Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси

Бу мавзуни ёритишда ўзига хос маҳорат бўлғуси журналистларимиз учун

сабоқдир, дейди Дони домла https://kun.uz сайтида ёритилган қуйидаги хабарларни ўқишни тавсия қилиб.

Президент Сенатда янги қўмита ташкил этишни таклиф этди

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бугунги ялпи мажлиси барқарор миллий тараққиётимизнинг янги босқичида, жамиятимиз ҳаётининг барча соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотлар жадал олиб борилаётган масъулиятли бир даврда бўлиб ўтмоқда, – дея давлат раҳбари сўзларини келтирмоқда президент матбуот хизмати.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор мақсадлар халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли изчил амалга оширилаётгани, миллий иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Президент халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини янада яхшилаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш билан боғлиқ вазифаларни бажаришда Сенатнинг роли ва таъсирини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Миллий ва ҳудудий манфаатлар нуқтаи назаридан қонунлар ишлаб чиқилишида сенаторларнинг фаоллигини ошириш, ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, Сенатнинг халқаро йўналишдаги фаолиятини кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

– Биз Сенат деганда, биринчи навбатда миллий парламентимизнинг сиёсий, ҳуқуқий ва маданий савиясини амалда намоён этадиган, халқ манфаатларининг чинакам ифодачиси ва ҳақиқий ҳимоячиси бўлган катта бир кучни тасаввур қиламиз. Сенатор – бу халқнинг юксак ишончини қозонган вакил. Халқимиз олдида ҳаммамиз масъул ва жавобгармиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ўз нутқида хотин-қизлар учун муносиб иш ва турмуш шароитлари яратиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, аёлларнинг социал-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида урғу берди.

– Бир нарсани тан олиш керак: аёллар халқнинг дардини бошқалардан кўра чуқур ҳис қилади. Бу йил декабрь ойида Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда меҳнаткаш ва оқила аёлларимиз қанчалик кўп сайланса, бундан давлатимиз ҳам, жамиятимиз ҳам фақат наф кўради, – деди Президент.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида янги қўмита – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузишни таклиф этди.

Маълумки, 2015 йилдан буён Сенат Раиси бўлиб ишлаган Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори этиб тайинлангани муносабати билан  лавозимидан муддатидан олдин озод этилган эди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 86-моддасига асосан, Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Танзила Норбоева номзодини таклиф этди.

Юқори палата аъзолари номзод тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Сўзга чиққанлар Танзила Норбоева билим ва тажрибаси, ватанпарварлиги, жамиятдаги обрў-эътибори, инсоний фазилатлари билан ушбу лавозимга муносиблиги, Сенат фаолиятини бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириш бўйича Президент нутқида баён этилган устувор вазифаларни амалга оширишга қодир эканини таъкидладилар.

Сенаторлар томонидан яширин овоз бериш йўли билан Сенат Раиси лавозимига Танзила Норбоева сайланди.

Танаффусдан сўнг Олий Мажлис юқори палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.

Мажлисда кўрилган масалалар юзасидан Сенатнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

***

Шавкат Мирзиёев: «Биз онгли равишда одамларни онгсиз қилишга уриндик»

«Мен нима учун ҳадеб чет эл университетларининг филиалини олиб келяпман? Чунки ўзимиздаги олий таълим муассасаларида аҳвол чатоқ. Вазиятни шунчаки юзаки ўрганганда ҳам бир талай муаммолар келиб чиқади, ҳали чуқур кириб борганимиз ҳам йўқ. Талабаларнинг берган саволига университетдаги ўқитувчи жавоб беролмаяпти. Чет эл университетларида эса аниқ ишлайдиган тизим бор, уларда методология бор, билимли олимлар бор», — дея Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат раҳбари мактаблардаги ҳолатга ҳам тўхталиб ўтди.

«Тошкент шаҳридаги мактабларнинг бирида директор билан гаплашдим. Бўш иш ўринлари бор, лекин танлаб оладиган кадрнинг ўзи йўқ.

Мактабингизда нечта вакант бор деб сўрадим. Шунча, деди. Бирор марта бир неча кимё, физика, математика ўқитувчилари орасидан энг яхшисини танлаб олганмисиз мактабингиз учун, деб сўрадим. Йўқ, дейди. Битта одам келса, хурсанд бўлиб оламан, чунки кадр йўқ, дейди.

Баъзи мактабларда уч сменалаб ўқиш бўляпти. Булар 2-3 йилда ҳал бўладиган муаммо эмас.

Биз узоқ вақт давомида била туриб, онгли равишда одамларимизни онгсиз қилишга уриндик. Қанча кам таклиф берилса, шунча яхши қабилида иш кўрилди. Лекин бугун кечагидек яшаб бўлмайди, тушунинглар», — дея таъкидлади президент.

***

Шавкат Мирзиёев бош вазир ўринбосарларини танқид қилди

«Асосий ишларнинг ҳаммасини Бош вазирнинг ўзи қиляпти. Бош вазир жамоаси ишлай олмаяпти. Бош вазир ўринбосарларининг ҳаммаси ғўддайиб юришни билади, аравасини зўрға тортади, аниқ таклифлар бермайди, тизимни ўзгартиришга ҳаракат қилмайди.

Айниқса, ижтимоий соҳа бўйича уларнинг фаолияти ёмон. Улар ҳалигача ўз ўрнини топа олган эмас», дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, бош вазир Абдулла Ариповнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовдан ташқари яна 4 нафар ўринбосари бор.

Жамшид Қўчқоров 2017 йилнинг ноябридан Бош вазир ўринбосари — Молия вазири — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Молия вазири — Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш, молия ва банк тизимларини ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масалалари комплексининг раҳбари бўлган, 2019 йил февралидан буён Бош вазир ўринбосари – молия вазири.

Азиз Абдуҳакимов 2018 йилнинг майидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари комплексининг раҳбари бўлган, 2019 йил февралидан буён Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича бош вазир ўринбосари.

2016 йилнинг декабридан буён Бош вазир ўринбосари -Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида ишлаб келган Танзила Норбоева ўрнини 2019 йил 20 июнь куни Элмира Боситхонова эгаллади.

Элёр Ғаниев 2019 йилнинг 28 январида бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

***

Шавкат Мирзиёев: «Импорт — бошқа давлат фуқароларига ойлик тўлаш билан баробар»

«10 йил олдин Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой йўналиши бўлганида автомобиль нархи тушган бўларди. Ҳозир автомобилсозликда 70 фоиз импорт қилинади. Қўшнилар билан муросага киришганимизда транспорт коммуникацияси бундай аҳволга тушмасди.

Ҳозир барча йўллар очилди. Ҳамма хоҳлаган товарини олиб келяпти. Сенаторлар шу товарларнинг айримларига божхона тарифини ошириш бўйича таклиф бердими?

Энг катта муаммо — бозор топиш. Бозоримизнинг 70 фоизи Россияга тўғри келади.

Пахтанинг 75 фоизи четга экспорт қилинган. Пахта экспортидан энг кўп даромад олган натижамиз — 1 млрд 200 млн доллар бўлган. Одатда 800-900 млн доллардан ортмасди.

Ҳеч ким айтмаган пахтани шу ерда қайта ишлаб трикотаж маҳсулотлари чиқариш бўйича. Айни вақтда трикотаж маҳсулотларини ўзимизда чиқарганимиз учун 2 млрд доллар фойда оляпмиз», дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

***

Президент: Депутатлар савол беришни биладими?

«Ҳокимларни маҳаллий кенгаш раислиги лавозимидан озод қилишни кўриб чиқяпмиз. Бундан мақсад, баҳс учун, назорат учун шароит яратиш.

Депутатларнинг ижро фаолиятини назорат қилишга салоҳияти етадими? Улар савол беришни биладими ўзи? Бу алоҳида масала. Улар умумий планда ишлаяпти, аниқ таклифлар йўқ. Узоқ йиллар давомида қанча кам таклиф берилса, шунча яхши қабилида иш тутиб келдик.

Сенаторлар маҳаллий кенгашлардаги депутатлар фаолиятини назорат қиляптими ўзи? Қайси кенгашни намуна қилиб кўрсата оласизлар менга?», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

***

«Самолётни уриб туширишлари мумкин эди». Шавкат Мирзиёев Суриядаги ўзбекистонликларни олиб келиш машаққатлари ҳақида гапирди

«Суриядан 156 нафар аёлни қайтариш осон бўлгани йўқ. Катта азоб билан қайтардик. Юборган самолётимизни йўлдан қайтаришди. Ўзимга қўнғироқ қилишди, самолётни қайтар ёки отиб ташлаймиз деб. Озарбойжонга қўниш бўйича кўрсатма бердим.

Аёлларни олиб келиш учун бешта автобус борганди. Фақат иккитаси қайтди. Аёлларнинг кўпчилигини беришмади.

Бу аёллар нима учун кетиб қолган, нимани излаб борган? Сабаб нима? Парламентдан бу мавзуда, улар билан ишлаш бўйича таклиф кутгандим. Лекин ҳеч кимдан ҳеч қанақа гап чиққани йўқ», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, 30 май куни Суриядан Ўзбекистонга 156 нафар ватандош, жумладан, 48 нафар аёл ва 107 нафар бола махсус рейс билан қайтарилган эди. Ҳукумат уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ваъда берган.

Президент ушбу операциянинг машаққатлари ҳақида аввал ҳам гапирганди. 

***

«Баҳслар бўларди, битта таклиф учун олиб бориб, олиб келарди». Президент сенаторларга мустақилликнинг илк йилларидаги парламентни ибрат қилди

«Ҳар куни ўтириб, ярим соат вақт ажратиб, кимлигингизни ҳисоб-китоб қилинг. Галстукни ечиб, кўксингиздаги значокни бир чеккага қўйиб, вилоятларга чиқинг. Ҳар ойда ҳеч бўлмаса, битта туманни намунали қилиб беринглар. Ишлаш керак бўлган соҳалар кўп. Парламент ўзгартирсин вазиятни.

Шунчаки қарсак чалиб, овоз бериб ўтиришларинг менга маъқул эмас. Мустақил бўлганимизнинг дастлабки вақтида Парламентда баҳслар бўларди, битта таклиф учун олиб бориб, олиб келарди. Ҳозир эса сукунат. Таклиф беринглар.

3-4 ойда эмас, керак бўлса, ҳар ойда йиғилиб, ижро фаолиятини назорат қилиш керак. Қарорлар чиқяпти, лекин уларнинг ижросини назорат қилиш керак.

Сенатнинг вазифаси фақатгина ислоҳотларни қўллаш эмас, уларнинг ижросига ҳам аралашиш керак. Ҳар бир сенатор ўйласин — «мен қайси қонунни назорат қилдим», деб», дея Президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, давлат раҳбари сенаторларни маҳаллий бюджетларни тўлдириш ҳақида бош қотиришга чақирган.

«Молия вазирлиги билан кенгашмаяпти сенат. Маҳаллий бюджетлар масаласи муаммо бўлиб қоляпти. Мисол учун, Тошкент вилоятига 1,5 млрд доллар керак ривожлантириш учун. Бу биргина вилоят. Қани, корхоналар борми пул олиб келадиган? Мен пулни қаердан оламан? Парламент ҳам бош қотирсин маблағни қаердан топиш кераклиги ҳақида.

Ижро органидагилар сенатни ёмон кўриши керак, вазирларни чақиринглар, жонига тегинглар талаб қилиб», деган президент.

***

Президент Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши доирасида 80 млн доллар пора олингани ҳақида гапирди

«Мустақил бўлганимиздан бери нефть-газ соҳасидаги лойиҳаларнинг 50 фоизи пора билан бўлиб келган.

Биргина Сурғил нефть-газ лойиҳаси (Сурғил конидаги Устюрт газ-кимё мажмуаси — таҳр.) бир амалдор 80 миллион доллар олган! 80 миллион-а! Халқни ким ўйлайди?», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Президент қайси амалдорни назарда тутгани маълум эмас.

Бундан аввалроқ президент прокуратура тизимидаги коррупция ҳақида гапирганди.

***

Президент Отабек Муродов ҳақида: Мен унга ишонч билдиргандим

Президент прокуратуранинг собиқ раҳбарларини танқид қилди.

Шавкат Мирзиёев cобиқ бош прокурорларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилгани ҳақида гапирар экан, раҳбарлардан «100 минг, 50 минг доллар» миқдорида пуллар олингани ҳақида айтиб ўтди.

«Бу нима деган гап? Мансаб берса, дарров ўзгариб қолади. Вилоят прокурорларидан 100 минг, 50 минг долларлаб олинади. Прокуратура ва солиқ тизимидагиларнинг ҳаммаси порахўр. Мен буни яхши биламан.

Мен Муродовга ишонч билдиргандим.

Прокуратурада коррупция бўлаверадиган бўлса, мен қандай қилиб инвесторларни жалб қиламан? Инвестор депутат ёки ҳукумат одамидан эмас, тадбиркордан сўрайди давлатдаги ҳолат ҳақида. Тадбиркор нима дейди? Прокурор ҳам, вазир ҳам пул олади дейди-да!

Собиқ раҳбарларнинг ҳаммаси, у Абдуллаев бўладими бошқасими, катта муддат билан кетади», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Отабек Муродов 2018 йилнинг январида ДХХ раҳбарлигига ўтган Ихтиёр Абдуллаев ўрнига Бош прокурор бўлганди. 2019 йилнинг 20 июнида у лавозимдан озод этилиб, унинг ўрнига Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев янги бош прокурор этиб тайинланди.

Қайд этиш керакки, бу сўнгги 4 йил давомида тўртинчи марта Ўзбекистон бош прокурори ўзгариши бўлди. 2000 йил февралидан Ўзбекистон бош прокурори бўлган Рашид Қодиров 2015 йилнинг апрелида лавозимини тарк этган ва унинг ўрнини Ихтиёр Абдуллаев эгаллаганди. Абдуллаев 2017 йил январида Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимини эгаллагач, унинг ўрнида Отабек Муродов иш бошлаганди. Айни вақтда икки собиқ бош прокурор - Рашид Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаевга қарши жиноий иш очилган ва уларнинг иккиси ҳам терговда.

https://kun.uz

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>