Олтинга айланган дуо

Журфак талабасининг изланишлари умид уйғотмоқда, дейди Дониш домла.  

Деразадан тушаётган қуёш нурлари хонани шундай ёритардики, одамнинг кўзи қамашиб кетганидан бирор нарсани кўриш мушкул эди. Кўзларимни базўр очиб қарадим. Рўпарамда оппоқ либосда, бошига ҳам оппоқ ромол ташлаб олган бир кекса аёл ўтирарди, аммо юзи аниқ кўринмасди. Кимлигини билиш учун яқинроқ бордим. Ё Оллоҳ, ахир бу… Бу бувижоним-ку… Ҳайратдан қотиб қолдим.

―Ҳа, нега арвоҳни кўргандай қўрқиб кетдинг, қизим?

― Ахир сиз… — нима дейишни билмай тилим айланмай қолди,―Қанақасига? Бўлиши мумкин эмас!

Чўчиб уйғониб кетдим. Ҳайрият туш экан. Бувижоним бу дунёни тарк этганларига сал кам бир йил бўлди. Бироқ ҳар сафар тушларимга кириб, тирик эканликларини, ҳар доим биз билан бирга бўлишларини такрорлайдилар. Мана бугун уларнинг таваллуд айёмлари. Агар ёнимизда бўлганларида, ҳозир 80 ёшларини қаршилаётган бўлардилар. Авваллари бу кунни барча қувонч билан нишонлаган бўлса, энди… Энди барчанинг кўзида ёш: аммаларим бувимнинг хоналарига кириб кўзда ёш билан чиқишса, онам бир бурчакда кўз ёшларини ҳаммадан яширади. Мен эса орадан анча вақт ўтишига қарамай, гарчи кичиклигимдан шу хонада бувим билан яшаган бўлсам-да ҳамон у ерга киришдан чўчийман. Ҳар сафар кирганимда бувимнинг жонсиз таналари устида одамлар йиғлаётган ҳолат эсимга тушаверади, уларнинг рангсиз оппоқ юзлари кўз ўнгимда гавдаланаверади. Ҳамон кечагидай эсимда. Ўша куни карахт одамдай йиғлашни ҳам, ачинишни ҳам билмай, нималар бўлаётганини англай олмаётган эдим. Биринчи бор… ҳа, умрима биринчи бор ҳеч кимга бўйин эгмайдиган, мағрур отажоним кўзларида ёш кўрганимда, бувижонимни ўз қўлларим билан ювинтирганимда нималар бўлаётганини тушундиму ўзимни йиғидан тиёлмадим. Ана ушанда тушундим яқин инсонингдан айрилиш қанақа бўлишини, бу азобни ўшанда тотиб кўрдим. Инсон эртага, ҳатто бир соатдан сўнг нималар рўй беришини билмас экан. Бувижонимни касалхонага олиб кетишаётганида қайтиб кўрмаслигимни ким билибди дейсиз. Аммо уша куни муздек қўллари билан қўлларимни маҳкам ушлаб: “Сени ҳам кўп қийнаб қўйдим-а, болам? Яхшиям бор экансан, сизларни берган Худойимга шукур! Буни камдан кам айтсам ҳам ҳаммангизни жуда яхши кўраман, қизим”,-деганларида юрагим алланечук бўлиб кетганди. Ўша воқеаларга ҳам бир йил бўлди, “Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ” деганларидек ўтиб кетган йил бизлар учун катта айрилиқ азоби билан бирга менга талаба бўлишдек бахтни насиб этди. Имтихон топширадиган куним кечаси билан ухлай олмадим, чунки унга етарлича тайёрланмаганимни жуда яхши билардим. Бошимиздаги бу кўргулик мени ҳам руҳан, ҳам жисмонан толиқтирганди. Кечаси билан тайёрлаган шпаргалкаларимни асабийлашганимдан ҳар ерга улоқтирдим, бутун вужудимни қўрқув ва умидсизлик эгаллаб олганди. Шу пайт онам мени чақириб, бувижоним мени йўқлаб келганларини айтдилар. Ҳайрон бўлиб қарасам, эшик тепасида катта арвоҳ капалак турибди. “Вафот этган одамлар руҳи капалак бўлиб яқинларидан хабар олади” дердилар раҳматли бувим. Билган сураларимни ичимда такрорлаб, имтихонга бордим. Руҳим тетиклашди, ўзимни мутлақ Яратганга топшириб, нима бўлса бўлди, дея ичкарига кирдим. Ичкарига кириб эсанкираб қолдим, имтихон мен тасаввур эткандек бўлиб чиқмади. Буни имтихонга Худога таваккал қилиб, ҳеч нарсасиз кирганларгина тушина олади. Шунда бувимнинг гапларини эсладим: “Бу дунё ўткинчи, энг оғриқли дамлар ҳам бир кун поёнига етади. Доим ўзингга тўғри бўл, фақат ва фақат Оллоҳга ва ўз билимингга ишон!”. Имтихондан сўнг киролмадим деган ўйда роса йиғладим. Аксига олгандек натижалар ҳам ҳар йилгидан узоқроққа чўзилди, бу ҳол мени янада азобларди. Технологияларнинг оқибати зарарли, деймизу аммо фойдаси ҳам кўплигини инкор этолмаймиз. Интернет орқали акамнинг натижаларини кўриб барча қувонди. Аммо негадир менга келганда ҳар қандай ишни бир зумда адо этадиган технологиямиз ожизлик қилди. На чора, ўз кўзларим билан бориб кўришга қарор қилдим. Рўйхатдан ўзимни тополмай хуноб бўла бошлагандим, дадамнинг “Мана топдим, қара! Кирибсан, қизим. Табриклайман!” деганларни эшитиб, беихтиёр кўзларим ёшланди. Уша куни аммам қўнғироқ қилиб ўзларини йиғлашдан тиёлмай табрикладилар.

― Билардим… Ҳеч ким кирмаса ҳам сен киришинга ишонгандим. Сен Онажонимнинг дуоларини олгансан, сени жуда яхши кўрардилар раҳматли… Табриклайман!

“Олтин олма, дуо ол, дуо – ортиқ эмасми” деб бежизга айтишмаган экан. Ҳаёт мўжизаларга бой, дейишса ҳайрон бўлардим. Мана энди ўзим бунинг гувоҳи бўлдим. Муҳими ишонч! “Ноумид шайтон” деганларидек, инсон доим қалбида умид учқуни билан яшаши керак экан.

Бўлиб ўтган аччиқ-чучук воқеалар ўтган йил саҳифаларида бир умрлик хотира бўлиб ёзилиб қолди. Бу йил бизга яна нималар тайёрлаб қўйганлигини билмадиму лекин ҳаммаси яхшиликка бўлишига умид қиламан. Энг асосийси “олдимиздан оқаётган сувнинг”, яъни вақтнинг қадрига етайлик, ёнимиздаги инсонларни эъзозлайлик. Ҳар қандай пайтда улар орамизда бўлмай қолиши ҳам мумкин. Йўқотиб қўйганимиздан сўнг эса уларни қайтара олмаслигимиз аниқ. Оллоҳга шукурлар бўлсинким, отам ҳам, онам ҳам соғ-саломат. Улар ― энг азиз, энг қадрли туҳфа. Азиз инсонини йўқотишдек оғир азобни ҳеч кимнинг бошига солмасин. Барча ота-оналаримизнинг умри зиёда бўлсин.

 Зебо Муродова,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети

Журналистика факултети 1-босқич талабаси

You may also like...

5 Responses

  1. Albatta vaqtning qadriga yetishimiz kerak.

  2. Мақола жуда ҳам таъсирли ёзилган. Ўқувчининг қалбига чуқур кириб боради, юракнинг тубида мудроқ ётган туйғуларни тебратиб юборади гўё. Зебохон, ижодингизга омад тилайман!

  3. Madina Akbarova:

    Romol emas ro’mol. Marhumlarni yod olganda yig’lash emas, haqqiga duo olib eslash lozim. «Aqllilik qilmoqchi emasman». Shunchaki fikrim.

  4. Maqola juda ta’sirli yozilgan. Uni o`qigan insonni o`yga toldiradi. Kechdan ko`ra kech yaxshi deganlaridek, o`z yaqin insonlarimizning qadriga yetaylik, keksa insonlarni e’zozlaylik, ularning duolarini olib yuraylik. Har safar uydan o`qishga qaytayotganimda buvijonimdan duo olib yo`lga chiqaman. Buvijonim mehrga to`la qo`llarini ochib menga oq yo`l tilaydi safaring bexatar bo`lsin deydi osmonimiz musaffo, yurtimiz tinch bo`lsin deb oq fotiha beradilar shundan keyin yo’lga tushaman qandaydir o`zimni yengil his qilaman va hech nimadan qo`rqmasdan shahdam qadam tashlab qaytaman. Oltin olma duo ol, duo- ortiq emasmi deb bejiz aytishmagan

  5. Рахмат жудда хам тасирли экат тогриси укиб йигладим чунки узим ха шу йили окишга тайёргарлик курябма хозир шу маколани укиб узимга ишончи янада ошди талаба булишимга бу йили ишонаман катта рахмат хамиша шундек тасирли рухий мадад бериб узига ишончини оширувчи маколар купрок ёзиб туришизга ишонаман.

Добавить комментарий для Ro`ziyev Nosirjon 201-guruh talabasi Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>