизмат қи­ладиган ғаройиб одамлардан бири Жўра қори Бў­такўз эди. Ушбу сатрларни ёзаётган пайтимда – 2020 йили ёши тўқсондан ошиб кетган бу киши Америкада соғ-саломат умргузаронлик қиларди. «YouTube»да «Мистер Отабек» тахаллусли блогер билан қилган суҳбатини ҳам кўрган эдим.
80-йилларнинг бошида эса бу ҳайратомуз тақдир соҳибини мен Миад Ҳакимов ва Низом Комиловнинг ҳикоялари орқали ғойибона танирдим.
Аввало, унинг «Бўтакўз» деган тахаллуси ҳар қандай одамда ҳам қизиқиш уйғотарди.
Кейинчалик, аниқроғи, 2013 йили Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётида Жўра қорининг «Бўтакўзнома» номли китоби босилиб чиқди.
Ана шу китобда муаллиф бу ҳақда шундай деб ёзади:
«Мен ижтимоий кўринишга сиёсий тасаввур билан қараб, «Бўтакўз» лақабини олувдим. Бўтадан муродим – бўталоқ, кўздан мақсад – унинг маъсум кўзи эди. Туянинг устидаги ғул (кишан), бурнидаги арқон, арқоннинг учи сарбонда, сарбон мақсад-манзили сари етакламоқда. Бўталоқ эса, онанинг кетидан бу сафардан бирор нарса фаҳмламай кетмоқда.
Мустабидлар Ўрта Осиёнинг ер ости бойлик­ла­рини полвон машиналарда кавлаб чиқариб, қатор-қатор вагонларда ташиб кетмоқда. Ўрта Осиё халқлари бойликларини ташиб кетмоқдалар. Ўрта Осиё улуслари қўл қовуштириб турмоқдалар. Бундан бош­қа чоралари ҳам йўқ. Мана шу тасаввур «Бўтакўз» лақабини олишимга сабаб бўлувди».
Ушбу китобда муаллифнинг айрим воқеа-ҳодисалар, тарихий шахсларга берган баҳолари қанчалик тўғри экани ҳақида бир нарса дейишим қийин, лекин ифода усулига кўра асар зўр детектив каби мароқ билан ўқилади.
Унинг лоақал қуйидаги саҳифалари билан танишган одам асли Андижоннинг Дардоқ қишлоғида дунёга келган, умрининг асосий қисмини Ватандан олисда – чет элларда ўтказган Жўра қори Бўтакўзнинг қандай инсон бўлганини аниқ билиб олади, ҳеч қандай шарҳу изоҳга ўрин қолмайди.
«… Ўзбеклар турмушидан олинган «Ўтган кунлар» романини Закибей Валидийнинг «Туркистон тарихи» асари билан бирга ўқиб, кўп ҳаяжонландим. «Ўтган кунлар» китобида сўзлар халқона бўлиб, кўринишлар миллий эди. Миллий туйғу, миллий руҳда ёзилганлиги аён кўриниб турарди.
Ўша даврда Афғонистондаги ўзбеклар афғонлаша борди. Ҳиндистондаги ўзбеклар ўзаро урдуча, панжобийча гаплашадиган бўлиб кетмоқда эди. Ўшаларга ўхшаб Туркияда яшаётган ватандошлар ҳам ўзбеклигини унутиб, туркча гаплашадиган бўлиб қолишди. Қизиғи шундаки, уялмай-нетмай туркча гаплашатуриб, миллатчиликдан даъво қилишади. Ўзларини миллатчи деб билишади-ю, миллатчи деб танилишни истайдилар-у, маданий жиҳатдан йўқола бораётганларини сезмайдилар.
Ўша кунлари домла Закибейнинг «Туркистон тарихи»ни ўқиб, ватандошлар ҳеч бўлмаганда юртимиз озод бўлгунча ўз миллий тилимизни йўқотмай, ўзбек тилимизни бегона таъсирлардан сақлаб, классик адабиётимизни, мусиқамизни, айниқса, мақом йўлларини фаҳмлаб турса, яхши бўларди, деган туйғу менда кучая борди. Чунки домла Закибейнинг асари ҳам туркча эди.
Мен келажакда юртимизнинг озод бўлиши йўлидаги мужодалада ўз тусимиз билан, мавжудиятимиз билан турсак, табаррук ҳаракатларда иштирок этиш шарафига ноил бўлиб қолармиз, деган умидда эдим.
Юқоридаги орзуларимни рўёбга чиқариш учун Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романини қайта чоп эттириб тарқатишни афзал кўрдим…
Боязид кутубхонасида 1958 йили Тошкентда кирилл ҳарфида чоп этилган «Ўтган кунлар» бор экан, Ғурий Махдумга ўқитиб қарасам, бу китоб билан Закибей Валидий берган, 1926 йили Самарқандда араб ҳарфида нашр қилинган роман орасида катта фарқ бор экан. Буни кўриб, ҳайратда қолдим.
Энди «Ўтган кунлар» асарининг асл нусхасини қайта чоп этиш зарур бўлиб қолди-ку, деб қарор қилдим. Қароримни Закибей Валидийга айтдим.
– Жуда кўп пул керак. Ватандошлар ёрдам қилмайди. Китобни пулга сотиб олишмайди ҳам. Ҳатто китобни қўлига берсанг ўқишмайди, ўқишолмайди. Натижада кўп хафа бўласан, катта пул сарф қилиб қолаверасан, маъюс бўласан, сендек содиқ дўстнинг миллий фаолиятдаги маъюслигини кўриб, биз ҳам хафа бўламиз, – деди у.
Закибей домладан ўшандай мулоҳаза олган бўлсам-да, қароримда қатъий туриб ҳаракат бошладим. У даврда Истанбулда араб тилида фаолият кўрсатадиган ҳеч қанақа чопхона йўқ экан. Усмонли давридан бери ишлатиб келинаётган араб тилидаги матбаалар йўқ қилинган.
Энди чет элга чиқиш керак эди. Чет элга чиқиб китоб чоп қилиш учун катта миқдорда пул керак. Шунинг учун отелим (меҳмонхона – нашр.)ни сотиб, катта комиссион тўлаб, чет элга пул чиқаздим. Чунки у даврда Туркиядан расмий тарзда чет элга пул чиқариш мумкин эмасди.
Карачи шаҳрига бордим. Ёру дўстларим, қадрдонларим билан кўришдим. Айниқса, Ҳайбатулло Муҳит менга яқин эдилар.
– Машҳад шаҳридаги юртдошлар орасида матбаа ишларидан бохабар кишиларимиз бўлса керак. «Ўтган кунлар» романини араб ҳарфида қайта чоп эттиришингиз учун у ерда оқил одам топилса, яхши бўлар эди, – дедилар.
Менга ҳам шу маслаҳат маъқул кўриниб, Машҳадга жўнадим. Лекин ўша даврда ўзбек ҳарфини терадиган киши тополмадим.
Туркияда, араб юртларида, Покистон ва Ҳиндис­тонда ҳам ўзбекча ҳарфли чопхона топиш мумкин бўлмай, шу ниятда Эронга борган эдим. У ерда ҳам имкониятни тополмай, Карачига қайтиб келдим. Покистоннинг бу порт шаҳри аслида «Кирачи» бўлса керак, кейин «Карачи» бўлиб қолгандур.
«Анжуман» номидаги матбаага шогирд бўлиб кирдим. Матбаадан ўзимга хос бир жой ажратиб беришди. Меҳнатим учун менга ҳақ тўлашгани йўқ.
Хуллас, ҳарф теришни, терилган матнни тарқатишни, ҳарфларни ювиш, машинага қўйишни бирин-кетин ўргандим.
Энди яна бир қийинчилик чиқди. Ўзбек тилининг оҳангига керак бўладиган айрим ҳарфлар Карачида йўқ экан. Ғарбий Германиядан у ҳарфларнинг қолипини келтириб, кўпайтирдим.
Ана энди атоқли ёзувчи Абдулла Қодирийнинг машҳур романини тера бошладим.
Аввалига кунда бир бет, сўнгра икки бет териб, иккинчи, учинчи куни машинага бермоқ бўлдим. Корректура ўқиш учун ёрдамчи топа олмадим. Саводхон ўзбеклар ҳам нўғай имлосини билмас эди. Айниқса, романни ўқиш учун ўрта маълумотли бўлиш керак. Нўғай имлосини ўқий оладиган бир неча ватандош топдим. Уларда мендаги ишқ йўқ эди.
«Китобга қараб туринг, мен корректурани ўқи­йин» десам, корректурани ўқиб, хатоларини ислоҳ қила олмайди. «Хўп, мен корректурани ўқийман, сиз китобга қараб туринг», десам, ухлаб қолишади.
Чунки уларда миллий ҳис, миллий туйғу йўқ. Ислом номидаги араб ишқи бор. У бечоралар ўзини аввало мусулмон, сўнгра ўзбекман, дейди. Ўзбекона туйғу ювиб ташланган.
Энди ўзим бир калима китобдан, бир калима корректурадан ўқиб тузата бошладим. Корректура хатосини шундай бартараф этар эдим. Сатр ва калималар, саҳифанинг чиройли чиқишига диққат қилдим. Бир калимани, бир сатрни неча бор қисқартириб, неча бор узайтириб чиқар эдим.
Шундай қилиб, матн терилишидан то китоб ҳолини олгунча кўз нуримни тўкиб, бир йил деганда китобни чоп эттирдим.
Ўзбекистонга матбаа келганидан буён ҳам, бугунда ҳам «Ўтган кунлар» Бўтакўз нашр этган китобдек чиройли, хатосиз ҳолда чоп қилингани йўқ. Афсуски, бугунгача мен нашр этган «Ўтган кунлар» романини диққат билан, техник томонларини, қилинган машаққатларини текшириб, баҳо берган кимса чиқмади.
Сунъий чармдан муқова қилдирдим. Китобнинг муқовасида, зарҳалда «Ўтган кунлар» тамғаси бор. Муқовани очишингиз билан 1926 йили Самарқандда чоп этилган китобдаги узоқдан Марғилонга отлиқ келаётган Отабекни ой ичида кутиб ўлтирган Кумуш тасвирига кўз тушади. Мен ўша нусхани қайтадан кўпайтирдим. 1958 йилда «Ўтган кунлар»нинг шоҳ жумлаларини, миллий жавҳарларини олиб ташлаб, руслар томонидан нашр эттирилган нусхадан хабарим бўлган ҳолда, матбаа хатоларини ҳам тузатиб, чоп эттирдим…
Покистонда истиқомат қиладиган Ҳайбатулло эшон асли андижонлик, Тожихўжа эшон ипакчининг ўғлидир. Узун бўйли, барваста одам. Андижонда гимназияни битирган. Шунинг учун олий маълумотли бўлиб кўринади. Ҳалол, покиза, виждонли одам.
Мен Карачида нашр эттирган «Ўтган кунлар» романига кириш сўзи ёзиб берди. Китобнинг ўртанчи бўлимида чоп этилди. Мен у кишини кўп ҳурмат қилиб, ўз оғам ўрнида кўрар эдим. Ётган жойи жаннатда бўлсин.
Афсус билан айтайки, китобга кўрсатилган их­лосни на чет элдаги ватандошлар, на Ўзбекистондаги ватандошлар фарқига борди. Романга бўлган севгимни, ишқимни пайқамадилар.
Хуллас, 1961 йилда китоб чоп бўлиб, сунъий бўлса ҳам, чарм жилдлик этиб тайёрланди.
Матбаа ходимлари:
– Жўра ака бу китобга бу қадар меҳнат қилиб, ниҳоятда эътибор билан чиқаришидан маълум бўладики, унинг ҳар бир жилдини фалон пулга сотади шекилли, – дейишиб, ўта мароқланишгандан сўнг сўраб қолишди: – Қори соҳиб, китоб қанчадан сотилади?
– Пулсиз, бекорга тарқатаман, – десам, ҳанг-манг бўлиб қолишди.
Сабабини ўрганмоқчи бўлишди.
– Диний китобми, Худо учунми? – дейишди.
– Йўқ, элу улус учун, – десам, яна оғизлари очилиб, ҳайрон бўлишиб қолди ва сўзларимдан жуда таъсирланишди.
– Раҳмат сизга! – дейишди. Шарафимга катта зиё­фат ташкиллаштиришди, бўйнимга гулдан гарданликлар тақишди…
Маълумки, «Ўтган кунлар» романининг ўрта бўлими 1958 йили Карачида чоп бўлиб чиқувди. Бу гал – 1961 йилда романнинг учинчи бўлими яна Карачида «Урду тили вақти»нинг «Анжуман-пресс»ида чоп қилинди.
Китобни Ҳинду Покистондаги танишларимга поч­та орқали юбордим. Поездда Карачидан 24 соат йўл босиб, Раволпиндига ўзим бориб, Тўқа Ҳожи, Нўъмонжон, Аҳмаджонларга тарқатдим. Сингҳдаги айрим шаҳарларга, Навопшодаги Соли қори, Абдусаломларга ҳам ўзим бориб бериб келдим.
Китоб Исмоил Гаспиралининг имлосида терилгани учун ўқишда қийналганларга ўқилишини ҳам ўргатиб, китобга ҳеч қанақа баҳо ёки ўрнига ҳадя олмасдан, ҳар қандай таъмадан йироқ турган ҳолда, бировдан ёрдам олмаган ҳолда тарқатар эдим. Фалон қишлоқда ўрмон ичида кечинаётган ватандош бўлса, у ерга бориб келиш икки кунни оладиган сафар бўлса ҳам, бориб китоб улашиб келдим. Олмония, Туркия, Миср, Иордания, Саудия Арабистони каби мамлакатларга почта орқали юбордим.
Роман босилиб чиққанидан кейин домла Абдурауф Фитратнинг «Ҳинд ихтилолчилари» номли саҳна асарини чоп қилмоқчи бўлиб, саҳифаларини териб, бир тарафдан чоп қила бошладим.
Ўшанда Туркия элчихонасининг котиби Нўъмон тўра:
– Шу китобни берсангиз, ўқиб, келтириб бераман, – деди.
Кўнглим ғаш бўлди. Берсам не бўлади, нима бўлмайди? Китобни чоп қилмоқдаман. Агар унга китобни бермасам, элчихонада мени ёмонлаб қўяди-ку, деб иккиланиб қолдим. Чунки мен Туркия ватандоши (фуқароси – нашр.) эдим.
Ниҳоят, китобни у лаънатига бердим. Эртаси Нўъмон тўранинг дадаси Акромжон ака:
– Қори афанди, Нўъмонхон китобингизни йўқотиб қўйибдур, афу қилишингизни сўрамоқда, – деди.
Кўп хафа бўлиб, кўзимдан ёш келди. Китобни ким топиб келса муносиб ҳадя берурмен, деб радиодан, газеталарда эълон қилдим. Натижа чиқмади. Китобнинг ярмини чоп қилиб бўлган эдим. Ҳаммаси бекор бўлди, ортиб қолган қоғозларни ярим баҳосида сотдим.
Элу улуспарварликдан ҳеч қанақа баҳраси бўлмаган ҳолда, олақарғадек қағиллаб юрган инсоннамо ҳайвонлар чет элларда жуда кўп…
Ўзбекистон «Ватан» жамиятининг раиси, академик Қори Ниёзийга, жамиятнинг масъул котиби Зиё Аминга хат ёзиб, улардан ўзбекча китоблар истадим…
Тошкентдан почта орқали бир қанча китоб келиб қолди. Афсуски, ўқиёлмадим. Эшон акам, бошқалар ҳам ўқиёлмадилар. Тошкентга яна мактуб юбориб, кирилл алифбосини сўрадим. Икки ой деганда почта орқали алифбо келди. Оқилхон Шарафиддинов тасниф қилган алифбо эди. Жуда мамнун бўлдим. Мана энди ҳақиқатда баҳоромад, нигоромад, қароромад бўлди.
Уч-тўрт кундаёқ ҳарфларни таниб олдим. Секин-секин, таталаб-таталаб мутолаа қила бошладим. Ўн беш кун деганда бемалол тўхталмай ўқий оладиган бўлдим. Қори Ниёзийнинг «Ҳаёт мактаби», Миркарим Осимнинг «Ибн Сино қиссаси», Ойбекнинг «Навоий» романи, Тўхтасин Жалоловнинг «Ўзбек шоиралари» каби табаррук асарларни кўзимга суртиб-суртиб мутолаа қилдим.
Яна бошқа китоблар ҳам келди. Ҳаммасини ўқиб чиқдим. Ана шунда ўзимга ўзим, қуёш чиқиб қолибди-ку, эй юлдуз, ўзингни панага олгин энди, дедим. Бир қанча китобларни чоп эттираман, деб мўлжаллаб қўювдим, ҳозирча бу ишларни, барча режамни тўхтатдим…
Ўзбек алифбосини ўрганиб олганларга ёнимдаги китобларни омонат ўқиб олиш шарти билан берадиган бўлдим. Биринчи бўлиб Собир Сайҳон ўрганди, сўнгра Абдураим Салим, Фаттоҳ Шайқи, Ҳайдарали, Жаъфархон Ўзгандий ўзбекча алифбода савод чиқариб, ўқийдиган бўлишди. Аслида уларнинг ҳаммаси саводхон-у, саводлари арабча эди. Лотинча, форсча, турк мактабларида ўқиган, дипломлари ҳам бор. Университетда таҳсил кўрганлари, коллежда ўқиётган талабалар ҳам бор эди.
Натан Маллаевнинг «Ўзбек адабиёти» китоби қўлма-қўл бўлиб ўқилиб турди. Ҳамза Ҳакимзоданинг «Заҳарли ҳаёт» пьесаси, Миркарим Осимнинг «Зулмат ичра нур»и, Садриддин Айнийнинг «Қори ишкамба»си, яна бошқалар…
Ҳаракатимиз мева бера бошлади.
Кириллча китобларни шу ҳарфда саводи чиққанларга улашар эдик. Айтганимдек, сийрак бўлса-да, бу ишлар, ҳайтовур, эгалланмоқда эди.
Ҳамюртларга дердимки, «Ватанни эсланг, унутманг, ватандан хабар олмоқ ҳар жиҳатдан қараганда ҳам қарз, ҳам фарз. Китоблар ўрис ҳарфида бўлса-да, уни ўқиб керагини олайлик, нокераги китобда қолаверсин».
Карачида 1961 йили араб ҳарфида босилиб чиққан «Ўтган кунлар» романини ким яхши ўқийди?» деган танлов эълон қилдик. Абдураим Салим гўзал, равон ўқиб берди.
Тоифда менга Мираҳмад Тошкандий жуда чиройли тажвидий дўппи берувди, шу ажойиб дўппини ҳадя қилдим. Абдураим Салимни ҳамма ўрнидан туриб олқишлади…
1966 йили беш йиллик кутишдан сўнг, муваққат виза билан сайёҳ ўлароқ биринчи марта Тошкентга мушарраф бўлиб, табаррук тупроғини ҳам кўзим, ҳам кўнглим билан ўпдим.
Бир муддат Ватанда бўлдим. Андижон, Фарғона, Наманган, Ўш, Самарқанд шаҳарларини зиёрат этдим…
Ниҳоят, сафарим қариб, Одессага, ундан Сурия орқали Туркияга жўнаб кетдим…
Она юртимиз – гўзал Ўзбекистонга бориб келиб, социалист дунёдаги ватандошлар билан капиталист дунёсида истиқомат қилаётган ватандошларимнинг бир-бири билан алоқа қилишида воситачи бўлдим.
… 1969 йили Туркияда ўнг-сўл тортишуви кучайиб кетди. Бирини бири ўлдира бошладилар…
… Ватанга бориб, у ернинг сиёсий томирига шарбат бериш пайти келган эди. Очиқроғи, капиталист дунёнинг ҳавосини бўлса ҳам, қулдорлик социализмига етказиш қолувди…
Бу бировнинг таълимотига кўра эмас, ўзбекона имон ва эътиқодим, миллий виждоним буйруғи эди. Мана шу тушунча мени она юртимга қайтиб кетишга ундади.
Тошкентда мени катта муҳаррир савиясида «­Ва­тан» жамиятига ишга олдилар. Кейин «Мар­каз-2»дан икки хонали уй бердилар. Чет элдаги ватандош­лардан келган мактубларга жавоб ёзар эдим. Бундан бошқа, «Ойдин» газетасининг корректурасини текшириб, техник хатоларини тузатардим.
Абдусодиқ Ирисов мудир эди. Журналист Нодирхон ака, доктор Ҳабибулло Қодирий ва бошқа адабий ходимлар ҳам бор эди. Зиё Эмин ҳар бир ишга масъул бош котиб эди.
Сўнгра газетага Тўлқин Рустам мудирлик қилди.
Бир куни Нодирхон ака газетанинг техник томонларини кўришим учун бериб кетди. Газета мингдан кўп имло ва босма хатоси билан босилиб чиқибди. Уни почталаш тўхтатилди. 5000 нусха газетани боғчада ёқиб юбордилар. Хоразмнинг эски волийси, «Ойдин» газетасининг мудири Тўлқин ишдан олинди.
Мели Жўра газетага янги мудир бўлиб келди. Яхши одам эди. Касал бўлиб ишдан кетди. Бу одам «Умрим дафтари» номли асарида менинг ҳақимда илиқ гап­лар айтибдур.
Ундан кейин Миад Ҳаким газетанинг янги мудири бўлиб келди. Бу одам билан ҳамкорлигим 1983 йилгача сурилди.
…Тошкентда борган сари коммунизмнинг ёлғон ваъдаларини, социализмдан амалда асар йўқлигини, инсон ҳақлари оёқости бўлаётганини кўра бош­ладим.
Далил келтириш керак бўлса, ер ости, ер усти бойликлар таннархида Москвага жўнатиларкан. Ер – давлатники, давлат – мустабидларники. Полвон машиналарда қазиб олинган ашёга қазиб чиқариш харажатинигина ҳисоблаб, олиб кетаверарканлар.
Халқ қўрқув ичида – тили бошқа, дили бошқа. Ҳеч ким ўзининг сўзига ишонмайди. Мунофиқона ҳаёт. Ерли халқ ўзи оғир аҳволда. Бир-биридан ўзиб, улуғ миллатчиликни қувватлаб-қўллайдилар.
Лекин ўзбеклигига фахрланган, тегирмон тошини елкасида кўтариб, миллий мансубиятини йўқотмай, қўлидан келганича ўз халқининг миллий умрини узайтириб юрган миллионлаб қаҳрамонлар ҳам йўқ эмас эди, албатта. Аслида ўшалар эди Ўзбекистонни Ўзбекистон қилиб турган. Улар ҳақидаги қувончимни бир-икки мисра билан ифодалаб бўлмайди.
Демоқ истайманки, ерли улусда озодлик йўқ, шунинг учун бўлса керак, неча йил кузатган бўлсам, Ўзбекистон коммунистик партиясининг биринчи котиби Шароф Рашидовнинг юзида кулгу у ёқда турсин, мийиғида кулимсирашни ҳам кўрмадим.
Ўйлайманки, у одам ўзбек халқига бўлаётган оғир зулмни пайқаб, кўриб турган…
Шу зайлда ўн етти йил истиқомат қилдим. Очиқроғини айтсам, маънавий қамоқда эдим. 50 километрдан ташқарига ижозатсиз чиқиш мумкин эмас эди. Шунинг учун ўз юртимни айланиш учун ижозат оламан, деб, бу ўн етти йил ичида Тошкентдан ташқари чиққаним йўқ. Тангридан бошқа сирдошим йўқ эди…»
Жўра қори Бўтакўз 1986 йили Тошкентни тарк айлаб, Туркияга, кейинчалик эса АҚШга жўнаб кетади.
«Ойдин»да юрган ойдин одамлар… Уларнинг кўпчилиги тарихимиз, маданиятимизга дахлдор не-не сирларни ўзлари билан боқий дунёга олиб кетдилар.
Барчаларининг охиратлари обод бўлғай.
Хайриддин Султон

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>