Олий Мажлис Сенати раиси сабоқлари

Яқинда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида

ўтказилган «Депутатлар ва ёшлар учрашуви» деб номланган маънавий-маърифий тадбирда университетимизда таҳсил олган жуда кўплаб зиёлилар мамлакатимиз депутатлари, давлат ва жамоат арбоблари, академик ва фан арбоблари бўлиб етишганлари ҳақида фахр билан сўз юритдим.

Улардан бири — Танзила Норбоевадир. У 1981 йилда  Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУни) тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1974 йилда Андижон вилояти Шаҳрихон шаҳридаги 1-мактаб ёшлари етакчиси лавозимидан бошлаб, 1975-1995 йиллари  Тошкент шаҳрида  мактаб ўқитувчиси, директор ўринбосари ва Тошкент шаҳар ўқувчилар уйи директори, кейинчалик  турли даражалидаги давлат  органларида масъул лавозимларда ишлаган. Илмий ишларини ҳам муттасил давом эттирган олима айни пайтда  педагогика фанлари номзоди ҳамдир.

У 1995-2010 йиллари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари котибияти мудири, Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш мажмуаси раҳбари котибияти мудири, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти етакчи мутахассиси, бош мутахассиси лавозимларида фаолият кўрсатган. 2010-2016 йиллари Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси лавозимида ишлаган.

2016 йилдан 2019 йилнинг 21 июнига қадар Ўзбекистон Республика Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритган.

ЎзМУ фахри ҳисобланган Танзила Норбоева айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси эканлигидан ҳақли равишда фахрланамиз. Талаба-ёшларимизда шундай олима арбоб Устозларга нисбатан ҳавас ҳиссини уйғотишимиз жоиз. Шундай улуғ мартабаларга эришмоқ учун талабаларимиз ҳозирданоқ жуда пухта билим олишлари, комил инсон бўлиб камолга етишлари лозимлигини яхши биладилар. Пайти келиб Танзила опанинг издошлари ҳам шу даргоҳимиздан кўплаб етишиб чиқишлари эса Устозларига беқиёс ғурур бахш этади. Энг муҳими, она Ватанимизнинг келгуси тараққиёти бугунги ёшларимизга боғлиқ.

Ҳар бир сўзидан етук педагог олима эканлиги аён сезилиб турган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоеванинг кўп фикрлари маърифатга, маънавиятга йўғрилган бўлади. Қуйидаги фикрлари ҳам  ёшларимиз, қолаверса, зиёлиларимиз учун ўзига хос маърифий сабоқдир.

Тўлқин ЭШБЕК,

халқ депутатлари Олмазор туман Кенгнаши депутати

1а

1

***

Танзила Норбоева: халқаро мажбуриятлар бажарилмасди

Сенат Раиси Танзила Норбоева Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламентининг ҳисобот мажлисида мамлакатимизда болалар меҳнати, мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилгани ҳақида тўхталиб ўтди.

– Пахта Ўзбекистоннинг бойлиги ҳисобланади. Бир вақтлар бўлганди: ўқитувчилар, ўқувчилар, тиббиёт ходимлари пахта терарди. Ойлигини таълимдан, тиббиётдан оларди, лекин ишини пахта даласида қиларди. Бу нима деган гап? Кўпчилик яхши билади, илгари пахта терими мавсуми бир ой — икки ой эмас, декабргача давом этарди. Қиш қаҳратонларида қўлларимиз қавариб, ёрилиб кетарди. Мен ўзим ҳам Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида пахта терганман. Пахта борми, йўқми, даладан чиқарилмас эдик. Савол туғилади. Ўқитувчи қачон ўзининг устида ишлайди, янги методологияларни кашф қилади, замонавий технологиялар асосида дарс бераман деб қачон ўйлайди? Шунинг учун ҳам бизда таълим тизимида ривожланиш бўлмаган.

Қишлоқларда пахта теришдан ташқари, ёз ойларида ягана, чопиқ, сув қуйиш ва бошқа ишларга таълим ва тиббиёт ходимларига ёпишиб олишганди. Болалар 5 килограмм бўлса ҳам пахта теришга мажбур эди. Халқаро ҳужжатлар ратификация қилинган бўлса-да, мажбуриятлар бажарилмаган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу ишларга кескин барҳам бериш бўйича чоралар кўрилди. Халқаро ҳамжамиятда мажбурият олгандан кейин тил қисиқ бўлмаслиги учун ушбу мажбуриятни бажариш керак-да. Ўзим ҳам бу борада мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси эдим. Жуда қийналардик. Халқаро ташкилотларга нима деб жавоб берамиз деб. Чунки, халқаро мажбурият олгандан кейин хорижий инвесторлар, кредит берадиган молиявий институтлар шу давлатдаги одамларга халқаро стандартларга мос равишда муносабат бўляптими, йўқми, инсон ҳуқуқларига риоя қилиняптими, йўқми, деган саволларни қўярди. Савол ҳукуматга берилмасди, савол нодавлат-нотижорат ташкилотлари орқали одамлардан билиб олинарди.

Президентнинг юксак иродаси ва сиёсати билан қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш орқали буларга босқичма-босқич барҳам берилди. Кластер усули, қишлоқ хўжалигини механизациялаш бўйича ишлар олиб бориляпти. Шу билан бирга, одамларнинг эркин муносиб меҳнат билан шуғулланишига имконият яратилмоқда. Натижани кўряпсизлар. Халқаро меҳнат ташкилоти ҳар йили мониторинг ўтказади. Икки йилдан буён биз умуман аралашмаяпмиз. Яқинда тан олиндики, Ўзбекистонда болалар меҳнатига батамом чек қўйилган ва мажбурий меҳнат йўқ деб. Бу катта натижа.

 

Нурилло Насриев,

ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/tnorboeva-xalqaro-mazhburiyatlar-bazharilmasdi_244259

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>