Нурчилар қалбида Ватан туйғуси

Юртимиз мустақиллиги ҳар бир юртдошимиз қалбига олам-олам ғурур бахш этади.

Тошкент Иссиқлик электростанцияси унитар корхонасида энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги ғоят кўтаринки руҳ ила кутиб олинди. Нурчилар даврасида ўтказилган “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” мавзуидаги ижодий кечада Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти совриндори Тўлқин Эшбек Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи халқимиз қалбига ғурур бахш этгани ҳақида сўз юритди.

1

– Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамини халқимиз катта шодиёналар билан кутиб олмоқда,– деди маърузачи.– Зотан, мамлакатимиз тарихида ўчмас саҳифа очган буюк истиқлол туфайли Ўзбекистон ўтган давр мобайнида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бормоқда. Бугунги кунда юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Биз учун устувор аҳамиятга эга бўлган вазифалар – аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, тадбиркорлик ва хусусий мулк ривожига кенг имконият очиб бериш, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган дастурларимизнинг ижобий натижалари нафақат мамлакатимиз, балки халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрами “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилишида ҳам улкан маъно мужассам. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар ҳаётимизда катта воқелик бўлиб, бу жараёнлар халқимизда эртанги кунга умид уйғотмоқда. Барчамиз бирдек мана шу ислоҳотлар самарасини кутиб, таъбир жоиз бўлса, шу улуғвор ишларда иштирок этиб яшаётганимиз ўзи катта бахтдир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”деган устувор ғоя биз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Миллий юксалиш деганда, биз мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтаришни тушунамиз. Илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларида бўлаётган катта ўзгаришлар ҳаётимизда муҳим воқеликка айланмоқда. Мамлакатимизнинг маданий ҳаётида ҳам улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Биринчи марта Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани, Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали катта муваффақият билан ўтказилди. Самарқанд шаҳрида юксак савия ва баланд руҳ билан ўтказилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бетакрор мумтоз санъатимизни яна бир марта дунёга намоён этди. Сентябрь ойида эса Қўқон шаҳрида илк бор Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказамиз. Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир. Мана шундай қараш бутун халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан кенг ва қизғин қўллаб-қувватланаётгани маънавий тарбиянинг нақадар долзарб аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

“Жаҳолатга қарши – маърифат” деган фикрда катта маъно бор. Бу ғоя фақат диний тарбия билан боғлиқ ишларда эмас, балки ҳаётимизнинг барча соҳаларида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бугун замон ўзгарди. Энди ҳаммамиз эркинлик, очиқлик, ошкоралик шароитида ишлашга ўрганишимиз лозим. Барча ривожланган давлатлар, дунё ҳамжамияти шундай яшамоқда. Даврнинг, ҳаётнинг кескин талабларидан орқада қолмаслик учун барчамиз ҳар куни ўқиб-ўрганишимиз, ўз устимизда ишлашимиз, билим ва савиямизни доимо ошириб боришимиз керак.

Ўз Ватанини, она халқини равнақ топтириш учун ўзини аямасдан меҳнат қилиш: бу – жасорат ва мардлик, бу – она юртга муҳаббат ва садоқат, бу – тўғри тарбия ва амалий намуна демакдир.

Тадбир иштирокчилари бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар.

Равшанжон ОМОНОВ,

журналист

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>