Нурли манзил

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети

бош биносининг биринчи қавати. “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси. Хонага илоҳий нур чўмган. Бу ерга қадам қўйган кишини буюк адибнинг теран маънавий дунёси қарши олади.

 

Нурли манзил

Кираверишда турган адибнинг нурли портрети сизга синовчан назар солади. Унинг ёнидаги лавҳлардан бирида давлатимиз томонидан буюк ижодкорга тақдим этилган “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари қўйилган.
Залнинг марказий қисмида адиб асарларининг ҳар бири қарийб минг саҳифани ташкил қилувчи уч жилддан иборат, юқори полиграфик сифат ва дизайнда чоп этилган қомусий нашри экспозицияни безаб турибди. Ёзувчи ҳаётига оид фотосуратлар, унинг асарларига профессионал ва ҳаваскор рассомлар томонидан ишланган тасвирий санъат намуналари, эсдаликлар, илмий ва публицистик мақолалар жамланмаси тартиб билан териб қўйилган.
Бу ерда буюк адиб билан қилинган суҳбатларнинг аудио ёзувлари, китоб ва асарларининг электрон нусхаларини кўчириб олиш имкони яратилгани ўқувчи учун катта қулайликдир. Катта экранда Чингиз Айтматовнинг кўплаб расмлари проекцияси, видеоларини томоша қилиш мумкин.
– Ўзбек ва қирғиз адабиёти халқларимизнинг дўстлиги каби қадимий ва муштаракдир. Мазкур экспозиция икки халқ адабиётининг дўстлиги рамзи сифатида ташкил этилган, – дейди доимий экспозиция раҳбари, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. – Чингиз Айтматов Ўзбекистонни севган, халқимизни ардоқлаган. Адибнинг деярли барча асари таниқли таржимонлар Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров, Суюн Қораев, Маҳкам Маҳмудовлар томонидан ўзбек тилига ўгирилган. Ушбу китоблар адиб фаолиятига оид кўргазманинг асосий бойлиги ҳисобланади.
Юртимизда айтматовшунослик мактаби шаклланган. Бугунги кунда ўттизга яқин тадқиқотчи адиб ижодини ўрганмоқда. Жорий йил 2 апрель куни Президентимизнинг “Буюк адиб таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” ги қарори эълон қилинди. Унда кўплаб маърифий тадбирлар амалга оширилиши белгиланди. Шу асосда жойларда адиб ижодига бағишланган учрашувлар ўтказилиб, халқларимиз дўстлиги тарғиб қилинмоқда.
Адибнинг ўлмас ижодини ўзбек ўқувчисига яқинлаштириш доимий жараёнга айланади. “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” экспозицияси йилдан-йилга бойиб, кенгайиб бораверади. Келгусида янги китоблар, адиб асари асосида ишланган кинофильмлар ҳам кўргазмадан жой олади.
– Ушбу экспозиция биз, талабаларнинг севимли маскани. Бу ерда Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодига доир барча маълумотни топса бўлади, – дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёт университети талабаси Нигора Тошмуродова. – Бу ерда диққатимни тортган нарса адиб беш ёшлигида отаси билан тушган суратнинг асл нусхаси бўлди.
Келгусида мазкур экспозиция ва Бишкек шаҳридаги адибнинг ўғли Элдор Айтматов раҳбарлигида фаолият олиб борилаётган музей билан бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган. Илм-маърифат маскани бўлган азим Тошкентда ташкил қилинган атоқли адиб асарларининг кўргазмаси халқимизни туркий дунёнинг улуғ сўз санъаткори маънавий олами билан таништиришда муҳим роль ўйнайди.

Дилобар Аслиддин қизи, ЎзА

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>