Нурхоннинг нурли қалами

Ажойиб шогирдамиз Нурхон Элмирзаевнинг шу мақоласига ўзимнинг бутун

публицистика хазинамни алмашишга тайёр эдим, дейди Дониш домла ёш Алишер Навоийга Устози Лутфийнинг айтган ардоқловчи сўзларидан андоза олиб. Нурхон шу биргина мақоласи орқали миллий қадриятларимиз анча емирилиб қолган жамиятимизнинг бугунги фожиаси ва ҳатто келажакка салбий таъсири ҳақида теран таҳлилий мушоҳада юритган.

3
 Нигоҳ

ЭРТАК ТИНГЛАМАЙ ЎСАЁТГАН БОЛАЛАР

…Ҳали-ҳали эслайман: чақалоқ укамнинг алласиз, биз кичкинойларнинг эса эртак ё маталсиз ухлаб қолганимизни деярли билмайман. Ишларимизни бажариб бўлиб, гузарга чиқиб, ўғил-қизлар билан шомгача «оқ теракми — кўк терак», «зув-зув», «қувлашмачоқ», «бекинмачоқ» каби ўйинлар ўйнаб чарчагач, гоҳ урчуқ йигириб, гоҳ тўн қавиб ўтирган бувимнинг пинжиларига тиқилиб олардик-да, улардан эртаклар айтиб беришларини сўрардик. Бувим ўз ишларини қўймаган ҳолда бизларни оғзиларига қаратиб, бир-биридан қизиқ, ажойиб эртак, достон ёки ривоят сўйларди. У ёқда онамнинг укамга айтаётган қандайдир ғамгин ва ёқимли алласи янграрди… Бу оҳанглар ва эртаклар таъсирида миттигина вужудимда ўзим англамас қандайдир катта куч жойлашиб олгандай бўлар, бир пасда ботирларнинг ботири, сахийларнинг сахийига айланиб қолардим. Катта-катта ишларга қўл ургим келарди.
Ҳеч унутолмайман, меҳнатсеварлик тўғрисидаги эртакларни тинглаган кечам тезроқ тонг отишини, онамдан ҳам олдин туриб, эрталабки юмушларни билинтирмай бажариб қўйишни, бундан ҳайратланишларини ва рағбат олишимни истаб, ҳатто ухламасдан чиқардим (чунки қишлоқ аёллари тонг отмасдан уйғонишади-да!). Ёки ҳайвон ва жонзотларга нисбатан мурувватли бўлишга ундовчи масаллар мутолаасидан сўнг совуқда лойга ботиб қолган майна ёки мушук боласи борми кўтариб, уйга олиб келганларимни ҳамон унутолмайман. Дадамнинг рангли эртак китоб олиб келган кунлари биз учун катта байрам эди. Талашиб-тортишиб ўқирдик, навбат келишини интизорлик билан кутардик. Мутолаа давомида воқеалар гирдобига тушиб, ундан ўзимизга керакли хулосалар — ростгўйлик, ота-онага меҳрибонлик, ҳалоллик, кимлар билан дўст бўлиш борасида одилона тарбиялар олардик. Шунданми, ота-онамиз бизга ҳадеб дакки-дашномлар бермас, қуруқ насиҳатлар билан бошимизни қотирмасди. Ҳатто, ҳали уни қил, ҳали буни қил деб ҳадеб иш буюрганларини ҳам унчалик эслолмайман. Қайтанга биз ўзимиз онамга кўмаклашишга, юмушларни айтмаслариданоқ бажариб қўйиб, «балли, болам» деган олқишларини олишга уринардик. Мана шуларнинг барчасига энг катта мактаб бўлмиш — болаликдан эшитган ва ўқиган эртак, ҳикоя ва романларимизнинг ҳақиқатан ҳам яхшиликка етаклагани деб биламан. Айни дамда катта ҳаёт синовларида ҳам болалигимдаёқ қалбимда қўрғошиндек қуйилиб ўрнашиб олган фазилатлар бугун энг тўғри йўлга бошлаб келаётганини сезаман. Ва бунинг учун эртакчи бувижонимга, китобсевар ота-онамга минг-минг ташаккурлар билдиргим келади.
Бугун-чи?! Набираси ё боласига эртак айтиб берадиган буви ва оналар, китоб совға қилувчи оталар кўпми? Қайтанга, радио ё телеэкран орқали китобга дўст бўлишга ундовчи эшиттиришларни тинглаб турган болаларига «эртак бошқа, ҳаёт бошқа, ундан кўра, ҳозирданоқ пул топишни ўрган, кейин қийналмайсан», дея чалғитувчи «замонавий» ота-оналар ҳам минг афсуски орамизда учраб туради.

Пул топиш «операция»си кўнгилли тугамади

Бир оилани биламан. Ота-она олий маълумотли — эр фирмада бош ҳисобчи, аёл шифокор. Ўзига тўқ хонадон. Яшаб турган уйларидан ташқари учта кўп хонали квартираларини ижарага қўйишган. Ёзги таътил бошланиб, ҳамма болалар лагер ва дам олиш оромгоҳларида яйраб, ҳеч йўқса ўз уйларида янги ўқув йили олдидан ҳам руҳан, ҳам жисмонан куч тўплаб, дам олсалар, бу оиланинг уч нафар фарзанди саҳарлаб қаёққадир кетишарди-да, кун ботганда ҳолдан тойиб қайтишарди. Шу орада Чилонзор буюм бозорига тушдим. Савдолашиб тургандим, бир қизнинг «келинойи, тўхтаб туринг», деганини эшитиб қайрилиб қарашимни биламан, ҳалиги оиланинг 11 ёшли тўнғич қизи оёғим остидаги картон қоғозга ёпишиб тортқилаяпти, гўё ўлжасини бошқа юлиб кетадигандек. Елкасига илиб олган катта сумкаси ҳам ана шундай қоғозлар билан тўла. Ўайратланиб қолдим. Қиз ҳам мени кўрди-ю, танимагандек нари кетди. Наҳотки… бу оила шуларнинг қоғоз сотиб топадиган пулига муҳтож бўлса? Ёки моддий томондан қийналиб қолишдими? Шу хаёллар билан юрган кунларимда онасини учратиб қолдим. Саломга истасагина алик оладиган аёл бу сафар яқинроқ сўрашди.
— Тунов куни бозорда қизимни кўрган экансиз, ҳайрон бўлмадингизми? — сўради хайрлаша туриб.
— Тўғриси…, — нима дейишга ҳайрон бўлиб тургандим, ўзи изоҳ бера кетди.
— Хўжайиним ҳозирданоқ болаларга пул топишни ўргатиш керак, шунда эртага қийналиб қолмайди, деган мақсадда “мактаб кийимларинг учун ўзларинг пул топинглар”, деб шарт қўйганди. Кўча-куйда бекорга сандирақлаб юргандан кўра шу маъқул-ку. Бизга оғирлиги тушмаса. А, нима дедингиз?
Олий маълумотли шифокорга нима дейишга ҳожат қолмаса-да, индамай туролмадим:
— Тўғрику-я, лекин ахлат қутиларни титкилаб қоғоз теришлари саломатлигига ҳам, келажагига ҳам зарар эмас-ми? Ўзингиз шифокорсиз. Ундан кўра уйда китоб ўқишса…
— Кўраман эртага китоб ўқиб сенинг боланг нима бўларкан, — гапим охирига етмай кўкарди у. — Меники пулдор, амалдор бўлганда сеники папка қўлтиқлаб юради, ўшанда салом бераман.
Хуллас, бу оила бошлиқларининг айтгани бўлмади. Ахлат қути титкилайверишганиданми, айни янги ўқув йили бошида дастлаб иккинчи фарзандлари сариқ касалига чалинди. Сўнг биринчи ва ниҳоят отадан бошқа ҳамма шу хасталик билан оғришиб, ойлаб шифохонага боғланиб қолишди. Отанинг «пул топиш» режаси «пул ва соғлик йўқотиш» билан якунланди. Энг ёмони, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, илгари аъло баҳоларда ўқиган болалар ҳозир фанларга қизиқишмас, дарс тугаши билан қоғоз йиғишга шошилишармиш…

«Компьютерда ҳаммаси бор»ми?

Қўшнимнинг беш яшар ўғли эрта-ю кеч кўча кезади. Ота-оналари биринчи қаватдаги икки хонали уйларининг бир хонасида озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш билан шуғулланишади. Иккинчи хонасида уч фарзандлари билан яшашади. Икки қизлари мактаб ўқувчиси, лекин Жамшиднинг кун бўйи кўча кезишиб юриши… Яқинроқ гаплашсангиз суюниб кетганидан болангиздек бўлади-қолади. Фақат, кўзларида, қарашларида на учқун бор, на ишонч, на болаларга хос беғҚуборлик бор. Худди бўшлиққа қарагандек узоқ термулиб тураверади. Бирор бир эртак ёки ҳикоя бошлаб қолгудек бўлсангиз кўзлари порлаб, қилт этмай тинглайдики, ҳатто воқеалар таъсирида гоҳ йиғлаб, гоҳ кулиб қувнаб кетади.
Хуллас, Жамшиднинг қайтиб келмайдиган ширин болалигининг “бўшлиқ”лар билан тўлишига бефарқ қараб туролмадим. Бунинг устига яхши-ёмонга илакишиб қолса нима бўлади, ахир. Шу ўйда дўконларидан ул-бул харид қилган бўлдимда:
— Жамшиджонни боғчага берсангиз бўлмайдими, кўчада яхши бор, ёмон бор дегандек.., – дедим онасига маслаҳат солган бўлиб.
— Э, нима қиламан «расход»ни кўпайтириб, – бўйнидаги қалин тилла занжирини ялтиратиб энсасини қотирди аёл.
— Барибир тенгқурлари билан кўпроқ мулоқотда бўлгани, вақтини қизиқарли ўйинлар ўйнаб, эртаклар тинглаб саводини чиқаришга сарфлаганига нима етсин.
— Мен вақтим йўқлигини билиб ҳаммасини ҳисобга олиб қўйганман — мана уйда энг сўнгги русумдаги компьютер бор, ичида ҳамма нарса муҳайё, ўйин дейсизми, тил ўрганиш дарслари дейсизми, эртак дейсизми, хоҳлаганини кўраверсин.
Аёлга гап уқтиришнинг бефойдалигини сездиму, ортимга қайтдим. Ўзининг бутун оналик масъулиятини компьютердек асбобга ишониб топшириб қўйиб, тағин ўзини ақлли санаётган онанинг фарзандига, ўтаётган умрига ачиндим, холос. Тўғри, компьютерда ҳамма нарса бўлиши мумкин, бироқ ҳеч бир қиймат билан ўлчаниб бўлмайдиган муқаддас она меҳрини топиб бўлармикан ундан. Фарзанд онасининг бағрида ёки қўйнида, илиқ меҳрлар оғушида мириқиб эртак тинглаб ухлаб қолганига нима етсин?! Агар, компьютерда ростдан ҳам ҳамма нарса бўлганида эди, дунёда аллақачон ҳеч бир бахтсиз инсон қолмаган, айрим фарзандлар ота-она меҳрига зор бўлмай, бахтиёр ўсаётган бўлар эди. Қолаверса, севимли шоиримиз эслатганидек: “Етмиш юлдуз йиғилиб ярим ойча бўлолмас”.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
журналист
“Оила ва жамият” газетаси архивидан

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>