Она сути афзалликлари

«Соғлом она – соғлом бола» концепцияси умуммиллий ҳаракат дастурига пайваста мазкур қўлланма ишингизда  қўл келсин, дейди Дониш домла.

му1

«Она сутида углеводлар кўп. Улар таркибига сутни нормал ҳазм бўлишига ёрдам берувчи алоҳида моддалар (В-лактоза) киради. Унинг таркибидаги витаминлар ва минерал тузлар ўсувчи организм талабини тўлиқ қондиради. Унда кальций ва фосфор яхши нисбатда бўлади, шунинг учун кўкрак сути эмган болалар рахит хасталиги билан кам касалланади. Аёл сутида тузлар, темир моддаси, мис, рух, кобальт ва қон ишлаб чиқариш жараёнига таъсир қилувчи бошқа микроэлементлар етарли миқдорда бўлади. Бунинг натижасида кўкрак сути эмган болаларда сунъий овқатлантириладиган болаларга қараганда камқонлик касали кам учрайди»[1].

Кўкрак сути гўдак учун энг енгил ҳазм бўладиган, фойдали ва тўйимлигина бўлиб қолмай, балки у бой биологик хусусиятларга ҳам эга. Чунончи, у болага ҳаётининг хатарли даври, яъни туғилгандан сўнг биринчи ҳафта ва ойларнинг яхши кечишига ёрдам беради. Она сутидаги T-лимфоцитлар ошқозон-ичак трактида тезроқ иммунитет шаклланишини таъминлайди.

Она сути бола соғлиғини таъминлашнинг энг яхши воситаси бўлиб, унинг таркибидаги антижисмлар болалар касалликларидан гўдакни ҳимоя қилишга ёрдам беради. Болаликда кўкрак сутидан озиқланган инсон кейинчалик ортиқча вазн тўплаши ёки семириш эҳтимоли паст, организмда диабет ривожланиш қалтислиги кам, интеллектуал даражаси баланд бўлади.

Илмий тадқиқотларга кўра, кўкрак сути билан озиқланиш даражаси 100 фоизга кўтарилса, ҳар йили дунёда 5 ёшгача бўлган 820 минг бола ва 20 минг аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин экан. Ҳар бир бола ҳеч бўлмаганда ҳаётининг биринчи олти ойи давомида кўкрак сутини эмганида, ақлий қобилияти ошиши ҳисобидан глобал иқтисодиётга қўшимча 300 миллиард доллар даромад келтирган бўлар эди[2]. Афсуски, янги туғилган чақалоқларнинг 77 миллиони ҳаётининг биринчи соатлариданоқ она сутини ололмаяпти[3].

Кўкрак сути ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш саноати қудратли тармоққа айланиб, ҳозирда унинг ҳажми йилига 45 миллиард долларни ташкил қилади. 2019 йилга бориб соҳа бозори 70 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Яқинда Гана, Ҳиндистон ва Перуда олиб борилган тадқиқотлар она сутидан бебаҳра болалар ўлими эҳтимоли кўкрак сутидан озиқланаётган гўдакларга қараганда 10 баробар юқори бўлишини исботлади. Ҳозир дунё миқёсида олти ойлик 38 фоиз гўдак она сути билан озиқланар экан.

Бельгия ва Буюк Британияда атиги 1 фоиз болалар, Австралия, Канада, Финляндия, Италия, Норвегия, Швеция ва АҚШда 15 фоиз болалар ҳаётининг биринчи олти ойида кўкрак сутидан баҳраманд бўлмоқда.

Шу боис ЖССТ бу борада қуйидаги тавсияларни илгари сурмоқда: туғилгандан кейин болани биринчи соатданоқ кўкрак сути билан эмизишни бошлаш; ҳаётнинг илк олти ойи давомида чақалоқни фақат она сути билан боқиш; икки ёшга қадар кўкрак сути билан озиқлантиришни давом эттирган ҳолда қаттиқ овқатлантиришга ўтиш.

Кўп мамлакатларда болалар учун ишлаб чиқарилаётган ва таркибида ёғ, шакар, туз ва калорияси юқори миқдорда бўлган маҳсулотларни оммавий ахборот воситаларида реклама қилишни тақиқловчи қонун лойиҳалари маъқулланмоқда. Бу каби маҳсулотларни туғуруқхоналарда бепул ва хайрия асосида тақдим қилиш ҳолатларига ҳам чек қўйилмоқда.

«Озиқ-овқат компаниялари самарали маркетингни ишлаб чиқиш учун миллиардлаб доллар сарфламоқда, – дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро «Consumers International» ташкилоти бош директори Аманда Лонг куюниб. – Болалар томоша қилаётган кўплаб рекламаларда қайта ишлашнинг тезкор технологияларига дахлдор ёғ, шакар, туз ва юқори калорияли маҳсулотлар ўрин олмоқда. Ҳукуматлар уларни чеклаш бўйича чоралар кўриши мақсадга мувофиқ».

2008 йилда Норвегия раҳбарлигида Европанинг 27 мамлакати томонидан болаларга маркетинг босимини камайтириш бўйича тизим яратилди. ЖССТ томонидан ҳар йили кўкрак сути билан озиқлантириш бутунжаҳон ҳафтаси (1–7 август кунлари) ўтказиб келинмоқда.

 

Болалар ўлими

 Ер юзида ҳар йили 135 миллион чақалоқ туғилмоқда ва уларнинг 2,7 миллиони ҳаётининг дастлабки кунлариданоқ нобуд бўлмоқда[4], яна 2,6 миллион ҳомила она қорнидан ўлик туғилмоқда[5].

Болалар ўлими деганда беш ёшгача бўлганлар ўлими тушунилади. Бир ёшга етмаган болаларнинг нобуд бўлишига чақалоқлар ўлими (infant mortality) сифатида қаралади. ЮНИСЕФ ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда болалар ўлими барқарор тушди. «1990 йилда бу миқдор 12 миллион[6] бўлган бўлса, 2013 йилда 6,3 миллион нафарга пасайди. Муддатидан олдин туғилиш, туғуруқ чоғида ҳомилага кислород етишмаслиги оқибатида бўғилиш, юқумли касалликлар (зотилжам, диарея ва безгак) жажжиларни ҳаётдан эрта олиб кетмоқда.

Беш ёшгача бўлган болалар ўлими юқорилиги бўйича Ҳиндистон, Нигерия, Покистон, Хитой ва Конго Демократик Республикаси жаҳонда «етакчилик»ни бермай келмоқда.

ЖССТ неонатал ва болалар ўлимини қисқартириш, жумладан, барвақт дунёга келган чақалоқларга ёки муддатидан олдин туғишнинг қалтисликларига дучор бўлган хотин-қизларга нисбатан амалий чора-тадбирларни қўллаш юзасидан тавсиялар бермоқда. «Янги туғилган чақалоқлар учун нафас олий йўлларида доимий ижобий босимни таъминлаш, «кенгуру» усулида парваришлаш, сурфактант ва кислород терапияси каби тиббий услублар бу тавсияларда ўз ифодасини топган. Ушбу йўллар билан йилига 450 минг чақалоқни асраб қолиш мумкин»[7].

 

Касалликлар ва фалокатлар

 Зотилжам (пневмония) – дунёда болалар ўлимининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. 2013 йилда 5 ёшгача бўлган 935 минг бола зотилжамдан нобуд бўлди.

Астма (нафас йўлларининг сурункали касаллиги) болалар ўртасида, айниқса, кенг тарқалмоқда. Ҳозирги вақтда жаҳонда 235 миллион инсон бу касалликдан азият чекяпти. Кўплаб мегаполисларда ҳавонинг ифлосланиши нафас йўллари касалликларини келтириб чиқармоқда[8].

Қизамиқ ва қизилча – ҳар йили 20 миллиондан ортиқ киши бу касалликни бошидан ўтказмоқда. 2000–14 йилларда қизамиқ туфайли ўлим ҳолати 79 фоизга қисқарди. 2000 йилда қизамиқдан 546 минг, 2014 йилда эса 115 минг бола нобуд бўлди. 2000–14 йилларда вакцинация туфайли 17,1 миллион ўлим ҳолатининг олди олингани жамоат соғлиғини сақлашда катта ютуқ бўлди, десак муболаға қилмаймиз.

Қизамиқ ва қизилча билан кураш бўйича халқаро ташаббусга 2001 йилда Америка Қизил хоч жамияти, АҚШ касалликлар билан курашиш ва профилактика маркази, БМТ жамғармаси, ЮНИСЕФ ва ЖССТ асос солди. ГАВИ Альянси ва «Lions Clubs International» ташкилоти унинг шериклари ҳисобланади. Ушбу ташаббус туфайли 2000–08 йилларда жаҳонда 1 миллиард доза қизамиққа қарши вакциналар етказиб берилди, 2014 йилда барча болаларнинг 85 фоизи ҳаётининг биринчи йилида қизамиққа қарши эмланди[9].

Дунёдаги 3,2 миллиард инсон безгак хавфи остида яшамоқда. Болалар, ҳомиладор аёллар ва иммунитетга эга бўлмаган шахслар ушбу касалликни юқтиришга мойил.

«2000–15 йилларда безгак касаллигидан нобуд бўлаётган болалар улуши 65 фоизга қисқарди. Шунга қарамай 2015 йили у 97 мамлакат ҳудудида қайд этилди. ЖССТ баҳосига кўра, 2015 йилда 214 миллион киши касалликка чалинган ва 438 минг ўлим юз берган, уларнинг 306 минг нафари болалардир»[10].

ЖССТ 2016–30 йиллар учун безгакка қарши кураш бўйича глобал техник стратегияни қабул қилди. Унга кўра, 2030 йилга бориб касаллик ва ўлим кўрсаткичларини 90 фоизга қисқартириш, унга қарши курашни молиялаштириш учун ажратилаётган маблағларни амалдаги 2,7 миллиард доллардан 8,7 миллиард долларга кўпайтириш режалаштирилмоқда[11].

Камқонлик. ЖССТ маълумотларига кўра, жаҳон миқёсида икки миллиардга яқин киши ушбу хасталикка мубтало бўлган. «Улар орасида темир танқислиги камқонлиги алоҳида ўрин тутади. Касалликнинг ушбу тури кўпроқ туғиш ёшидаги хотин-қизлар, ҳомиладорлар ва болалар орасида учрайди. Кўп ҳолларда оналар ўлимига олиб келувчи гипотоник қон кетишларга, кечки токсикозлар ҳомиланинг вақтидан олдин ва камқонлик билан туғилишига сабаб бўлади. Шунингдек, камқонликка учраган оналардан ақлан ва жисмонан заиф болалар дунёга келади»[12].

Семизлик. Бугунги кунда 18 ёшгача бўлган ёшларнинг 1,9 миллиард нафари ортиқча вазнга эга. Уларнинг 40 фоизи қизлар, яъни бўлғуси оналардир.

Болалар семизлигини тугатиш бўйича комиссия 2016 йилда эълон қилган ҳисоботда беш ёшгача бўлган 41 миллион бола семиришдан ёки ортиқча оғирликдан азият чекаётганини[13] билдирди.

1990–2014 йилларда 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида ортиқча вазнга эгалар 4,8 дан 6,1 фоизга ўсди. 2025 йилга бориб уларнинг сони 70 миллионга етиши кутилмоқда[14]. Семизлик барча касалликларни чақирувчи ҳисобланади.

Комиссия ҳамраислари Сэр Питер Глакмэн ва Сония Ништарнинг таъкидлашича, носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолининг ортаётгани ва алкоголсиз ичимликларнинг зўр бериб реклама қилинаётгани бу ҳолатнинг асосий сабаби бўлмоқда.

«NCD Risk Factor» тадқиқот маркази шифокорларининг «The Lancet» журналида эълон қилган мақоласида ёзилишича, 1975 йилдан буён ҳар 10 йилда инсонларнинг ўртача оғирлиги 1,5 килога ортмоқда. 2025 йилга бориб сайёрамизда 18 фоиз эркаклар, 21 фоиз хотин-қизлар семизликдан азият чекади[15].

Эшитиш қобилиятини йўқотиш. Жаҳон аҳолисининг 5 фоизи (360 миллиони) эшитиш қобилиятини йўқотган ва меҳнатга яроқсиз, дея таърифланади. Уларнинг 32 миллиони болалар экани бизни ташвишга солади. Тил ўрганиш, ўқишни ўзлаштириш ва жамиятга жалб қилиниш учун ҳам эшитиш қобилияти жуда муҳим. Касаллик келиб чиқишининг 40 фоизи генетик омилга боғлиқ экан. Яқин қариндошлар ёки қондош кишилар ўртасида тузилган оилаларда туғилган фарзандларда бу муаммо кўп кузатилмоқда. Иккиқатлик вақтида онанинг инфекция юқтириши, туғуруқ чоғидаги қийинчиликлар ва атроф-муҳит таъсири ҳам бунга олиб келади. ЖССТнинг маълумотларига кўра, эшитиш қобилиятини йўқотганларнинг 60 фоизини профилактика чоралари ёрдамида даволаш мумкин[16].

ОИВ/ОИТС. Дунёдаги 10–19 ёшдаги 2 миллион бола ОИВга чалинган. 2005–12 йилларда ОИВ билан боғлиқ ўлим ҳолатлари, умуман олганда, 30 фоиз қисқарганига қарамай, ўсмирлар орасида 50 фоизга ўсди[17]. Онадан фарзандга вируснинг ўтиши туфайли 2012 йилда 260 минг бола ОИВни юқтирди[18].

БМТ ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастурлари (UNAIDS)нинг маълум қилишича, ОИТС ўлим сабаблари орасида 4-ўринни эгаллади.

2004 йилда АҚШ президенти кичик Жорж Буш ОИВ/ОИТС бўйича 5 йиллик глобал стратегияни ишлаб чиққан ва унга 15 миллиард доллар сарфлашни режалаштирган эди. У Африканинг 15 мамлакати, Кариб ҳавзаси ва Вьетнамни қамраб олиши лозим эди. 5 йил мобайнида ваъда қилинган маблағнинг 3 миллиард доллари профилактика учун ажратилди. Турли баҳс-мунозаралардан кейин шундай хайрли лойиҳа тўхтаб қолди.

«Сўнгги 15 йилда болалар ўртасида ОИТСнинг тарқаши 56 фоизга қисқарди. Арманистон, Беларус, Куба ва Таиландда онадан болага ОИТС юқишининг барча ҳолатларига барҳам берилди. 2000 йилдан буён биргаликда ҳаракат туфайли 30 миллион янги юқиш ҳолатига йўл қўйилмади ва 8 миллион инсон ўлимининг олди олинди. БМТ аъзолари «90-90-90» мақсадига содиқлигини билдирди. Яъни ОИТСни юқтирган 90 фоиз одам ўз мақомини билиши керак. Касалларнинг 90 фоизи зудлик билан муолажани бошлаши лозим. Даволанаётган 90 фоиз одам вирус босимини енга олиши даркор. Шу тариқа яқин беш йилликда касаллик тарқалишини йилига 500 мингдан оширмаслик устувор мақсадимиз», – дейди бош котиб Пан Ги Мун[19].

Бугун дунё миқёсида 37 миллион нафардан ортиқ шахс ОИТСга чалинган. Ҳар куни 6 минг киши бу касалликни юқтирмоқда. 2015 йилда ОИТСдан даволанишга эҳтиёжманд ва антиретровирус препаратларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлганлар сони 17 миллион кишига етди. Антиретровирус даволаш ёрдамида ОИТСдан нобуд бўлувчилар сонини 2010 йилдаги 1,5 миллион кишидан 2015 йилда 1,1 миллион нафарга туширишга эришилди[20].

Ачинарлиси, айрим давлатларда «багчейзинг», яъни ОИТСни ўзига кўнгилли ва англаган ҳолда, жўрттага юқтирувчи шахслар ҳаракатлари ҳам юзага келмоқда. Гўёки улар касалликка мубтало бўлганларга хайрихоҳлигини шу тарзда ифода этар эмиш. «Гифтгивер»лар эса уларга вирусни «туҳфа қилувчи»лар экан[21]. Одатда, ахлоқсизликнинг бундай янги кўриниши ўз жинсидагилар билан алоқа қилувчи эркаклар ўртасида юзага келади. Яна бир тоифа – «бэрбекер»лар эса касалликни юқтириш хавфи мавжудлигини билса-да, ҳимояланмаган жинсий алоқа тарафдорлари ҳисобланади. Сан-францисколик психиатр Роберт Сабаянинг тасдиқлашича, ҳар йили 10 мингга яқин инсон бу каби «феномен» туфайли ОИТСни юқтириб олмоқда[22].

Саратон хасталиги. 20–59 ёш оралиғидаги хотин-қизлар ўлимининг асосий сабаби орасида кўкрак бези ва бачадон бўйи саратони биринчи ўринни (270 минг) эгалламоқда. Скрининг хизматлари ва даволаш тизимининг яхши йўлга қўйилмагани сабабли бу каби ўлимларнинг 85 фоизи «учинчи дунё мамлакатлари» ҳиссасига тўғри келмоқда.

2013 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясида бачадон бўйи раки ноюқумли касалликлар профилактикаси бўйича ҳаракат режасининг устувор банди сифатида белгиланди ва аъзо-давлатлар 2013–20 йиллари кураш режасини маъқуллади.

Вафотидан икки йил ўтиб… Бренда Шмитц исм-шарифли америкалик аёл инсонни жуда таъсирлантирадиган байрам совғасини тақдим этди. У ўз ўлимидан икки йил ўтгач, барчани лол қолдирди, деб ёзади «The Huffington Post» нашри.

Бренда 46 ёшида тухумдонида саратон касаллиги аниқланган ва кўп ўтмай оламдан ўтган эди. Бунга қадар у ўзининг севикли турмуш ўртоғи Дэвид ва болаларига ажойиб таассурот қолдирадиган ишни бажаришга улгурди. У янги йил тилаклари битилган мактубни дўсти орқали журналистларга юборди. Аммо ўз истагини вафотидан икки йил ўтгач, турмуш ўртоғи Дэвид ва болалари ҳаётига бошқа меҳрибон аёл кириб келганида ошкор қилишларини илтимос қилди.

Айтилган муддат етгач, Бренда хонимнинг хати Айова штатидаги «KSTZ Star» радиостанциясининг электрон почта манзилига келиб тушди. Радиоканалда «Christmas Wish» махсус эшиттириши ташкил қилинган бўлиб, у мухлисларнинг дил истакларини эфир орқали эълон қилади. Шундан кейин журналистлар жаноб Дэвид билан боғланишди ва уни студияга таклиф қилишди. Аммо олдинда уни нималар кутаётганини пинҳон сақлашди.

Бошловчи Бренда хоним мактубини очиб, оҳиста ўқишга тушди:

«Салом. Менинг исмим Бренда Шмитц. Сиз бу хатни қўлга олганингизда мен саратон касаллиги билан оғир курашда мағлубиятга учраган бўламан. Суюкли Дэвидим ва унинг янги рафиқаси, жондан азиз болаларим учун сўнгги тилакларимни қоғозга битдим. Уларни бутун борлиғим билан яхши кўрганимни билишларини истар эдим. Улар ўзларини бу оғриқли дунёда ҳамиша хавфсиз сезишларини хоҳлайман. Ногаҳон келган бедаво хасталик мени оламдан олиб кетар экан, ортимда сиз каби қадрдонларим қолгани кўнглимга таскин-тасалли беради.

Биринчи истагим – азизим Дэвид, янги рафиқангни эртакмонанд бир сафарга олиб чиққинки, унинг хотирасида бу кун абадий муҳрланиб қолсин. Мен бўлажак қайлиғинг, ким бўлишидан қатъи назар, уни ҳам жуда яхши кўраман. Иккинчи истагим – миннатдорлик рамзи сифатида мен даволанган тиббиёт маркази ходимлари учун Янги йил байрам кечасини ташкил этишингни илтимос қиламан. Бу фидойи ва самимий шифокорлар саратон хасталигига учраган беморлар учун ҳар куни беминнат яхшилик қилишади.

Барчангизга чексиз муҳаббат билан Бренда».

Дэвид студиядаги воқеадан қаттиқ таъсирланиб, ўксиб-ўксиб йиғлади ва барчанинг юрагини ларзага солди.

«Christmas Wish» дастури, мана, йигирма йилдирки, тўлқинларга узатиб келинади. Бироқ ҳаргиз у дунёдан хат олинмаган эди.

«Таҳририятимизга мактуб келиб тушганида, у билан танишиб, кўз ёшимизни тия олмадик. Студияда ўтирган меҳмонлар ҳам унсиз йиғлашар эди. Саратон туфайли бевақт кўз юмган Брендани муносиб хотирлаш учун нимадир қилишга уриндик. У иродали ва ўхшаши йўқ аёл эди, – дейди радионинг бренд-менежери Скотт Аллен «The Huffington Post» нашрига. – Бу орқали ҳаётнинг қувонч ва лаззатига тўймаган марҳума одамларни майда ташвишлар билан ўралашиб қолмасликка, оила аъзолари бир-бирини кўпроқ қадрлашга, болаларига меҳрибон ва эътиборлироқ бўлишга чақиргандек…»

Бепуштлик ва тиббий сайёҳлик. ЖССТ маълумотларига кўра, сайёрамизда репродуктив ёшдаги 15 фоиз жуфтликлар бепуштликдан азият чекмоқда. Африкада Саҳрои Кабир жанубида 25–49 ёшдаги аёлларнинг 30 фоизи иккинчи болани туға олмайди.

Репродуктив технологиялар ёрдамида ҳозиргача 5 миллиондан ортиқ бола дунёга келтирилди. Бу борада Европа давлатлари етакчилик қилмоқда. «Репродуктив сайёҳлик» атамаси ажойиб гўшада мароқли дам олишни эмас, фарзанд кўриш мақсадида хорижий мамлакатлар клиникаларида самарали даволанишни англатади[23].

Тиббий сайёҳлик бўйича халқаро конгресс статистикасига кўра, 2004 йилда тиббий сайёҳлик даромади 400–500 миллиард доллар атрофида бўлди ва туризм тармоғи умумий даромадининг 14 фоизини ташкил қилди.

«GlobalSpa&Wellness» саммити ва Стэнфорд тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, тиббий сайёҳлик соҳасидаги даромадлар йилига 438,6 миллиард долларга тенг[24] ва хизматлар бозори йилига 15–18 фоиздан ўсмоқда.

2014 йилда Таиланд (3 миллион киши), Малайзия (880 минг), Сингапур (630 минг), Бразилия (600 минг), АҚШ (550 минг), Туркия (440 минг) ва Жанубий Африка (420 минг) тиббий мақсадларда сайёҳларни қабул қилаётган илғор мамлакатлар деб топилди.

Йўл-транспорт ҳодисалари. Айни пайтда дунё миқёсида 2,4 миллиарддан зиёд автомобиль мавжуд. Ҳар йили 67 миллион янги енгил машиналар йўлларга келиб қўшилмоқда.

ЖССТнинг «2015 йилда жаҳонда йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳолати ҳақидаги глобал маъруза»си маълумотларига кўра, ҳар йили йўл-транспорт ҳодисаси туфайли 1,25 миллион киши, жумладан, 186 минг бола нобуд бўлмоқда. 50 миллион киши турли даражада жароҳатлар олаётир ва уларнинг 30 миллиони узоқ муддатли ногиронларга айланиб қоляпти. Йўл-транспорт ҳодисалари дунё иқтисодиётига йилига 500 миллиард доллар зарар келтирмоқда[25].

Юқори ва ўрта даражада ривожланган мамлакатларда қиз болалар ўртасидаги ўлимнинг сабаблари ичида биринчиси, бу – йўл-транспорт ҳодисалари ҳисобланади.

Боз устига, бу ҳалокатларда ўғил болалар қизларга нисбатан икки баробар кўп нобуд бўлаётир. Йўлларда болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қатор чоралар кўриляпти. Жумладан, тезликни чеклаш, маст ҳолда транспорт воситасини бошқаришни қисқартириш, велосипед ва мотоциклчилар ҳимоя бош кийимидан фойдаланиш, болаларни ташиш учун махсус ўриндиқдан фойдаланиш, болаларнинг кўринарли тарзда жойлашиб олиши имкониятини ошириш, йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш, автомобиллар тузилишини шунга мослаштириш, ҳайдовчилик гувоҳномаси олишнинг босқичма-босқич тизимини жорий этиш шулар сирасидан»[26].

Сўнгги уч йилда 88 мамлакатда ўлим ҳолатлари камайишига эришилган бўлса-да, 87 мамлакатда ўсиш кузатилган. Ўлим билан тугаётган йўл ҳаракати ҳодисаларининг 90 фоизи ривожланаётган ва қолоқ давлатлар улушига тўғри келмоқда.

2012–15 йилларда дунёдаги 17 та мамлакат ўз қонунчилигига ўзгартириш киритди. Камарни тақмаслик, транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, тезликни оширганлик ва ҳоказолар учун жавобгарлик кучайтирилди. Ҳозир 111 та мамлакат қонунларида ҳайдовчи ва йўловчилар ҳаракат чоғида автомобиль камарини тақишга мажбур.

59 мамлакатда шаҳар атрофида максимал тезлик соатига 50 километр қилиб белгиланган, зарурият туғилса, маҳаллий ҳокимиятларга қўшимча чекловлар жорий этиш ваколати берилган. 89 та мамлакатда транспорт воситаларини маст ҳолда бошқарганларга нисбатан жазолар белгиланган. 90 давлатда ҳайдовчи ва йўловчилар бошини зарбдан сақловчи махсус кийим кийиши шарт.

Шунга қарамай жаҳондаги 80 фоиз мамлакатда кўплаб транспорт воситалари ҳатто хавфсизликнинг базавий талабларига ҳам жавоб бермайди. 2014 йилда ишлаб чиқарилган 67 миллион енгил автомобилнинг 50 фоизи замонавий стандартларга сира мос эмас[27].

БМТ Бош Ассамблеяси топшириғига кўра, дунё миқёсида «2011–20 йилларга мўлжалланган «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўн йиллик ҳаракат режаси» ишлаб чиқилган ва бу давр мобайнида 5 миллион аҳоли ҳаётини сақлаб қолиш режалаштирилмоқда[28].

Қувонарлиси, «Марказий Осиёдаги энг хавфсиз йўл Ўзбекистонда», дея қайд этилади «Roads Kill» ташкилотининг Пулицер маркази эълон қилган ҳисоботда.

«Қозоғистон йўлларида ҳар 100 минг аҳолига 21,9 киши, Қирғиз Республикасида 19,2 киши, Тожикистонда 18,1 киши, Ўзбекистонда 11,3 киши нобуд бўлмоқда. Йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, спиртли ичимликлар ичиб рулни бошқариш, хавфсизлик камарларини тақмасдан ҳайдаш, мотоцикл шлемларини киймаслик, тезликни ошириш инсонлар ҳалокати билан боғлиқ ҳодисаларнинг бош сабаби бўляпти. Ўзбекистон ҳукумати йўлларда хавфсизликни таъминлаш бўйича сўнгги йилларда олиб борган комплекс чора-тадбирлар ва қонунчиликка киритилган тегишли ўзгартиришлар натижасида энг яхши кўрсаткичларга эришмоқда», дея таъкидланади ҳисоботда.

Шу билан бирга бошқа фалокатлардан ҳам болалар ҳимояланмаган. Ҳар йили турли жароҳатлардан 828 минг, заҳарланишдан 45 минг, чўкишдан 175 минг, куйишдан 94 минг бола оламдан ўтяпти.

Суицидлар. Ўзини ўзи ўлдириш – жамоат соғлиғини сақлашнинг жиддий муаммосига айланди. Ҳар йили ўзини ўзи ўлдиришлар оқибатида 800 минг киши бу ёруғ оламдан кўз юммоқда. Ўзини ўзи ўлдиришга муваффақиятсиз уринишлар сони эса бундан йигирма маротаба кўпдир[29]. Бу борада Ҳиндистон (258 минг), Хитой (120 минг), АҚШ (43,3 минг), Россия (32 минг), Япония (29 минг), Корея (17,9 минг), Покистон (13,3 минг) пешқадам саналади. Ёшлар орасидаги қурбон бўлишларнинг турли сабаблари ичида суиқасд иккинчи ўринда турибди.

30 фоиз ўлимлар пестицидлар билан ўзини ўзи заҳарлаш ҳисобига тўғри келмоқда. Осиш ва ўқотар қуролдан фойдаланиш суицидларнинг кенг тарқалган усули бўлиб қолмоқда.

Психологик ёрдам тақдим этишни кенгайтириш, оммавий ахборот воситаларида мавзуни ёритишда шов-шувга зўр беришдан қочиш, уларнинг олдини олиш учун миллий стратегиялар ишлаб чиқиш талаб қилинмоқда. Чунки ҳодисаларни бўрттириб кўрсатиш ва ўзининг қотилига айланган шахслардан қаҳрамон ясаш нохуш ҳолатларни кўпайтиради, холос.

Мутахассислар ўзини ўзи ўлдирмоқчи бўлганларни жиноий жазога тортиш амалиётидан ҳам воз кечишга чақирмоқда. Чунки қамоқ жазоси бундай кимсаларга самарали профилактика чораси бўла олмас экан. Ҳозир 28 давлатдагина «Ўзини ўзи ўлдиришнинг олдини олиш бўйича миллий стратегия» ишлаб чиқилган.

Лазиз Раҳматов,

журналист

«Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти томонидан 2016 йилда чоп этилган “Соғлом она ва бола: халқаро амалиёт (хорижий мамлакатлар тажрибаси мисолида)” қўлланмасидан олинди.

(Давоми бор. Сайтимизни кузатиб боринг)

ЎзМУ Журналистика факуьтетида таҳсил олган истеъдодли ижодкор Лазиз Раҳматовнинг мазкур китоби ўқувчини маънан бойитишга хизмат қилади.

Сайтимизнинг фаол мухлислари ва зукко талабаларимиз мухтасар фикрномаларини баҳам кўришларига умид қиламиз, дейди Дониш домла.

ик10

[1] Йозеф Швейцар, Гўдак дард кўрмасин. Оила учун оммабоп қўлланма, Тошкент, «Lider-Press», 2009 й., 27–28-бетлар.

[2] Совместный выпуск новостей ВОЗ, ЮНИСЕФ и Международной сети действий по детскому питанию, 9 мая 2016 г. | Женева/Нью-Йорк — В новом докладе. http://www.who.int/ru.

[3] ЮНИСЕФ: каждый второй ребенок на планете не получает грудного молока в течение первого часа жизни, 29.07.2016. http://www.un.org/russian/news/story.asp?NewsID=26344#.V5-kPasgmUl.

[4] UNICEF, WHO, The World Bank, United Nations Population Division. The Inter-agency Group for Child Mortality Estimation(UN IGME).Levels and Trends in Child Mortality.Report 2013. New York, USA: UNICEF; 2013.

[5] Cousens S, Blencowe H, Stanton C, Chou D, Ahmed S, Steinhardt L, Creanga AA, Tunçalp O, Balsara ZP, Gupta S, Say L, Lawn JE. National, regional, and worldwide estimates of stillbirth rates in 2009 with trends since 1995: a systematic analysis. Lancet, 2011, Apr 16; 377(9774):1319-30.

[6] Дети: сокращение смертности. «Дети в возрасте до 5 лет» // ВОЗ, Информационный бюллетень N°178, Сентябрь 2014 г.

[7] http://www.who.int/features/qa/preterm_baby_care/ru.

[8] http://www.who.int/features/2007/asthma/ru.

[9] Информационный бюллетень N°286, Ноябрь 2015 г. http://www.who.int/mediacentre/factsheets/fs286/ru.

[10] Доклад ВОЗ/ЮНИСЕФ: Резкое сокращение случаев заболевания малярией. http://www.who. int/mediacentre/news/releases/2015/report-malaria-elimination/ru.

[11] Информационный бюллетень № 94, октябрь 2015 г. http://www.who.int/mediacentre/factsheets/fs094/ru.

[12] Гадаев А., Салихаджаева Р., Рахимова М., Камқонлик нима?, Тошкент, «Турон замин зиё», 2014, 3-бет.

[13] http://www.un.org/russian/news/story.asp?newsID=25303.

[14] Комиссия представляет заключительный доклад и призывает к действиям на высоком уровне для решения важной проблемы в области здравоохранения. http://www.who.int/end-childhood-obesity/news/launch-final-report/ru, 25 января 2016 г.

[15] Пятой части мира предрекли ожирение к 2025 году. http://lenta.ru/news/2016/04/01/fat, 1 апреля 2016.

[16] Потеря слуха в детском возрасте, Международный день охраны здоровья уха и слуха. http://www.who.int/ topics/deafness/childhood-hearing-loss/ru, 3 марта 2016 г.

[17] Борьба с ВИЧ в подростковом возрасте. http://www.who.int/features/2013/adolescents-hiv/ru, ноябрь 2013 г.

[18] Глобальный доклад: Доклад ЮНЭЙДС о глобальной эпидемии СПИДа, 2012. Женева, Объединенная программа Организации Объединенных Наций по ВИЧ/СПИДу (ЮНЭЙДС), 2012. (http://www.unaids.org/en/media/unaids/contentassets/documents/epidemiology/2012/gr2012/20121120_UNAIDS_Global_Report_2012_with_annexes_ru.pdf).

[19] У человечества появилась возможность радикально изменить траекторию эпидемии ВИЧ в ближайшие пять лет, http://www.un.org/russian/news/story.asp?NewsID=26073#.V1rz6qsgmUk, 08.06.2016.

[20] В прошлом году еще два миллиона ВИЧ-инфицированных получили доступ к лечению, http://www.un.org/russian/news/story.asp?NewsID=26021#.V1Brn6sgmUk, 31.05.2016.

[21] Britta Stuff. Warum sich Menschen freiwillig mit HIV anstecken? (нем.). Die Welt (16. Februar 2007). Проверено 2 ноября 2012. Архивировано из первоисточника 23 ноября 2012.

[22] The «Bug Chasing» Myth (англ.). MTV (11 April 2003). Проверено 2 ноября 2012. Архивировано из первоисточника 23 ноября 2012.

[23] Репродуктивный туризм,  Ольга Генриховна Исупова, Ph.D. в социологии, Университет Манчестера (Великобритания), «Химия и жизнь» № 4, 2015, http://elementy.ru/nauchno-populyarnaya _biblioteka/ 432662 / Reproduktivnyy_turizm.

[24] Медицина в стиле «все для клиента», ChinaPictorial – ChinaPictorial, 2014/11/06.

[25] 10 фактов о глобальной дорожной безопасности, http://www.who.int/roadsafety/decade_of_action/ru, октябрь 2015 г.

[26]  http://www.who.int/features/qa/59/ru.

[27] Несмотря на прогресс, смертность в результате ДТП остается слишком высокой. http://www.who.int/media-centre /news/releases/2015/road-safety-report/ru.

[28] Третья глобальная неделя безопасности дорожного движения ООН. http://www.who.int/media-centre/news/releases/2013/road_safety_20130314/ru.

[29] Каждые 40 секунд кто-то добровольно сводит счеты с жизнью, 09.09.2016, http://www.un.org/russian/news/story.asp?NewsID=26566#.V9hby6sgmUk.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>