НАСИМИЙНИНГ МАНГУ ЗИЁСИ (Поэма)

Улуғ озар шоири Насимий таваллудининг 650 йиллигига

Nasimi-konkurs

Аждодлардан қолган мерос,

Тополмайсан қиёсин.

Имодиддин Насимийнинг,

Офтоб мисол зиёсин.

Улуғ шоир ардоқлаган,

Озарбайжон тилини.

Эли учун бахш этарди,

Маърифат-чун дилини.

Устозига ҳавас ила,

Ҳусайний, деб ёзди шеър.

Авлиёлар тариқатин,

Ўзи ҳаёт йўли, дер.

Сўфийликнинг илмин бунда,

Таратгай нур мисоли.

Авлиёлар таълимотин,

Билиб Оллоҳ висоли!

Риёзиёт, фалак илмин,

Қалбига у жо этган.

Маърифий нур таратган он,

Эзгу мақсадга етган.

Тасаввуф ва ҳуруфийлик,

Таълимоти асли дур.

Ашъорида шоир мудом,

Таърифлади мисли нур.

Мир Алишер Навоийнинг,

Назмида кўп оқибат.

Эҳтиромин баёни шул:

«Насойим ул-муҳаббат».

Туркмоний тил назми, дея,

Улуғлайди отини.

Ҳақ йўлида ашъор битган,

Улуғ шоир зотини.

Дин илмини улуғлаган,

Шоир қалби зиёдир.

Илму амал Ҳақ ризоси,

Насимий-чун дунёдир.

Қаҳрамонлик тимсолидир,

Улуғ шоир ҳар сатри.

Неча замон ўтган сари,

Ошиб борар ул қадри.

Ваъдабозу вафосизни,

Аёвсиз фош этарди.

Майхонани кулфат, дея,

Қанча шеърлар битарди.

Адашганга йўл кўрсатиб,

Иймонсизга йўймасди.

Эътиқоднинг уйин вайрон,

Этмакка йўл қўймасди.

Икки жаҳон ичра мудом,

Ҳақ йўлини ёритган.

Покдомон қалб гулзоридан,

Тўзонларни аритган.

Кўнгил мулкин ёритгай, дер,

Маърифатнинг нурлари.

Авлодлар-чун мангу офтоб,

Маънавият дурлари.

Жисми ила жон бир бўлса,

Вужудида гўзал руҳ.

Ҳар қадамин билиб босар,

Чекмагай ул ҳеч андуҳ.

Насимийнинг қалб дафтари,

Авлодлар-чун китобдир.

Бу ҳикматлар хазинаси,

Бахт йўлида офтобдир.

Жонин фидо айламишдур,

Эзгуликнинг йўлида,

Лекин ўзи қурбон бўлди,

Жаҳолатнинг қўлида…

Бошин олиб чиқиб кетди,

Озарбайжон юртидан.

Маломатлар қилган балким,

Шўрлик шоир ортидан…

Онадўли, Бағдод, Бурса,

Саргардонлик йўллари.

Аммо қалам тебратишдан,

Тўхтамасди қўллари.

Ҳалабда не кўргуликлар,

Қаддин бука олмади.

Шоир қалби мисли офтоб,

Шеър ёзишдан толмади.

Не қисматки, жоҳилликнинг,

Ўзи бўлди қурбони.

Қонли қисмат қайғуси ҳам,

Авлодларнинг армони…

Зулму ситам чегарасин,

Тополмайди олимлар.

Нечун шоир терисидан,

Жудо қилган золимлар?!

Муайяддин – қонхўр султон,

Шоирга қасд қилибди.

Тириклайин терисини,

Ваҳшийларча шилибди…

Ким ҳам бардош берар экан,

Оғир замон юкига.

Ҳеч бир золим арзимайди,

Насимийнинг тукига.

***

Ортда қолди не замонлар,

Шоир номи достондир.

Насимийни ёд олганлар,

Қалби мисли бўстондир.

Ҳикмат боғин яратибдур,

Фидо айлаб жонини.

Авлодларга мерос қилиб,

Нур-у зиё конини.

Ўзбек эли азал-азал,

Фахрим, дейди дилбандин.

Адаб аҳли ардоқлайди,

Озарбайжон фарзандин.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>